1-5- оятлар: «Алиф, Лом, Мим. Жуда яқин жойда Рум мағлуб бўлди. (Лекин) улар (яъни румликлар) бу мағлубиятларидан сўнг бир неча йил ичида, албатта, ғалаба қилажаклар. Аввалу охир барча иш Аллоҳнинг (измида)дир. Ўша кунда мўминлар Аллоҳ (румликларни) ғолиб қилгани сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) ўзи хоҳлаган кишини ғолиб қилур. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир». Муфассирлар айтишади: − (форс шоҳи) Кисро Румга қарши қўшин юборди. Қўшинга Шахрирон исмли кишини бошлиқ қилди. У форслар билан Румга бостириб бориб, румликларни ўлдирди, шаҳарларини вайрон қилди, дарахтларини кесди. (Рум шоҳи) Қайсар ҳам Яҳнас исмли кишини (қўшинга бош қилиб ) унга қарши юборди. Улар Азриёт ва Бусрода дуч келишди. Бу ерлар Шомнинг араб ерларига энг яқин жойи эди. Форс қўшинлари румликларни енгди. Бу хабар Маккада Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва асҳобларига етди ва бу уларга оғир ботди. Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) форслик уммий мажусийлар румлик аҳли китоблар устида ғолиб бўлишини ёқтирмасдилар. Макка кофирлари эса хурсанд бўлишиб, ичиқоралик қилишди. Улар асҳобларга: − Сизлар ҳам, (румлик) насаролар ҳам аҳли китоблардир. Биз эса уммийлармиз. Форслик биродарларимиз сизнинг румлик биродарларингиз устидан ғолиб келди. Сизлар ҳам биз билан жанг қилсангиз, биз ҳам сизнинг устингиздан ғолиб бўламиз, − дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ......... оятларини нозил қилди. Абу Саид ал Худрийдан: − Бадр кунида румликлар форслар устидан ғолиб келди. Мўминлар румликлар мажуслар устидан ғалаба қилганидан шодланишди.
|