A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Иброҳим ва Исмоил алайҳумассаломларнинг дуолари
PDF Босма E-mail

بسم الله الرحمن الرحيم

Қуръони Каримда, тўқсон уч ерда  «Роббана» сўзи билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога мурожаат қилинади. Қуръони Каримнинг тартиби бўйича, бундай мурожаат илк бора  Бақара  сурасида Иброҳим ва Исмоил (алайҳумассалом)нинг тилларидан келади.

 

127. Иброҳим билан Исмоил «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи Зотсан», деб байтнинг пойдеворларини   кўтараётганини эсла.

128. «Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли Зотсан.»

129. «Роббимиз, уларга ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор. Албатта, Сенинг Ўзинг азиз ва ҳикматли Зотсан».

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган узун қиссада, жумладан, шу иборалар ҳам бор:
«Иброҳим: «Эй Исмоил, Аллоҳ менга бир иш буюрди», – деди.
Исмоил: «Роббингиз буюрган ишни адо этинг», – деди.
У: «Сен ёрдам берасанми?» – деди.
Исмоил: «Ёрдам бераман», деди.
Иброҳим: «Аллоҳ менга мана шу ерга уй қуришни буюрди», деб кичик тепалик ва унинг атрофини кўрсатди. Ана ўшанда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтара бошладилар. Ўғил тош таширдилар, ота қурардилар.
Юқоридаги оятлар Байтуллоҳнинг қурилиш жараёнини жонлантириб, кўз олдимизга олиб келади.
Ота-бола пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, дарҳол иш бошладилар. Қалблари тўла тақво ила:
«Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи Зотсан», деб илтижо айлаб, дуо қилдилар.
Бу жуда улкан мақомдир. Салафи солиҳлардан Вуҳайб ибн ал-Вард (раҳматуллоҳи алайҳи) ушбу оятни ўқиганларида йиғлаб туриб:
«Эй Роҳманнинг халили! Роҳманнинг байтининг пойдеворларини кўтариб турибсан-у, яна қабул бўлмай қолармикан, деб қўрқяпсанми?!» – деган эканлар. Улкан қалблар, етишган шахслар ана шундай ҳассос бўладилар.
Иброҳим ва Исмоил (алайҳимассалом) Байтуллоҳни қурар эканлар, фурсатни қулай билиб, кўнгилларидаги бошқа дуоларни ҳам қилиб олдилар:
«Роббимиз, икковимизни сенга мусулмон бўлганлардан қил...»
Ўзлари мусулмон бўла туриб, яна шу дуони қиляптилар. Ҳидоятда бардавом бўлиш учун Аллоҳдан ёрдам умиди. Бутун борлиғи ила Аллоҳга таслим бўлишдан ажрамаслик умиди. Ва улар, шу билан бирга, ўзларига насиб бўлган иймон неъматидан зурриётлари ҳам баҳраманд бўлишини тиламокдалар:
«...ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил», демоқдалар.
Улар яна Аллоҳдан:
«Бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт», деб сўраяптилар.
Биз «ибодатларимизни» деб таржима қилган сўз арабчада «манасикана» дейилган. «Маносик» сўзи аслида ибодат маъносини англатса ҳам, урфда ҳаж ибодатлари маъносида ишлатилади. Шунинг учун  бу дуода, мана, Сенинг уйингни қуряпмиз, энди уни ҳаж қилишни ҳам Ўзинг ўргат, деган маъно бўлади. Дуонинг охирида Аллоҳнинг уларни умидвор қилган сифатлари ҳам қўшиб айтиляпти:
«Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли Зотсан».
Учинчи оятда Иброҳим ва Исмоил (алайҳимассалом) Аллоҳ таоло томонидан катта неъмат – зурриётларига ўз ичларидан Пайғамбар юборишини сўрамоқдалар.
«Роббимиз, уларга ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор».
Ўша Пайғамбар уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб беради. Китобни, яъни  Аллоҳнинг китобини ўргатади. Ўқишни, маъноларини, унга амал қилишни ва унга тааллуқли бошқа нарсаларни ўргатади. Ҳикматни ҳам ўргатади. «Ҳикмат»нинг маъноси – ҳар бир нарсани ўз жойига қўйиш демакдир. Уламоларимиз «ҳикмат»дан мурод – Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг суннатлари, деганлар. Мазкур Пайғамбарнинг вазифаларидан бири – умматни поклашдир. Яъни  ширк, куфр ва ёмон одатлардан поклашдир.
Аллоҳ таоло Иброҳим ва Исмоил (алайҳимассалом)нинг дуоларини кўп асрлардан сўнг истижобат қилиб, Муҳаммад (алайҳиссалом)ни Пайғамбар қилиб юборди. У киши Иброҳим ва Исмоил (алайҳимассалом)нинг зурриётларидан бўлиб, дуодаги барча сифатлар у кишида мужассам.
Чин дилдан қилинган дуо, албатта, қабул бўлади. Лекин қабул қилувчи Зот қачон хоҳласа, ўшанда қабул қилади. Одамлар буни тушунмай шошилади, ноумид бўлади, холос.
Ушбу уч ояти карималарда Иброҳим ва Исмоил (алайҳиммассалом) қайта-қайта «Роббана» дея инсонларга дуо қилишни ўргатишади. Биринчи оятда бир яхши амал қилинганидан кейин унинг ниҳоясида шу амални қабул қилинишини сўрашлик бор. Оятда улкан ишни − байтнинг пойдеворини кўтара туриб, бу амални қабул бўлишини дуо қилиняпти. Биз ҳам бундан ўрнак олган ҳолда яхши амалларимиз ниҳоясида ушбу дуони қилишимиз керак. Одатда, бу дуо кўпинча «Хатми Қуръон»дан кейин ўқилади. Кетидан Аллоҳнинг икки сифати, эшитувчи ва билувчилиги айтиляпти. Бунда сен, албатта, дуоларимизни эшитасан, қалбларимиздагини билувчи Зотсан, деган маъно бор.
Кейинги оятда мусулмон бўла туриб, у иккиларини мусулмон қилишини дуо қилишяпти. Бундан мурод, мусулмонликда бардавом бўлишликни сўрашдир. Шу билан бирга, зурриётларининг Исломи ҳам сўраляпти. Ибодатнинг қандай бажарилишини ҳам.
Пайғамбарлар маъсумдирлар. Лекин шундай бўлса ҳам ота-бола тавбалари қабул бўлишини дуоларида сўрашмоқда. Бу билан улар ўз умматларига таълим ва дарс бермоқдалар. Пайғамбарларга эргашган ҳолда Исломда бардавом бўлишимизни, нафақат ўзимизга, балки зурриётларимизга ҳам Исломни сўрашимиз, динини, шариат, ибодат аҳкомларини  ўргатишини, кўрсатишини, тавбаларимизни қабул этишини дуо қилишимиз марғуб ва маҳбубдир.
Охирги оятда бир Пайғамбар юбориб, умматга оят, китоб ва ҳикматни ўргатиш ва уларни поклашни   илтижо қилиняпи. Бу дуо ижобат бўлди, сўраганлари берилди. Шунинг ўзи биз мусулмонларга катта дарсдир. Энди бошқа Пайғамбар юборилмаса-да, пайғамбарларнинг ҳақиқий меросхўрлари, уламоларни бардавом бўлишини, инсонларга Қуръон ва суннат, шариат илмларини ўргатиб, уларга амр маъруф, наҳйи мункар қилиб, тўғри йўлни кўрсатишларини доимо сўраб дуо қилиш ҳаммамизга лозуми лобуддир.

Давоми бор...

Одинахон Муҳаммад Юсуф