Қуръон қироатига сакийна нозил бўлади | ||||
|
![]() Ал-Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Каҳф сурасини ўқир эди. Олдида иккита арқонга боғланган от бор эди. Уни булут ўраб олди ва айланиб яқинлаша бошлади. Оти ундан чўчиб қочди. Эрталаб бориб бўлган ҳодисани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берди. Шунда у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон тиловати учун тушган сакийнадир», дедилар. Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган. Шарҳ: «Сакийна»нинг бир неча маъноси бўлиб уларнинг ичида Аллоҳнинг раҳмати, хотиржамлик, виқор каби маънолари ҳам бор. Бу ривоятдаги маънонинг тафсилоти бошқа бир ҳадиси шарифда ҳам келади. Имом Бухорий ривоят қиладилар: «Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу кечаси Бақара сурасини ўқиётган эди. Яқинида оти боғлиқ турар эди. Бирдан от типирчилаб қолди. Қироатдан тўхтаган эди, от ҳам тўхтади. Яна ўқиган эди, от ҳам типирчилади. Ўғли Яҳё яқинида ухлаб ётарди. От босиб олмасин деб, бориб уни қўлига олди ва бошини осмонга кўтарди. Тонг отгандан сўнг ҳодисани Пайғамбар алайҳиссаломга сўзлаб берди. У Зот алайҳиссалом: «Ўқи, эй Ибн Ҳузайр», дедилар. У бўлса: «Эй Аллоҳнинг Расули, Яҳёни босиб олмасин, деб қўрқдим, унинг яқинида эди. Бошимни кўтариб, унинг олдига бордим. Осмонга қарасам, булутга ўхшаш нарса, ичида чироққа ўхшаган нарсалар ҳам бор. Уларни кўрмай деб, чиқиб кетдим», деди. Пайғамбар алайҳиссалом: «У нималигини биласанми?» дедилар. «Йўқ», деди. У Зоти бобаракот алайҳиссалом: «Улар сенинг овозингга келган фаришталар, агар тонг отгунча ўқийверганингда, одамлар уларга назар солса бўларди. Улар беркинмасдилар», дедилар». Бундан Қуръони Каримнинг қироати бўлаётган жойга фаришталар булут шаклида сакийна бўлиб тушар экан. Қуръони Каримни тиловат қилаётган, Қуръони Каримни тинглаётган кишилар доимо ўзларининг бошлари устидан сакийна – фаришталар нозил бўлиб туришини унутмасликлари керак. Улардан ўша улуғ мақомга муносиб бўлмоқлик матлубдир. |