Қуръони карим тарқоқ, бўлак-бўлак ҳолда нозил бўлиши | ||||
|
Қуръони карим тарқоқ, бўлак-бўлак ҳолда нозил бўлиши Кириш Қуръоннинг нозил бўлиши ҳақидаги мавзу муҳим ва катта мавзу бўлиб, уни билиш Қуръон Аллоҳ томонидан нозил қилинган калом эканига иймон келтириш ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолаларини тасдиқ қилишнинг асосидир. Чунки у зот ҳавои нафсларидан гапирмаганлар. Қуръон у кишига нозил қилинган ваҳий, холос. а) Қуръони Каримнинг нозил бўлиш босқичлари Қуръони Карим уч босқичда нозил бўлган:
Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: «Йўқ!!! У Қуръони Мажиддир. Лавҳул Маҳфуздадир*» (Буруж сураси, 21-22-оятлар). * Лавҳул Маҳфуз – муҳофаза қилинган лавҳ, ислом эътиқоди бўйича Аллоҳнинг ҳузуридаги лавҳ бўлиб, барча нарсалар, жумладан, махлуқотларнинг тақдири ёзилган китобнинг номидир. Қуръони Карим ҳам дастлаб ўша Лавҳда бўлган. Лавҳул Маҳфуз Аллоҳ таолонинг ҳузурида бўлиб, унга ҳеч қандай ўзгариш кириши мумкин эмас.
Бунга далил Аллоҳ таолонинг: «Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик…» (Духон сураси, 3-оят). «Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган» деган сўзларидир (Бақара сураси, 185-оят). Насоий ва Ҳокимлар Саъид ибн Жубайрдан, у Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Қуръон зикрдан ажратилиб, дунё осмонидаги Байтул Иззатга қўйилди. Сўнг Жаброил уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб туша бошлади». Насоий ва Ҳокимлар Довуд ибн Абу Ҳинд йўли орқали Икримадан, у Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Қуръон дунё осмонига Қадр кечасида бир йўла нозил қилинди. Сўнгра, ундан кейин йигирма йил мобайнида (бўлиб-бўлиб) нозил қилинди». Кейин: «Уни ҳақ ила нозил қилдик ва ҳақ ила нозил бўлди. Сени фақат хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи этиб юбордик, холос. Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб нозил этдик»ни ўқиди (Исро сураси, 105-106-оятлар)».
Аллоҳ таоло: «Уни Руҳул Амийн (Жаброил) олиб тушди… сенинг қалбингга, огоҳлантирувчилардан бўлишинг учун. Очиқ-ойдин араб тилида», деган (Шуаро сураси, 193-195-оятлар).
б) Қуръонни бўлак-бўлак ҳолда нозил бўлиши Қуръон бўлак-бўлак ҳолда нозил бўларди. Бир ёки икки ёки бир қанча оятлар турли вақтларда нозил бўларди. Бунга далил Қуръондаги Аллоҳ таолонинг: «Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб нозил этдик», деган сўзидир (Исро сураси, 106-оят). Бу очиқ ойдин Қуръоний далилга суннат ва сийратда келган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон бир йўла нозилқилинмаганлиги, тақрибан йигирма уч йил деб белгиланган муборак биъсалари мобайнида бўлак-бўлак бўлиб нозил бўлгани ҳақидаги қатъий далиллар қўшимча қилинади. Суютий «Итқон»да шундай деган: «Саҳиҳ ва бошқа ҳадислар ўрганиб чиқиладиган бўлса, Қуръон эҳтиёжга қараб беш, ўн, кўпроқ, камроқ нозил бўлар эди. Ифк воқеасида бир йўла ўн оят нозил бўлгани саҳиҳ ривоятларда келган. Шунингдек, Муъминун сурасини бошидан бир йўла ўн оят нозил бўлгани ҳам саҳиҳ ривоятларда келган. Оятнинг бир бўлаги «Ғойру улид-дорор» (Мўминлардан бешикаст бўла туриб)нинг ўзи нозил бўлгани ҳам саҳиҳдир». Қуръонни бўлак-бўлак ҳолда нозил бўлиши яҳудий ва мушрикларнинг эътирозларига сабаб бўлган. «Нима учун Қуръон Таврот каби бир йўла нозил бўлмаган», дейишган. Аллоҳ азза ва жалла бу эътирозларини қайд қилиб, унга жавобан ушбу ояти каримани нозил қилган: «Куфр келтирганлар: «Унга Қуръон бир йўла нозил қилинса эди», дедилар. Сенинг қалбингни у билан собит қилиш (қувватлаш) учун шундай қилдик ва уни тартил билан (дона-дона қилиб) тиловат қилдик» (Фурқон сураси, 32-оят).
Қуръонни бўлак-бўлак нозил бўлишининг ҳикмати Қуръонни бўлак-бўлак ҳолда нозил бўлиш ҳикматини қуйидаги мушрик ва яҳудийларнинг эътирозига жавобан тушган икки оятдан билиб олишимиз мумкин: – «Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб нозил этдик» (Исро сураси, 106-оят). – «Унга Қуръон бир йўла нозил қилинса эди», дедилар. Сенинг қалбингни у билан собит қилиш(қувватлаш) учун шундай қилдик ва уни тартил билан (дона-дона қилиб) тиловат қилдик» (Фурқон сураси, 32-оят).
Буни ушбу оят очиқ ойдин баён қилган: «Қалбингни у билан собит қилиш учун шундай қилдик» (Фурқон сураси, 32-оят). Одамларнинг қўрс муомаласи, очиқ-ойдин нафрати туфайли Набий алайҳиссаломнинг қалбини қувватлаш зарур эди. У зот одамларнинг ҳақни топишини, ҳидоятга келишини ҳар қанча истасалар ҳам, Маккада кўпчилик у зотга қўполлик, жафо қилар, куфрда туриб оларди. Ваҳий Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васалламга вақти-вақти билан нозил бўлиб, ҳимматларини чархлаб турар, сабр-бардошларини оширарди. Қуръон энг оғир дамларда, энг қийин шароитларда нозил бўларди. Баъзи оятлар ўтган анбиёлар ўз қавмидан кўрган зулм ва қайсарликларини ҳикоя қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бу улуғ йўлда сабр-матонат ила давом этишга чақирар эди. Аллоҳ таоло шундай деган: «Уларнинг айтаётганлари сени маҳзун қилишини яхши биламиз. Улар сени ёлғончига чиқараётганлари йўқ, балки золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қилмоқдалар. Сендан олдин ҳам расуллар ёлғончига чиқарилганлар, аммо улар то нусрат келгунича ёлғончига чиқарилганларига ва берилган озорларга сабр қилганлар» (Анъом сураси, 33-34-оятлар). Абу Шома: «Қуръон бўлак-бўлак бўлиб нозил бўлишининг сири нимада? Бошқа самовий китобларга ўхшаб яхлит нозил қилинса бўлмасмиди?» дейилса, шундай деймиз: «Аллоҳ таоло бу саволга: «Қалбингни у билан собит қилиш учун шундай қилдик» деб жавоб берган, яъни қалбингни у билан қувватлаб туриш учун уни бўлак-бўлак қилиб нозил қилдик. Дарҳақиқат, ҳар бир воқеа-ҳодисага тааллуқли янги-янги ваҳий нозил бўлиши қалбга қувват, ваҳий юборилган зотга кўрсатилган иноят бўлади. Бу эса Жаброил фариштанинг кўп тушишини, у зот билан аҳдни янгилаб туришини ва Азиз Зот тарафидан рисолатнинг янги-янги келиб туришини талаб қиларди. Бу эса у зот алайҳиссаломга сўз билан ифодалаб бўлмайдиган даражада сурур берарди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда Жаброил билан кўп мулоқот қилганлари учун энг саховатли бўлиб кетардилар».
Қуръони Каримнинг бўлак-бўлак бўлиб нозил бўлишининг сабабларидан бири шуки, у аксарияти бесавод бўлган, ўқиш-ёзишни билмайдиган умматга нозил бўлган. Шунинг учун улар Қуръони Каримни қоғозга эмас, хотираларига муҳрлаб олишган. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деди: «У – уммийларга ўзларининг орасидан Унинг оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган расул юборган Зотдир. Ҳолбуки, улар илгари очиқ ойдин залолатда эдилар» (Жума сураси, 2-оят). Аллоҳнинг бу умматга ато этган раҳматидан бири шуки, уларга Қуръонни ёд олишни осон қилиб қўйди, узоқ йиллар давомида уни бўлак-бўлак нозил бўлган оятларини фаҳмлашни енгил қилиб қўйди. Улар Қуръонни ёд олиб, маъноларини англаб олишди. Қуръоннинг бўлак-бўлак нозил бўлиши саҳобаи киромларга таълим услубини кўрсатиб берди. Улар уни ҳаётларига татбиқ қилишди, сўнг тобеъинлар улардан буни мерос қилиб олишди. Бу эса босқичма-боскич таълим олишдир. Байҳақий «Шуъабул иймон»да Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у киши: «Қуръонни беш оят-беш оят қилиб ўрганинглар», деган. Ибн Асокир Абу Назрадан қилган ривоятда эса: «Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу бизга Қуръонни эрталаб беш оят, кечки пайт беш оят ўргатар, Жаброил ҳам Қуръонни беш оят-беш оят олиб тушганини айтарди», деган.
Аллоҳ жамиятнинг босқичма-босқич ислоҳ бўлишини хоҳлади, чунки бузуқ жоҳилий жамият бир кеча-кундузнинг ўзида солиҳ жамиятга айланиб қолиши мумкин эмас эди. Шунинг учун Қуръон унинг босқичма-босқич ўзгаришини ва бу ўзгаришнинг мустаҳкам асослари бўлишини таъминлади. Аввалбошда ақийда ва унинг далилларига боғлиқ бўлган, чиройли хулқларга чорлайдиган оятлар нозил бўлди. Ниҳоят, одамлар иймон келтириб, нафслари покланганидан кейин эса ҳалол ва ҳаромга оид оятлар муайян изчилликда нозил бўлди. Бунга далил имом Бухорийнинг Оиша розияллоҳу анҳодан қилган ривояти бўлиб, унда Оиша онамиз шундай деганлар: «Ундан илк нозил бўлган нарса жаннат ва дўзах ҳақидаги муфассал суралардир. Одамлар Исломга гуруҳ-гуруҳ бўлиб кира бошлагач, ҳалол ва ҳаром ҳақидаги оятлар, аҳкомлар нозил бўлди. Агар бирданига «Хамр ичманглар» деган оят нозил бўлса, одамлар «Хамрни асло ташламаймиз», деган бўлишарди. «Зино қилманглар» деган оят нозил бўлса, «Зинони асло ташламаймиз», деган бўлишарди».
Қуръон оятлари қалбга янада таъсирли ва ҳаёт билан чамбарчас боғлиқ бўлиши учун кутилмаган воқеа-ҳодисаларга муносиб ечим ўлароқ нозил бўлган. Мунофиқларнинг каттаси Абдуллоҳ ибн Убай ўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни унга жаноза ўқиб беришлари учун чақиришди. У зот бориб, жаноза ўқимоқчи бўлиб турганларида Умар: «Фалон-фалон гапларни айтган Аллоҳнинг душмани Абдуллоҳ ибн Убайга-я?!» деб, унинг қилган ишларини санаб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса табассум қилиб, шундай дедилар: «Менга ихтиёр берилди. Менга: «Улар учун мағфират сўрасанг ҳам, мағфират сўрамасанг ҳам, агар улар учун етмиш марта мағфират сўрасанг ҳам, Аллоҳ уларни зинҳор мағфират қилмас», дейилган (Тавба сураси, 80-оят). Агар мен (унинг ҳаққига истиғфорни) етмиш мартадан оширсам, у мағфират қилинишини билсам, албатта оширар эдим». Кейин Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жаноза ўқидилар, бориб, қабри устида то у кўмилгунича турдилар. Умар шундай деди: «Кейинроқ ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган журъатимдан ўзим ҳам хайратландим. Яна Аллоҳ ва Унинг Расули билади. Аллоҳга қасамки, бироз ўтиб, мана бу икки оят нозил бўлди: «Ва ҳеч қачон улардан ўлган бирортасига ҳам намоз (жаноза) ўқима, қабри устида ҳам турма…» (Тавба сураси, 84-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳини Аллоҳ азза ва жалла қабз қилмагунича бирорта мунофиққа жаноза ўқимадилар». Бир гуруҳ содиқ мўминлар Табук ғазотига бормай, Мадинада қолганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бирор узр топа олмай, ҳаммасини ҳажр қилиб, улар билан алоқани узиб қўйганлар. Орада ўтган вақт ичида дунё уларнинг кўзига тор кўриниб кетди. Кейин уларнинг тавбаси қабул қилингани тўғрисида Қуръон оятлари нозил бўлди. Бу мусулмон одам Аллоҳнинг буйруғини унутиши ёки ўзини билмаганга олиб, ундан қолиб кетиши мумкин эмаслиги тўғрисида, хусусан, жангдан ортда қолмаслик керак экани тўғрисида бир дарс эди. Аллоҳ таоло шундай деди: «Аллоҳ Набийнинг ҳамда унга ўзларидан бир гуруҳнинг қалблари тойиб кетай деганидан кейин қийинчилик соатида эргашган, сўнгра Аллоҳ тавбаларини қабул қилган муҳожирлар ва ансорларнинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У Зот уларга шафқатлидир, раҳмлидир. Ортда қолган уч кишининг ҳам. Ниҳоят, уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳнинг Ўзидан бошқа бошпана йўқлигига тўла ишонганларидан сўнг, бутунлай қайтишлари учун (Аллоҳ уларнинг) тавбаларини қабул қилди. Албатта, Аллоҳ Тавбани кўплаб қабул қилувчидир, раҳмли Зотдир» (Тавба сураси, 117-118-оятлар).
Маълумки, Қуръон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлак-бўлак бўлиб, йигирма уч йил мобайнида нозил бўлган. Ҳар сафар бир ёки бир нечта оятлар нозил бўлиб турган. Бироқ, шундай бўлса ҳам, бу муборак каломнинг аввалидан охиригача оятларнинг мутаносиб, изчил кетма-кетликда, нафис, пухта услубда, ўзаро мустаҳкам боғлиқликда эканини кўрамиз. Қуръондаги сура, оят ва жумлалар маҳорат билан ипга тизилган қимматбаҳо маржондек бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Аввал ҳам, кейин ҳам инсоннинг бунга ўхшаш каломи бўлмаган. Аллоҳ таоло: «Алиф Лам Ро. Бу – оятлари мустаҳкам, Ҳаким ва Хобир Зот томонидан муфассал қилинган Китобдир», деган (Ҳуд сураси, 1-оят). Қуръонинг услубидаги бундай мутаносиблик, оятлар орасида ҳеч бир ихтилофнинг йўқлиги ҳам унинг Алим ва Ҳаким Аллоҳнинг каломи эканига катта далилдир. Агар у махлуқотларнинг каломи бўлганида, бу йилгиси кейинги йилгисига зид бўлиб қолар эди. Аллоҳ таоло: «Қуръонни тадаббур қилиб кўрмайдиларми? Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганида унда кўп ихтилофлар топар эдилар», деган (Нисо сураси, 82-оят). Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари фасоҳат ва балоғат бобида Қуръондан кейинги ўринда туради, аммо унинг сўзлари Қуръон каби иборалари бир китобга тизилган, осон, чамбарчас, бир-бирига боғлиқ эмас.
Бўлак-бўлак бўлиб нозил бўлган Қуръон оятлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарларнинг ҳотами, сўнггиси эканига, набавий сийрат воқеа-ҳодисалар асосида шаклланганига, анбиёларнинг қиссалари, расулларнинг сийратлари ва аввалги умматларнинг ҳаётига қўшилганига далолат қилади. Мана шу оятлар сийратдаги воқеа-ҳодисаларнинг ҳақиқатдан ҳам содир бўлганига ёрқин далилдир. Оятларнинг муайян воқеа-ҳодисаларга боғлиқ равишда, бўлак-бўлак бўлиб нозил бўлиши асри саодатдан то бугунги кунимизгача бўлган Ислом тарихига муқаддима сифатида набавий сийратни пойдеворларини чизиб берган.
Муҳаммад Алий Муҳаммад Юсуф тайёрлади |