«Эй Пайғамбар, кофирлар ва мунофиқларга қарши жиҳод қил ва уларга нисбатан қаттиққўл бўл. Уларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон қайтадиган жой».
Навбатдаги хитоб Тавба сурасининг етмиш учинчи оятида келади. Тавба сураси, охирги нозил бўлган суралардан бўлиб, бошқа суралардан ўзининг баъзи хусусиятлари билан ажралиб туради. Бу суранинг аввалида басмала ёзилмагани ҳаммага маълум. Уламоларимиз бунинг сабабини, басмалада раҳмат ва меҳрибонлик сифатлари мавжуд бўлиб, Тавба сурасининг мазмунига тўғри келмайди, деб баён қилганлар. Тавба сураси кофир ва мунофиқларга нисбатан шиддатли муносабатларга бўлган амрларни ўз ичига олган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ваҳий келганидан кейин, у Зот Маккада эканликларида урушга амр қилинмадилар. Чунки мусулмонлар оз сонли ва заиф эдилар. Кофир ва мушликлар мусулмонларга озор беришдан тийилмаганларидан сўнг, мусулмонлар қочиб ҳижрат қилиб кетишга мажбур бўлдилар. Ҳижратдан ўтган тўққиз йиллик давр ичида кофир ва мушриклар билан мусулмонлар орасида йигирма марта уруш ва тўқнашувлар бўлди. Тавба сурасида шунингдек, Табук ғазоти тўғрисида, унга отланишга амр бўлганида мунофиқлар ўзларини қандай тутганликлари ҳақида гап кетади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) тўққиз йил ўтгунича, кофир ва мунофиқлага нисбатан юмшоқ муносабатда бўлдилар. Ушбу оят нозил бўлгач, у Зотнинг уларга бўлган муносабатлари кескин ўзгарди.
Аллоҳ таоло Ўз Расулига «Эй Набий» деб хитоб қила, у Зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га кофир ва мунофиқларга қарши жиҳод қилишга ва уларга нисбатан қаттиқ қўл бўлишга, бундан сўнг раҳм-шафқат қилмасликка амр қилмоқда. Кўпчилик муфассир уламолар бу оятдаги жиҳодни кофирларга нисбатан ҳақиқий маънода, мунофиқларга нисбатан мажозий маънода ишлатилганини айтганлар. Жумладан, Ибн Аббос: «Кофирларга қилич билан жиҳод, мунофиқларга тил билан жиҳод қилиш», деб тафсир қилганлар. Кофирларга қарши очиқ-ойдин жиҳод эълон қилиб чиқилаверилади. Аммо мунофиқларга бошқачароқ муносабатда бўлинади. Чунки куфр зоҳирийдир. Мунофиқлик эса ботинийдир. Шунинг учун ҳам бир неча бор саҳобийлар мунофиқларни бошларидан жудо қилиш учун шайланганларида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу ишдан ман қилиб: «Муҳаммаднинг асҳоблари бир-бирларини қатл қилибдилар», деган гап бўлишини хоҳламайман», деганлар.
Шунингдек, у Зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳузайфа ибн Ямонга мунофиқлар ҳақида кўплаб махфий сирларни айтганлар. Баъзида барчага ўзлари очиқ эълон қилганлар бўлсалар, баъзида мунофиқларга нисбатан чора-тадбирлар кўрганлар.
Одинахон Муҳаммад Юсуф
|