
Расулнинг вазифаси Аллоҳнинг амрларини инсонларга етказишдан иборат. Расул ҳар жойда инсонларга Аллоҳ таоло нозил қилган оятларни ўқийди. Аллоҳнинг амри билан инсонларни яхшиликка ундайди. Аллоҳнинг қайтариқларини билдириб уларни ёмонликлардан асрайди.
Бақара сурасининг 151-оятида: «Шунингдек, сизларга ўзингиздан бўлмиш бир Пайғамбар юбордикки, у сизларга оятларимизни ўқиб беради, сизларни (ширк ва гуноҳлардан) поклайди, сизларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни таълим беради ва билмаганларингизнм билдиради», деб марҳамат қилинган. Демак, Расулнинг вазифаси ўз қавмига Аллоҳ таоло билдирган оятларнм ўқиш, уларни ёмонликлардан тозалаш, ҳикматга тўла илоҳий китобни ўргатишдан иборат. Расулуллоҳ ҳузурига келиб Аллоҳ ҳақида савол сўраганларга Қуръони Каримдан ўқиган ҳукмларни етказган. Ҳукмларни етказиш Расулга амр қилинган, ҳидоят эса Аллоҳдандир. «Қуръони Каримнинг барча оятлари инсонни тафаккур қилишга ундайди. Инсон тафаккур қилиб ҳикматларни англайди. Инсон оятларни англагани сари янги бир ҳаётга эришиб, тўғри йўлни топади.
Жосия сурасининг 3,4,5,6-оятларида: «Ҳақиқатан, осмонлар ва Ерда мўминлар учун (Аллоҳнинг борлиги ва ягоналигига далолат қиладиган) аломатлар бордир. Яна сизларнинг яратилишингизда ва (Аллоҳ Ер юзига) тарқатиб юборган жониворларда ҳам қатъий ишонадиган кишилар учун аломатлар бордир. Яна кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ва Аллоҳ осмондан ёғдириб, у билан «ўлган» ерни «тирилтирган» ризқ (ёмғир)да ҳамда шамолларнинг йўналтирилишида ақл юргизадиган кишилар учун аломатлар бордир. (Эй, Муҳаммад!) булар Аллоҳнинг оятлари бўлиб, уларни Сизга ҳаққонийлик билан тиловат қилиб бермоқдамиз. Бас, улар (Макка кофирлари) Аллоҳ ва Унинг оятларини қўйиб, қайси сўзга иймон келтирмоқдалар ўзи?!» деб марҳамат қилиниб, бандаларга ҳақиқат йўли кўрсатилади. Бу оятлар инсонни ғафлат ва лоқайдликдан уйғотиб, зийрак нигоҳ ташлашга чақиради. Инсон ерга, кўкка теран назар билан қараса, Яратувчининг қудратини кўради, билади, англайди. Инсонларга билим бериш, етказиш Расулга буюрилган амрдир. У Зотга қулоқ солганлар эса Ҳақдан ҳидоят ва лутф кўрадилар.
Анъом сурасининг 125-оятида: «Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашии ирода этса, унинг кўкси (калби)ни Ислом учун (кенг) очиб қўяди. Кимни адаштиришни ирода этса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқик қилиб қўяди. Шундай қилиб, Аллоҳ иймон келтирмайдиганларга (лойиқ) жазони раво кўргай», деб марҳамат қилинади. Расулдан бу оятларни тинглаб иймонга келганлар саодатга эришиб, ваъз ва насиҳатларидан юз ўгирганлар ҳидоятдан маҳрум бўлишган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) доим ўз вазифаларини бажариб, ўзларининг Расул ҳамда Аллоҳнинг қули эканларини таъкидлаганлар.
Аллоҳ Таоло Расулига Каҳф сурасининг 110-ояти билан: «(Эй, Муҳаммад! Уларга) айтинг: «Дарҳақиқат, мен ҳам сизлар каби бир башардирман. (Фақат) менга илоҳингиз ёлғиз Илоҳ экани ҳақида ваҳй этилмоқда. Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик килмасин!»» деб марҳамат қилади. Яъни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларига нозил этилган оятларни ўқиб, ҳақиқатни етказишга ҳаракат қилганлар. Истаган бандасини ҳидоят қилиб, истаган бандасини бундан маҳрум қилиш Ҳақ Таолога оиддир.
Ҳаж сурасининг 14-оятида: «Албатта, Аллоҳ иймон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотларни остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилур. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган (иш)ини қилур», деб марҳамат қилинади.
Моида сурасининг 1-оятида эса: «Эй, иймон келтирганлар! Битимлар (ахдлар)га вафо қилингиз! Сизлар учун чорва (хонаки) ҳайвонлар (гўшти) ҳалол қилинди. Сизларга (номлари) ўқилажак (ҳайвонлар) бундан мустасно. Эҳром (ҳаж ибодати)да бўлганларингизда ов қилишни халол деб санамагайсиз. Албатта, Аллох ирода қилган нарсага ҳукм қилур», деб марҳамат қилинади. Кўриниб турибдики, Расул хар нарсага қодир Ҳақнинг қули, элчиси ва даъватчисидир.
|