Калбий: − Ушбу оят Убай ибн Халаф ҳақида нозил бўлган. У чириган суякларни олиб, қўли билан эзиб, майда-майда қилиб ташлади ва: − Муҳаммад сизларга биз ўлганимиздан сўнг қайта тириламиз, − деб айтяптими?! – деди.
77-оят. «(Эй Муҳаммад), Бизнинг оятларимизга кофир бўлган ва: «Қасамки, албатта, (охиратда ҳам) менга мол-мулк ва бола-чақа ато этилур», деган кимсани кўрдингизми?» Ҳаббоб ибн Арат: − Мени Ос ибн Воилда қарзим бор эди. Шу қарзни талаб қилиб олдига бордим. У, Аллоҳга қасамки, токи Муҳаммадга кофир бўлмагунингча, бермайман, − деди. Мен: − Йўқ, Аллоҳга қасамки, ўлсанг ҳам, сўнг қайта тирилсанг ҳам, Муҳаммадга кофир бўлмайман, − дедим. У: − Мен ўлиб, қайта тирилсам, олдимга келгин. Ўшанда менга мол-мулк, бола-чақа бўлади, ўшанда (сенинг қарзингни) бераман, − деди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Масруқ Ҳаббоб ибн Аратдан: − Мен темирчи эдим. Ос ибн Воилда қарзим бор эди. Шуни сўраб бордим. У: − Токи Муҳаммадга кофир бўлмагунингча, бермайман, − деди. Мен: − Сен ўлиб қайта тирилсанг ҳам, кофир бўлмайман, − дедим. У: − Мен ўлимдан кейин қайта тириламанми? Ўшанда менга мол-мулким қайтариб берилса, сенинг қарзингни бераман, − деди. Шунда у ҳақида ушбу оят нозил бўлди. Бухорий ва Муслим ривояти Калбий ва Муқотил:− Ҳаббоб ибн Арат темирчи эди. Ос ибн Воил Ас-Сахмий учун ишларди. Ос унинг ҳақини беришни кечиктирарди. У ҳақини сўраб келди. Шунда Ос: − Ҳозир сенга беришга ҳеч нарсам йўқ, − деди. У: − Токи қарзимни бермагунингча, кетмайман, − деди. Шунда Ос: − Эй Ҳаббоб, сенга нима бўлди. Сен бунақа эмас эдинг-ку! Чиройлироқ талаб қилсанг бўлади-ку, − деди. Ҳаббоб: − Мен сенинг динингда эканимда чиройли муомала қилардим. Бугун сенинг динингни тарк қилиб, Исломга кирдим, − деди. У: − Сизлар жаннатда олтин, кумуш, ҳарир матолар бор дейсизлар- а? – деди. У: − Ҳа, − деди. Шунда Ос исеҳзо қилиб: − Менга индамай тур, жаннатда сенинг қарзингни тўлайман. Аллоҳга қасамки, агар сен айтаётган нарса ҳақ бўлса, жаннатда мен сендан кўра афзалроқ мартабада бўламан, − деди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оят ва ундан кейинги оятларни нозил қилиб Осни назарда тутди.
|