Бандаларига Ўзининг каломи Қуръони Каримни нозил қилиб, у орқали инсониятга илм берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Қуръони Каримни Алло азза ва жалладан қабул қилиб, бекаму-кўст ўз умматларига етказган, баён қилиб берган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловатлар бўлсин! Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони Карим, ҳеч шубҳасиз, борлиқдаги энг ишончли китобдир. Ундаги хабарлар ва маълумотлар барчаси тўла ҳақиқат эканида ҳам шак-шубҳа йўқ. Бу ҳақиқатни инсоний билимлар ҳам кундан кунга тасдиқлаб бораётгани барчага аён. Имом Термизий Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Огоҳ бўлингизким, албатта, фитна бўлур!» деяётганларини эшитдим. Шунда: «Ундан чиқиш йўли нима, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим. «Аллоҳнинг Китоби. Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг маълумотлари ва сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор. У ажрим қилувчидир, ҳазил эмасдир...», дедилар». Дарҳақиқат, Қуръони Каримда шаръий аҳкомлар, панд-насиҳатлар билан бир қаторда, уларга хизмат қилувчи тарихий маълумотлар ҳам акс этган. Унда инсоният отаси Одам алайҳиссаломдан тортиб Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган кўплаб Пайғамбарлар, турли қавмлар, халқлар ва улар яшаган жойлар зикр қилинган. Уламоларимиз улар ҳақида ўз тафсирларида талайгина маълумотларни ҳам қўшимча қилганлар ва уларга қайсидир даржада аниқлик киритишга ҳаракат қилганлар. Айрим тадқиқотчи омилар томонидан бу мавзуга бағишлаб алоҳида китоблар ҳам битилган. Жумладан, ватандошимиз имом Замахшарийнинг «Ал-Жибал ва-ламакина вал-мийаҳ» («Тоғлар, жойлар ва сувлар») китоби, Яҳё Абдуллоҳ Муаллимийнинг «Ал-Аълам фил-Қуръан ал-карим» («Қуръони Каримдаги атоқли отлар») асари ана шундай манбалардан ҳисобланади. Жорий асрга келиб ушбу ҳаракат янги бир босқичга кўтарилди. Қуръони Каримда келтирилган шахс ва қавмлар истиқомат қилган минтақалар ва номи зикр қилинган жойларнинг харитасини тақдим этиш йўлга қўйилди. Биздаги маълумотларга кўра, бу борада илк қадам қўйган тадқиқотчи Суриялик тарихчи олим доктор Шавқий Абу Халил жаноблари бўлди. Унинг бу мавзудаги «Қуръон атласи» номли китоби бир неча тилларга таржима ҳам қилинди, кўпчилик ундай яхши манфаат олди. Бугунги кунда халқимиз қўлдан келганича ўзлигини таниб, динини ўрганиб, хусусан, Қуръони Каримнинг маъно таржималари билан танишиб борар экан, уларнинг эътиборларига Қуръони Каримда зикр қилинган жойлар, қавмлар ва атоқли шахсларга бағишланган харита тақдим қилиш вақти ҳам келгани аён бўлиб қолди. Чунки, Қуръонда баёни келган жой, қавм ва шахслар ҳақидаги маълумотлар афсонавий ҳикоялар эмас, балки ҳаётий, воқеий ҳақиқатдир. Мазкур шахс ва қавмларнинг яшаган замонлари ва маконлари ҳақидаги маълумотлар улар ҳақидаги тасаввурларимизни кенгайишига, қатъийлашишига, уларни ўрганишнинг осонлашишига хизмат қилиши муқаррар. Шу боис, Аллоҳ таолодан ёрдам ва тавфиқ сўраган ҳолда Қуръони Каримда зикр қилинган жойлар, айтилган қавм ва шахслар яшаган минтақаларнинг харитасини тузишга қарор қилдик. Ушбу тақдим этилаётган маълумотларни тайёрлашда доктор Шавқий Абу Халилнинг мазкур китобини асос қилиб олинди ва ўзимиз беришни лозим деб билган айрим маълумотларни қўшимча қилинди. Бунда асосий мақсад харита тақдим этиш бўлгани боис, Пайғамбарлар ва бошқалар ҳақида қиссалар келтириб ўтирилмади. Фақат мавзуга доир айрим оятларни тақдим этиш билан кифояланилди. Шу билан бирга, керак бўлганда мазуга доир оятлар жадвали ҳам бериб борилди. Денгизлар, катта шаҳарлар бугунги кундаги ҳолатига кўра кўрсатилди. Аммо тарихий жойлар эски номлари билан берилди. Айрим жой номларини аниқлашда тули манбаларга мурожаат қилинди. Ушбу ишимизда бирор яхшилик топсангиз, Аллоҳдан, камчилик бўлса, тузувчилардан деб билгайсиз.
|