Диний фанларнинг асосини Қуръоний илмлар деб аталадиган «Улум ал-Қуръон» соҳаси ташкил этади, десак, муболаға бўлмайди. Қуръоний илмлар орасида Қуръоннинг нозил бўлиш сабаблари, оятларнинг нима мақсадда эндирилгани, оятларнинг ваҳий этилишида қайси воқеалар ёки ҳодисалар сабаб бўлганини ўрганадиган фан ҳам борки, у ўз номи билан «Асбоб ан-нузул» деб аталади. Қуръони Карим икки қисмга бўлинади: Аллоҳ таолодан ҳеч қандай сабабга, воқеага боғлиқ бўлмаган ҳолатда нозил қилинган оятлар. Бунда фақатгина халқни ҳаққа ҳидоят қилиш назарда тутилган бўлади. Чунки Қуръони Карим инсониятни ҳидоят қилиши учун, уларни тўғри йўлга бошлаш учун нозил қилинган. Унинг асосини Аллоҳга ва унинг Расулига иймон келтириш, Аллоҳ ва унинг Расулига итоат этиш, қиёмат бўлишига ишониш кабилар ташкил этади. Бундай ояти карималар жуда кўп. Бундай оятлар ўтган пайғамбарлар ва умматларнинг қиссалари, қиёматдан берилган хабарлар ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида бўлиши ҳам мумкин. Иккинчи қисмга эса бирорта сабабга боғлиқ равишда нозил қилинган оятлар киради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар иштирокида ўтган бирор бир ҳодисага аниқлик киритиш, саҳобалар орасида тарқалган икки хил фикрнинг тўғрисини билдириш, қандайдир саволга жавоб бериш, бирор бир феъл ёки гапга нисбатан шариатнинг ҳукми қанақалигини кўрсатиш кабилар оят нозил бўлишига сабаб бўлган. Лекин шуни таъкидлаш керакки, сабабга боғлиқ ҳолатда нозил қилинган оятларнинг ҳаммасини ҳам аниқлашнинг имконияти йўқ. Чунки бу нарса уламоларга етиб келган аниқ хабарлар, саҳиҳ ривоятлар, мутавотир нақлларга боғлиқдир. Бинобарин, бу борада келган ана шундай хабар, ривоят ва нақлларнигина олинади. Шунинг учун бундай хабар, ривоят ва нақлларни ўрганадиган ва натижаларни таҳлил қиладиган алоҳида илм пайдо бўлди ва унинг номи «Асбоб ан-нузул» деб аталди. Бу илмнинг моҳир билимдонлари ўз асарларини яратдилар. Уларнинг энг машҳурлари ҳақида бу ерда айтиб ўтмоқчимиз. 1)муҳаддислар султони Имом ал-Бухорий (810-870)нинг шайхи – устозларидан бири Али ибн ал-Мадиний асари. Ибн ал-Маданий кунияси билан танилган бу зот Али ибн Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Нужайҳ ас-Саъдийдир. Ислом ҳофизларидан ва таниқли имомларидан бири бўлмиш Ибн ал-Мадинийнинг илми нақадар юксаклигига ишора қилиб, Имом ал-Бухорий: «Мен ўзимни фақат Ибн ал-Мадиний олдидагина кичик санаганман!» деган экан. Ибн ал-Мадинийдан Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (780-855), Имом ал-Бухорий, Имом Абу Довуд (817-889) каби зотлар ҳадис ривоят қилганлар. Унинг тафсир борасидаги нақлларини бил-восита Имом ат-Термизий (824-892), Имом ан-Насоий (вафоти 303/915) ва Ибн Можжа (824-886)лар ривоят қилишган. «Ҳадисларни танишда тенгсиз» деб мадҳ қилинган Ибн ал-Мадиний 161/777 йилда туғилиб, 234/849 йилда зулқаъда ойидан икки кун қолганда 73 ёшларида вафот қилган. Унинг «Асбоб ан-нузул» асари бу соҳадаги илк ёзилган манба сифатида танилган, лекин бизгача етиб келмаган, фақатгина муҳаддислар орқали ривоят қилган нақллари мавжуд; 2) Абдураҳмон ал-Андалусий асари. Унинг тўлиқ исми Абул Мутарриф Абдураҳмон ибн Марвон ибн Абдурраҳмон ал-Ансорий ал-Қунозиъий ал-Қуртубий бўлиб, фақиҳ, муфассир ва муҳаддис сифатида танилган. Дуолари ижобат бўладиган зотлардан бири ҳисобланган. «Шарҳ ал-Муватто», «Мухтасар тафсир ал-Қуръон», «Китоб аш-шурут» каби асарлар таълиф қилган. 341/953 йил туғилиб, 402/1012 ёки 413/1023 йилда вафот этган. Унинг асарини Абу Наср Сайфуддин Аҳмад ал-Исбартегиний (тахминан XVI аср) форс тилига таржима қилган. ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида 8939 тартиб рақами билан сақланаётган «Асбоб ан-нузул»га оид форс тилидаги асар мазкур таржима бўлиши мумкин; 3) имом ал-Воҳидий (вафоти 468/1076)нинг асари. «Асбоб ан-нузул» бобидаги энг машҳур ва энг эътиборли асар унинг қаламига мансубдир. Шунинг учун биз унинг ўзи ва асари ҳақида алоҳида тўхталамиз; 4) Муҳаммад ибн Асъад ал-Ақрофий асари. У Муҳаммад ибн Асъад ибн Муҳаммад ибн Наср ал-Ақрофий ал-Ироқий бўлиб, Ҳанафия мазҳабига мансуб олимлардан. Ўзининг воизлиги билан ҳам танилган. Дамашқда яшаган фақиҳ, адиб ва муфассирдир. «Шарҳ ал-мақомот ал-Ҳаририй» асаридан ташқари тафсири ҳам бор. 484-567/1092-1172 йилларда яшаб ўтган; 5.Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али ибн Шуайб ал-Мозандароний (вафоти 588/1192) асари. Эроннинг Мозандарон шаҳридан чиққан муфассир олимлардан. Унинг «Асбоб ан-нузул» соҳаси бўйича асари борлигини «Кашф аз-зунун»да зикр қилинган; 5) имом ал-Жаъбарийнинг асари. У Бурҳониддин Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Умар ибн Иброҳим ар-Рабъий ал-Жаъбарий бўлиб, Мисрнинг Жаъбар қалъасида 640/1243 йилларда туғилган. Ўнта қироатда имом даражасига етган бу зот қироат, ҳадис, тафсир, таърихга оид юзга яқин асарлар муаллифи. Жумладан, «Шотибия»га ажойиб шарҳ битган. У 732/1332 йилда рамазон ойида вафот қилган. Имом ал-Жаъбарийнинг асари ал-Воҳидий асарида келган ривоятларнинг иснодини қисқартириш эвазига алоҳида қисқача манба сифатида ишланган; 6) имом Ибн Таймиянинг асари. У Абул Аббос Тақий ад-дин Аҳмад ибн Абд ал-ҳалим ибн Абд ас-салом ибн Таймиййа ал-Ҳарроний бўлиб, 661/1262 йилда туғилган. Ўз даврининг машҳур олимларидан дарс олган ва оз фурсатда Ислом оламининг энг машҳур алломаларидан бирига айланган. Жуда кўплаб асарлар таълиф қилган. Жумладан, «Минҳож ас-сунна», «ал-Фатво ал-ҳамавиййа», «ал-Воситийя» каби асарлари мавжуд. У анъанавий Ислом каломи ва фиқҳидан бошқача фикрлари учун қаттиқ қаршиликка учраган. У маҳбусликда 728 йил зулқаъда ойида/1327 йил сентябрда вафот этади. Ибн Таймиянинг «ат-Тибён фий нузул ал-Қуръон» номли рисоласи унинг асарлари куллиёти таркибида 1905 йил Мисрда нашр этилган. Мазкур асари кичик ҳажмли бўлса-да, бироқ фойдали фикр ва маълумотларга бой; 7) имом Ибн Ҳажарнинг асари. Аҳмад ибн Али ибн Муҳаммад ал-Канноний ал-Асқалоний Исломнинг улуғ олимларидан бири. У Фаластиннинг Асқалон қишлоғидан бўлган, 852/1449 йилда Қоҳирада вафот қилган. Озроқ муддат қозилик ҳам қилган. 50 дан ортиқ асарлар таълиф этган. Энг машҳур асари «Фатҳ ал-Борий шаҳр саҳиҳ ал-Бухорий» ҳисобланади. Унинг асари «ал-Уъжоб фий баён ал-асбоб» деб аталган. «Асбоб ан-нузул» бобидаги барча маълумотларни тўплаб йирик ҳажмда қилишни мўлжаллаган, лекин қўлёзма ҳолида охирига етмаган ҳолда қолиб кетгани зикр этилган; 8) имом ас-Суютийнинг асари. У Жалолиддин Абул Фазл Абдураҳмон ибн Камол Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Собиқ ал-Хузайрий ас-Суютий бўлиб, 849/1445 йилда Қоҳиранинг жанубидаги шаҳарча Асют (Усйут)да туғилган. Нисбаси шундан олинган. Ўз даврининг энг етук устозларидан дарс олди ва ўзи ҳам «Шайхуния» мадрасасида таниқли шогирдлар чиқарди. У 500 дан ортиқ китоб ва рисолалар таълиф қилган. Жумладан, устози Жалолиддин Маҳаллий (вафоти 864/1460) билан иккови қаламига мансуб «Тафсири Жалолайн» жуда машҳур. Бундан ташқари, «ал-Иттиқон», «Жомеъ ас-сағийр», «Ҳусн ал-муҳозара», «Табақот ал-ҳуффоз» ва бошқа асарлари толиби илмларнинг энг керакли китоблари сирасига кириб улгурган. Унинг Қуръон оятларининг нозил бўлиш сабабларига оид асари «Лубоб ан-нуқул фий асбоб ан-нузул» деб номланган. Имом Суютийнинг асари гарчи Имом ал-Воҳидий асари асосида тартиб берилган бўлса-да, бироқ, «Асбоби нузул»га оид асарларнинг энг мукаммали, энг тўлиқлиги билан ажралиб туради. Суютийнинг мазкур асари «Асбоб ан-нузул» номи билан Мисрда 1873 йилда алоҳида китоб бўлиб нашр этилган, «Лубоб ан-нуқул фий асбоб ан-нузул» номи билан эса «Тафсири Жалолайн»нинг ҳошиясида Мисрда 1897, 1909 йилларда ва Қозонда 1910 йилда нашр қилинган. Айни асар Карочида ҳам Қуръони Каримнинг ҳошиясида 1894-1900 йилларда қайта-қайта нашр этилган; 9) Муқбил ибн Ҳодий ал-Водиъий асари. Ямандан чиққан салафийларнинг олимларидан. 50 дан ортиқ асарлар таълиф қилган. У 1944-2001 йилларда яшаган бўлиб, Жиддада вафот қилган. Ўз мактаба (мадраса)сида юзлаб шогирдларга илмий маърузалар ўқиган. Ал-Водиъийнинг «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ мимма лайса фи-с-саҳиҳайн» номли асарида Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг саҳиҳ ҳадис тўпламларига татимма сифатида қўшимча саҳиҳ ҳадислар тўпланган! Унинг Асбоб ан-нузул фанига бағишланган китоби «ас-Саҳиҳ ал-муснад мин асбоб ан-нузул» деб аталган бўлиб, Риёзда 188 саҳифалик қилиб нашр этилган. Асарда оятларнинг нозил бўлиш сабаблари айтилган саҳиҳ ҳадис ва ривоятлар жамълашга ҳаракат қилинган. Бу китоб «Асбоб ан-нузул» фанига бағишлаб ёзилган охирги китоблардан ҳисобланади. Қуръон Карим оятларининг нозил бўлиш сабаблари ҳақида сўз юритган олиму муфассирлар жуда кўп. Чунки ҳар бир муфассир улар ҳақида гапирмасдан иложи йўқ. Демак, оятларнинг нозил бўлиш сабаблари тўғрисида ҳар бир тафсир китобидан озми-кўпми маълумот олиш мумкин. Шунингдек, Қуръоний илмларга оид асарларнинг барчасида «Асбоб ан-нузул» ҳақида, албатта, гап боради.
***
Асбоб ан-нузул соҳасидаги энг машҳур асар муаллифи, шубҳасиз, Абул Ҳасан Али ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Маттуйа ал-Муттавий ал-Воҳидий ан-Найсобурий бўлиб, асли Эроннинг Нишопур шаҳридан. Нисбаси араб матнларида Найсобур, Нийсобур шаклида учрайди. Муттавий эса унинг катта бобоси Маттуйага нисбатан айтилган. У тижоратчилар оиласига мансублиги, боболари асли Сова шаҳридан бўлганлиги ҳам манбаларда қайд қилинган. Ал-Воҳидий нисбаси нима учун қўллангани маълум эмас. Ал-Воҳидийнинг туғилган йили маълум бўлмаса-да, вафот қилган йили 468 ҳижрий йили жумодий ал-охир ойи эканлиги айтилган. Бу 1076 милодий йилнинг январь ойига тўғри келади. Ал-Воҳидийнинг Абдураҳмон деган фақиҳ, ҳадисшунос укаси ҳам бўлган. Ёқут ал-Ҳамавий (1179-1229) «Мўъжам ал-булдон» асарида Абдураҳмонни 487/1095 йилда вафот қилганлигини ёзган. Ал-Воҳидий «Басит» асарининг муқаддимасида 9 ёшидан бошлаб илм оламига кириб келгани, Абул Фазл ал-Арузий олдида адабиёт илмини пухта эгаллагани, у ўқимаган девонлар қолмаганини қайд қилади. Абул Фазл ал-Арузийнинг олдида бир неча йиллар ўқиганидан сўнг устози унга «Энди етар, бас! Сен бутун дунё тан олган олим Абу Исҳоқ ас-Саълабий олдига бор ва ундан тафсир илмини ўрганиб, Аллоҳнинг китобига кириш!» деганидан кейин у Имом ас-Саълабий (вафоти 427/1036) олдида таҳсил олиб, тафсир илмини муфассал ўргана бошлайди. Шу орада у наҳв илмини Абул Ҳасан ал-Куҳандизий аз-Зарирдан ўрганади. Қўшимча равишда Абу Имрон ал-Мағрибий ал-Моликийдан дарс олади. Қуръонни тўғри ўқиш ва қироат илмини Абул Қосим Али ибн Аҳмад ал-Бустийдан ўрганган. Унинг олдида Қуръонни бир неча марта хатм қилиб ўқиб берган. Шунингдек, ал-Воҳидий Ибн Меҳрон (906-992), Абу Усмон Саид ибн Муҳаммад ал-Ҳийрий (XI аср), Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Форисий (XI аср) каби қироат илми билимдонлари олдида қироат илмини мукаммал эгалайди. Имом ас-Суютий (1445-1505) ўзининг «Табақот ал-муфассирийн» асарида Имом ал-Воҳидий кўплаб шогирдлар етиштирганини қайд қилади ва уларнинг энг машҳурларини санаб ўтади. Имом ал-Воҳидийга шогирд бўлганлар жумласига Аҳмад ибн Умар ал-Арғиёний ва Абдулжаббор ибн Муҳаммад ал-Ҳоварийлар ҳам кирган. Ибн Халликон (1211-1282) ўзининг машҳур «Вафийёт ал-аълом» асарида Имом ал-Воҳидийни «Ўз даврида тафсир ва наҳв устози, ўз таснифотлари билан бахтга эришган, одамлар асарларининг гўзаллигига тан берган, мударрислар ўз дарсларида уларни зикр қиладиган зот» деб таъриф беради. Ибн Халликон яна Ҳужжат ал-ислом Абу Ҳомид Муҳаммад ал-Ғаззолий (вафоти 505/1111) унинг асарларидан таъсирланганини ёзади. Маълумки, Ғаззолийнинг фиқҳга оид учта асари ҳам Имом ал-Воҳидийнинг тафсирга оид учта асарининг номи билан бир хилдир. Ибн Қози Шиҳба (вафоти 851/1448) «Табақот аш-Шофиия» асарида Имом ал-Воҳидийни наҳв ва луғатда имом,фақиҳ, шоир, тафсирда эса ягона зот, деб васф қилган. Ибн Абул Вафонинг «Жавоҳир ал-музиййа фий табақот ал-Ҳанафия» китобида Муҳаммад ибн Абу Бакр Абу Тоҳир ал-Бусанжий (XI аср охири – XII аср боши) зикрида айтилишича, «Ҳидояи шариф»нинг муаллифи Бурҳониддин ал-Марғилоний (вафоти 593/1197) ўзининг «ал-Машихат» асарида Абу Тоҳир ал-Бусанжий Марвда унга барча эшитган илмларида ижозат (шаҳодатнома) берганлигини айтган ҳамда устози ал-Бусанжийнинг Имом ал-Воҳидийнинг «Тафсир ал-Васит» асарини ўз қўли билан кўчирганлигини зикр қилган экан. Шунингдек, Бурҳониддин Марғилоний мазкур китобида ал-Бусанжий орқали Имом ал-Воҳидийдан Анас (610-712) розияллоҳу анҳунинг марфуъ ҳадисини ривоят қилган: «Шак йўқки, Аллоҳ таолонинг бир фариштаси ҳар намоз пайти нидо қилади: «Эй, Одам болалари! Ўз нафсларингизда ёққан оловларингизга туринглар-да, уни намоз ила ўчиринглар!» Мазкур нақлдан Имом ал-Воҳидийнинг ҳадис илмида ҳам ўз ўрни борлигини билиш мумкин. Имом ал-Воҳидийнинг илми ниҳоятда юксаклиги, ёзган асарлари жуда қадрли бўлиши билан бирга баъзи тарихчилар унинг салбий томонларини ҳам тилга олиб ўтганлар. Жумладан, Тожуддин ас-Субкий (вафоти 771/1370) ўзининг машҳур «Табақот ал-кубро» тазкирасида зикр қилишича, Абу Саъд ас-Самъоний (1113-1167) «Китоб ат-тазкира» номли асарида: «Гарчи ал-Воҳидий ҳурмату эҳтиромга лойиқ зот бўлса-да, лекин тили аччиқ одам эди», деб эслайди. Ёқут ал-Ҳамавий ҳам унинг ўтган уламоларга бепарволик билан кўплаб таъна қилганлигини ёзади. Шу билан бирга, Ёқут ал-Ҳамавий Имом ал-Воҳидийнинг илми буюклигини қайд қилиб, у ҳақда мана бундай шеър тарқалганини зикр қилган: Олам жамъ бўлди-ку бир кимсада, Бизнинг олимимиз таниқли ал-Воҳидийда! Имом ал-Воҳидий ўзидан ўнлаб асарлар мерос қолдирган бўлиб, барчаси эътиборли манбалар ҳисобланади. Биз уларнинг айримларини бу ерда қайд қиламиз: 1) «ал-Басит» – тафсирга оид асар бўлиб, Ибн Шиҳба айтишига қараганда 16 жилд бўлган. Унинг бир қўлёзмасини мусташриқ Карл Броккелман (1868-1956) Миср кутубхоналаридан бирида эканлигини эслатган; 2) «ал-Васит» – тафсирга оид бу асари «Басит»нинг 4 жилдга қисқарган шаклидир. Чунки асарнинг тўла номи «ал-Васит байн ал-мақбул ва-л-басит» деб аталган. Бу асарнинг қўлёзма нусхалари Германия, Ҳиндистон, Туркия, Миср ва Ҳалаб шаҳарларида сақланади. Унинг бир қўлёзма нусхаси Тошкентда Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида №3156 тартиб рақами билан сақланади; 3) «ал-Важиз» – тафсирга оид бу асар юқорида номлари тилган олинган китобларининг қисқарган мўъжаз шакли бўлиб, кичик бир жилд ҳажмидадир. Унинг қўлёзма нусхалари Туркия ва Миср кутубхоналарида мавжуд. Шунингдек, ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида унинг икки қўлёзма нусхаси №№ 5115, 6349 тартиб рақамлари билан сақланади; 4) «Китоб тафсир ан-Набий» – Ёқут ал-Ҳамавий тилга олган бу асарда Имом ал-Воҳидий Пайғамбар алайҳиссаломдан баъзи оятларга берилган тафсирларни бевосита саҳиҳ ҳадислар орқали етиб келганини жамълаган кўринади. Демак, китоб тафсир бил-маъсурнинг бир етук намунаси бўлган. Карл Броккелманнинг «Жомеъ ал-баён фий тафсир ал-Қуръон» деб атаган муаллифнинг асари шу бўлса керак ва унинг бир қўлёзмаси Эрон кутубхонасида сақланиши айтилган; 5) «Асбоб ан-нузул» – мазкур асарида муаллиф Қуръон оятларининг нозил бўлиш сабабларини таҳқиқ ва таҳлил қилади ва бу борадаги саҳиҳ ривоятларни тўплайди. Асарнинг қўлёзма нусхалари Англия, Германия, Миср, Ҳалаб кутубхоналарида сақланади. Асар бир неча марта нашр этилган; 6) «Китоб нафий ат-таҳриф ъан ал-Қуръон аш-шариф» – асарда Қуръони Каримни ўзгаришлардан, уни бузиб талқин қилишлардан сақлаш мақсадида баъзи кўрсатмалар берилган, айрим шахсларнинг оятлар маъносини нотўғри талқин қилганлари танқид қилинган; 7) «Китоб ад-даъовот» – асарда саҳиҳ ривоятлар орқали Пайғамбар алайҳиссаломнинг қилган дуолари жамъланган; 8) «ат-Танжиз фий асмоиллоҳ» – асарда Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари шарҳ қилинган. Кичик ҳажмли рисола бўлган; 9) «Тафсир асмо ан-Набий» – Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг исмлари бир жойга жамъланган ва уларга изоҳлар берилган; 10) «Китоб ал-мағозий» – Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ғазотлари тўғрисида саҳиҳ ривоятлар асосида сўз юритилган асар; 11) «Тафсир девони ал-Мутанаббий» – машҳур араб шоири Абу ат-Тоййиб ал-Мутанаббий (915-965)нинг девонига ёзган энг мукаммал ва муфассал шарҳ; 12)«Китоб ал-иғроб фи-л-эъроб» – наҳв илмига оид асар; 13) «Ҳурар ал-маоний» – балоғат илмига оид асари. Битта қўлёзма нусхаси Ленинградда сақланади; 14) «ал-Ҳовий ли-жамъ ал-маоний» – балоғат илмига оид муфассал асар. Қўлёзма нусхаларидан бири Эрон кутубхоналаридан бирида сақланади.
***
Оятларнинг сабабини билишнинг фойдасини Имом Абу Исҳоқ аш-Шотибий (вафоти 790/1388) иккита деб билган. Биринчидан, оятлар сабабини билиш Қуръони Каримнинг мўъжизакор эканлигини, инсониятни ожиз қолдирувчи, энг фасоҳатли ва энг балоғатли кимсаларни-да тонгу лол эттирувчи эканлигини англашдир! Иккинчидан, оятларнинг нозил бўлиш сабабларини билмаслик тафсир қилувчини шубҳа ва иккиланишлар гирдобига тушириб қўяди. Чунки оятларнинг нозил бўлиш сабабларига қараб, сўзларнинг маъносини тўғри ифодалаш, хитоб қилинаётган кимсаларнинг кимлигини билиш, оят кимлар ҳақида ва нималар тўғрисида ҳукм чиқараётганини билиш фақатгина унинг нозил бўлиш сабабини ўрганиш билангина бўлади. Шунингдек, ҳукмларнинг шариатга киритилишида Аллоҳ таолонинг қандай ҳикматлари борлигини билишнинг йўли ҳам оятларнинг нозил бўлиш сабабларига боғлиқ эканлигини айтиш ўринлидир. Бунда мўминнинг иймони зиёда бўлади, кофирларнинг эса иймон келтиришига замин ҳосил бўлади. Оятларнинг нозил бўлиш сабабларини билиш, аниқроғи, «Асбоб ан-нузул» илми ояти карималарнинг маъноларини аниқ ва чуқур билишда муҳим аҳамият касб этади. Бирор нарсага ёки кимсаларга хос оятларни хосланган ҳукм сифатида тушиниш, оятнинг зоҳирий маъноси билан чекланиб қолмаслик, кофирлар шаънида нозил бўлган оятларни мусулмонларга ҳам татбиқ қилмаслик, оятнинг нозил бўлиш сабабини билгандан кейин бирор илоҳий калима ёки иборани луғатан аниқ ифодалаш, оятнинг бирор сабабга боғлиқлигини билгандан сўнг оятнинг ҳукмини ўша сабабга боғлиқдир, деган фатво чиқариш, ва ниҳоят, оятнинг нозил бўлиши сабабини билганда уни ёд олиш, эслаб қолишнинг осон бўлиши каби фойдалари борлигини айтиб ўтиш керак. Имом ал-Воҳидий айтган: «Оятнинг тафсирини билиш унинг қиссасига нозил бўлиши сабабига воқиф бўлмасдан мумкин эмас». Ибн Дақиқ ал-Ийд (вафоти 702/1302) айтган: «Оятнинг нозил бўлиш сабабини баён этиш Қуръон маъноларини фаҳмлашда энг кучли йўлдир». Ибн Таймия айтган: «Оятнинг нозил бўлиш сабабини билиш оятни фаҳмлашни аниқлаштиради. Чунки сабабни билиш мусаббаб (сабаб қилинган)ни билишни келтириб чиқаради». Оятларнинг сабабини билиш жуда зарур ва лозим иш эканлигини саҳобаи киромлар ҳам айтганлар. «Асбоб ан-нузул»ни билишга интилиш, уни пухта ўрганиш саҳобалар давриданоқ бошланган эди. Тобеинлар, табъа тобеинлар ва улардан кейинги табақа вакиллари бу илмни шакллантириб олий даражага кўтардилар. Жумладан, Ибн Умар (612-693) розияллоҳу анҳунинг шогирди Нофеъ (вафоти 120/737)дан Ибн Умар ҳарурий (хавориж)лар тўғрисида қандай фикрдалар, деб сўралганда, у: «Ибн Умар уларни халқнинг энг ёмонлари деб билади, чунки улар кофирлар тўғрисида нозил қилинган оятларни мўминлар ҳақида ҳам деб изоҳ беришар эдилар», деб жавоб берган эканлар. Бу ривоятни Имом Бухорий ва Табарий (839-923)лар нақл қилганлар. «ал-Бурҳон фий улум ал-Қуръон» китобида айтилишича, Ибн Аббос (619-686) розияллоҳу анҳунинг халифа Марвон ибн ал-Ҳакам (623-685)нинг бир оятни нотўғри изоҳ қилганида, унга оятнинг нозил бўлиш сабаби бошқалигини айтиб, унинг изоҳини сабабга қараб тўғрилаб шарҳлаган экан. Ривоят қилишларича, Ҳазрати Умар (585-644) розияллоҳу анҳу ўз амакиваччаси Қудома ибн Мазъун (589-657)ни Баҳрайнга иш юзасидан жўнатган. У ердан Жоруд ибн ал-Муалло (вафоти 21/642) розияллоҳу анҳу келиб: «Қудома май ичиб, маст бўлди», деди ва айтган гапининг ростлигига Абу Ҳурайра (602-679) розияллоҳу анҳу гувоҳлик бериши мумкинлигини айтади. Ҳазрати Умар Қудомани чорлаб, унга дарра уришини айтганда, Қудома: «Аллоҳга қасамки, агар айтганларидек, май ичган тақдиримда ҳам, мени урмаслигингиз керак!» деди. Ҳазрати Умар: «Нима учун?» деганида, у Аллоҳ таолонинг «Иймон келтирган ва савобли ишларни қилганлар учун гуноҳ йўқдир...» (Моида сураси, 93-оят) оятини далил сифатида келтиради. Шунда Ҳазрати Умар унга: «Эй Қудома, сен таъвилни хато айтдинг, агар Аллоҳга тақво қилганингда эди, Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсаларидан узоқ бўлар эдинг!» дейди. Чунки бу ояти карима баъзи саҳобалар май ҳаром қилинмасдан аввал вафот қилиб кетган биродарларининг ҳоли нима бўлишини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган вақтларида нозил қилинган эди. Бу билан май ҳаромлиги қатъий билдирилган оят нозил қилинмасдан аввал май ичиб юриб, вафот қилиб кетган мусулмонларнинг гуноҳлари йўқлиги англатилган эди. Бу ривоятни Абдурраззоқ (вафоти 211/827) ва Байҳақийлар ишончли ровийлар орқали нақл қилишган. Тобеинларнинг улуғларидан, ҳадис илми ва тушлар таъбири бўйича таниқли зот Муҳаммад ибн Сирин ал-Басрий (вафоти 110/729) Қуръон ояти ҳақида сўраган бир кимсага: «Аллоҳдан қўрқ, тўғрисини айт! Қуръонни Аллоҳ нозил қилган нарса (сабаб)ларни биладиган зотлар (саҳобалар) ўлиб кетишди», деган экан. Демак, Қуръон оятининг нозил бўлиш сабабини аниқ билмагунча оятни шарҳлаш ёки унинг маъноси ҳақида гапириш жуда оғир иш эканлигини таниқли тобеин таъкидлаган эди. Исломий илмларнинг «Асбоб ан-нузул» деган соҳасини ўрганиш Қуръонни чуқур билишда, оятларни тўғри изоҳлашда ва замонавий талқинини беришда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу илмни билмаслик оқибатида араб тилини луғатан биладиган айрим «билоғон» кимсалар мушриклар, кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларни умумий қилиб талқин ва шарҳ қилаётгани ҳам сир эмас. Юқорида биз Ҳазрати Умар ва унинг ўғли Абдуллоҳнинг ривоятларида оятларнинг нозил бўлиш сабабларини билмаслик оқибатида келиб чиқадиган натижаларнинг нақадар оғир бўлишини билиб олдик. Инсон нузули сабабни билмасдан оят маъносини талқин қилса, эътиқодда адашиб, хорижий каби оқимларга қўшилиб қолиши ёки май ичиб фисқу фужурга берилиши мумкин экан. Биз ҳозирги даврда оятларнинг нозил бўлиш сабабларига эътибор бермасдан оятларнинг мазмунидан бошқача ҳукм чиқарилаётган ҳолатлардан иккитасини мисол тариқасида келтирмоқчимиз. 1. Баъзи кимсалар мулла ва имом домлаларнинг маърака ва чақириқларда Қуръон ўқиб дуои фотиҳа ўқиганларидан сўнг хонадон эгасининг ҳадя ёки эҳсон тариқасида олдига қўйган пул, тугунларини олишларини ҳаром дейишиб, унга далил сифатида Аллоҳ таолонинг: «Оятларимни озгина баҳога сотмангиз!» (Бақара сураси 41, 79, 174; Оли Имрон сураси 187, 199; Моида сураси 44; Тавба сураси 9-оятлар мазмунидан олинган) оятини келтирадилар. Ҳолбуки, ушбу ояти карима Бани Исроил ва ғайри динлар шаънида нозил бўлган бўлиб, уларга қарата айтилган эди. Ғайри динларнинг уламолари эвазига бериладиган озгина моли дунё деб, бир қанча ояти карималарни ўзгартирган эдилар. «Тафсири Насафийда келишича, «Таврот»ни эшитиб юрган яҳудлар ундаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сифатлари ҳамда ражм (зинокорни тошбўрон қилиш) оятини ўзгартиргандилар, деб хабар беради. Замонамиз муфассирларидан Шайх Абдулазиз Мансур қайд қилишича, Имом Бағавий (вафоти 510/1117) Бақара сурасининг 79-ояти тафсирида шундай ёзади: Муҳаммад алайҳиссалом Мадинага келганларидан кейин яҳудий уламолари ўз диндошларининг янги Пайғамбарга эргашиб кетмасликлари учун Тавротдаги Муҳаммад алайҳиссаломнинг сифатларига доир оятларни ўзгартирганлар. Масалан, ундаги «Юзи чиройли, сочи кўркам, кўзлари сурма тортилгандек қора, сарвқомат» деган жумлалар ўрнига «Новча, кўккўз, сочи силлиқ» деб ёзганлар. Демак, мусулмонларнинг имомлари Қуръон оятларини ўқиб пул олишларига мазкур ояти каримани далил сифатида асло келтириб бўлмайди. Унинг учун бошқа далиллар керак бўлади. 2. Баъзи кимсалар дуоларда тавассул этиш ҳаром деб Аллоҳ таолонинг кофирлар шаънида ва уларга хитобан нозил қилган Аллоҳ билан банда орасида бирор нарсани восита қилишлари баён этилган бир қанча ояти карималарни далил сифатида келтирадилар. Жумладан, мусулмонларнинг ўз дуоларида Пайғамбар алайҳиссалом ва баъзи авлиёларни тавассул қилаётганларини кўриб: «(Эй, Муҳаммад! Мушрикларга) айтинг: «Уни (Аллоҳни) қўйиб (илоҳ) деб гумон қилган (маъбуда)ларингизга илтижо этингиз-чи, улар сизлардан бирор зарарни арита олармиканлар ва (уни) буриб юбора олармиканлар?! Улар (илоҳ деб) илтижо қилаётганларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қайси биридир яқинроқ бўлишга йўл излайдилар...» (Исро сураси, 56-57 оятлар) ва «(Эй Муҳаммад! Мушрикларга) айтинг: «Сизлар Аллоҳдан ўзга (илоҳлар деб) гумон қилган (бут)ларингизга илтижо қилаверингиз! Улар на осмонларда ва на Ерда бир зарра вазнича (нарса)га эга эмасдирлар ва улар учун шериклик ҳам йўқдир ҳамда улардан Унга бирор мададкор ҳам йўқ (ва керак ҳам эмас)дир» (Сабаъ сураси, 22-оят) каби оятларни далил қилиб, тавассулни ҳаром, балки ширки акбар деб «ғавғо» кўтарадилар. Ҳолбуки, мусулмонлар тавассул деганда, Пайғамбар алайҳиссалом ва баъзи авлиёларнинг номини табаррук сифатида тилга олиб, уларнинг ҳурматидан дуоларини ижобат этишини Аллоҳнинг ўзидан сўраб, ўзига дуо қилишни тушунадилар ва шунга амал қилиб келадилар. Имом Бухорий ривоят қилишича, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ёмғир сўраб дуо қилганида Ҳазрати Аббос (вафоти 32/653) розияллоҳу анҳуни тавассул қилиб дуо қилган эканлар. Бундай тавассул қилишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари тавсия қилганлар. Усмон ибн Ҳаниф (тахминан, вафоти 44/665) розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, бир кўзи кўр кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келиб, «Кўзим очилиши учун дуо қилинг!» деди. Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам унга кўзи очилиши учун ушбу дуони ўргатдилар: «Аллоҳумма инний асъалука ва атаважжаҳу илайка бинабиййика Муҳаммадин набиййи-р-роҳмати. Ё Муҳаммаду! Инний атаважжаҳу бика ило Роббий фий ҳожатий ҳазиҳи ли-тақзийа лий. Аллоҳумма шаффиъҳу фиййа!» (Эй Аллоҳим! Албатта, мен Сендан сўрайман! Сенга Сенинг раҳмат Пайғамбари Муҳаммад Набийинг билан таважжуҳ қиламан! Эй Муҳаммад! Албатта, мен Сиз билан Роббимга ўзимнинг бу ҳожатим борасида юзланаман! Токи, менга ҳожатим равон қилингай. Эй Аллоҳим! Мен тўғримда ул Зоти шарифни шафоатчи қилгин!). У киши дуо қилган эди, Аллоҳ таолонинг ҳукми ва қудрати билан унинг кўзи очилди. Ушбу ҳадисни Имом ат-Термизий саҳиҳ деган. Имом ан-Насоий ва Ибн Можжа ҳам ривоят қилганлар. Имом Ҳоким (933-1015) «Мустадрак» асарида Шайхайн, яъни Имом Бухорий ва Имом Муслим (821-875) шартларига кўра мазкур ҳадисни саҳиҳдир, деган. Имом Байҳақий (вафоти 458/1066) «Далойил ан-нубувват», «Китоб ад-даъавот» асарларида саҳиҳ исноди билан ривоят этган. Асҳоби киром ўзларининг ҳожатлари учун ушбу дуони ўқишни одат қилган эдилар. Бундай дуо қилиш Сарвари коинот алайҳиссалом ват-таслимотнинг ҳаётлик даврларига хос эмас эди. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик вақтларига хос бўлганда эди, асҳоби киром унга амал қилмаган бўлардилар. Усмон ибн Ҳаниф розияллоҳу анҳунинг ўзи яна ривоят қилади: Усмон Зуннурайн (575-656) розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида бир кишининг халифага иши тушган эди. Халифанинг унга эътибор беришга вақти бўлмади. Усмон ибн Ҳанифга у киши бу ҳақда айтганида, унга Ибн Ҳаниф мазкур дуони ўргатди. Уни ўқиши билан халифа унинг ҳожатини раво қилишга киришди. Бу воқеани Имом Табароний (873-973) бир қанча йўллар ила мўътабар санад билан ривоят қилган. «Муъжам ул-кабир»нинг 15 жузъида Усмон ибн Ҳаниф таржимаи ҳолида булар зикр этилган. «Муъжам ус-сағир»да ҳам булар зикр этилган. Муҳаддислар бу ҳадисни «Ман кона лаҳу ҳожатун илаллоҳи таоло ав ило аҳадин мин холқиҳи» («Кимнинг Аллоҳ таолога ёки махлуқотидан бирор кимсага ҳожати бўлса») деган бобда зикр қилишган. Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий (вафоти 974/1567) «Ҳисн ал-ҳасин» китобида бундай дейди: «Кимнинг зарурий иши бўлса, бас, таҳорат қилсин. Таҳоратини гўзал адо қилиб, сўнг икки ракъат намоз ўқисин. Кейин «Аллоҳумма инний асъалука...» дуосини охиригача ўқисин!» Мавлоно Алий ал-қори (вафоти 1014/1606) ушбу асарга ёзган шарҳида «зарурий иши» сўзига изоҳ бериб: «Яъни бу Аллоҳга илтижо қиладиган ёки унинг халқидан бировга иши тушадиган ҳожати бўлса», дейди. Юқорида зикр этилган ҳадиси шарифларни далил қилиб аҳли суннат вал-жамоа уламолари тавассулни мутлақо жоиз дейдилар, яъни тирик одамни ҳам, ўлиб кетган одамни ҳам дуода тавассул сифатида тилга олиш мумкин. Бу ҳаром ёки ширк эмас. Чунки оят карималарда дуоларда Аллоҳдан бошқани қўшмаслик, ўртага восита аралаштирмаслик кабилар мушрикларга хитобан айтилган ва бунинг тавассулга алоқаси йўқ.
***
Оятнинг нозил бўлиш сабаби у бирор воқеа содир бўлган ёки бўлаётган ёхуд энди бўладиган ҳодиса вақтида унинг ҳукмини баён қилиб, хабари айтилиб келганидир. Янада аниқроғи сабаб иккита бўлади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида бўлиб ўтган ҳодиса ёки юзланган савол сабабидан Аллоҳ таоло тарафидан ўша ҳодиса баёнини ёки саволга жавоб бериш маъносидаги оятнинг нозил бўлишидир. Оятнинг нозил бўлишига сабаблар бир неча хил ҳолат бўлиши мумкин: 1. Бирор бир нохуш хато сабабидан оят нозил бўлиши. Масалан, маст одамнинг бошқаларга намозда имомга ўтиши ва натижада фотиҳа сурасидан кейин кофирун сурасида «Лаа» лафзини ташлаб ўқигани сабабли Нисо сурасидаги маст ҳолатда намозга яқинлашмаслик ҳақидаги буйруқ оятининг (Нисо сураси, 43-оят) нозил бўлиши каби. 2.Аллоҳдан бирор ҳукмнинг келишини ниҳоятда хоҳлаш ва исташ оқибатида оят нозил бўлиши. Имом Бухорий Ҳазрати Умар розияаллоҳу анҳунинг гапини келтирган: «Уч нарсада роббимга мен мувофиқ келдим. «Ё Расулуллоҳ, Иброҳим мақомини намозгоҳ қилиб олсак-чи!» дедим. Бақара сурасининг 125- ояти нозил бўлди. «Ё Расулуллоҳ, хотинларингиз олдига яхши ҳам, ёмон ҳам киради. Уларга ҳижобланишни амр қилинг!» дедим. Ҳижоб ояти нозил бўлди (Аҳзоб сурасидаги 53-оят). Рашк қилиб хотинлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жам бўлиб келишди. Мен уларга: «Агар Сизларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам талоқ қилсалар, шояд, Парвардигори унга Сизлардан яхшироғини кўрсатса!» дедим. Мана шундай маънодаги оят нозил бўлди (Таҳрим сурасидаги 5-оят). 3.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинган саволларга жавоб тариқасида оят нозил бўлиши. Саволнинг маъносига кўра учга ажратамиз. – Ўтиб кетган ҳодисага оид бўлиши мумкин. Масалан, Зулқарнайн ҳақидаги савол: Каҳф сурасининг 83-ояти. – Ҳозирда билиш зарур бўлган ишга оид бўлиши мумкин. Масалан, руҳ ҳақидаги савол: Исро сурасининг 85-ояти. – Келажакка оид бўлиши мумкин. Масалан, қиёмат ҳақидаги савол: Аъроф сурасининг 187-ояти. Юқорида биз бирор ҳодиса ёки савол сабабидан оят нозил бўлиши оятнинг нузул сабаби деган эдик. Шуни таъкидлаш лозимки, нозил бўлаётган оят ўша сабабдан сўнг дарҳол ёки бир неча муддатдан сўнг нозил бўлиши мумкин. Жумладан, қурайшликлар руҳ, Асҳоби Каҳф ва Зулқарнайн ҳақидаги саволга Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга эртага хабарини бераман» деганлар. Иншааллоҳ, демаганликлари учун адаб бериш маъносида Аллоҳ таоло бир оз муддат ваҳийни тўхтатиб қўйди. Расули акрам алайҳиссалом жуда қийин аҳволга тушиб қолдилар ва ниҳоятда сиқилдилар. Уч кун ёки ўн беш кун ёхуд қирқ кундан сўнг мазкур саволлларнинг жавоби ўлароқ ояти карималар ваҳий қилинди. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай деб адаб берди: «Бирор нарса ҳақида: «Мен, албатта, эртага шуни қилувчиман», дея кўрманг! Илло, «Иншааллоҳ, (Аллоҳ хоҳласа)» денг. Бу сўзни) унутган вақтингизда (ёдингизга келиши билан) Роббингизни зикр қилинг (яъни «иншоаллоҳ», денг) ва: «Шояд, Раббим мени бундан ҳам яқинроқ тўғри йўлга ҳидоят этса», денг!» (Каҳф сураси, 23-23- оятлар).
***
Оятларнинг нозил бўлиш сабабини билиш фақатгина саҳиҳ нақл билан бўлади. Ҳадис ёки саҳоба ва тобеинларнинг гаписиз ўзича оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида гапириш ҳалол эмас. Зотан, Имом ал-Воҳидий нақл қилганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ҳадис борасида тақво қилинглар, билган нарсангизнигина гапиринг. Зеро, кимки менга нисбатан қасддан ёлғон гапирса, жойини дўзахдан ҳозирлайверсин! Кимки Қуръонга илмсизлигидан ёлғон сўзласа, бас, жойини дўзахдан ҳозирлайверсин!» Шунга кўра, оятнинг нозил бўлиш сабаби саҳобадан нақл қилинган бўлса, у мақбулдир. Гарчи ушбу сабаб борасида саҳобалар ўртасида ҳар хил гап бўлса ҳам, барча саҳобалар сиқа-ишончли бўлганликлари боис уларнинг гапларини эътиборга олиш лозим бўлади. Шунингдек, тобеиннинг саҳобага суянмасдан ҳадис деб айтган гапи ҳам бу борада марфуъ ўлароқ мақбулдир. Зотан, оятнинг нозил бўлиш сабабини аниқ қилиб айтаётган тобеиннинг гапига ривоят исноди мукаммал етиб бораётган бўлса, уни қабул қилишдан ўзга илож йўқ. Чунки саҳобалардан таълим олган баъзи тобеинлар тафсир соҳасида етук муфассир даражасига етганлар. Макка тафсир мактабидан етишиб чиққан Саид ибн Жубайр (вафоти 95/714), Мужоҳид (вафоти 104/723), Икрима (вафоти 104/723), Товус (вафоти 106/725), Ато ибн Абу Рабоҳ (114/733), Мадина тафсир мактабидан етишиб чиққан Абул Олия (вафоти 90/709), Муҳаммад ал-Қуразий (вафоти 118/736), Зайд ибн Аслам (вафоти 136/754), Ироқ тафсир мактабидан етишиб чиққан Алқама ибн Қайс (вафоти 61/681), Масруқ (вафоти 63/683), ал-Асвад ибн Язид (вафоти 75/695), Мурра ал-Ҳамадоний (вафоти 76/696), Омир аш-Шаъбий (вафоти 109/728), Ҳасан Басрий (110/729), Қатода (вафоти 117/736) каби тобиъинлар табақасидан бўлмиш муфассирлар борки, уларнинг оятларнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида айтган гаплари бир-бирларини тўлдириб, қувватлаб келади ва эътиборга моликдир. Демак, саҳоба ва тобеинлар қавли, шунингдек, Қуръоннинг ўзида ва Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида, хусусан, тафсир китобларида оятнинг нозил бўлиш сабаби: «Оятнинг нозил бўлиш сабаби − мана бу» деган гапнинг сароҳатан айтилиши ёки оят нозил бўлиши сабаб бўлган ҳодиса баёнидан сўнг «демак,...» деган сўзнинг келиши ёхуд «Бу борада оят нозил қилинди» деган иборанинг ишлатилиши билан билиб олинади. Ровийнинг ҳикояти ичидаги ишорадан ёки «Мен бу оятнинг нозил бўлишига мана бу нарса сабаб бўлса керак, деб ҳисоблайман» каби иборалар оят нозил бўлишига ўша нарса сабаб бўлишининг эҳтимолини кучайтиради. Бироқ унга қўшимча далиллар керак бўлади.
***
Шуни билмоқ керакки, гоҳида оят битта бўлиб, унинг нозил бўлиш сабаби бир неча хилда кўрсатилиши мумкин. Бунда тўрт хил кўриниш бор: кўрсатилган сабабнинг биттаси саҳиҳ, биттаси ғайри саҳиҳ бўлади; иккови ҳам саҳиҳу, ривоят жиҳатдан бири бошқасидан устунроқ бўлади; иккови ҳам саҳиҳу, бир-бировидан устунлик йўқ, шунинг учун икковини ҳам биргаликда олиш мумкин бўлади; иккови ҳам саҳиҳу, бир-бировидан устунлик йўқ, бироқ икковини биргаликда олиш мумкин бўлмайди. Биринчи суратда кўрсатилган сабабнинг биттаси саҳиҳ, биттаси ғайри саҳиҳ бўлади. Саҳиҳ ривоят ғайри саҳиҳ ривоятни рад қилади ва саҳиҳ ривоят қабул қилинади. Имом Бухорий ва Имом Муслим ва бошқа муҳаддислар Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ёки икки кеча (тунги ибодатга) туролмаганликларидан шикоят қилдилар. Шунда бир аёл келиб, деди: «Ё Муҳаммад, Сизнинг Роббингиз фақат Сизни тарк қилганини кўрмоқдаман-ку!» Бас, Аллоҳ нозил қилди: «Қасамёд этурман чоштгоҳ вақти билан ва (ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун биланки, (эй Муҳаммад!) Роббингиз Сиздан воз кечгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқ!» (Зуҳо сураси, 1-3 оятлар). Табароний ва Ибн Аби Шайба (вафоти 235/849)лар Ҳафс ибн Майсара (вафоти 181/798)дан, у онасидан у эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимаси бўлган ўз онасидан ривоят қилишларича, кучук боласи Пайғамбар алайҳиссаломнинг уйларига кириб, сўри остида кириб ўлиб қолибди. Пайғамбар алайҳиссаломга тўрт кун ваҳий нозил бўлмасдан кечикди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Хавла, Расулуллоҳнинг уйида нима бўлмоқдаки, Жаброил менга келмай қўйди?» Бас, ўзимча: «Уйни тозалаб, суфуриб-сидирсам» дедим-да, супурги билан сўрининг тагини тозаламоқчи бўлдим, шунда кучун боласини чиқариб олдим. Пайғамбар алайҳиссалом келдилар, ияклари қалтирар эди. Қачон унга ваҳий нозил бўла бошласа, ул Зотни қалтироқ тутар эди. Шунда Аллоҳ «Ваззуҳо»ни «Фатарзо»гача нозил қилди. Бу ерда биз биринчи ривоятни оятнинг нозил бўлиш сабаби борасида иккинчисига нисбатан муқаддам тутамиз, чунки иккинчи ривоятнинг иснодида ровийлардан танилмаган кимса бор. Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний (вафоти 852/1449) ҳам шундай деган. Иккинчи сурат иккови ҳам саҳиҳу, ривоят жиҳатдан бири бошқасидан устунроқ бўлади. Биз бунда ривоят жиҳатдан устунроқ бўлган сабабни истеъмол қиламиз. Ровийлардан бири бошқасига нисбатан ўша оят нозил бўлишга сабаб бўлган ҳодисани ўз кўзи билан кўрган, мушоҳада қилган бўлиши мумкин. Унинг мисолини Имом Бухорий Ибн Масъуд (590-653) розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: «Мен Мадинада Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга кетаётган эдим. Ул Зот хурмо чивиғига суяниб олган эдилар. Шунда яҳудийлардан бир нафари ўтиб қолди. Улардан баъзиси Ундан (бирор нарса) сўранглар, деди, бас, «бизга руҳдан гапириб беринг!» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бироз муддат (жимгина) туриб қолдилар. Бошларини кўтарганларида, мен ул Зотга ваҳий келаётганини билдим. Ҳатто ваҳий тушиб бўлди, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (мана бу оятни) дедилар: «(Эй Муҳаммад!) Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ фақат Роббимнинг ишидандир». Сизларга эса оз илм берилгандир» (Исро сураси, 85-оят). Энди Имом Термизий (824-892) саҳиҳ деб Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: «Қурайш қавми яҳудийларга: «Бирон нарса берсанглар (ўргатсанглар), бу кимса (Расулуллоҳ)дан бир нарса сўрасак» дедилар. Бас, улар руҳ ҳақида ундан сўранг», дейишди. Улар шуни сўрадилар, Аллоҳ таоло: «Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар» оятини нозил қилди». Бу ердаги иккинчи ривоятдан ҳодиса Маккада бўлиб ўтгани билинмоқда. Оятнинг нузули Қурайшликларнинг саволи сабабли бўлгани айтилди. Биринчи ривоятда эса сароҳатан Мадинада бўлиб ўтган воқеа сабабли оят нозил бўлгани зикр этилди. Биринчи ривоят икки важҳдан иккинчисига нисбатан устунроқ ҳисобланади. Биринчисини ривоят қилган Имом Бухорий, иккинчисиники Имом Термизий. Имом Бухорийнинг ривоятлари барча муҳаддислар ривоятларидан устунроқ эканлиги ҳаммага маълум. Биринчи ривоятнинг ровийси Ибн Масъуд воқеанинг бошидан охиригача ўз кўзи билан кўрган ва шу жойда бўлган. Бу эса ривоятнинг афзаллигини билдиради. Иккинчи ривоят ровийси Ибн Аббос ўша қиссада иштирок этгани билинмайди. Мана шу далилларга суяниб, биз биринчи ривоятни устун деб ҳисоблаймиз ва оят нозил бўлиш сабабида ўша ривоятни қабул қиламиз. Учинчи суратда оят нозил бўлишига сабаб қилиб кўрсатилган ривоятлар саҳиҳлиги тенг бўлиб, уларнинг бир-биридан устун жиҳатлари йўқ. Шу билан бирга, ўша икки ривоятни ҳам қабул қилишимиз мумкин бўлади. Яъни икки воқеа бирданига ёки олдинма-кетин юз берган, унинг изидан дарҳол ёки тезда оят нозил қилинган бўлади. Сабабларнинг бир неча бўлиши уларни қабул қилмаслигимизга далил бўла олмаслиги мана шу ерда англашилади. Демак, бу суратдаги далилимизни Имом Бухорий Икрима (вафоти 13/634) орқали Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Ҳилол ибн Умайя ўз хотинини Шарик ибн Саҳмо билан тутиб олганликда Пайғамбар алайҳиссалом олдиларида айблади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳужжат ёки орқангга ҳадд (дарра)!» дедилар. У деди: «Ё Расулаллоҳ! Бизлардан бирларимиз хотинини бир киши билан тутиб олса, қачон қайтиб ҳужжат излаб юрар экан!» Бир ривоятда у деди: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, мен содиқ (тўғри гапирмоқда)ман. Кошки эди, Аллоҳ таоло менинг орқамни ҳаддан озод қиладиган (оятлар) нозил қилса!» Бас, Жаброил алайҳиссалом тушиб келди ва (мана бу) оятни нозил қилди: «Ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаган ҳолда ўз хотинларини (бузуқ деб) бадном қиладиган (эр)ларнинг ҳар бири ўзини, албатта, мен ростгўйлардан деб, Аллоҳ номига тўрт (марта) гувоҳлик бериши (талаб қилинади). Бешинчиси (яъни гувоҳлиги): «Агар ёлғончилардан бўлсам, менга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!» (дейишидир). «У, (яъни эрим) албатта, ёлғончилардан»,− деб Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бериши, ундан (аёлдан) жазони даф қилур. Бешинчиси (яъни гувоҳлиги): «Агар (эрим) ростгўйлардан бўлса, унда (менга) Аллоҳнинг ғазаби бўлсин!» (дейишидир)» (Нур сураси, 6-9 оятлар). Имом Бухорий ва Имом Муслим Саҳл ибн Саъд (614-710) розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Уваймир ибн Абяз (вафоти 11/633) Бани Ажлон қавмининг улуғи Осим ибн Адий (547-666) олдига келиб: «Хотинини бир кимса билан тутиб олган киши ҳақида нима дейсизлар, уни ўзи ўлдирадими ёки сизлар ўлдирасизми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда мен учун сўраб беринг», деди. Осим Пайғамбар алайҳиссалом олдиларига келиб: «Ё Расулаллоҳ!» деб уни сўради. Имом Муслим ривоятида Осим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраганида ул Зоти шарифга бу савол ёқмади ва уни айбладилар. Бас, Уваймир айтади: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўша саволни ўзим сўрагунимча тинчимайман!» Сўнг Уваймир келиб: «Эй, Аллоҳнинг элчиси! Бир киши хотинини бир кимса билан бирга топса, уни ўзи ўлдирадими ёки сизлар ўлдирасизларми ёхуд нима қиласизлар?» Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ Қуръонда сен ва соҳибанг (хотининг) ҳақида оят нозил қилар!» Бас, (ўшандан кейин оятлар нозил бўлганидан сўнг) икковига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ китобида айтган тарзда бир-бирларига лаънат айтишга буюрдилар, улар лаънат айтишишди». Мазкур икки ривоят саҳиҳ бўлиб, бирида бошқасидан устунлик жиҳати кўринмайди. Юқорида ўтган икки ҳодиса ҳам бир-бирига яқин вақтда содир бўлганини эътибор қилиб, икки ривоятни ҳам қабул қиламиз. Мана шундай қилганимиз бир ривоятни олиб, бошқасини олмагандан яхшироқ, албатта. Икковини тарк қилишга ҳам ҳаққимиз йўқ, чунки иккови ҳам саҳиҳ. Тўртинчи суратда иккови ҳам саҳиҳу, бир-бировидан устунлик йўқ, бироқ икковини биргаликда олиш мумкин бўлмайди. Чунки кўрсатилган сабаблар ораси бир-биридан узоқ бўлгани учун уларни бирга олиб бўлмайди. Шунинг учун оятни мана шу икки ривоят орқасидан бир марта ёки такроран нозил қилинган деб ҳисоблаймиз. Бунинг мисолини Имом Байҳақий ва Баззор (вафоти 292/905) Абу Ҳурайра (602-679) розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамза (568-624) розияллоҳу анҳу шаҳид қилиниб, бўлакларга бўлинган ҳолда унинг тепасида туриб дедилар: «Сенинг ўрнингга у (кофир)лардан етмиштасини поралаб ташласам». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам турар эканлар, Жаброил Наҳл сурасининг охирларини нозил қилди: «(Эй, иймон келтирганлар! Агар интиқом олмоқчи бўлсангиз, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз! Агар (интиқом олмай) сабр қилсангиз, албатта, бу сабр қилувчи кишилар учун яхшироқдир. (Эй, Муҳаммад!) Сабр қилинг. Сабр қилишингиз эса фақат Аллоҳ (ёрдами) билангина мумкиндир. Уларга (яъни мушрикларнинг қилмишлари сабабли) ғамгин бўлманг! Уларнинг макр қилишларидан сиқилманг ҳам! Зотан, Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир» (Наҳл сураси, 126-128 оятлар). Имом Термизий ва Ҳокимлар Убай ибн Каъб (вафоти 32/653) розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Уҳуд ғазоти бўлганда ансорийлардан олтмиш тўрт ва муҳожирлардан олти нафари шаҳид бўлди, улар орасида Ҳамза ҳам бор эди, уни пора-пора қилган эдилар. Ансорлар деган эдилар: «Агар бизга яна шундай кун (жанг қилиш имкони) келса, уларга зиёдаси билан жавоб берурмиз!» Макка фатҳи куни бўлганда, Аллоҳ «Ва ин ъоқабтум...» оятларини нозил қилди. Биринчи ривоятдан ояти карима Уҳуд ғазоти кунида нозл бўлгани англашилмоқда. Иккинчи ривоятдан эса Макка фатҳи куни оят нозил қилингани билинди. Бу икки ҳодисанинг орасида бир неча йиллар борлиги маълум. Орадаги вақтнинг узоқлиги учун икки ҳодисадан сўнг оят нозил қилинганига ҳам ишониш қийин. Шунингдек, оятнинг Уҳуд ғазотидан сўнг Макка фатҳи куни такрор нозил бўлгани ҳақида далилимиз ҳам йўқ. Баъзи уламолар Наҳл сурасининг ҳаммаси Маккий (Маккада нозил қилинган) сура, деганлар. Суранинг охирги уч ояти Маккада қайта нозил бўлган, дейдилар улар. Баъзи уламолар эса Наҳл сурасининг ҳаммаси охирги уч оятдан ташқари Маккада нозил қилинган, дейдилар. Оятларнинг такрор нозил қилинишида жуда катта ҳикматлар борлиги шубҳасиздир. Юқоридаги Наҳл сурасининг охирги уч оятининг мазмунида инсониятнинг амал қилиши лозим бўлган буюк ҳақиқатларга даъват мавжуддир. Бинобарин, мазкур уч оят қайта-қайта нозил қилиниши мусулмонларнинг амал қилишига, эслаб қолишига бир имкониятдир. Худди шундай, такроран нозил қилинган оятларнинг даражаси бошқаларидан анча улуғроқлигини таъкидлаш мақсадида ҳам оятлар қайта нозил қилиниши мумкин. Жумладан, Сураи Фотиҳанинг икки қатла нозил қилинишини эслашимиз мумкин. Имом ас-Суютий «ал-Иттиқон фий улум ал-Қуръон» асарида айтишига қараганда, Ихлос сураси ҳам Макка ва Мадина мушрикларининг саволига жавоб тариқасида икки марта нозил қилинган. Мана шу хилда руҳ ояти (Исро сураси, 85-оят), Рум сурасининг аввали ҳам такроран нозил бўлганини уламолар аниқлашган. Юқорида биз бир неча сабаб билан бир оят нозил қилинишини кўрдик, баъзида бир сабаб билан икки ва ундан кўп оятлар нозил қилинганига ҳам гувоҳ бўламиз. Бунда халқни ҳидоят қилиш, ҳожат вақтида ҳақиқатни баён этиш, одамларни ишонтириш каби ҳикматлар яшириндир. Бир сабаб билан икки оят нозил бўлганига мисол шуки, Ибн Жарир Табарий ва Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида айтилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарахт соясида ўтириб дедилар: «Яқинда сизларга шайтоннинг икки кўзи билан қарайдиган инсон келади, у келса, унга гапира кўрманглар!» Ҳали (саҳобалар билан бирга) туриб кетмовдилар, икки кўзи кўм-кўк киши келиб қолди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни чақирдилар ва дедилар: «Нима учун мени сен ва асҳобинг сўкдиларинг?!» У кимса кетиб, асҳоби билан қайтиб келди-да, айтганларига Аллоҳга қасам ичдилар, ҳатто (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) улардан (гуноҳларини) ўтдилар. Бас, Аллоҳ нозил қилди: «(Ёмон сўз) айтмадик, деб қасам ичадилар. Ваҳоланки, куфр сўзини айтганлар ва Ислом (динини қабул қилган)ларидан кейин (яна) куфрга қайтганлар ҳамда ета олмаган нарсаларига қасд қилганлар. Аллоҳ ва (Унинг) Расули уларни (Пайғамбар ва саҳобаларини) фазли (ўлжалар) билан бойитиб қўйгани учунгина (мунофиқлар) уларни ёқтирмадилар. Бас, агар тавба қилсалар, ўзлари учун яхши. Бордию бош тортсалар, Аллоҳ уларни ҳам бу дунё, ҳам охиратда аламли азоб билан азоблагай. Ер (юзи)да уларга на бир дўст ва на ёрдам берувчи бор» (Тавба сураси, 74-оят). Энди айни шу ҳикоятни Имом Аҳмад (780-855) ва Ҳокимлар ҳам келтириб, Аллоҳ бошқа бир ояти каримани нозил қилганини айтадилар: «У кунда (қиёматда) Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтирганда, улар худди сизларга ҳозир қасам ичаётганларидек, У Зотга ҳам қасам ичурлар ва ўзларига (қасамлари сабабли) бирор нарса (фойда) бўлади деб ҳисоблайдилар. Огоҳ бўлингизки, албатта, улар айнан ёлғончилардир! Уларни шайтон эгаллаб олиб, уларга Аллоҳнинг зикрини унуттирди. Ана ўшалар шайтоннинг ҳизби (гуруҳи)дирлар. Огоҳ бўлингки, албатта, шайтоннинг ҳизби зиён кўрувчидир!» (Мужодала сураси, 18-19 оятлар). Демак, юқоридаги битта сабаб билан бу ердаги икки сурадаги икки оят нозил қилинган экан. Битта сабаб билан иккитадан кўп оятлар нозил қилинган ҳолатлар ҳам бўлган. Бунга мисол тариқасида Имом Ҳоким ва Термизийлар Умму Салама розияллоҳу анҳонинг ҳадисини келтирадилар. У: «Эй, Расулуллоҳ! Ҳижрат борасида Аллоҳнинг хотинларни зикр қилганидан ҳеч нарса эшитмадим» деган. Шунда Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасидаги ояти каримани нозил қилган: «Бас, Парвардигорлари уларни (дуоларини) ижобат этиб, (деди:) «Албатта, Мен сизлардан амал қилувчининг – хоҳ эркак бўлсин ва хоҳ аёл бўлсин – амалини зое қилмасман. (Маккадан) ҳижрат қилган, юртларидан бадарға қилинган, Менинг йўлимда азият чеккан, жанг қилган ва қатл этилганларнинг гуноҳларини каффорат қилурман ва Аллоҳнинг мукофоти сифатида уларни остиларидан анҳорлар оқиб турадиган, абадий яшаладиган жаннат (боғлари)га киритурман. Аллоҳнинг ҳузурида (мўминлар) учун яхши савоблар (бордир)» (Оли Имрон сураси, 195-оят). Имом Ҳокимнинг яна бир ривоятида Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо деган: «Эй Аллоҳнинг элчиси, эркакларни (Сиз ва Аллоҳ таоло иккингиз кўпроқ) зикр қилаверасиз, аёлларни зикр қилмайсиз». Шунда Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасидаги 195-оят билан бирга бу оятни нозил қилган: «Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозели (камтар) эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутвчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақловчи эркаклар ва авратларини (ҳаромдан) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп зикр этувчи) аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб сураси, 35-оят). Имом Ҳоким яна бир ривоятида Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо деган: «Эркакларни ғазотга буюрсиз, аёлларни ғазотга юбормайсиз. Бизларга (эркакларга нисбатан) мероснинг ярми тегади...». Шунда Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасидаги 35-оят билан бирга мана бу оятини нозил қилган: «Аллоҳ бирингизни бирингиздан бирор неъмат билан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни (ҳасадгўйлик билан) орзу қилманг! Эркаклар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар, аёллар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар. (Ҳасад қилиш ўрнига) Аллоҳнинг фазлидан сўрангиз. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир» (Нисо сураси, 32-оят). Битта шахс туфайли бир неча оятлар нозил қилинган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Чунончи, ашараи мубашшара (ўн нафар жаннат башорати берилган зотлар) жумласидан бўлмиш Саъд ибн Аби Ваққос (590-674) розияллоҳу анҳу сабабидан Аллоҳдан тўртта ҳукм тушгани маълум. Буни Имом ал-Бухорий ўзининг «ал-Адаб ал-муфрад» асарида у зотдан нақл қилинган: Саъд ибн Аби Ваққос айтади: «Аллоҳ азза ва жалланинг китобидан мен ҳақимда тўртда оят тушган. Онам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан айрилгунимча емасликка ва ичмасликка қасам ичган эди. Бас, Аллоҳ таоло: «Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да,) дунёда яхши муомалада бўлгин...» (Луқмон сураси, 15-оят) оятини нозил қилди. Иккинчиси, мен (ўлжага тушган) бир қилични ушлаб кўрган эдим. У менга жуда ёқиб қолди, мени жуда ажаблантирди, шунда: «Эй Расулуллоҳ, бу қилични менга беринг!» дедим. Бас: «Сиздан (эй, Муҳаммад!) ўлжалар ҳақида сўрайдилар...» (Анфол сураси, 1-оят) нозил қилинди. Учинчиси, мен касал бўлиб қолдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. «Эй Аллоҳнинг элчиси, мен молимни тақсимлашни ирода қилдим. Ярмини (Аллоҳнинг йўлига) васият қилайми?» дедим. У (Зоти шариф): «Йўқ» дедилар. Мен эса: «Учдан бирини (васият қила қолай)» деганимда, сукут қилдилар. Шундан сўнг учдан бири (васият қилишда) жоиз бўлди. Тўртинчиси, мен ансорийлардан бир гуруҳи билан май ичган эдим. Улардан бир киши мени урди... Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига (шикоят қилиб) келдим. Шунда Аллоҳ азза ва жалла майни ҳаром қиладиган ҳукмларни нозил қилди». Худди шу тарзда бир неча оятларнинг нозил бўлишига сабаб бўлиш Ҳазрати Умарда ҳам содир бўлган. Қуръон ҳукмлари ва маъноларини таҳқиқ қилган уламолар баъзи оятларда сабаб хос бўлса ҳам, лафз умумий бўлиши ёки ҳукм умумий бўлиши мумкинлигини аниқлаганлар. Масалан, бировнинг «Денгиз сувига таҳорат олиш мумкинми?» деган саволига «Ҳа» ёки «Мумкин» деб берилган жавобда ўша киши ҳам, бошқалар ҳам денгиз сувига таҳорат олиши жоизлиги чиқади. Агар «Сенга мумкин» дейилса, фақат савол берувчига денгиз сувига таҳорат олиши мумкин бўлар эди. Ояти карималарда ҳам шундай ҳолатлар кузатилади. Мисол тариқасида Лайл сурасидаги оятларни келтириш мумкин: «Тақволи киши эса ундан (дўзахдан) узоқлаштирилур. Қайсики, у мол-давлатини (яхшилик йўлида) сарф қиладиган бўлса. Унинг (сарф қилувчининг) ҳузурида (зиммасида) бирор кимсага қайтариладиган неъмат йўқдир. У фақат энг олий зот бўлмиш Парвардигорининг «юзи»ни истаб (эҳсон қилур). (У) яқинда (қиёмат куни ато этилажак мукофотдан) рози бўлур» (Лайл сураси, 17-21 оятлар). Мазкур ояти каримадаги «тақволи киши» Абу Бакр Сиддиқ (571-634) розиялоҳу анҳу бўлиб, у Билол (вафоти 20/641) розияллоҳу анҳунинг сотиб олиб, озод қилгани учун назарда тутилаётган эди. Бироқ ҳукм умумий бўлиб, тақволи ҳар қандай кимса, Абу Бакр Сиддиққа ўхшаб иш тутса, унга оят каримада айтилган ваъдалар бўлади, албатта. Шунга ўхшаш зиҳор оятининг нозил бўлишига Авс ибн Сомит (583-655) розияллоҳу анҳу хотини Хавла бинти Ҳаким розияллоҳу анҳони зиҳор қилгани сабаб бўлган эди. (Бошқа ривоятда Салама ибн Сахр розияллоҳу анҳу ўз хотинини зиҳор қилган эди). Бироқ унинг ҳукми умумий бўлиб, хотинини зиҳор қилган барча мусулмонлар шу оятда кўрсатилган каффоратни тўлашга мужбурдирлар. Бироқ хос сабаблардан умумий маъно олишда фиқҳий мазҳаблар орасида баъзи ўринларда фарқ борлигини унутмаслик лозим. Шунинг учун хос сабаб билан нозил қилинган оятни хослаб олиш ёки уни умумий қилиб олиш ёки умумий лафз билан келган оятни хослаб олиш мумкинлигини тафсир, усули фиқҳ ва қўшимча фанларни чуқур ўрганиш орқали англанади. Оятларнинг нозил бўлиш сабабларини топишда баъзида ортиқча фикр билдиришлар ҳам учраб туради. Яъни баъзи бир Қуръоний қиссаларни ана шу оятларнинг нозил бўлиш сабаби деб аташ кўзга ташланади. Бу унчалик тўғри эмас. Масалан, Ҳабашларнинг Маккага келишларини Фил сурасининг нозил бўлиш сабаби, дейиш кабилар. Чунки бундай қиссалардан муқсад фақат улардан умматларга хабарлар бериш, огоҳлантириш, ибрат олиш кўзда тутилган. Қиссанинг ўзи оятнинг нозил бўлиши сабаби бўлмаган. Оятларнинг нозил бўлиш сабабларини ўрганган олимлар баъзи оятлар нозил бўлгандан анча кейин унинг ҳукми маълум бўлганлигини аниқлаганлар. Буни «оятнинг нузули ҳукмга муқаддам бўлиши» деб аталади. Яъни баъзи оятларнинг маъноси, ундаги ҳукм тушунарсиз, мужмал бўлиб туради-да, кейинроқ оятнинг нимага қаратилгани, унинг ҳукми аниқроқ ифодаланади. Бунга мисол тариқасида: «Нажот топувчи одам, ҳақиқатан, (куфр ва гуноҳлардан) пок бўлур» (Аъло сураси, 14-оят) ояти каримасини келтирадилар. Имом Байҳақий ривоят қилишича, Ибн Умар розияллоҳу анҳу ушбу ояти каримани рамазонда адо этиладиган фитр закоти ҳақида нозил қилинган, деган эканлар. Яъни нажот топувчи одам фитр закотини берур. Гап шундаки, Аъло сураси Маккада нозил қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада яшаган пайтлари ҳали рамазон ҳам, унинг фитр садақаси адо этиладиган куни ҳайит ҳам буюрилмаган эди. Демак, оятдаги ҳукм мусулмонларга кейинчалик аниқ маълум қилинган. Имом Бағавий (вафоти 510/1117) ҳам шу маънодаги бир мисолни келтиради: «(Эй, Муҳаммад!) Мана шу шаҳар (Макка) билан қасамёд этурман, ҳолбуки, Сиз шу шаҳарда мавжуддирсиз» (Балад сураси, 1-2 оятлар) ояти каримаси Маккада нозил қилинган. Гарчи ҳозирги ўзбек тафсирчи олимларимиз ояти каримадаги «ҳилл»ни «мавжуд», «муқим», «яшаган» маъноларида қўллашган бўлса-да, лекин унинг «ҳалол» маъноси ҳам бор. Оятнинг мазмунини «Тафсири Ибн Касир», «Тафсири Насафий» ва «Тафсири Ҳусайний»ларда: «Сиз, Эй Муҳаммад, Макка шаҳрига ҳалолсиз, яъни унда кофирларни маълум муддат ўлдиришингиз мумкин ва бошқа умматларга ҳалол бўлмаган ишлар ўша соатда сизга ҳалол бўлади», деган маънода қўллашган. Оятда тилга олинган «ҳилл»нинг маъноси оят нозил қилинганидан ўн йиллар ўтгандан сўнг Макка фатҳ этилган куни зоҳир бўлди. Ҳатто Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятида зикр қилинишича, ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кундузидан бир соат менга ҳалол бўлди. Аллоҳ ўз Расулига изн берди, сизларга бермади» деганлар. Яна бир мисол: «Яқинда ўша жамоат енгилиб, ортларига қараб қочиб қолурлар» (Қамар сураси, 45-оят) ояти каримаси Маккада нозил қилинган бўлиб, Ҳазрати Умар кўп вақтгача: «Бу оятдаги жамоат кимлигини билолмадим-да!» деб юрганлар. Бадр ғазоти кунида кофирларнинг енгилиб қочаётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ояти каримани унинг ҳақиқий маъносини очиш мақсадида ўқиган эканлар. Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳ (йўли)га даъват этган ва ўзи ҳам солиҳ амал қилиб, «Мен мусулмонлардандирман», – деган кишидан кўра ким чиройлироқ сўзловчидир?!» (Фуссилат сураси, 33-оят) деган ояти каримасини Оиша, Ибн Умар ва Икрима розияллоҳу анҳумлар муаззинлар ҳақида нозил қилингандир, деганлар. Ҳолбуки, оят маккия бўлиб, азоннинг ўзи Мадинада машруъ бўлган. Юқоридагилардан маълум бўлдики, баъзи ояти карималарнинг ҳақиқий маъноси ва ундаги ҳукм кейинчалик маълум бўлган. Бундай ояти карималарнинг ҳақиқий маънолари кейинги асрларда ҳам аниқланган ва уларнинг тўла маъноси ошкора бўлган. Жумладан, Қуръонда баён этилган баъзи илмий ҳақиқатлар ХХ асрга келибгина маълум бўлди. Зотан, Қуръони Каримнинг ҳукми қиёматгача юрадиган муқаддас китобдир. Унинг янги-янги маънолари бундан кейин ҳам очилиб бораверади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, баъзи оятларнинг ҳукми келмасдан бурун, яъни шаръан расмийлаштиришдан аввал унга амал қилиш олдинроқ бошланган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Таҳорат олиш, жумъа ўқиш кабиларни уммати Муҳаммадий анча йиллар бажариб юрган. Ушбу амалларнинг расман фарз бўлиши кейинчалик Мадинада содир бўлди. Шунга ўхшаш закот фарз бўлгандан сўнг тўққиз йил ўтиб масрифи закот ҳақидаги оятлар нозил қилинган. Демак, ўша даврдаги саҳобаларга закотни сарф қиладиган ўринлар маълум эди ва улар закотларини тўғри адо этишарди. Фақат мана шу амалларининг тўғрилиги шаръан оятлар ила расмийлаштирилди. Ҳаммаси бирданига нозил қилинган суралар, бўлиб-бўлиб нозил қилинган суралар ҳам борлигини билиб қўйган яхши. Зуҳо сураси иккига бўлиб нозил қилинган бўлса, Фотиҳа, Ихлос, Кавсар, Таббат, Лам якун, Наср, Фалақ ва Нос биргаликда бир қатлада нозил қилинганлигини уламолар зикр қилишган. Шунингдек, аксар вақт ваҳийни фаришта Жаброил алайҳиссаломнинг фақат ўзи келтирган бўлса, баъзида бир тўп фаришталар билан биргаликда келтирган. Жумладан, Фотиҳа сурасини саксон минг фаришта, Оят ал-курсийни ўттиз минг фаришта ҳамроҳлигида илоҳий ваҳий сифатида келтирилган эди. Шунга ўхшаш, баъзи ояти карималар ва суралар фақат бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган, баъзи оятларнинг мазмуни эса бошқа пайғамбарларга ҳам нозил бўлган эди. Фотиҳа сураси, Оят ал-курсий ва Бақара сурасининг охирги оятлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгагина нозил қилинган. Баъзи оятларнинг мазмуни Инжил, Таврот каби илоҳий китоблардаги маъноларга ўхшаш бўлиши ушбу оятлар ўтган пайғамбарларга ҳам нозил бўлганини билдиради.
***
Мадраса мударрислари ўз дарс бериш услубларида талабаларни қизиқтирадиган ҳар хил услубларни ишга соладилар. Уларнинг дарсни шавқ ва завқ билан тинглашлари учун, ўтилаётган дарсларини кўп вақтгача эслаб қолишлари учун ҳаракат қиладилар. Қуръони Каримнинг тиловати ва тафсири ҳақида бўлаётган дарсларда оятларнинг нозил бўлиш сабабларини гапириб бериш, уларга оят нозил бўлишга сабаб бўлган ҳодиса ва саволларни айтиб бериш талабаларда дарсга нисбатан завқ ва шавқни оширади. Дарс жараёни қизиқарли ўтади, ўтилаётган дарслар кўп вақтгача эсда қолади. Бинбарин, мударрис ва устозларга дарс жараёнида оятларнинг нузули сабабларини гапириб, айтиб бериш жуда фойдалидир. Имом хатибларнинг ваъз-насиҳат қилиш асносида ҳам бундай йўл тутиш тингловчиларга оятларнинг ҳукми тезроқ таъсир қилади, мавъизаларнинг таъсирчанлиги ошади. Демак, «Асбоб ан-нузул» фанининг тарбиявий аҳамияти ҳам беқиёсдир.
Фойдаланган манбалар
Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсир муаллифи: Шайх Абдулазиз Мансур. –Тошкент: «Тошкент ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2007. ¬–617 б. Абул Баракот ан-Насафий. Тафсир ан-Насафий. IV жилд. Ҳайъат ал-иғоса: Нўъмон Ташкандий нашри, 1988. –388 б. ва ҳоказо. Абул Фадо ибн Касир. Тафсир ал-Қуръон ал-азим. IV жилд. –Қоҳира: Дор ал-ғадд ал-жадид, 2004. –540 б. ва ҳоказо. Бадриддин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ аз-Заркаший. Ал-Бурҳон фий улум ал-Қуръон. IV жилд. – Электрон вариант: Мавқеъ Яъсуб. 446 б. ва ҳоказо. Ёқут ал-Ҳамавий. Мўъжам ал-булдон. VIII жилд. –Миср: 1906. –2518 б. Жалолиддин Абдураҳмон ас-Суютий. Буғйат ал-вуот фий табақот ал-луғавиййин ва-н-нуҳот. – Миср: 1908. –461 б. Жалолиддин Абдурраҳмон ас-Суютий. Ал-Иттиқон фий улум ал-Қуръон. Ибн Халликон. Вафийёт ал-аъён. II жилд. –Миср: 1892. –527 б. ва ҳоказо. Имом Бухорий. Ал-Адаб ал-муфрад. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2006. –480 б. Кoтиб Чалабий Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун. II жилд. –Истанбул: 1893. –1253 б. Манноъ ал-Қаттон. Мабоҳис фий улум ал-Қуръон. –Байрут: Муассасат ар-рисола, 1980. –400 б. Муҳаммад Абдулазим аз-Зарқоний. Маноҳил ал-ирфон фий улум ал-Қуръон. I-жилд. –Миср: Дор иҳё кутуб ал-арабия, 1943. –575 б. Тожиддин ас-Субкий. Табақот аш-шофиъия. VI жилд. –Миср: 1906. –340 б. ва ҳоказо. Ҳусайн Воиз ал-Кошифий. Тафсири Ҳусайний. –Бўмбай: Ҳайдарий матбааси, 1298. –955 б. Шамсиддин аз-Заҳабий. Табақот ал-ҳуффоз. IV жилд. –Ҳайдаробод: (йили кўрсатилмаган). –500 б. ва ҳоказо.
Ҳамидуллоҳ Беруний
|