29-оят. «(Бахиллик билан) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. Исрофгарчилик қилиш билан уни бутунлай ёзиб ҳам юборманг. Акс ҳолда, маломат ва надоматда қолурсиз». Абдуллоҳдан: Бир ғулом Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) келиб: − Онам сиздан фалон-фалон нарсаларни сўраб юборди, − деди. У киши: − Бугун бизда (берадиган) ҳеч нарса йўқ, − дедилар. Ғулом: − Ундай бўлса онам сиздан кўйлагингизни менга кийдиришингизни сўради, − деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кўйлакларини ечиб унга бердилар. Ўзлари уйда яланғоч ўтириб қолдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Жобир ибн Абдуллоҳ: − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) асҳоблари билан ўтирган эдилар. Бир ёш бола келиб: − Эй Расулуллоҳ, онам сиздан менга бирор кийим кийдиришингизни сўради, − деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)да ўзларининг кўйлакларидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. У киши: − Бошқа вақтда келгин (кейинроқ), − деб бошқа вақтни ваъда қилиб юбордилар. Бола онасига қайтиб борганди, онаси: − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га айтки: − Онам ўзингизни кўйлагингизни менга кийдиришингизни сўраяпти, − деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уйларига кириб, кўйлакларини ечиб унга бердилар. Ўзлари яланғоч бўлиб қолдилар. Шу вақтда Билол намоз учун азон айтди. Одамлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни кутишди. У киши чиқмадилар. Бундан асҳобларнинг қалблари безовталана бошлади. Шунда баъзилари кириб, у кишини яланғоч ҳолда кўришди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
53-оят. «Бандаларимга айтингки, улар (ўзаро сўзлашганларида) энг гўзал сўзлардан сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур. Дарҳақиқат, шайтон инсонга очиқ душмандир». Бу оят Умар (розияллоҳу анҳу) ҳақида нозил бўлган. Араблардан бир киши уни ҳақорат қилди. Шунда Аллоҳ таоло (ушбу оят билан) кечиришга буюрди. Калбий: − Мушриклар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг асҳобларига сўз ва амал билан азият етказишарди. Улар бу нарсани Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га шикоят қилишганида Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
59-оят. «(Эй Муҳаммад, мушриклар сиздан талаб қилган) оят-мўъжизаларни юборишдан Бизни фақат аввалги умматлар у (мўъжизаларни) ёлғон деганларигина қайтарди. Самуд қабиласига очиқ (мўъжиза бўлган) туяни ато этганимизда уни инкор этдилар (ва оқибатда қирилиб кетдилар). Биз мўъжизаларни фақат (бандаларимизни ҳалокатдан) қўрқитиш учунгина юборурмиз». Саид ибн Жубайр ибн Аббосдан: Макка аҳллари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан сафо тоғини олтин қилиб беришини, яна улар деҳқончилик қилишлари учун тоғларни четга суриб беришни сўрашди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га: − Агар хоҳласанг, уларга муҳлат бер, шоядки, биз улардан (тавба қилувчиларни) ажратиб олсак. Агар хоҳласанг, улар сўрашган нарсани берамиз. Унда, агар кофир бўлсалар, улардан аввалгилар ҳалок қилинганидек булар ҳам ҳалок қилинадилар, дейилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − Йўқ, балки уларга муҳлат бераман, − дедилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятни нозил қилди. «Бир Қуръон бўлса-ю, у сабабли тоғлар жилдирилса ...» оятининг баёнида Зубайр ибн Аввомнинг ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги сўзларини ривоят қилдик.
60-оят. «Эсланг, (эй Муҳаммад), Биз сизга Парвардигорингиз (барча) одамларни ўраб-иҳота қилиб олгандир, деган эдик. Биз сизга (меърож кечасида кўрсатган) «Туш»ни ва Қуръонда лаънатланган (Заққум) дарахтини – у одамлар учун бир фитна-имтиҳон қилдик, холос. Биз (мушрикларни турли мўъжизалар билан) қўрқитурмиз, аммо бу уларни баттар туғёнга солур». Икрима ибн Аббосдан: «Аллоҳ таоло Заққум (дарахтини) зикр қилиб қурайшликларни қўрқитгач, Абу Жаҳл: «Муҳаммад сизларни қўрқитаётган Заққум дарахти нима эканини биласизларми? – деди. Одамлар: − Йўқ, − дейишди. У: − У сарёғли сарид (шўрва)дир. Аллоҳга қасамки, агар ўша Заққум бизга бўлса, уни ютиб юборамиз, еб ташлаймиз, − деди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни «Биз уларни қўрқитамиз, аммо бу уларни баттар туғёнга солур» сўзигача нозил қилди.
73-оят. (Эй Муҳаммад, мушриклар) сизни Бизнинг шаънимизга, (ваҳийдан) ўзга нарсаларни тўқиб чиқаришингиз учун – Биз сизга ваҳий қилган оялардан алдаб-буриб юборишларига оз қолди. У ҳолда, (яъни, уларнинг йўриқларига юрсангиз), сизни дўст қилиб олган бўлур эдилар. Ато ибн Аббосдан: − Бу оят Сақиф қабиласининг элчилари ҳақида нозил бўлган. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига келишиб ҳаддан ошиқча кўп саволлар беришди. Саволлар чегарадан чиққан ёмон саволлар эди. Улар: − Бизни бир йил Лот билан фойдалантир, Макканинг дарахтларини, қушларини, ҳайвонларини ҳаром қилганингдек, бизнинг диёримизни ҳам ҳаром қил, − дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу нарсадан бош тортиб, уларга жавоб бермадилар. Шунда улар яна ҳам кўп саволлар билан у кишига мурожаат қилишди. − Биз араблардан устун эканимизни араблар билишини хоҳлаймиз. Биз айтаётган нарсаларни хоҳламасанг ва араблар: − Бизга бермаган нарсангни уларга бердинг,− дейишларидан қўрқсанг, унда (уларга): − Мени бунга Аллоҳ буюрди, − дегин, − дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларга бирор нарса дейишдан тийилдилар. Улар яна умид қила бошлашди. Шунда Умар: − Сизларнинг ишингиз ёқмай Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сизга жавоб беришдан бош тортаётганликларини кўрмаяпсизми? – дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) улар хоҳлаётган нарсаларни бажармоқчи бўлгандилар. Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Саид ибн Жубайр: − Мушриклар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га: − Биз сенга (тазйиқ ўтказишдан) тийилмаймиз. Фақат сен бизнинг илоҳларимизга бармоқларингнинг учи билан бўлса ҳам яқин келиб тегсанггина (тийиламиз), − дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − Агар шуни қилсам, менга нима бўлади. Мен безор эканлигимни Аллоҳ билиб турибди, − дедилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни, «...сўнгра ўзингиз учун бизга қарши бирор ёрдамчи топа олмас эдингиз», оятигача (Исро 73-75) нозил қилди. Қутода: − Бизга зикр қилиндики, бир неча қурайшликлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан то тонггача холи бўлишди. У киши билан гаплашишди, у кишини ҳурматлаб улуғлашди, ўзларини яқин олишди, даражаларини мақташди: −Сиз ҳеч бир инсон келтирмаган нарсани келтирдингиз, сиз саййидимизсиз, нақадар яхши бошлиқ саййидсиз, − деб тинимсиз авраб-алдашди. Хаттоки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) улар хоҳлаган баъзи нарсаларда улар билан яқин бўлишларига оз қолди. Кейин Аллоҳ таоло у кишини бундан тўсиб ушбу оятни нозил қилди.
76-оят. «Улар сизни бу ердан (Мадинадан) чиқариб юбориш учун (турли макр-ҳийлалар билан) қўзғотиб юборишларига оз қолди. У ҳолда, уларнинг ўзлари ҳам сиздан кейин озгина (муддат) тура оладилар, холос (сўнгра, албатта, ҳалок қилунурлар)». Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): − Яҳудлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Мадинадаги мақомларига ҳасад қилишиб: − Пайғамбарлар Шомдан чиқишган. Агар сен Пайғамбар бўлсанг Шомга боргин. Агар сен Шомга борсанг, сени тасдиқлаб, сенга иймон келтирамиз, − дейишди. У киши Исломни яхши кўрганлари учун бу гап у кишининг қалбларига ўрнашиб қолди ва вақти келиб Мадинадан (Шомга қараб) чиқдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Усмон: − Яҳудлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га: − Агар сен ҳаққиқий Пайғамбар бўлсанг Шомга боргин. Шом одамлар тўпланадиган, ёйиладиган ердир. Пайғамбарлар жойидир, − дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларнинг гапларини тасдиқладилар ва Шомни қасд қилиб Табук ғазотига чиқдилар. Табукка етганларида Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Мужоҳид, Қутода ва Ҳасан: Макка аҳллари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни Маккадан чиқариб юборишга ҳаракат қилишди. Шунда Аллоҳ таоло у кишини Маккадан чиқиб кетишга буюрди ва мушрикларнинг мақсадларини билдириб ушбу оятни нозил қилди.
80-оят. «Ва айтинг: «Парвардигорим, мени (қабримга) ҳаққи-рост (яъни гуноҳлардан пок бўлган ҳолимда) дохил қилгин ва (Қиёмат Куни тирилтирганингда ҳам) ҳаққи-рост (ўнг томоним билан) чиқаргин ҳамда мен учун Ўз даргоҳингдан бир мададкор қувват ато қилгин». Ҳасан: Қурайш кофирлари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни тутиб, боғлашга ва Маккадан чиқариб юборишга қасд қилишганда Аллоҳ таоло Макка аҳлининг (чорасиз) қолишини хоҳлади ва Пайғамбарига Мадинага ҳижрат қилиб чиқишга буюрди ва Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи нозил бўлди.
85-оят. «(Эй Муҳаммад), сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир. Сизларга жуда оз илм берилгандир». Абдуллоҳдан: − Мадинада бир экин экиладиган ерда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга эдим. У киши бир новдага суяниб тургандилар. Олдимиздан яҳудий кишилар ўтиб қолди. Улар (ўзаро): − Ундан Руҳ ҳақида сўраймиз, − дейишди. Баъзилари эса: − Ундан сўраманглар, сизлар ёқтирмайдиган нарсани айтиши мумкин, − дейишди. Шунда уларнинг бир гуруҳи Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бориб: − Эй Абул Қосим, руҳ ҳақида нима дейсан? − дейишди. У киши сукут қилдилар. Кейин эса тебрандилар. Мен икки қўлим билан у кишининг пешонасини ушладим ва у кишига ваҳий келаётганини билдим. Шунда Аллоҳ таоло: «Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар» оятини нозил қилди. Бухорий ва Муслим ривояти. Икрима ибн Аббосдан: − Қурайшликлар яҳудларга: − Бизга бирор нарса айтинг, биз у ҳақда бу киши (яъни Муҳаммад)дан сўрайлик, − дейишди. Шунда улар: − Ундан руҳ ҳақида сўранглар, − дейишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди. Муфассирлар айтади: − Қурайшликлар яҳудлардан Муҳаммаднинг иши ҳақида сўрашганида, улар ўзаро келашиб: − Муҳаммаддан руҳ ҳақида сўранг, аввалги замонда йўқолган йигитлар ҳақида сўранг ва ернинг машриқи ва мағрибига етган киши ҳақида сўранг. Агар мана шуларнинг барчасига жавоб берса, у Пайғамбар эмасдир, ҳеч қайсисига жавоб бермаса, у Пайғамбар эмасдир. Агар баъзисига жавоб бериб, баъзисига жавоб бермаса, бас, у Пайғамбардир, − дейишди. Қурайшлар Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шулар ҳақида сўрашди. Шунда Аллоҳ таоло йўқолган йигитлар ҳақида: «Балки, сиз Каҳф (ғор эгалари...)» ғор қиссаси охиригача нозил қилди. Руҳ ҳақида эса «Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар...» оятини нозил қилди.
90-оят. «Ва дедилар: «Токи бизлар учун мана шу ерни ёриб, бир чашма чиқариб бермасанг, биз сенга ҳаргиз иймон келтирмаймиз». Икрима ибн Аббосдан: − Утба, Шайба, Абу Суфён, Назир ибн Ҳорис, Абул Бухтарий, Валид ибн Муғийра, Абу Жаҳл, Абдуллоҳ ибн Умайя, Умайя ибн Халаф ва бошқа Қурайш саййидлари Каъба майдонида йиғилишди. Ўзаро: − Муҳаммадга одам юбориб, у билан гаплашамиз, хусуматлашамиз, токи унинг ишининг сабабини билайлик, − дейишиб, у кишига элчи юборишди. Элчи бориб: − Қавминг сен билан гаплашиб олиш учун йиғилишди, − деди. Буни эшитиб у киши тез келдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларни иймонга келишларига жуда ҳарис эдилар, уларнинг қайсарликларидан эзилардилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) улар бир фикрга келишгандир, деб умид қилдилар. У киши келиб уларнинг олидига ўтирдилар. Улар: − Эй Муҳаммад, Аллоҳга қасамки, араблардан сен қавмингга келтирган нарсани ўз қавмига келтирган бирон кишини биз билмаймиз. Сен ота-боболарни хақорат қилдинг, динимизни айбладинг, ақлли кишиларни аҳмоққа чиқардинг, илоҳларимизни сўкдинг, жамоатни бўлиб ташладинг, қандай қабиҳ иш бўлса, барчасини қилдинг. Бас, агар сен шу келтирган нарсанг билан мол-мулк талаб қиладиган бўлсанг, биз сенга ўз молимиздан берайлик, сен энг бойимиз бўлгин. Агар ичимизда шараф-мартаба талаб қиладиган бўлсанг, ўзимизга бошлиқ – саййид қилиб олайлик. Агар подшолик хоҳласанг, устимизга подишоҳ қилайлик. Агар бу нарса рўё-васваса бўлса-ю, сенга келиб, кўзингга кўриниб турса ва сени енгиб қўйган бўлса, соғайишинг учун молларимизни сарфлайлик ёки узрингни билайлик, − дейишди. Улар жинларга илашган кишини рўё дейишарди. Буни эшитиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − Сизлар айтаётган нарсалар менда йўқ. Мен сизга келтирган нарсамни мол-мулк, шараф ёки подишолик талаб қилиш учун келтирганим йўқ. Балки Аллоҳ азза ва жалла элчи − Пайғамбар қилиб юборди, менга китоб нозил қилди. Мени башорат берувчи ва огоҳлантирувчи қилди. Бас, мен сизларга Роббимнинг рисолатини етказдим, сизларга насиҳат қилдим. Бас, мен келтирган нарсани қабул қилсангиз, бу дунёдаги ва охиратдаги насибангиздир. Агар уни рад этсангиз, токи Аллоҳ мен билан сизнинг орангизда ҳукм қилгунича Аллоҳнинг амрига сабр қиламан, − дедилар. Улар: − Эй Муҳаммад, агар сен биз таклиф қилган нарсаларни қабул қилмасанг, биласанки, биздан кўра ерлари тор, мол-мулки кам, яшаши қийин одам йўқ. Сени юборган Роббингдан сўра, мана бу бизни қисиб турган тоғларни биздан силжитсин, шаҳримизни кенгайтирсин, ерда худди Ироқ ва Шом анҳорларидек анҳорлар оқизсин, биз учун ўтиб кетган ота-боболаримизни тирилтирсин. Улар орасида (бобомиз) Қусай ибн Килоб ҳам бўлсин. У ростгўй киши эди. Биз ундан сен айтаётган гаплар ҳақми ёки йўқми эканини сўраймиз. Агар сен биз сенга айтган нарсаларни бажарсанг, биз сени тасдиқлаймиз, шу билан Аллоҳ ҳузуридаги манзилатингни биламиз. Ҳақиқатдан ҳам сени Пайғамбар қилиб юборганига ишонамиз, − дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − Мен бунинг учун юборилмадим. Мен сизларга Аллоҳ таоло ҳузуридан унинг буйруқларини келтирдим. Сизларга рисолатимни етказдим. Агар қабул қилсангиз, у сизнинг дунё ва охиратдаги насибангиздир. Агар рад этсангиз, мен Аллоҳнинг амрига сабр қиламан, − дедилар. Улар эса: − Агар сен буларни қилмасанг, унда Роббингдан бизга сени тасдиқлайдиган бирор фаришта юборишини сўра, сенга боғу роғлар, олтин кумушлар, хазинаю қасрлар қилиб беришини сўра. Сен тирикчилик қилиб бозорларда юрасан. Камбағал – муҳтожликдан сени қутқарсин, − дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − Мен Роббимдан буларни сўрагувчи эмасман. Мен сизларга бунинг учун юборилмадим. Балки Аллоҳ таоло мени хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборди, − дедилар. Улар: − Ундай бўлса, устимизга осмондан бир парчасини туширгин. Аллоҳ хоҳласа, хоҳлаганини қилади, − дейсан-ку, − дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): Бу иш Аллоҳга ҳаволадир. Агар хоҳласа, қилади, − дедилар. Шунда мушрикларнинг бири: − Токи Аллоҳ ва фаришталарни олдимизга олиб келмагунингча, сенга ишонмаймиз, − деди. Абдуллоҳ ибн Умайя ал-Маҳзумий Расулуллоҳнинг аммалари Отика бинти Абдулмутталибнинг ўғлидир. У: − Токи осмонга нарвон қўйиб, унга кўтариласан, мен қараб тураман. Осмондан ўзинг билан бир нусха (китоб) олиб тушасан, айтаётган гапларинг ростлигига бир гуруҳ фаришталар гувоҳ бўлишади, шундагина сенга ишонаман, − деди. Буларни эшитиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) маҳзун ҳолда қайтдилар. Қавмлари у кишини таъқиб қилиб, у кишидан узоқлашаётганидан сиқилдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
110-оят. «(Эй Муҳаммад), айтинг: «Аллоҳ, деб чорлангиз, ёки Раҳмон – Меҳрибон, деб чорлангиз. Қандай чорласангизлар-да (жоиздир). Зеро, У Зотнинг гўзал исмлари бордир». (Эй Муҳаммад), сиз намозингизни жуда жаҳрий (баланд овозда, ошкора) ҳам қилиб юборманг (токи мушриклар эшитиб, Қуръонни ҳақорат қилмасинлар) ва ўта махфий ҳам қилиб юборманг (токи саҳобаларингиз тинглаб-фойдалансинлар). Шуларнинг (яъни жаҳрийлик билан махфийлик) ўртасидаги йўлни тўсинг!» Ибн Аббос: − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Маккада кечаси таҳажжуд намозини ўқидилар, саждаларида: Эй Раҳмон, эй Раҳим деб, − айтардилар. Шунда мушриклар: Муҳаммад битта илоҳга дуо қиларди. Энди эса иккита илоҳга дуо қиляпти: Аллоҳ ва Раҳмон. Биз Ямомалик Раҳмондан бошқа Раҳмонни билмаймиз, − дейишди. Ямомалик Раҳмон, − деб Мусайлама Каззобни назарда тутишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни назарда тутди. Маймун ибн Миҳрон: − Токи: «У Сулаймондандир, у бисмиллоҳир роҳманир раҳим...» ояти нозил бўлгунига қадар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) «Бисмика Аллоҳумма», − деб ёзардилар. Кейин эса, Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим, − деб ёза бошладилар. Шунда араб мушриклари: − Биз «Ар-Роҳим»ни таниймиз, Ар-Раҳмон дегани нима ўзи? – дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
|