Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аҳзоб сураси Мадинада нозил бўлган. Бу сура ўз ичига кўпгина шаръий аҳком ва одобларни олган бўлиб, айниқса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва у кишининг оила аъзоларига тегишли ҳукмлар ҳам келган. Ушбу сурада беш марта «Эй Набий» хитоби келади. Баъзи хитоблар Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қаратилган бўлса-да, умматларига ҳам умумийдир. Баъзи хитоб ўзларига хос бўлиб, яна баъзиси аҳли аёллари ва мўминаларга ҳам қаратилган. Келинг, биринчи хитобга назар солайлик: «Эй Набий! Аллоҳга тақво қил ва кофиру мунофиқларга итоат этма! Албатта, Аллоҳ ўта олим ва ўта ҳикматли Зотдир». (Аҳзоб сураси 1-оят)
Аллоҳ таоло бошқа набийларга исмлари ила хитоб қилган. Мисол, «Эй Нуҳ», «Эй Мусо», «Эй Закариё» ва ҳакозо. Аммо Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га у Зотни исмларини айтиб хитоб қилмаган. У Зотни улуғлаб, шарафлаб, «Эй Расул» ёки «Эй Набий» дея нидо қилган.
«Эй Набий! Аллоҳга тақво қил». Ушбу амрдан Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни тақво қилмаганликларини тушунмаслик керак. Балки бу амрдан мурод, тақвода бардавом бўлишликни талаб қилишдир. Аллоҳ таоло бошқа бир ўринда: «Эй иймон келтирганлар...иймон келтиринглар» дейди. Бу дегани иймонингизда бардавом бўлинг, иймонингизни янада зиёда қилинг, деганидир. Яна Фотиҳа сурасида: «Бизни тўғри йўлга бошлагин», дейилади. Яъни бизлар ҳозир тўғри йўлдамиз, шу йўлимизда бизни собитқадам қилгин, деганидир.
Тақво қилиш Аллоҳдан қўрқиб, унинг амрларига итоат қилиш, қайтарганларидан қайтишдир. Кофиру мунофиқларга итоат қилмаслик ҳам Аллоҳга тақво қилишдандир. Лекин кофир ва мунофиқларга итоат қилмаслик ўта аҳамиятлик бўлганлиги сабабидан яна бир бор алоҳида таъкидланяпти. «Аллоҳ ўта олим ва ўта ҳикматли Зотдир». У Ўзининг ўта олимлиги ила ким Аллоҳга тақво қиляпти, ким қилмаяпти − яхши билади. Шунга кўра ўзининг ҳикмати ила чора кўради.
Иккинчи хитоб: «Эй Набий, жуфти ҳалолларингга: «Агар бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини ирода қилсангиз, келинглар, сизларни баҳраманд қилай ва чиройли бўшатиш ила бўшатиб қўяй. Агар Аллоҳни ва Унинг Расулини ва охират диёрини ирода қиладиган бўлсангиз, бас, албатта, Аллоҳ сизлардан гўзал амал қилгувчиларга улуғ ажрни тайёрлаб қўйган», деб айт». (Аҳзоб сураси 28 – , 29-оятлар)
Ояти каримадаги маъно тушунарли бўлиши учун кейинги оятни ҳам қўшиб келтирдик. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нима учун бундай хитоб бўлганининг сабабини билиш учун бир ривоятни келтирамиз:
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал бу ҳақда Жобир (розияллоҳу анҳу)дан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Расулулоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига кириш учун келганларида, одамлар у Зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг эшиклари олдида туришган эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ичкарида ўтирган эдилар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)га изн берилмади. Сўнгра Умар (розияллоҳу анҳу) келди ва изн сўрадилар, унга ҳам изн берилмади. Кейин Абу Бакр ва Умар (розияллоҳу анҳумо)ларга изн берилди, улар ичкарига кирдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) жим ўтирардилар. Умар (розияллоҳу анҳу) (ўзича) бир гап қилай, шояд, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хурсанд бўлсалар, деб: «Эй, Аллоҳнинг Расули, Зайднинг қизи (Ҳазрати Умарнинг хотини) ҳозиргина мендан нафақа сўраган эди, бўйнига боплаб туширдим!» дедилар. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кулиб юбордилар, тишлари кўриниб кетди. Сўнгра: «Манавилар ҳам атрофимни ўраб олиб, нафақа сўрашмоқда», дедилар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Оишани ургани ўринларидан турдилар. Умар (розияллоҳу анҳу) Ҳафсани ургани турдилар. Икковлари ҳам: «Расулуллоҳдан у кишининг ҳузурларида йўқ нарсани талаб қиласизларми?» дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларни қайтардилар. Шундан сўнг «хиёр» деб номланган ушбу икки оят нозил бўлди: «Эй Набий, жуфти ҳалолларингга: «Агар бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини ирода қилсангиз, келинглар, сизларни баҳраманд қилай ва чиройли бўшатиш ила бўшатиб қўяй», деб айт. Яъни ҳаёти дунё матоҳларидан керагини берай-да, сизларни талоқ қилай. «Агар Аллоҳни ва Унинг Расулини ва охират диёрини ирода қиладиган бўлсангиз, бас, албатта, Аллоҳ сизлардан гўзал амал қилгувчиларга улуғ ажрни тайёрлаб қўйган», деб айт». Ушбу икки оятдаги буйруққа биноан, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар бир аёлларига ё бу дунё ҳаёти ва унинг зийнатини ёки Аллоҳ, Унинг Расули ҳамда охиратни ихтиёр қилишини сўраб чиқишлари керак эди. У Зоти бобаракот бу ишни Оиша онамиздан бошладилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Оиша онамизга: «Мен сенга бир ишни айтаман. Шошилмасдан, ота-онанг билан маслаҳат қилиб жавоб бергин», дедилар. Оиша онамиз: «У қандай нарса?» дедилар. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Эй Набий, жуфти ҳалолларингга...» оятини ўқиб бердилар. Оиша онамиз: «Сиз ҳақингизда ота-онам билан маслаҳат қиламанми?! Йўқ! Мен Аллоҳни ва Унинг Расулини ихтиёр қиламан. Сиздан илтимос, нимани ихтиёр қилганимни бошқа хотинларингизга айтмасангиз», дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ таоло мени қўпол қилиб эмас, муаллим ва енгиллатувчи қилиб юборган, улардан ким сенинг нимани ихтиёр қилганингни сўраса, айтиб бераман», дедилар. Кейин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) барча жуфти ҳалолларига икки ихтиёрдан бирини танлашга изн бердилар, ҳаммалари Оиша онамиз танлаган нарсани танладилар.
Учинчи хитоб: «Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳлик бергувчи, хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи Ва Ўз изни ила Аллоҳга даъват қилгувчи ҳамда нурли чироқ қилиб юбордик».
Аллоҳ таоло ушбу икки оятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг бешта сифатларини зикр қилмоқда. Ушбу сифатлар у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига юклатилган вазифалардан келиб чиққан. «Гувоҳлик бергувчи» ўз умматларига ва бошқа пайғамбарларнинг умматларига рисолат етқизилганлигини гувоҳлигини берурлар. «Хушхабарчи», Роббиларига итоат қилиб, буюрганини қилганлар ва қайтарганидан қайтганларга икки дунё саодатини, ажр-савобни, жаннат ва Роббиларининг розилиги башоратини берурлар. «Огоҳлантирувчи» Роббиларига куфр келтирган, ширк келтирган, осий бўлганларни азоб, ғазаб ва дўзахдан огоҳлантирурлар. Ўз изни ила «даъват қилувчи» ўзбошимчалик қилиб эмас, оламларнинг Роббиси изни ила халойиқни тўғри йўлга, ҳаққа, Ўзининг тавҳиди, итоати ҳамда ибодатига даъват этарлар. «Нурли чироқ», инсонларни жаҳолат зулуматларидан ҳақ нурига олиб чиқувчидирлар.
Тўртинчи хитоб: «Эй Набий, Биз сенга маҳрларини берган жуфтларингни, Аллоҳ сенга ўлжа қилиб берган қўл остингдаги(чўри)ларни, амакингнинг қизлари, аммаларингнинг қизлари, тоғангнинг қизлари, холаларингнинг қизларидан сен билан ҳижрат қилганларини ҳалол қилдик. Ва агар бир мўмина аёл ўз нафсини Набийга ҳадя этса, Набий уни никоҳлаб олишни ирода қилса, сен учун махсус ҳалол қилдик. Мўминларга эмас. Уларга жуфтлари ва қўллари остидаги мулк(чўри)лари ҳақида нимани фарз қилганимизни билурмиз. Буни сенга танглик бўлмаслиги учун қилдик. Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли Зотдир».
Эй Набий, биз Савда, Оиша, Ҳафса ва бошқа маҳрларини бериб уйланган аёлларингни сенга ҳалол қилдик. Урушда асир тушиб чўри бўлган аёлларни ҳам. Бу ўша пайтнинг ҳолатига кўра. София ва Жувайрия оналаримиз асирга тушганлар, лекин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларни озод қилиб кейин уларга уйланганлар. Мория номли чўрилари бўлган ва ундан ўғил кўрганлар. Қариндошларингдан никоҳи жоиз бўлган аёлларни ҳам ҳалол қилдик, сен билан ҳижрат қилиш шарти ила. Шунингдек, бир мўмина аёл келиб валийсиз, маҳрсиз, гувоҳсиз, валиймасиз ўз нафсини ҳадя қилса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хоҳласалар, ҳалолдир. Умму Шарийк, Хавла бинти Ҳаким, Лайло бинти ал-Хотийм (розияллоҳу анҳолар) ўзларини ҳадя қилганлар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга уйланишни хоҳламаганлар. Лекин охиргиси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос, мўминлар учун эмас. Мўминарнинг аёллари ва чўрилари ҳақидаги амрларини биламиз, маҳр, нафақа фарзлигини, тўрттадан ортиққа уйланиш мумкин эмаслиги каби амрлар ёдимиздан чиқмаган. Бу сенга қилган махсус ҳалолликлар, сенга кенглик, қулайлик бўлиши учундир. Аллоҳ мағфирати ва раҳмати ўта кенг бўлган Зотдир.
Бешинчи хитоб: «Эй Набий, жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт: жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳимли Зотдир».
Имом ибн Абу Ҳотим Умму Салама онамиздан қилган ривоятда у киши розияллоҳу анҳо: «Жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар» ояти нозил бўлганидан кейин, ансорийларнинг аёллари қора рангли кийим ёпиниб, худди бошларида қарға ўтиргандек сокинлик билан чиқардилар», деганлар.
Ушбу ояти карима тафсирида машҳур тафсирчилардан ал-Суддий қуйидагиларни айтадилар: «Мадина аҳлининг баъзи фосиқ одамлари кечаси бўлиши билан шаҳар кўчаларига чиқиб, аёлларнинг йўлларини тўсар эдилар. Мадина аҳлининг масканлари тор эди. Аёллар қазои ҳожатга кечаси ташқарига чиқардилар. Фосиқлар шуни кутиб турар эдилар. Кейин жилбоб ёпинган аёлни кўрсалар, бу ҳур экан, деб ўзларини тиядиган, жилбоби йўқ аёлни кўрсалар, бу чўри экан, деб унга ташланадиган бўлдилар».
«Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли Зотдир». Ушбу оят нозил бўлгунича ўтган амалларни Ўзи кечиради. Бу борадаги ҳисоб-китоб оят нозил бўлганидан кейин бошланади.
Одинахон Муҳаммад Юсуф
|