Қуръони карим одоблари | ||||
|
Қуйида Қуръони Rарим одобларини қисқа суратда баён қиламиз:
– Қуръон ўқувчи қори холис ният қилиши, Қуръон одобларига тўлиқ амал қилиши лозим. У тиловат пайтида ўзини Аллоҳ таолога муножот қилаётгандек тутиши, Аллоҳни кўриб тургандек ҳолатда бўлиши керак. Гарчи у кўрмаса ҳам? Аллоҳ таоло бандани кўриб туради;
– қироатдан олдин оғиз мисвок ёки бошқа воситалар билан тозаланади. Мисвокнинг энг афзали арок дарахтидан олинганидир. Аммо тишларни тозалашда бошқа воситаларни ҳам ишлатса бўлади.
Агар оғизда қон ёки бошқа нарсалар бўлса, уни ювиб ташламай Қуръон тиловат қилиш макруҳ саналади;
– Қуръон таҳоратли ҳолда ўқилади. Агар сув топилмаса, таяммум қилинади. Жунуб ва ҳайз кўраётган аёл бир оят ёки ундан кам миқдорда бўлса ҳам? ўқиши ҳаром. Аммо ҳарфларни талаффуз қилмасдан, қалбдан ўтказса бўлади. Шунингдек, бундай ҳолда Мусҳафга назар солиш ҳам жоиз.
Жунуб ва ҳайз кўрган аёл тасбеҳ, таҳлил, таҳмид, такбир айтиши ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га салавот йўллаши мумкин. Бу тоифадагилар мусибат етганда Қуръон оятини ният қилмаган ҳолда «Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун», дейиш жоизлигига уламолар иттифоқ қилишган. Шунингдек, улар уловга минишда «Субҳааналлазий саххоро ланаа ҳаазаа ва маа куннаа лаҳув муқринийн», деб айтишлари ва фақат дуо нияти билан «Роббанаа аатинаа фид-дунйаа ҳасанатав-ва фил-аахироти ҳасанатав-ва қинаа азаабан-наар», дейишлари ҳам жоиз;
– қироат қилинадиган жой пок ва озода бўлиши лозим. Шунинг учун кўп уламолар, масжидда Қуръон ўқиш мустаҳаб, деганлар. Чунки масжид доимо озода бўлади. Бунда масжиднинг ҳурмати ва шарафи ҳам эътиборга олинади;
– Қуръон ўқувчи қироатни бошлашдан аввал,
أَعُوذُ بِاللهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ
Яъни «Аъузу биллааҳи минаш-шайтонир рожийм», дейди. Бу фикр жумҳур уламоларнинг сўзларидир.
Баъзи уламолар таъаввузни қироатдан кейин айтади, дейишади. Улар бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини далил қилиб келтирадилар. Аллоҳ таоло айтади:
«Қачон Қуръон ўқисанг, малъун шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрагин!»(Наҳл, 98).
Лекин кўпчилик уламолар фикрича, таъаввуз қироатдан олдин айтилади.
Кўпчилик салаф уламолар тааввузни «Аъузу биллааҳис-самийъил ъалийми минаш-шайтонир рожийм» тарзида айтишарди. Ушбу сийға (шакл) ҳам мақбул, лекин энг афзали биринчиси (яъни «Аъузу биллааҳи минаш-шайтонир рожийм»)дир.
Хоҳ намозда ёки бошқа ҳолатда бўлсин қироат аввалида таъаввузни айтиш мустаҳаб, вожиб эмас. Шунингдек, Тавба сурасидан бошқа ҳамма суралар аввалида
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
Яъни «Бисмиллааҳир-роҳмаанир-роҳийм»ни айтиш лозим. Агар басмалани тарк қилса, кўпчилик уламоларнинг фикрича, Қуръоннинг одобини бузган ҳисобланади;
– агар қори адашиб кетмаса, Қуръонни йўлда ёки сафарга кетаётганида қироат қилиши жоиз. Агар қироатда хаёли чалғиса ёки янглишса, у ҳолда йўлда тиловат қилиш макруҳ. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мудроқ ҳолдаги кишини қироат қилишдан қайтарганлар, чунки бунда одам адашиб, нотўғри қироат қилиб қўйиши мумкин.
وَعَنْ حُمَيْدٍ الأَعْرَجِ عَنْ مُجَاهِدٍ قَالَ: إِذَا تَثَاوَبْتَ وَأَنْتَ تَقْرَأُ فَأَمْسِكْ عَنْ الْقِرَاءَةِ حَتَّى يَذْهَبَ عَنْكَ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ.
Ҳумайд Аърож Мужоҳиддан ривоят қилади: «Ўқиётганингда эснасанг, эснаш тўхтагунича қироат қилмай тур» (Байҳақий «Шуабул-иймон»да ривоят қилган).
Демак, эснаётганда Қуръон ўқиш мумкин эмас. Бунда тиловатни тўхтатиб туриб, оғизни ўнг қўл билан ёпиш керак. Бу ҳам одобдандир;
– Намоздан ташқари ҳолатда ҳам қиблага юзланиб тиловат қилиш мустаҳаб.
– Қуръон ўқувчи қори сокин ва виқор билан, бошини қуйи солиб, ўзини худди устози олдида ўтиргандек тутиши лозим. Тик туриб ёки тўшагида ётган ҳолда ҳам қироат қилса бўлади, лекин ўтириб қироат қилиш афзал.
Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта, осмонлар ва Ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб тургувчи Зот мавжуд эканига) оят-аломатлар бордир. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни зикр қиладилар ҳамда осмонлар ва Ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): «Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилишдан) поксан! Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагин!»(Оли-Имрон, 190-191).
Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Қуръонни намозда ҳам, ётоғимда ҳам ўқийман».
Қуръонни хатм қилиб бўлгач, дуо қилиш ҳам Қуръони Карим одобларидан саналади.
Зиёвуддин Раҳим
|