«Албатта, Аллоҳнинг китоби(Қуръон)ни тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотди (яъни улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон, Аллоҳдан ажр-мукофот бўлиши) дан умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва ўз фазлу карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта, У мағфиратли ва шукр қилувчи (озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилувчи)дир» (Фотир, 29-30). Оиша (розияллоҳу анҳо) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай дедилар: «Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори улуғ фаришталар билан бир мақомдадир, тили қийналиб тиловат қилувчига эса икки баравар кўп ажр бўлади» (Бухорий ва Муслим ривояти). Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шундай деганларини ривоят қилади:
«Қуръонни қироат қилувчи мўмин худди апельсинга ўхшайди, унинг ҳиди ҳам, мазаси ҳам яхши. Қуръонни ўқимайдиган мўмин эса хурмо кабидир, унинг ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин. Қуръонни ўқийдиган мунофиқ хусусига келсак, у райҳон каби хушбўй, аммо мазаси аччиқ. Қуръонни ўқимайдиган мунофиқ эса худди ханзала (таъми ва ҳиди ёқимсиз бўлган ўсимлик) янглиғ таъми аччиқ, ҳидсиздир» (Бухорий ва Муслим ривояти). Абу Саид Худрий (розийаллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қиладилар:
«Аллоҳ (табарока ва таоло) айтади: Қуръон тиловати кимни Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга сўрагувчиларга берадиган (нарсаларнинг) энг афзалини ато этаман. Аллоҳ каломининг бошқа каломлардан устунлиги худди Аллоҳнинг (яратган) махлуқотларидан устунлиги кабидир» (Термизий ривояти. Санади-ҳасан-ғариб). Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қиладилар:
«Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бу Калом (Қуръон) билан баъзи қавмларнинг даражаларини кўтариб, бошқалариникини туширади» (Муслим ривояти). Абу Умома Боҳилий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишларича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар:
«Қуръон ўқинглар, зеро, у қиёмат куни ўз соҳибига шафоатчи бўлади» (Муслим ривояти). Абдуллоҳ ибн Амр (розияаллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шундай деганларини ривоят қиладилар:
«Рўза ва Қуръон қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза айтади: «(Эй Роббим), мен уни таом ва шаҳватдан ман қилдим, энди уни шафоат қилишим учун изн бер». Сўнгра Қуръон айтади: «(Эйа Рббим), мен уни кечаси ухлашдан ман қилдим. Энди уни шафоат қилишим учун изн бер». Бас, у иккиси (бандани) шафоат қиладилар». (Имом Аҳмад ва Табароний ривояти. Ҳоким ҳадиснинг санадини саҳиҳ, деганлар). «Шафоат» арабча сўз бўлиб, бирон нарсани талаб қилиш; кимнингдир ҳаққига яхшилик сўраб дуо қилиш; ҳамроҳ бўлиш каби маъноларни англатади. Демак, рўза ва Қуръон охиратда Аллоҳ таолодан рўза тутган, Каломуллоҳни ихлос билан тўғри тиловат қилган банданинг гуноҳларини кечириб, ундан рози бўлишини ва жаннатга киритишини сўраб, дуо қилар экан. Банда Қиёмат куни рўза ва Қуръоннинг шафоатига муяссар бўлиши учун рамазон рўзасидан ташқари, нафл рўзалар тутиши ва Қуръонни мунтазам тиловат қилиб туриши лозим. Ҳадисда Қуръони Каримни кечаси тиловат қилиш афзалроқ экани таъкидланмоқда. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қиладилар:
«Икки кишига ҳавас қилиш мумкин: биринчиси – Аллоҳ унга Қуръон (илмлари)ни берган бўлиб, у кечаю кундуз уни тиловат қилиб, у асосида иш юритади. Иккинчиси – Аллоҳ унга ҳалол мол-дунё ато этган бўлиб, у ўз бойлигини кеча-ю кундуз инфоқ-эҳсон қилади» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Бир куни мен: «Эй Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг?», дедим. У Зот дедилар: «Аллоҳга тақво қил, чунки у барча ишларнинг бошидир». «Эй Расулуллоҳ, яна зиёда қилинг», дедим. Шунда у Зот айтдилар: «Сен ўзингга Қуръон тиловатини лозим тутгин, зеро у сен учун ерда нур, осмонда заҳирадир» (Ибн Ҳиббон ривояти). Абу Масъуд Бадрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар:
«Аллоҳ таолонинг Китоби (Қуръон)ни яхшироқ ўқувчи қори қавмга имомлик қилади» (Муслим ривояти). Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар:
«Қиёмат кунида Қуръон соҳибига айтилади: «Ўқи ва кўтарил, дунёда қандай ўқиган бўлсанг, шундай ўқи. Охирги оятни ўқиган жойинг (жаннатдаги) манзилинг бўлади». (Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривояти. Термизий ҳадиснинг санадини саҳиҳ, деганлар)
Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Қуръон тиловат қилинадиган уйда унинг аҳли учун кенглик бўлиб, яхшиликлар кўпаяди. Фаришталар ҳозир бўлиб, шайтонлар у ердан чиқиб кетади. Қуръон тиловат қилинмайдиган уйда эса ўша уйнинг аҳли учун танглик бўлиб, у ерда яхшиликлар камаяди. Шу сабаб бундай уйни фаришталар тарк этиб, шайтонлар уни ўз маконига айлантиради».
Қуръони Каримни тиловат қилишнинг фазилатлари ҳақида якуний фикрлар:
• Аввало, Қуръонни ўқувчи уламолар сафида, одамларнинг энг афзали ва энг шарафлиси бўлади. • Қуръон тиловат қилинганида, ҳар бир ҳарф учун ҳасанот (яхшилик, ажр-савоб) ёзилади ва Аллоҳ таоло даргоҳида янада зиёда қилинади, • Қуръон ўқувчи доимо Аллоҳнинг раҳмат-мағфирати узра бўлади, уни фаришталар ўраб олиб, устига сакина (омонлик, тинчлик) тушади. • Аллоҳ таоло Қуръон ўқувчининг қалбини Ўз Каломи билан ёритади ва уни қиёматдаги зулмат-қоронғуликдан сақлаб, ҳар хил қийинчиликлардан узоқлаштиради. . Агар Қуръон ўқувчи тиловатни мукаммал адо этса ва бу ишда бардавом бўлса, юксак даражаларга эришади, Аллоҳ таоло уни Қиёмат куни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ бандалар билан ҳашр қилади («ҳашр» сўзи ўзбек тилида «йиғмоқ», «тўпламоқ» маъноларини англатади). • Қуръонни доимо тиловат этиб, унга амал қиладиган кишига дунё ва охиратда ҳеч қандай хавф-хатар бўлмайди, чунки у Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади. Кимки Унинг каломини эъзозласа, ўқиса ва амал қилса, бундай бандани Аллоҳ таоло ҳар хил машаққатлардан қутқаради. • Қуръон ўқувчи ва унга амал қилувчи кишининг ота-онаси ҳам Қиёмат кунида Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлади. Уларга фарзандлари Аллоҳнинг каломини эъзозлаганлари сабаб нур, яъни раҳмат-мағфират инъом этилади, • Қори жаннатда ҳам энг юқори мартабага эришади, Қуръондан қанча билишига қараб унинг қадр-қиммати ошиб бораверади. • Қуръонни қироат қилиш қори атрофида фаришталарнинг ҳозир бўлишига ва унинг ҳаққига мағфират ҳамда яхшилик сўраб, дуо қилишларига сабаб бўлади. • Ким Қуръонни ўқиб, унинг маъноларига тушунса, гўёки у ишончли бир арқонни ушлабди. (Бу ерда Қуръон мажозий маънода ишончли, мустаҳкам арқонга ўхшатилмоқда. Яъни ким Қуръонни ўқиса, унга амал қилса, гуёки у мустаҳкам арқонни ушлаган бўлиб, ҳеч қачон тўғри йўлдан адашмайди. Бу «арқон» уни жаннат сари етаклайди). • Қуръон ўқувчи ва унга амал қилувчи киши Аллоҳнинг валий бандалари, дўстлари қаторида бўлади. Аллоҳ уларга раҳматини кенг қилади, ҳар қандай инсон ҳам Аллоҳ таолонинг тоатида собитқадам бўлиш, гуноҳлардан сақланиш ва буюрилган амаларни сидқидилдан ва ихлос билан бажариш орқали Аллоҳнинг валий бандалари қаторига кириши мумкин. Бу ерда Қуръон тиловати кишининг валий бандалар қаторига кириши учун сабаб бўлиши таъкидланмоқда. Қуръон тиловат қилинаётганида ушбу фазилатлар хаёлдан ўтказилса, кишининг тиловатга бўлган муҳаббати ортади, тадаббур ҳосил бўлиб, олинажак ажр-мукофот ҳам зиёда бўлади.
|