“Мумтаҳана” сураси 12-оят | ||||
|
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм «Эй Набий! Агар мўминалар сенга Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик, болаларини ўлдирмаслик, қўллари ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик ва сенга яхшилик ишда исён қилмасликка байъат қилиб келсалар, уларнинг байъатини қабул қил. Ва Аллоҳдан уларнинг гуноҳини кечишни сўра. Албатта, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи ва меҳрибондир». (Мумтаҳана сураси, 12-оят). Асмо бинту Сакан айтади: «Байъат қилувчи аёллар орасида эдим. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, қўлингизни беринг, сизга байъат қилайлик», дедим. Бас, Расулуллоҳ (алайҳиссолату вассалом) менга: «Албатта, мен аёлларга қўл бермайман. Лекин улардан Аллоҳ олганини оламан», дедилар. Уҳуд куни Ҳамзанинг қорнини ёрган Ҳинд бинт Утба аёлларнинг ичида ўзини танитмайдиган ҳолда қилиб олган эди. Уларга «Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, ўғрилик қилмаслик...»ни ўқиганларида, у ўзини танитмаган ҳолда: «Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Абу Суфён хасис одам, албатта, мен унинг молидан бир оз нарсани оламан. Ўша менга ҳалол бўладими, йўқми − билмайман», деди. Шунда Абу Суфён: «Ўтган вақтда олган нарсанг сенга ҳалол», деди. Бас, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кулиб юбордилар ва уни танидилар. Унга: «Албатта, сен Ҳинд бинту Утбамисан?» дедилар. У: «Ҳа, ўтган нарса учун афв қилинг, эй Аллоҳнинг Набийи, Аллоҳ сизни афв қилсин», деди. «Зино қилмаслик...»ни ўқиганларида: «Ҳур аёл ҳам зино қиладими?» деди. «Болаларини ўлдирмаслик...» ни ўқиганларида: «Уларни кичиклигида тарбия қилиб ўстирган эдик. Катта бўлганларида ўлдирдингиз. Сиз ҳам, улар ҳам билувчироқсизлар», деди. Ўғли Ҳанзала Бадр куни қатл қилинган эди. Шунда Умар кулди, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) табассум қилдилар. «Қўллари ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик...»ни ўқиганларида: «Аллоҳга қасамки, албатта бўҳтон қабиҳ ишдир. Аллоҳ фақат рушд ва карамли ахлоқларга буюрур», деди. «Ва сенга яхшилик ишда исён қилмаслик...»ни ўқиганларида: «Аллоҳга қасамки, нафсларимизда сизга бир нарсада исён қилиш бўла туриб бу мажлисимизга ўтирмадик», деди. Одинахон Муҳаммад Юсуф |