1 - оят. «Эй Пайғамбар, Аллоҳдан қўрқинг ва кофир, мунофиқ кимсаларга бўйсунманг! Албатта, Аллоҳ билгувчи ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир». Бу оят Абу Суфён, Икрима ибн Абу Жаҳл ва Абул Аъвар Ассаламийлар ҳақида нозил бўлган. Улар Уҳуд жангидан кейин Мадинага келишди. Абдуллоҳ ибн Убайнинг уйига тушишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзаро гаплашиб олишлари учун уларга омонлик бердилар. Шунда улар билан бирга Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳ ва Таъма ибн Убайриқ ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларига келди. У кишининг ҳузурларида Умар ибн Хаттоб бор эди. Улар: − Бизнинг Лот, Уззо ва Манот каби олиҳаларимизни гапиришдан тўхта. Ким уларга ибодат қилса, фойда етказишини ва шафоат қилишини айт. Биз ҳам сени ва Роббингни тинч қўямиз, − дейишди. Уларнинг сўзлари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га оғир ботди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): − Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), уларни ўлдиришга бизга изн беринг, − деди. У киши: − Мен уларга омонлик берганман, − дедилар. Шунда Умар: − Аллоҳнинг лаънати ва ғазаби билан чиқиб кетинглар, − деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларни Мадинадан чиқариб юборишга буюрдилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятни нозил қилди. 4 - оят. «Аллоҳ бирон кишининг ичида икки юрак қилган эмасдир, шунингдек, сизлар зиҳор қиладиган хотинларингизни ҳам сизларга она қилган эмас. Ва асранди болаларингизни ўз болаларингиз қилган эмасдир. Бу (яъни хотинларингизни «она» дейишларингиз, асрандиларингизни «бола» дейишларингиз) сизларнинг оғизларингиздаги сўзингиздир. Ёлғиз Аллоҳ ҳақиқатни айтур ва унинг ўзи (Ҳақ) ҳидоят қилур. Бу оят Жамил ибн Маъмур Алфахрий ҳақида нозил бўлган. У жуда ақлли, эшитган нарсасини ёдлаб оладиган одам эди. Қурайшликлар: − Бу нарсаларни фақатгина иккита қалби бор кишигина ёдлай олди, − дейишарди. У ҳа: − Менда иккита қалб бор. Мен уларнинг ҳар бири билан Муҳаммаднинг ақлидан кўра афзалроқ ақл юргиза оламан, − дер эди. Бадр кунида мушриклар енгилди. Улар орасида Жамил ибн Маъмур ҳам бор эди. Абу Суфён унга дуч келди. У ковушининг биттасини қўлига осиб олганди. Бошқаси оёғида эди. Абу Суфён унга: − Эй Абу Маъмур, одамларнинг ҳоли қандай? – деди. У: − Енгилишди, − деди. Абу Суфён: − Сенга нима бўлди, ковушингнинг биттаси қўлингда, биттаси оёғингда? – деди. У: − Мен уларнинг иккаласини ҳам оёғимда деб ўйлабман, − деди. Шу пайтда билишдики, агар унинг икки қалби бўлганида эди, ковушини қўлида унутиб қолдирмасди. Шу оятдаги: − (Аллоҳ) асранди болаларингизни ўз болаларингиз қилган эмасдир, сўзи Зайд ибн Ҳориса ҳақида нозил бўлган. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг хизматларида эди. Ваҳий келишидан илгари у киши уни озод қилиб, ўғил қилиб олгандилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Зайнаб бинти Жаҳшга уйлангач, (Зайнаб Зайднинг хотини эди), яҳудий ва мунофиқлар: − Муҳаммад ўғлининг хотинига уйланди. Одамларни эса бундан қайтарарди, − дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Абдуллоҳдан: − Токи Қуръондаги: − Уларни ўз оталари (исми) билан чақиринглар. Шу Аллоҳ наздида тўғрироқдир... ояти (Ахзоб - 5) нозил бўлгунича Зайд ибн Ҳориса эмас, балки Зайд ибн Муҳаммад деб чақирар эдик. Бухорий ривояти. 23 - оят. «Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган (у Зотнинг йўлида жиҳод қилиб, шаҳид бўлиш ҳақидаги) аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас, улардан (айрим) кишилар ўз аҳдига вафо қилди, (яъни шаҳид бўлди), улардан (айрим) кишилар эса (шаҳид бўлишга) интизордир. Улар (мунофиқларга ўхшаб Аллоҳга берган аҳду-паймонларини) ўзгартирганлари йўқ». Анас (розияллоҳу анҳу)дан: − Амаким Анас ибн Назр Бадр жангида қатнашолмади. (У ҳам Анас деб номланарди). Бу унга оғир ботди ва: − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қатнашган энг биринчи жангга қатнашолмадим. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ субҳанаҳу мени бирор жангга қатнаштирса, Аллоҳнинг ўзи қилганимни, албатта, кўради, − деди. Уҳуд жанги бўлганида мусулмонлар саросималаниб қоча бошлашди. Шунда у: − Эй Аллоҳим, мен мана бу мушриклар қилаётган ишдан безорман – покизаман. Мана бу (мусулмон)лар қилаётган ишдан сенга узр айтаман, − деди-да, кейин қиличини олиб юра бошлади. Шунда унга Саъд ибн Муоз йўлиқди. У Саъдга: − Эй Саъд, нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, мен Уҳуд томонда жаннат ҳидини тотяпман (сезяпман), − деб мушриклар билан жангга киришди ва токи ўлдирилгунича жанг қилди. Биз уни ўликлар орасидан топдик. Унда саксон нечтадир жароҳат бор эди. Қилич билан урилган, найза санчилган ва камон ўқи кирган жароҳатлар эди. Мушриклар уни муса қилишганди. Токи синглиси (ёки онаси) уни бармоқларидан танимагунча, биз уни танимадик ва ушбу .......... оят нозил бўлди. Биз: − Ушбу оят у ва унинг ҳамроҳлари ҳақида нозил қилинган, − дер эдик. Муслим ривояти. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан: − Ушбу ........ ояти Анас ибн Назр ҳақида нозил бўлгандир. Бухорий ривояти. Шу оятдаги: − Улардан айримлари ўз насибасини олди.... сўзи. Бу оят Талҳа ибн Убайдуллоҳ ҳақида нозил бўлган. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга Уҳуд жангига чиқиб, қўлидан жароҳатланди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − Эй Аллоҳ, Талҳа учун жаннатни вожиб қилгин, − дедилар. Заҳҳок Наззол ибн Сабродан, у Алидан: − Талҳа ҳақида хабар беринг-чи? – деб сўради. Али: − У Аллоҳ таоло китобида у ҳақида .... ояти нозил бўлган кишидир. Талҳа ўз насибасини олганлардандир, келажакда қиладиган ишларида унга ҳисоб йўқдир, − деди. Исо ибн Талҳадан: − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларида Талҳа ўтиб қолди, шунда у киши: − Бу (одам) ўз насибасини олганлардандир, − дедилар. 33 - оят. «Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни бесабаб уйларингиздан чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса илгари динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар! Намозни тўкис адо қилинглар! Закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ҳамда (барча ишларда) Аллоҳ ва унинг Пайғамбарига итоат этинглар! (Эй Пайғамбар) хонадонининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди, холос». Абу Саиддан: − ....... ояти беш киши ҳақида нозил бўлган: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), Али, Фотима, Ҳасан ва Ҳусайн (розияллоҳу анҳум)лар. Ато ибн Абу Рабоҳ: − Менга Умму Сулаймдан эшитган киши эслаб айтиб берди: − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг уйида эканлар. Фотима (розияллоҳу анҳо) бир идишда хазира (таом) олиб кирди. У киши: − Эрингни ва икки ўғлингни менга чақир, − дедилар. Али, Ҳасан ва Ҳусайн келишди. Киришиб ушбу хазира (таом)дан еб ўтиришди. У киши уйқу тўшаклари устида эди. Остларида йўл-йўл мато эди. Умму Сулайм айтади: − Мен ҳужрада намоз ўқиётгандим. Шунда Аллоҳ таоло ....... оятни нозил қилди. Шунда у киши матонинг учидан ушлаб уларни у билан ўради, кейин қўлларини чиқариб, қўлларини осмонга кўтарди, сўнг: − Эй Аллоҳ, мана булар менинг хонадон аҳлим ва хосларимдир. Улардан гуноҳни кетказ ва уларни бутунлай поклагин, − дедилар. Мен бошимни уйга киргазиб: − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), мен сизлар билан биргаман, − дедим. У киши: − Албатта, сен яхшиликдасан, албатта, сен яхшиликдасан, − дедилар. Саид ибн Жубайр ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан: − Ушбу ......... ояти Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг аёллари ҳақида нозил бўлган. Алқама Икримадан Аллоҳ таолонинг ушбу ......... сўзлари ҳақида айтадики: − Бу оятга кирадиганлар йўқдир. Улар (яъни кирадиганлар) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг аёлларидир. Алқама айтади: − Икрима бу гапни бозорда нидо қилиб айтар эди. 35 - оят. «Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатгўй эркаклар ва итоатгўй аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабр-қаноат қилувчи эркаклар ва сабр-тоқат қилувчи аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, хайру-садақа қилгувчи эркаклар ва хайру-садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақлагувчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақлагувчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни) кўп зикр қилгувчи аёллар − улар учун мағфират ва улуғ мукофот (яъни жаннат) тайёрлаб қўйилгандир». Муқотил ибн Ҳайён: − Менга етдики: − Асма бинти Умай эри Жаъфар ибн Абу Толиб билан бирга Хабашистондан қайтгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг аёллари олдиларига кириб: − Биз (аёллар) ҳақида Қуръонда бирор нарса нозил бўлдими? – деб сўради. Улар: − Йўқ, − дейишди. Шунда у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бориб: − Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), албатта, аёллар зиён ва муваффақиятсизликдадир, − деди. У киши: − Нима сабабдан шундай? – дедилар. У: − Чунки яхшиликда фақат эркаклар зикр қилинадилар, аёллар эса ҳеч зикр қилинмайдилар, − деди. Шунда Аллоҳ таоло ..... оятини охиригача нозил қилди. Қутода: − Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг аёлларини (Қуръон)да зикр қилгач, муслима аёллар уларнинг (Пайғамбар аёлларининг) олдиларига киришиб: − Сизлар зикр қилиндинглар, бизлар эса зикр қилинмадик. Агар бизда яхшилик бўлганида эди, албатта, зикр қилинардик, − дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ........оятини нозил қилди. 51 - оят. «Сиз (аёлларингиздан) ўзингиз хоҳлаган аёлни қолдириб, ўзингиз хоҳлаган аёлни ўзингизга ҳамхона қилурсиз. Ўзингиз четлатган аёлларингиздан бирон аёлни (ўзингизга яна ҳамхона) қилишни истасангиз, сизга ҳеч қандай гуноҳ бўлмас. Бу (яъни аёлларингизга қилинадиган муомалангизда сизга ихтиёр бериб қўйишимиз), уларнинг кўзлари қувонишига, ғамгин бўлмасликларига ва сиз уларга ато этган нарсага барчалари рози бўлишларига яқинроқ (йўлдир). Аллоҳ сизларнинг дилларингиздаги сирларингизни (ҳам) билур. Аллоҳ билгувчи ва ҳалим бўлган Зотдир». Муфассирлар айтишади: − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг баъзи аёллари рашк қилиб у кишига азият етказишди ва кўпроқ нафақа талаб қилишди.Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ой, токи ихтиёр бериш ояти нозил бўлгунича, улардан узоқ бўлдилар. Аллоҳ таоло дунё ёки охиратни танлашни уларга ихтиёр берди. Дунёни танлаганларни холи қўйишни, Аллоҳ субҳанаҳу ва Расулини танлаганларни олиб қолишни буюрди. Улар мўминларнинг оналари бўлиб, ҳеч қачон бошқа никоҳланмайдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хоҳлаганларини ўзларига ҳамхона қиладилар, хоҳлаганларини эса ортга сурадилар – қолдирадилар. Улар рози бўлишлари керак. У киши улар учун улуш ажратадиларми ёки йўқми, ёки баъзисини баъзисидан нафақада, улушда ва яқинликда афзал кўрадиларми − ихтиёр ўзларида, хоҳлаганларини қиладилар. Шуларнинг ҳаммасига улар рози бўлишади. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га шунча кенглик берган бўлса ҳам, у киши улар орасида тенглик билан тақсимот қилдилар. Муоза Оиша (розияллоҳу анҳо)дан: − ...... ояти нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) орамиздан бир аёлнинг кунида бўлсалар. биздан изн сўрардилар. Муоза айтдики: − Сиз нима дер эдингиз? Ойиша: − Мен: − Агар бунинг ихтиёри менда бўлганида эди, ҳеч кимни ўзимдан устин қўймасдим, − дер эдим, − дедилар. Бухорий ва Муслим ривояти
Қавм айтади: − Ихтиёр бериш ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг аёллари талоқ қилинишларидан қўрқдилар ва: − Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, молингиз ва танингиздан ўзингиз хоҳлаганча бизга беринг (майли, биз розимиз). Бизни шу ҳолимизда қолдиринг, − дейишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди. Ҳишом ибн Урва отасидан, у киши Оиша (розияллоҳу анҳо)дан: − Оиша (розияллоҳу анҳо) Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг аёлларига: − Аёл киши ўз нафсини бағишлашга ҳаё қилмайдими? – дер эди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу ......... оятни нозил қилди. Шунда Оиша Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га: − Ўйлайманки, Роббингиз сизнинг хоҳишингиз борасида сиз учун тезлашди (сизга тез ҳал қилиб берди) – деди. Бухорий ва Муслим ривояти 53 - оят. «Эй мўминлар, Пайғамбарнинг уйларига фақат сизларни бирон таомга чақирсагина, киринглар. (Ўшанда ҳам) Унинг пишишига кўз тутиб турманглар, балки чақирилган пайтингизда кириб, таомлангач, тарқалинглар ва бирон гапга берилган ҳолингизда (у ерда қолиб кетманглар)! Чунки бу (ишларингиз) Пайғамбарга озор берур, у эса сизлардан (яъни сизларни чиқариб юборишдан) тортинар. Аллоҳ ҳақни (айтишдан) тортинмас. Қачон сизлар (Пайғамбар) аёлларидан бирон нарса сўрасангизлар, парда ортида туриб сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутгувчироқдир. Сизлар учун Аллоҳнинг Пайғамбарига озор бериш ва унинг ортидан аёлларига уйланишингиз ҳеч қачон дуруст эмасдир. Чунки бу (ишларингиз) Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳ) бўлган ишдир. Кўпчилик муфассирлар айтишади: − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Зайнаб бинти Жахшга уйланганларида хурмо ва савиқ (арпадан тайёрланган таом) билан зиёфат бердилар ва қўй сўйдилар. Анас айтадики: − Онам Умму Сулайм мени Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га тошли идишда Ҳайс (хурмо, ёғ ва пишлоқли таом) олиб боришга юборди. Боргандим, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга асҳобларини таомга чақириб келишни буюрдилар. Одамлар келиб еб чиқиб кета бошладилар (кетма-кет, узлуксиз). Шунда мен: − Эй Набиюллоҳ, чақиришга ҳеч кимни тополмай қолгунимча (барчани) чақиргандим, − дедим. Улар тўхтатишди ва одамлар чиқиб кетишди. Уйда уч киши гурунглашиб қолишди. Улар узоқ ўтиришди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) улардан азиятландилар. У киши жуда ҳаёли эдилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан ўзлари ораларида парда тутдилар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан: − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Зайнаб бинти Жаҳшга уйланганларида қавмни чақириб зиёфат қилдилар. Одамлар овқатланишиб, кейин гурунглашиб ўтиришди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) худди туришга тайёрланаётгандек бўлдилар, лекин қавм қўзғалмади. Буни кўриб туриб кетлдилар, қавм ҳам туриб, уч киши қолди. Кейин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) келиб, кирдилар. Қарасалар, одамлар ўтиришибди. Кейин улар туриб кетишди. Мен бориб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га улар кетганини хабар қилдим. У киши келиб (ичкарига) кирдилар. Мен ҳам кирмоқчи бўлиб бордим. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мен билан ўзлари ораларига парда ташладилар ва Аллоҳ таоло ... оятини «...чунки бу ишларингиз Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳ) бўлган ишдир»гача нозил қилди. Бухорий ва Муслим ривояти. Анас ибн Молик (розияллоҳу)дан: − Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга эдим. У киши ҳужраларидан бирининг олдидан ўтдилар. У ерда гаплашиб ўтиришган одамларни кўрдилар. Сўнг қайтиб ҳужрага кирдилар ва менинг олдимга тўсиқ ташладилар. Шунда мен Абу Талҳанинг олдига бориб буни унга айтдим. Шунда у: − Агар сен айтаётган нарса ҳақ бўлса, Аллоҳ, албатта, бу ҳақда Қуръонда нозил қилади, − деди. Шунда Аллоҳ таоло .... оятини нозил қилди. Анасдан: − Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) айтадики: Мен: − Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), олдингизга яхши одам ҳам, ёмон одам ҳам киради. Мўминларнинг оналарини ҳижобга буюрсангиз бўлмайдими? – дедим. Шунда Аллоҳ таоло Ҳижоб оятини нозил қилди. Бухорий ривояти. Мужоҳиддан: − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга баъзи асҳоблари ҳам таомланишарди. Улардан бирининг қўли Оишанинг қўлига кегиб кетди. У улар билан бирга эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) буни ёқтирмадилар. Шунда Ҳижоб ояти нозил бўлди. Шу оятдаги: Унинг ортидан аёлларига уйланиш ҳеч қачон дуруст эмасдир, − сўзи. Атонинг ривоятида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): − Қурайш саййидларидан бир киши: − Муҳаммад вафот этса, мен, албатта, Оишага уйланаман, − деди. Шунда Аллоҳ нозил қилган нарсасини нозил қилди. 56 - оят. «Албатта, Аллоҳ ҳам, унинг фаришталари ҳам Пайғамбарга дуою саловат айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у Зотга салавот ва салом айтинглар!» Каъб ибн Ужра: − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га айтилдики: − Сизга салом айтишни билдик, сизга салом айтиш қандай бўлади? Шунда .... нозил бўлди.
Асмаий айтади: − Бусранинг минбарида Маҳдийдан эшитдим, айтдики: − Аллоҳ сизларни бир ишга буюрдики, энг аввал унинг ўзи шуни қилди, иккинчи фаришталарга қилдирди. Бас, айтдики: − ... Уни (Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам))ни шу оят билан Пайғамбар орасида афзал ортиқ қилди. Одамлар орасида сизларни шу оят билан хослади. Бас, сизлар Аллоҳнинг неъматини шукр қилиш билан қабул қилинглар. Имом Саҳл ибн Муҳаммад ибн Сулаймон: − Аллоҳ таоло ўз сўзи ... билан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни шарафли қилган бу шарафлантириш фаришталарни сажда қилишга буюриш билан Одам (алайҳиссалом)ни шарафлантиришдан кўра тўкисроқ ва олийроқдир. Чунки (сажда қилиш билан бўлган) бу шарафлантиришда Аллоҳнинг ўз фаришталари билан бирга бўлиши жоиз эмасдир. Лекин Аллоҳ таолонинг ўзи Пайғамбарга салом айтиш хабарини берди. Бас, Аллоҳнинг ўзидан содир бўлган шарафлантиришдан кўра улуғроқдир. Аллоҳнинг ўзи бунда (сажда қилиш)да иштирок этиши жоиз эмасдир. Саҳл айтган сўз Маҳдийнинг сўзидан олингандир. Эҳтимол, Саҳл Маҳдийни кўриб, ундан олгандур ва шарҳ қилгандур ва буни Одам (алайҳиссалом)ни шарафлантириш билан солиштиргандир. Бу ундан кўра бошқачароқ ва тўкисроқдир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан: − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар:− Ким менга битта салом айтса, Аллоҳ унга ўнта салом айтади. 58 - оят. «Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар». Ато ибн Аббосдан: − Умар (розияллоҳу анҳу) ансорлардан бир жорияни ясан-тусан қилиб, ўзини кўз-кўз қилиб юрганини кўриб уни урди. Унинг зийнатланиб юришини кариҳ кўрди. У аҳлига бориб Умардан шикоят қилди. Улар Умарнинг олдига бориб, унга азият етказдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Муқотил: − Бу оят Али ибн Абу Толиб ҳақида нозил бўлган. Мунофиқ кишилар унга азият беришар ва обрўсини тўкишар эди. Заҳҳок, Саддий ва Калбийлардан: − Бу оят Мадина кўчаларида юрадиган зинокорлар ҳақида нозил бўлган. Агар аёллар ҳожат ўташ учун кечаси чиқсалар, уларга эргашишарди. Улар аёлга яқинлашиб имо-ишора қилишарди. Агар жим турса, унга эргашишарди. Агар уларга бақириб берса, тийилишарди. Улар чўриларнигина талаб қилишарди. Ўша вақтда эса чўри аёл ва ҳур аёлни ажратиб бўлмасди. Улар кўйлак ва кичик ёпинчиқда чиқишарди. (Ҳур аёллар) буни эрларига шикоят қилишди. Эрлари буни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га айтишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Бу сўзнинг саҳиҳлигига Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи далолат қилади: Эй Пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ёпсинлар... (Азҳоб – 59) Абу Моликдан: − Мўминларнинг аёллари кечасида ҳожатлари учун чиқишарди. Мунофиқлар уларнинг олдиларидан чиқиб, уларга азият беришарди. Шунда ушбу оят нозил бўлди. Саддий: − Мадина жуда тор жой эди. Аёллар кечасида ташқарига чиқиб ҳожатларини ўташарди. Мадинадаги айрим фосиқ кишилар ҳам чиқишарди. Улар агар устида ёпинчиғи бор аёлни кўришса: − бу ҳур аёл, − деб унга индашмасди. Агар ёпинчиқсиз аёлни кўриб қолишса: − бу чўри – жориядур, − дейишиб унинг бошини айлантириб тегажоғлик қилишарди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
|