
Аллоҳ таоло яҳудийлардан олган мийсоқини эслатиб, Бақара сурасининг 83 оятида: «Бани Исроилдан Аллоҳдан бошқага ибодат этмайсиз, ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга яхши гаплар айтинг, намозни қоим қилинг, закот беринг, деб аҳду паймон олганимизни эсланг. Сўнгра озгинангиздан бошқангиз юз ўгириб, ортга қараб кетдингиз», дейди.
Мулоҳаза қилинса, Аллоҳ таоло Бани Исроилдан аҳду паймон олган ишлар Ислом дини ҳам буюрган ишлардир. Шундан ҳамма самовий динларнинг бирлиги келиб чиқади. Тавҳид ақийдасининг асоси – Аллоҳдан бошқага ибодат қилмаслик – аҳду паймон олинган ишларнинг бошида саналяпти. Ота-онага яхшилик қилиш ҳар бир фарзанднинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Тавротда ота-онасини сўккан киши ўлдирилиши керак эканлиги келган. Ота-онага яхшилик қилиш, бу Аллоҳнинг ҳаққидан кейин келади. Халоиқнинг ҳуқуқларидан энг таъкидлиги, энг авлоси ота-онанинг ҳаққидир. Шунинг учун табарока ва таоло ўзига бўлган тавҳиддан кейин уни зикр қилган. Ота-онага яхшилик қилиш улар билан яхши яшаш, иккисига мутавозеъ бўлиш, амрларига бўйсиниш, ўтиб кетганларидан кейин уларга мағфират сўраб дуо қилиш, аҳллари билан алоқада бўлиб туришдир. Қариндошларнинг қариндошлик ҳаққи бор, уларга ҳам яхшилик қилиш лозим. Аллоҳ таоло силаи раҳм қилиш ила қариндошларга яхшилик қилишни амр қилади. Чунки уларга яхшилик қилиш алоқаларни қоим бўлишига олиб келади. Уммат бир неча оилаларни тўплами, холос. У яхши бўлса, яхши бўлади, бузилса, бузилади. Етимлар боқувчисиз қолган ёш болалардир. Жамиятда уларнинг ҳам ҳаққи бор. Шунингдек, мискинлар ҳам турли сабабларга кўра, ҳаёти ноқулай ҳолларга тушиб қолган шахслардир, уларга ҳам яхшилик кўрсатиш инсоннинг инсонийлик бурчи ҳисобланади. Оятдаги «Одамларга яхши гаплар айтинг» жумласини тафсир қилиб, Имом Ҳасан Басрий: «Яхши гап – амри маъруф, наҳйи мункар, ҳилму афв, кечирим ва ширин сўзлардан иборатдир», деганлар. Намозни қоим қилиш, яъни ҳамма амалларини жой-жойига қўйиб адо этиш ҳамма самовий динларда ҳам асосий ибодатлардан ҳисобланади. Имом Бухорий ва имом Муслим ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилган ҳадисда у киши Пайғамбар (алайҳиссалом)дан: «Эй, Аллоҳнинг Расули, қайси амал энг афзалдир?» деб сўраганларида, у Зоти бобаракот: «Ўз вақтида ўқилган намоз», деб жавоб берган эканлар. Шунингдек, закот ҳам улуғ молиявий ибодатлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло мазкур амалларни бажаришга Бани Исроилдан аҳду паймон (таъкидланган ваъда) олган бўлишига қарамай, улар ўз одатлари бўйича, бу аҳд-паймондан юз ўгирдилар ва қасддан ортга қараб кетдилар.
Одинахон Муҳаммад Юсуф |