

2-оят. «Эй мўминлар, Аллоҳ буюрган удумларни (бузишни ўзларингга) ҳалол қилиб олманглар! Шунингдек, уруш ҳаром қилинган ойда ( улар Зул-қаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир – жанг қилишни, Аллоҳ йўлида) ҳадя этилган ҳайвонларни (ўлдиришни) ва (уларга осиб қўйилган) ҳадялик белгиларини (узиб ташлашни) ҳамда Парвардигорларидан фазлу марҳамат ва розилик тилаб Байтул-Ҳаромни (Каъбани) мақсад қилиб кетаётган кишиларга (қарши жанг қилишни ҳалол қилиб олмангиз!) Қачон (эҳромдан чиқиб) ҳалол бўлгач, ов қилаверингиз. Сизларни (яъни Расулуллоҳ алайҳиссалом ва саҳобаларини Ҳудайбия йилида Макка мушриклари умра қилишдан тўсганлари каби) Масжидул-Ҳаромдан (Каъбадан) тўсганлари сабабли бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаргиз сизларни ҳаддингиздан ошишингизга – адолатсизликка тортмасин – сабаб бўлмасин! (Эй мўминлар), сизлар яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир». Ибни Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Хутайм ҳақида нозил бўлган. Унинг асл исми Журайҳ ибн Добиъ Ал-Киндий. У Ямомадан Мадинага Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларига келди. Отини Мадина ташқарисида қолдириб, якка ўзи Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига кирди ва «Одамларни нимага даъват қиляпсан?» деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик беришинг, намоз ўқишинг ва закот беришга», дедилар. У айтди: «Яхши, лекин бизнинг амирларимиз бор. Биз уларсиз бирон иш қилмаймиз. Эҳтимол, мен Исломга кириб, уларни ҳам олиб келарман. (У кишидан олдин) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларга: «Олдингизга шайтоннинг тили билан гапирадиган бир одам киради», деган эдилар. Кейин у чиқиб кетди Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) : «Дарҳақиқат, у кофирнинг юзи билан кирди ва ёлғончининг орқаси билан чиқиб кетди, мусулмон бўлмади», − дедилар. У чиқиб, Мадинанинг ўтлаб юрган подаси олдидан ўтиб қолди ва уларни ҳайдаб кетди, одамлар подани қидириб топиша олмади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қазо умраси учун чиқққанларида, Ямома ҳожиларинг талбиясини эшитдилар ва асҳобларига: «Бу Хутайм ва унинг ҳамроҳларидир», дедилар. У Мадина подасидан қурбонликка ҳайвонлар олиб, бўйинларига тақинчоқ тақиб қуйиб, Каъбага олиб кетаётган эди. Асҳоблар уни ушлаш учун юзланишганида Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди ва улар Исломда бўлмасалар ҳам, Аллоҳ учун шиор қилинган нарсаларни ҳалол санамасликни хоҳлади». Зайд ибн Аслам айтади: «Мушриклар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва асҳобларини Каъбадан тўсгач, Хукдайбияда турган эдилар. Бу уларга оғир ботганди. Шу пайт уларнинг олдиларидан Умра қилиш учун мушрик одамлар ўтиб қолишди. Буни кўриб асҳоблар: «Мана буларнинг шериклари, бизни Каъбадан тўсганидек, биз ҳам уларни тўсамиз», дедилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилиб: «Буларнинг шериклари сизни тўсган бўлишса ҳам, сиз буларга тегманг», деб амр қилди».
3-оят. «Сизларга ўлакса, қон, тўнғиз гўшти, Аллоҳдан бошқа бировнинг йўлида сўйилган нарса, буғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, (баланд жойдан) қулаб ўлган, (бошқа бирон ҳайвон билан) сузишиб ўлган ва йиртқич ҳайвон тишлаб ўлдирган жониворлар ҳаром қилинди. Магар (бу жониворларни жони чиқмасдан туриб) сўйиб юборишга улгуриб қолган бўлсангиз, (ҳалолдир). Яна (сиғиниш учун) тиклаб қўйилган бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўштини истеъмол қилиш) ва (фол) чўплардан қисматингизни сўрашингиз (ҳам сизларга ҳаром қилинди). Зотан, бу ишларингиз итоатсизликдир. Бугун энди кофир бўлган кимсаларнинг сизларни динингиздан (чиқаришдан) умидлари узилди. Бас, сизлар улардан қўрқмангиз. Мендан қўрқингиз! Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, (сизларни динсизлик зулматларидан иймон нурига чиқариш билан) Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим (яъни Исломдан бошқа динлар Аллоҳ ҳузурида мақбул эмас). Энди кимки очарчиликда, гуноҳ томонга оғмаган ҳолида (мазкур ҳаром қилинган нарсаларни ейишга) мажбур бўлса (Аллоҳ кечирар). Зеро, Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир». Бу оят ҳижратнинг ўнинчи йилида «Ҳажжул Вадоъ»да, аср намозидан кейин, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Арофатда Азво исмли туялари устида турганларида, арафа кунида, жума куни нозил бўлган. Аҳмад ибн Жаъфар Ал Қотиъий айтади: «Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)га бир яҳудий келиб: «Эй Амирул мўминин, сизлар китобингизда бир оятни ўқийсизлар. Агар шу оят биз яҳудийларга нозил бўлганида эди, ўша кунни биз байрам қилиб олардик», деди. У киши: «У қайси оят экан?» деди. У: «......», оятидир, деди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) айтди: «Аллоҳга қасамки, мен ушбу оят Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил бўлган кунни ҳам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил бўлган соатни ҳам биламан. У жума кунига тўғри келган, арофат куни кечки пайт эди». Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Ибод ибн Абу Аммор айтади: «Ибни Аббос ушбу оятни ўқиди. Ёнида бир яҳудий бор эди. Шунда у: «Агар бу оят бизга нозил бўлганида эди, у нозил бўлган кунни байрам қилиб олардик», − деди. Шунда ибни Аббос: «Бу оят бир кунга тўғри келган икки байрамда нозил бўлган: жума куни ва шу кунга тўғри келган Арафа куни», деди.
4-оят. «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мўминлар) Сиздан ўзлари учун нималар ҳалол қилинганини сўрайдилар. Айтинг: «Сизлар учун (барча) покиза нарсалар ва яна сизларнинг таълимингизни олган жониворларнинг – Аллоҳ сизларга билдирган нарсалардан билдириб қўлга ўргатганингиз жониворларнинг (тутиб келтирган овлари) ҳалол қилинди. Бас, улар сизлар учун ушлаб келтирган нарсаларни еяверинглар ва (уларни овга қўйиб юбораётганларингда) Аллоҳнинг номини зикр қилинглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир». Абу Рофиъ айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга итларни ўлдиришни буюрдилар. Шунда одамлар: «Эй Расулуллоҳ, сиз ўлдиришга буюрган бу жониворлардан нималар ҳалол қилинди?» дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди». Ҳоким ривояти. Муфассирлар бу қиссани шарҳлаб айтишади. Абу Рофиъ айтди: «Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га келиб киришга изн сўради. У киши рухсат берганларида, у кирмади. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) чиқиб: «Эй Аллоҳнинг элчиси, биз сизга изн бердик-ку», дедилар. Жаброил алайҳиссалом: «Ҳа, шундай, лекин биз сурат ва ит бор уйга кирмаймиз», деди. Улар қарасалар, уйнинг баъзи жойида кучукча бор экан. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга Мадинада биронта ит қолдирмай ҳаммасини ўлдиришга буюрдилар. Мен шундай қилиб, Мадина ташқарисига ҳам чиқдим. Қарасам, бир аёлнинг ити уни қўриқлаб турибди. Унга раҳмим келиб индамадим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бориб бу хабарни етказдим. У киши уни ҳам ўлдиришга буюрдилар. Мен бориб уни ҳам ўлдирдим. Шунда одамлар: «Эй Расулуллоҳ, сиз ўлдиришга буюрган жониворлардан нима ҳалол қилинди?» дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) жим турдилар, шунда ушбу оят нозил бўлди. Оят нозил бўлганидан кейин уйларда фойдаси тегадиган итларга эга бўлишга изн бердилар. Ҳеч қандай фойдасиз ит сақлашдан қайтардилар. Қапағонларини, зарар берадиганини ўлдиришга буюрдилар. Саид ибн Жубайр айтади: «Бу оят Адий ибн Хотим ва Зайд ибн Маҳалҳал ҳақида нохил бўлган. Иккаласи ҳам Той қабиласидан. Той қабиласидан Зайд Ал-Хойл деб аталадиган бу кишини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Зайд Ал-Хойр деб номлаганлар. Улар: «Эй Расулуллоҳ, биз итлар ва йиртқич қушлар билан ов қиладиган қавммиз. Яхши зотдор итлар сигир, эшак, кийик ва эчки эмарларни ушлайди. Улардан айримлари тирик қолади ва биз уларни сўйиб оламиз. Айримлари эса итнинг чангалида ўлади. Улардан бизга нималар ҳалол бўлади, − дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилиб: «Айтинг: Сизлар учун (барча) покиза нарсалар ва яна сизларнинг таълимингизни олган жониворларнинг – Аллоҳ сизларга билдирган нарсалардан билдириб қўлга ўргатганингиз жониворларнинг (тутиб келтирган овлари) ҳалол қилинди». Яъни сиз ўргатган ҳайвонлар келтирган овлар уларнинг чангалида ўлса ҳам, ҳалолдир. Бу йиртқич қушлар ва итларнинг фойдаларидир.
11-оят. «Эй мўминлар, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини – бир қавм сизларга қўл кўтаришни (яъни ҳалок қилишни) қасд қилган пайтида уларнинг қўлларини сизлардан қайтарганини эслангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Иймонли кишилар Ёлғиз Аллоҳга суянсинлар. Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий айтади: «Маҳориб қабиласидан Ғурос ибн Ҳорис Маҳориб ва Ғатофонликларга: «Сизлар учун Муҳаммадни ўлдирайликми?» − деди. Улар: «Ҳа, лекин қандай қилиб ўлдирасан?» − дейишди. У ўлдириш ниятида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларига борди. У киши ўтирган бўлиб, қиличлари қўйниларида эди. У: «Эй Муҳаммад, қиличингни бир кўрай», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Майли», дедилар. Қилични олиб, уни яланғочлади, сўнг уни ўйнатиб силкий бошлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қилич солишга ҳаракат қилганида, Аллоҳ уни босиб қўйди. Сўнг у: «Эй Муҳаммад, қўрқмаяпсанми?» − деди. «Йўқ», дедилар. У: «Қўлимда қилич бор-ку, мендан қўрқмаяпсанми?» − деди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: «Аллоҳ мени сендан ҳимоя қилади». Кейин у қилични қинига солиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қайтариб берди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Жобир (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир манзилга тушдилар. Одамлар дам олиш учун буталар остига тарқаб кетишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қуролларини дарахтга илиб қўйдилар. Бир аъробий келиб, уни олди ва: «Сени мендан ким ҳимоя қила олади?» − деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ», деб жавоб қайтардилар. У саволни икки ёки уч марта қайтарди ва ҳар гал «Аллоҳ» деган жавобни олди. Шунда аъробий қилични қўйди. Пайғамбар (алайҳиссалом) саҳобаларини чақириб бу воқеани айтиб бердилар ва аъробий у кишининг олдида ўтирган эди. Унга ҳеч қандай жазо бермадилар. Мужоҳид, Жобир ва Икрималар айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобаларидан бирлари бани Салам қабиласидан икки кишини ўлдириб қўйди. У қавм билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ораларида шартнома бор эди. Уларнинг қавми хун талаб қилиб келишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Абу бакр, Умар, Усмон, Али, Талҳа, Абдурроҳман ибн Авф (розияллоҳу анҳумлар) билан бирга Бани Назир яҳудийлари саййиди Каъб ибн Ашрафнинг олдига хун тўлаш учун ёрдам сўраб бордилар. У эса: «Эй Абул Қосим, бир нарса сўраш баҳонасида бир келиб қолибсан, ўтиргин, сени бир зиёфат қилайин. Кейин сўраган нарсангни берамиз», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва ҳамроҳлари ўтиришди. Шунда яҳудийлар бир-бирларига: «Муҳаммадни бизга ҳозиргидан кўра яқинроқ, қулайроқ ҳолда топа олмаймиз. Ким мана шу уйнинг томига чиқиб, тош ташлаб юбориб бизни роҳатлантиради», дейишди. Амр ибн Жаҳш ибн Каът: «Мен», деди-да, катта бир тегирмон тошини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг устиларидан ташламоқчи бўлди. Лекин шу пайт Аллоҳ таоло унинг қўлидан тутиб қолди. Жаброил (алайҳиссалом) келиб бу хабарни етказди. Буни билиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) чиқиб кетдилар ва ушбу оят нозил бўлди.
33-оят. «Албатта, Аллоҳ ва Пайғамбарига қарши урушадиган ва Ерда бузғунчилик қилиш ҳаракатида юрадиган кимсаларнинг жазоси – ўлдирилиш ё дорга осилиш ёки оёқ-қўллари тескарисига (яъни ўнг қўл ва чап оёқ ёки чап қўл билан ўнг оёқ) кесилиши ёхуд ўз ерларидан сургун қилинишларидир. Бу жазо улар учун бу дунёда расволик – шармандалик бўлур. Охиратда эса улар учун улуғ азоб бордир». Анас (розияллоҳу анҳу) айтади: «Укол ва Урайна қабилаларидан бир гуруҳи Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларига келиб: «Эй Расулуллоҳ, биз чорва аҳлимиз, бир жойда муқим яшамаймиз. Шунинг учун Мадинани соғлигимизга зарарли деб ўйлаймиз», дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларни Мадина ташқарисида ўтлаб юрган туялар подасига бориб, сути ва бавлидан ичишга буюрдилар. Улар бориб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг туя боқувчисини ўлдириб, туяларни ҳайдаб кетишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларнинг изидан саҳобаларини юбориб, ушлаб келишди. Уларнинг қўл-оёқлари кесилиб, кўзлари ўйиб олинди ва бир тошлоқ жойга чиқариб ташланди. Улар шу ҳолларида ўлиб кетдилар. Қатода айтади: « Бизга зикр қилиндики, ушбу оят шулар ҳақида нозил бўлган».
38-оят. «Ўғри эркакнинг ҳам, ўғри аёлнинг ҳам қўлларини кесинглар! (Токи бу) уларнинг қилмишларига яраша жазо бўлсин, Аллоҳ томонидан берилган азоб бўлсин. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгасидир». Калбий айтади: «Бу оят совут ўғирлаган Туъма ибн Убайриқ ҳақида нозил бўлган».
41-оят. «Эй Пайғамбар (алайҳиссалом), оғизларида: «Иймон келтирдик», деган, аммо диллари иймон келтирмаган (мунофиқлардан) ва яҳудийлардан бўлган, куфр томонга қараб чопаётган кимсалар Сизни маҳзун қилмасин. Улар ёлғонга қулоқ берувчи ва Сизнинг олдингизга келмаган, сўзларни ўз ўринларига қўйилгандан кейин ўзгартирадиган бошқа қавмга (яъни яҳудийларга) қулоқ бергувчи кимсалардир. (Яҳудийлар): «Агар (Муҳаммад тарафидан) сизларга мана шу ҳукм берилса, олинглар, бўлмаса, (яъни бошқа бир ҳукм айтилса), эҳтиёт бўлинглар – олманглар», дейишди. Кимники Аллоҳ Ўзи адаштиришни истаса, бас, сиз унинг учун Аллоҳ томонидан ҳеч нарса қила олмассиз. Улар Аллоҳ кўнгилларини поклашни истамаган кимсалардир. Улар учун дунёда расволик, Охиратда эса улуғ азоб бордир».
47-оят. «Ҳамда (буюрдик) Инжил аҳли унда Аллоҳ нозил қилган нарсалар билан ҳукм қилсинлар! Кимда-ким Аллоҳ нозил нозил этган Дин билан ҳукм этмас экан, улар фосиқлар – итоатсиз кимсалардир». Барро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларидан яҳудийлар бир яҳудийни дарраланган ва юзларига қора куя суртилган ҳолда олиб ўтишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларни чақириб: «Зинокорга мана шундай жазо берилишини ўз китобларингиздан олганмисиз?» деб сўрадилар. Улар: «Ҳа», дейишгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яна: «Мусо (алайҳиссалом)га Тавротни нозил қилган Аллоҳ ҳаққи билан сўрайман, Китобингизда зинокорнинг жазоси шундай эканини топганмисиз?» − дедилар. Бу гапни у киши яҳудийларнинг бир уламосини чақириб сўрадилар. У: «Йўқ», агар сен Аллоҳ номи билан сўрамаганингда, мен сенга айтмасдим. Китобимизда зинокорнинг жазоси тошбўрон эканини топганмиз. Лекин зино юқори табақадаги кишиларнинг орасида кўпайиб кетди. Шундайларни тутиб олсак, қўйиб юборардик, паст табақадагиларга эса жазони ижро этардик. Шунда биз ўзимизча: «Келинглар, паст табақадаги кишиларга ҳам, аслзодаларга ҳам қўллайдиган бир жазога келишайлик», деб юзига қора суртиб сазойи қилиш ва даррага келишдик. Тошбўронни тарк этдик», деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) зинокорни тошбўрон қилишга буюрдилар. Яҳудий тошбўрон қилинди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
44-оят. «Албатта, Биз Тавротни ҳидоят ва нурни ўз ичига олган ҳолда нозил қилганмиз. (Аллоҳга) бўйсунувчи бўлган пайғамбарлар, Илоҳий билим эгалари ва донишмандлар ўзларига Аллоҳнинг Китоби омонат қўйилгани сабабли яҳудийларга у (яъни Таврот ҳукмлари) билан ҳукм қилдилар. Улар бу Китоб устида гувоҳдирлар. Бас, (эй яҳудий уламолар), одамлардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз ва Менинг оятларимни қиймати оз нарсаларга алмаштирмангиз! Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган Дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Яҳудлардан бир эркак ва бир аёл зино қилди. Шунда улар: «Мана бу Пайғамбарнинг олдига борамиз. У енгил қилиш учун юборилгандир. Агар бизга тошбўрондан бошқа фатво берса, уни қабул қиламиз ва Аллоҳнинг ҳузурида уни ҳужжат қилиб: «Пайғамбарингдан бири шундай фатво берди», деймиз», дейишди. Масжидда саҳобалар билан ўтирган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларига бориб: «Эй Абул Қосим, зино қилган эркак ва аёл ҳақида нима дейсан?» − дейишди. У киши ҳеч нарса демай, уларнинг мадрасаларига бордилар ва эшик олдида туриб: «Сизлардан Мусога Тавротни нозил қилган Аллоҳ номи билан сўрайман, агар турмуш қилган киши зино қилса, Тавротда унга қандай жазо қўлланилади?» − дедилар. Улар: «Юзига қора сурилиб, дарра урилади ва эшакка тескари миндирилиб сазойи қилинади», − дейишди. Улардан бир йигит гапирмай турди. Буни кўриб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ундан қаттиқроқ талаб қила бошладилар. Шунда у: «Аллоҳ номи билан сўраганингиз учун айтаман. Биз Тавротда тошбўрон қилишни топганмиз», деди. «Аллоҳ азза ва жалланинг буйруғидан қандай воз кечгансизлар?» − деб сўрадилар. У «Шоҳимизга яқинроқ бир киши зино қилганида тошбўрон қилинмади. Паст одамлардан бири зино қилди, лекин қавми унинг ёнини олиб, токи у ҳам тошбўрон қилинмагунча бу ҳам тошбўрон қилинмайди, дейишди. Шунда барча ушбу жазога келишишган», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Мен Тавротдаги нарса билан ҳукм қиламан», деб уларни тошбўрон қилдирдилар. Зуҳрий айтади: «Бизга етдики, ушбу оят шулар ҳақида нозил бўлган. Оятдаги «...итоаткор пайғамбарлар» жумласига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам кирадилар. Ибни Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларни тошбўронга буюрганларида мен ҳам шоҳид эдим. Тошбўрон қилинаётганида қарасам, эркак ўзларини тошдан тўсиш учун қўлларини қалқон қилиб турибди».
49-оят. «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг ва Аллоҳ Сизга нозил қилган ҳукмларнинг айримларидан Сизни буриб фитнага солиб қўйишларидан эҳтиёт бўлинг! Агар (Сизнинг ҳукмингиздан) юз ўгирсалар, билингки, Аллоҳ уларга айрим гуноҳлари сабабли мусибат етказишни истамоқда. Шубҳасиз, гуноҳлари сабабли мусибат етказишни истамоқда. Шубҳасиз, одамлардан кўплари фосиқ – итоатсиздирлар». Ибни Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Каъб ибн Усайд, Абдуллоҳ ибн Сурия, Шос ибн Қайс ва бошқа яҳудийлар ўзаро келишиб «Муҳаммаднинг олдига борамиз, эҳтимол, уни чалғита олсак», дейишди. Улар: «Биласанки, биз яҳудийларнинг ҳурматли кишилари ва роҳибларимиз. Агар биз сенга эргашсак, яҳудийлар ҳаммалари бизга эргашади. Бизга ҳеч қачон қарши чиқишмайди. Биз билан бир қавм ўртасида хусумат бор. Сенинг олдингга ҳукм сўраб, улар билан бирга келамиз, сен бизнинг фойдамизга, уларнинг зарарига ҳукм қилсанг, биз сенга иймон келтирамиз ва сени тасдиқлаймиз», дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундан бош тортдилар. Шунда Аллоҳ улар ҳақида ушбу оятни нозил қилиб, «...уларнинг хоҳишига эргашманг ва Аллоҳ сизга нозил қилган нарсаларнинг баъзисидан Сизни чалғитишларидан эҳтиёт бўлинг», деди.
51-оят. «Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас». Атия ал Авфий айтади: «Убода ибни Сомит (у Исломга кирган яҳудий эди) келиб: «Эй Расулуллоҳ, Қурайза ва Назир қабилалари биздан ўзларини четга олиб, ажратиб ташлашди, биз билан бирга ўтирмасликка қасам ичишди. Манзилимиз узоқ бўлгани учун саҳобаларингиз билан суҳбатлашиб юролмаймиз», деб яҳудлардан етган азиятлардан шикоят қилди. Шунда ушбу оят нозил бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу оятни унга ўқиб бердилар. У эса: «Аллоҳнинг, Расулининг ва мўминларнинг дўстлигига розимиз», деди. Калбий ҳам шунга ўхшаш ривоят қилиб қуйидагиларни зиёда қилади: «Оятнинг охирги қисми Али ибн Абу Толиб ҳақидадир. Чунки у ўзи намозда рукуъ қилиб турган ҳолатда бир сўровчи муҳтожга узугини берди». Ибни Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Абдуллоҳ ибни Салдом ва иймон келтирган қавмдошлари келиб: «Эй Расулуллоҳ, бизнинг манзилимиз узоқ, бизга бирон суҳбатдош ҳам йўқ. Биз Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтириб, тасдиқлагач, қавмимиз биздан юз ўгирди. Бирга ўтирмасликка, гаплашмасликка ва қуда-андачилик қилмасликка қасам ичишди. Бу бизга оғир ботди», дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ушбу оятни ўқиб бериб, масжидга чиқдилар. Одамлар намоз ўқиб айримлари рукуъда, айримлари қиёмда эдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир садақа сўраб турган кишини кўриб: «Сенга кимдир бирон нарса бердими?» − дедилар. У: «Ҳа, узук берди», деди. Ким берганини сўраганларида тиланчи Али (розиллоҳу анҳу)ни қиёмда турган ҳолларида кўрсатди. Қандай ҳолатда берганини сўрадилар. «Рукуъ қилган ҳолатда берди», деб жавоб қилди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳу акбар», деб такбир айтдилар ва: «Ким Аллоҳни, Расулини ва мўминларни дўст тутса, албатта, Аллоҳнинг гуруҳи ғолиб бўлгувчидир», оятини ўқидилар.
57-оят. «Эй мўминлар, сизлардан илгари Китоб берилганлар ичидан динингизни ҳазил-масхара қилиб олган кимасаларни ва кофирларни дўст қилиб олмангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳдан қўрқингиз!» Ибни Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Рифоа ибн Зайд ва Сувайд ибн Ҳорис Исломга кирганликларини эълон қилди. Кейин эса мунофиқлар йўлига ўтишди. Айрим мусулмон кишилар улар билан дўст бўлиб юришганди. Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
58-оят. «Сизлар қачон (мусулмонларни) намозга чорласангиз (азон айтсангиз), улар ўша (намозни) масхара ва ўйин қилиб оладилар. Бунга сабаб, уларнинг ақлсиз – жоҳил қавм эканликларидир». Калбий айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг муаззинлари азон айтиб, мусулмонлар намозга қоим бўлсалар, яҳудийлар кулги ва масхара қилишиб: «Туринглар, намоз ўқинглар, рукуъ қилинглар», дейишарди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Саддий айтади: «Бу оят Мадина насороларидан бир киши ҳақида нозил бўлган. У муаззин «Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ», деганини эшитса «Ёлғончи ёниб кетсин», дер эди. Бир куни у ва аҳли уйқудалигида хизматкори олов олиб кирди. Оловдан учқун чиқиб ўзи ва аҳли ёниб кетди. Бошқалар айтишади:« Кофирлар азонни эшитиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га келишиб: «Эй Муҳаммад, биздан олдин ўтган умматлардан ҳеч эшитмаган нарсани ўйлаб топдинг-ку! Сен пайғамбарликни даъво қиласан. Бу ўйлаб топган азонинг билан ўзингдан олдинги пайғамбарларга хилоф иш қилдинг. Шу нарсада яхшилик бўлганида эди, сендан олдинги пайғамбарлар уни қилишган бўларди. Бу туянинг бўкиришидек қичқиришни қаердан ўйлаб топдинг? Бу қандай ҳам қабиҳ товуш экан, қандай ҳам ёмон куфр экан-а?» дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни ва: «... Аллоҳга чақирган ва амали солиҳ қилган кишининг сўзидан кўра яхшироқ сўз борми?!» оятини нозил қилди. 60-оят. «Айтинг: «Сизларга Аллоҳнинг ҳузурида (яъни Қиёмат Кунида) бундан кўра ёмонроқ «савоб» (жазо оладиган кимсалар) ҳақида хабар берайми? Улар Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлган, ғазабига гирифтор бўлган ва маймун, тўнғизларга айлантириб қўйилганлар ҳамда шайтонга қул бўлган кимсалардир. Ана ўшалар энг ёмон мартабада бўлган ва бутунлай Тўғри Йўлдан озган кимсалардир». Ибни Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: Яҳудлардан бир гуруҳи келиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан пайғамбарларнинг қайсиларига иймон келтиришларини сўради. У киши: «Мен Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарсаларга ва Иброҳимга, Исмоилга...деб, «...биз унга бўйсунувчилармиз...» оятигача айтдилар. У киши Исони зикр қилгач, улар Исо (алайҳиссалом)нинг Пайғамбар эканликларини инкор этишди ва: «Аллоҳга қасамки, дунёда ҳам, Охиратда ҳам сизлардан кўра насибаси камроқ бўлган, сизлардан кўра дини ёмонроқ бўлган дин эгаларини билмаймиз», дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди».
67-оят. «Эй Пайғамбар (алайҳиссалом), Сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарсани етказинг! Агар (бу фармонга амал) қилмасангиз, Унинг элчилигини (бандаларига) етказмаган бўлурсиз, Аллоҳ Сизни одамлардан (уларнинг зараридан) сақлагай. Албатта, Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас». Ҳасан айтади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ таоло мени рисолат билан юборгач, жуда танг аҳволга тушдим. Одамлар орасида мени ёлғончига чиқарадиганлари ҳам бор эканлигини билардим, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қурайш, Яҳудлар ва насоролардан ҳайиқардилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Абу Саид Худрий айтади: «Ғудайрхом кунида Али бин Абу Толиб ҳақларида нозил бўлган. Оиша (розияллоҳу анҳо) айтади: «Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кечаси билан ухламай чиқдилар. Шунда мен: «Эй Расулуллоҳ, сизга нима бўлди?» деб сўрадим. У киши: «Кечаси бизни қўриқлаб чиқадиган бир солиҳ киши йўқмикан-а?» дедилар. Шу зайл тургандик қурол товушини эшитиб қолдик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким бу?» деганларида «Биз Саъд ва Хузайфамиз, сизни қўриқлагани келдик», дейишди. Шундан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ухлаб қолдилар, ҳатто хурракларини ҳам эшитдим ва ушбу оят нозил бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бошларини чодирнинг туйнугидан чиқариб: «Эй одамлар кетаверинглар, Аллоҳнинг Ўзи мени сақлайди», дедилар. Ибни Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қўриқланар эди. Қаерга борсалар, Абу Толиб у киши билан бирга қўриқлаб юрадиган кишиларни жўнатар эди. Токи ушбу оят нозил бўлгунга қадар шундай бўлди. Кейин эса амакилари у киши билан бирга қўриқчи юбормоқчи бўлганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Эй амаки, Аллоҳнинг ўзи мени жин ва инсонлардан асрайди», дедилар.
82-оят.«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз мўминларга энг қаттиқ адоват қилгувчи одамлар яҳудийлар ва мушрик бўлган кимсалар эканини кўрасиз. Мўминларга дўст бўлишга яқинроқ кишилар эса: «Биз насронийлармиз», деган кишилар эканини кўрасиз. Бунга сабаб, уларнинг орасида олимлар ва роҳиблар бор эканлиги ва уларнинг кибру ҳаво қилмасликларидир».
86-оят. «Кофир бўлган ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар жаҳаннам эгаларидир». Бу оят Нажжоший ва унинг ҳамроҳлари ҳақида нозил бўлган. Ибни Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Маккада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мушриклар саҳобаларга азият етказишидан хавфда яшар эдилар. Жафар ибн Абу Толиб ва ибни Масъудлар ва бир гуруҳ саҳобаларни Нажжошийнинг ҳузурига юбориб: «У солиҳ подшоҳдир. Унинг қарамоғида бирон киши зулм кўрмайди ҳам, зулм қилмайди ҳам. Аллоҳ мусулмонлар учун бирон енгиллик қилгунича, унинг ҳузурига бориб туринглар!» − дедилар. Улар унинг олдига келганларида, у уларни ҳурмат билан кутиб олди ва : «Сизга нозил қилинган нарсадан бирор нима биласизми?» − деди. Муҳожирлар «Ҳа», дейишди. Улар ўқишди. Нажжошийнинг атрофида роҳиблар, қиссислар, туришганди. Мусулмонлар ҳар бир оятни ўқишганда уларнинг барчалари ҳақни таниганликларидан кўзларидан ёш қуйилди. Аллоҳ таоло айтадики: «...бунинг сабаби – улар ичида руҳоний ва роҳибларнинг борлиги, уларнинг кибр қилмасликларидир. Улар Пайғамбарга нозил қилинган Нарса (Қуръон)ни эшитганларида, унинг ҳақлигини англаётганларидан кўзлари ёшга тўлганини кўрасиз...». Моида 82-83 оятлар. Бошқа муфассирлар айтади: «Жаъфар ибн Абу Толиб ва ҳамроҳлари Ҳабашистондан қайтиб, келишди. Улар билан бирга Нажжоший Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га элчи қилиб юборган етмиш киши ҳам келишди. Уларнинг устида жун кийим бор эди. Олтмиш иккитаси ҳабашистонлик, саккизтаси Шом аҳлидан эди. Шом аҳллари: «Буҳайро роҳиб, Аброҳа, Идрис, Ашраф, Таммон, Қусом, Зарр ва Айманлар эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларга «Ёсин» сурасини охиригача ўқиб бердилар. Улар Қуръонни эшитгач, йиғлаб юборишиб, иймон келтиришди. Улар: «Бу нарса Исога нозил қилинган нарсага қандай ҳам ўхшаш экан-а?» − дейишди. Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида ушбу оятни нозил қилди.
87-89-оятлар. «Эй мўминлар, Аллоҳ сизлар учун ҳалол қилиб қўйган покиза нарсаларни ҳаром деманглар ва (Аллоҳ белгилаган чегарадан) тажовуз қилманглар! Албатта, Аллоҳ тажовузкор кимсаларни севмас. Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол, пок нарсалардан енглар ва ўзларингиз иймон келтирган Аллоҳдан қўрқинглар! Аллоҳ сизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди. Балки (дилларингиздаги) маҳкам туккан қасамлар сабабли (агар шундай қасамни бузсангиз) жазолайди. Бас, унинг каффорати ўз оилангизни боқадиган ўртача таомлардан ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг сарпосини қилиш, ёхуд бир қулни озод қилишдир. Ким (бу нарсаларни) топа олмаса, уч кун рўза тутсин! Мана шу – қасам ичган (ва уни бузган) пайтингиздаги қасамларингиз каффоратидир. Қасамларингизни (бузишдан) сақланингиз. Шукр қилишингиз учун Аллоҳ сизларга Ўз оятларини мана шундай очиқ-ойдин баён қилур». Икрима ибни Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га келиб: «Агар мен гўшт есам, аёлларга берилиб қоламан. Мен ўзимга гўштни ҳаром қилдим», деди. Шунда ушбу оятлар нозил бўлди. Муфассирлар айтади: «Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўтириб одамларга охиратни эслатдилар, Қиёматдаги ҳолатлардан гапирдилар. Уларни охиратдан озроқ қўрқитган эдилар. Одамларнинг қалби қўрқувга тўлиб йиғлаб юбордилар, кейин эса саҳобалардан ўнтаси Усмон ибн Мазъун ал Жумаҳийнинг уйида тўпланишди. Улар: «Абу Бакр Сиддиқ, Али, Абдуллоҳ ибни Масъуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абу Зарр ал Ғиффорий, Абу Хузайфанинг озод қилган қули Солим, Миқдод ибн Асвад, Салмон Форсий ва Маъқол ибн Музар эдимлар. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ваъзларидан таъсирланиб, ҳар куни рўза тутишга, ҳар кечаси ухламасдан намоз ўқишга, тўшакда ётмасликка, гўшт ва ёғ емасликка, уйланмасдан роҳиб бўлиб, эркакликларини кесиб ташлашга аҳдлашишди. Бу хабар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га етгач, уларни тўпладилар ва: «Сизлар шундай, шундай нарсага аҳдлашган эмишсизлар», дедилар. Улар: «Ҳа, эй Расулуллоҳ, биз фақат яхшиликни хоҳладик», дейишди. Шунда у киши: «Мен бу нарсага буюрмаганман, сизларда нафсларингизнинг ҳам ҳаққи бордир. Рўза ҳам тутинглар, очиб ҳам юринг. Кечаси намоз ҳам ўқинг, ухланг ҳам. Мен намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Рўза ҳам тутаман, очиқ ҳам юраман. Гўшт ва ёғ ейман. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмасдир», дедилар. Кейин эса одамлар олдига чиқиб хутба қилдилар ва: «Одамларга нима бўлдики, ўзларига аёлларни, таомларни, покиза нарсаларни, уйқуни ва дунё неъматларини ҳаром қилиб оляптилар. Мен сизларни тарки дунё қилиб, роҳиб бўлиб олишингизга буюрмайман. Менинг динимда гўшт ва аёлларни тарк қилиш йўқдир. Ҳужраларга, ғорларга кириб олиш ҳам йўқдир. Умматимнинг (Аллоҳ йўлида) юриши гўзалдир, (тарки дунё қилиб) роҳиблик қилиши – жиҳоддир. Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга ҳеч нарсани шерик қилманг! Ҳаж ва умра қилинг, намоз ўқинг, закотни беринг ва рамазон рўзасини тутинглар. Сизлардан олдингилар қаттиқ берилиш билан ҳалок бўлдилар. Улар ўзларига қаттиқ олувдилар, Аллоҳ уларга қаттиқ қилиб қўйди. Мана, уларнинг монастир ва ҳужраларидаги қолдиқларигина қолди», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Шунда улар: «Эй Расулуллоҳ, биз ичган қасамимизни нима қиламиз?» − дейишди. Улар аҳдлашишган нарсалари устида қасам ичишганди. Кейин Аллоҳ таоло: «Аллоҳ сизни беҳуда қасамларингиз учун жавобгар қилмайди ....», деди.
90-оят. «Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), тиклаб қўйилган бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз, шояд, нажот топсангиз!» Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бир гуруҳ муҳожирларнинг олдига боргандим, «Кел, бир зиёфат қилиб ароқ ичамиз», дейишди. Бу ароқ ҳаром қилинишидан илгари эди. Боғда уларга қўшилдим. Олдиларида қовурилган ҳайвон калласи ва бир хум ароқ бор эди. Улар билан бирга ичдим. Кейин эса муҳожир ва ансорларни эслаб: «Муҳожирлар ансорлардан кўра яхшироқдир», дедим. Шунда бир киши калланинг жағини олиб, ўша билан бурнимни майиб қилди. Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бориб, айтдим. Шунда Аллоҳ таоло ароқ хусусида ушбу оятни нозил қилди». Имом Муслим ривояти. Абу Майсара айтади: «Умар ибн Хаттоб: «Эй Аллоҳ, хамр (ароқ) ҳақида бизга тўлиқ баён қилиб бер», деди. Шунда Бақара сурасидаги «Сиздан ароқ ва қимор ҳақида сўрайдилар...», ояти нозил бўлди. Умарга ушбу оят ўқиб берилди. У яна: «Эй Аллоҳ, ароқ ҳақида бизга узил-кесил баён қилиб бер», деди. Шунда Нисо сурасидаги «Эй мўминлар, маст ҳолда намозга яқинлашманг...» ояти нозил бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг жарчилари намоз вақти бўлса: «Маст одам намозга яқинлашмасин, деб нидо қилар эди. Умар чақирилиб ,бу оят ҳам унга ўқиб берилди. У яна: «Эй Аллоҳ, бизга ароқ ҳақида узил-кесил баён қилиб бер!» − деди. Шунда ушбу оятлар нозил бўлди. Улар яна чақиришиб оятни ўқиб беришди. «...бас, энди тийиларсизлар?!...» деган жойига етганда Умар: «Тийилдик», деди. Ароқ ҳаром қилинишидан илгари ароқ ичиш туфайли бир неча ходисалар бўлган. Қуйидагилар шу жумладандир: «Али ибн Абу толиб айтади: «Бадрдаги ўлжалардан менга теккан урғочи туям бор эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам менга Ҳумсдан битта урғочи туя бергандилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қизлари Фотимага уйланмоқчи бўлиб, бани қайнуқоълик бир заргар билан бирга бориб хушбуй ўсимлик олиб келишга ваъдалашдим. Хушбуйликни заргарлар билан савдо қилиб, никоҳ тўйимга ишлатмоқчи эдим. Туяларим бир ансорий кишининг ҳужраси ёнида чўктирилган эди. Мен туяларимга эгар, қоп ва арқонлар тўплаб келиб қарасам, туяларимнинг ўркачлари кесиб ташланган, биқинлари ёрилиб жигарлари чиқариб ташланган эди. Бу манзарани кўриб кўзимга ишонмай қолдим. Буни ким қилди? − деб сўрадим. Одамлар: «Ҳамзанинг иши, у уйида ансорий ичувчилар билан ўтирибди. Олдида қўшиқчи аёл ва шериклари ҳам бор. Қўшиқчи аёл: «Қаранглар, Ҳамза туяларга борди. Улар кенг жойда боғлиқ эди. Пичоғини уларнинг бўғзига тортди. Ҳамза уларни қизил қонга белади. Уларнинг бурдаларидан қовурдоқнинг тутунида пиширилган кабоб қилиб еди. Эй Абу Аммора, сен биздан зарар ва балоларни кетказишда умидли кишисан», деб қўшиқ айтди. Шунда Ҳамза қиличига сакради ва туяларни ўркачларини кесиб, биқинларини ёриб, жигарларини олди», дейишди. Буни эшитиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга нимадир бўлганини билиб: «Сенга нима бўлди?» – дедилар. Мен: «Эй Расулуллоҳ, бугунгидек кунни ҳеч кўрмаганман. Ҳамза менинг туяларимга душманлик қилиб, ўркачларини кесиб ташлабди. Биқинини ёриб ташлабди. У ҳозир уйида ароқ ичувчилар билан ўтирибди», дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ридоларини келтирдилар-да, пиёда жўнадилар. Мен ва Зайд ибн Хориса ҳам у кишига эргашдик. Ҳамза турган уйга бориб, изн сўрадилар. Изн берилди. Кириб қарасак, у ерда ичувчилар ўтиришибди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳамзани қилган иши учун койидилар. Ҳамза маст, кўзлари қизарган эди. Ҳамза Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қараб назарини кўтариб у кишининг юзларига қаради сўнг: «Сизлар менинг отамнинг қулларисиз», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг мастлигини билиб орқаларига тисарилиб чиқиб кетдилар. Биз ҳам чиқдик». Бухорий ривояти. Анас (розияллоҳу анҳу) айтади: «Ароқ ҳаром қилинган куни мен Абу Талҳанинг уйида қавмнинг соқий (яъни ароқ қўйиб берувчи)си эдим. Уларнинг ичимлиги пишган ва хом хурмодан тайёрланган шароб эди. Бирдан жарчи: «Ароқ ҳаром қилинди», деб жар солди. Ароқ-шароблар Мадина кўчаларида оқизилди. Шунда Абу Талҳа: «Чиқиб, уни тўкиб ташла», деди. Мен тўкиб ташладим. Шунда баъзи одамлар: «Фалончи ҳалок бўлди, фалончи ҳалок бўлди, ароқ уларнинг қорнида қолди», дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди». Имом Бухорий ва Муслим Барро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг асҳобларидан баъзилари ароқ ичиб вафот этишди. Энди ароқ ҳаром қилингач, баъзи одамлар: «Биродарларимиз қандай бўлишаркан? Улар ароқ ичишарди. Ўша ҳолларида вафот этишди?» − дейишди.
100-оят. «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Гарчи нопок нарсанинг кўплиги сизни қизиқтирса ҳам, нопок нарса пок нарсага баробар бўлмас. Бас, эй аҳли дониш, Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, нажот топсаларингиз!» Жобир (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Албатта, Аллоҳ сизларга бутларга сиғинишни, ароқ ичишни ва насаблар билан таъна қилишни ҳаром қилди. Огоҳ бўлинглар. Албатта, ароқ ичувчи ҳам, тайёрловчи ҳам, қуйиб берувчи ҳам, сотувчи ҳам, пулини еювчи ҳам лаънатланди», − дедилар. Шунда бир Аъробий туриб: «Эй Расулуллоҳ, мен ароқ сотиб тижорат қиладиган одамман. Ароқ сотиб, мол йиғдим. Шу молни Аллоҳнинг тоатига сарфласам, менга фойдаси тегадими?» − деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Агар уни Ҳажга ёки жиҳодга ёки садақага сарфласанг ҳам, Аллоҳнинг наздида пашшанинг қанотига ҳам тенг бўлмайди. Аллоҳ фақат покиза нарсанигина қабул қилади», дедилар. Шунда Аллоҳ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сўзларини тасдиқлаб, ушбу оятни нозил қилди».
101-оят. «Эй мўминлар, (Аллоҳ сизлардан кечиб юборган), очилганда сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар! Қуръон нозил бўлаётганда у нарсалар ҳақида сўрасангиз, сизларга очиб берилади (яъни зиммангизга юкланади). Ҳолбуки, Аллоҳ у нарсаларни кечиб юборган эди. Аллоҳ Мағфиратли, Ҳалимдир. Ибни Аббос (розияллоҳу анҳу) одамлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан (билиш учун эмас, балки бошқа ҳар хил ниятларда) истеҳзо билан ҳам саволлар сўрашарди. Ҳатто туяси йўқолган киши: «Туям қаерда?» − деб сўрарди. Аллоҳ улар ҳақида ушбу ва кейинги оятларни нозил қилди. Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу): «Одамларга Аллоҳ учун ҳаж қилиш фарз бўлди, ояти нозил бўлгач, одамлар: «Эй, Расулуллоҳ, ҳар йилими?» − деб сўрашди. У киши жим турдилар. Кейин яна: «Ҳар йилими?» − дейишди. У киши сукут қилдилар. Тўртинчи марта сўраганларида «Йўқ. Агар «Ҳа» деганимда, вожиб бўлиб қоларди», дедилар.
105-оят. «Эй мўминлар, ўзингизни билингиз! (яъни гуноҳлардан сақланингиз!) Модомики, Ҳақ Йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас. Барчангиз ҳам Аллоҳга қайтишингиз бордир. Ана ўшанда Аллоҳ сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур». Калбий Абу Солиҳдан, у ибни Аббосдан айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳажар аҳлига хат ёздилар. Уларнинг ҳокими Мунзир ибн Сава эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларни Исломга чақирдилар, агар бош тортсалар, жизя тўлашга чақирдилар. Мунзирга хат етиб келгач, уни ўз қарамоғидаги араблар, яҳудлар, насоролар, собиийлар ва мажусийларга ўқиб берди. Уларнинг барчалари Исломдан бош тортиб, жизя тўлашга рози бўлишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга яна хат ёзиб: «Араблардан фақат Исломнигина қабул қилиш ёки қилич. Аҳли китоб ва мажусийлардан эса жизяни қабул қилиш», дедилар. Мунзир бу хатни уларга ўқиб бергач, араблар Исломни қабул қилишди. Аҳли китоблар ва мажусийлар жизя беришди. Шунда арабларнинг мунофиқлари: «Муҳаммадга ҳайронмиз, у ўзини инсонларнинг барчаси токи Исломни қабул қилмагунларича улар билан жанг қилиш учун юборилганман, деб даъво қиларди. Жизяни фақатгина аҳли китоблардан қабул қиларди. Энди эса араб мушрикларидан рад қилган нарсани Ҳажар аҳли мушрикларидан қабул қилаётганини кўряпмиз», − дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
106-оят. «Эй мўминлар, бировингизга ўлим келганда васият қилар вақтида ўзингиздан (яъни мусулмонлардан) бўлган икки адолат эгаси ёки бирор ерга сафар қилиб, ўша ерда сизга ўлим етган бўлса, (қиладиган васиятларингизга) ўзгалардан бўлган икки киши ўрталарингизда гувоҳ бўлсин! У гувоҳларни намоз ўқиб чиққанларидан кейин тутасизлар. Агар (уларнинг адолат қилишига) шубҳа қилсангиз, улар Аллоҳ номига (бундай) қасам ичадилар: «Гарчи гувоҳлик берилувчи (яъни меросхўр) қариндошимиз бўлса-да, бу қасамимизни озгина қийматга алмаштирмаймиз ва Аллоҳ учун берган гувоҳлигимизни яширмаймиз. Зотан, у ҳолда ҳеч шак-шубҳасиз гуноҳкорлардан бўлиб қоламиз». Саид ибн Жубайр, ибни Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Тамим ад Дорий ва Адий ибн Зайд Маккага тез-тез бориб туришарди. Бир сафар уларга Қурайшнинг Бани Саҳм уруғидан бир киши ҳамроҳ бўлди. У одам йўлда ўлди. У ерда мусулмонлардан ҳеч ким йўқ бўлиб, шу иккаласига нарсаларини васият қилди. Улар манзилга келгач, аҳлига нарсаларни берди. Лекин кумушдан ясалиб, юзига олтин қопланган қадаҳини яшириб қолишди ва «Уни кўрмадик», дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига олиб келинганларида «Аллоҳ номи билан, яширмадик ҳам, кўрмадик ҳам», деб қасам ичириб қўйиб юбордилар. Кейин қадаҳ Макка аҳлидан бир қавм ҳузуридан топилди. Улар: «Биз буни Тамим ад Дарий ва Адий ибн Зайддан сотиб олдик», дейишди. Ўлган кишининг аҳли қадаҳни олишди. Улардан икки киши Аллоҳ номи билан биродаримизнинг қадаҳидир, бизнинг гувоҳлигимиз у иккаласининг гувоҳлигидан ҳақлироқ, биз ҳаддимиздан ошмаяпмиз», деб қасам ичишди. Шунда шу икки оят нозил бўлди.
|