Шоядки тақводор бўлсаларингиз (Ўн биринчи қисм) | ||||
|
Шоядки, тақводор бўлсаларингиз Ўн биринчи қисм «Сен у(масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир». (Тавба сураси 108-оят) Исломга зиён етказиш, куфрга хизмат қилиш, мўминлар орасига тафриқа солиш, Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши урушадиганларнинг кузатув жойи қилиш ниятида қурилган масжидда намоз ўқиш ҳеч қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўминларга тўғри келмайди. Уларга энг лойиқ жой бор. Ўша Масжидул Зирорнинг ёнгинасида дунёда биринчи бўлиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан тақво асосида қурилган Қубо масжиди турибди.
Ҳар бир иш тақво асосида, Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб қилингандагина мустаҳкам ва барчага фойда келтирадиган бўлиши мумкин. Ана шундай иш қилган одам таги қаттиқ ва ишончли ерга мустаҳкам бино қурган бўлади. «Эй, иймон келтирганлар, сизга яқин бўлган кофирларга қарши жанг қилинг. Улар сиздаги шиддатни кўрсинлар. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир». (Тавба сураси 123-оят) «Албатта, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ва Аллоҳ осмонлару ерда яратган нарсаларда тақво қиладиган қавмлар учун оят – белгилар бордир». (Юнус сураси 6-оят) Кеча-кундузнинг алмашиб туриши доимий жараён. Жуда ҳам улуғ бир жараён. Дунё бино бўлганидан бери бир хилда давом этиб келаётган жараён. У бир сонияга ҳам хато қилмайди. Кеча кириши муқаррар лаҳзада кеча киради. Кундуз бўлиши муқаррар лаҳзада кундуз бўлади. Ҳеч ким, ҳеч қандай куч бу жараёнга аралаша олмайди. Ҳаммаси Аллоҳнинг иродаси ва тадбири ила рўй беради. Аммо бу ишлар тинимсиз такрорланаверганидан, инсон бу жараёнга эътибор бермай қўйган, унинг қандай содир бўлаётгани, ким томонидан қилинаётгани ҳақида кўп ҳам фикр юритмайди. Агар фикр юритганида, шундай қудратли Аллоҳ Ўз бандаларидан бирига ваҳий юбориши мумкин эканлигига ажабланмас эди. Яъни чиндан ҳам шундай бўлса, Аллоҳдан қўрқмайсизларми? У сизга ризқ, қулоқ, кўз берган бўлса, ўликдан тирикни, тирикдан ўликни чиқараётган бўлса, борлиқдаги ҳар бир ишнинг тадбирини қилаётган бўлса, нимага Ундан қўрқмайсизлар? Нимага Унга иймон келтирмайсизлар? Нимага Унга ибодат қилмайсизлар?! Демак, Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун, аввало, У Зотга иймон келтириш; иккинчидан эса тақводор бўлиш, яъни Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳнинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўзи ўзига йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳга дўст бўлиш бахтидан маҳрумдир. |
Янгиланди ( 02.07.2017 19:17 ) |