A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
016. Наҳл сураси
PDF Босма E-mail

1-оят. «Аллоҳнинг фармони (яъни Қиёмат) келиб қолди. Бас, сизлар (эй мушриклар) уни шоштирмай қўяқолинглар. Аллоҳ уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир».
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): Аллоҳ таоло: «Қиёмат яқинлашди, ой ёрилди...» оятини нозил қилгач, кофирлар бир-бирларига: − Бу одам (яъни Муҳаммад), қиёмат яқинлашганини гапиряпти. Баъзи қилаётган ишларимиздан тийилиб турайлик, кўрайлик-чи, нима бўлар экан? – дейишди. Бирор ўзгариш бўлмаганини кўришгач эса: − Ҳеч нарса бўлмади-ку?! − дейишди. Шунда Аллоҳ таоло: «Инсонларга ҳисоб (қилинишлари) яқинлашди. Улар эса  ғафлатда (иймондан) юз ўгирмоқдалар...» оятини нозил қилди. Шунда улар  қўрқишди ва қиёматнинг яқинлашишини кута бошлашди. Кунлар узайиб кетгач: − Эй Муҳаммад, сен бизни қўрқитган нарсаларингдан бирортасини кўрмаяпмиз-ку! − дейишди. Шунда Аллоҳ таоло: «Аллоҳнинг амри келди...» оятини нозил қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қўзғалдилар, одамлар бошларини кўтаришди. Шунда «Уни тезлаштирманглар...» ояти нозил бўлди. Бундан одамлар тинчланиб қолишди. Шу оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − Мен ва қиёмат худди мана шундай юборилдик, мендан ўзиб кетишига озгина қолди, − дедилар. Бошқа муфассирлар: − Бу оятдаги амр калимаси қилич билан азоблашдир. Бу Назр ибн Оризнинг айтган гапига жавобдир, у: − Эй Аллоҳ, агар бу (Қуръон) сенинг ҳузурингдан эканлиги ҳақ бўлса, бас, бизнинг устимизга осмондан тош ёғдиргин, деб азобни тезлаштирган эди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.

4-оят. «У инсонни нутфадан – бир томчи сувдан яратган эди. Баногоҳ (инсон) очиқдан-очиқ рақибга айланиб олди».
Бу оят Убай ибн Халаф ал-Жумаҳий ҳақида нозил бўлган. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бир чириган суякни олиб келиб: Эй Муҳаммад, мана шуни чириб кетганидан кейин Аллоҳ уни тирилтиради деб ўйлайсанми? – деган эди.
Бу оятнинг ўхшаши Ёсин сурасининг 77-83- оятларидир. Бу оятлар ҳам ушбу қисса сабабли нозил бўлган.

38-оят. «Улар жон-жаҳдлари билан: «Аллоҳ ўлган кишиларни қайта тирилтирмайди», деб Аллоҳ номига қасам ичдилар. Йўқ! (Албатта тирилтирур!) бу – У Зотнинг ҳақ ваъдасидир. Лекин одамларнинг кўплар (бу олам имтиҳон олами эканини, асл – абадий ҳаёт тирилгандан кейин бўлишини) билмайдилар.
Робиъ ибн Анас Абул Алиядан ривоят қилади: − Мусулмонлардан бир кишининг бир мушрик кишида қарзи бор эди. Мусулмон ундан қарзини талаб қилиб келди ва гап орасида: − Ўлимдан кейин мен умид қилаётган кишига қасамки...− деди. Шунда мушрик: − Сен ўлгандан кейин тирилишингни гумон қиляпсанми? Аллоҳ ўлган кимсани қайта тирилтирмайди, − деб Аллоҳ номи билан қасам ичди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.

41-оят. «Зулму қийноқларга дучор бўлганлардан сўнг, Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган зотларни, албатта, бу дунёда ҳам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди Охират ажри-мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди!»
Бу оят Билол , Суҳайб, Ҳаббоб, Омир ва Жандал ибн Суҳайблар ҳақида нозил бўлган. Улар Маккада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га саҳобалик қилишарди. Мушриклар уларни тутиб, азоблаб, азият етказишарди. Шунда Аллоҳ таоло бу оятлардан кейин уларга Мадинадан тинч жой берди.

43-оят. «(Эй Муҳаммад), биз сиздан (яъни  Сизни Пайғамбар қилиб юборишимиздан) илгари ҳам (фаришталарни эмас, балки) фақат (Сиз каби) кишиларни – инсонларнигина ўзимиз туширган ваҳий билан (Пайғамбар қилиб) юборганмиз. (Эй мушриклар), агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмлардан (яъни  Таврот ва инжилни биладиган кишилардан) сўранглар!
Бу оят Макка мушриклари ҳақида нозил бўлган. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг пайғамбарликларини инкор этишиб: − Аллоҳ элчиси башар – инсон бўлишидан улуғроқ покроқдир. Бас, У бизга фариштани юборса бўлмасмиди? − дейишди.

75-оят. «Аллоҳ бундоқ бир мисол келтирур: ҳеч нарсага кучи етмайдиган эгалик (бировга қарам) қул билан биз ўз тарафимиздан чиройли – мўл ризқ бериб, ўша ризқдан яширин ё ошкора инфоқ-эҳсон қилаётган (эркин) бир киши баробар бўлурми? (Бас, нега мушриклар қулга ўхшаган жонсиз бутларни бутун коинотнинг Эгаси бўлган ва уни Ўзи хоҳлаганидек тасарруф қиладиган Аллоҳ таолога тенг шерик деб биладилар?!) Ҳамду сано Аллоҳникидир (яъни  Ўша Зотгина ҳамду санога ва маъбудликка лойиқдир). Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар.
Икрима ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан: − Ушбу оят Ҳишом ибн Амр ҳақида нозил бўлган. У молини маҳфий ва ошкора инфоқ қиладиган кишидир. Ва унинг мавлоси (озод қилган қули) Абул Жавзо ҳақида нозил бўлгандир. У Ҳишомни қайтарар эди. Кейин: − Аллоҳ яна икки киши ҳақида мисол келтирур: улардан бири ҳеч нарсага кучи етмайдиган гунг – соқовдир. Оятдаги соқов, эгасига ортиқча юк бўлмаган киши Саййид Асад ибн Абул Иъйсдир. Ўзи тўғри йўлда бўлиб адолатга буюрадиган киши эса Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)дир.

90-оят. «Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амалар қилишга ва қавм қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур. У Зот, шояд, ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилур».
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Маккада уйларининг олдида ўтирган эдилар. Олдиларидан Усмон ибн Мазъук Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га тишларини кўрсатиб кулиб ўтиб қолди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − Ўтирмайсанми? – дедилар. У: − Ҳа, − деди-да, у кишининг қаршисига ўтирди. Рсаулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) у билан гаплашиб туриб, бирдан кўзларини осмонга қаратиб бир соатга қараб қолдилар. Кейин назарларини пасайтириб ердаги бир тўсинга қарадилар. Сўнг бирга ўтирган ҳамроҳлари Усмоннинг олдидан ўша қараган ерларига бордилар-да, худди ўзига айтилаётган нарсани тушунаётгандек бошларини қимирлата бошладилар. Кейин эса  худди аввалги галгидек яна кўзларини осмонга тикдилар. (нимадир) осмонда йўқолиб кетгунича кўзларини қадаб турдилар. Кейин эса аввалги ўтирганларидек Усмоннинг олдига бордилар. Шунда у: − Эй Муҳаммад, сиз билан шунча бирга ўтириб, олдингизга келиб бугун эрталабгидек ишингизни ҳеч кўрмагандим, − деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − Мен нима қилдим, − дедилар.
У: − Кўзингизни осмонга тикдингиз, сўнг пасайтириб ўнг томонингизга қарадингиз, сўнг мени тарк этиб ўша томонга кетдингиз, сўнг худди сизга айтилаётган нарсани фаҳмлаётгандек бошингизни қимирлатдингиз, − деди.
У киши: − Бунинг тагига етмоқчимисан? − дедилар.
У: − Ҳа, − деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам):− Менга Аллоҳнинг элчиси Жаброил келиб салом берди. Сен ўтирган эдинг, − дедилар. У: − у Сизга нима деди? − деди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): у менга: − Албатта, Аллоҳ адолат қилишга, чиройли амал қилишга буюради.... деди, − дедилар. Бас, бу нарса иймон қалбимда ўрнашиб Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни яхши кўриб қолган пайтимда бўлган эди.

101-оят. «Қачон Биз бир оят ўрнига бошқа бир оятни алмаштирсак – ҳолбуки, Аллоҳ ўзи нозил қиладиган оятларни жуда яхши билгувчидир − (Пайғамбарга): «Шак-шубҳасиз, сен ўзинг тўқиб олурсан», дейдилар! Йўқ! Уларнинг кўплари билмайдилар».
Мушриклар: − Муҳаммад асҳобларини мазаҳ қиляпти, бугун уларни бир ишга юборса, эртасига ундан қайтаряпти ёки уларга ундан кўра енгилроғини келтиряпти. Муҳаммад ичидан тўқиб чиқаряпти (Қуръонни). У тўқимачидир, − дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу ва ундан кейинги оятни нозил қилди.

103-оят. «Аниқки, биз уларнинг «(Қуръонни Муҳаммадга) бирон одам ўргатмоқда», деётганини билурмиз. (Лекин уларнинг бу даъволари пучдир, чунки) улар ишора қилаётган кимсанинг тили ажамий (яъни арабий эмас), бу (Қуръон) эса очиқ-равшан арабийдир».
Убайдуллоҳ ибн Муслим: Бизнинг иккита насроний ғулом (хизматчи)ларимиз бордур. Улар Тамар аҳлидан эди. Биттасининг исми Ясон, иккинчиси Хойир эди. Улар ўзларининг тилларидаги китобларни ўқир эдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларнинг ёнларидан ўтганларида уларнинг ўқишларини эшитиб турар эдилар. Шунда мушриклар: − Муҳаммад шулардан ўрганяпти, − дейишарди. Шунда Аллоҳ таоло уларни ёлғончига чиқариб: Улар ишора қилаётган кимсанинг тили ажамийдир, бу (Қуръон) эса очиқ-равшан арабийдир, деган оятини нозил қилди.

106-оят. «Ким Аллоҳга иймон келтиргандан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса. (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни  диндан чиқиб, кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан азоб ва улуғ азоб бордир».
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): « Бу оят Аммор ибн Ёсир ҳақида нозил бўлган: Мушриклар унинг отаси Ёсирни ва онаси Сумайяни, Суҳайбни, Билолни, Ҳаббобни ва Солимни тутиб азоблашди. Онаси Сумайя икки туя орасига боғланди. Ва олдига найза урилди. (Фаржига.) Унга: − Сен эркаклар сабабли Исломга киргансан, − дейилди ва ўлдирилди. Унинг эри Ёсир ҳам ўлдирилди. Иккаласи ҳам ўлдирилди. Ислом йўлида ўлдирилган энг аввалги кишилар бўлишди. Ўғиллари Аммор эса мукроҳ (мажбурланган) ҳолида мушриклар хоҳлаган сўзларни айтди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Аммор кофир бўлди, − деган хабар етказилди. У киши: − Йўқ, Аммор сочининг учидан оёғи остигача иймонга лиқ тўладир. Иймон унинг гўшту қонига аралашиб кетгандир, − дедилар. Шунда Аммор Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га йиғлаган ҳолида келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг кўзларини артиб қўйдилар ва: − Улар яна сени азоблашса, айтган гапингни яна қайтаравер, − дедилар. Шунда ушбу оятни Аллоҳ таоло нозил қилди.
Мужоҳид: − Бу оят Маккада иймон келтирган кишилар ҳақида нозил бўлган. Мадинадаги мусулмонлар уларга хат ёзишди: − Ҳижрат қилинглар, бизнинг олдимизга ҳижрат қилиб келмагунингизча, биз сизларни мўмин деб ҳисобламаймиз, − дейишди. Буни эшитиб, улар Мадинага қараб йўлга чиқишди. Йўлда уларни мушриклар ушлашиб, уларни мажбурлашиб фитнага дучор этишди. Шунда улар ҳақида ушбу оят нозил бўлди.

110-оят. Сўнгра (эй Муҳаммад, билгингки), албатта, Парвардигрингиз, фитналарга дучор этилганларидан кейин (Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага) ҳижрат қилган, сўнг (Аллоҳ йўлида) жиҳод этиб, (бу жиҳод машаққатларига сабр-тоқат қилган зотлар учун) мададкор, ёрдамчидир. Албатта, Парвардигорингиз у (меҳнат – машаққатларни кўтарганларидан) кейин (улар учун) Мағфират қилгувчи, Меҳрибондир».
Қутода айтади: Бизга зикр қилиндики: Аллаҳ таоло Макка аҳлининг исломлари токи Мадинага ҳижрат қилмагунларича қабул қилинмаслиги ҳақида оят нозил қилгач, Мадинадаги мусулмонлар Маккадагиларга буни ёзиб юборишди. Маккалик мусулмонлар буни эшитиб, ҳижрат учун чиқишганда мушриклар уларни тутиб олиб орқага қайтариб фитналарга дучор қилишди. Шунда: «Алиф, Лом, Мим. Одамлар: − Иймон келтирдик, − дейишлари билангина имтиҳон қилинмасдан қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?!...» (Анкабут сураси аввалги оятлари) нозил бўлди. Бу оятни ҳам  мадиналиклар маккалик мусулмонларга ёзиб юбоишди. Шунда улар ҳижрат қилиш учун яна чиқишликка, агар мушриклар қувиб етса, улар билан жанг қилишга ўзаро байъат қилишди. Ё нажот топиб Мадинага етиб борадилар, ёки ўладилар. Улар чиқишганда мушриклар қувиб келишди ва жанг қилишди. Айримлари нажот топиб кетдилар, айримлари ўлдилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятни нозил қилди.

125-127-оят. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг йўли – динига донолик – ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (Сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала-мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур ва У Зот ҳидоят топгувчи кишиларни ҳам жуда яхши билур. (Эй мўминлар), агар сизлар (ўзингизга етган бирон зиён – заҳмат учун) интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз. (Аммо) агар (интиқом олмай) сабр-тоқат қилсангизлар, албатта, сабр қилгувчи кишилар учун (бу интиқом олмоқдан) яхшироқдир. (Эй Муҳаммад, бу даъват йўлида сизга етган озор-азиятларга) сабр-тоқат қилинг. Ёлғиз Аллоҳ ёрдами билангина сабр қилишга қодир бўлурсиз. Уларнинг (яъни  мушрикларнинг динга кирмаганликлари) устида маҳзун бўлманг. Уларнинг макру ҳийлаларидан сиқилманг ҳам!
Мужоҳид ибн Аббосдан:- Мушриклар Уҳудда ўлдирилганларни ташлаб кетишгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бориб жуда ёмон манзарани кўрдилар: Ҳамзанинг қорни ёриб ташланган, қулоқ-бурни кесиб олинган эди. Буни кўриб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалламв): − Агар аёллар хафа бўлиб қолишмаса эди ёки мендан кейин суннат бўлиб қолмаганда эди, унинг (жасадини шу ҳолида) ташлаб кетардим. Токи Аллоҳ таоло уни йиртқич ҳайвонлар ва қушлар қорнидан қайта тирилтирарди. Қасамки, унинг ўрнида (қасос учун) улардан етмиштасини ўлдираман, − дедилар. Сўнг бир бурда (чопон) келтиришларини буюрдилар. У билан Ҳамзанинг юзини ёпдилар. Оёқлари очилиб қолди. Оёқларини изхир (ўсимлиги) билан ёпдилар. Сўнг уни келтириб, ўнта такбир айтилар. Кейин Ҳамза жойида турган ҳолида унинг олдига ўликлар битта-битта келтирилиб, ҳар бирига жаноза ўқилди. Ҳамзага етмиш марта ўқидилар. Ўлдирилганлар етмишта эди. Барчаларини кўмиб бўлишгач, ушбу оят «... сабр қилинг, ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина сабрга қодир бўласиз...» оятигача нозил бўлди. Шундан кейин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сабр қилдилар, бирор кишини мусла қилмадилар (жазоламадилар).
Абу Ҳурайрадан: − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳамзага яқинлашиб, уни ўлиб ағдарилиб ётган ҳолида топдилар. Бундан кўра қалбларини қийнаган бирор нарсани кўрмаган эдилар. – Аллоҳга қасамки, сиз учун (қасос олиб) улардан етмиштасини ўлдираман, − дедилар. Шунда: − Агар ўч олмоқчи бўлсангиз, фақат сизга етказилган зиён баробарида ўч олинг. Агар сабр қилсангиз, бу (ўч олишдан) яхшироқдир ояти нозил бўлди.
Ибн Аббос(розияллоҳу анҳу): − Ҳамза ўлдирилиб, мусла қилинган (қулоқ-бурни кесилган) кунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − Агар қурайш устидан ғалаба қилсам, албатта, улардан етмиш кишини мусла қиламан, жазолайман, − дедилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: «Агар ўч олсангиз... » оятини нозил қилди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): − Эй Роббим сабр қиламиз, − дедилар.
Муфассирлар айтишади: − Уҳуд куни мусулмонлардан ўлдирилганларнинг қоринлари ёриб ташланди, эркакликлари кесилди, қулоқ-бурунлари кесилиб мусла қилинди. Мусулмонлар буни кўриб: − Агар Аллоҳ таоло мушриклар устидан бизга зафар берса, улар қилганидан баттарроқ қиламизки, араблардан бирортаси бирор кишини бундай жазолаган бўлмасин, ундай қиламиз, бундай қиламиз, − деб қасам ичишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) амакилари Ҳамзанинг тепасида турдилар. Унинг қулоқ-бурни, эркаклигини кесиб ташлашганди, қорнини ёришган эди. Ҳинд бинти Утба унинг жигаридан бир бўлак олиб, чайнаб юборган эди.
Лекин унинг жигари Ҳинднинг қорнида турмади. Қорни уни чиқариб ташлади (яъни қусиб ташлади). Бу хабар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га етганида у киши: − Агар у (Ҳинд) уни еб (ҳазм қилганида) ҳеч қачон дўзаҳга кирмасди. Ҳамза жасадининг бирор бўлаги дўзаҳга кирмайдиган даражада Аллоҳ наздида ҳурматлидир, − дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳамзани кўриб шундай эзилдиларки, бирор нарсани кўриб бунчалик эзилмаган эдилар.
Сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Сиз силаи раҳм қиладиган, яхши амалларни кўп қиладиган инсон эдингиз. Агар сиздан кейин ҳафалик-ғамгинлик бўлмаганда эди, сизни (шу ҳолатда) ташлаб кетиш менга яхшироқ эди. Токи ҳар хил (қуш ва ҳайвонлар қорнидан қайта тирилар эдингиз). Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло мени уларнинг устидан ғолиб қилса, (сизни шундай қилганлари учун) ўрнингизга улардан етмиш кишини жазолайман, − дедилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди: «Агар ўч олмоқчи бўлсангиз, фақат сизга етказилган зиён баробарида ўч олинг...».
Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Балки сабр қиламиз», − дедилар ва қасд қилган нарсаларидан тийилдилар ва қасамларига каффорат бердилар.
Имом Шайх Абу Ҳасан: Бу ерда Ҳамзанинг ўлдирилиши ҳақида зикр қилишга муҳтожмиз. Жаъфар ибн Амр ибн Умайя аз-Зомарий айтади: Мен ва Убайдуллоҳ ибн Адий ибн Хияр чиқиб, Ҳимсдан ўтиб қолдик. Ҳимсга киргач, Убайдуллоҳ ибн Адий: − Ваҳшийнинг олдига бориб, ундан Ҳамзани қандай ўлдирганини сўраймизми? – деди. Мен: − Майли, − дедим. Бир одам бизга: −Сизлар уни ҳовлисининг бир томонидан топасизлар. Уни ароқ (ичимлик) енгиб қўйган. Агар уни ҳушёр ҳолда топсангиз, хоҳлаган нарсангизга жавоб олишингиз мумкин, − деди. Биз унинг олдига бориб, салом бердик. У бошини кўтарди. Биз: − Бизга Ҳамза (розияллоҳу анҳу)ни ўлдирганинг ҳақида гапириб бер, биз шу учун келдик, − дедик. У: − Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мендан шу ҳақда сўраганларида қандай жавоб берган бўлсам, сизга ҳам шуни гапириб бераман: Мен Жубайр ибн Мутъим ибн Адий ибн Навфалнинг хизматкори эдим. Унинг амакиси Туайма ибн Адий Бадрда ўлирилган эди. Қурайшликлар Уҳудга отлангач, Жубайр ибн Мутъим менга: − Агар Муҳаммаднинг амакиси Ҳамзани ўлдирсанг, сен озодсан. У амаким Туайманинг қасоси бўлади, − деди. Мен ҳам Уҳудга чиқдим. Мен ҳабашман, найзани ҳабашлардек отардим. Камдан-кам мўлжалдан хато қилардим. Қўшинлар учрашгач, мен Ҳамзани қидирдим. Уни қўшиннинг ўртасида (олдида) худди кулранг туядек туриб, қиличи билан одамларни қираётганини кўрдим. Олдига ҳеч ким келолмасди. Аллоҳга қасамки, мен тайёрланиб, бир тош ёки дарахт орқасида ундан яшириниб, яқинлашишини кутдим. Бирдан менинг олдимдан Сибаъ ибн Абдул Узза унга қараб яқинлашди. Ҳамза (розияллоҳу анҳу) уни кўриб: − Эй ибн Мақтаъатул Базур, мана сенга, − деб уни (қилич билан) урди. Аллоҳга қасамки, унинг бошини хато қилмади. Мен найзамни ўйнатиб, унга мўлжалдагидек яқин бўлгач, найза отдим. Найза синнатига (кўкрак ёки қорин қисми)га тегиб икки оёғи орасидан чиқди. Шунда у мен билан учрашиш учун келди. Лекин (жароҳат) ғолиб чиқди. Мен у (розияллоҳу анҳу) ўлгунича унга тегмадим. Ўлгач, олдига келиб найзамни олдим. Кейин одамлар орасига қайтиб бориб, лагерда ўтирдим. Бошқа кишини ўлдиришимга ҳожат йўқ эди. Мен уни озод бўлиши учун ўлдирган эдим. Маккага келгач, озод бўлдим. Маккада мен Ислом ўсиб ривожлангунча турдим. Сўнг Тоифга бордим. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га элчилар юборишаётган экан. Менга: − Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам.) элчиларга тегмайди, − дейилди. Буни эшитиб мен ҳам улар билан бирга бордим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мени кўриб: − Сен Ваҳшиймисан? – дедилар. Мен: − Ҳа, − дедим. У киши: − Ҳамзани сен ўлдирдингми? – дедилар. Мен: − Сиз эшитган нарса, дарҳақиқат, содир бўлди, − дедим. У киши: − Иложи борича юзингини менга кўрсатмай юргин (яъни кўзимга кўринмагин) − дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафот этгач ва одамлар Мусайлама Каззобга қарши жангга чиқгач, мен: − Мен ҳам Мусайлама Каззобга қарши жангга чиқаман. Шоядки, уни ўлдириб, Ҳамзанинг эвазига қилсам (яъни  бир яхши мусулмонни ўлдириб ёмон иш қилгандим. Энди бир Аллоҳнинг душманини ўлдириб, ўша ёмонлигимни ювиб юборсам), − дедим-да одамлар билан бирга чиқдим. Ўшанда бўлган иш бўлди.