بسم الله الرحمن الرحيم
Улар Аллоҳнинг аҳдини боғланганидан сўнг бузадиган, Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни кесадиган, ер юзида фасод қиладиган зотлардир. Ана ўшалар ютқазувчилардир. (Бақара 27)
Ушбу оятда Аллоҳ кофир ва мунофиқларнинг учта катта сифатини келтирган. Биринчи сифат: «Аллоҳнинг аҳдини боғланганидан сўнг бузадиган...» Яъни, ҳар бир банданинг Яратган билан боғлаган аҳди бор. Кофир ва мунофиқлар ўша аҳдни бузиш билан бошқалардан ажраб туради. Иккинчи сифат: «Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни кесадиган...» Аллоҳ кўп нарсаларни, жумладан, қариндошлик алоқаларини боғлашга, инсоний алоқаларни боғлашга, иймон ва диндошлик алоқаларини боғлашга... ва ҳоказо ишларга буюрган. Фосиқ–кофир ва мунофиқлар ушбу алоқаларни ҳам кесадилар. Учинчи сифат: «Ер юзида фасод қиладиган...» Фасоднинг тури жуда кўп. Жумладан, юқоридаги икки сифат ҳам ер юзини фасодга тўлдирадиган сифатлардан ҳисобланади. Аммо энг катта фасод борлиқни яратувчи Зот бўлмиш Аллоҳ таоло кўрсатган йўлни тарк этиб, бошқача яшашга ҳаракат қилишдир. Ҳамма фасод шундан келиб чиқади. Мазкур сифатлар нима натижага элтади? Шундай сифатдаги кишилар, албатта, ютқазадилар. Бу дунёларини ҳам, у дунёларини ҳам ютқазадилар. «Ана ўшалар ютқазувчилардир». Ушбу маъно "Раъд сурасининг 25 оятида ҳам келган. Аллоҳнинг аҳдини мийсоқдан кейин бузадиганлар, Аллоҳ боғланишига амр этган нарсаларни узадиганлар ва ер юзида бузғунчилик қиладиганларга, ана ўшаларга лаънат ва уларга ёмон диёр бор. Бу оятда васф қилинаётган бадбахт бандаларнинг бош айблари Аллоҳ таолога ал-Мийсоқда берилган бош аҳдни – иймон аҳдини ва ўша иймон тақозоси ила амал қилиш мийсоқини бузишларидир. Ушбу асосий ва марказий аҳд бузилгандан кейин бошқа аҳдлар ҳам бузилиши муқаррар. Чунки, Аллоҳга иймон аҳди бўлмагандан кейин, бошқа қандай аҳд бўлиши мумкин?! Шу боисдан ҳам, улар: «Аллоҳ боғланишига амр этган нарсаларни бузадиганлар»га айланиб қоладилар. Аллоҳга иймонлари бўлмаганидан кейин, унинг айтганларини ҳам қилмайдилар. Жумладан, Аллоҳ боғланишга амр этган қариндошлик алоқаларини, инсонийлик ва бошқа алоқаларни ҳам узадилар. Натижада: «ер юзида бузғунчилик қиладиганларга» айланадилар. Уларнинг иши бузғунчиликдан иборат бўлиб қолади. «Ана ўшаларга лаънат ва уларга ёмон диёр бор.» Силаи раҳмни узган киши ютқизиши ҳақида ҳадиси шарифлар ҳам бор. Муҳаммаб ибн Жубайр ибн Муътасим отасидан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Силаи раҳмни узувчи жаннатга кирмайди", деганлар. Жаннатдан маҳрум бўлишдан ҳам ёмонроқ ютқизиш борми? Азизлар, ўзимизга инъом қилинган фурсатдан фойдаланиб, "силаи раҳм" нинг маъносини ва бу робитага тааллуқли ҳақ ҳуқуқларни мукаммал ўрганиб, унга амал қилайлик. Бу борадаги хато камчиликларни тўғрилайлик. Яна ютқизувчилардан бўлиб қолмайлик. Жаннатдан маҳрум бўлмайлик.
Одинахон Муҳаммад Юсуф
|