Шоядки, тақводор бўлсаларингиз
Йигирма бешинчи қисм
«Ва зебу зийнату безакларни ҳам. Буларнинг ҳаммаси ҳаёти дунёнинг матоҳидан бошқа нарса эмас. Охират эса Роббинг наздида тақводорлар учундир». (Зухруф сураси, 35-оят)
Агар юқоридаги мулоҳаза бўлмаганида, Аллоҳ таоло мазкур нарсалардан ташқари ҳам, ўзига куфр келтирганларни зебу зийнату безакларга кўмиб ташлар эди. Аллоҳ таоло ўлчовида, Ислом ўлчовида молу дунё, зебу зийнат ана шундай қадрсиз, ўткинчи нарсадир. «Буларнинг ҳаммаси ҳаёти дунёнинг матоҳидан бошқа нарса эмас». Беш кунлик дунё ҳаёти тугаши билан ҳаммаси тугайди. Уни кўрган ҳам, кўрмаган ҳам бир бўлади. Ҳали буларнинг ҳисоб-китобини бериш ҳам бор. Аммо абадий роҳат, ҳақиқий неъмат диёри бўлган: «Охират эса Роббинг наздида тақводорлар учундир». Бинобарин, одамлар тақводор бўлиб яшашга ҳаракат қилсинлар.
«Ийсо очиқ-ойдин ҳужжат(мўъжиза)лар билан келган чоғида: «Батаҳқиқ, мен сизга ҳикматни келтирдим ва баъзи сиз ихтилоф қилаётган нарсаларни баён қилиш учун келдим. Бас, Аллоҳга тақво ва менга итоат қилинглар». (Зухруф сураси, 63-оят)
«Бас, Аллоҳга тақво ва менга итоат қилинглар», дедилар. Аллоҳга тақво қилмаслик оқибатида мазкур ихтилофлар келиб чиққан эди. Пайғамбарга итоат этмаслик оқибатида мазкур ихтилофлар келиб чиққан эди. Бас, энди у ихтилофларни йиғиштириб, Аллоҳга тақво қилинг ва менга итоат этинг, ана шунда иш яхши бўлади.
«Ўша кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирларига душмандир». (Зухруф сураси, 67-оят)
Қиёмат куни ҳамма ўз оқибатини билгач, гарчи бу дунёда ўзаро яқин дўст бўлса ҳам, бир-бирига душманга айланади. Чунки у дунёда бир-бирларини турли амалларга ундаган дўстларнинг дўзахга тушиб жазо тортишлари аниқ маълум бўлиб қолади. Ана ўшанда, ёмон билан дўст бўлганига афсусланиб, дўстлар дўстини ёқтирмай қўяди. Дўстлар душманга айланади. Бир-бирига маломат қилиб, сени деб шундай бўлди, дейишга ўтади. Фақат тақводор дўстларнинг оқибати хайрлидир. Чунки уларнинг дўстлиги Аллоҳ учун, тақво асосига қурилган эди. У дўстлар доимо яхши амалларни қилган бўладилар. Шунинг учун қиёмат куни бирга жаннатга тушадилар ва дўстликлари яна ҳам ортади. Ҳамда уларга қуйидагича нидо қилинади:
«Албатта, тақводорлар омонлик жойида». (Духон сураси, 51-оят)
Яъни тақводорлар бу дунёдан у дунёга ўтишда тотган ўлимдан бошқа ўлимни тотмайдилар, жаннатда абадий тирик қоладилар. Ҳамда Аллоҳ таоло уларни дўзах азобидан сақлайди.
«Албатта, улар сендан Аллоҳ томонидан бўладиган ҳеч бир нарсани арита олмаслар. Ва, албатта, золимлар бир-бирларига дўстдирлар. Аллоҳ тақводорларнинг дўстидир». (Жосия сураси, 19-оят)
Яъни, албатта, ўша билмайдиган, ўз ҳавойи нафси йўлига бошлайдиганларнинг гапига кириб, Аллоҳнинг айтганидан юз ўгирсанг, улар сендан Аллоҳнинг ҳеч бир азобини арита олмайдилар. Шунинг учун сен уларнинг айтганига зинҳор юрма. Улар билан яқин ҳам бўлма. «...албатта, золимлар бир-бирларига дўстдирлар.» Тақводор одам ҳеч қачон золим – кофир билан дўст бўлмайди. «Аллоҳ тақводорларнинг дўстидир.» Бу дўстлик билан ҳар қанча фахрланса арзийди.
Ё Робб, биз ҳаёти дунё матоҳини охиратдан устун қўймаймиз, Ўзингга тақво қиламиз ва Пайғамбаринг соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қиламиз, Ўзинг охиратимизни обод қилгин, бизларни омонда қилгин. Аллоҳим, бу дунёда бизларга тақводор дўстларни насиб қилгин, зеро Қиёматда тақводорлардан бошқаси бир-бирларига дўст бўлмаслар. Жаннатда бир-бирини топа олмай қолганда, Аллоҳдан фалончи дўстимни топиб бер, деб истайдиган муттақийлардан қилгин. Ё Валий, бизларни ҳам Ўзингга дўст бўлишга лойиқ бандаларингдан қилгин. |