Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло «Софф» сурасининг олтинчи оятида: «Ийсо ибн Марям: «Эй, Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқлаш ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсла. Қачонки у (Аҳмад) уларга ҳақ билан келган вақтда эса бу очиқ-ойдин сеҳрдир, дедилар», дейди. Ийсо (алайҳиссалом) қавмга «Эй қавмим» деб хитоб қилмаганларини, балки «Бани Исроил» деб хитоб қилганларини мулоҳаза қиламиз. Чунки Бани Исроил бир муддатгина Мусо (алайҳиссалом)га, ҳаётлик даврларида қавм бўлдилар. Кўпроқ ўзларининг Бани Исроилликлари ила машҳур бўлганлар. Ийсо (алайҳиссалом) келганларида иймон келтириб у Зотга қавм бўлмаганлар. Ушбу ояти карима улкан масалаларни ўз ичига олади: Биринчи масала: «Ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқлаш учун...» келганман, демоқдалар. Масийҳий дини китобларида ҳам Ийсо (алайҳиссалом тилидан: «Мен номусни йўқ қилиш учун эмас, балки тўлдириш учунгина келдим», дейилган экан. Иккинчи масала: «...ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун...» келганман, демоқдалар. Аҳмад Пайғамбаримизнинг исмларидир. Аҳмад, Муҳаммад ва Маҳмуд исмлари Пайғамбаримизга ном бўлиб, шукр, мақтов маъносини англатувчи «ҳамд» сўзидан олингандир. Жубайр ибн Мутъим (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга бешта исмни айтдилар; «Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур. Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдига одамларни ҳашр этур. Мен Оқибман», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ўзларининг асосий исмларига қўшиб яна тўртта сифатларидан келиб чиқадиган исмларини ҳам тилга олмоқдалар: 1. Муҳаммад. Бу муборак исмнинг луғавий маъноси ҳамд-мақтов айтилгандир. Араб тилининг хусусиятларидан келиб чиқиб тилшунос уламолар, айни шу сийғадан, Муҳаммад сийғасидан мақтови тинмай янгиланиб турувчи деган маъно чиқади, дейдилар. Тарихчилар ривоят қилишларича, Омина онамиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ҳомиладорлик вақтларида туш кўрганларида болалари туғилганда «Муҳаммад» деб номлашлари кераклиги айтилган экан. Шунингдек, Абдулмуттолиб ҳам тушида ўз сулбидан одатдагидан бошқа улуғ мақомга сазовор бўладиган фарзанд туғилишига ишорат қилувчи ҳолатни кўрган экан. Икки тушнинг таъсирида ва келиннинг гапига биноан, Абдулмуттолиб набирасини «Муҳаммад» деб номлаган. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, ўша вақтгача арабларнинг ичида фақат уч кишига Муҳаммад исми қўйилган экан. Бир гуруҳ кишилар бир подшоҳнинг ҳузурида бўлишибди. У аввалги китоблардан хабардор экан. Подшоҳ суҳбат давомида Ҳижоз томондан Муҳаммад номли Пайғамбар чиқишининг хабарини айтибди. Меҳмонлар ичидан уч кишининг хотинлари ҳомиладор экан. Учовлари ҳам, хотиним ўғил туғса, исмини Муҳаммад қўяман, деб ният қилибдилар. Уларнинг хотинлари ўғил туғибди. Фарзандларни яхши ният билан Муҳаммад деб номлабдилар. Улар қуйидаги кишилар эканлар: Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Мужошеъ, Муҳаммад ибн Аҳижжа ал-Жаллоҳ ва Муҳаммад ибн Ҳимрон ибн Робиъалар. 2. Аҳмад. Бу муборак исмнинг маъноси кўп ҳамд айтувчидир. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Аллоҳ таолога кўп ҳамд айтишларига ишорат. Аввалги самовий китоблардаги башоратларда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг фақат «Аҳмад» исмлари келган. 3. Моҳий. Бу исмнинг маъносини Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ўзлари «Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур» деб баён қилиб бермоқдалар. Биз маҳв этишнинг ҳозирги пайтдаги кўпроқ ишлатиладиган маъносини оладиган бўлсак, ўчириб ташлаш маъноси тўғрироқ келса керак. Яъни Аллоҳ таоло Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васалла)м ила куфрни ўчириб ташлайди. 4. «Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдига одамларни ҳашр этур». Яъни Аллоҳ таоло қиёмат куни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қадамлари олдига ҳашр майдонида халойиқни тўплайди. 5. Оқиб. Бу муборак исмнинг маъноси ортдан келувчи деганидир. Чунки Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳамма пайғамбарларнинг ортидан охирги Пайғамбар бўлиб келганлар, у кишидан кейин ҳeч пайғамбар келмайди.
Ийсо (алайҳиссалом)нинг ушбу башоратлари Инжилда ҳам келган. Юҳанно Инжилида: «Агар менга муҳаббат қилсаларингиз, васиятларимни тутинглар: мен отадан сизлар билан абадий собит бўлиш учун форқилатни талаб қиламан», дейилган Лекин замон ўтиши билан роҳиблар кейинги нашрларда бу сўзнинг ўрнига бошқа сўз ишлатадиган бўлишган. Замондошларимиздан устоз Аҳмад Нажжор ғарб олимларидан бири доктор Карлу Нилинудан «Форқилат»нинг маъноси нима?» деб сўрасалар, у киши: «Роҳиблар «мъази» деб айтишади», дебди. Шунда устоз Нажжор: «Мен роҳибдан эмас, балки юнон тили фан доктори Карлу Нилинудан сўраяпман», деб рад қилибдилар. Фақат шу гапдан кейингина ажнабий доктор: «Бу сўзнинг асл маъноси «кўп шукр» – ҳамд, дебди. Сўнгра устоз Нажжор «Арабча «ҳамд» сўзининг «Аҳмад» шаклида ишлатилишига тўғри келадими?» десалар, доктор Карлу: «Ҳа», деб жавоб қилибди. Эътибор берадиган бўлсак, «Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун», дейиляпти. Расул (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг келишлари башорат, яъни бутун оламга суюнчи бўлишига ишора бор. Аҳли китоб ўзлари ҳам у Зотнинг келишларини иштиёқ билан кутишган. Лекин шунчалик башоратлар бўлса ҳам, «Аҳмад», яъни Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳақ дин билан Пайғамбар бўлиб келганларида, улар иймон келтирмадилар. У кишига чексиз ҳурматсизлик ва душманликлар қилдилар. У Зотнинг пайғамбарликларини сеҳр деб, ўзларини сеҳргар дедилар. Учинчи масала: Ийсо алайҳиссалом ўз тиллари билан, «Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», демоқдалар, худоман ёки худонинг ўғлиман, деганлари йўқ. Ийсо (алайҳиссалом)га келган масийҳий динига эътиқод қилувчи кишиларнинг ҳозирги ақийдаси бўйича, у зот худо ёки худонинг ўғли ҳисобланади. Бу эса мутлақо хато ва адашувдир.
Одинахон Муҳаммад Юсуф
|