Имом Ҳамза раҳматуллоҳи алайҳнинг Қуръон ва қорилар ҳақида кўрган тушлари “Сен буюксан, ё Роббим! | ||||
|
Ҳофиз Миззий (раҳматуллоҳи алайҳ) «Таҳзийбул-камал» асарида ва Ибн Шаҳийна (раҳматуллоҳи алайҳ) «Ишорот фи илмил-иборот» номли туш таъбирига бағишланган китобида Халаф ибн Ҳишомнинг Баззордан эшитган воқеасини келтирадилар. Баззор Сулаймон Ҳамзадан ривоят қилган. Сулаймон Имом Ҳамзанинг ровийларидан бири ҳамда шогирди ҳисобланади. Халаф айтади: «Менга устозим Сулайм ибн Исо айтди: «Мен Ҳамза ибн Ҳабиб Зайётнинг ҳузурига кирдим. Қарасам, Ҳамза ибн Ҳабиб юзини ерга босиб, ҳўнграб йиғлаёган экан. Мен ундан: «Мен Аллоҳ таолодан сизнинг номингиздан узр сўрайин, нима учун йиғламоқдасиз?» – деб сўрадим. У менга: «Эй, дўстим, нима сабабдан мен учун Аллоҳ таолодан узр сўрайсан? Мен бугун бир туш кўрдим. Унда Қиёмат қоим бўлган экан. Қуръон ёдлаган қорилар чақирилибди. Мен ҳам йиғилганлар орасида бор эканман. Шу пайт бир овоз соҳибининг ёқимли овозда: «Менинг ҳузуримга фақатгина Қуръонга амал қилган кишигина киради», – деганини эшитдим. Бошимни олдинга эгиб, ўнгу сўлимга қарамасдан, таъзим билан орқага тисарилиб, ортга қайтдим. Хитоб қилувчининг: «Ҳамза ибн Ҳабиб Зайёт қани?» – деганини эшитиб қолдим. «Лаббай, эй Аллоҳ таолонинг жарчиси», – дедим. Менинг олдимга бир фаришта зудлик билан келиб: «Лаббай, эй Аллоҳ[1]», – деб айтгин!» – деди. Мен у айтганидек: «Лаббай, эй Аллоҳ, лаббай!» – дедим. Шундан сўнг мени бир ҳовлига олиб киришди. Мен у ерда қориларнинг Қуръон ўқиётган товушларини эшитдим[2]. Бу мақомнинг ҳайбатидан ўзимни йўқотиб, титрай бошладим. Хитоб қилувчи томонидан «Хотиржам бўл, қўрқмагин», деган овозни эшитдим. Ҳалиги овоз менга: «Кўтарил ва қироат қил[3]», – деди. Мен юзимни буриб қарасам, оппоқ дурдан ясалган, икки томони тиллоранг ёқутдан, пиллапоялари ҳаворанг забаржаддан бўлган минбар узра турган эканман. Менга яна: «Кўтарил ва қироат қил», – деб айтилди. Мен минбар пиллапоясидан кўтарила бошлаган эдим. Менга: Анъом сурасини қироат қил», – дейилди. Мен Анъом сурасини ким учун ўқиётганимни билмасам-да, унинг 60-оятигача қироат қилдим[4]. Анъомнинг وَهُوَ الْقَاهِرُ فَوْقَ عِبَادِهِ «У бандалари устидан (барча ишда) ғолибдир» оятига етганимда У (Аллоҳ таоло) менга: «Эй Ҳамза, Мен бандаларим узра ғалаба қилувчи эмасманми?!» – деб сўради. Мен: «Албатта, ғалаба қилувчисан», – дедим. У: «Тўғри сўзладинг», – деди. Сўнг У менга: «Қироат қил», – деди. Мен Анъом сурасини тугатдим. Сўнг яна: «Қироат қил», – деди. Мен Аъроф сурасини ҳам охиригача қироат қилдим. Аъроф сурасининг охирига етганимда сажда қилмоқчи бўлиб, бошимни эгиб, имо қилганимда У: «Сенга олдин қилганинг етарлидир», яъни дунёда қилган сажданг сен учун етарлидир, эй Ҳамза, сажда қилма», – деди[5]. У мендан: «Сенга бу қироатни ким ўқитган, ўргатган?» – деб сўради? Мен: «Сулаймон (Аъмаш[6])», – дедим. У: «Тўғри айтдинг», – деди. У: «Сулаймонга бу қироатни ким қироат қилдирган?» – деди. Мен: «Яҳё қироат қилдирган», – дедим. У: «Яҳё тўғри сўзлади», – деди. У: «Яҳё кимга қироат қилиб берган?» – деди. Мен: «Абу Абдураҳмон ас-Суламийга қироат қилиб берган», – дедим. У: «Абу Абдураҳмон тўғри сўзлаган. Абу Абдураҳмонга ким қироат қилдирган?» – деди. Мен: «Набий алайҳиссаломнинг жиянлари Али ибн Абу Толиб», – дедим. У: «Али тўғри (қироат) қилган, Алига ким қироат қилдирган?» – деб сўради. Мен: «Расулинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам)», – дедим. У: «Расулимга ким қироат қилдирган?» – деди. Мен: «Жаброил», – дедим. У: «Жаброилга ким қироат қилдирган?» – деди. Мен жим бўлиб қолдим. У: «Эй Ҳамза: «Сен қироат қилдиргансан», – дегин», – деди. Мен: «Бундай деб айтишга журъат қилолмайман», – дедим[7]. У менга: «Сен», – деб айт», – деди. Мен: «Сен», – деб айтдим. У: «Тўғри сўзладинг, эй Ҳамза. Қуръонга қасамки, албатта, Мен Қуръон аҳлига икром кўрсатаман, хусусан, улар Қуръонга амал қилсалар. Эй Ҳамза! Қуръон Менинг каломимдир, Мен бирор кишини Қуръон аҳлларини суйганимдек, суймасман», – деди. Кейин У менга: «Эй Ҳамза! Яқинроқ кел», – деди ва икки «Қўли»ни ғолия – турли хил хушбўйликларга ботириб, у билан мени хушбўйлантирди. У: «Мен бу икромни фақатгина сенга эмас, сендан тепадагиларга ҳам пастдагиларга (сендан кейингиларга) ҳам қиламан. Ким Қуръонни худди сен каби бошқаларга қироат қилдирса, фақатгина Менинг ҳузуримга келур. Эй Ҳамза, Менинг ҳузуримда сен учун тайёрлаб қўйганларим кўпроқдир. Сен дўстларингга ҳам аҳли Қуръонларни яхши кўришимни ва уларга кўрсатадиган инъомимни ва улар танлаб олинган бандаларим эканликларини билдиргин! Эй Ҳамза, иззатим ва жалолимга қасамки, Қуръон тиловат қилган тилни, уни ёдлаб, ўзига сингдирган қалбни ва уни тинглаган қулоқни ва унга қараган кўзни дўзах билан азобламайман», – деди. Мен: «Субҳанака, Субҳанака, Сен улуғсан, эй Роббим!» – дедим. Аллоҳ таоло: «Мусҳафларга қарайдиганлар қани?» – деб сўради. Мен: «Қуръон ҳофизларими?» – деб сўраган эдим У Зот: «Йўқ», – деди[8]. «Мен бу ажрларни уларга Қиёматгача сақлаб тураман, агар улар Менинг ҳузуримга келишса, ўқиган ҳар бир оятларига яраша даражаларини кўтараман», – деди». Ҳамза Сулаймга бурилиб қараб: «Сен менинг тупроққа бош қўйиб йиғлаётганимни маломат қилаётган эдингми?!» – деди. Аллоҳ таолонинг Қуръон аҳлларини яхши кўриши ва ушбу воқеадаги Ҳамза (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳақларида бир фикр қилинглар! Биз ҳам Аллоҳ таолодан гуноҳларимизни кечириб, бизга ҳам раҳм қилиши ва бизларни ҳам шундай улуғ зотлардан қилишини сўраймиз! У Зот тилакларни эшитувчи, дуоларни ижобат қилувчидир. Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Фазлиддин Сувонов
[1]. Бу ҳолат қандай ҳам гўзал! Имом Ҳамза бу сўзни Аллоҳ таолонинг жарчиси бўлган бирор фаришта айтди, деб ўйлаганлиги учун: “Лаббай, эй Аллоҳ таолонинг жарчиси”, – деб айтган. Ваҳоланки, бу сўз соҳиби Аллоҳ таоло эканлигини кейин билган. [2]. Имом Ҳамза ўша ҳовлининг ҳамма жойида қорилар қироат қилаётганини эшитганганлиги ва ҳолатнинг ҳайбатидан титраган. [3]. Аллоҳим, бизни ҳам ўшандай улуғ мақомга эриштиргин! [4]. Ушбу сурани Ким учун қироат қилаётганимни билмаган ҳолда, қироат қилдим. Муҳими мен буйруққа итоат қилаётган эдим. [5]. Чунки сажда каби буйруқ, таклифлар бу дунёда бўлади, Имом Ҳамза кўрган тушдаги воқелик эса Қиёмат қоим бўлганлигини ифодаламоқда. [6]. Аъмашнинг исми Сулаймон бўлган. [7]. Имом Ҳамза Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриб: “Сен деб айтишга журъат қила олмайман, бундай дейишдан ҳаё қиламан”, – деди. [8]. Аллоҳ таоло бу ўринда: “Йўқ”, – деди. Чунки Қуръон ҳофизларига алоҳида ва унга қараб ўқийдиганлар учун ҳам алоҳида савоб ваъда қилган. |