Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад,) Сиз фақат ўзингизга ваҳий қилинган Парвардигорингиз Китоби – Қуръонни тиловат қилинг! Унинг Сўзларини ўзгартирувчи йўқдир. Ҳаргиз Ундан ўзга бирон паноҳ топа олмайсиз» (Каҳф, 27).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўз Ҳабибини Қуръони Каримни тиловат қилишга буюрмоқда.
«Албатта, Аллоҳнинг китоби (Қуръон)ни тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотди (яъни улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон, Аллоҳдан ажр-мукофот бўлиши)дан умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини тўлиқ қилиб беради ва ўз фазлу карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам беради. Албатта, У мағфиратли ва шукр қилувчи (озгина яхши амал учун ҳам кўп мукофот берувчи)дир» (Фотир, 29-30).
Аллоҳ азза ва жалла Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га шундай амр қилган:
«Ва Қуръонни тартил билан тиловат қилинг!»(Муззаммил,4).
Ушбу оятда Қуръонни шошмасдан, ҳарфларини дона-дона қилиб тиловат қилишга буюрилмоқда.
Қуръони Каримни тиловат қилиш борасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан жуда кўп ривоят келтирилган.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الْمَاهِرُ بِالْقُرْآنِ مَعَ السَّفَرَةِ الْكِرَامِ الْبَرَرَةِ وَالَّذِي يَقْرَأُ الْقُرْآنَ وَيَتَتَعْتَعُ فِيهِ وَهُوَ عَلَيْهِ شَاقٌّ لَهُ أَجْرَانِ. رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ وَمُسْلِمٌ وَأَصْحَابُ السُّنَنِ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ.
Оиша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори элчи, ёзувчи ва ўта яхши фаришталар билан (бир мақомда)дир. Тили қийналиб тиловат қилувчига икки баробар кўп ажр бўлади», деганлар» (Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Ушбу ривоятда Қуръони Каримни мукаммал ёдлаб, уни бирон қийинчиликсиз ўқий оладиган, Қуръон қироатига моҳир қори Аллоҳнинг улуғ фаришталари билан бир мақомда экани айтилмоқда.
«Қуръонни маҳорат билан қироат қилиш» деганда, уни мукаммал ёдлаш, Қуръонни муттасил ўқиб туриш, умуман, Қуръонга муҳаббат қўйиш ва унга эътиборли бўлиш тушунилади. Қуръонни тўлиқ ёд олмаган бўлса-да, уни бошидан охиригача маҳорат билан бирон хато ва тутилишсиз ўқийдиган қорилар ривоятда ваъда қилинган фазилатга эришадилар, иншааллоҳ!
Аллоҳнинг амрларини бандаларга етказувчи, бандалар қилаётган амалларни ёзиб борувчи ва Аллоҳга итоатгўй фаришталар У Зот ҳузурида қандай мавқеъга эга бўлсалар, Қуръон қироатига моҳир бўлган қорилар ҳам шундай улуғ мақомга эга бўладилар. Бу Қуръон қироатига бандаларни жалб қилишнинг ажойиб усулидир. Ким ҳам фаришталар мақомига етишишни хоҳламайди. Аллоҳ даргоҳида улуғ мартабага эришишни ким ҳам истамайди?! Ҳамма хоҳлайди буни. Бунга эришиш учун Қуръон қироатини ўрганиш, уни ёдлаш ва Қуръонга амал қилиш керак.
Уламолар «Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори элчи, ёзувчи ва ўта яхши фаришталар билан (бир мақомда)дир» ҳадисини икки хил таъвил қиладилар:
1. Бундай бандаларга охиратда фаришталар мақоми берилади;
2. Бундай бандалар фаришталарнинг амалини қилган, улар йўлидан борган бўладилар.
«Тили қийналиб тиловат қилувчига икки баробар кўп ажр бўлади».
Ривоятнинг давомида айтилишича, Қуръонни қийналиб ўқийдиган қори икки марта кўпроқ ажр олади. У Қуръонни ўқигани ва қироатда машаққат чеккани сабаб савобга эришади.
Ал-Қозий ва бошқалар: «Бу ҳадис тили қийналиб тиловат қиладиган банда Қуръонни маҳорат билан ўқийдиган қоридан кўра афзаллигини англатмайди, балки моҳир қори афзал ва унга кўпроқ савоб берилади. Сабаби улар фаришталар билан бир мақомдадирлар», дейишган.
Бандаларнинг ранги ва кўриниши ҳар хил бўлганидек, уларнинг имкониятлари, ақлий қобилияти ва жисмоний салоҳиятлари ҳам турлича бўлади. Кимдир ақл ва тил жиҳатидан устун бўлади ва Қуръонни қийналмасдан, ҳарфларини дона-дона қилиб талаффуз қилади. Яна кимдир Қуръон ўқишга қийналади, тили баъзи ҳарфларни талаффуз қилишга келишмайди. Ҳадиснинг иккинчи қисмида бундай кишиларга башорат берилмоқда, уларнинг руҳлари кўтарилмоқда, улар чекаётган машаққатлар бесамар кетмаслиги, балки Қуръонни қийинчиликсиз қироат қилувчидан кўра кўпроқ савобга эришишлари маълум қилинмоқда.
Аслида Қуръони Карим тилларга осон қилиб қўйилган. Аммо баъзи ҳолларда маълум жумла ёки сўзларни талаффуз қилиш тилга оғирлик қилиши мумкин. Ана шундай ҳолларда мазкур ривоят ёдга олинса, бу йўлда чекилган ҳар бир машаққат чексиз роҳатга, ҳар бир қийинчилик беҳисоб савобга айланади.
وَعَنْ إِسْمَاعِيلَ بْنِ عُبَيْدِ اللهِ عَنْ وَهْبٍ الذِّمَارِىِّ قَالَ: مَنْ آتَاهُ اللهُ الْقُرْآنَ فَقَامَ بِهِ آنَاءَ اللَّيْلِ وَآنَاءَ النَّهَارِ وَعَمِلَ بِمَا فِيهِ وَمَاتَ عَلَى الطَّاعَةِ بَعَثَهُ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مَعَ السَّفَرَةِ وَالأَحْكَامِ. قَالَ سَعِيدٌ: السَّفَرَةُ الْمَلاَئِكَةُ ، وَالأَحْكَامُ الأَنْبِيَاءُ. قَالَ: وَمَنْ كَانَ عَلَيْهِ حَرِيصاً وَهُوَ يَتَفَلَّتُ مِنْهُ وَهُوَ لاَ يَدَعُهُ أُوتِىَ أَجْرَهُ مَرَّتَيْنِ وَمَنْ كَانَ عَلَيْهِ حَرِيصاً وَهُوَ يَتَفَلَّتُ مِنْهُ وَمَاتَ عَلَى الطَّاعَةِ فَهُوَ مِنْ أَشْرَافِهِمْ وَفُضِّلُوا عَلَى النَّاسِ كَمَا فُضِّلَتِ النُّسُورُ عَلَى سَائِرِ الطَّيْرِ وَكَمَا فُضِّلَتْ مَرْجَةٌ خَضْرَاءُ عَلَى مَا حَوْلَهَا مِنَ الْبِقَاعِ فَإِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ قِيلَ: أَيْنَ الَّذِينَ كَانُوا يَتْلُونَ كِتَابِى لَمْ يُلْهِهِمُ اتِّبَاعُ الأَنْعَامِ فَيُعْطَى الْخُلْدَ وَالنَّعِيمَ فَإِنْ كَانَ أَبَوَاهُ مَاتَا عَلَى الطَّاعَةِ جُعِلَ عَلَى رُءُوسِهِمَا تَاجُ الْمُلْكِ فَيَقُولاَنِ: رَبَّنَا مَا بَلَغَتْ هَذَا أَعْمَالُنَا فَيَقُولُ: بَلَى إِنَّ ابْنَكُمَا كَانَ يَتْلُو كِتَابِى. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ.
Исмоил ибн Убайдуллоҳ Ваҳб Зиморийдан ривоят қилади: «Аллоҳ кимга Қуръон (илми)ни берса-ю, у Қуръонни эртаю кеч қоим қилса, унга амал қилса ва Аллоҳга итоат этган ҳолида вафот этса, Аллоҳ уни қиёмат куни элчи ва раҳбарлар билан бирга тирилтиради». Саид айтади: «Элчилар фаришталар, раҳбарлар эса пайғамбарлардир». «Ким Қуръонга ҳарисманд бўлса, уни қўлидан қўймаса, унга икки баробар ажр берилади. Ким Қуръонга ҳарисманд бўлса ва уни қўлидан қўймаса ҳамда Аллоҳга итоат этган ҳолида вафот этса, бас, у энг ҳурматлидир. Бургут бошқа қушлардан ажралиб тургандек, яшил майсазор атрофидаги бошқа ерлардан фарқ қилганидек, у ҳам инсонларнинг энг афзали бўлади. Қиёмат куни: «Чорвалар (яъни мол-дунё)га эргашиш уларни чалғита олмаган Менинг Китобимни тиловат қилувчилар қани?» дейилади. Бас, унга мангулик ва жаннат (ёки неъматлар) берилади. Агар унинг ота-онаси Аллоҳга итоатда вафот этган бўлсалар, у иккисининг бошига подшоҳлик тожи кийдирилади. Шунда иккиси: «Эй Парвардигор, бунга бизнинг амалларимиз етмайди-ку?!» дейишади. Аллоҳ: «Ҳа, лекин ўғлингиз Менинг Китобимни тиловат қилар эди», дейди» (Доримий ривояти).
Бу ерда Қуръон тиловати ва унга амал қилиш қиёмат куни банда ва унинг ота-онасига қанчалик манфаат келтириши баён қилинмоқда.
Бу бобда жуда кўплаб ривоятлар ворид бўлган. Уларни мавриди келганда кўриб чиқамиз.
وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ قَرَأَ حَرْفًا مِنْ كِتَابِ اللهِ فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا لاَ أَقُولُ الم حَرْفٌ وَلَكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ وَلاَمٌ حَرْفٌ وَمِيمٌ حَرْفٌ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَابْنُ أَبِي شَيْبَةَ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир ҳасана (яхшилик ва савоб) ёзилади. Ўша ҳасана ўн баробар зиёда қилинади. Мен: «Алиф лам мийм»ни бир ҳарф деб айтмайман, балки «алиф» бир ҳарф, «лам» бир ҳарф ва «мийм» бир ҳарфдир», деганлар» (Термизий, Байҳақий, Табароний ва Ибн Абу Шайба ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).
Ушбу ҳадисга кўра, Аллоҳ таоло Қуръон Каримни ихлос билан, тажвид қоидаларига амал қилиб тиловат қилувчи қорига ҳар бир ҳарфни ўқигани учун ўнта савоб ва яхшилик ато қилади.
Бу ерда Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиш фазилатли амаллардан эканлиги айтилмоқда. Аллоҳ таоло бандаларига Ўз Китобини ўқиш орқали кўп ажр ва мукофотларга эришиш имкониятини берган. Бу имкониятдан ҳар биримиз унумли фойдаланишимиз керак. Бунинг учун Қуръони Каримни ўқиш қоидалари ҳисобланмиш тажвид илмидан дарс қилиш, уни пухта ўзлаштириб олиш керак.
Қуръони Каримнинг ҳар бир ҳарфини ўқиш орқали ўнта савоб олиш учун Каломуллоҳни тажвид қоидаларига мос ҳолда қироат қилиш талаб этилади. Тўғри, Қуръоннинг бошқа тилларга қилинган таржималарини ўқиш ҳам савобли иш, лекин ҳадисда келган ваъдалар айнан тажвид илми талабларига мувофиқ ҳолда, соф араб тилида тиловат қилган кишиларгагина тегишлидир.
وَعَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: اقْرَؤُا الْقُرْآنَ فَإِنَّكُم تُؤْجَرُونَ عَلَيْهِ ، أَمَا إِنِّي لاَ أَقُولُ الم حَرْفٌ وَلَكِنْ أَلِفٌ عَشْرٌ وَلاَمٌ عَشْرٌ وَمِيْمٌ عَشْرٌ فَتِلْكَ ثَلاَثُونَ. رَوَاهُ الْخَطِيبُ الْبَغْدَادِيُّ فِي تَارِيخِ بَغْدَادَ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Абдуллоҳ ибн Масуъд (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Қуръон ўқинглар. Зеро бунинг учун сизларга ажр берилади. Мен «Алиф лам мийм»ни бир ҳарф демайман, балки «алиф» ўнта, «лам» ўнта ва «мийм» ўнтадир. Мана шу ўттизтадир»(Хатиб Бағдодий «Тарихи бағдод»да ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).
Банда Қуръони Каримни ўқиганида унинг ҳар бир ҳарфи учун алоҳида савоб берилади. «Алиф лом мим» бир ҳарф эмас. Яъни банда «алиф лам мим» деганда унга ўнта эмас, балки ўттизта савоб ёзилади. Сабаби «алиф»га ўнта, «лам»га ўнта ва «мим»га ўнта савоб берилади. Шу билан умумий ҳисоб ўттизта бўлади.
«Ал-амалус-солиҳ» китобида шундай дейилган: «Қуръон ҳарфларининг миқдори 300.000дан ортиқ. Агар банда Қуръонни бир марта хатм қилса, 3000.000дан зиёд савобга эга бўлади. Ёлғиз басмалани ўқигани учун 190 та ажрни қўлга киритади. Қуръондаги энг узун оят тўлиқ бир саҳифалик қарз ояти ҳарфлари сони 552 тани ташкил қилади. Уни ўқиган банда 5520 та савобга эришади».
وَعَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الْقُرْآنُ أَلْفُ أَلْفُ حَرْفٍ وَسَبْعَةٌ وَعِشْرَونَ أَلْفَ حَرْفٍ فَمَنْ قَرَأَهُ صَابِرًا مُحْتَسِبًا كَانَ لَهُ بِكُلِّ حَرْفٍ زَوْجَةٌ مِنَ الْحُورِ الْعِينِ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الأَوْسَطِ.
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Қуръон бир миллион йигирма етти минг ҳарфдан иборат. Ким уни сабр билан савоб умидида қироат қилса, ўша бандага ҳар бир ҳарф(ни ўқигани) учун ҳурул-ийндан бир жуфт берилади» (Табароний «Авсат»да ривоят қилган).
Қуръоннинг ҳар бир ҳарфи ўқилганида бандага ўнта савоб билан бир қаторда жаннатда ҳурлардан бири берилади. Бу ваъдалар банда Қуръонни кўпроқ ўқиши учун қилинган. Шу йўл билан уларни эзгу ишларга ундаш мумкин. Сабаби банда моддий нарсаларга қизиқувчан бўлади. Унга моддий манфаат ваъда қилиниб, кейин бирон ишга буюрилса, у ўша ишни беккаму-кўст бажаришга ҳаракат қилади. Лекин холис мўмин Қуръонни фақат бирон манфаат йўлида эмас, балки Аллоҳ розилиги учун ўқийди. Шунда бошқа манфаатлар ўз-ўзидан келаверади.
وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَقُولُ الرَّبُّ عَزَّ وَجَلَّ: مَنْ شَغَلَهُ الْقُرْآنُ وَذِكْرِي عَنْ مَسْأَلَتِي أَعْطَيْتُهُ أَفْضَلَ مَا أُعْطِي السَّائِلِينَ وَفَضْلُ كَلاَمِ اللهِ عَلَى سَائِرِ الْكَلاَمِ كَفَضْلِ اللهِ عَلَى خَلْقِهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِىُّ وَحَسَّنَهُ وَفِي رِوَايَةٍ لِلدَّارِمِيِّ وَالْبَيْهَقِيِّ قَالَ: مَنْ شَغَلَهُ قِرَاءَةُ الْقُرْآنِ عَنْ مَسْأَلَتِي وَذِكْرِي أَعْطَيْتُهُ أَفْضَلَ ثَوَابِ السَّائِلِينَ.
Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Парвардигор азза ва жалла: «Қуръон (тиловати) ва Менинг зикрим кимни Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга сўровчиларга берадиган (нарсаларнинг) энг афзалини ато этаман. Аллоҳ каломининг бошқа каломлардан устунлиги худди Аллоҳнинг (яратган) махлуқотларидан устунлиги кабидир[1]», дейди» (Термизий ривоят қилган ва ривоят санади ҳасан, деган. Доримий ва Байҳақий ривоятида: «Қуръон қироати ва Менинг зикрим кимни Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга сўровчиларга берадиган энг афзал савобни бераман», дейилган[2]).
Қайси банда Қуръон қироати ва зикр билан машғул бўлиб, дуо қилишга вақт ажратолмаса, Аллоҳ таоло бу бандага ҳожатларини раво қилишини сўраб дуо қилувчиларга берадиган энг яхши нарсаларни ато қилади.
Аслида ҳар бир банданинг Аллоҳдан сўрайдиганлари, илтижолари бўлади. Агар банда Қуръон қироати билан банд бўлиб, дуо қилолмаса, Аллоҳ унга ўзи сўрайдиганидан, қалбида ният қилганидан ҳам яхши нарсаларни беради. Сабаби у ўзига тааллуқли бўлган дуога вақт ажратолмай, Аллоҳнинг Каломи Қуръон қироати билан машғул бўлди. Қуръонни эъзозлаган бандани Аллоҳ ҳам сийлайди ва унга раҳматларини нозил қилади.
Ривоятнинг давомида: «Аллоҳ каломининг бошқа каломлардан устунлиги худди Аллоҳнинг (яратган) махлуқотларидан устунлиги кабидир», дейилмоқда.
Оддий банда ўзи ясаган нарсадан қанча устун туради. Ана ўша бандани, қолаверса, бутун мавжудотни яратган Аллоҳ Ўз махлуқотларидан қанчалик юқори туришини тасаввур қилиб кўринг!
Аллоҳнинг махлуқотларидан афзаллиги қанча бўлса, У Зотнинг Каломи бўлмиш Қуръоннинг бошқа каломлардан устунлиги ҳам шунчадир. Аллоҳнинг Каломи мўъжизадир, илоҳийдир. Бандалар Қуръонга ўхшаш каломни келтиришга қодир эмаслар. Бандалар тузган жумлалардан иборат каломларнинг миллионтаси ҳам Аллоҳнинг биргина оятига, бир сўзи, ҳатто ҳарфига тенг келолмайди. Шундай экан, Қуръоннинг қанчалик улуғ эканини англаб, уни ўрганишимиз, ўқиб, Қуръонга амал қилишга ўтишимиз лозим.
وَعَنْ عَامِرِ بْنِ وَاثِلَةَ أَنَّ نَافِعَ بْنَ عَبْدِ الْحَارِثِ لَقِيَ عُمَرَ بِعُسْفَانَ وَكَانَ عُمَرُ يَسْتَعْمِلُهُ عَلَى مَكَّةَ فَقَالَ: مَنْ اسْتَعْمَلْتَ عَلَى أَهْلِ الْوَادِي فَقَالَ: ابْنَ أَبْزَى قَالَ: وَمَنْ ابْنُ أَبْزَى قَالَ: مَوْلًى مِنْ مَوَالِينَا قَالَ: فَاسْتَخْلَفْتَ عَلَيْهِمْ مَوْلًى قَالَ: إِنَّهُ قَارِئٌ لِكِتَابِ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ وَإِنَّهُ عَالِمٌ بِالْفَرَائِضِ قَالَ عُمَرُ: أَمَا إِنَّ نَبِيَّكُمْ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَدْ قَالَ: إِنَّ اللهَ يَرْفَعُ بِهَذَا الْكِتَابِ أَقْوَامًا وَيَضَعُ بِهِ آخَرِينَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالدَّارِمِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَعَبْدُ الرَّزَّاقِ.
Омир ибн Восиладан ривоят қилинишича, Нофеъ ибн Абдулҳорис Усфонда Умарни учратиб қолди – Умар уни Маккага омил қилиб тайинлаган эди – ва шундай деди: «Водий аҳлига кимни омил қилиб тайинладинг?» У: «Ибн Абзони», деди. Умар: «Ибн Абзо ким?» деб сўради. Нофеъ: «Озод қилган қулларимиздан бири», деб жавоб берди. Шунда Умар: «Уларга озод қилинган қулни ўринбосар этиб тайинладингми?» деди. Нофеъ: «Сабаби у Аллоҳ азза ва жалланинг Китобини қироат қилади ва фароиз илмининг билимдони», деганида, Умар: «Сизларнинг Пайғамбарингиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ таоло бу Китоб (Қуръон) билан баъзи қавмлар даражаларини кўтариб, бошқаларникини туширади», деган эдилар», деди. (Муслим, Доримий, Ибн Можа, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Абдураззоқ ривояти).
«Усфон» жой номи бўлиб, Ибн Асирнинг айтишича, Усфон Макка ва Мадинани бирлаштирувчи қишлоқдир.
Ушбу ривоятда Аллоҳ Ўз Каломи билан хоҳлаган бандалари даражасини кўтариши, Қуръонга ҳурматсизлик билан қараган кимсаларни эса пастга тушириши айтилмоқда.
Ҳасан ибн Силмдан ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб Макка аҳлига Ибн Ҳорисни омил қилиб тайинлаган эди. Умар у ерга бориб, Нофеъ ибн Абдулҳорис билан учрашди. У Маккага Абдураҳмон ибн Абзони ўринбосар қилиб тайинлаган эди. Умар бундан ғазабланди ва эгарга ўтириб, унга хитобан: «Аллоҳнинг аҳлига Абдураҳмон ибн Абзони ўринбосар қилиб тайинладингми?!» деди. Шунда Ибн Абдулҳорис: «Мен уни Аллоҳнинг Китобини яхшироқ ўқувчи ва Динни яхшироқ тушунувчи деб биламан», деди. Шунда Умар ҳовуридан тушди ва: «Шундай демайсанми? Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ бу Дин билан баъзи қавмларни кўтариб, бошқаларини туширади», деб айтганларини эшитганман», деди. (Абу Яъло ривояти. Ривоят санади заиф).
وَعَنْ أَبِي أُمَامَةَ الْبَاهِلِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: اقْرَءُوا الْقُرْآنَ فَإِنَّهُ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ شَفِيعًا لأَصْحَابِهِ... رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ.
Абу Умома Боҳилий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат куни ўз соҳибига шафоатчи бўлади», деб айтганларини эшитганман» (Муслим, Аҳмад ва Табароний ривояти).
Ушбу ривоятга кўра, Қуръон банда фойдасини кўзлайди ва уни ҳимоя қилади, банда фойдаси учун гувоҳлик беради. Бир сўз билан айтганда Қуръон бандага шафоатчи бўлади. Қуръон қандай шафоатчи бўлиши қуйидаги ривоятларда келтирилган.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Қиёмат куни Қуръон келади ва: «Эй Роббим, уни (яъни Қуръон ўқиган бандани) кийинтиргин!» дейди. Бас, унга каромат тожи кийдирилади. Сўнгра: «Эй Роббим, унга зиёда қилгин!» дейди. Бас, унга каромат либоси кийдирилади. Сўнгра (Қуръон): «Эй Раббим, ундан рози бўлгин!» дейди. Бас, (Аллоҳ) ундан рози бўлади. Сўнг (Қуръон соҳибига): «Ўқи ва кўтарилиб боравер», деб айтилади. Бас, (Аллоҳ) ҳар бир оят учун бир ҳасана (даража) зиёда қилади»(Термизий, Ибн Хузайма, Ҳоким, Байҳақий «Шуабул-иймон»да ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан).
Абу Солиҳдан ривоят қилинади: «Мен Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу): «Қуръон ўқинглар. У қиёмат куни қандоқ ҳам яхши шафоатчи? Қуръон қиёмат куни: «Эй Роббим, унга каромат безагини кийдир!» дейди. Бас, унга каромат безаги кийдирилади. «Эй Роббим, унга каромат либосини кийдир!» дейди. Бас, унга каромат либоси кийдирилади. «Эй Роббим, унга каромат тожини кийдир. Эй Роббим, ундан рози бўл. Зеро, Сенинг розилигингдан бошқа нарса йўқдир!» дейди», деб айтганини эшитганман» (Доримий ривояти. Ривоят санади ҳасан).
وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الصِّيَامُ وْالْقُرْآنُ يَشْفَعَانِ لِلْعَبْدِ يَقُولُ الصِّيَامُ: رَبِّ إِنِّي مَنَعْتُهُ الطَّعَامَ وَالشَّهَوَاتِ بِالنَّهَارِ فَشَفِّعْنِي فِيهِ وَيَقُولُ الْقُرْآنُ: مَنَعْتُهُ النَّوْمَ بِاللَّيْلِ فَيُشَفَّعَانِ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَاللَّفْظُ لَهُ وَصَحَّحَهُ وَالْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَالطَّبَرَانِىُّ فِي الْكَبِيرِ.
Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: «Рўза ва Қуръон (қиёмат куни) бандани шафоат қилади. Рўза айтади: «(Эй Роббим,) мен уни кундузи таом ва шаҳватлардан тўсдим, энди уни шафоат қилишим учун изн бер». Сўнгра Қуръон айтади: «(Эй Роббим,) мен уни кечаси уйқудан тўсдим. Энди уни шафоат қилишим учун изн бер». Бас, у иккисига (бандани) шафоат қилиш имкони берилади» (Аҳмад, Ҳоким, Байҳақий «Шуабул иймон»да ва Табароний «Кабийр»да ривоят қилган. Ҳадис лафзи Ҳокимга тегишли, у ҳадис санади саҳиҳ, деган).
Ушбу ривоятда ҳам Қуръон охиратда бандани қандай шафоат қилиши тасвирланмоқда.
«Шафоат» арабча сўз бўлиб, «бирон нарсани талаб қилиш», «кимнингдир ҳаққига яхшилик сўраб дуо қилиш», «ҳамроҳ бўлиш» каби маъноларни англатади. Демак, рўза ва Қуръон охиратда Аллоҳ таолодан рўза тутган, Каломуллоҳни ихлос билан тўғри тиловат қилган банда гуноҳларини кечириб, ундан рози бўлишини ва жаннатга киритишини сўрар экан.
Уламолар Қуръон ва рўзанинг шафоатини бир неча хил таъвил қилишган:
– қиёмат куни Қуръон ва рўзанинг савоби жисм шаклига кириб, гапиради. Зеро, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир;
– Аллоҳ улар номидан бир фариштани вакил қилади ва ўша фаришта гапиради;
– ҳадисда мажоз ва ўхшатиш услубидан фойдаланилган.
Нима бўлганда ҳам рўза ва Қуръон охиратда банда фойдасига гувоҳлик бериши аниқ. Бунинг учун банда Рамазон рўзасидан ташқари, нафл рўзалар тутиши ва Қуръонни мунтазам тиловат қилиб туриши лозим.
Ҳадисда Қуръони Каримни кечаси тиловат қилиш афзалроқ экани таъкидланмоқда.
وَعَنْ مُجَاهِدٍ عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: يَجِىءُ الْقُرْآنُ يَشْفَعُ لِصَاحِبِهِ يَقُولُ: يَا رَبِّ لِكُلِّ عَامِلٍ عُمَالَةٌ مِنْ عَمَلِهِ وَإِنِّى كُنْتُ أَمْنَعُهُ اللَّذَّةَ وَالنَّوْمَ فَأَكْرِمْهُ فَيُقَالُ: ابْسُطْ يَمِينَكَ فَتُمْلأُ مِنْ رِضْوَانِ اللهِ ثُمَّ يُقَالُ: ابْسُطْ شِمَالَكَ فَتُمْلأُ مِنْ رِضْوَانِ اللهِ وَيُكْسَى كِسْوَةَ الْكَرَامَةِ وَتَحِلُّ عَلَيْهِ الْكَرَامَةُ وَيُلْبَسُ تَاجَ الْكَرَامَةِ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.
Мужоҳид Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Қуръон (қиёмат куни) келиб, ўз соҳибини шафоат қилади ва: «Эй Роббим, ҳар бир амал қилувчи ўз ишидан мукофот олади. Мен уни лаззат ва уйқудан тўсдим. Бас, уни эъзозла!» дейди. Шунда: «Ўнг қўлингни чўз!» дейилади. У(нинг қўли) Аллоҳнинг розилиги билан тўлади. Кейин: «Чап қўлингни чўз!» дейилади. У(нинг чап қўли ҳам) Аллоҳнинг розилиги билан тўлади. Унга каромат либоси кийдирилади. Унга каромат ярашади (ёки ҳалол бўлади). Сўнг унга каромат тожи кийдирилади» (Дорақутний ривояти. Ривоят санади ҳасан[3]).
Байҳақий «Шуабул-иймон»да Зирр ибн Ҳубайшдан, у эса Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан қилган шу маънодаги ривоятни келтирган.
Демак, Қуръон ўқиган, умуман, Қуръон ҳақларини адо қилган бандалар охиратда Аллоҳнинг розилигини қозонар ва унга иззат-икром кўрсатилар экан.
وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: قَالَ لاَ حَسَدَ إِلاَّ فِي اثْنَتَيْنِ رَجُلٌ عَلَّمَهُ اللهُ الْقُرْآنَ فَهُوَ يَتْلُوهُ آنَاءَ اللَّيْلِ وَآنَاءَ النَّهَارِ فَسَمِعَهُ جَارٌ لَهُ فَقَالَ: لَيْتَنِي أُوتِيتُ مِثْلَ مَا أُوتِيَ فُلاَنٌ فَعَمِلْتُ مِثْلَ مَا يَعْمَلُ وَرَجُلٌ آتَاهُ اللهُ مَالاً فَهُوَ يُهْلِكُهُ فِي الْحَقِّ فَقَالَ رَجُلٌ: لَيْتَنِي أُوتِيتُ مِثْلَ مَا أُوتِيَ فُلاَنٌ فَعَمِلْتُ مِثْلَ مَا يَعْمَلُ. رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ فِي السُّنَنِ الْكُبْرَى.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Икки кишига ҳавас қилиш мумкин: (биринчиси шундай) кишики, Аллоҳ унга Қуръон (илми)ни берган бўлиб, у кечаю кундуз уни тиловат қилади. Қўшниси эшитиб, «фалончига берилган нарса менга ҳам берилганда эди, у қилган амалларни мен ҳам қилардим!» деб орзу қилади. (Иккинчиси шундай) кишики, Аллоҳ унга бойлик ато этган бўлиб, у (бойлигини) ҳақ йўлда сарфлайди. (Буни кўрган) киши: «Фалончига берилган нарса менга ҳам берилганда эди, у қилган амалларни мен ҳам қилардим!» деб орзу қилади» (Бухорий, Аҳмад, Байҳақий «Ас-сунанул кубро»да ривоят қилган).
Бу ҳадисда икки кишининг амалига ҳавас қилиш яхши экани айтилмоқда. Улардан бири Аллоҳнинг тавфиқи ва ёрдами билан Қуръонни ўрганган банда. У эртаю кеч Қуръон билан ҳамнафас, қўли ишда бўлса ҳам, тилида Қуръон, қалби Қуръон оятларини тадаббур қилиш билан банд. Ана шундай бандага яхшилик кўзи билан қараш, у қилаётган амалларни бажариб, юксак мақомларга эришишга ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқ экан.
Ҳавас қилиш мумкин бўлган иккинчи тоифадаги киши ҳалолдан касб қилиб, мол-дунё оттирган ва уни ҳалол йўлга, Шариат буюрган ёки рухсат берган ўринларга сарф қилувчидир. Қачон бундайларни кўрсак, уларга ҳавас қилишимиз керак. Шунда ниятимиз холис бўлгани учун улар қилаётган амаллар савобига эга бўламиз ва уларга ўхшашга интиламиз.
وَعَنْ أَبِي ذَرِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ أَوْصِنِي قَالَ: عَلَيْكَ بِتَقْوَى اللهِ فَإِنَّهُ رَأْسُ الأَمْرِ كُلِّهِ قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ زِدْنِي قَالَ: عَلَيْكَ بِتِلاَوَةِ الْقُرْآنِ فَإِنَّهُ نُورٌ لَكَ فِي الأَرْضِ وَذُخْرٌ لَكَ فِي السَّمَاءِ. رَوَاهُ ابْنُ حِبَّانَ فِي صَحِيحِهِ فِي حَدِيثٍ طَوِيلٍ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.
Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бир куни мен: «Эй Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг?» дедим. У Зот: «Аллоҳга тақво қил, чунки у барча ишларнинг бошидир», дедилар. «Эй Расулуллоҳ, яна зиёда қилинг», дедим. Шунда у Зот: «Сен Қуръон тиловатини ўзингга лозим тут. Зеро, у сен учун ерда нур ва осмонда заҳирадир», дедилар» (Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»да узун ҳадисда ривоят қилган. Ривоят санади заиф).
Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ( соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан насиҳат сўраганида, у Зот энг биринчи навбатда Абу Заррга тақвони маҳкам ушлашни тайинладилар. Ҳақиқатан, тақво барча ишларнинг бошидир. Агар иш тақво асосида амалга оширилса, у Аллоҳ даргоҳида мақбулдир. Тақвосиз қилинган амал ҳар қанча чиройли кўринмасин, миқдори кўп бўлмасин, натижа бериши қийин.
Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан яна насиҳат қилишларини сўраганида, у Зот унга Қуръон ўқишни буюрдилар. Сабаби, Қуръон нурдир. У банда йўлини ёритади. Банда Қуръон билан залолат зулматидан чиқиб, ҳидоят сари юради. Қуръон банда қалбига нур бағишлайди. Қуръон қабрда бандага нур бўлади. Қолаверса, қиёмат куни атроф қоронғи бўлганида, Қуръон унинг йўлини ёритувчи нур бўлади. Демак, Қуръон ўқиш билан банда илоҳий нурга эришар ва тиловатдан ҳосил бўлган савоблар унинг фойдасига заҳира бўлиб борар экан. «Заҳира» деганда ҳожат тушганда фойдаланиш мақсадида бирон нарсани йиғиш, тўплаб қўйиш назарда тутилади. Умид қиламизки, Қуръон ўқиганимиз учун олган ажр-савобларимиз қиёмат куни бизга асқотади!
وَعَنْ أَبِي مَسْعُودٍ الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَؤُمُّ الْقَوْمَ أَقْرَؤُهُمْ لِكِتَابِ اللهِ فَإِنْ كَانُوا فِي الْقِرَاءَةِ سَوَاءً فَأَعْلَمُهُمْ بِالسُّنَّةِ... رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَابْنُ حِبَّانَ وَالطَّبَرَانِيُّ.
Абу Масъуд Ансорий (розияллоҳу анҳу, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Аллоҳ таолонинг Китоби (Қуръон)ни яхшироқ ўқувчи қори қавмга имомлик қилади. Агар улар қироатда тенг бўлсалар, у ҳолда суннатни яхшироқ билувчи (имомликка ўтади)...» (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Аҳмад, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Табароний ривояти).
Ушбу ривоятда Қуръонни яхшироқ ўқувчи, қироати мукаммалроқ қори намозхонларга имомлик қилиш лозимлиги айтилмоқда. Бу ҳам Қуръон ўқувчининг мавқеъи қанчалик юқори эканини кўрсатади. Банда Қуръонни чиройли ва бехато ўқигани учун дунёда қавм олдида имом сифатида туради. Охиратда ҳам у баланд даражаларга эришади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Агар сафар қилсангиз, гарчи ёши энг кичигингиз бўлса ҳам, ичингиздаги қорироғингиз имомликка ўтсин! Агар у сизларга имом бўлса, бас, у сизларнинг бошлиқларингиздир», деганлар» (Баззор ривояти. Ривоят санади ҳасан).
وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ثَلاَثَةٌ لاَ يَهُولُهُمُ الْفَزَعُ الأَكْبَرُ وَلاَ يَنَالُهُمُ الْحِسَابُ هُمْ عَلَى كَثِيبٍ مِنْ مِسْكٍ حَتَّى يَفْرُغَ مِنْ حِسَابِ الْخَلائِقِ: رَجُلٌ قَرَأَ الْقُرْآنَ ابْتِغَاءَ وَجْهِ اللهِ وَأَمَّ بِهِ قَوْمًا وَهُمْ يَرْضَوْنَ بِهِ وَدَاعٍ يَدْعُو إِلَى الصَّلَوَاتِ الْخَمْسِ ابْتِغَاءَ وَجْهِ اللهِ وَعَبْدٌ أَحْسَنَ فِيمَا بَيْنَهُ وَبَيْنَ رَبِّهِ وَفِيمَا بَيْنَهُ وَبَيْنَ مَوَالِيهِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الأِيْمَانِ وَالطَّبَرَانِيُّ فِي الأَوْسَطِ وَالصَّغِيرِ بِإِسْنَادٍ لاَ بَأْسَ بِهِ.
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Уч (тоифа кишилар)ни катта қўрқинч қўрқита олмайди ва уларга ҳисоб етмайди. Халойиқ ҳисоб қилингунича улар мушк ичра бўладилар. (Улар) Аллоҳ розилиги учун Қуръон ўқиган ва у билан қавмга имомлик қилган, (жамоат) ҳам ундан рози бўлган киши, Аллоҳ розилиги учун беш вақт намоз ўқишга чақирган даъватчи ва ўзи билан Парвардигори ҳамда ўзи билан хўжайинлари орасини ислоҳ қилган қуллардир» (Байҳақий «Шуабул-иймон»да, Табароний «Авсатм ва «Соғийр»да лаа баъса биҳ (ҳечқиси йўқ) санади билан ривоят қилган).
Қиёмат куни коинот низоми бузилиб, кишини ҳайратга соладиган воқеалар содир бўлганида, ҳар бир қалб қўрқувга тушади. Ушбу ривоятда айтилишича, Аллоҳ розилиги учун Қуръон ўқиб, шу билан бирга, жамоатга имомлик қилган, Қуръон ўқиш билан бирон нарсага эришишни ният қилмаган, холис ният билан одамларни намоз ўқишга ундаган ва ўзи билан Аллоҳ ҳамда ўзи билан хўжайинлари орасида яхши муносабат муҳитини яратган қулларгина бундай қўрқувдан омонда бўладилар. Охиратда бошқалар оғир ҳисоб қилинаётганларида улар мушку-анбарлар ичида роҳатланиб ўтирадилар.
وَعَنْ أَبِي ذَرٍّ الْغِفَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّكُمْ لاَ تَرْجِعُونَ إِلَى اللهِ بِشَيْءٍ أَفْضَلَ مِمَّا خَرَجَ مِنْهُ يَعْنِي الْقُرْآنَ. رَوَاهُ الْحَاكِمُ فِي الْمُسْتَدْرَكِ وَصَحَّحَهُ وَأَبُو دَاوُدَ فِي الْمَرَاسِيلِ وَأَحْمَدُ فِي الزُّهْدِ.
Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Сизлар Аллоҳга ундан (яъни Қуръондан) чиқадигандан кўра афзалроқ нарса билан қайта олмайсизлар» (Ҳоким «Мустадрак»да, Абу Довуд «Маросийл»да ва Аҳмад «Зуҳд»да ривоят қилган. Ҳоким ҳадис санади саҳиҳ, деган).
Қуръондан чиқадиган нарса тиловатдир. Тиловат учун банда савоб олади. Демак, банда Аллоҳ даргоҳига олиб борадиган нарсаларнинг энг афзали Қуръон ўқигани учун оладиган ажр-мукофотлари экан. Ким қанча савоб билан борса, шунга қараб унга мартаба берилади. Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ ҳузурига олиб борадиган нарсаларнинг энг яхшиси Қуръон тиловатини кўпроқ қилишмиз, бу ишда бардавом бўлишимиз лозим.
وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ فَقَدِ اسْتَدْرَجَ النُّبَوَّةَ بَيْنَ جَنْبَيْهِ غَيْرَ أَنَّهُ لاَ يُوحَى إِلَيْهِ ، لاَ يَنْبَغِي لِصَاحِبِ الْقُرْآنِ أَنْ يَحِدَّ مَعَ مَنْ حَدَّ وَلاَ يَجْهَلَ مَعَ مَنْ جَهِلَ وَفِي جَوْفِهِ كَلاَمُ اللهِ تَعَالَى. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَالْحَاكِمُ فِي الْمُسْتَدْرَكِ وَقَالَ: هَذَا حَدِيثٌ صَحِيحُ الإِسْنَادِ وَلَمْ يُخَرِّجَاهُ.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: «Ким Қуръон ўқиса, бас, у нубувват (даражаси)га поғонама-поғона кўтарилиб борибди. Фақат унга ваҳий қилинмайди, холос. Қуръон соҳиби қалбида Аллоҳнинг Каломи бўла туриб ғазаб қилган киши билан тортишиши ва жоҳил кишига қўшилиб жоҳиллик қилиши тўғри эмас» (Байҳақий «Шуабул-иймон»да ва Ҳоким «Мустадрак»да ривоят қилган ва: «Бу саҳиҳ санадли ҳадис, аммо иккиси ривоят қилишмаган», деб айтган).
Қуръон ўқиш, уни тадаббур қилиш орқали банда юксак руҳий мақомга, улуғ мартабага чиқиб боради. Банда дунёдаги энг гўзал хулқларни айнан Қуръон ўқиш орқали билади ва уларни ўзига сингдиради. Шу сабаб Қуръон ўқувчи қори вазмин, босиқ бўлиши, агар бирон киши у билан жанжаллашса, у билан тенгма-тенг курашга киришиши ёки илмсизлиги сабаб ҳар хил гап-сўзлар билан жоҳиллик қиладиган кимсаларга қўшилиб урушиши маъқул эмас. Зеро, қори қалбида Қуръон Карим жо бўла туриб бундай ишларни қилиш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди.
وَعَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ هَذِهِ الْقُلُوبَ تَصْدَأُ كَمَا يَصْدَأُ الْحَدِيدُ إِذَا أَصَابَهُ الْمَاءُ قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ وَمَا جِلاَؤُهَا قَالَ: كَثْرَةُ ذِكْرِ الْمَوْتِ وَتِلاَوَةُ الْقُرْآنِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَأَبُو نُعَيْمٍ فِي حِلْيَةِ الأَوْلِيَاءِ وَالْقُضَاعِيُّ فِي مُسْنَدِ الشِّهَابِ.
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Темирга сув тегса, занглаганидек бу қалблар ҳам занглайди», дедилар. Шунда: «Эй Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?» дейилди. У Зот: «Ўлимни кўп эслаш ва Қуръон тиловат қилиш», дедилар» (Байҳақий «Шуабул-иймон»да, Абу Нуайм «Ҳилятул-авлия»да ва Қузоъий «Муснадуш-шиҳаб»да ривоят қилган).
Темир занглагани каби қалб ҳам занглайди. Темир занглашига унга сув тегиши сабаб бўлса, банда қилган гуноҳлари асорати йиғилиб-йиғилиб қалбни занглатади, уни қорайтиради. Мазкур ривоятда айтилишича, ўлимни эслаш ва Қуръон тиловати қалбдаги зангни кетказади.
Зиёвуддин Раҳим ва Одилхон Юнусхон ўғлининг «Қуръони Карим фазилатлари» китобидан.
|