Шоядки, тақводор бўлсаларингиз
Йигирма учинчи қисм
«Уларга: «Олдингиздаги нарсадан ва ортингиздаги нарсадан қўрқинг. Шояд, раҳм қилинсангиз», дейилганда». (Йаасийн сураси, 45-оят)
«Ўшанда у қавмига: «Тақво қилмайсизми?!» (Соффаат сураси, 124-оят)
Аллоҳ томонидан Пайғамбар қилиб юборилган Илёс алайҳиссалом, бошқа пайғамбарлар каби, қавмларини тақвога, Аллоҳнинг ибодатига чақирдилар. «Ўшанда у қавмига: «Тақво қилмайсизми?!» – деди.
Илёс алайҳиссалом қавмларини тақводор бўлишга чақирдилар. Шунингдек, қавмларининг Аллоҳга ширк келтириб, «Баъл» номли санамга сиғинишларини инкор этдилар.
«Йўқ! Биз иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларни ер юзида бузғунчилик қилувчилар каби қилармидик?! Йўқ! Биз тақводорларни фожирлар каби қилармидик?!» (Сод сураси, 28-оят)
«Биз тақводорларни фожирлар каби қилармидик?!» Улар билан булар айри-айри муомала кўрадилар. Тақводорлар тақволарига яраша охиратда жаннатнинг олий даражаларига эришадилар. Фожирлар дўзахнинг энг қаърига тушиб, анвойи азоблар билан азобланадилар. Мўминлар ва кофирларга бир хилда муносабатда бўлиш Аллоҳ таолонинг ҳикматига ҳам, адолатига ҳам тўғри келмайди. Итоаткор, тақводор банда мукофотланиши, осий, фожир банда жазоланиши керак. Бунинг учун эса охират, қиёмат, ҳисоб-китоб бўлиши зарур. Чунки ҳамма тақводор ҳам ўзига яраша мукофотни бу дунёда тўлиқ олмайди. Адолат тўла юзага чиқиши учун охират керак. Охиратда эса юқорида зикр этилганидек, ҳар кимга ўзига яраша муомала қилинади.
«Сен (Менинг тарафимдан): «Эй, иймон келтирган бандаларим! Роббингизга тақво қилинг. Бу дунёда гўзал амал қилганларга гўзаллик бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур», деб айт». (Зумар сураси, 10-оят)
Мўмин кишининг иймони унинг тақводор бўлишини тақозо этади. Тақвосиз мўмин бўлиши тасаввурга сиғмайди. Чунки иймон билан тақво бир-бирига боғлиқдир. Иймон ҳам, тақво ҳам инсон қалбида бўлади. Иймон Аллоҳга ишониш ва Унинг айтганига юришдир. Тақво эса доимо Аллоҳни ҳис қилиб туриш ва Унинг амрларини бажаришдир. «Эй, иймон келтирган бандаларим! Роббингизга тақво қилинг.»
«Улар учун тепаларидан ҳам оловдан «соябонлар» бор, остларидан ҳам оловдан «соябонлар» бор. Бу билан Аллоҳ Ўз бандаларини қўрқитур. «Эй бандаларим, Менга тақво қилинглар!» (Зумар сураси, 16-оят)
«Лекин Роббиларига тақво қилганлар учун болохоналар устидан болохоналар бино қилингандир. Остларидан анҳорлар оқиб турур. Аллоҳнинг ваъдаси − шу! Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас». (Зумар сураси, 20-оят)
Яъни тақводор бандалар учун жаннатда олий мақом – баланд-баланд хоналар бино қилингандир. Устма-уст, яна ҳам олий мақом, яна ҳам баланд хоналар бино этилгандир. Уларнинг «Остларидан анҳорлар оқиб турур». Ўша олий мақом, устма-уст қурилган биноларнинг остидан сувлар оқиб туради. Тақводор бандалар учун берилган: «Аллоҳнинг ваъдаси − шу! Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас».
«Ахир қиёмат куни золимларга, касб қилиб юрган нарсангизни тотиб кўринг, дейилганида ёмон азобдан юзи ила сақланадиган одам (мўмин ила тенг бўлармиди)?!» (Зумар сураси, 24-оят)
«Арабча Қуръонни эгриликсиз қилиб (туширдикки), шоядки, тақво қилсалар». (Зумар сураси, 28-оят)
Араб тилида тушган ушбу Қуръонда ҳеч бир эгрилик, хато, нотўғрилик йўқдир. У ўзига яқин бўлган кишининг тақводор бўлишини таъминлайди.
Ё Аллоҳ, олдилари ва ортларидаги нарсалардан қўрқадиган бандаларингдан бўлайлик. «Биз тақводорларни фожирлар каби қилармидик?!» дединг, ваъданг ҳақдир. Аллоҳ, Сен бизларни тақво қилишга, гўзал амаллар қилишга ва сабр қилишга буюрдинг, эшитдик ва итоат қилдик деймиз. Бандаларингни «Тақво қилинг!» деб қўрқитадиган оловдан бўлган соябонлардан бизни асрагин. Бизларга тақводорларга аталган жаннатдаги болахоналар ва анҳорларни насиб айлагин. Ё Робб, юзларимизни ёмон азобдан сақла! Эгриликсиз қилиб туширилган Қуръон ҳидоятидан барчамизни баҳраманд айла!
|