Қуръони Карим хитоблари бир давр ва бир миллатга мансуб бўлмасдан бутун давр ва маданиятларга хосдир. Ҳар бир даврда инсоннинг ундан оладиган ҳаёт манбалари мавжуддир. Ахлоқи жиҳатдан энг ибтидоий инсонни иршод этганидек, энг юқори даражага кўтарилган инсонларга хам гўзал ўгитлар беради:
Нур сурасининг 27-оятида: «Эй, йимон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз», деб марҳамат қилинади. Ушбу оятда келганидек, бирор уйга борганда уй эгаларига Аллохдан саломатлик тилаб, уларнинг рухсатларини олгачгина кириш энг маданиятли кишининг гўзал ахлоқи бўлса керак ва бу бутун давр учун энг маъқул бўладиган ҳаракатдир.
Муддассир сурасининг 4-,5-оятларида: «Либосларингизни покланг, бутлардан йироқ бўлинг» деб марҳамат қилинади. «Сўзнинг тўғрисини сўзлангиз» илоҳий амри ҳар бир давр ва жамият учун хосдир. «Молингиздан фақирларга, йўқсилларга ҳисса айирингиз» муқаддас каломи ҳар бир даврда инсонлар учун лозимдир. «Юрганингизда на шошилиб ва на секин юрманг» дастури ҳар ақл эгаси учун бир ўгитдир. «Гапирганингизда на баланд ва на паст гапирманг» сўзи инсонга мажлис одобини уқтиради. «Жуда секин гапириш хасисларга, жуда қаттик гапириш эса ёмон хулқли инсонларга хосдир». «Еб-ичинг, бироқ исроф қилманг» сўзи орқали еб-ичишда бадан учун фойда борлиги, бироқ уни исроф қилиш зарар эканлиги уқдирилади. Бу ҳар бир жамият амал килиши лозим бўлган ҳолатдир
Исро сурасининг 32-оятида: «Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фахш ва ёмон йўлдир», деб марҳамат қилинади.
Оли Имрон сурасининг 130-оятида: «Эй, иймон келтирганлар! (Берган қарзларингизни) икки баравар ва ундан ҳам кўпайтириб, устама шаклида еб юбормангиз! Аллохдан қўрқингиз! Зора, (шунда) толе топсангиз», деб марҳамат қилинади. Ушбу сурада судхўрлик, фоизга пул бериш қаттиқ танқид остига олинган бўлиб, бундай кимсаларга Аллоҳнинг ғазаби бўлиши уқтирилган. Чўчқа гўштини, ўлган ҳайвон гўштини ейиш гуноҳ эканлиги қатъий айтиб ўтилган. Бу ҳам тиббий жиҳатдан, ҳам ахлоқий жиҳатдан аҳамиятлидир. «Тарозини тўғри тортинг, нуқсонли тортадиганлардан бўлманг» илоҳий амри савдо-сотиқнинг энг муҳим шартларидан бири эканлиги билан ҳар бир давр ва замон учун хосдир. «Сулҳ хайрлидир. Улар сулҳни истасалар, сен ҳам сулҳни қабул эт» амри эса энг адолатли йўлдир. Тинч замонда баҳамжиҳат яшаган маъқулдир. «Кечиримли бўл, яхшиликка буюр» оятида эса кечиримли бўлишнинг энг яхши фазилатлардан бири эканлиги, инсон бағрикенглиги билан юксалиши уқдирилади. «Сўзлаганингизда тўғри сўзланг, сўзингиз қариндошингиз зарарига бўлса ҳам» амри эса адолати билан аҳамиятлидир. Ислом ҳар нарсада ўрта, тўғри ва фазилатли ибодат ҳамда халққа хизмат қилиш йўлларини кўрсатади. Кўриниб турганидек, у ҳар бир даврда инсоният учун ахлокий ва маънавий асос бўлиб хизмат қилади.
|