A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон фазилати
PDF Босма E-mail

Қуръон – дилимизга нур бахш этувчи илоҳий Калом. Ҳаёт йўлларимизни ёритувчи ҳидоят маёғи! Аллоҳнинг Каломини ёд олувчи бандалар эса инсониятнинг энг буюклари! Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. Чунки У Зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва Шакур (оз амал учун кўп савоб берувчи) дир ( Фотир  сураси, 29-30-оятлар).


Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади. Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир», – дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Дарҳақиқат, инсон, аввало, Қуръони Каримни кўпроқ тиловат қилиши лозим. Яъни тажвид билан, тартил билан, маъноларига эътибор бериб тиловат қилиши, уни ҳаётига татбиқ қилиши лозим бўлади.

Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай дедилар: «Қуръон ўқийдиган мўминнинг мисоли утружжа (хушбўй, ширин мева) каби бўлиб, унинг ҳиди ҳам, ўзи ҳам шириндир. Қуръон ўқимайдиган мўмин хурмо сингаридир, унинг таъми ширин, аммо ҳиди йўқ. Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг мисоли райҳон кабидир, ҳиди хушбўй, лекин мазаси аччиқ. Қуръон ўқимайдиган мунофиқнинг ўхшаши ҳанзала (қовоқсимон полиз экини) сингаридир, унинг ҳиди йўқ, таъми эса аччиқ» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Қуръон Қиёмат куни қорига шафоатчи бўлади. Бу эса қорининг дунёда Қуръонни қанчалик эъзозлаганининг далолатидир. Бу борада қуйидаги ривоят келтирилади:

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қиёмат куни Қуръон келади ва: «Эй Роббим, уни (яъни Қуръон ўқиган бандани) кийинтиргин!» – дейди. Бас, унга каромат тожи кийдирилади. Сўнгра: «Эй Роббим, унга зиёда қилгин!» – дейди. Унга каромат либоси кийдирилади. Сўнг (Қуръон): «Эй Роббим, ундан рози бўлгин!» – дейди. Аллоҳ ундан рози бўлади. Сўнг (Қуръон соҳибига): «Ўқи ва кўтарилиб боравер», – деб айтилади. (Аллоҳ) ҳар бир оят учун бир ҳасана (даража) зиёда қилади» (Имом Термизий, Ибн Ҳузайма, Ҳоким, Байҳақий ривоятлари).

Қуръони Каримдан кўра суюклироқ бошқа китоб йўқ. Чунки Қуръон нуқсон, хато ва камчиликлардан холи, энг мукаммал Китобдир. Бандалар Аллоҳ таоло ҳузурига Қуръондан кўра яхшироқ бирон китоб билан бора олмайдилар.

Абу Бакр ибн Абу Марям Атийядан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ даргоҳида Унинг Каломидан улуғроқ бошқа калом йўқ. Бандалар Аллоҳга Унинг Каломидан севимлироқ бошқа бир калом билан қайта олмайди»,–  деганлар» (Имом Доримий ривояти).

Ким Қуръонга муҳаббат қўйса, Қуръонни эъзозласа, ишонч билан айтиш мумкинки, ундан бахтли инсон йўқ. Чунки бундай бандани Аллоҳ яхши кўради. Қуръонни ўша банда учун Охиратда ҳужжат ва шафоатчи қилади. Аллоҳ яхши кўрган банда азобга йўлиқмайди, фақат эҳтиромга лойиқ кўрилади. Инсон «Мен Қуръонни яхши кўраман»,  дейишнинг ўзи билан мақом-мартабага эришмайди, балки Қуръонни яхши кўрган банда уни тиловат қилади, ёдлайди, ўрганади ва амал қилади.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг ичида Аллоҳнинг аҳллари бор», – деганларида саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, улар кимлар?» – деб сўрашди. Набий (алайҳиссалом): «Улар Қуръон аҳллари – Аллоҳнинг аҳллари ва У Зотнинг хос бандаларидир», – дедилар» (Имом Ибн Можа ва Аҳмад ривоятлари).

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, инсон ҳаётида Қуръоннинг ўрни беқиёс. Ҳаёт мазмуни у билан, Охират саодати айнан у билан. Шундай экан, умримизнинг ҳар бир они Қуръон билан ўтсин!


Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти талабаси

Абдулазиз Раҳмонберди