Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Яқин кишиларимиздан бири менга бир китобни узатар экан, «Бу ҳам Қуръонми?» деб сўраб қолди. Қарасам, китобда Қуръони Каримнинг арабий матни тўлиғича кирилл алифбоси воситасида ифодаланибди. Мен мазкур сўровчи кишига табиий бир ҳис турткиси билан ва шу пайтгача билган, эшитганларим асосида «Йўқ, бу Қуръон ҳисобланмайди», деб жавоб бердим. У: «Бўлмаса нега уни чоп қилиб, тарқатишмоқда? Ахир буни кўпчилик Қуръонни ўрганаман, деган ниятда ўқимоқда-ку?», деб куюнди. Шунда мен бу борада бирор илмий жавоб тайёрлаш лозим бўлиб қолганини ҳис қилдим ва бунга, хусусан, Қуръони Каримни ёд олган кишилар масъул эканини ўйладим. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Қуръони Каримнинг биринчи оятлари нозил бўла бошлагандан то бугунги кунгача Қуръонни ёдлаш ва ёдлатишдан асосий мақсад ҳам Қуръони Каримни турли халаллардан сақлаш бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Ушбу мулоҳазалар билан Қуръон ҳофизларининг кичик бир вакили сифатида мазкур масъулиятнинг адоси йўлида ожизона ҳисса қўшиш ниятида «Қуръони Каримни араб ҳарфларидан бошқа алифбода ёзиш мумкинми?» деган савол остида ушбу соҳада мўътабар ҳисобланган манбааларга мурожаат қилдим ва бу баҳснинг хулосаларини қисқартириб, тартибга келтириб,илмий-оммабоп мақола шаклида омма эътиборига ҳавола этишни лозим деб топдим. Аллоҳ таолодан ушбу камтарона уринишни камчилик ва нуқонларини кечириб, Ўз даргоҳида қабул қилишини сўрайман.
Мавзуни яхши англаш учун, аввало, Қуръони Карим тарихи ҳақида қисқача сўз юритишга тўғри келади. Чунки бугунги кунда айрим китобларда Ислом дини ва Қуръони Карим ҳақида асоссиз гаплар, ғаразли фикрлар, чалкашликлар ҳам кўзга ташланмоқда. Жумладан, ушбу мақоланинг ёзилишига туртки бўлган китобда ҳам бу борада бир қанча тушунмовчиликларга йўл қўйилган. Сиз билан биз тушунчамиз, эътиқодимиз ва амалимиз тўғри бўлиши учун динимизни ва унинг тарихини соф ҳолида ўрганишимиз лозим. Башарият тарихидан маълумки, Аллоҳ таоло инсонларни ер юзида Ўзининг халифаси ўлароқ яратиб, уларни Ўз кўрсатмалари асосида бахт-саодатли ҳаёт кечириб боришлари учун уларнинг ичидан Ўзи танлаб олган зотларга пайғамбарлик мақомини бериб, уларга Ўзининг кўрсатмаларини, таълимотларини ваҳий орқали етказиб турган. Бу билан Аллоҳ таоло инсониятни гўдак болани тарбия қилгандек аста-секин тарбиялаб борган. Шу боис, мазкур таълимотларнинг ҳар бири ўз замони ва маконига мос бўлиб, гоҳо маълум ахлоқ ва аҳкомларни ёки саҳифаларни, гоҳида эса тўлиқ шариъат ва бутун бир китобни ташкил қилган. Улар кўпинча ўзидан олдинги шариатни тўлдирган ёки бекор қилган. Аммо бу саҳифа ва китоблар нозил бўлган вақтида ўз умматлари томонидан ёзиб олинмаган ҳам, тўлалигича ёд олинмаган ҳам. Шу боис, улар пайғамбарларининг вафотларидан сўнг ўзларининг муқаддас китоблари устида, хатто асл матн борасида ихтилофга тушганлар. Бу ҳам етмагандек, кейинчалик диний ҳукмларни ўз ҳоҳишларига кўра олиб бориш учун муқаддас китобларининг матнини ўзгартиришга ҳам журъат қилганлар. Оқибатда бу динлар яроқсиз ҳолга тушиб қолган. Зотан, Аллоҳ таоло мазкур китобларни сақлашни Ўз зиммасига олмаган эди. Чунки уларнинг шариатлари ўзи вақтинча эди. Инсоният камолга етиб, самовий китобларнинг охиргиси ва энг мукаммалини қабул қилишга лаёқатли бўлганида Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Китобини нозил қилишни ирода этди. Бу омонатни инсониятга етказиш учун уларнинг ичидан араб қавмини, араблар орасидан Одам болаларининг энг ишончлиси, кишилар ўртасида ростгўйлиги ва ўта омонатдорлиги билан машҳур бўлган Зот Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни танлади ва у Зотга Ўз Каломини фасиҳ араб тилида Ўзининг муқарраб фариштаси, ваҳий элчиси Жаброил (алайҳиссалом) воситасида бўлиб-бўлиб, оятма-оят нозил қилди. Ҳақ таоло Ўзининг ушбу сўнгги Китобини сақлаш Ўз зиммасида эканини унинг дастлабки оятларини нозил қилган маҳалдаёқ баралла эълон қилди ва бунинг учун керакли омилларни Ўзининг илоҳий тадбири ила жорий қилди. Зотан, бу Китоб самовий китобларнинг охиргиси, мукаммали, ўзидан олдинги барча китобларни бекор қилиб, қиёматгача боқий қолувчиси ва барча замонлар ва маконлар учун салоҳиятлиси эди. Аллоҳ таоло Ўзининг бу Каломини бир қанча номлар билан номлади ва бир нечта сифатлар ила сифатлади. Уларнинг ичида кўзга кўрингани ва энг кўп ишлатиладигани «Қуръон» ва «Китоб» номлари бўлди. Қуръони Каримнинг кўплаб оятлари ва ҳадиси шарифларнинг маънолари мана шунга далолат қилади. Қуръон ‒ «ўқиладиган», «қироат қилинадиган», Китоб ‒ «ёзиладиган», «қайд қилинадиган» деган маъноларни англатади. Зотан, Аллоҳ Ўзинниг сўнги Китобни ушбу икки йўл билан муҳофаза қилишни ирода қилган эди. Қуръони Каримнинг дастлабки оятлари нозил бўлганидан бошлаб Пайғамбар алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар оятларни ёдлаб бордилар. Аллоҳ таоло Ўз Каломини Расулининг қалбида жамланишини ва тилида тиловат қилинишини Ўз зиммасига олди ҳамда бу ҳақиқатни Қуръони Каримда очиқ баён қилди. Набий (алайҳиссалом) ўз навбатида нозил бўлган оятларни саҳобаи киромларга ҳарфма-ҳарф таълим бердилар ва бу соҳага айрим нутқи равон саҳобаларни кўпроқ жалб қилиб, улар билан махсус шуғилландилар. Янги мусулмон бўлганларни ҳам, улар хоҳ араб бўлсин, хоҳ ажам бўлсин − биринчи бўлиб Қуръон ёдлашга амр қилдилар. Шу билан бирга, уларга тиловат қилдириб тинглар, қироатларини текширар эдилар. Натижада саҳобалар ичида Қуръони Каримнинг ҳаммаси ё баъзисини қалбида жо қилган тирик Қуръонлар етишиб чиқди. Аммо Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу билан кифояланмадилар, балки ҳар сафар ваҳий нозил бўлиб битгач, ёзишни биладиган саҳобаларни чақириб, янги тушган оятларни қайси сурага, қайси оятдан кейин қўйилишини айтиб тери, суяк, тош каби турли ашёларга араб алифбосида ёздириб бордилар. Жумҳур уламолар бу борада келган далилларни ўрганиб, ушбу ёзув оддий бўлмай, ваҳий назорати ила битилганини таъкидлаганлар. Яъни Жаброил (алайҳиссалом) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Қуръон лафзларини, уларнинг талаффуз кайфиятини қандоқ ҳарфма-ҳарф ўргатган бўлсалар, уларнинг ёзувда қандай ифодаланишини ҳам худди шундай таълим бериб турганлар ва Набий (алайҳиссалом) ушбу кўрсатмага кўра мирзаларга оятларни ёздирганлар. Мирзалар оятларни ёзиб бўлгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларга ёзганларини ўқитиб, яна бир бор кўрикдан ўтказар, хатоси бўлса, тўғрилатар эдилар. Бу тадбир дастлабки оятлар туша бошлаган вақтдан йўлга қўйилган эди. Котиблар аввалида озчиликни ташкил қилган бўлса-да, охирги вақтларда уларнинг сони қирқтадан ошиб кетганини тарихчиларимиз таъкидлайдилар. Оятлар битилган ашёлар одатда Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг ҳужраи саодатларида сақланар эди. Саҳобаи киромлар Қуръони Каримни ўрганишга алоҳида аҳамият берганликлари учун оятларни бир-бирларидан дарҳол кўчириб олишарди. Хатто баъзиларининг шахсий мусҳафи ҳам бор эди. Мисол учун Убайнинг мусҳафи, Ибн Масъуднинг мусҳафи, Ҳафсанинг мусҳафи каби. Мана шу тарзда Қуръони Карим Пайғамбар (алайҳиссалом) даврларидаёқ тўла хатга туширилди. Бироқ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаётлик вақтларида Қуръони Карим тартибли равишда китоб шаклига келтирилмади. Чунки оятлар у Зотга узлуксиз нозил бўлиб турар, доимо янги оят нозил бўлиш эҳтимоли турар эди. Аксар ишончли ривоятларга кўра, Пайғамбар (алайҳиссалом) охирги оят нозил бўлгандан тўққиз кун ўтиб рафиқул аълога риҳлат қилганлар. Аммо сура ва оятларнинг тартиби саҳобалар ичида маълум ва машҳур бўлиб, уларнинг қалбларида мужассам эди. Кейинроқ Абу Бакр сиддиқ (розияллоҳу анҳу) халифалиги вақтида Ямома жангида Абу Ҳузайфа ва у кишининг озод қилган қуллари Солим (розияллоҳу анҳумо) каби етмишдан ортиқ Қуръон ҳофизлари шаҳид бўлдилар. Бундан ташвишга тушган Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу)нинг маслаҳатлари билан Халифа Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Қуръони Каримни икки муқова орасига жамлашга амр қилдилар ва бу ишга Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу)ни масъул раҳбар этиб тайинладилар Зеро, у киши ёш, Қуръони Каримни Расул (алайҳиссалом)нинг оғизларидан бевосита таълим олган, уни қалбида тўла жамлаган, Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳаётларининг сўнгги йиллари Жаброил (алайҳиссалом)га Қуръонни охирги маротаба хатм қилиб берганларида Набий (алайҳиссалом)нинг ёнларида ўтириб, ушбу раббоний хатмга тирик гувоҳ бўлган ваҳийнинг котибларидан эдилар. Халифанинг қарори оммага етказилиб, кимда Қуръондан нима бўлса, Зайд (розияллоҳу анҳу)га келтириши ҳақида буйруқ эълон қилинди.. Бу ишда Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу)га Убай ибн Каъбга ўхшаш катта саҳобалар ҳам кўмаклашдилар. Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) эса Зайд (розияллоҳу анҳу) билан бирга масжидда ўтириб, одамлардан Қуръон оятларини йиға бошладилар. Улар фақат оғзаки бўлган маълумотларни қабул қилмасликларини, балки ҳар бир оят ёзуви билан келтирилиши лозимлигини айтдилар ва уни қабул қилиш учун иккита шарт қўйдилар: Биринчиси: оятни олиб келган киши уни айнан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан таълим олган бўлиши ва ёд билиши; Иккинчи: ўша оятни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларида ёзганлигига иккита гувоҳ келтириши. Ҳазрати Умар, хусусан, Зайд ибн Собит каби катта саҳобаларнинг ўзлари Қуръонни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан тўла ёд олганликларига, саҳобалар ичида бу борада пешқадам бўлганликларига қарамай, мазкур шартларни қўйишларига бир нечта сабаблар асос бўлган: 1) фақатгина ўзларининг ёдлаганларига таянмай, уни бошқа манбалар билан қувватлаш, Қуръони Каримни қалблар ва сатрларда тенг жамланишини таъминлаш; 2) Қуръони Каримнинг ўзлари билмаган қироат усулларини ҳам жамлаш; 3) масъулиятнинг катталиги, бу борада уларнинг ўта эҳтиёткорлиги, Аллоҳга бўлган тақволари ва омонатдорликлари; 4) жамланган Мусҳафда умматнинг ижмоъи собит бўлиши. Мана шу зайлда тақрибан бир йил олиб борилган изчил ҳаракат ва меҳнат натижасида Қуръони Каримни икки муқова орасига сура ва оятларини ҳозирги шаклда тартибга келтирган ҳолда жамладилар. Бу Китоб Қуръони Каримни бошидан охиригача ўз ичида жамлаган биринчи Мусҳаф бўлган. Ўшанда ҳижрий ўн учинчи йил эди. Аммо бу мусҳаф зарурат туғилганда мурожаат қилинадиган бош манба сифатида халифа ҳузурига сақлаб қўйилди. Қуръон ўргатишда асосан оғзаки таълимга таянилди. Мазкур мусҳаф Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг вафотларидан кейин Халифа Умар (розияллоҳу анҳу)нинг қўлларига ўтди. Лекин бу даврда унга мурожаат қилишга эҳтиёж туғилмади. Мусҳаф Умар (розияллоҳу анҳу)нинг вафотларидан кейин у кишининг васиятларига кўра қизлари Ҳафса онамиз (розияллоҳу анҳо)нинг уйларида сақланди. Ҳазрати Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)нинг халифаликларида 24-25- ҳижрий йиллари Ҳузайфа ибн Ямоний (розияллоҳу анҳу) Шом аҳлига бош бўлиб, Ироқ аҳли билан Арманистон ва Озарбайжон ғазотида иштирок қилаётган эдилар. Шомликлар, асосан, Убай ибн Каъб ва Миқдод ибн Асвад (розияллоҳу анҳумо)ларнинг қироатида, ироқликлар эса Ибн Масъуд ва Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳумо)ларнинг қироатларида ўқирдилар. Улар бир-бирларидан ўзлари билмаган қироатни эшитгач, ораларида ихтилоф чиқа бошлади. Бундан хабар топган Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу) ташвишга тушдилар ва Мадинага келганларида тўғри Ҳалифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига кириб: «Умматни Қуръон хусусида яҳудий ва насронийлар каби ихтилофга тушмасларидан бурун сақлаб қол», дедилар ва мавжуд ҳолатдан у кишини хабардор қилдилар. Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) бир гуруҳ катта саҳобалар билан маслаҳатлашган ҳолда Ҳафса онамизга одам юбориб, нусха кўчириб, қайтиб бериш шарти билан Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) даврларида ёзилган мусҳафни олдириб келдилар. Халифа биз юқорида зикр қилган хусусиятлари ва унга қўшимча равишда олиб келинган Мусҳафни бошдан-оёқ кўчиргани эътибори билан нусха кўчириш ишига Зайд бин Собит (розияллоҳу анҳу)ни раҳбар қилдилар ва у кишига ёрдамчи сифатида Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн Ос, Абдурраҳмон ибн Ҳорис (розияллоҳу анҳум)ларни ёлладилар. Улар саҳифалардан нусха кўчириб бир неча мусҳаф тайёрладилар. Кўпчилик олимларининг айтишларича, мазкур мусҳафларнинг сони жами бешта бўлган. Халифа кўчирилган нусхалардан ўша вақтда илмий, маданий ва сиёсий жиҳатдан Ислом оламининг марказлари бўлиб турган катта шаҳарларга биттадан мусҳаф юбордилар ва мусҳафдан таълим бериш учун саҳоба ёки катта тобеинлардан Қуръон қироатида мўътабар бўлган қориларни тайинладилар. Ушбу нусхалардан бошқа барча ёзилган саҳифа ва мусҳафларни куйдиришга, ёзувларни ўчириб ташлашга, бундан кейин мусҳафларни ушбу нусхалар асосида ёзишга буюрдилар. Бу тадбирни бутун Ислом уммати мамнуният билан қабул қилдилар. Чунки уни Усмон (розияллоҳу анҳу) ўн икки минг саҳобанинг иттифоқи билан қилган эдилар. Шайх Абдулҳай Каттоний Имом Қасталонийдан қуйидагиларни нақл қилади: «Қуръоннинг ёзилиши Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг замоналарида, уни тартибли равишда саҳифаларда жамлаш Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) даврида, ундан мусҳафларга нусха кўчириш Усмон (розияллоҳу анҳу) даврида бўлган. Қуръон тўлалигича Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг замоналарида ёзилганди, аммо тартибли равишда бир жойга жамланмаган эди». Икки халифанинг Қуръонни жамлашдаги ишларида қуйидаги фарқлар зикр қилинади: 1. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) Қуръон оятларини тарқоқ ёзувлардан бир жойга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўргатган тартибда жамлатганлар. Усмон (розияллоҳу анҳу) ундан нусха кўчиртирганлар. Имом Нававий: «Усмон (розияллоҳу анҳу) мусҳафларни Қуръондан бирор нарса камайиши ёки унга қўшилишига сабаб бўладиган ихтилоф чиқиб қолишидан қўрқиб, саҳобалар олдин ижмоъ қилган саҳифалардан кўчиртирган», деганлар. 2. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) ёздирган мусҳаф Халифа ҳузурида бош манба сифатида сақланган, омма ундан фойдаланмаган, нусха кўчирмаган, у асосида таълим берилмаган. Усмон (розияллоҳу анҳу) мусҳафларни марказий шаҳарларга юборганлар, фақат ундан нусха кўчиришга, у асосида ўргатишга ва таълим олишга амр қилганлар. 3. Саҳобаи киромлар Исломнинг аввалида Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг амрлари билан у Зотдан Қуръондан бошқа нарсани ёзмасдилар. Кейинчалик кишилар Қуръонни яхши ўзлаштириб, уни бошқа нарсалардан ажрата оладиган бўлганларида айрим ҳадис ва дуоларни ёзишга ҳам рухсат берилди. Шунингдек, баъзи саҳобалар ўз мусҳафларига айрим калималарнинг қисқача тафсирини ҳам ёзиб борардилар. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) даврида мусҳафни ёзишда Қуръони Карим матнини соф ҳолатда, ана шундай қўшимчалардан холи қилиб жамланган бўлса-да, бошқа нусхалар одамларнинг қўлларида қолган эди. Усмон (розияллоҳу анҳу) Ислом диёрлари кенгайиб, мусулмонлар сони кескин ошгани ва кўплаб араб бўлмаган халқларнинг мусулмон бўлганини эътиборга олиб, вақт ўтиши билан мазкур қўшимчаларни кишилар Қуръондан деб ўйлаб қолишларининг олдини олиш мақсадида ўзи кўчиртирган мусҳафлардан бошқа Қуръон ёзувларини йўқ қилишга амр қилдилар. Шу боис Ҳафса (розияллоҳу анҳо)дан олган мусҳафни ёқтирмай, ўзларига қайтардилар. 4. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) фақатгина Қуръоннинг соф матнини жамлаш билан кифояланганлар. Усмон (розияллоҳу анҳу) эса умматни ўша матнни қироат қилиш кайфиятида ҳам жамлашни мақсад қилган эдилар. Шунинг учун у киши ҳар бир мусҳафга биттадан қори тайинлаганлар. Юқоридаги сатрлардан аён бўладики, Қуръони Карим тўлалигича икки йўл билан авлоддан авлодга нақл қилинган: 1. Оғизма-оғиз таълим олиб, ёд олиб, қалбларда жамлаш билан. Шунга кўра у «Қуръон» деб номланган. 2. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг амрлари ила ёзилган ёзувлардан нусха кўчириш билан. Ушбу хусусияти билан у «Китоб» деб аталган. Бошқача қилиб айтганда, Қуръони Карим нутқнинг ҳар икки шаклида – оғзаки ва ёзма нутқ йўли билан бизгача сон-саноқсиз ишончли кишилар воситасида ҳеч бир ўзгаришсиз етиб келган. Ҳазрати Усмон (розияллоҳу анҳу) даврларида ёзилган мусҳафларнинг ҳар бири «Усмон Мусҳафи» деб номланади ва унинг ёзуви «Мусҳаф расми» деб юритилади. Саҳобаи киромлардан тортиб бугунги кунгача жумҳур уламолар Қуръони Каримни ёзмоқчи бўлган киши уни Усмон Мусҳафи расми асосида ёзиши вожиб эканига иттифоқ қилганлар. Расм деганда Қуръон ҳарфларининг ёзилиш ҳайъати, бошқача қилиб айтганда, Қуръон хатининг ёзилиш қоидаси, услуби тушунилади. Бу ёзув ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, мавжуд имло қоидаларига бўйсунмайди. У шундай бир илм асосида битилганки, уни ўрганиш давомида Қуръон илмлари ичида «расм илми» деб номланадиган алоҳида бир илм вужудга келган. Унинг Усмон (розияллоҳу анҳу)га нисбат берилиши эса унинг ўша кишининг амрлари билан ёзиб тарқатилгани ва омманинг нусха кўчириши ўша мусҳафларга қаратилгани учундир. Аммо бу мусҳафларда ҳозирги кўплаб араб адабиётларида бўлгани каби қисқа унлилар акс этмаган эди. Шунингдек, уларда шаклдош ҳарфларни фарқловчи нуқталар ҳам йўқ эди. Аммо араблар уларни табиий равишда бемалол ўқишаверарди. Қолаверса, Қуръон таълимида асосан оғзаки таълимга суяниларди. Биринчи ҳижрий асрнинг иккинчи ярмига келиб, кўплаб араб бўлмаган халқлар мусулмон бўлдилар. Уларнинг Қуръонни мазкур хатда ўқишда хатога йўл қўйишлари эҳтимоли кучайди. Шунингдек, бу каби ҳолат баъзи арабларда ҳам кўзга ташланиб қолди. Бундан ташвишга тушган Басра волийси Зиёд ибн Сумайя ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу)нинг шогирди, қироат ва араб тилининг олими Абул Асвад Дуалийга мавжуд ҳолатнинг муолажасини топишини илтимос қилди. Абул Асвад Дуалий волийнинг илтимосига кўра, у ёллаб берган котибнинг ёрдамида Мусҳафнинг бошидан охиригача қисқа унлилар учун бир нуқта, танвинларни ифодалашга иккитадан нуқта қўйиб чиқди. Кейинроқ унинг шогирди Наср ибн Осим Ҳажжож ибн Юсуфнинг таклифига биноан, шаклдош ҳарфларни фарқлаш учун ҳарфларнинг устига ва остига нуқта қўйиб чиқди. Абул Асвад қўйган нуқталар маълум товушларни ифода этгани эътиборидан Мусҳафнинг асл ҳарфларидан ажраб туриши учун алоҳида рангда ёзилган эди. Наср ибн Осим қўйган нуқталар ҳарфнинг бир бўлаги деб қаралиб, Мусҳаф ҳарфлари билан бир рангда ёзиладиган бўлди. Аввалига баъзи уламолар бу қўшимчаларга рухсат бермаган эдилар. Чунки буни тушунмаган кишилар Мусҳаф расмини ўзгартириш жоиз экан, деб ўйлаб, унга ҳақиқиқатан ўзгартириш киритишлари ҳам мумкин эди. Аммо кейинроқ бу ўринда унда ҳеч қандай ўзгартириш киргизиш йўқ эканини, бу фақатгина хатосиз ўқишга ёрдам беришини, белгилар расм хатига тегмаган ҳолда улардан фарқли равишда ёзилишини ва буларнинг ҳаммаси ҳам Қуръоннинг тўғри ўқилиши учун зарур бўлиб қолганини эътиборга олиб, барча уламолар бунга рухсат берганлар. Шундан сўнг Ислом оламидаги барча мусҳафларда мазкур белгилар ёзиладиган бўлди. Иккинчи ҳижрий асрга келиб, буюк олим Халил ибн Аҳмад Фароҳидий унли ва танвинларни ифодаловчи нуқталарни ҳозирги шаклга ўгирди ҳамда сукун ва ҳамза аломатларини ҳам жорий қилди. Кейинроқ айрим қироат ва тажвид қоидаларига ишора қилувчи белгилар ҳам ихтиро қилинди ва ниҳоят Мусҳафи шариф ҳозирги суратда нашр қилинадиган бўлди. Агар эътибор билан қаралса, бу белгиларнинг ҳеч бири Мусҳаф расмига дахл қилмайди, расм ўша биринчи суратида ўзгаришсиз ёзилаверади. Белгилар фақатгина мазкур расмни қандай ўқилишини кўрсатиш учун хизмат қилади, холос. Шу боис, ҳозирги мусҳафларда ҳам қайси шакл саҳобалар вақтида ёзилган-у, қайсиниси кейин ёзилганини бемалол ажратиш мумкин. Бу ҳақиқатни араб ҳарфларини таниган ва расм илмидан озгина хабари бор кишилар яхши биладилар. Аммо бундан бошқа гаплар билимсизлик ёки ғараз билан айтилганлигида шубҳа йўқ. Жумладан, айрим кишилар ушбу истилоҳларни Қуръондаги ўзгариш деб ўйлашади ва бундан келиб чиқиб, турли бўлар-бўлмас асоссиз гапларни айтишади, ўзларича яна бошқа янгиликлар ихтиро қилишга ҳам журъат қилишади. Буларнинг барчаси диний билимларни тартибли равишда яхши ўрганмаслик ва уларни ўз эгаларидан олмаслик сабабидан бўлиши тажрибалардан маълум. Белгилар кўп бўлишига ва улар фақатгина тўғри ўқиш учун хизмит қилишига қарамай, уларни Мусҳаф расмидан ажратиб ёзилишига сабаб, юқорида айтилганидек, расмни ўзгартирмасликка Ислом уламоларининг барча даврларда ижмоъ қилганликларидир. Шу боис, араб имлоси кейинчалик қанчалар ривожланиб, ўзгариб, турли қоидалар, истилоҳлар қабул қилишига қарамай, Мусҳаф расми асл ҳолича ёзилаверди, янги ихтироларни унга аралашишини кўпчилик уламолар бир овоздан ман қилдилар. Имом Саховий саҳиҳ санад билан Имом Моликдан нақл қиладилар: «Бир киши у зотдан: «Мусҳаф ёзмоқчи бўлган киши уни бугунги одамлар ихтиро қилган хат қоидаларида ёзишига нима дейсиз?» деб сўради. Шунда Молик: «Мен уни тўғри деб билмайман, аввалги ёзувда ёзиш лозим», деб жавоб берди». Саховий айтадилар: «Моликнинг фикри ҳақдир, чунки бунда кейинги авлод ўрганиши учун биринчи ҳолатнинг сақланиши бор. Шубҳасиз, мана шу энг муносиб, энг тўғри иш, чунки бунинг акси кишиларни бирнчи мусулмон авлодининг улуғликларини билмасликка олиб боради». Ибн Ҳажар Ҳайтамий ўз фатволарида, жумладан, шундай деган: «Баъзи қироат илми олимлари бу гапнинг айнан Имом Моликка нисбат берилиши у киши бу ҳақида сўралганлари учундир, аслида тўртала имомнинг мазҳаби ҳам шу бўлган, деганлар». Қуръон илмида энг мўътабар уламолардан Имом Абу Амр Доний: «Бу борада Моликка уммат олимларидан бирортаси хилоф қилмаган», деганлар. Абу Амр яна айтадики: «Имом Моликдан «Мусҳафда ёзилган, аммо ўқилмайдиган ҳарфларни ўзгартириш мумкинми?» деб сўралган эди, у: «Йўқ», деб жавоб берди». Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: «Вавдами, алифдами, йадами ё бошқадами? Усмон мусҳафи хатига хилоф қилиш ҳаромдир», деганлар. Сулаймон ибн Умар Шофеий ўзининг «Манҳажут-туллаб» шарҳига ёзган ҳошиясида рибо бобида шундай дейди: «Рибо сўзи айнан Мусҳафдагидек вав ва алиф билан ёзилиши керак, одамлар одатланганларидек йа ва алиф билан эмас, зеро, расм эргашиш лозим бўлган суннатдир». Бу ерда суннат деганда фиқҳий истилоҳдаги қилиш ихтиёрий амал тушунилмайди, балки ундан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва саҳобаларнинг тутган йўллари, одатлари назарда тутилган. Зотан, суннатлар ичида зоидаси, ихтиёрийси, вожиб ё фарз ҳукмини тақозо қиладиганлари бор. Қироат ва араб тилида энг мўътабар саналган имомлар: Абу Амр Доний, Шотибий, Муҳаммад ибн Жазарий, Имом Суютий, Замахшарий ва бошқалар: «Усмон мусҳафи расмига эргашиш вожиб, чунки расм эргашишиладиган суннатдир», деганлар. Бу борада кейинги ва ҳозирги давр уламоларининг фатволарига мурожаат қилганимизда уларнинг ҳам салаф уламолар йўлларидан борганларининг гувоҳи бўламиз. Имом Байҳақий ўзининг «Шуъабулиймон» китобида, жумладан, шундай деган: «Ким мусҳаф ёзса, саҳобалар мусҳафларни ёзган хатда ёзиши лозим, бунда уларга хилоф қилмайди ва улар ёзган бирор нарсани ўзгартирмайди. Зеро, улар илмлироқ, дил ва тиллари тўғрироқ ва омонатдорроқ бўлганлар. Биз уни, ўзимизча, тўғрилаймиз, деб ўйлашимиз ҳам жоиз эмас». Аллома Низомуддин Найсобурий айтади: «Уламоларнинг бир қанчалари қорилар, уламолар ва ёзувчиларга Мусҳафни ёзишда ушбу расмга эргашиш вожибдир, деганлар». Шайх Баддоҳ ибн Бусирий айтади: «Аслий ва фаръий китоблардан ҳамда соғлом ақл далолатидан маълумки, Усмон Мусҳафидаги Қуръон расми эргашиладиган суннатдир, уни ўзгартириш ҳам, алмаштириш ҳам жоиз эмас... Бу қадимий Мусҳаф хатининг сирига буюклар йўл топа олмайди, ақллар унинг ҳақида ўйлай олмайди. Қуръон ушбу даражаси билан бошқа барча самовий китоблардан хосланди. Бу ҳам бўлса, унинг терилган лафзидаги каби хатида ҳам эъжоз – мўъжизавийлик борлигини кўрсатиш учундир». Шайх Абдурраҳмон ибн ал-Қозий ал-Мағрибий: «Усмоний Мусҳаф расмига хилоф қилиш жоиз эмас. Бунда омманинг Мусҳаф расмини билмаслигини, агар Қуръон Усмон расмига кўра ёзилса, уларнинг қироатларига хато аралашишини ва бошқа шунга ўхшаш баҳоналарни айтиб, мухолиф чиққанларга эътибор берилмайди. Бу гапларнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Чунки Қуръон хатини танимаган киши то тўғри ўқишни ўргангунича мусҳафдан ўқимаслиги ва Қуръон ёзувини ўрганиши лозим. Агар бундан бошқача иш тутса, у Ислом уммати ижмоъ қилган нарсага тескари чиққан бўлади, унинг ҳукми эса шариатда маълум. Ким бирор нарсани рўкач қилса, ижмоъга хилофлиги учун рад қилинади». Доктор Манноъ Қаттон ўзининг «Қуръон илмлари ҳақида тадқиқотлар» китобида, жумладан, шундай деган: «Қуръонни Мусҳафда маълум бўлган Усмоний расмга мувофиқ ёзиш лозим, зеро, у Ислом уммати Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг замонасидан бери авлоддан авлодга мерос қилиб олаётган истилоҳий расмдир. Уни муҳофаза қилиш Қуръоннинг ҳарфларини ўзгартириш ва алмаштиришдан сақлашда энг кучли кафолатдир. Агар уни ҳар бир давр хат қоидасида ёзишга рухсат берилса, бу ‒ Мусҳаф хатининг бир асрдан иккинчи асрга ўтишда ўзгариш топишига олиб келади. Балки имло қоидалари бир даврнинг ўзида турлича бўлиши, баъзи сўзлар бир шаҳарда бошқача, иккинчи шаҳарда бошқача ёзилиши ҳам мумкин». Қувайт фиқҳий қомусида бу борада жумладан қуйидагиларни ўқиймиз: «Аллоҳ таолонинг Каломида ҳар қандай ўзгартириш, алмаштиришнинг олдини олиш учун уммат уламоларининг жумҳури Усмон Мусҳафи ёзувидаги расмга ҳеч бир ўзгартиришсиз қатъий риоя қилганлар, кейинги даврларда имло қоидалари қанчалик ўзгарса ҳам». Уламолар Қуръони Каримни Усмон мусҳафи расмига мувофиқ ёзиш вожиблигига қуйидаги далилларни ҳужжат қилиб келтирадилар: 1. Расмнинг тавқифийлиги. Жумҳур уламолар Қуръони Каримнинг хати ҳам тавқифий, яъни ваҳий ишораси билан ёзилган, дейдилар ва бунга керагича далилларни келтирадилар. Демак, Аллоҳ таоло Ўз Каломини махсус кайфиятда қироат қилишни амр қилганидек,уни маълум суратда ёзишни ҳам жорий қилган. Бинобарин, Қуръонни ўша махсус кайфиятда ўқиш вожиб бўлгани каби уни маълум суратда ёзиш лозим бўлади. (Баъзи уламолар расмнинг тавқифийлигига хилоф қилсалар-да, тавқифийлигини айтган олимларнинг ҳам далиллари кучли ҳисобланади.) 2. Тақририй суннат. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳийни ёзиб турадиган котиблари бор бўлиб, улар оятларни Набий (алайҳиссалом)нинг кўз ўнгиларида ёзишар эди, у Зот уни кузатиб турар, хато қилсалар, тўғрилатар эдилар. Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Абу Бакр даврларида Қуръонни жамлашда оятларни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларида ёзилган бўлишини шарт қилганлар. Имом Табарий ва Ҳокимлар Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладилар: У киши: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларида ваҳийни ёзиб турардим, у киши эса менга имло қилиб турардилар. Қачонки фориғ бўлсам: «Уни ўқи», дердилар, мен ўқирдим, агар унда бирор нарса тушиб қолган бўлса, тўғрилатар эдилар», деганлар. Маълумки, Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг пайғамбарлик даврлари бевосита илоҳий назорат остида бўлган. Бинобарин, ўша вақтда агар Қуръонга лафзда ёки ёзувда бирор халал етгудек бўлса, шубҳасиз, бу – ваҳий билан тузатилиши табиий эди. Демак, расм Аллоҳ ва Унинг Расули рози бўлган, қарор топтирган ёзув ҳисобланади. Қуръони Каримни ёзиш учун бундан устун, ишончли ёзув бўлмаслиги аниқ. Бу билан тақририй суннат собит бўлади ва унга эргашиш эса лозимдир. 3. Саҳобалар ижмоъи. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)нинг даврларида мазкур тарқоқ ёзувлардан нусха кўчириш билан Қуръонни икки муқова орасига жамлаганларида юзлаб, балки минглаб саҳобаи киромлар бевосита иштирок ва иттифоқ этганлар. Кейинроқ Усмон (розияллоҳу анҳу) ундан нусхалар олганларида ўн икки минг саҳобий унга ижмоъ қилганлар. Саҳобаи киромларнинг илм ва тақводаги даражаларидан маълумки, улар оддий юриш-туришда ҳам суннатни тутган ҳолларида, Исломнинг асоси бўлган Қуръони Каримнинг ёзувида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан кўрмаган нарсаларини ўз томонларидан қўшишлари ҳеч қачон мумкин эмас, балки улар ривоятларнинг машҳурроғига иттифоқ қилишлари мумкин, холос. Демак, Қуръони Каримнинг ушбу суратда ёзилишига саҳобалардан ижмоъ собит бўлган. Уламолар: «Биринчи аср кишилари, яъни саҳобалар ижмоъ қилган нарса ҳеч қачон бекор қилинмайди», деганлар. Чунки улар умматнинг энг афзал кишилари эканида шубҳа йўқ. Биз эса уларга эргашишга буюрилганмиз. Имом Абу Довуд Ирбоздан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Набий (алайҳиссалом): «Сизлардан яшаганлар тез кунда кўплаб ихтилофларнинг гувоҳи бўлади, бас, менинг суннатимни ва мендан кейинги рошид халифаларимнинг суннатларини маҳкам тутинг, уларни озиқ тишларингиз ила тишланг», деганлар. 4. Умматнинг ижмоъи. Ислом шариати мусулмонларни Қуръони Каримни ўзгартиришлардан сақлашга амр қилган. Шу боис саҳобаи киромлардан то ҳозирги давргача жумҳур уламолар Қуръон ёзмоқчи бўлган киши мазкур Мусҳаф хатига риоя қилиши вожиблигига ижмоъ қилганлар. Мана шу билан ҳар қандай ўзгариш ва алмаштиришларга йўл қўйилмаган. Умматнинг ижмоъи айбдан холи экани маълум ва машҳур, бунинг далили саҳиҳ хадисларда келган. 5. Салафларга эргашиш. Қироат имомлари, расм илми уламолари Қуръони Каримнинг лафзларини тавотур даражасида ривоят қилганлари каби унинг Мусҳафдаги ёзувини ҳам саҳиҳ йўл билан авлоддан авлодга нақл қилганлар. Агар расм эътиборсиз нарса бўлганида улар унга бундоқ эҳтимом бермасдилар. Шу боис жумҳур уламолар Мусҳафга ўзича бирор ҳарф қўшиш ё олиш қатъиян жоиз эмас, у кишини куфрга олиб боради, деганлар. 6. Саҳиҳ бўлмаган ва мансух қироатларни мутавотир қироатлар билан аралашиб кетишидан тўсиш учун. Чунки Мусҳаф расми саҳобалар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан машҳур, мутавотир даражасида нақл этилганига иттифоқ қилган қироатларни кўтаради ва айни вақтда улардан бошқаларини чиқариб ташлайди. Шу боис барча қироат уламолари қироатнинг саҳиҳ бўлиши учун унинг Мусҳаф расмига мувофиқ бўлишини шарт қилганлар. 7. Бир қанча вақф, васл, ибтидо, исбот, ҳазф каби қироат ва тажвид қоидалари борки, улар бевосита Мусҳаф расмига боғлиқ. Агар Қуръон оддий имлода ёзилса, ушбу қоидаларнинг бузилишига сабаб бўлади. 8. Ислом умматининг ўзига хос хусусиятини сақлаш учун. 9. Агар Қуръонни ҳар бир давр ўзининг имло қоидасига кўра ёзса, бу нарса кейинги авлоднинг ўз ўтмишларидан, ўтмиш бўлганда ҳам умматнинг энг афзал ўтмишидан узилишига, уларнинг буюк меросларидан омманинг бебаҳра бўлишига олиб боради. 10. Ман қилинган нарсанинг олдини олиш учун. Имло қоидалари доимо ўзгариб туриши табиийдир. Агар Қуръони Каримни ўқишни осонлаштиришни баҳона қилиб, Усмон Мусҳафини қўйиб, ҳар бир давр аҳлига ўз хат қоидасига кўра ёзишга рухсат берилса, қачон имло қоидаси ўзгарса, Қуръон ёзуви ҳам ўзгаришига тўғри келади. Бу эса унда ҳарфларнинг зиёда бўлиши ёки камайишига сабаб бўлади. Натижада Қуръони Каримнинг лафзига халал етади ва бу ўз навбатида унинг маъноларини ўзгаришига олиб келади. Ўз-ўзидан Қуръоннинг турли хил нусхалари вужудга келади. Бу билан Ислом душманлари Қуръони Каримга хилма-хиллик айбини таъна қилишларига замин пайдо бўлади. Оқибатда олдинги самовий китобларда рўй берган ўзгаришлар Қуръони Каримда ҳам юз беради. Бунинг ҳаромлиги эса аниқ, бинобарин, унга олиб борувчи сабаблар ҳам ҳаром бўлади. 11. Қуръони Каримнинг кишилар қўлида ўйинчоқ бўлишининг олдини олиш учун. Бугун битта одам бир хат қоидасини топса, эртага бошқаси яна биттасини топиб, Қуръонни ёзавериши мумкин. Балки, кимнингдир араб ҳарфидан бошқа ҳарфда ёзишга журъат қилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бу, албатта, Қуръони Каримнинг ҳаққини поймол қилиш ҳисобланади. 12. Ислом шариатининг асос қоидаларидан ҳисобланган «Ман қилинган нарсага олиб борувчи нарсани тўсиш», «Ёмонликни қайтариш яхшиликни жалб қилишдан муқаддамдир» каби усулий қоидаларидан келиб чиқиб, юқорида айтилган ва бошқа хатарларнинг эътиборидан, расмни ўзгартиришни жумҳур уламолар ҳаром, бидъат деб ҳукм қилганлар. 13. Ислом уммати саҳобалар давридан бери ушбу расмни сақлаб келди, бу давр қанчалар узун бўлмасин,Қуръони Каримга заррача ҳам ўзгариш етмади, унинг ўқилиши ҳам соф сақланди. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ таолонинг ваъдаси ўз тасдиқини топганидандир. Энди биз ҳам ушбу анъанани давом эттиришимиз афзал ва лозимдир. 14. Мусҳаф расмини ўзнартириш мумкинлигин айтган, шуни ёқлаб чиққан уламолар қадимдан бўлиб келган ва бу борада амалий ҳаракатлар ҳам бўлган. Аммо уларнинг бирортаси ҳам муваффақиятга эриша олмаган, бугунги кунда ҳам барча мусулмонлар Қуръони Каримни Мусҳаф расмида ёзмоқдалар, нашр қилмоқдалар. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ таолонинг инояти экани, У Зотнинг иродаси шу эканини англатади. 15. Барча тилларда бўлгани каби, инглиз ва рус тилларида ҳам кўп сўзларнинг талаффузи олдинги даврлардаги суратидан ўзгарган. Аммо инглизлар ва руслар ўз тилларини бутун дунёга ёйишга ҳаракат қилишлари билан бирга, доимо ўз ёзувларини сақлашга ҳаракат қиладилар, талаффуздаги ўзгаришларни маълум истилоҳлар асосида тушунтириб борадилар. Бошқалар ўзларининг оддий сўзларига шунчалик эътибор бериб турган бир вақтда нима учун сиз билан биз, мусулмонлар, Аллоҳнинг мўъжиз Каломи, динимизнинг асоси ва муқаддас китобимиз бўлган Қуръони Каримнинг ёзувини ўзгаришига кенг йўл очиб беришимиз керак?! Ҳолбуки, аждодларимиз унинг лафзи ва ёзувини тавотур даражасида худди нозил бўлган вақтдагидек бизгача сақлаб етказган бўлсалар. Балки, ўша бошқалар ҳам ўз ёзувларига эътибор беришни мусулмонлардан ўрганган бўлсалар, ажаб эмас. Бу – аслида, Аллоҳнинг Қуръон умматига бўлган фазлу марҳаматидан. Биз бу билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Аммо қуруқ фахрланиш билан иш битмайди. Агар бошқа халқларнинг аждодлари ҳам Ислом уммати каби ўз муқаддас китобларини нозил қилинган тилида ва ёзувида сақлаб қолган бўлганларида улар бугун уни дунёга фахр билан жар солишлари ва уни сақлашга янада кўпроқ ҳаракат қилишлари табиий эди. Шу боис биз мусулмонлар бу неъматнинг қадрига етиб, Қуръони Каримнинг ёзувини ўзгартириш ҳақида савол беришни ҳам ўзимизга эп кўрмаслигимиз лозим. Уламолар Мусҳаф расмининг сақланишидаги бир қанча фойдаларни ҳам зикр қилганлар. 1. Юқорида зикр қилинган хатар ва зарарлардан омонда бўлиш. 2. Ислом умматининг аввалидан охиригача ўзаро боғлиқ бўлиши. 3. Кейингиларнинг биринчи мусулмон авлоди маданиятини ўрганиши, уларнинг илмларидан баҳраманд бўлишлари. 4. Бутун Ислом оламининг муқаддас китоблари устида жамланиши, ўзаро робиталарининг мустаҳкамланиши. 5. Қуръони Каримнинг мўъжиз эканининг изҳори. 6. Мусулмонларнинг бошқа умматлардан фазлининг далили. Уларнинг ўз муқаддас китобларининг барча нусхалари бир, ўзгариш топмагани билан фахрланишлари ва ҳ.к. Агар эътибор берилса, бу ерда Қуръони Каримни араб ҳарфларида Мусҳаф расмига эргашмай, талаффуз асосида, замонавий имло қоидалари асосида ёзиш ҳақида гап кетмоқда. Бундан Қуръонни араб ёзувидан бошқа алифбода ёзиш ўз-ўзидан қатъиян мумкин эмаслигини тушуниш қийин эмас. Шундай бўлса-да, мавзуни ёритиш мақсадида уламоларнинг Қуръони Каримни араб ҳарфларидан бошқа алифбода ёзиш ҳақида айтган сўзларидан айримларини келтиришга ижозат бергайсиз. Ҳанафий фақиҳ Бурҳонуддин Маҳмуд ибн Аҳмад «Ал-Муҳит Албурҳаний» китобида: «Мусҳафни форсийда ёзиш қатъиян манъ қилинади», деган. Ҳолбуки форсий хат араб хатига яқин. Моликий мазҳаб уламолари: «Арабчадан бошқа алифбо билан ёзилган нарса Қуръон бўлмайди», деганлар. Ибн Ҳажар Ҳайтамий ўзининг «Катта фиқҳий фатволар» китобида, жумладан, шундай деганлар: «Бу – асҳобларимиз ҳаромлигига иттифоқ қилган масаладир... Қуръонни ажам ҳарфида ёзишда унинг беллашувга чорлаган мўъжиз лафзини ўзгартириш бор». Мисрдаги «Ал-азҳар» унверситетининг йирик уламоларидан бири Шайх Маҳмуд Абу Дақиқа шундай дейди: «Тўртала имом (тўрт фиқҳий мазҳабларнинг имомлари) ҳам Қуръонни араб алифбосидан бошқа алифбода ёзиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилганлар. Чунки Қуръонни бошқа алифбода ёзиш уни ижмоъ собит бўлган ва эргашиш вожиб бўлган расмдан чиқаради. Балки бу – лафзларда ўзгариш юз беришига олиб келади. Чунки баъзи араб ҳарфларининг ўхшаши бошқа алифболарда йўқ. Лафздаги ўзгариш эса маънонинг ўзгаришига сабаб бўлади. Бошқа алифбода ёзиш, қандай бўлмасин, мана шунга олиб келиши аниқ. Шу боис баъзи ҳанафий уламолар: «Ким Қуръонни қасддан араб ҳарфларидан бошқа ҳарфда ёзса, у ё мажнун бўлади ёки зиндиқ бўлади. Мажнунни даволанади, зиндиқ эса ўлдирилади», деганлар. Ёзувдан мақсад сўзнинг ўқилишини ифодалашдир. Агар Қуръон ёзиладиган ажамий алифбо араб ҳарфларига муҳтож бўладиган бўлса, мисол учун инглиз тили ҳарфлари каби, у билан Қуръон ёзиш мумкин эмаслигига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Чунки бунда унинг калималарини ўзгартириш бор. Ким Қуръон калималарини ихтиёрий равишда ўзгартиришга рози бўлса, кофир бўлади». Шайх Абдулҳамид Таҳмоз айтади: «Албатта Мусҳафни араб ҳарфларидан бошқа алифбода ва усмоний расмдан бошқа хат қоидасида ёзиш динда бидъат чиқариш, мусулмонларнинг йўлидан бошқа йўлга юриш, рошид халифалар даврларидаги саҳобалар иттифоқига мухолиф бўлишдир. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларнинг суннатларини тутиш вожиб эканини васият қилиб: «Менинг суннатимни ва ҳидоятдаги рошид халифаларимнинг суннатини маҳкам тутинг, уларни озиқ тишларингиз ила тишланг. Янги пайдо бўлган ишлардан сақланинг, чунки ҳар бир бидъат залолатдир», деганлар. Шубҳасиз, Қуръони Каримни лотин ҳарфларида ёзиш динда катта бидъатдир. Бидъат бўлганда ҳам энг қабиҳ, тубан бидъатдир. Чунки бунда Аллоҳ таолонинг Китобига хатар, унда ўзгартиришни пайдо қилиш бор. Ҳар бир мусулмонга Аллоҳ таолонинг Китобини муҳофазаси йўлида бу ишни бор кучи билан тўхтатиши, йўқ қилиши вожибдир. Лотин ёки бошқа ажам ҳарфлари билан ёзилган Мусҳаф шаръан Қуръон ҳисобланмайди, унга кўра ўқиш намозга ярамайди. Зеро Аллоҳ Субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримни фақатгина араб тилида нозил қилган». Масжиди Набавийнинг воизи Шайх Абу Бакр Жазоирий айтадилар: «Қуръони Каримни араб ҳарфларидан бошқа ҳарфларда ёзиш, шунингдек, уни Усмоний Мусҳаф расмига хилоф равишда ёзиш, агарчи араб ҳарфларида бўлса ҳам, ҳаромдир, ҳалол эмас. Чунки у Қуръони Каримнинг хусусиятларига футур етказади. Масалан, улардан кўзга кўринганлари: унинг мўъжизавийлигини, тиловатининг ибодат бўлишини, лафз ва маънолари ила қамраб олган ҳидоятни, мўъжизавийлигининг бир бўлаги бўлган фасоҳат ва баёнини кетказади». Муҳаммад Али Собуний бу ҳақида, жумладан, шундай деганлар: «Қуръонни лотин ҳарфида ёзиш жоиз эмас, чунки бу Аллоҳ нозил қилган лафзнинг ўзгартиришдир. Албатта, бу иш Аллоҳ таолонинг Каломини ўзгартириш ҳисобланади. Аллоҳ таборака ва таоло аҳли китоб ‒ яҳудий ва насронийларнинг ўз китобларини бузганликлари, унинг лафзларини ўзгартирганликлари ва сўзларини алмаштирганликларини маломат қилган. Ушбу маломат ва таҳдид Қуръонни арабчадан бошқа алифбода ёзган кишини ҳам ўз ичига олади. Чунки бу Олий ва Улуғ Аллоҳнинг Каломига очиқ-ойдин қарши чиқишдир. Зеро У Зот: « Албатта, Биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки, ақл юритсангиз», деган. (Зухруф 03- оят). Қуръон матнини лотин алифбосида ёзиш ҳеч бир хилофсиз қатъий ҳаромдир. Бунга далил, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Рим императори Ҳераклга уни Исломга даъват қилиб ёзган мактубларида Оли Имрон сурасининг 64-ояти араб ҳарфларида ёзилган эди». Ўтган асрнинг йирик олимларидан бири Муҳаммад Ғаззолий: «Сизларга шуни билдираманки, лотин ва бошқа тилдаги алифбо ҳарфлари араб ҳарфларига зиддир. Чунки уларда араб нутқ товушларининг пайдо бўлиш ўринлари, уларга тегишли қоидалар, мад ва ғунна қоидаларидан ташқари, бир қанча араб ҳарфлари ҳам мавжуд эмас. Шу боис Қуръонни лотин алифбосида ёзиш мушкул, балки бунинг имкони йўқ. Бинобарин араб ҳарфларидан бошқа ҳарфларда ёзилган мусҳаф Қуръон ҳисобланмайди. Бу – сақланган илоҳий ваҳийга ўзгартириш ва унга ёлғон учун эшик очишдир. Бунда Мусҳафни тўлиқ ё баъзисини нашр қилишнинг фарқи йўқдир», деган. Уламолар Қуръони Каримни араб алифбосидан бошқа ҳарфларда ёзиш ҳаромлигига юқорида ўтган Мусҳаф расмига хилоф қилишнинг жоиз эмаслиги ҳақида келтирилган ва бошқа далилларга қўшимча сифатида қуйидагиларни ҳам илова қиладилар: 1. Қуръони Карим соф араб тилида нозил қилинган, бинобарин, уни фақат араб ҳарфлари билан ёзиш мумкин. Чунки ёзув нутқнинг бир кўринишидир. Қуръони Каримнинг ўн бир жойида уни араб тилида нозил қилингани ҳақида оятлар келган бўлиб, биз улардан айримларини эслаб ўтамиз. Албатта, у (Қуръон) Роббул оламийннинг туширганидир. Уни Руҳул Амийн олиб тушди.. Сенинг қалбингга, огоҳлантиргувчилардан бўлишинг учун. Очиқ-ойдин араб тилида. (Шуаро 192-195.) Ояти каримадаги «Руҳул Амийн»дан мурод фаришта Жаброил (алайҳиссалом); «огоҳлантиргувчилардан» дегани эса «пайғамбарлардан» деган маънони билдиради. Арабча Қуръонни эгриликсиз қилиб (туширдикки), шоядки, тақво қилсалар.(Зумар, 28). Албатта, Биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки, ақл юритсангиз. (Зухруф, 3). Жалолиддин Суютий ўзларининг Қуръон илми борасида ёзган китобларида Аллома Заркашийдан нақл қиладилар: «У киши, жумладан, шундай деганлар: «Уни (Қуръонни араб ҳарфидан бошқа ҳарфда ёзишни) жоиз деб эҳтимол қилиниши ҳам мумкин, чунки уни арабча талаффузда ўқийдиган киши тўғри ўқиши мумкин. Аммо ҳақиқатга яқин гап жоиз эмаслигидир, худди уни араб тилидан бошқа тилда ўқиш жоиз бўлмагани каби. Бунга, қалам икки тилнинг бири, деган нақл ҳам далолат қилади». Демак, Қуръон араб тилидан бошқа тилга ўгирилганда Қуръон бўлмагани каби, араб ҳарфидан бошқа ҳарфда ёзилса ҳам, Қуръон ҳисобланмайди, яъни уни Мусҳаф дейилмайди. 2. Маълумки, Қуръони Карим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг замоналарида фақат араб алифбосида ёзилган, ҳолбуки, саҳобалар ичларида форс, ҳабаш, румлик ва бошқа араб бўлмаган кишилар ҳам бор эди. Уларнинг бирорталари уни ўз ҳарфларида ёзишни ўйлаган ҳам эмас ёки Пайғамбар (алайҳиссалом) уларга ўзлари ё қавмлари учун осон бўлсин, деб бошқа ҳарфни тавсия қилган ҳам эмаслар. Балки у Зот: «Қуръонни нозил бўлгандек ўқинглар», деганлар. Шу боис барча саҳобалар маълум расмга кўра ёзганлар ва арабий нутқда талаффуз этганлар. 3.Аллоҳ таоло мусулмонларга Қуръон тиловатини осонлаштириш учун уни турли қироатларда, яъни ўқиш услубларида нозил қилди ва ҳар ким улардан ўзига осон бўлганида ўқишига рухсат берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларни саҳобаларга ҳарфма-ҳарф таълим бердилар. Буни Ислом умматига енгиллик учун ва Қуръоннинг мўъжизаси ўлароқ Аллоҳ таолонинг Ўзи жорий қилди. Аммо У Зот Ўз Каломини араб тилидан бошқа тилда ўқишга ёки араб ҳарфидан бошқа ҳарфда ёзишга рухсат бермади. Агар мумкин бўлганида, Пайғамбар (алайҳиссалом) уни, албатта, жорий қилган бўлардилар. Чунки у Зот доимо умматларига енгиллик бўлиши учун ҳаракат қилардилар. Қуръонни турли қироатларда ўқилишига рухсат бўлишини ҳам Аллоҳ таолодан илтижо қилиб сўраган эдилар. 4.Кейинчалик Абу Бакр Сиддиқ ва Усмон (розияллоҳу анҳумо) даврларида Қуръон жамланганида Ислом диёрлари кенгайиб, мусулмонлар сони кескин ошган, кўплаб араб бўлмаган халқлар Исломга кириб, Қуръон ўрганишга киришган эдилар. Шунга қарамай, саҳобаи киромлар мусҳафларни фақатгина араб алифбоси асосида ёзганлар ва бунга бутун Ислом уммати ижмоъ қилган. Ҳолбуки, уларнинг ораларида бошқа ҳарфларда ёзишни биладиганлар, фақатгина ўша ёзувларни танийдиганлар, Қуръон ўқишни осон ўзлаштиришлари учун уни ўз алифболарида ёзишга муҳтож бўлганлар ҳам бор эди. Аммо улардан бирорта инсоннинг араб алифбосидан бошқа алифбода ёзиш ҳақида фикр билдиргани ҳам нақл қилинмаган. Чунки улар Қуръонни муҳофаза қилишда Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг тутган манҳажларини маҳкам ушлаганлар ва буни энг ишончли йўл эканини яхши билганлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса бизларни уларга эргашишга амр қилиб: «Менинг суннатимни ва мендан кейинги рошид халифаларнинг суннатларини маҳкам тутинг, уларни озиқ тишларингиз ила тишланг», деганлар. 5. Аллоҳ таоло Қуръони Каримни фасиҳ араб тилида, махсус кайфият ва суратда нозил қилган. Қуръонни айнан нозил бўлгандагидек ўқиш вожиб эканига бир қанча оят ва ҳадислар далолат қилади. Уни ҳар ким ўзича ўқиши умуман мумкин эмас. Бинобарин, уни ёзувда ифодалаш учун қўлланиладиган ҳарф унинг тўғри ўқилишини таъминлаши лозим. Акс ҳолда, уни ёзган ҳам, ўқиган ҳам гуноҳга қолади. Қуръон товушларини араб ҳарфларидан бошқа ҳарфлар билан тўлиқ ва тўғри ифодалашнинг имкони йўқлиги ойдек равшан. Агар шартли белгилар (трансикрипция, транслетерация) билан буни уддалашга ҳаракат қилинган тақдирда ҳам бу нарса араб нутқ товушларини, уларнинг махраж ва талффуз меъёрларини пухта ўзлаштиргандагина фойда бериши мумкин. Акс ҳолда, унинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Қолаверса, у ўқувчини чалғитиши, кўпроқ ўз тилига мойил талаффуз этишига сабаб бўлиши ва натижада Қуръони Каримнинг лафзларини нотўғри талаффуз этишга олиб келиши тажрибалардан маълум. Ўрни келганда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, трансикрипция арабча исмлар, истилоҳлар, ҳарф номлари каби қисқа матнлар учун ишлатилади, холос. Ҳеч қачон у билан бир бутун матн ёки китоб ифодаланмайди. 6. Қуръон ёзиладиган алифбо қироат тўғри бўлишининг шарти ҳисобланган мад, ғунна, тафхим, тарқиқ каби қироат ва тажвид қоидаларини ҳам ифодалаши керак. Шунингдек, тиловат мобайнида вақф ва васл, яъни тўхташ ва қўшиш қоидаларини аниқлаш учун ҳам яна алоҳида белгилар тайин қилиш лозим. Буларни араб алифбосидан бошқа алифбода кўрсатиш жуда ҳам мушкул. Хусусан лотин, кирилл ва шунга ўхшаш алифболарда бунинг, умуман, иложи йўқ, чунки уларда ёзилганда бир бутун сўзни бўлишга, бўлинган сўзларни қўшиб юборишга тўғри келади. Агар бу талабларни бир иложини қилиб қондириш мумкин, деб фараз қилинганда ҳам уларни ўргатиш учун бир неча саҳифани истилоҳларни тушунтириш учун ажратиш керак. Энди ўша бир неча саҳифани ўзлаштиришга сарфланган вақт ва ҳаракат араб ҳарфларини ўрганишга йўналтирилса, ундан-да мукаммал савод чиқиши турган гап. Шу боис Қуръонни фақат араб ҳарфида ёзиш ва ўрганиш − ҳар томонлама энг тўғри йўл. Зотан, Қуръон араб тилида нозил бўлган. 7. Қуръон қироат қилмоқчи бўлган киши ўқигани Қуръон ҳисобланиши ва у билан савоб касб этиши учун уни, имкони борича, Аллоҳ нозил қилган кайфиятда, арабий талаффузда ўқиши лозим. Аммо кимики уни тажвидини бузиб, ўз тилидаги товушлар билан билганича ўқиса, ўқигани Қуръон бўлмайди. Бинобарин, Қуръонни бошқа алифбода ёзиб, уни одамлар орасида Қуръон деб тарқатиш кишиларни овора қилишдан бошқа нарса эмас. Чунки уни ўқиган инсон Қуръон ўқиган ҳисобланмайди. Шу боис бошқа алифбодан фойдаланиш биринчи босқичда араб ҳарфларини ўрганиш учун ярашлиги мумкин, холос. 8. Қуръони Каримнинг Илоҳий Китоб эканлиги, инсонлар унинг олдида ожиз экани ва ундаги ҳар бир сўз, ҳар бир ҳарф буюк илм асосида келтирилганлиги ўзининг илмий тасдиқини топган улкан ҳақиқатдир. Бинобарин, унга инсон ижоди дахл қилмаслиги лозим. 9. Ҳар бир тилнинг балоғат ва имкониятларини фақатгина унинг ўз алфбоси ёрдамида тўлиқ ифодалаш мумкин. Қуръоннинг балоғати, назм ва тартибидаги мўжизавийлиги ҳам араб ёзувида тўла акс этади, бошқа алифболар унинг ушбу хусусиятини ифодалашга ҳам ожизлик қилади. Қуръонга бундай халал етказиш ҳеч қачон ҳалол бўлмайди. 10. Уламолар Қуръони Каримни хато ўқилишига сабаб бўлиши эҳтимолини эътиборга олиб Мусҳафни ёзишда «шикаста» ва «риқоий» каби айрим араб хат турларини қўллашдан ҳам қайтарганлар. 11. Агар ҳар бир халқ Қуръонни ўз алифбосида ёзадиган бўлса, дунёда ўнлаб, балки юзлаб хилма-хил Қуръонлар пайдо бўлади: русча, ўзбекча, инглизча, хитойча ва ҳ.к. Бунда Қуръонга бирор ҳарф қўшилиши ёки ундан бирор нарса камайиши табиий ҳолга айланиб қолади. Натижада Қуръоннинг лафзлари ўзгаради ва маъносига халал етади. Бориб-бориб бир неча хил Қуръонлар вужудга келади. Вақт ўтиши билан мусулмон бўлган икки халқ бир-бирининг Қуръонини танимай қолади. Бу билан Ислом душманлари Қуръонга таъна тоши отишларига, фитначилар турли шубҳалар тарқатишларига ва мусулмонларга нисбатан ишончсизлик юзага чиқишига эшик очилади. Қуръони Карим бизларга ўтган умматларнинг ўз муқаддас китобларини ўзгартирганликларини ва бу уларни куфрга олиб борганини бир неча оятларида ҳикоя қилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) аҳли китобларга эргашиб кетишдан огоҳлантирганлар. Уламоларимиз Қуръоннинг бирор ҳарфини қасддан ўзгартириш кофирлик эканига иттифоқ қилганлар. Чунки бу – Аллоҳнинг каломи бўлмаган нарсани У Зотга нисбат бериш ёки унинг акси ҳисобланади. 12. Мусулмонлар азалдан ўз динларини, маънавий меросларини ўрганиш учун араб тилини ўрганишга, лоақал араб ҳарфларини ўзлаштиришга катта эътибор берганлар. Қорилар Қуръонни Мусҳафдан ёд олганлар. Шу боис, агар Қуръоннинг бирор ҳарфига ўзгратириш киритилгудек бўлса, уни Ислом уммати баралла эълон қилиб, фош қилган. Агар Қуръонни ҳар ким ўз алифбосида ёзадиган бўлса, унда бирор ўзгариш бор ё йўқлигини билиш, уни назорат қилиб туриш мушкул бўлиб қолади. Бунинг оқибати эса маълум. 13. Барча алифболар ўзгарувчан бўлади. Бу нарса замон ўтиши билан бир даврнинг Қуръони билан иккинчи даврнинг Қуръони турлича бўлишини тақоза қилади. Бунда хатнинг ўзгариши баҳонасида Қуръонга бирор халал етса, биров ажрата олмай қолади. 14. Агар араб ҳарфини танимаган кишиларга оятларни ўзлари билган ҳарфларда ёзиб берилса, улар Қуръонни ўша асосда ўқийверсалар, ҳеч қачон уларнинг талаффузлари ростланиб, тўғри ўқиб кетишлари умид қилинмайди. Балки улар Қуръонни тўғри ўқишлари учун, албатта, араб ҳарфларини ўрганишлари лозим. Айрим рухсат берганлар ҳам янги мусулмон бўлган кишилар учун устоз топиб, араб ҳарфларини ўргангунларича бўлган қисқа муддат ичида намозлик сураларни ўрганиб туришларини назарда тутганлар, холос. Аммо бизнинг диёримиз каби аҳолиси қадимдан мусулмон бўлган юртларда бу нарсага ҳожат йўқ. 15. Араб ҳарфларини ўрганиш қийин иш эмас. Ахир кишилар иш ўрганиш, маълум йил тирикчилик қилиш, бошқа халқларнинг адабиётларини ўрганиш ва бошқа мақсадлар учун ҳам турли тил ва ҳарфларни ўрганадилар. Бу рўйхатда мусулмонлар ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай бўлгач, қандай қилиб мусулмон кишининг ўз Парвардигорининг Каломи ва динининг асоси бўлган Қуръонини лоақал тўғри ўқишни ўрганиши мушкул иш бўлади? Нима учун мусулмон киши ўз динига, Муқаддас Китобига ҳеч бўлмаса бошқа нарсаларга эътибор берганчалик эътибор бермайди, уни бузиб ўқиш учун йўл ахтаради? Албатта, бу – Аллоҳга ва Қуръонга иймони, муҳаббати бор кишига муносиб ҳолат эмас. Бу ҳақиқатни аждодларимиз яхши англаганлар, шу боис, улар Қуръон илмида ва араб тилида айрим араблардан ҳам ўтиб кетганлар, уларга устоз бўлганлар, Исломга ва Қуръонга катта хизматлар қилганлар. Бу маънодаги далилларни яна бир неча саҳифа давом эттириш мумкин. Аммо мана шу далилларнинг ўзиёқ иймон ва инсофи бор киши учун етарли бўлса керак. Шу билан бирга, агар воқеликка назар ташласак, динимизнинг бу борадаги ҳукми ҳам нақдар ҳақ ва ҳикматли эканининг гувоҳи бўламиз. Ушбу мақоланинг ёзилишига туртки бўлган китобни қўлга олиб варақлар эканман, унинг «жисми исмига мос» бўлмаганидан ажабландим. Муаллиф унда «Қуръон табдили»га киришишдан олдин Қуръони Карим тарихи ҳақида қисқача тўхталибди. Афсуски, унда талайгина яхши маълумотлар бериш билан бирга бир қанча хато ва чалкашликларга ҳам йўл қўйган. Ундан кейин янги «Қуръон ёзуви»нинг истилоҳлари билан таништирилган. Унда, аввало, ҳарфларнинг номлари хато берилган. Қолаверса, фақатгина айрим нутқ товушлари ҳақида тўхталган, холос, аксар нутқ товушлари борасида эса умуман ҳеч гап йўқ. Бунинг устига нутқ товушлари борасида берилган ўша узди-юлди маълумотлар ҳам хатога тўла. Баъзиларида тамоман тескари таърифлар ҳам топилади. Умуман олганда, истилоҳлар жуда ҳам оз ва чала бўлгани яққол кўриниб турибди. Муаллиф ишнинг савиясини пайқаганданми ёки масъулиятни ўзидан узоқлаштириш мақсадидами, ўқувчиларга араб имлосини билган кишиларга мўлжаллаб ёзилган тажвид китобларини тавсия қилибди. Ахир, уларни ўқий оладиган одамга Қуръонни кирилл алифбосида ёзиб беришнинг нима кераги бор? Қуръонни кирилл алифбосида ўқийдиган кишига эса у китобларнинг умуман аҳамияти йўқ. Буларнинг ҳаммасини бир четга қўйиб, асосий мақсадга ўтдим. Биринчи бўлиб кўзим Фотиҳа ва Бақара сураларига тушди. Қарасам сураларнинг номлари хато ёзилибди. Бунга ҳам майли, чунки сура номлари Қуръон ҳисобланмайди-ку, дедим. Кейин басмалани ўқидим. Унинг ҳаммаси битта сўзми ёки бир нечта сўзми, қайси ҳарф қайси сўзга тегишли, мабода тўхтамоқчи бўлсам, қаерда тўхташ мумкин ‒ буларнинг бирортасини билишнинг умуман иложи йўқ эди. Бунинг имконини топа олмабди-да, дедим-у, ўқишга киришдим. Қарасам, шу биргина қисқа жумланинг ўзида учта хато турибди. Хато десам, сиз уни умумий маънодаги хато деб тушунманг, мен бу ерда муаллиф ўзи қабул қилган истилоҳларга нисбатан содир бўлган хатоларни назарда тутмоқдаман. Кейин пастга қараб ўқиб тушдим. Уларда хатоларнинг адади қуйидагича эди: Иккинчи оятда учта, учинчи ва тўртинчида иккитадан, бешинчида битта, олтинчида бешта ва ниҳоят суранинг охирги оятида тўртта. Энди ҳар намозда ўқиладиган, кўпчилик биладиган ушбу етти оятли қисқагина сурада 20 та хато бўлгач, 50, 100, 200 оятли бошқа катта сураларда нима бўлиши мумкин? Келинг, гапимиз қуруқ бўлмасин учун бошқа сураларга ҳам бир назар ташлаб кўрайлик. Маълумки, айрим суралар махсус суратда ўқиладиган маълум ҳарфлар билан бошланади. Жумладан, Бақара сураси ҳам. Унинг биринчи ояти «алиф», «лам» ва «мим» ҳарфларидан таркиб топган. Уларнинг қандоқ ўқилиши одатда устоздан ўрганилади ва қоидасини тажвид китобларидан топилади. Нима бўлганда ҳам, ёзув нутқнинг ифодаси бўлгандан кейин, сўзни ҳеч бўлмаса қабул қилинган истилоҳлар асосида тўғри ифодалаш керак. Китобда суранинг ушбу биринчи оятидаги учала ҳарф ҳам хато ёзилган. Мен Бақарадан ташқари яна бешта сура ҳам айнан ушбу ҳарфлар билан бошланишини ўйладим-да, дарҳол уларни очиб қарадим. Ишонасизми, йўқми, ушбу уч ҳарф олти сурада уч хил ифодаланган, лекин уларнинг бирортасида ҳам бирорта ҳарф тўғри ифода этилмаган. Ҳолбуки, барчасининг ўқилиши бир хил. Суранинг биринчи энг қисқа ва содда ояти мана шу ҳолатда ёзилгандан кейин, бошқа узун, мураккаб оятларда нима ҳам бўлиши мумкин? Булар, юқорида айтилганидек, қабул қилинган истилоҳлар татбиқидаги хатолар, холос. Бундан ташқари, ҳарфларнинг алмашиши, тушиб қолиши ёки қўшилиши, бир қоидани бир жойда бошқача, иккинчи жойда бошқача ифодаланиши, қироат тўғри бўлиши учун шарт бўлган қоидаларни бузишни тақозо қиладиган ифодалар каби жуда қўпол хатолар ҳам бор. Уларнинг ҳам сон-саноғига етиб бўлмайди. Хатто айрим калималар ўрнига компьютер тугмачасининг ноўрин босилиб кетиши натижасида турли лотин ҳарфлари ҳам ёзилиб кетган. Хулоса қилиб айтганда, китобда аксар сураларнинг номлари хато берилган. Ҳолбуки, трансикрипцияда бундай бўлиши умкин эмас. Ҳарф алмашиши, тушиб қолиши ёки қўшилиши ва нотўғри ифодаларнинг ададига етиш қийин. Қабул қилинган истилоҳга нисбатан содир бўлган хатолардан холи оятни топиш эса анча мушкул. Маълумки, ҳар бир ҳарф алоҳида товуш ифодалагани каби ҳар бир товуш алоҳида маъно учун хизмат қилади. Бинобарин, биргина ҳарфнинг хато ёзилиши билан маъно тамоман ўзгариб кетиши, хатто, аксинча бўлиб кетиши ҳам мумкин. Мазкур китобда бу маънода жуда ҳам кўплаб далиллар топиш мумкинки, уларни нақл қилгани ҳам қўрқасан киши. Шундай бўлса-да, муҳтарам ўқувчилар мавжуд хатарни ҳис қилишлари учун бир-иккита мисол келтиришни жоиз деб топдик. Қасос сурасининг 76 ва 77-оятлари қуйидаги калималар билан якунланади: Уларнинг маъно таржималари қуйидагича: «Албатта, Аллоҳ ховлиққанларни севмас», «Албатта, Аллоҳ бузғинчиларни севмас». Аммо бу калималар мазкур китобда қуйидагича ифодаланган: «‘инналлоҳа ла йуҳиббу-л-фариҳи:н», «‘инналлоҳа ла йуҳубби-л-мусиди:н». Бу ерда улардаги барча хатоларни эмас, балки фақатгина биз айтмаоқчи бўлганларини эътиборга олган ҳолда (чунки ушбу икки жумлада 4 та истилоҳий хато, 3 та имловий хато бор: 2 та ҳарф алмашган, 1 та ҳарф тушиб қолган) уларни олдинда ўргатилган истилоҳга кўра ўқилганда маънолари қуйидагича бўлади: «Албатта, Аллоҳ ховлиққанларни севади», Албатта, Аллоҳ бузғинчиларни севади». Яна бир мисол: Кафирун сурасининг маъно таржимаси асли қуйидагича: 1. Айт: «Эй, кофирлар... 2. Мен сиз ибодат қилган нарсаларга ибодат қилувчимасман. 3. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган нарсага ибодат қилувчимассиз. 4. Ва мен сиз ибодат қилган нарсага ибодат қилмасман. 5. Ва сиз ҳам мен ибодат қиладиган нарсага ибодат қилмассиз. 6. Сизга ўз динингиз, Менга ўз диним. Энди уни мазкур китобдаги матнга кўра таржима қилсак, тамоман тескари маъно келиб чиқади: 1. Айт: «Эй, кофирлар... 2. Мен сиз ибодат қилган нарсаларга, албатта, ибодат қилувчиман. 3. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган нарсага, албатта, ибодат қилувчисиз. 4. Ва мен сиз ибодат қилган нарсага,албатта, ибодат қилурман. 5. Ва сиз ҳам мен ибодат қиладиган нарсага,албатта, ибодат қилурсиз. 6. Сизга ўз динингиз, Менга ўз диним. Аллоҳ асрасин, бу жуда ҳам даҳшатли бир ҳолат. Аллоҳ таолодан гуноҳларимизни кечиришини сўраймиз. Хўш, Қуръони Каримни шунчалар бузиб, ўзгартириш кимга керак бўлиб қолди? Муқаддас динимизнинг асоси бўлган Қуръони Каримга нисбатан бунчалар беодоблик, масъулиятсизлик бўлишига қайси виждон йўл қўяди? Қайси иймонли киши асрлар оша мусулмонлар жонлари ва моллари билан сақлаб келаётган Аллоҳнинг Китобига бу хил муносабатда бўлишга журъат қилади? Қандай қилиб аждодларимиз етмиш йил мустабид динсиз тузум ҳукми остида ҳам бирор ҳарфини ўзгартирмай бизга соф ҳолда етказган Қуръонимизни Ватанимиз мустақил бўлгандан кейин бемалол бузиб ўзгартирилишига индамай қараб туриб бўлади? Қандоқ қилиб оддий бир шоир ёки ёзувчининг асарини ўзгартириш жиноят бўлади-ю, Муқаддас Китобимизни ўзгартириш мумкин иш бўлади? Нима учун ҳамма ҳам диндан гапиришга ўзини ҳақли билаверади? Нима сабабдан диннинг асоси бўлган Қуръони Карим ҳеч қандай кўриксиз, рухсатсиз чоп қилинаверади? Ахир, ҳар қандай динга доир китоб Вазирлар Маҳкамаси Қошидаги Диний қўмитанинг рухсати билан нашр қилиниши лозим-ку?! Ҳолбуки, Қуръони Каримни араб алифбосида махсус расмга мувофиқ ёзилганда ҳам, уни махсус кўрикдан ўтказиб, бир нечта уламолар ҳайъатининг рухсати билан чоп этиш лозимлиги ва бу нарса бутун Дунёда аллақачон йўлга қўйилганлиги ҳаммага маълум. Исломнинг асоси бўлган Қуръони Каримни бу шаклда ўзгартирилгани сабабли агар бошқа мусулмонлар бирор гап айтсалар, унга ким жавоб беради? Қуръон калималарини ўзгартириш натижасида ғаразгўй кишилар уни ўз мақсадлари йўлида ишлатиб, турли фирқа ва фитналар келиб чиқса, бунинг масъулиятини ким бўйнига олади? Бу ишга қўл урганлар агар бу дунёда жавобгар бўлмасалар ҳам, охиратда, шубҳасиз, Алллоҳнинг ҳузурида жавоб беришлари муқаррардир. Китобдаги мазкур манзарани кўргач, унга китобнинг аввалида «Қуръон табдили» деб ном берилгани ёдимга тушди. Муаллиф ўзининг бу ишини жуда ҳам тўғри номлаган. Чунки «табдил» арабча сўз бўлиб, Қуръонга нисбатан ишлатилганда одатда «Қуръонни ўзгартириш, унинг калима ё ҳарфларини алмаштириш» маъноларида ишлатилади. Эҳтимол, бу ҳам Аллоҳдан бўлгандир. Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин. Қуръони Каримни омма халқимиз қўлига етказмоқчи бўлган кишилар уни динимиз кўрсатмалари асосида нашр қилишлари лозиму лобуддир. Шу ўринда айрим кишилар: «Қуръони Карим бутун инсониятга юборилган бўлса, барча халқлар унинг таълимотларидан баҳраманд бўлишлари учун уни ўз алифболарида ёзиб ўргансалар, уларнинг Қуръон ўрганишдаги олдиларида турган катта бир тўсиқ олиб ташланган бўларди», дейишлари ҳам мумкин. Шунингдек, баъзилар ҳарф бу талаффузни ёзувда ифодаловчи шакл, унинг қайси суратда бўлишининг жиддий аҳамияти йўқ, деб ўйлашлари ҳам эҳтимолдан холи эмас. Қуръони Каримни бошқа алифбода ёзиш фикрини олға сураётган кишилар кўпинча шунга ўхшаш сўзларни ўзларига далил қилиб олишлари ҳам сир эмас. Аслида айни шу каби ҳолатлар ва муаммолар саодат замонасида ҳам бўлган. Шунга қарамай, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръонни ҳар ким ўзи билган ҳарфда ёзишини жорий қилмаганлар. У Зотнинг тутган йўллари ва Аллоҳ таолонинг уни қарор топтириши юқоридагига ўхшаш оқловларни тамоман бекорга чиқариши турган гап. Шандай бўлса-да, ўқувчининг қалби таскин топиши учун унга қуйидаги жавобларни ҳам илова қилиш мумкин: 1.Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва у Зотнинг саҳобалари Исломнинг бутун башарият дини эканини, ораларида ўша вақтдаёқ ажамлар ҳам борлигини яхши билган ҳолларида Қуръони Каримни фақатгина араб алифбосида ёзганлар, бирорта оятни ҳам бошқа ҳарфда ёзмаганлар. Ҳолбуки, Исломни ер юзига асосан улар ёйганлар. Барча мусулмонлар Қуръонни улардан араб ҳарфлари асосида ўрганганлар. Зеро, улар Қуръони Каримни араб ҳарфлари воситасида ўрганиш ва имкон қадар тажвидга мувофиқ ўқиш фарзи айн эканини яхши билганлар. Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун бундан ишончли ва қулай восита бўлмаслигини тўғри англаганлар. Бинобарин, ҳар бир мусулмон киши ҳеч бўлмаганда маълум сураларни ана шундоқ ўқий олиши лозим. Қуръони Каримнинг таълимотларини ўзлаштириш учун эса маъноларининг таржимасини ўрганиш билан ҳам мақсад ҳосил бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам уламолар Қуръони Карим маъноларини барча тилларга таржима қилишга рухсат берганлар. 2. Ҳарфларнинг аҳамиятига келсак, маълумки, Қуръони Каримнинг лафзлари махсус кайфиятда, маълум суратда ўқилиши лозим. Қуръон ёзиладиган ҳарф унинг ушбу хусусиятига ҳам жавоб бера олиши керак. Аслида бирор тилни ўша тилнинг муомаладаги ҳарфларидан бошқа ҳарфлар билан тўғри ва тўлиқ ифодалашнинг иложи йўқ, жумладан, араб тилини ҳам. Бордию маълум шартли белгилар билан уни ифодалаш мумкин, деб фараз қилинганда ҳам, ўша истилоҳларни ўрганиш араб ҳарфларини ўрганишдан қийин бўлса бўладики, осон бўлмайди. Қолаверса, бу ишнинг қулайлиги ва фойдаси бўлган тақдирда ҳам, зарари ва хатари ундан кўплиги аниқ. Шариатимизда эса «Ёмонликни қайтариш яхшиликни жалб қилишдан муқаддам туради». Шу боис,Қуръони Каримни Ислом уммати асрлар оша ижмоъ билан сақлаб келаётган хатда ёзиш ҳар томонлама энг тўғри йўлдир. Қуръон таълимини оммавийлаштирмоқчи бўлган кишилар унинг ёзувини ўзгартиришнинг ўрнига Қуръон ҳарфларини ўргатадиган замонавий, қулай қўлланмаларни тузиш, ўқув курслари ташкил қилиш каби воситаларни ишга солишлари лозим. Замонамизнинг жонкуяр олимларидан Франциядаги «Исломий тарбия» уюшмасининг аъзоси доктор Солиҳ Али Авд жаноблари ушбу мавзуни кўтариб, «Қуръони Каримни араб ҳарфларидан бошқа алифбода ёзиш мумкинми?» деган савол билан дунёдаги кўплаб илмий ташкилотлар ва уламолар ҳайъатларига мурожаат қилган. Улардан келган йигирмадан ортиқ нуфузли ташкилот ва ҳайъатларнинг жавобларини тўплаб, қисқартирган ҳолада «Қуръони Каримни лотин ёки бошқа алифбода ёзишнинг ҳаромлиги» деб номланган рисоласида келтирган. Муаллиф улар ҳақида хулоса қилар экан: «Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, уларнинг барчаси бир сўзни – Қуръонни араб алифбосидан бошқа алифбода ёзиш қатъий ҳаром эканини, айтганлар», дейди. Биз қуйида улардан айримларини қисқартирган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Саудия Арабистони Мамлакатидаги йирик уламолар ҳайъатининг қарори «Мажлис аъзолари мавзуни чуқур ўрганиб, бу борада олиб борилган музокара ва муҳоқамалардан сўнг Қуръони Каримни лотин ёки бошқа алифбода ёзиш ҳаром эканига бир овоздан қарор қилдилар». 1399 ҳ. Шаввол.
Миср Араб Республикаси Ал-азҳар унверситети фатво қўмитаси қарори Ал-азҳар университети фатво қўмитаси Қуръонни лотин алифбосида ёзиш ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб беради: «Аллоҳ таолога ҳамду сано, Расулига салоту саломдан сўнг: Шабҳасиз ҳозирги лотин алифбосида бир нечта араб ҳарфларининг муқобили йўқ. Шу боис у араб алибоси ифода этган нарсаларни тўла ифода эта олмайди. Агар Қуръоннинг арабча лафзи, саволдан тушунилганидек, лотин ҳарфларида ёзилгудек бўлса, унинг лафзида халал ва ўзгартириш рўй беради. Бунинг кетидан маънонинг ўзгариши ва бузилиши келиб чиқади. Батаҳқиқ, шариат насслари «Қуръони Карим унда ўзгартириш ва алмаштиришга олиб борадиган ҳар қандай нарсалардан сақланиши лозим» деб ҳукм қилган. Ислом уламоларининг аввалгилари ҳам, кейингилари ҳам Қуръоннинг лафзларини ўзгартиришга ёки маъноларини бузишга олиб борадиган ҳар қандай тасарруф қатъиян ман қилинган ва узил-кесил ҳаром қилинган нарса эканига ижмоъ қилганлар. Зотан саҳобалар – уларга Аллоҳнинг розилиги бўлсин – ва бугунги кунгача ўтган улардан кейинги уламолар Қуръонни араб алифбосида ёзишга қатъий риоя қилганлар». «Ал-азҳар мажалласи», 7- жилд, 45- саҳифа.
Сурия араб Республикаси Олий табақали қорилар ва шайхлар ҳузуридаги Дамашқ Қуръон ўқитиш уюшмаси: Уюшма мавзуни яхши ўрганиб кўриб чиққач, бир овоздан қуйидагича қарор қилди: Албатта, Қуръони азимни лотин алифбосида ёзиш жуда ҳам хатарли иш бўлиб, мутлақо ножоиздир. Чунки араб ҳарфларининг аксари лотин алфбосида йўқдир. Бу – Қуръонни бузиш ва уни нозил қилинган арабча ҳайъатидан ўзгартиришдир. Бу ўринда Исломга кирган ва кираётган араб бўлмаган кишиларни сабаб қилиш уни лотинчада ёзишни оқлай олмайди. Зеро, буларнинг ҳолатлари улардан олидинги араб бўлмаган мусулмон халқларнинг ҳолатларининг айни ўзидир. Улар ҳеч қачон Қуръонни ўз алифболарида ёзишни ўйламаганлар, ҳолбуки, бугунги кунда дунёдаги мусулмонларнинг кўпчилигини туркийлар, форслар, Ҳиндистон, Покистон, Индонезия, Африка ва бошқа мусулмон диёрлардаги араб бўлмаган халқлар ташкил қилади. Уларнинг барчалари Ислом динида бўлишлари билан бирга, шу вақтгача Қуръонни араб ҳарфларидан бошқа ҳарфда ёзмаганлар. Агар уларнинг ҳар бири Қуръонни ўз тилида ёзиб, ўзларининг юртлари ва шаҳарларида тарқатганларида, Қуръон ёзувлари хилма-хил бўлар ва озгина вақт ўтиб, ҳиндча Қуръон, туркча Қуръон ва бошқа Қуръонлар вужудга келган бўларди. Кейин уларда нима бўлса бўларди. Ҳолбуки, биз бугунги кунда ажамларнинг ичида Қуръонни тартилу тажвид билан Қуръон ўз тилида нозил бўлган арабларнинг кўпидан яхшироқ ўқиётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Дамашқдаги Шом қорилари шайхи жаноб Ҳусний Хаттоб айтади: Ҳеч ким Мусҳафи шарифни унинг аввалги расмига мурожаат қилиб, унинг изидан бормай ёзишга ёки нашр қилишга қўл урмаслиги лозим. Бу салафи солиҳларга эргашиш, Ислом уламоларининг эътимод қилинадиган жумҳурининг тутган йўлларига кўра амал қилиш ва турли мутавотир қироатларни ўз ичига олган қадимги расмни муҳофаза қилиш ўлароқдир. Батаҳқиқ, уни салафлар пухта, мустаҳкам бажарганлар. Бинобарин, ундан бирор нарсан жоҳилларнинг нодонлигини деб ё дин душманларининг орқасидан эргашиб, ёки арзимаган дунё матосини умид қилиб тарк қилинмайди. Зеро, Аллоҳнинг наздида дунё пашшанинг қанотича ҳам эмас. Қуръон эса Аллоҳнинг Каломидир. Унга ҳеч нарса баробар келмайди. Олдингию кейингиларнинг сўзларидан иборат бўлган ушбу қисқача далилий матнларда Қуръони Каримнинг расмига эргашиш ва унинг ёзувини ҳам, қироатини ҳам, тажвидини ҳам, тартилини ҳам сақлаш вожиб эканининг баёни бордир. Аммо бундан бошқаси Аллоҳнинг Китобини ўйин қилиш, уни зое қилиш, мусулмонларни бўлишдир. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Ўз Китобини уларнинг сўзларини бир қилиш, ораларини бирлаштириш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ахлоқларини поклаш учун нозил қилгандир. Аллоҳ таоло айтади:«Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» (Ҳижр 09- оят). Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
Қатар унверситети шариат ва исломий илмлар куллияси: «Аллоҳ таолонинг ҳикмати ила Қуръони Карим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил қилингандан буён араб тилини ифодаловчи араб ҳарфлари воситасида ёзилиб келмоқда. У Қуръон ва Китобдир. Яъни араб тилида ўқилишига кўра Қуръон, араб тилига хос бўлган товушларни ифодаловчи ҳарфлар билан ёзилиши эътиборидан Китобдир. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг замоналари ва ҳидоятдаги рошид халифаларнинг даврларидан буён Ислом уммати ушбу ёзувга ижмоъ қилганлар. Биз эса уларнинг суннатларига эргашишга ва уларни озиқ тишлар билан тишлашликка амр қилинганмиз. Ислом уммати ижмоъининг тутган йўли Қуръон матнини усмоний расмда ёзишга маҳкам туриб, унинг суратида араб ҳарфларида қолган ҳолида бирор ўзгариш бўлишига ҳам йўл қўйслик бўлгач, қандоқ қилиб биз уни лотин алифбоси каби бошқа алифбода ёзишга рухсат беришимиз мумкин бўлади?!» Шайх Юсуф Қарзовий.
Ҳиндистон, Деҳли, Ҳиндистон уламолар жамияти: «Албатта, салафи солиҳларнинг олимлари Қуръони Карим матнини араб ҳарфларидан бошқа ҳарфларда ёзишга ижозат бермаганлар. Умматнинг йўли мана шудир. Маълумки, ҳозирги даврда Ислом уммати душманлари тарафидан кўплаб фитна ва хатарларга рўпара бўлмоқдалар. Бу фитна ҳам уюштирилаётган фитна занжирларининг бир бўлагидир». Ҳиндистон уламолар жамиятининг раиси Асъад Маданий. Булардан ташқари, Лондондаги Ислом Маркази, Қувайт уламолар ҳайъати, Туркия Дин Ишлари Қўмитаси ва бошқа нуфузли ташкилот ва идоралардан ҳам айнан шу маънода жавоблар келган.
Хулоса: Агар эътибор берилган бўлса, ушбу мақолада Қуръонни бошқа алифбода ёзиш мумкин эмаслигига ўттизга яқин нақлий ва ақлий далилар билан бирга яна шунча ададда аввалги ва кейинги уламоларнинг фатволари жамланган. Лекин бу ушбу мавзудаги барча далиллар дегани эмас, балки улар биз қидириб топган ва танлаганларимиз, холос. Аслида улардан бир ё иккитаси ҳам далил маъносида кифоя қилса-да, уларнинг ҳар бири фикрни таъкидлаши ва қувватлаш билан бирга, бу борадаги илмимизнинг чуқурлашишига ва тушунчаларимизнинг кенгайишига хизмат қилишини эътиборга олиб, далилларни кўпроқ келтирдик. Уларнинг хулосаси сифатида қуйидагиларни айтиш мумкин: Мусҳафни араб ҳарфларида ёзганда Қуръонга нолойиқ хатда ёки расмга эргашмай ёзиш жоиз эмас, ҳаром, бидъат ҳисобланади. Қуръони Каримнинг ҳаммаси ёки бир қисмини, ҳатто бир оятини араб алифбосидан бошқа алифбода ёзилса, у Қуръон ҳисобланмайди. Бунда уни қанчалар бехато ва яхши ниятда ёзмасин, барибир, динда бидъат қилган, ҳаром иш қилган бўлади. Агар бундан Қуръонга бирор зиён келтиришни қасд қилган ёки унга рози бўлган бўлса, Аллоҳ асрасин, иймондан ажраб қолади. Уламоларимиз айтадиларки, Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримни қиёматгача сақлашни ваъда бериши мусулмонлардан уни муҳофаза этиш масъулиятини кўтармайди, балки бу Аллоҳнинг иродаси кетган иш бўлиб, унга қарши юрмаслик, қўлидан келганича мана шу йўлда хизмат қилиш лозимлигини англатади. Маълумки, Аллоҳ таоло Ислом динини Ўзининг охирги дини ўлароқ қиёматгача сақлашни ваъда қилган, чунки энди дин келмайди. Аммо бу сўз мусулмонлар ўз динларини нима қилсалар қилаверсинлар, дегани эмас. Исломнинг барқарорлиги учун эса Қуръони Каримни муҳофаза қилиш лозим. Шу боис Ислом шариати мусулмонларга Қуръонни муҳофаза қилишни вожиб қилган. Бу йўлда ҳар бир мусулмон қўлидан келган ҳаракатни қилиши фарз ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оятларнинг бирортасини ҳам қўймай нозил бўлиши билан мирзаларга ёздириб қўйганлар ва уни саҳобаларга ҳарфма-ҳарф таълим бериб ёдлатиб борганлар. Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Қуръонни аввалига бир муқовага жамлаб, кейин ундан нусха кўчириб, марказий шаҳарларга юбориб, бутун Ислом оламида Қуръонни мана шу мусҳафлар асосида ўқиш ва ёзишни жорий қилганлар. Айнан шу сабабдан барча аввалгию кейинги уламолар Қуръонни маълум расмга хилоф суратда ёзиш жоиз эмаслигига ижмоъ қилганлар ва Қуръонга ўзича бирор ҳарф қўшиш ёки ундан камайтириш кишини куфрга олиб боради, деб фатво берганлар. Айнан шунинг учун ҳам охирги ўн йилликларда қорилар орасида Қуръондаги битта ҳарфнинг талаффузида салгина хато тарқалган эди, қироат илми уламолари бу ҳақида махсус фатволар чиқариб, бутун Ислом оламига жар солдилар. Шу боис ҳозирги кунда барча жойларда Қуръони Каримни махсус мутахассис уламолар ҳайъатининг рухсати билан чоп қилиш йўлга қўйилган. Шу ўринда табиий бир савол туғилади: Буюк аждодларнинг меросхўрлари сифатида биз бугунги куннинг мусулмонлари Муқаддас динимизни ва унинг асоси бўлган энг катта маънавий бойлигимиз Қуръони Каримни ҳар қандай ўзгаришлардан, турли хил ғаразлардан мусаффо сақланиши учун нималар қилишимиз керак? 1. Қуръон Каримни Мусҳаф расмига номувофиқ ёки бошқа алифбода ёзилган насхаларни одамлар орасида тарқалишининг олдини олиш. Бундай нашрларга чек қўйиш. 2. Ҳар қандай диний маълумотларни Диний Қўмита ва мўътабар уламоларнинг рухсати билан чоп этиш, Қуръони Каримнинг матни ва тафсирини соҳа мутахассисларининг махсус рухсатларисиз чоп этмаслик. 3. Қуръони Каримни ҳар ким ўзича ўқиб кетаверишига йўл қўймаслик, уларнинг рухсатли мадраса ва масжидлардаги мутахассислардан таълим олишларини таъминлаш. 4. Қуръон ёдлатиш курслари очиш, уларда дарс беришга мутахассис қориларни жалб қилиш. 5. Лаёқатсиз ва омонатсиз кишиларни Қуръон таълимига араштирмаслик. 6. Қуръони Каримни араб алифбоси ва Мусҳаф расми асосида ўқишни ўргатадиган замонавий, қулай қўлланмалар ва электирон дастурлар яратиш. 7. Ҳар бир ота-она фарзандини аждодларимизга мос, баркамол авлод бўлиб тарбия топиши учун уларга қўлидан келганича таълим-тарбия бериши.
Ҳасанхон Яҳё Абдумажид |