«Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. «Нафақа қилган яхшилигингиздан ота-оналарга, яқин кишиларга, етимларга, мискинларга ва ватангадоларга бўлсин. Қандай яхшилик қилган бўлсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир», деб айт». (Бақара 215)
Савол нимани нафақа қилиш ҳақида бўлган эди: «Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар». Жавоб эса кимларга нафақа қилишни ҳам баён этяпти: «Нафақа қилган яхшилигингиздан ота-оналарга, яқин кишиларга, етимларга, мискинларга ва ватангадоларга бўлсин». Демак, яхшилик нафақа қилинар экан. Қуръони Каримда хайр, яхшилик сўзи кўпинча мол-дунё маъносида ишлатилган. Бу жойда ҳам худди шу маънони англатмоқда. Нафақага лойиқлар ичида бекорга ота-она биринчи зикр қилинаётгани йўқ. Инсон табиати ўзи шуни тақозо қилади. Ўзидан кейинги биринчи ҳакдор ота-онаси бўлади. Ота-онасини муҳтож қўйиб, улардан бошқаларга нафақа қилишдан нима фойда бор? Шунингдек, яқин кишилар, қариндошлар ҳақдорлик жиҳатидан бошқалардан устунлар ва ҳоказо. Нафақа қилиш худди шу тартибда бўлиши лозимлиги Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ҳадисларида ҳам зикр қилинган. Имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бир кишига: «Садақа қилишни ўзингдан бошла, ортиб қолса аҳлингга қил, агар аҳлингдан ҳам ортиб қолса, қариндошларингга қил, агар қариндошларингдан ҳам ортиб қолса, улардан бошқаларга ва ҳоказо», деган эканлар. Нафақа қилиш бандадан, унинг савобини бериш, тақдирлаш Аллоҳдан. Чунки «Қандай яхшилик қилган бўлсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир». Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Уч нафар киши йўлда кетаётган эканлар, ёмғирда қолибдилар. Тоғдаги ғорга кириб олибдилар. Бас, (уларнинг ғорига) тоғдан бир харсанг тушиб, чиқар йўлларини тўсиб қолибди. Улар бир-бирларига: «Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингизга бир назар солиб, уларни васила қилиб Аллоҳга дуо қилинглар, шоядки, сизларга кушойиш берса», дебдилар. Улардан бири: «Эй бор Худоё! Албатта, менинг қари ота-онам бор эдилар. Менинг кичик ёшдаги болаларим ҳам бор эди. Уларнинг барчасининг риоясини қилардим. Уларнинг олдига қайтиб келсам, сут соғиб, болаларимдан олдин ота-онамга ичирар эдим. Бир куни кеч қолиб, кечасигача кела олмадим. Келиб, икковларини ухлаб қолганларини кўрдим. Одатдагидек, сут соғдим ва ота-онам икковларининг бош тарафларида уйғотиб юбормай, деб кутиб турдим. Болаларга ичиришни ҳам эп кўрмадим. Болалар очликдан оёғим остида қичқиришар эди. Тонг отгунча шу ҳолда турдим. Агар Сен шу ишни Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга бир тирқиш очгин, осмонни кўрайлик», деди. Бас, Аллоҳ тирқиш очди. Ундан осмонни кўрдилар... Уч киши йўлда кетаётиб ёмғирда қолибдилар. Ёмғирдан қочиб тоғдаги бир ғорга кирибдилар. Тоғдан бир катта харсанг тош думалаб тушиб, улар ўтирган ғорнинг оғзини тўсиб қолибди. Уч мусофир жуда қийин аҳволда қолибдилар. Ҳеч ким йўқ, тоғдаги ғорнинг ичидалар. Бировни ёрдамга чақириш ҳам мумкин эмас. Улкан тош тушиб, ғорнинг оғзини беркитиб қўйган. Уни думалатиш ёки суришга қандай қурблари етсин! Аллоҳга ёлборишдан бошқа ҳеч қандай иложлари йўқ. Аммо Аллоҳга ёлбориш ҳам турлича бўлади. Банданинг қайси бир ёлборишини Аллоҳ таоло тезроқ қабул қилади? Улар ўз ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ўйлаб-ўйлаб, бир қарорга келибдилар. «Улар бир-бирларига: «Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингизга бир назар солиб, уларни васила этиб, Аллоҳга дуо қилинглар, шоядки, сизларга кушойиш берса», дебдилар». Улар Аллоҳ таолога қуруқдан-қуруқ ёлборишни ўзларига эп кўрмадилар. Умрларида Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларини васила эта туриб, Аллоҳдан омонлик сўрашни маъқул топдилар. Биринчилари ўзининг қариб қолган ота-онасига Аллоҳ учун чин ихлос билан қилган ҳурмат-эҳтироми ва хизматини васила этишга қарор қилибди. У кишининг қари ота-онаси билан бирга ёш болалари ҳам бор экан. Ҳар куни кундалик ишидан қайтиб келиб, қўйларини соғгач, ота-онасининг ҳурматини қилиб, сутни олдин уларга, сўнгра болаларига берар экан. Демак, уларнинг бошқа таомга имконлари йўқ экан. Бир куни у ишидан кеч қайтибди. Қараса, ота-онаси ухлаб қолишибди. Одатдагидек, сутни соғибди. Соғилган сутни кўтариб ухлаб ётган ота-онасининг бошларига келибди. Уларга озор бермаслик учун уйғотишни ўзига эп кўрмабди. Уйғониб қолсалар, қоринлари оч ҳолда мени излаб қолишмасинлар деб, жойидан жилмай тураверибди. Ўзи кундузи билан ишлаб чарчаб келган бўлса-да, ухламабди. Болалари очликдан оёғи остида йиғлаб турсалар ҳам, ота-онам уйғониб сутсиз қолмасинлар, деб сутни болаларига бермабди. Тонг отгунча шу ҳолатда, ота-онасининг бошида тик туриб чиқибди. Ана шу банда Аллоҳ розилиги учун ота-онасига ихлос билан қилган хизматларини васила қилиб, бошига тушган мушкулни аритишни сидқидилдан сўрабди. Аллоҳ таоло у одамнинг илтижосини қабул қилиб, мазкур солиҳ амали эвазига ғор оғзининг учдан бирини очибди. Демак, ота-онага иззат-эҳтиром кўрсатиб, уларга ихлос билан Аллоҳнинг розилигини истаб, хизмат қилиш фарзандга нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам яхшиликлар етишига сабаб бўлар экан. Ҳатто бошига тушган мусибатнинг кўтарилишига ҳам васила бўлар экан... Шундай экан, ўзимизга савол бериб, унга инсоф ила жавоб берайлик-чи. Ҳаммамиз ҳам ота онамизга кераклигича нафақа қилиб қўямизми? Болаларимизга неча бор сарфлаганимизда, ота онамизга бир бор сарфлаймиз?
Одинахон Муҳаммад Юсуф |