A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қироатлар ва қорилар
PDF Босма E-mail
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандоқ бўлса, ўшандоқ ҳолида Жаброил (алайҳиссалом)дан қабул қилиб олганлар. У Зотга Қуръони Каримни Жаброил (алайҳиссалом)дан қабул қилиб олишни Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда ўргатганини аввал ўрганиб ўтдик. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Жаброил (алайҳиссалом)дан Қуръони Каримни эшитиб ўрганиш билан бирга, у кишига ўқиб ҳам берар эдилар. У Зот ҳар йили Рамазон ойида бир марта Қуръони Каримни Жаброил (алайҳиссалом)га бошидан охиригача ўқиб берар эдилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари вафот этадиган йиллари Қуръони Каримни бошдан охиригача икки марта ўқиб берганлар.
Ўз навбатида саҳобаи киромлар ҳам Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандоқ бўлса, ўшандоқ ҳолида қабул қилиб олар эдилар. Аста-секин саҳобаи киромларнинг ичида қироат бўйича кўзга кўринганлари зоҳир бўла бошладилар. Улар бошқа саҳобаи киромларга Қуръони Карим қироатидан дарс ҳам берадиган бўлдилар.
Ўша қироатда устоз бўлган саҳобаи киромлардан ҳазрати Усмон, ҳазрати Али, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абу Дардо, Ибн Масъуд ва Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳумлар)ни мисол тариқасида зикр қилишимиз мумкин.
Катта саҳобийлар кичикларига ва кейинроқ Исломга кирганларига қироатни ўргатар эдилар.
Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу) Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Соиб ва бошқа саҳобаи киромларга қироатдан устоз бўлганлар.
Ўз навбатида саҳобаи киромлардан кейинги авлод тобеинлар ҳам Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандоқ бўлса, ўшандоқ ҳолида қабул қилиб олдилар. Аста-секин тобеинларнинг ичида қироат бўйича кўзга кўринганлари зоҳир бўла бошладилар. Улар бошқаларга Қуръони Карим қироатидан дарс берадиган бўлдилар.
Тобеинларнинг вақтига келиб Ислом кўп ерларга тарқалган, мусулмонларнинг сони кўпайган ва ҳар бир ўлка ўз қориларига эҳтиёж сезиб қолган эди.
Шунинг учун ҳам тобеинлардан қироатга моҳир ва устоз бўлганлар ҳақида маълумот олмоқчи бўлсак, уларни турли ўлкаларга бўлиб зикр қилинганини кўрамиз.
Тобеинлардан Қуръони Карим қироати ва устозилиги билан Мадинада машҳур бўлганлари: Ибн Масаййиб, Урва, Солим, Умар ибн Абдулазиз, Сулайман ибн Ясор, Ато ибн Ясор, Муоз ибн Ҳорис, Абдурроҳман ибн Ҳурмуз, Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Муслим ибн Жудуб, Зайд ибн Аслам ва бошқалар эди.
Тобеинлардан Қуръони Карим қироати ва устозилиги билан Маккада машҳур бўлганлари: Убайд ибн Умайр, Ато ибн Абу Рабоҳ, Товус, Мужоҳид, Икрима, Ибн Абу Малика ва бошқалар.
Тобеинлардан Қуръони Карим қироати ва устозилиги билан Куфада машҳур бўлганлари: Алқама, Ал-Асвад, Масруқ, Убайда, Амр ибн Шурҳабийл, ал-Ҳорис ибн Қайс, Амр ибн Маймун, Абу Абдурроҳман Силмий, Саид ибн Жубайр, Иброҳим Нахаъий, Шаъбий ва бошқалар.
Тобеинлардан Қуръони Карим қироати ва устозилиги билан Басрада машҳур бўлганлари: Абу Олия, Абу Рожа, Наср ибн Осим, Яҳё ибн Яъмур, Ҳасан, Ибн Сирийн, Қатода ва бошқалар.
Юзинчи ҳижрий санага келиб худди ақойид, фиқҳ каби бошқа соҳаларда мусулмонларнинг сонлари, миллатлари, ирқлари, тиллари ва эҳтиёжларининг ҳаддан ташқари кўпайгани эътиборидан қироат бобида ҳам алоҳида илмий асосга суянган йўналишлар пайдо бўлди. Бу давр ва шароит талаби эди.
Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг даврларида саҳобаи киромлар соф ва фасиҳ араб тили соҳиблари эдилар. Улар учун Қуръони Каримни ўзлаштириб олиш қийин эмасди. Улар ҳаммалари юқори даражадаги олим кишилар эдилар.
Энди эса арабмас мусулмонлар араблардан кўпайиб кетган эди. Араблар ҳам аввалгиларига ўхшамас эди. Ушбу ва яна бошқа бир неча омиллар Қуръони Карим қироати бўйича алоҳида илм пайдо бўлишига ва илмнинг имомлари пайдо бўлишига олиб келди.
Бир вақтлар қироатлар ва қорилар анча кўпайиб кетди. Аста-секин уларни тартибга солиш бошланди. Ўн тўрт қироат, ўн қироат ва ниҳоят етти қироатга иттифоқ қилинди. Бу қироатларнинг бир-биридан фарқи баъзи бир сўзларни талаффузида ва шунга ўхшаш кичик нарсаларда эди, холос. Улар худди бир қанча фиқҳий мазҳаблардан тўрттаси танлаб олинганга ўхшайди.
Энди ўша иттифоқ қилинган етти қироат ва уларнинг имомлари кимлар эканлиги ҳақида қисқача маълумот олайлик.
1. Амр ибн ал-Алоъ қироати.
Имом Зайён ибн ал-Алоъ Мозаний Басрий. 154 ҳижрий санада вафот қилган.
У кишининг икки ровийлари: Даврий ва Сусийлар.
Қироат имомининг ровийси унинг қироатини илмий равишда қабул қилиб олиб бошқаларга етказишда хизмат қилган бўлади.
Даврий – Абу Амр Ҳафс ибн Умар ибн Абдулазиз Даврийдир. 246 ҳижрий санада вафот этган.
Сусий – Абу Шуъайб Солиҳ ибн Зиёд ибн Абдуллоҳ Сусийдир. 261 ҳижрий санада вафот қилган.
2. Ибн Касир қироати.
Имом Абдуллоҳ ибн Касир Маккий. 120 ҳижрий санада вафот қилган.
У кишининг икки ровийлари: Баззий ва Қунбуллар .
Баззий – Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абу Базза Маккий. 250 ҳижрий санада вафот этган.
Қунбул − Муҳаммад ибн Абдурроҳман ибн Муҳаммад ибн Холид ибн Саид Маккий. 291 ҳижрий санада вафот этган.
3. Нофеъ қироати.
Имом Абу Рувайм Нофеъ ибн Абдурроҳман ибн Абу Нуъайм Лайсий. 169 ҳижрий санада вафот этган.
У кишининг икки ровийлари: Қолун ва Варшлар.
Қолун – Исо ибн Миняя Маданий. 220 ҳижрий санада вафот этган.
Варш − Усмон ибн Саид Мисрий. 197 ҳижрий санада вафот этган.
4. Ибн Омир қироати.
Имом Абдуллоҳ ибн Омир Яҳсибий. 118 ҳижрий санада вафот этган.
У кишининг икки ровийлари бор: Ҳишом ва Ибн Заквон .
Ҳишом – Ҳишом ибн Аммор ибн Нусайр Қозий. 245 ҳижрий санада вафот этган.
Ибн Заквон – Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Башир ибн Заквон Қараший. 242 ҳижрий санада вафот этган.
5. Осим қироати.
Имом Осим ибн Абу Нажжуд Куфий. Имом Осимнинг кунялари – Абу Бакр. У киши машҳур қори бўлганлар. Муҳаррирлик, балоғат, фасоҳат ва ширин овоз ила қироат қилиш билан машҳур бўлганлар. Имом Осим тобеинлардан бўлиб Қуръони Карим қироатини Зирр ибн Ҳубайш ва Абудуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳулар)дан олганлар. У киши яна имом Ҳасан ва Ҳусайн (розияллоҳу анҳумо)ларнинг устозлари Абу Абдурроҳман Абдуллоҳ ибн Ҳабиб Силмийдан ҳам Қуръони Карим қироатини олганлар. Бу киши эса қироатни ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу)дан олганлар. У киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан олганлар.
Имом Осим ибн Абу Нажжуд Куфада 128 ҳижрий санада вафот этганлар.
У кишининг икки ровийлари бор: Ҳафс ва Шўъба.
Ҳафс – Ҳафс ибн Сулаймон ибн Муғийра ал-Баззоз Куфий. Куняси – Абу Амр. Бу киши имом Осимнинг ўгай ўғли бўлган. У кишининг тарбиясида ўсган. Ёш болалигидан имом Осимдан Қуръони Карим қироатини ўрганган. Шунинг учун қироатни жуда ҳам дақиқ  ўрганган.
Ҳафс ибн Сулаймон (раҳматуллоҳи алайҳи) 150 ҳижрий санада вафот этган.
Айнан имом Осимдан Ҳафс ривоят қилган қироат ҳозирги кунда бутун олам бўйлаб тарқалган. Бизнинг диёримизда ҳам қадимдан шу қироат жорий бўлган. Бизнинг қироат имомимиз имом Осим, ровийимиз Ҳафсдир.
Шўъба – Абу Бакр Шўъба ибн Аббос ибн Солим Куфий. 193 ҳижрий санада вафот этган.
6. Ҳамза қироати.
Имом Ҳамза ибн Ҳабиб ибн Аммора Зайят Таймий. 156 ҳижрий санада вафот этган.
У кишининг икки ровийлари бор: Халаф ва Халлодлар.
Халаф – Халаф ибн Ҳишом Баззоз. 229 ҳижрий санада вафот этган.
Халлод – Халлод ибн Холид Сайрафий Куфий. 220 ҳижрий санада вафот этган.
7. Кисоий қироати.
Имом Али ибн Ҳамза Кисоий. 189 ҳижрий санада вафот этган.
У кишининг икки ровийлари бор: Абу Ҳорис ва Ҳафс Даврийл.
Абу Ҳорис – Лайс ибн Холид Бағдодий. 240 ҳижрий санада вафот этган.
Ҳафс Даврий – Абу Амр Ҳафс ибн Умар ибн Абдулазиз Даврийдир. 246 ҳижрий санада вафот этган.
Баъзи бир уламолар мазкур етти қироатга яна учни қўшиб ўн қироат, яна бошқалар ўнга тўртни қўшиб ўн тўрт қироат ҳам қилишган. Аслида эса улардан бошқалари ҳам бўлган.
Бу қироатлар, уларнинг хусусиятлари, ораларидаги фарқлари ва яна шунга ўхшаш нарсалар ҳақида алоҳида-алоҳида китоблар ҳам ёзилган.
Агар қироатлар орасидаги фарқлар, асосан, баъзи бир сўзларни талаффуз қилиш оҳангида эканлигини эътиборга оладиган бўлсак, мусулмон умматининг Қуръони Каримга қанчалар аҳамият берганига қойил қолмай илож йўқ. Фақат Қуръони Каримнинг талаффузи учун шунчалар катта ва мислсиз илмий ишларни амалга ошириш ҳеч бир китобнинг, ҳеч умматнинг тарихида бўлмаган.
Ҳозирга келиб мазкур қироатлар ичида кўпчилик томонидан қабул қилиниб, амалда қолгани иккитадир.
Биринчиси Имом Осимдан Ҳафс ривоят қилган қироат.
Бу қироат Ислом оламининг машриқ ва марказий тарафининг барчасига кенг тарқалган.
Иккинчиси Имом Нофеъдан Варш ривоят қилган қироат. Бу қироат Ливиядан бошлаб Ислом оламининг мағрибига тарқалган.
Бу икки қироатдаги фарқларни фақат мутахассис бўлган одамлар аниқ фарқлашлари мумкин. Фарқли жойларнинг ўзи ҳам жуда оз. Мисол учун, Осим қироатида «Яаа айюҳаннабийю» деб ўқилса, Нофеъ қироатида «Яаа айюҳаннабийъу» деб ўқилади. Осим қироатида «Ваззуҳаа» деб ўқилса, Нофеъ қироатида «Ваззуҳее» деб ўқилади. Ҳолбуки, бу сўзлар  Мусҳафи Шарифда бир хил ёзилади.
Албатта, ҳар бир қироатнинг имоми ўз устозидан эшитганини шогирдларига айнан ўзини нақл қилган. Бирор ҳарфнинг талаффузида бошқача бўлишга йўл қўйилмаган. Шундоқ тарзда силсила давом этиб келаверган.
Қайси бир талаба қироатни тўғри қиладиган бўлиб етишса, устози унга «ижозат» деб аталувчи ҳужжат берган. Ўша ҳужжатда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)гача етиб борадиган ўз устозлари санади ҳам аниқ келтирилган. Бу эса ҳар бир қорининг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га боғланишини таъминлаган. Устоздан расмий шаҳодатнома олган қори Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га етадиган санадга эга бўлган.
Шунинг учун ҳам устоз кўрмаган, ўзича Қуръони Каримни ўқиб олган ёки устозидан «ижозат» олмаган кишилар қори деб ҳисобланмаган.
Бу борада мусулмон уммати қилган тенги йўқ улкан меҳнат ҳар қанча мақтовга сазовордир.
Бу борада мусулмон уммати қилган тенги йўқ эҳтиёткорлик ҳар қанча мақтовга сазовордир.
Бу борада мусулмон уммати қилган тенги йўқ фидокорлик ҳар қанча мақтовга сазовордир.
Дунёда ҳеч бир китоб бу шаклдаги эҳтимомга сазовор бўлган эмас.
Дунёда ҳеч бир уммат ўз китобига бу шаклда фидокорлик қилган эмас.