Қуръонни такрорлаш | ||||
|
Банда Қуръонни ёдлагандан сўнг унга масъулият билан қараши, уни унутиб юборишдан эҳтиёт бўлиши лозим.
Тоҳа сурасининг 124-126-оятларида Аллоҳ таоло шундай дейди:
«Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта, унинг учун танг-бахтсиз ҳаёт бўлади ва Биз уни қиёмат куни кўр ҳолида тирилтирамиз. У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг. Ахир мен кўрар эдим-ку?!» дейди. (Аллоҳ): «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўжизаларимиз келганида уларни унутдинг.Бугун сен ҳам ана шундай унутиласан», деб айтади».
Гарчи ушбу икки оят Аллоҳнинг зикридан юз ўгириб, Уни инкор қилган кофир қавмлар ҳақида нозил бўлган бўлса-да, унда Қуръонни унутувчилар учун ҳам ваиъд бор.Шу сабаб,Қуръонни ўргангач, уни эсдан чиқариб юбормасликка ҳаракат қилиш лозим.
Ҳадиси шарифларда бу ҳақида етарлича тавсия ва буйруқлар келган.
عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: تَعَاهَدُوا الْقُرْآنَ فَوَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَهُوَ أَشَدُّ تَفَصِّيًا مِنْ الإِبِلِ فِي عُقُلِهَا. رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ وَمُسْلِمٌ.
Абу Мусо Ашъарий розийаллоҳу анҳу Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Қуръонни такрорлаб туринглар! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, у арқонига боғлаб қўйилган туядан ҳам кўра қочувчироқдир» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ушбу ҳадисда Қуръонни ёдлагандан сўнг уни доим такрорлаб туришга амр қилинмоқда.
Бу ерда ҳомилул Қуръон туя эгасига, Қуръон туяга ва такрорлаш арқонга ўхшатилмоқда. Ҳадисда Қуръоннинг унутилиши туяга ўхшатилаётгани бежиз эмас. Сабаби туя энг тез қочувчи ҳайвон саналади. Туя қочиб кетганидан кейин уни тутиб олиш жуда қийин.
Туя арқонга боғлаб қўйилгач, ундан тез-тез хабар олиб турилмаса, арқонини узиб, қочиб кетиши мумкин. Худди шу сингари Қуръонни ёдлагандан кейин уни такрорлаб турилмаса, Қуръон секин-аста хотирадан кўтарилади.
وَعَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّمَا مَثَلُ صَاحِبِ الْقُرْآنِ كَمَثَلِ صَاحِبِ الإِبِلِ الْمُعَقَّلَةِ إِنْ عَاهَدَ عَلَيْهَا أَمْسَكَهَا وَإِنْ أَطْلَقَهَا ذَهَبَتْ. رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ وَمُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ وَمَالِكٌ وَأَحْمَدُ وَزَادَ مُسْلِمٌ فِي رِوَايَةٍ: وَإِذَا قَامَ صَاحِبُ الْقُرْآنِ فَقَرَأَهُ بِاللَّيْلِ وَالنَّهَارِ ذَكَرَهُ وَإِذَا لَمْ يَقُمْ بِهِ نَسِيَهُ.
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: «Қуръон соҳиби худди боғлаб қўйилган туянинг эгасига ўхшайди. Агар уни маҳкам тутса, ушлаб қолади. Агар уни бўш қўйса, қочиб кетади» (Бухорий, Муслим, Насоий, Молик, Аҳмад ривояти. Муслим ўз ривоятида: «Агар Қуръон соҳиби туну кун уни ўқиса, эслаб қолади. Агар ўқимаса, унутиб юборади»ни зиёда қилган).
Қуръонни ёдда сақлаш учун уни тез-тез такрорлаш лозим. Зеро 1000 марта қайтариб яхши ёдлаб олгандан сўнг ҳам такрор қилмасдан юрилса, Қуръон эсдан чиқади. Агар 80-100 марта қайтариб, ёдлагандан кейин Қуръонни такрорлаб юрилса, ёд олинган оятлар янада мустаҳкам бўлиб бораверади. Демак, Қуръонни муттасил қайтариб туриш лозим, уни унутиб юборишдан эҳтиёт бўлиш керак.
Қуръонни такрорлашнинг кўп фойдалари бор. Жумладан:
1) Қуръон ўқигани учун савобга эришади;
2) Қуръонни унутиб юбормайди;
3) талаффуз қилиш қийин бўлган сўз ва жумлаларни яхши ўқий олади;
4) Қуръон маъноларини фаҳмлайди. Аввал тушунилмаган оятлар маъноси англашилади ва ҳоказо.
وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سَمِعَ رَجُلاً يَقْرَأُ مِنْ اللَّيْلِ فَقَالَ: يَرْحَمُهُ اللهُ لَقَدْ أَذْكَرَنِي كَذَا وَكَذَا آيَةً كُنْتُ أَسْقَطْتُهَا مِنْ سُورَةِ كَذَا وَكَذَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَيْهَقِيُّ.
Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Набий ( соллаллоҳу алайҳи васаллам) кечаси Қуръон ўқиётган кишини эшитиб, «Аллоҳ унга раҳм қилсин! У менга унутдирилган фалон-фалон суралардаги фалон-фалон оятни эслатди», дедилар. (Бухорий, Муслим, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривояти).
Бир одам кечаси масжидда Қуръон тиловат қилаётган эди. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг қироатини эшитиб, «Аллоҳ унга раҳм қилсин! Менга унтдирилган фалон-фалон суралардаги фалон-фалон оятларни эслатди», дедилар.
Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръондан бирон оятни унутишлари мумкин эмас. Бу ерда оятларнинг қайси сурада жойлашиши назарда тутилмоқда. Зеро Қуръон Фотиҳадан Носгача оятма-оят тартиб билан тушмаган, балки бир суранинг оятидан кейин бошқа суранинг ояти тушган. Уни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) котибларга айтиб, ёздириб қўйганлар. Шу сабаб айтиш мумкинки, ривоятдаги унутиш оятларнинг қайси сурада жойлашиши бўлса керак. Яна Аллоҳ билгувчироқ!
وَعَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: بِئْسَمَا لأَحَدِهِمْ يَقُولُ: نَسِيتُ آيَةَ كَيْتَ وَكَيْتَ بَلْ هُوَ نُسِّيَ اسْتَذْكِرُوا الْقُرْآنَ فَلَهُوَ أَشَدُّ تَفَصِّيًا مِنْ صُدُورِ الرِّجَالِ مِنْ النَّعَمِ بِعُقُلِهَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَالدَّارِمِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Сизлардан бирон киши: «Фалон-фалон оятларни унутдим», дейиши қандай ёмон?! Лекин (аслида) унга унуттирилган бўлади. Қуръонни эслаб туринглар! У кишилар қалбидан қозиғига боғланган туядан ҳам тез қочувчидир» (Муслим, Термизий, Насоий, Доримий, Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ва Табароний ривояти).
Банда Қуръонни ёдлагач, уни унутиб юбориши яхши эмас. Агар шундай бўлганда ҳам, фалон оятларни унутдим, эмас, балки менга унуттирилди, деб айтиш лозим. Зеро, Қуръонни унутдим, дейиш ғофиллик аломати бўлиб, бу нарса кейинчалик, дин, иймон масалалаларига ҳам бефарқлик билан қарашга олиб боради. Шу сабаб уламолар Қуръонни унутдим, дейиш танзиҳан макруҳ, деб айтишган.
«Қуръонни унутдим», деб айтишдан қайтарилишига сабаб қуйидагилардир:
1) бу билан банда Қуръонни тарк қилган бўлади. Бу эса оғир гуноҳдир;
2) «Қуръонни унутдим», деган банда ўзига қарши гувоҳлик берган бўлади;
3) амалларни яратувчиси Аллоҳ. Банданинг ёдлаши ва унутишини ҳам Аллоҳ яратади.
وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: بِئْسَ مَا لأَحَدِهِمْ يَقُولُ: نَسِيتُ آيَةَ كَيْتَ وَكَيْتَ بَلْ هُوَ نُسِّيَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирон киши: «Фалон-фалон оятларни унутдим», дейиши қандай ёмон?! Лекин (аслида) унга унуттирилган бўлади», дедилар»(Бухорий, Муслим, Аҳмад ва Табароний ривояти).
Унутиш тарк қилиш демакдир. Қуръонни тарк қилиш мўмин бандага нолойиқ сифат. Шу сабаб ожизлик ёки ҳафсаласизлик қилиб, баъзи сура ёки оятларни унутганлар «Қуръонни унутдим», дейишдан эҳтиёт бўлишлари керак[1].
«Унутиш» сўзи Аллоҳ, банда ва шайтонга нисбатан ишлатилади. Банда эътиборсизлиги учун унутади. Шайтон васваса қилиб банда хотирасидаги нарсаларни унуттиради. Аммо бу ишларнинг Холиқи, бандалар амалларини Яратувчиси Аллоҳдир. Шу сабаб бу иш У Зотга нисбат берилади. Аммо айб бандада. Амални яратувчиси Аллоҳ. Ўша амалнинг қилинишига банданинг ўзи сабабчи бўлди.
Қуйидаги ривоятда Қуръонни унутиш қанчалик катта гуноҳ экани айтилади.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: عُرِضَتْ عَلَىَّ أُجُورُ أُمَّتِى حَتَّى الْقَذَاةُ يُخْرِجُهَا الرَّجُلُ مِنَ الْمَسْجِدِ وَعُرِضَتْ عَلَىَّ ذُنُوبُ أُمَّتِى فَلَمْ أَرَ ذَنْبًا أَعْظَمَ مِنْ سُورَةٍ مِنَ الْقُرْآنِ أَوْ آيَةٍ أُوتِيَهَا رَجُلٌ ثُمَّ نَسِيَهَا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِىُّ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَأَبُو يَعْلَى وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Менга умматимнинг ажр-мукофотлари, ҳаттоки, бир кишининг масжиддан олиб чиқиб ташлаган кичкина хас-чўпи (учун олган савоби)гача кўрсатилди. (Шунингдек,) менга умматимнинг гуноҳлари ҳам кўрсатилди. Улар орасида бир кишига Қуръондан бир сура ёки оят берилиб, сўнгра уни унутиб юборганичалик катта гуноҳни кўрмадим» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Хузайма, Байҳақий, Табароний ва Абу Яъло ривояти. Ривоят санади заиф[2]).
Уламолар ривоятдаги «катта гуноҳ» ҳақида турли фикрларни айтишган:
1) Қуръонни унутиш кабилар қаторида саналмаган;
2) «Аъзам» ва «акбар» сўзлари бир-бирига яқин маънода қўлланилади;
3) Қуръонни унутиш билан банда иқобга тортилмайди;
4) бу ерда атайлаб тарк қилиш ҳақида сўз бормоқда;
5) бу иш сағийра гуноҳларнинг энг каттасидир.
Нима бўлганда ҳам Қуръонни унутиш яхши эмас. Қуръон Исломнинг асосидир. Дин асоси бўлган Китобни унутиш динга эътиборсизликка олиб боради. Қуръонни ёдлашга ҳаракат қилиш эса бандани тартиб-интизомли бўлишга ундайди.
وَعَنْ سَعْدِ بْنِ عُبَادَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهَ وَسَلَّمَ: مَا مِنِ امْرِئٍ يَقْرَأُ الْقُرْآنَ ثُمَّ يَنْسَاهُ إِلاَّ لَقِىَ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَجْذَمَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالدَّارِمِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَعَبْدُ الرَّزَّاقِ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.
Саъд ибн Убода (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Қайси бир киши Қуръонни ўқиб (ўрганиб), сўнг уни унутиб юборса, қиёмат куни Аллоҳ азза ва жаллага қўли кесилган ҳолида йўлиқади» (Абу Довуд, Доримий, Аҳмад, Байҳақий, Табароний ва Абдураззоқ ривояти. Ҳадис санади заиф[3]).
Ривоятдаги «қўли кесилган ҳолда йўлиқади» жумласини уламолар турлича изоҳлашган:
1) Қиёмат куни Аллоҳ билан юзлашганида унинг қўли яхшиликлардан холи бўлади;
2) Қиёмат куни унинг фойдасига ишловчи ҳужжат бўлмайди;
3) Охиратда Қуръонни унутгани учун жўяли бирон сабаб келтиролмайди.
Манба: www.muxlis.uz
[1] Дуоларнинг бирида: «Аллоҳумма, заккирнаа минҳу маа нуссийнаа», дейилган. Баъзилар буни «насийнаа», деб ўқийдилар. Бу нотўғри. «Нуссийнаа» сўзи «бизга унутдирилган», «насийнаа» эса «биз унутган» маъносини англатади.
[2] Мунзирий: «Ривоят санадида Абдулмажид ибн Абдулъазиз ибн Абу Раввод ал-Аздий бор. Яҳё ибн Маийн уни ишончли деган. Бир неча кишилар у ҳақида нималардир дейишган», деб айтган.
[3] Ҳусайн Сулайм Асад: «Ушбу ҳадис санадида учта иллат бор: Исо ибн Фоиднинг нотанишлиги, яна бир киши ҳолининг ноаниқлиги ва Язид ибн Абу Зиёд Ҳошимийнинг заифлиги», деб айтган.
|