Қуръонни қалбга сингдириш ва уни тушуниш фазилати | ||||
|
عَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: اقْرَأُوا الْقُرْآنَ فَإِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ لاَ يُعَذِّبُ قَلْبًا وَعَى الْقُرْآنَ. رَوَاهُ تَمَّامٌ الرَّازِيُّ فِي الْفَوَائِدِ.
Абу Умома (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Қуръон ўқинглар. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла Қуръонни сингдирган қалбни азобламайди»(Таммом Розий «Фаваид»да ривоят қилган).
«Қуръонни сингдириш» деганда, уни ёдлаш, ўқиш, тадаббур қилиш тушунилади.
Банда Қуръон ўқиганда Қуръон унинг қалбидан ўтади, унга сингади. Банда қироат пайтида Қуръондан таъсирланади. У буни сезади ёки сезмайди. Ким Қуръон ўқиса, ёдласа ва уни тушунса, бундай бандани Аллоҳ азобламайди, уни турли машаққатлардан озод этади.
وَعَنْ أَبِى أُمَامَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ كَانَ يَقُولُ: اقْرَءُوا الْقُرْآنَ وَلاَ يَغُرَّنَّكُمْ هَذِهِ الْمَصَاحِفُ الْمُعَلَّقَةُ فَإِنَّ اللهَ لَنْ يُعَذِّبَ قَلْباً وَعَى الْقُرْآنَ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ وَابْنُ أَبِي شَيْبَةَ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Абу Умомадан ривоят қилинади: «Қуръон ўқинглар. Осилиб турган бу мусҳафлар сизларни алдаб қўймасин! Зеро, Аллоҳ Қуръонни сингдирган қалбни зинҳор азобламайди» (Доримий ва Ибн Абу Шайба ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Аллоҳ таоло Қуръонни бандалар қўл етмайдиган жойга осиб қўйишлари учун нозил қилмаган, балки ўқиб-ўрганишлари, уни тушунишлари ва Қуръонга амал қилишлари учун туширган бу Китобни. Зеро, Қуръонни ўқиб, унинг маъноларини тушунган бандани Аллоҳ азобламайди. Бундан келиб чиқадики, Қуръондан узоқ бўлиш, Қуръон ўқимаслик билан банда кўп мусибатларга учрайди. Бу машаққатлардан қутулиш учун Каломуллоҳни ўқиш, ўрганиш керак.
|