بسم الله الرحمن الرحيم
"Иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларга, улар учун остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар борлигининг башоратини бер. Қачонки уларнинг мевасидан баҳраманд бўлсалар, бундан аввал ҳам ризқланган эдик, дерлар. Уларга ўхшаш нарсалар берилгандир. Уларга у ерда покиза жуфтлар бор ва улар у ерда абадий қолурлар." (Бақара. 25)
Ушбу ояти каримада Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, иймон келтирган ва солиҳ амал қилганларга башорат–суюнчилик хабар беришни буюрмоқда. Демак, дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатга кириш учун иймон келтириш, яъни, Аллоҳга, Пайғамбарга, Қуръонга ва иймон келтириш лозим бўлган бошқа нарсаларга иймон келтириш ҳамда амали солиҳларни, яъни, Қуръон ва суннатда яхши деб таърифланган ишларни қилиш зарурдир. Аҳли жаннат фақат жаннатга кириш билан кифояланиб қолмайдилар, балки у ерда турли ноз-неъматларга сазовор бўладилар. Жумладан: «Қачонки уларнинг (яъни жаннатларнинг) мевасидан баҳраманд бўлсалар, бундан аввал ҳам ризқланган эдик, дерлар. Уларга ўхшаш нарсалар берилгандир». Яъни, бу дунёда баҳраманд бўлган меваларига ўхшаш мевалар берилгандир. Аммо бу ўхшашлик фақат исми ва шаклида, жаннат меваларининг таъми эса, бошқа. Шаклининг ўхшашлиги шунинг учунки, банда бу дунёда тотиб юрган лаззатли неъматни жаннатда ҳам, кўриб севинади. Таъмини тотганда эса, кутганидан зиёда лаззатли экани аён бўлади. Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Жаннатдаги нарсаларнинг бирортаси бу дунёникига ўхшамайди, фақат исми ўхшаши мумкин», деганлар. Яна: «уларга у ерда покиза жуфтлар бор». Тартиб бўйича Қуръону Каримда биринчи бор "жуфтлар"нинг зикри ушбу ояти каримада келади. Бу ерда айтилаётган жуфтлардан мурод ҳурлардир. Уларнинг покиза деб васфланиши, ҳар хил моддий ва маънавий кир ва ифлосликлардан пок бўлганликлари учундир, яъни ҳайз, нифос, инсондан чиқадиган чиқиндилардан, ҳамда нафснинг ёмонликларидан пок бўладилар. Эътибор берадиган бўлсак, ушбу оятда иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар учун бир қанча ҳузурбахш неъматлар ваъда қилинмоқда, остидан анҳорлар оққан жаннатлар, мевалар, жуфтлар... Демак, жуфт ҳам неъмат экан. Энди, ўйлаб кўринг, бу дунёнинг мевалари ва жаннат мевалари орасидаги фарқ қандай эканлигини. Бу дунёдаги жуфт ва у дунёдаги жуфтлар орасидаги фарқни. Лекин дунёнинг мумина аёллари қиёмат куни ҳурлардан ҳам афзал бўлишлари ворид бўлган. Машҳур муҳаддислардан Абул Қосим ат-Тобароний ривоят қилган узун ҳадисда жумладан шундай дейилади: «Умму Салама: «Эй Расулуллоҳ, Аллоҳнинг «Ъурубан атробан» деган ояти ҳақида гапириб беринг», деди. Ул зот: «Улар бу дунёдан қариб, сочи оқариб, кўримсиз бўлиб кетган кампирлар бўлиб, уларни қиёматда Аллоҳ таоло тенгқур, бокира, эҳтиросли, маҳбуба қизлар қилиб қайта яратади», дедилар. Умму Салама онамиз: «Эй Расулуллоҳ, бу дунёнинг аёллари афзалми, ҳури ийнларми?» – дедилар. Ул зот: «Эй, Умму Салама, бу дунёнинг аёллари ҳури ийнлардин афзалдир», дедилар. Умму Салама онамиз: «Нималари билан?» – деб сўрадилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Намозлари, рўзалари, Аллоҳга ибодатлари билан. Аллоҳ уларнинг юзларига нур, жасадларига ипак кийгазган. Ранглари оппоқ, кийимлари яшил, зебу зийнатлари сариқ, тароқлари тиллодан. «Мангумиз, ўлмаймиз, зор бўлмаймиз, бир жойда яшаймиз, кўчмаймиз, розимиз, аччиғланмаймиз; биз кимники бўлсак, ким бизники бўлса, яшасин», дейдилар», дедилар. Умму Салама онамиз: «Эй Расулуллоҳ, бу ерда баъзи аёллар икки, уч, тўрт эрга тегадилар, у дунёда ҳаммалари жаннатга кирсалар, аёл қайси эр билан бўлади?» – дедилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Эй, Умму Салама, у аёлнинг ихтиёрига қўйилади. Эрларнинг ичида энг хулқи яхшисини танлайди. «Аллоҳим мана бу менга яхши хулқли бўлган эди, мени шунга бергин, дейди. Эй, Умму Салама, яхши хулқ икки дунёнинг яхшилигига эриштиради», дедилар». Инсон гўзал боғларда ўтириб, хордиқ чиқариб, шунга шукр қилганидан кейин, меваларни танаввул қилиб, шукр келтирганидан кейин, насиб бўлган жуфтига ҳам шукр қилиши лозим. Бундай неъматга шукр келтириш, яхши яшаш, қадрига етиш, унинг ҳаққида Аллоҳдан қўрқиш ва шу кабилар ила бўлади. Солиҳа мумина аёллар эса, қиёматда ҳурлардан ҳам афзал бўладилар. Яна бир нарсани эслатамиз. Бу дунёнинг ҳар қандай ҳузур лазатти ҳам онийдир. Аммо ояти каримада ваъда қилинаётган охиратдаги неъматлар мангу ва боқийдир.
Одинахон Муҳаммад Юсуф |