9-оят. « (Эй Муҳаммад), айтинг: «Мен Пайғамбарлардан янги − биринчи эмасман (яъни мендан аввал ҳам Аллоҳнинг пайғамбарлари ўтган-ку, нега сизлар менинг пайғамбарлигимга ҳайрон бўлиб, инкор қилмоқдасизлар?!) Мен (келажакда) на ўзимга ва на сизларга нима қилишини билмасман (яъни ғайбдан хабардор эмсман). Мен фақат ўзимга ваҳий қилинадиган нарсага эргашурман. Мен фақат очиқ огоҳлантирувчиман». Саълабий Абу Солиҳдан, у ибн Аббосдан: − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобаларига бало-офатлар жуда кўпайиб кетибди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) тушларида у киши хурмоли, дарахтлари кўп, сувли ерга ҳижрат қилганларини кўрдилар. Буни асҳобларига айтиб берганларида, улар бу билан хурсанд бўлдилар. Ўзларига етадиган мушрикларнинг азиятларидан шу туш сабабли қутулсак керак, деб ўйлашди. Кейин эса улар маълум бир фурсат ҳеч нарса ўзгармасдан туриб қолдилар ва: − Эй Расулуллоҳ, сиз тушингизда кўрган ерга қачон ҳижрат қиламиз? – дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) жим турдилар. Шунда Аллоҳ таоло: ........ оятини нозил қилди. Яъни мен тушимда кўрган жойга ҳижрат қиламанми ёки йўқми билмайман. Кейин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − Бу мен фақат тушимда кўрган нарсадир, мен фақатгина ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман холос, − дедилар. 15-оят. «Биз инсоннни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб хомиладор бўлиб, қийналиб туққандир. Унга ҳомиладор бўлиш ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) 30 ойдир. Энди қачон вояга етиб, 40 ёшга тўлганида: «Парвардигорим, мени сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга муваффақ этгин ва ўзинг мен учун зурриётимда ҳам яхшилик қилгин (яъни фарзандларимни ҳам аҳли солиҳ бандаларингдан қилгин). Албатта, мен сенга (қилган барча гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонлардандирман», деди. Атонинг ривоятида Ибн Аббос: − бу оят Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ҳақида нозил қилинган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) 20 ёшларида, Абу Бакр эса 18 ёшида тижорат билан Шомга қараб йўлга чиқишди. Бир манзилга тушишди. У ерда бир дарахт бор эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг соясида ўтирдилар. Абу Бакр эса шу ердаги роҳибдан дин ҳақида сўраш учун борди. Шунда роҳиб: − Дарахт соясида ўтирган киши ким? – деди. У: − У Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуталлибдир, − деди. У: − Аллоҳга қасамки, у Пайғамбардир. Бу дарахт остида Исо ибн Марямдан кейин ҳеч ким сояламаган. Илло Аллоҳнинг Пайғамбари Муҳаммадгина соялайди, − деди. Бундан Абу Бакрнинг қалбида яқин ишонч ва тасдиқ ўрнашди. У сафарларда ҳам, муқимликда ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ҳеч ажралмасди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам.) 40 ёшида Пайғамбар бўлганларида Абу Бакр ҳам Исломга кирди. У ўшанда 38 ёшда эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни тасдиқлади. Энди 40 ёшга кирганида эса: − Роббим .... деди.
|