Ваҳий ва унинг ҳақиқати | ||||
|
Normal 0 false false false MicrosoftInternetExplorer4
ВАҲИЙ ВА УНИНГ ҲАҚИҚАТИ Қуръони Карим икки олам сарвари Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ваҳий орқали нозил қилингандир. Шунинг учун Қуръон илмларига киришишдан аввал «ваҳий» тўғрисида келган маълумотларни билиб олишимиз лозим. Ваҳийнинг зарурати: Аллоҳ таоло ер юзига инсониятни имтиҳон қилиш учун юборди ва унинг зиммасига бир неча амалларни юклаб, бутун коинотни унинг хизматига бириктириб қўйди. Шунинг учун инсон бу дунёга келганидан кейин икки ишга дуч келади. Биринчиси, коинотнинг тўрт томонига тарқалган барча нарсадан тўғри фойдаланиш, иккинчиси, коинотдаги неъматлардан фойдаланаётганда Аллоҳ таолонинг ҳукмларига бўйсуниб, Унинг розилигига хилоф бўлган ишлардан тийилиш. Ушбу икки иш учун инсониятга илм зарурдир. Чунки коинотнинг ҳақиқати нима? Ундаги нарсалар қандай хусусиятга эга? Улардан қандай қилиб фойда олиш мумкинлигини билмай туриб дунёдаги мавжуд нарсаларни инсон ўзининг фойдасига ишлата олмайди. Яна Аллоҳ таолонинг розилиги нима? ва Унга қандай ишлар мақбул бўлишини билмай туриб, Аллоҳ таолонинг розилигига мувофиқ келадиган иш қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло инсонлар билан бир қаторда юқоридаги нарсаларни билишга восита бўладиган учта нарсани яратди. Улардан бири инсоннинг сезги аъзолари, яъни кўз, қулоқ, бурун, оғиз ва тери кабилар. Иккинчиси ақл, учинчиси ваҳий. Инсониятга кўплаб нарсалар сезги аъзолари ва ақл воситасида маълум бўлади. Бу иккиси орқали маълум бўлмаган нарсаларнинг илмлари ваҳий орқали ато қилингандир. Ушбу уч воситанинг махсус ишлаш чегараси ва доираси бўлиб, ундан ташқарида улар иш бермайди. Масалан, инсониятга қайси нарсалар сезги аъзолари воситасида маълум бўлса, уларни ақл воситасида билиб бўлмайди. Масалан, олдингизга кимдир келиб ўтирса, уни инсон эканлигини, рангини, пешонасининг кенглигини, сочининг қоралигини, лабининг ингичкалигини ва юзини нурга тўлалигини кўзингиз ёрдамида билиб оласиз. Агар буларни сезги аъзолар воситасиз соф ақл ёрдамида билмоқчи бўлинса, масалан, кўзни боғлаб олиб, бир кишининг рангини ақл ёрдамида билмоқчи бўлинса, у кишининг ранги у ёқда турсин, аъзоларининг ва бош-оёқларининг тузилишини ҳам ақл ёрдамида билиб бўлмайди. Шунингдек, қайси нарсаларнинг илми ақл ёрдамида маълум бўлса, уни сезги аъзолари воситасида билиб бўлмайди. Масалан, бир шахс тўғрисида у онадан туғилган, кимдир уни бор қилган. Агар бор қилувчиси бўлмаса, менинг рўпарамда турмаган бўлар эди, дейсиз. Ақл шу ўринда: «У киши ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган», деб айтади. Агар шу ўринда ақл ўрнига кўз ишлатилса, ўша илмни ҳосил қилиб бўлмайди. Чунки у кишининг яратилиши ва пайдо қилиниши кўзимиз олдида бўлмаган. Хуллас, қайси ўринда сезги аъзолари иш берса, ақл у ерда йўлбошчи бўла олмайди ва қаерда сезги аъзолари иш бермай қолса, ўша жойдан ақлнинг иши бошланади. Лекин ақлнинг йўлбошчилиги чексиз эмас. Балки у ҳам маълум бир жойга борганда иш бермай қолади. Кўплаб нарсаларнинг илми сезги аъзолари воситасида ҳам, ақл воситасида ҳам маълум бўлмайди. Масалан, бир киши хусусида ақл: «Кимдир пайдо қилган», дейди. Лекин у кишини нима учун пайдо қилингани, унинг зиммасида Аллоҳ таолонинг қандай фарзлари борлиги, унинг қандай ишлари Аллоҳ таолога маҳбуб ва қандай ишлари Аллоҳ таолога маҳбуб эмаслиги ҳақида ақл ҳам, сезги аъзолари ҳам жавоб бера олмайди. Ушбу саволларга жавоб бериш учун Аллоҳ таоло инсониятга учинчи илм воситасини, яъни ваҳийни тайин қилди. Сезги аъзолари ва ақл жавоб бера олмаган инсониятни яратилишига доир саволларга «ваҳий» жавоб беради. Шунинг учун ваҳий илм воситаларининг энг аълоси ҳисобланади. Сезги аъзолари билан ақлнинг ўзи инсониятга йўлбошчи бўлишга кифоя қилмайди. Балки илоҳий ваҳий инсониятнинг ҳидояти учун зарурийдир. Чунки ақл иш бермайдиган ўринларда ваҳийга эҳтиёж сезилади. Шу боис ҳам ваҳий орқали билинган нарсани ақл идрок қилиши зарур эмас, яъни ваҳий орқали айтилган нарса ақлга сиғса ҳам, сиғмаса ҳам, тасдиқ қилиниб, бажарилади. Масалан, бир нарсанинг ранги ақл воситасида эмас, сезги аъзолари орқали билингани каби диний илмларнинг аксарияти ҳам ваҳий орқали билинади. Уларни идрок қилишни ақлнинг ўзига ташлаб қўйиш дуруст эмас[1]. Ваҳий тушунчаси: Ваҳий «وَحيٌ» сўзи арабча сўз бўлиб, луғатда «тезлик билан бирор ишора қилиш» деган маънони англатади. Ишора рамзий, киноя, маъносиз овоз, аъзони қимирлатиш, ёзма ёки нақш тазрида бўлиши мумкин. Ҳар қандай ишорага луғатда «ваҳий» сўзи тўғри келаверади[2]. Закариё (алайҳиссалом)нинг Қуръонда келган воқеаси баёнида «ваҳий» сўзи «тезкор ишора маъноси»да ишлатилган: فَخَرَجَ عَلَى قَوْمِهِ مِنَ الْمِحْرَابِ فَأَوْحَى إِلَيْهِمْ أَنْ سَبِّحُوا بُكْرَةً وَعَشِيًّا «Бас, у ўз қавми ҳузурига меҳробдан чиқди ва уларга, эртаю кеч тасбиҳ айтинглар, деб ишора қилди» (Марям. 11 оят). Бундай ишорадан мақсад мухотабнинг дилига бирор гап ташлашдир. Шунинг учун «وحي» ,«ايحاء» сўзлари қалбга бирор гап солиш маъносида ишлатилади. Қуръони Каримнинг бир неча оятларида ваҳий сўзи айни шу маънода ишлатилган. Масалан: وَأَوْحَى رَبُّكَ إِلَى النَّحْلِ أَنِ اتَّخِذِي مِنَ الْجِبَالِ بُيُوتًا وَمِنَ الشَّجَرِ وَمِمَّا يَعْرِشُونَ «Роббинг асаларига: «Тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган сўритоклардан уй тутгин», деб ваҳий қилди» (Наҳл 68 оят). وَكَذَلِكَ جَعَلْنَا لِكُلِّ نَبِيٍّ عَدُوًّا شَيَاطِينَ الْإِنْسِ وَالْجِنِّ يُوحِي بَعْضُهُمْ إِلَى بَعْضٍ زُخْرُفَ الْقَوْلِ غُرُورًا وَلَوْ شَاءَ رَبُّكَ مَا فَعَلُوهُ فَذَرْهُمْ وَمَا يَفْتَرُونَ «Шунингдек, ҳар бир Пайғамбарга инсу жин шайтонларини душман қилиб қўйдик. Уларнинг баъзилари баъзиларини ғурурга кетказишлари учун латиф каломларни танларлар. Агар Роббинг хоҳласа, бундай қилмас эдилар. Бас, уларни ўзлари тўқиган нарсалари ила ёлғиз қўй!» (Анъом. 112-оят). وَإِنَّ الشَّيَاطِينَ لَيُوحُونَ إِلَى أَوْلِيَائِهِمْ لِيُجَادِلُوكُمْ «Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қиларлар» (Анъом. 121-оят). إِذْ يُوحِي رَبُّكَ إِلَى الْمَلَائِكَةِ أَنِّي مَعَكُمْ «Ўшанда Роббингиз фаришталарга: «Мен, албатта, сиз биланман...», деб ваҳий қилган эди» (Анфол. 12- оят). وَأَوْحَيْنَا إِلَى أُمِّ مُوسَى أَنْ أَرْضِعِيهِ «Ва Мусонинг онасига: «Уни эмизавер...», деб ваҳий қилдик» (Қасос. 7-оят). Юқоридаги ояти карималарда келтирилган «ваҳий» сўзи луғавий маънода ишлатилган. Ваҳий сўзининг истилоҳий таърифи эса қуйидагичадир: كلام الله المنزل على نبي من أنبيائه. «Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан бирига нозил қилинган Аллоҳ таолонинг каломидир»[3]. Шу ўринда бир нарсани ёдда тутиш керакки, «ваҳий» лафзининнг истилоҳий маъноси машҳур бўлиб кетган. Ҳаттоки, уни пайғамбар (алайҳиссалом)лардан бошқаларга ишлатиш дуруст бўлмай қолган. Аллома Анвар Шоҳ Кашмирий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: «Ваҳий» ва «Ийҳоъ» лафзлари алоҳида-алоҳида бўлиб, иккисининг орасида бироз фарқ бор. «Ийҳоъ» лафзи омроқ бўлиб, набий ва расуллардан бирига ваҳий нозил қилишликка ҳам, пайғамбар бўлмаган кишиларга ишора қилишга ҳам, қалбига бирор нарсани солишга ҳам истеъмол қилинади. Шунинг учун бу лафзни набийга ҳам ва набийдан бошқага ҳам ишлатиш дуруст бўлади. «Ваҳий» эса пайғамбарларга нозил қилинган нарсанинг ўзигагина айтилади. Шунинг учун Қуръони Каримда «ийҳоъ» лафзини набийлар ва набийлардан ўзгаларга ҳам ишлатилган. «Ваҳий» лафзи эса набийлардан ўзгаларга ишлатилмаган[4]. Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таоло Ўзининг каломини қайсидир танланган бандаси ва расулига «ваҳий» воситасида етказади ва расуллар воситасида Ўз каломини барча инсониятга етказади. Чунки «ваҳий» Аллоҳ ва унинг бандалари ўртасидаги муқаддас таълимий робитадир. «Ваҳий»ни мушоҳада қилиш фақат пайғамбар (алайҳиссалом)ларгагина хосдир. Шунинг учун бизлар унинг ҳақиқатини аниқ идрок қила олмаймиз. Лекин унинг жузлари, таълимоти ва кайфияти борасида Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда маълумотлар келган. Бу ерда уларнигина баён қила оламиз:
[1]Бу ерда ваҳийнинг зарурати борасида қисқа маълумотлар берилди. У борада батафсил маълумот олиш учун Абу Шакур Солимийнинг «Тамҳийд» асарининг 68-76 бетлари, Шамсул ҳақнинг «Улумул Қуръон» китобининг 3-17 бетларига қаранг. [2]Зубайдий раҳматуллоҳи алайҳ. Арус. Ж. I. Б. 384. 1386 ҳ., Роғиб раҳматуллоҳи алайҳ. «Муфрадот». [3]Бадруддин Айний. «Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий». Ж.I. Б. 17. [4]Анвар Шоҳ Кашмирий. «Файзул борий». Ж. I. Б. 19.
|