Фотиҳа сурасининг 16 дан ортиқ номи бор. Имом Қуртубий тафсирида улардан ўн иккитасини санаб ўтган. Қуйида Фотиҳа сурасининг Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда келган исмларидан баъзилари келтириб ўтамиз: 1. Фотиҳатул Китоб (Қуръонни очувчи). Бундай номланишига сабаб, гарчи биринчи нозил қилинган суралардан бўлмаса-да, Фотиҳа сураси билан Қуръони Карим бошланади, тартиб бўйича суралар аввалида туради. Қисқа бўлишига қарамай, кўп маъноларни ўзида жамлагани учун Қуръони Карим маъносини очувчидир. Шунингдек, котиб ва хаттотлар нусха кўчиришда, намозхонлар намозга киришишда қироатни, аввал Фотиҳа сурасидан бошлайдилар. 2. Уммул Қуръон (Қуръоннинг онаси). «Уммун» сўзи арабча бўлиб, «она; асос; сабабчи» маъноларини англатади. Бу ерда ушбу сўз «асл» мазмунини англатиб келмоқда. Зеро, Фотиҳа Қуръоннинг аслини-асосини ўзида мужассам қилган. Макка шаҳри ҳам «Уммул қуро» (Қишлоқлар онаси ёки асли) деб юритилди. Чунки у барча диёрларнинг асоси бўлиб, қиёмат куни мана шу жойдан Ер қўпорилади. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломини ушбу сура билан бошлаган. Чунки у Қуръони Карим маъноларини ўзида жамлаган. Аллоҳ таолонинг қудратини қарангки, шу мўъжазгина сурага Қуръоннинг бутун маъносини жойлаб қўйган. Шунингдек, мазкур сура «Уммул Қуръон»нинг маъносини англатувчи «Уммул Китоб», «Асос» каби исмлар билан ҳам аталади. Ҳасан Басрий айтади: «Аллоҳ аввалги китобларнинг илмини Қуръонда жамлаган. Қуръоннинг илмини «Муфассал»да жамлаган. «Муфассал»нинг илмини Фотиҳа сурасида жамлаган. Бас, кимки ушбу суранинг тафсирини ўрганса, барча нозил қилинган китобларнинг тафсирини ўрганган бўлади» (Байҳақий «Шуъабул ийман»да ривоят қилган). Фотиҳа сураси бутун Қуръони Карим маъносини ўзида жамлаган деган жумлани қандоқ тушуниш керак? Ушбу фазилатли сура Аллоҳ таолога муносиб тарзда ҳамд айтиш билан бошланган. Ундан кейин тавҳид, ибодат, амру маъруф ва наҳий мункар, ваъда ва ваъидлар зикр қилинган. Маълумки, Қуръон асосан мана шу мавзуларни қамраб олган. 3. Сабъул масоний (етти такрорланувчи оят ёки етти оятдан иборат икки марта нозил қилинган сура). Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Фотиҳа сураси «Сабъул масоний»дир»(Доримий «Сунан»да ривоят қилган). Хоҳ фарз, хоҳ нафл бўлсин, Фотиҳа сураси намознинг ҳар бир ракъатида такрор-такрор ўқилади. Етти оятдан иборат ушбу қисқа сурани мўмин киши ҳар куни камида 30-32 марта такрорлайди. Агар бошқа нафл ибодатларни ҳам қўшсак, ҳисоб бундан ортиб кетади. Лекин шунча такрор қилинишига қарамай, Фотиҳа сураси, умуман, Қуръони Карим тиловатидан банда зерикмайди. Ҳар қанча фасоҳат ва нозик дид билан ёзилган шеър ҳам такрорланавергач, кишини зериктириши, қизиқишини сўндириши мумкин. Лекин Қуръони Карим бундай эмас. Уни ўқиган сайин кишининг муҳаббати зиёда бўлаверади. Мисол учун, мана шу Фотиҳа сурасини олиб қўрайлик. Кунига ўртача 30-32 марта қайтариладиган мазкур сурасини ёши 70-80 га чиққан киши неча бора такрорлашини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Баъзи муфассирлар айтишича, Фотиҳа сураси икки марта – биринчи бор Маккада ва сўнг яна бир бор Мадинада нозил қилинган. Шу сабаб ҳам «Сабъул масоний» – етти оятдан иборат икки марта нозил қилинган сура деб аталади. 4. Суратус солат (намоз сураси). Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг: «Аллоҳ таоло: «Намозни Ўзим ва бандам ўртасида иккига тақсимладим...» деган», деб айтганларини эшитганман» (Муслим ривояти). Баъзи уламолар: «Ҳадисда келган «намоз»дан мурод Фотиҳа сурасидир», дейишган. Молик, Аҳмад, Шофеий ва жумҳур фақиҳлар намоз дуруст бўлиши учун Фотиҳа сурасини ўқиш фарз, деганлар. Уларнинг ҳужжатлари қуйидаги ривоятлар. Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Фотиҳатул Китобни ўқимаган киши учун намоз йўқдир», дедилар» (Муттафақун алайҳ). Бу бобда шунга ўхшаш ривоятлар жуда кўп. Абу Ҳанифа эса намозда Фотиҳа сурасини ўқиш вожиб, деган фикрни билдирган. Нима бўлганда ҳам ҳар бир ракъатида Фотиҳа сураси ўқилмаган намоз мукаммал бўлмайди. Бунинг сабабини Фотиҳа сурасининг тафсирини ўрганиб чиққач, чуқурроқ англаб етамиз. 5. Суратул ҳамд (ҳамд сураси). Сабаби ушбу сурада ҳамд фақат Аллоҳгагина хос эканини таъкидлаш билан бошланган. Фотиҳа сураси кўпчилик орасида «Ал-ҳамду» сураси ҳам дейилади. 6. Ал-Қуръонул ъазийм (Улуғ Қуръон). Чунки Фотиҳа сураси ўзида Улуғ Қуръоннинг маъносини жамлаган. 7. Шифо. Абдулмалик ибн Умайр ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Фотиҳатул Китоб ҳар бир дардга шифодир», дедилар» (Доримий «Сунан»да ривоят қилган). Фотиҳа сураси, аввало, маънавий касалликларга, эътиқоддаги тойилиш ва залолатга шифо, қалб иллатларига даводир. Қолаверса, у танадаги касалликларни ҳам даволовчидир. Буни қуйидаги ривоят мисолида кўриб чиқамиз. 8. Руқя (дам солиш).
Абу Саид (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларидан бир нечтаси сафарга чиқди ва араблар тураржойидан бирида қўниб топиб, улардан меҳмон қилишларини сўрашди. Аммо (қабиладагилар) бундан бош тортишди. Шу орада ўша қабила бошлиғини (чаён) чақиб олди. Улар қўлларидан келган барча чораларни ишга солсалар-да, бирон наф чиққани йўқ. Шунда улардан бири: «Анави гуруҳ олдига боринглар. Шояд, уларда наф беридаган бирон нарса бўлса!» деди. Бас, улар саҳобалар олдига боришди ва: «Эй сизлар, қабила бошлиғимизни (чаён) чақиб олди. Ҳарчанд уринсак ҳам, бирон натижа чиқмади. Сизлардан биронтаси бунга даво топа оладими?» деди. Шунда (саҳобалардан) бирлари: «Ҳа, Аллоҳга қасамки, мен дам соламан. Лекин, Аллоҳга қасамки, биз сиздан меҳмон қилишингизни сўраганимизда, сизлар бош тортдингиз. Энди бирон мукофот тайин қилмагунингизча ҳаргиз дам солмайман» , деди. Бас, улар бир тўда қўй эвазига келишиб олишди. Ҳалиги киши «Алҳамду лиллааҳи роббил-ъаламийн» ни ўқиб, унга туфлаб (дам сола) бошлади. Бемор киши ҳеч нарса бўлмагандек соғ бўлиб қолди. Шундан сўнг (қабила бошлиғи): «Келишган аҳдингизни бажаринглар!» деди. (Саҳобалардан) бири: «Тақсимланглар!» деди. Дам солган киши бўлса: «Шошманглар! Аввал Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига бориб, бу нарсани у зотга айтайлик ва нимага буюришларини кутайлик”, деди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига етиб келиб, бўлган воқеани айтишганида, у зот (дам солган кишига қараб): «У (Фотиҳа) дам солиш (сураси) эканини қаердан билдинг?” деб сўрадилар ва кейин: «Тўғри қилибсизлар. (Қўйларни) тақсимланглар ва ундан менга ҳам улуш ажратинглар”, деб кулиб қўйдилар”(Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ва Дароқутний ривояти).Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тахминан ўттиз кишини сафарга юборган эдилар. Улар кечаси бир қавм манзилига тушдилар. Аксига олиб, қабиладагилар уларни меҳмон қилгилари келмади. Шу орада қабила бошлиғини чаён чақиб олди. Шунда қабиладаги баъзи кишилар саҳобаларда чаён чақишига шифо бўладиган нарса борлигини билиб қолишди ва улар олдига вакилларини юборишди. Қабиладагилар келиб ўз мақсадларини айтишгач, саҳобалардан бири туриб: «Ҳа, менда бунга даво бўладиган нарса бор. Мен дам соламан» , деди. Улар ўттизта қўй эвазига битим тузишди. Бас, у уч (ёки етти) марта Фотиҳа сурасини ўқиб, дам солди. Шунда чаён захридан бехуш ётган қабила бошлиғи ҳеч нарса кўрмагандек ўрнидан туриб кетди. Улар вазифани аъло даражада бажариб, қўйларни қўлга киритишди ва сут билан сийланишди. Кейин саҳобаларда ундан улуш олиш умиди пайдо бўлди. Аммо дам солган киши ҳали тақсимлашга эрта экани, аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бунинг, яъни дам солиш эвазига мукофот олиш ҳукмини билиш кераклигини таъкидлади. Улар Мадинага келиб, бўлиб ўтган ишни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам)га зикр қилишганда, у Зот дам солган саҳобийга қараб: «Фотиҳа сураси билан дам солишни қаердан биласан?» деб сўрадилар. У: «Қалбимга илҳом қилинди» , деб жавоб берди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) улар тутган йўл тўғрилиги, Фотиҳа сураси билан дам солиш ва бунинг эвазига ҳақ олиш жоизлигини айтдилар.
9. Асос (асл, манба). Бир киши Шаъбийга бел (ёки биқин) оғриғи билан шикоят қилди. Шунда у: «Сен ўзингга асосул Қуръон – Фотиҳатул Китобни лозим тутгин. Чунки мен Ибн Аббоснинг: «Ҳар бир нарсанинг асоси бор. Дунёнинг асоси − Макка. Чунки шу жойдан Ер қўпорилади. Осмонларнинг асоси − Ариба. У еттинчи осмондир. Ернинг асоси − Ажиба. У энг пастки – еттинчи қаватдаги ердир. Жаннатларнинг асоси − Адн жаннати. У жаннатларнинг энг яхшисидир. Дўзахнинг асоси − жаҳаннам. У еттинчи пастликда жойлашган бўлиб, барча табақалар унга асосланган. Инсониятнинг асоси − Одам. Пайғамбарларнинг асоси − Нуҳ. Бани Исроилнинг асоси − Яъқуб. Китобларнинг асоси − Қуръон. Қуръоннинг асоси − Фотиҳа. Фотиҳанинг асоси «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» дир. Агар бетоб бўлсанг, ўзингга Фотиҳани лозим тут. Шунда шифо топасан» , деганини эшитганман» , деди (Ушбу ривоятни Қуртубий тафсирда келтирган). 10. Канз (хазина).
Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Тўрт оят Арш остидаги хазинадан тушган. Улардан бошқа биронтаси тушмаган. Улар: «Уммул Китоб, – У Зот: «Албатта, у Бизнинг даргоҳимиздаги Асл Китобда (Лавҳул Маҳфузда) юксак (мартабали) ва ҳикматли (Китобда)дир» , деб айтган – Оятул курсий, Бақара сураси ва Кавсар (сураси)дир» (Табароний «Кабийр» да ривоят қилган).
Бундан ташқари, Фотиҳа сурасининг «Вофия» , «Кофия» , «Воқиа» , «Шофия» , «Нур» , «Суроту таълимил масъала» , «Суротул мунажат» , «Суротут тавфийз» каби исмлари ҳам бор.
Одилхон қори Юнусхон ўғли
|