Аллоҳ таоло айтади: «Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қиламиз. (Лекин бу оятлар) золим-кофир кимсаларга фақат зиённи зиёда қилади» (Ал-Исро, 82).
Яъни эй Муҳаммад, Биз Сизга Қуръонни нозил қиламиз. У жаҳолат ва залолатга даводир. Қуръон мўминлар қалбидаги маънавий иллатлар, нифоқ, ширк ва ҳақдан тойилиш кабиларни бартараф қилади. У мўминлар учун раҳматдир. Аммо Аллоҳга куфр келтириш билан нафсларига зулм қилганлар Қуръон эшитганлари заҳоти иймондан йироқлашадилар ва бу нарса уларга зиён келтиради, холос. Бошқа оятда Аллоҳ таоло шундай деган: «(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун ҳидоят ва шифодир», деб айтинг. (Фуссилат, 44). Ушбу оятда Қуръон мўминлар учун ҳидоят манбаи, шифо хазинаси экани айтилмоқда. Мўмин бандалар Қуръон билан тўғри йўлни, эзгулик, яхшиликка олиб борувчи йўлни танийдилар, Қуръон билан ҳалолни ҳаромдан, оқни қорадан ажрата биладилар. Қуръон, шунингдек, мўминлар учун шифо, қалб ва таналаридаги дардларга шифодир. وَعَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: عَلَيْكُمْ بِالشِّفَائَيْنِ الْعَسَلُ وَالْقُرْآنُ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ وَالْحَاكِمُ وَاللَّفْظُ لَهُ وَقَالَ: هَذَا إِسْنَادٌ صَحِيحٌ عَلَى شَرْطِ الشَّيْخَيْنِ وَلَمْ يُخْرِجَاهُ. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Сизлар ўзингизга икки шифо – Қуръон ва асални лозим тутинглар!» (Байҳақий ва Ҳоким ривояти. Ҳадис лафзи Ҳокимга тегишли ва у: «Бу санад икки шайх шартига кўра саҳиҳ, аммо уни иккиси ҳам ривоят қилмаган», деган). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бизларни асал ва Қуръон билан даволанишга буюрганлар. Бу иккиси қандай касалликларга даво экани қуйидаги ривоятда айтилади. وَعَنْ أَبِى الأَحْوَصِ عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: فِى الْقُرْآنِ شِفَاءَانِ الْقُرْآنُ وَالْعَسَلُ الْقُرْآنُ شِفَاءٌ لِمَا فِى الصُّدُورِ وَالْعَسَلُ شِفَاءٌ مِنْ كُلِّ دَاءٍ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي السُّنَنِ الْكُبْرَى وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ. Абул Аҳвас Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Қуръонда икки шифо бор: Қуръон ва асал. Қуръон қалблардаги (касалликлар)га шифо, асал эса ҳар бир дардга шифодир» (Байҳақий «Ас-сунанул кубро»да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ). Бу ҳақда бошқа ривоятлар ҳам келган. Хайсама ва Асвад Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Сизлар ўзингизга икки шифо – Қуръон ва асални лозим тутинглар!» (Ҳоким ва Ибн Абу Шайба ривояти). Абул Аҳвас Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Қуръон ва асал иккиси шифодир» (Табароний «Кабийр»да ривоят қилган). Демак, Қуръон маънавий касалликларга, қалбдаги иллатлар бўлмиш ширк, куфр, нифоқ, ҳасад каби касалликларга, асал эса ҳиссий касалликларга, танадаги дардларга малҳам бўлади. وَعَنْ عَبْدِ الْمَلِكِ بْنِ عُمَيْرٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: فَاتِحَةُ الْكِتَابِ شِفَاءٌ مِنْ كُلِّ دَاءٍ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ. Абдулмалик ибн Умайр[1] ривоят қилади: «Расулуллоҳ ( соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Фотиҳа (сураси) ҳар бир дардга шифодир», деганлар» (Доримий ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ). Фотиҳа сураси, аввало, маънавий касалликларга, эътиқоддаги тойилиш ва залолатга шифо, қалб иллатларига даводир. Қолаверса, у танадаги касалликларни ҳам даволовчидир. وَعَنْ وَاثِلَةَ بْنِ الأَسْقَعِ أَنَّ رَجُلاً شَكَى إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَجَعَ حَلْقِهِ فَقَالَ: عَلَيْكَ بِقِرَاءِةِ الْقُرْآنِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ. Восила ибн Асқоъдан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига томоқ оғриғидан шикоят қилиб келганида, у Зот: «Сен Қуръон ўқишинг керак», деганлар. (Байҳақий «Шуабул-иймон»да ривоят қилган). Аниқланишича, Қуръон ҳарфларини (айниқса, ҳойи ҳутий ва айнни) талаффуз қилиш томоқдаги касалликларни бартараф этар экан. Шу сабаб бўлса керак, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига томоқ оғриғидан шикоят қилиб келган кишини Қуръон ўқишга буюрганлар. وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: انْطَلَقَ نَفَرٌ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي سَفْرَةٍ سَافَرُوهَا حَتَّى نَزَلُوا عَلَى حَيٍّ مِنْ أَحْيَاءِ الْعَرَبِ فَاسْتَضَافُوهُمْ فَأَبَوْا أَنْ يُضَيِّفُوهُمْ فَلُدِغَ سَيِّدُ ذَلِكَ الْحَيِّ فَسَعَوْا لَهُ بِكُلِّ شَيْءٍ لاَ يَنْفَعُهُ شَيْءٌ فَقَالَ بَعْضُهُمْ: لَوْ أَتَيْتُمْ هَؤُلاَءِ الرَّهْطَ الَّذِينَ نَزَلُوا لَعَلَّهُ أَنْ يَكُونَ عِنْدَ بَعْضِهِمْ شَيْءٌ فَأَتَوْهُمْ فَقَالُوا: يَا أَيُّهَا الرَّهْطُ إِنَّ سَيِّدَنَا لُدِغَ وَسَعَيْنَا لَهُ بِكُلِّ شَيْءٍ لاَ يَنْفَعُهُ فَهَلْ عِنْدَ أَحَدٍ مِنْكُمْ مِنْ شَيْءٍ فَقَالَ بَعْضُهُمْ: نَعَمْ وَاللهِ إِنِّي لأَرْقِي وَلَكِنْ وَاللهِ لَقَدْ اسْتَضَفْنَاكُمْ فَلَمْ تُضَيِّفُونَا فَمَا أَنَا بِرَاقٍ لَكُمْ حَتَّى تَجْعَلُوا لَنَا جُعْلاً فَصَالَحُوهُمْ عَلَى قَطِيعٍ مِنْ الْغَنَمِ فَانْطَلَقَ يَتْفِلُ عَلَيْهِ وَيَقْرَأُ الْحَمْدُ للهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ فَكَأَنَّمَا نُشِطَ مِنْ عِقَالٍ فَانْطَلَقَ يَمْشِي وَمَا بِهِ قَلَبَةٌ قَالَ: فَأَوْفَوْهُمْ جُعْلَهُمْ الَّذِي صَالَحُوهُمْ عَلَيْهِ فَقَالَ بَعْضُهُمْ: اقْسِمُوا فَقَالَ الَّذِي رَقَى: لاَ تَفْعَلُوا حَتَّى نَأْتِيَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَنَذْكُرَ لَهُ الَّذِي كَانَ فَنَنْظُرَ مَا يَأْمُرُنَا فَقَدِمُوا عَلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَذَكَرُوا لَهُ فَقَالَ: وَمَا يُدْرِيكَ أَنَّهَا رُقْيَةٌ ثُمَّ قَالَ: قَدْ أَصَبْتُمْ اقْسِمُوا وَاضْرِبُوا لِي مَعَكُمْ سَهْمًا فَضَحِكَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَصْحَابُ السُّنَنِ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالدَّارَقُطْنِيُّ. Абу Саид (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларидан бир нечтаси сафарга чиқди ва араблар турар жойидан бирида қўниб топиб, улардан меҳмон қилишларини сўрашди. Аммо (қабиладагилар) бундан бош тортишди. Шу орада ўша қабила бошлиғини (чаён) чақиб олди. Улар қўлларидан келган барча чораларни ишга солсалар-да, бирон наф чиқмади. Шунда улардан бири: «Анави гуруҳ олдига боринглар. Шояд, уларда наф беридаган бирон нарса бўлса!» деди. Бас, улар саҳобалар олдига боришди ва: «Эй сизлар, қабила бошлиғимизни (чаён) чақиб олди. Ҳарчанд уринсак ҳам, бирон натижа чиқмади. Сизлардан биронтаси бунга даво топа оладими?» деди. Шунда (саҳобалардан) бирлари: «Ҳа, Аллоҳга қасамки, мен дам соламан. Лекинм Аллоҳга қасамки, биз сиздан меҳмон қилишингизни сўраганимизда, бош тортдинглар. Энди бирон мукофот тайин қилмагунингизча ҳаргиз дам солмайман!» деди. Бас, улар бир тўда қўйлар эвазига келишиб олишди. Ҳалиги киши «Алҳамду лиллааҳи роббил-ъаламийн»ни ўқиб, унга туфлаб (дам сола) бошлади. Бемор киши ҳеч нарса бўлмагандек соғ бўлиб қолди. Шундан сўнг (қабила бошлиғи): «Келишган аҳдингизни бажаринглар!» деди. (Саҳобалардан) бири: «Тақсимланглар!» деди. Дам солган киши бўлса: «Шошманглар! Аввал Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларига бориб, бу нарсани у Зотга айтайлик ва нимага буюришларини кутайлик», деди. Улар Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига етиб келиб, бўлган воқеани айтишганида, у Зот (дам солган кишига қараб): «У (Фотиҳа) дам солиш (сураси) эканини қаердан билдинг?» деб сўрадилар ва кейин: «Тўғри қилибсизлар. (Қўйларни) тақсимланглар ва ундан менга ҳам улуш ажратинглар», деб кулиб қўйдилар» (Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ва Дорақутний ривояти). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), тахминан, ўттиз кишини сафарга юборган эдилар. Улар кечаси бир қавм манзилига тушдилар. Аксига олиб, қабиладагилар уларни меҳмон қилгилари келмади. Шу орада қабила бошлиғини чаён чақиб олди. Шунда қабиладаги баъзи кишилар саҳобаларда чаён чақишига шифо бўладиган нарса борлигини билиб қолишди ва улар олдига вакилларини юборишди. Қабиладагилар келиб ўз мақсадларини айтишгач, саҳобалардан бири туриб: «Ҳа, менда бунга даво бўладиган нарса бор. Мен дам соламан», деди. Улар ўттизта қўй эвазига битим тузишди. Бас, у уч (ёки етти) марта Фотиҳа сурасини ўқиб, дам солди. Шунда чаён захридан беҳуш ётган қабила бошлиғи ҳеч нарса кўрмагандек ўрнидан туриб кетди. Улар вазифани аъло даражада бажариб, қўйларни қўлга киритишди ва сут билан сийланишди. Кейин саҳобаларда ундан улуш олиш умиди пайдо бўлди. Аммо дам солган киши ҳали тақсимлашга эрта экани, аввал Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан бунинг, яъни дам солиш эвазига мукофот олиш ҳукмини билиш кераклигини таъкидлади. Улар Мадинага келиб, бўлиб ўтган ишни Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га зикр қилишганда, у Зот дам солган саҳобийга қараб: «Фотиҳа сураси билан дам солишни қаердан биласан?» деб сўрадилар. У: «Қалбимга илҳом қилинди», деб жавоб берди. Шундан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) улар тутган йўл тўғрилиги, Фотиҳа сураси билан дам солиш ва бунинг эвазига ҳақ олиш жоизлигини айтдилар. [1] Абдулмалик ибн Умайр ибн Сувайд Абу Амр Лахмий, тобеинлардан. У ҳижрий 33 йилда туғилиб, 136 йилда вафот этган. Сиҳоҳи ситта соҳибларининг барчаси ундан ҳадис ривоят қилишган. Ибн Ҳажар Абдулмаликнинг ишончли ровий эканини айтиб ўтган. Насоий ва бошқалар унинг иллати (камчилиги) йўқлигини зикр қилишган.
|