
152. «Батаҳқиқ, Аллоҳ ваъдаси устидан чиқди. Сиз Унинг изни билан уларни қира бошладингиз. Токи заифлашиб, амр ҳақида ихтилоф қилиб ва сиз суйган нарсани кўрсатганидан сўнг исён қилгунингизча. Орангизда дунёни хоҳлайдиган кимсалар бор ва орангизда охиратни хоҳлайдиган кимсалар бор. Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун улардан бурди. Батаҳқиқ, сизни афв этди. Аллоҳ мўминларга фазл эгаси бўлган Зотдир».
Пайғамбар (алайҳиссалом) жанг бошланишидан олдин мусулмонларга: «Агар сабр қилсаларингиз, нусрат сизлар билан», деб айтган эдилар. Бу Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбари тилидан берган ваъдаси эди. Уҳуд жанги бошлангач, аввал бошда: «Батаҳқиқ, Аллоҳ ваъдаси устидан чиқди. Сиз Унинг изни билан уларни қира бошладингиз». Мушриклар ичидан қатл этилганлар кўпайиб кетди. Улар саросимага тушиб, тумтарақай қоча бошладилар. Орқа-олдиларига қарамай, ҳамма нарсани ташлаб қочишарди, ҳар ким ўзи билан ўзи бўлиб қолди. Ҳаттоки байроқлари ҳам қўлдан тушди. Бир аёл кескин келиб байроқни кўтирмагунча, ҳеч ким унга қарамади. Бу ҳол: «Токи заифлашиб, амр ҳақида ихтилоф қилиб ва сиз суйган нарсани кўрсатганидан сўнг исён қилгунингизча» давом этди». Камончилар мушриклардан қолган ўлжаларни кўриб, нафслари заифлашиб, Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг: «Жойингизни асло тарк этманг!», деган амри ҳақида ихтилоф қила бошладилар. Баъзилари: «Мушриклар енгилиб бўлди. Бу ерда нима қилиб турибмиз?! Келинглар, биз ҳам жанг майдонига кириб, бошқалар қатори ўлжадан олайлик», дедилар. Камончиларнинг амири Абдуллоҳ ибн Жубайр бошлиқ ўнтача нафари эса: «Расулуллоҳ (алайҳиссолату вассалом)нинг амрига хилоф қилманглар!» дедилар. Ва ниҳоят, улар суйган нарсани, яъни ғалаба ва нусратни Аллоҳ уларга кўрсатгандан сўнг исён қилдилар, жойларини тарк этиб, ўлжа йиғишга киришиб кетдилар. Шу пайт Холид ибн Валид бошлиқ отлиқ мушриклар улар ташлаб кетган жойдан бостириб келдилар ва мусулмонлар қуршовда қолдилар. Мулоҳаза қилиш лозимки, аслида сустлашган, ихтилоф ва исён қилганлар камончилардир. Улар озчилик бўлсалар ҳам, қилган ишлари ҳаммага нисбат берилмоқда. Демак, бир гуруҳ одамлардан содир бўлган ноқулайлик ҳаммага таъсир этар экан. Шунинг учун ҳамма бирдек тарбия қилинган бўлиши керак. Кейинги жумлада мазкур исённинг келиб чиқиш сабаби баён қилинмоқда: «Орангизда дунёни хоҳлайдиган кимсалар бор ва орангизда охиратни хоҳлайдиган кимсалар бор». «Дунёни хоҳлайдиган кимсалар» – жойларини тарк этиб, ўлжа йиғишга киришиб кетган камончилар. «Охиратни хоҳлайдиган кимсалар» – жойларида сабот билан туриб жанг қилганлар. Умумий маъно шуки: Аллоҳ таоло сиз ўзингиз сустлашиб, ихтилоф қилиб, исён қилгунингизча ваъдасининг устидан чиқиб турди, кейин эса у саналган сабабларга кўра: «Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун улардан бурди». Яъни сиздан ёрдамини олди, улардан устун келишингизни тўхтатди. Бу ишни сизни имтиҳон қилиш, синаш учун қилди. «Сизларни улардан бурди», яъни урушиб турган мусулмонлар бурилиб қоча бошладилар. Уҳуд жангида ғолиб келиб турган мусулмонлар бирдан мағлубиятга учрашлари исён, сусткашлик ва Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг амрларига хилоф қилиш оқибатида юзага келди. Ҳолбуки, Бадр ғазотида мусулмонлар сонлари, қуроллари оз бўлса ҳам, ғолиб келган эдилар. Бу эса, ўз навбатида, Аллоҳнинг мўминларга нусрат беришига ваъдаси мўминларнинг Аллоҳнинг амрига тўлиқ амал қилишларига боғлиқ эканлигини кўрсатади. «Батаҳқиқ, сизни афв этди». Бас, Аллоҳ таоло сизнинг сусткашлигингизни, заифлигингизни ва исёнингизни афв этди. «Аллоҳ мўминларга фазл эгаси бўлган Зотдир». Уларнинг гуноҳларини кечиши ҳам, У Зотнинг фазлидандир.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Оламларга раҳмат Пайғамбар» китобларидан:
Маълумки, мушриклар билан бўлиб ўтган Бадр урушида мусулмонлар оз сонли бўлишларига қарамай, тўла ғалаба қозонган эдилар. Бу уруш худди мўъжизадек бўлган эди. Унда мусулмонлар Қурайш қабиласининг куфрнинг бошида турган аъзоларини ўз қўллари билан ўлдирган эдилар. Бадр урушида раҳбарларидан ажраб қолган Қурайш қабиласига Абу Суфён ибн Ҳарб бошлиқ бўлиб қолди. У одамларини мусулмонлардан ўч олишга чақира бошлади. Бу орада Қурайшнинг бутун бошли бир карвони мусулмонлар қўлига тушиш арафасида базўр қутулиб қолди. Шунда мушриклар ўша карвондаги ҳамма молу мулкларини мусулмонларга қарши урушга сарфлашга аҳд қилишди.
Абу Суфён Қурайшдан ва Қурайш билан шартнома тузганлардан ҳамда Аҳбош деган жойда аҳдлашилгани учун «Аҳобийш» номи билан машҳур бўлган араблардан жами уч мингтача одам тўплади. Ҳижратнинг учинчи йили Шаввол ойида мушриклар лашкари йўлга чиқди. Қочиб кетишларнинг олдини олиш ва шижоатлантириб туриш учун хотинларини ҳам ўзлари билан бирга олиб чиқдилар. Улар Мадинаи Мунавварага қараб юриб келиб, Уҳуд тоғи яқинига тушдилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссолату васаллам) саҳобалар билан душманга қарши чиқиш керакми ёки Мадинадан чиқмай туриш яхшими, масаласида маслаҳат қилдилар. У Зотнинг ўзларининг фикрларича, Мадинадан чиқмасдан, тўсиқлар ҳосил қилиб туриш, агар душман бостириб кирса, тор кўчаларга кираверишда уруш қилиш, аёллар эса уйларнинг устидан ёрдам беришлари керак эди. Бу фикрга мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ҳам қўшилди. Лекин Бадр урушида қатнаша олмай қолган кўпчилик саҳобалар, айниқса, ёшлар қарши чиқишни сўраб маҳкам туриб олдилар. Кўпчиликнинг фикри шу бўлиб кўринди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) минг нафар саҳоба билан чиқдилар. Абдуллоҳ ибн Умму Мактум (розияллоҳу анҳу)га Мадинада қолганларга жамоат намозини ўқиб бериб туришни буюрдилар. Мадинадан чиқиб, Уҳудга қараб кетаётганларида, мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай: «Менинг гапимни қўйиб, ёш болаларнинг гапини қиляпти», деб аскарларнинг учдан бирини олиб қайтиб кетди. Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)нинг оталари Абдуллоҳ ибн Ҳаром (розияллоҳу анҳу) уларнинг ортидан бориб, қайтаришга уриндилар: «Келинглар, Аллоҳнинг йўлида уруш қилинглар!» деб қистадилар. Улар бўлса: «Сизлар уруш қилишингизни билганимизда, қайтмас эдик», дейишди. Абдуллоҳ ибн Ҳаром уларни сўкиб орқасига қайтди. Ансорийлардан бирлари шартнома тузган яҳудийлардан ёрдам сўрашни таклиф этди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) кўнмадилар. Иймон билан куфр орасида уруш бўлиб турганда, яҳудийлардан ёрдам сўраб бўлармиди?! Йўлда Пайғамбар (алайҳиссалом): «Ким бизни уларга яқин жойдан бошлаб чиқа олади?» дедилар. Ансорийлардан бир киши водийнинг бир тарафидан бошлаб, Уҳуд тоғига яқин жойдан олиб чиқди. Уҳуд тоғига орқаларини қилиб жойлашдилар. Пайғамбар (алайҳиссалом), амр бермагунларича, ҳеч ким уруш қилмаслигини тайинладилар. Бу ишлар жума куни кечки пайт бўлди. Шанба куни эрталабдан Пайғамбар (алайҳиссалом) етти юз кишини урушга тайёрлай бошладилар. Элликта отлиқ, элликта камончи бор эди. Уларга Абдуллоҳ ибн Жубайр (розияллоҳу анҳу)ни бошлиқ этиб тайинладилар. У кишига ва аскарларига эгаллаб турган жойларидан жилмасликни амр қилдилар: «Агар қушлар келиб аскарни олиб қочаётганини кўрсангиз ҳам, жойингизни тарк этманг», деб таъкидладилар. Улар мусулмонлар аскарининг орқа томонини қўриқлашлари керак эди. Камончиларга мушрикларни мусулмонлар ортидан келтирмай камондан ўққа тутиб туришни топширдилар. Расулуллоҳ (алайҳиссолату васаллам) иккита совутда чиқдилар. Байроқни Мусъаб ибн Умайр (розияллоҳу анҳу)га бердилар. Бир қанотга Зубайр ибн Аввомни, иккинчи қанотга Мунзир ибн Амрни бошлиқ қилдилар.
ЖАНГ
Мусулмонлар шиддатли жанг қилдилар. Айниқса, Абу Дужона Ансорий, Толҳа ибн Убайдуллоҳ, Ҳамза ибн Абдулмуттолиб, Али ибн Абу Толиб, Назр ибн Анас, Саъд ибн Робеълар катта жасорат кўрсатдилар. Куннинг биринчи ярмида мусулмонлар кофирларга ғолиб келишди. Мушрикларнинг бошлиқларидан етмиш киши қатл этилди. Улар енгилиб, ортга қараб қоча бошладилар. Қочиб-қочиб аёллари турган жойгача бордилар. Аёллар ҳам қочишга тайёрланиб, кийимларини йиғиштира бошладилар.
КАМОНЧИЛАР
Мушрикларнинг енгилиб қочаётганини кўрган камончилар, Пайғамбар (алайҳиссалом) қимирламай туришни тайинлаб қўйган жойларини ташлаб кетдилар. Улар бир-бирларига: «Қаранглар, ўлжа, ўлжа!» деб қичқиришди. Амирлари Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг шартларини эсларига солса ҳам, кўнмадилар. Мушриклар батамом енгилиб бўлди, деб гумон қилиб, ўлжа йиғишга киришиб кетдилар ва Уҳуд томонни очиқ қолдирдилар.
ОРТДАН ҲУЖУМ
Шу пайт Холид ибн Валид фурсатни ғанимат билиб, мушрикларнинг отлиқларини худди ўша ерга бошлади. У ердан ўтиб мусулмонларнинг орқа томонларидан бостириб кирди. Холид ибн Валид бошлиқ отлиқлар мусулмонлар устига бостириб келганини кўрган қочиб кетаётган мушриклар ҳам ўзларини ўнглаб, яна уруш майдонига юзландилар. Натижада мусулмонлар қуршовда қолдилар. Ҳамма нарса тескарисига айланиб, мусулмонлар енгила бошладилар. Уларнинг сафида саросима бошланди. Қўрқув ҳукм суриб, тартибсизлик бошланди. Бундай бўлишини ҳеч ким кутмаган эди. Мусулмонлар ичида шаҳидлар кўпайди. Мушриклар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) томонга ҳужум бошладилар. У Зот оз сонли кишилар ҳимоясида эдилар. Уларнинг ҳам кўпи ўз Пайғамбарларининг ҳимоясида мардонавор жанг қилиб, шаҳид бўлдилар.
Оли Имрон сурасининг охиридаги оятларнинг аксарида Уҳуд тоғи олдида бўлиб ўтган воқеалар зикр қилинган.
120. Сизга яхшилик тегса, уларга ёмон бўладир. Сизларга мусибат етса, улар хурсанд бўларлар. Агар сабр ва тақво қилсангиз, уларнинг макри сизга ҳеч зарар қилмас. Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларини иҳота қилгувчидир. 121. Аҳлингдан эрталаб чиқиб, мўминларни уруш жойларига турғизганингни эсла! Аллоҳ эшитувчи ва билувчи Зотдир. 122. Сизлардан икки тоифа қўрқиб заифлашмоқчи бўлганини эсла! Аллоҳ уларнинг валийсидир. Мўминлар фақат Аллоҳнинг Ўзига таваккал қилсинлар. 123. Батаҳқиқ, Бадрда оз бўлсаларингиз ҳам, Аллоҳ сизларга нусрат берди. Бас, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, шукр қилсангиз. 124. Мўминларга: «Сизга Роббингиз туширилган уч минг фаришталар ила мадад бермоғи кифоя қилмасми?!» деганингни эсла! 125. «Ҳа (кифоя қиладир)! Агар сабр ва тақво қилсангиз, улар шу пайт келиб қолсалар ҳам, Роббингиз сизга белгили беш минг фаришта ила мадад берадир». 126. Аллоҳ буни фақат сизга суюнчилик ва қалбингиз таскин топиши учунгина қилди. Аслида, нусрат азиз ва ҳаким Аллоҳнинг ҳузуридандир. 127. Куфр келтирганларнинг бир тарафини кесиш учун ёки хорлаш учун, токи ноумид бўлиб қайтсинлар. 128. Бу сенинг ишинг эмас! У Зот ёки уларнинг тавбасини қабул қилар ёки азоблар. Бас, улар золимлардир. 129. Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Хоҳлаган кишини мағфират қиладир ва хоҳлаган кишини азоблайдир. Аллоҳ гуноҳни мағфират қилувчи ва раҳимли Зотдир. 130. Эй, иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, нажот топсангиз. 131. Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган оловдан қўрқинг. 132. Аллоҳга ва Расулига итоат этинг. Шоядки, раҳм қилинсангиз. 133. Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. 134. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир. 135. Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрарлар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар. 136. Ана ўшаларнинг мукофотлари − Роббиларидан бўлган мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бўлиб, улар унда абадий қолурлар. Амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши! 137. Сиздан олдин суннатлар қолган. Бас, ер юзида юриб ёлғонга чиқарувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинглар. 138. Бу, одамлар учун баён ва тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир. 139. Бўшашманглар! Хафа бўлманглар! Сизлар, агар мўмин бўлсаларингиз, устунсизлар. 140. Агар сизга жароҳат етган бўлса, у қавмга ҳам шунга ўхшаш жароҳат етган. Бундай кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз. Токи, Аллоҳ иймон келтирганларни билиши учун ва улардан шаҳидларни чиқариб олиши учун. Ва Аллоҳ золимларни севмас. 141. Токи, Аллоҳ мўминларни поклаши ва кофирларни ҳалок қилиши учун. 142. Ёки Аллоҳ сизлардан жиҳод қилганларни билмасдан ва сабрлиларни билмасдан туриб, жаннатга кираверамиз, деб ҳисоблайсизми?! 143. Дучор бўлмасингиздан олдин ўлимни орзу қилган эдингиз. Энди уни кўриб, назар солиб турибсиз. 144. Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам Пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар. 145. Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Бу ёзилган ажалдир. Ким бу дунёнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берурмиз. Ким охиратнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берурмиз. Ва шукр қилувчиларни мукофотлармиз. 146. Қанчадан қанча Пайғамбарлар билан бирга кўплаб роб-бонийлар жанг қилганлар. Улар Аллоҳ йўлида етган мусийбатдан бўшашмаганлар, заифлашмаганлар ва бўйсунмаганлар. Аллоҳ сабрлиларни севадир. 147. Улар: «Эй Роббимиз! Бизнинг гуноҳларимиз ва ишимиздаги исрофимизни Ўзинг кечиргин, собитқадам қилгин ва кофир қавмлар устидан бизга нусрат бергин», деган гапдан ўзга гапни айтмаганлар. 148. Бас, Аллоҳ уларга бу дунё савобини ва охиратнинг гўзал савобини берди. Аллоҳ гўзал амал қилувчиларни севадир. 149. Эй, иймон келтирганлар! Агар куфр келтирганларга итоат қилсангиз, орқангизга қайтарурлар. Бас, зиён кўргувчиларга айланиб қолурсиз. 150. Йўқ! Аллоҳ хўжангиздир. Ва У ёрдам берувчиларнинг ях-шисидир! 151. Тезда куфр келтирганларнинг қалбига, Аллоҳга ҳужжатсиз нарсани ширк келтирганлари учун, қўрқувни солурмиз. Уларнинг қароргоҳи дўзахдир. Золимларнинг жойи қандай ҳам ёмон! 152. Батаҳқиқ, Аллоҳ ваъдаси устидан чиқди. Сиз Унинг изни билан уларни қира бошладингиз. Токи заифлашиб, амр ҳақида ихтилоф қилиб ва сиз суйган нарсани кўрсатганидан сўнг, исён қилгунингизча. Орангизда дунёни хоҳлайдиган кимсалар бор ва орангизда охиратни хоҳлайдиган кимсалар бор. Сўнгра, сизларни имтиҳон қилиш учун улардан бурди. Батаҳқиқ, сизни афв этди. Аллоҳ мўминларга фазл эгаси бўлган Зотдир. 153. Пайғамбар ортингиздан чақириб турса ҳам ҳеч кимга қарамай тирқираб қочганингизни эсланг. Ўтган нарсага ва етган мусийбатга хафа бўлмаслигингиз учун сизга ғам устига ғам берди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор Зотдир. 154. Сўнгра, ғамдан кейин сиздан бир тоифангизни қамраб олган мудроқни омонлик қилиб туширди. Бошқа тоифа эса, ўзи билан овора бўлиб, Аллоҳ ҳақида ноҳақ, жоҳилият гумонини қилиб: «Бизнинг қўлимизда нима иш бор эди», дейишди. Сен: «Ишнинг барчаси Аллоҳдандир», деб айт! Сенга ошкор қилмаган нарсаларини ичларида махфий тутарлар. Улар: «Агар қўлимизда бир иш бўлганида, бу ерда қатл қилинмас эдик», дерлар. Сен: «Агар уйларингизда бўлсангиз ҳам, қатл бўлиш тақдирида ёзил-ганлар ўз ўлим жойларига чиқар эдилар. Бу, Аллоҳ кўксингиздаги нарсани синаши ва қалбингиздагини яхшилаб поклаши учундир. Аллоҳ кўксингиздаги нарсани билувчи Зотдир», деб айт. 155. Икки тўп тўқнашган куни сизлардан юз ўгириб қочганларни баъзи қилган ишлари туфайли шайтон йўлдан урди, холос. Батаҳқиқ, Аллоҳ уларни афв қилди. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир. 156. Эй, иймон келтирганлар! Куфр келтирганларга ва ер юзида юрган ва ғозий бўлган биродарлари ҳақида, агар бизнинг ҳузу-римизда бўлганларида ўлмас эдилар ва қатл қилинмас эдилар, дейдиганларга ўхшаманг. Буни Аллоҳ қалбларида ҳасрат қилиши учун айтурлар. Аллоҳ тирилтирур ва ўлдирур. Аллоҳ қилган амалларингизни кўрувчи Зотдир. 157. Гарчи Аллоҳ йўлида қатл қилинсангиз ҳам ёки ўлсангиз ҳам, Аллоҳдан бўладиган мағфират ва раҳмат улар жамлайдиган нарсадан яхшидир. 158. Гарчи ўлсангиз ҳам ёки қатл қилинсангиз ҳам, албатта, Аллоҳ ҳузурида йиғилурсиз. 159. Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир. 160. Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам ёрдам берар эди. Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар. 161. Пайғамбарга хиёнат ҳеч тўғри келмас. Кимки хиёнат қилса, қиёмат куни хиёнат қилиб олган нарсаси билан келадир. Сўнгра, ҳар бир жон касбига яраша тўлиқ оладир. Уларга зулм қилинмас. 162. Аллоҳнинг розилигини излаган одам Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган ва борар жойи жаҳаннам бўлган одамга ўхшармиди! Ва у қандай ҳам ёмон жой! 163. Уларнинг Аллоҳнинг ҳузуридаги даражалари турлича. Аллоҳ қилаётган амалларини кўриб турувчи Зотдир. 164. Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга ўзларидан Пайғамбар юбориб, неъмат берди. У уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадир, уларни поклайдир, китоб ва ҳикматни ўргатур. Гарчи олдин очиқ-ойдин адашувда бўлсалар ҳам. 165. Сен:«Сизга мусийбат етган пайтда, ҳолбуки, ўзингиз ҳам икки бараварини етказган эдингиз, бу қаердан, дейсизми?! Бу ўзин-гизнинг ҳузурингиздан!» деб айт. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир. 166. Икки жамоа тўқнашган куни сизга мусийбат Аллоҳнинг изни билан ва мўминларни билиш учун. 167. Ва мунофиқлик қилаётганларни билиш учун етди. Ва уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг йўлида уруш қилинглар ёки мудофаа қилинглар», дейилди. Улар «Агар жанг бўлишини аниқ билсак, сизга эргашардик»,-дедилар. Улар ўша кунда иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар. Тиллари билан дилларида йўқ нарсани айтурлар. Аллоҳ беркитаётган нарсаларини яхши билувчи Зотдир. 168. 168. Улар ўз биродарларига ва (урушга чиқмай) ўтирганларга: «Агар бизга итоат қилганларида қатл қилинмас эдилар», - дейишди. Сен: «Агар гапингиз рост бўлса, ўзингиздан ўлимни қайтариб кўринг-чи», деб айт. 169. Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деб ҳисоб-ламанглар. Балки, улар-тирик, Роббилари ҳузурида ризқланмоқдалар. 170. Улар Аллоҳ Уз фазлидан берган нарсалардан хурсандлар ва ҳали ортларидан ўзларига қўшилмаган биродарларига, уларга хавф йўқлигининг ҳамда хафа ҳам бўлмасликларининг хушхабарини бермоқдалар. 171. Улар Аллоҳдан бўлган неъмат ва фазлнинг ҳамда, албатта, Аллоҳ мўминларнинг ажрини зое қилмаслигининг хушхабарини бермоқдалар. 172. Улар жароҳат етгандан кейин ҳам Аллоҳ ва Пайғамбар чақириғига жавоб берадиганлардир. Улардан яхшилик ва тақво қилганларига улуғ ажрлар бордир. 173. Уларга кишилар: «Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда, иймонлари зиёда бўлди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил»,-дедилар. 174. Бас, Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила уларга ёмонлик етмасдан қайтдилар ва Аллоҳнинг розилигига эришдилар. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир. 175. Албатта, бундай бўлишингиз шайтондандир, у ўз яқинла-ридан қўрқитур. Бас, агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, мендан қўрқинглар. 176. Куфрга ошиқаётганлар сени хафа қилмасин. Албатта, улар ҳаргиз Аллоҳга бирор зарар етказа олмаслар. Аллоҳ уларга охиратда насиба қилмасликни хоҳлайдир. Уларга улкан азоб бордир. 177. Албатта, куфрни иймонга сотиб олганлар Аллоҳга ҳаргиз бирор зарар етказа олмаслар. Уларга аламли азоб бордир. 178. Куфр келтирганлар уларни тек қўйганимизни ўзлари учун яхши деб ҳисобламасинлар. Биз уларни фақат гуноҳлари кўпайиши учунгина тек қўямиз. Уларга хорловчи азоб бордир. 179. Аллоҳ мўминларни покидан нопокини ажратмасдан, сиз турган ҳолда, қўйиб қўймас. Аллоҳ сизларни ғайбдан хабардор қилиб қўймас. Лекин Аллоҳ Ўз Пайғамбарларидан кимни хоҳласа, танлаб оладир. Бас, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтиринглар. Агар иймон келтирсангиз ва тақво қилсангиз, сизларга улуғ ажр бордир. 180. Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар, буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳгадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. 181. Батаҳқиқ, Аллоҳ: «Албатта, Аллоҳ камбағал ва биз боймиз», деганларнинг гапини эшитди. Айтганларини ва Пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганларни ёзиб қўямиз ва: «Куйдирувчи азобни татиб кўринг!» деймиз. 182. Бундоқ бўлишлиги сизнинг ўз қўлингиз ила қилганингиз туфайлидир. Албатта, Аллоҳ бандаларига зулм қилувчи эмас. 183. «Албатта, Аллоҳ биздан ўтда куядиган қурбонлик келтирмаган Пайғамбарга ишонмаслигимизга аҳд олган», дейдиганларга: «Мендан олдин ҳам сизларга Пайғамбарлар очиқ-ойдин баёнотлар ва сиз айтган нарса билан келганлар. Агар ростгўй бўлсаларингиз, нимага уларни ўлдирдингиз?» деб айт. 184. Агар сени ёлғончи қилсалар, сендан олдин очиқ-ойдин баёнотлар, ҳикматли китоблар ва нурли китоблар билан келган пайғамбарларни ҳам ёлғончи қилганлар. 185. Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Қиёмат куни ажрларингизни тўлиғича олурсиз. Ким дўзахдан узоқлаштирилса ва жаннатга киритилса, шубҳасиз, ютибди. Бу дунё ҳаёти ғурур матоҳидан ўзга нарса эмас. 186. Албатта, молу жонда синовга учрайсиз. Албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк келтирганлардан кўплаб озор эшитасиз. Агар сабр қилсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, бу салмоқли ишлардандир. 187. Аллоҳ китоб берилганлардан, уни одамларга, албатта, баён қилурсиз ва беркитмассиз, деб аҳд олганини эсла. Бас, уни ортларига қаратиб отдилар ва арзон нархга сотдилар. Сотиб олган нарсалари қандай ҳам ёмон! 188. Қилганларига хурсанд бўлиб, қилмаганларига мақталишни суядиганларни азобдан нажотда деб ҳисоблама. Уларга аламли азоб бор! 189. Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. 190. Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор. 191. Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлар: «Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин. 192. Роббимиз, албатта, Сен кимни дўзахга киритсанг, батаҳқиқ, уни шарманда қилибсан. Ва золимларга ёрдам берувчилар йўқ. 193. Роббимиз, биз нидо қилувчининг «Роббингизга иймон келтиринг!» деб нидо қилаётганини эшитдик ва иймон келтирдик. Роббимиз, бизнинг гуноҳларимизни кечиргин ва ёмонликларимизни ўчиргин ҳамда яхшилар билан бирга ўлдиргин. 194. Роббимиз, бизга Пайғамбарларингга ваъда қилган нарсаларингни бергин ва бизни қиёмат куни шарманда қилмагин. Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмассан», дерлар. 195. Роббилари уларнинг (дуоларини) ижобат қилиб: «Мен сизлардан эркагу аёл амал қилувчининг амалини зое қилмасман. Баъзингиз баъзингиздансиз. Ҳижрат қилганлар, диёрларидан чиқарилганлар, Менинг йўлимда азият чекканлар, жанг қилганлар ва қатл бўлганларнинг ёмонликларини ўчирурман ҳамда уларни, албатта, остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритурман, бу − Аллоҳнинг ҳузуридан савобдир. Ва Аллоҳ − ҳузурида гўзал савоб бор Зотдир», деди. 196. Куфр келтирганларнинг юрт кезишлари сени алдаб қўймасин. 197. Бу озгина матоҳдир. Сўнгра ўринлари жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон ётоқ! 198. Лекин Роббиларига тақво қилганлар учун остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бўлиб, унда абадий қолурлар. Бу Аллоҳдан зиёфатдир. Аллоҳ ҳузуридаги нарса аброрлар учун яхшидир. 199. Албатта, аҳли китоблардан Аллоҳга, сизларга туширилган нарсага, уларга туширилган нарсага иймон келтирадиганлари, Аллоҳга ўзини хор тутиб бўйин эгадиганлари, Аллоҳнинг оятларини арзон баҳога сотмайдиганлари бордир. Ана ўшаларга Роббилари ҳузурида ажр бордир. Албатта, Аллоҳ тезҳисоб Зотдир. 200. Эй, иймон келтирганлар! Сабр қилинг. Сабр ила ғолиб келинг. Курашга бел боғлаб туринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки, ютуққа эришсангиз.
Оли Имрон сураси 120-200 |