A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръони карим ҳақида мулоқот
PDF Босма E-mail

Қуръони Карим энг гўзал ва ҳикматли ҳидоят дастуридир. У ақли салим инсонларни қаноатлантирадиган услублар асосида жам бўлган. Қуръон Аллоҳнинг каломи бўлиб, ҳеч қандай ботил-ёлғон аралашмаган бўлиб,  у аниқ далиллару  боқий ҳақиқатга таянади. Еру осмон ва улар орасидаги нарсаларни яратган Ҳақ таоло томонидан нозил қилинган бу Илоҳий Китоб Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг тиллари орқали инсониятга туҳфа этилган буюк мўъжизадир. Бунга биз − мўминлар шак-шубҳа қилмаймиз. Бироқ ҳамма инсонлар ҳам Қуръоннинг Аллоҳ ҳузуридан келганига ишонадими? Ундаги ақийда, ибодат, одоб-аҳлоқ каби кўплаб ҳаётий масалаларни қамраган  ҳукмларга бўйсунадими? Афсуски, йўқ.  Ҳамма ҳам Қуръондаги тамойиллар бўйича яшамайди. Уларнинг орасида иймон келтирганлар ва иймон келтирмаганлар ҳам бор: «Қачон бирон сура нозил қилинса, улардан (яъни  мунофиқлардан) бўлган кимсалар (масхара қилишиб): «Қани, бу сура қайси бирларингизнинг иймонларингизни зиёда қилди?»   дейишади. Бас, у (сура) иймон келтирган зотларнинг иймонларини, албатта, зиёда қилур ва улар шод-ҳуррам бўлурлар. Аммо дилларида мараз бўлган кимсаларнинг эса динсизликларига яна динсизлик қўшур ва улар кофир ҳолларида ўлурлар» (Тавба  сураси, 124, 125-оятлар).

Хўш, Қуръони Карим Аллоҳдан бошқа зотнинг каломи эмаслигига доир турли далилларни қай тарзда ифодалаган? Қуръон қандай қилиб ақл эгаларининг эътирофига сазовор бўлади? Уларни Аллоҳга яқинлаштириб, қалб, ҳис-туйғу эҳтиёжини қандай қаноатлантиради? Уни инкор қилувчилар билан қандай мулоқот намунасини кўрсатади? Ундан узоқлашадиганлар билан қандай муноқаша қилишни ўргатади? Уларнинг  шубҳаларни йўққа чиқариб, ёлғонларини фош этишда қандай мукаммал услублардан фойдаланган?
Қуръони Каримни қалб кўзи билан, синчиклаб ўқиган киши унинг Аллоҳ каломи эканига, Ундан бошқа ҳеч ким бундай Китоб ярата олмаслигига амин бўлади. Бунга бир неча далиллар бор. Улар қуйидагилардир:

 

1. У Аллоҳнинг каломи эканини тасдиқлайдиган оятлар бор: «Албатта, (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир. (Эй Муҳаммад), сиз (охират азобидан) огоҳлантирувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга уни (яъни Қуръонни) Руҳул-Амин – Жаброил очиқ-равшан арабий тил билан нозил қилди» ( Шуаро  сураси, 192, 193 - оятлар).
Изоҳ: Қуръони Карим Оламларнинг Робби томонидан нозил қилинган. Уни Аллоҳ таоло ҳузуридан Жаброил олиб тушган. Бадан озуқага қандай эҳтиёж сезса, Жаброил олиб тушган ҳақиқат − нурга ҳам руҳлар шундай эҳтиёж сезадилар. Эй Расули карим, Жаброил сизга Қуръонни олиб тушди, муддао шулки, сиз одамларни огоҳлантиринг, агар улар ўз куфрлари ва фисқ-фужурларида шундай давом этадиган бўлсалар, мудҳиш жазога мустаҳиқ бўладилар. Биз Қуръонни қавмингизга тушунарли бўлиши учун араб тилида нозил қилдик. Чунки уни бошқа тилда нозил қилганимизда эди, уларнинг фаҳми етмас, натижада ҳар хил баҳоналар тўқишар эди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг ким томонидан, кимнинг воситасида, кимлар учун нозил қилинганини; нозил бўлиш сабаби ва усулларини; ушбу нузулнинг ҳикмати ва нозил бўлган тилни баён қилмоқда. Бу мукаммал таърифу таснифлар Қуръони Каримнинг Аллоҳ таоло ҳузуридан нозил бўлган Илоҳий Китоб эканига, ҳеч қандай ботил-ёлғон аралашмаганига далолат қилади.
Қуръони Карим Аллоҳдан бошқанинг каломи эмаслигини таъкидловчи ояти карималар мавжуд: «Албатта, бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, ўзимиз уни сақлагувчимиз» (Ҳижр  сураси, 9-оят).
Изоҳ: Биз ўз қудратимиз ва хоҳишимиз билан бу Қуръонни Расулимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қалбига нозил қилдик. Биз бу Илоҳий Китобни ҳар қандай ўзгартириш, алмаштириш, ҳарфларини тушириб қолдириш, унга у ёки бу сўзни қўшиш ёки олиб ташлашдан ўзимиз сақлагувчимиз. Ҳатто мўминлар Қуръонни сақлашга ожиз бўлиб қолган тақдирларида ҳам уни қиёматгача ўзимиз муҳофаза қиламиз.
Қуръон Аллоҳ ҳузуридан нозил бўлганини тасдиқловчи қуйидаги оятларга эътиборингизни тортмоқчимиз: «Бас, Мен сизлар кўрадиган нарсаларга ҳам, сизлар кўра олмайдиган нарсаларга ҳам қасам ичурманки, у (Қуръон), шак-шубҳасиз, улуғ Пайғамбарнинг (Аллоҳ даргоҳидан келтирган) сўзидир! У бирон шоирнинг сўзи эмасдир! Сизлар (ушбу Қуръон Аллоҳнинг каломи эканлигига) камдан-кам иймон келтирурсизлар! Ва у бирон коҳин-фолбиннинг сўзи ҳам эмасдир. Сизлар камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар! (У) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилинган (Китобдир)» (ал-Ҳаққо  сураси, 38-43- оятлар)
Изоҳ: Осмон, Ер, тоғлар, денгизлар каби яратган нарсаларимиз билан ва сизлар кўра олмайдиган фаришталару жинлар билан қасам ичамизки, Қуръони Карим Аллоҳ томонидан Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил бўлган Илоҳий Китобдир. У Қуръонни щзининг Роббиси томонидан олган. Бу борада Аллоҳ таоло шундай дейди: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), шак-шубҳасиз, Сизга бу Қуръон Доно ва Билгувчи Зот даргоҳидан ташланаётир – туширилаётир» ( Намл  сураси, 6-оят). Ва бу Қуръон бирон шоирнинг ижоди ёки сизлар ғайбни билади деб даъво қилаётган бир коҳиннинг сўзи ҳам эмас. У оламларнинг Роббиси томонидан нозил қилинган Ҳақиқатдир.
Аслида буни шундай изоҳласак, тўғрироқ бўлади: Мен ўзим яратган, сиз кўрадиган ва кўрмайдиган нарсаларни ўртага қўйиб қасам ичмайман. Чунки масала шунчалик равшанки, қасам ичишга ҳожат йўқ. Негаки  Қуръон Аллоҳдан ўзга Зотнинг каломи эмаслиги ва у Оламларнинг Роббиси томонидан нозил бўлгани қатъий ҳақиқатдир.

2. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)  агар хоҳлаган тақдирида ҳам, Қуръондаги биронта ҳарфни ўзгартира олмаслиги ва бу ҳол қандай шиддатли уқубатларга олиб келишини Аллоҳдан ўзга Зот билмаслиги кўплаб оятларда зикр этилган. Масалан: «Қачон уларга (уларнинг олдида) Бизнинг очиқ-равшан оятларимиз тиловат қилинса, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсалар: «Бу Қуръондан бошқа бир Қуръон келтиргин ёки буни ўзгартиргин», дедилар. Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашурман. Чунки мен агар Парвардигоримга исён қилсам, улуғ Куннинг (қиёматнинг) азобидан қўрқурман». Айтинг: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, мен уни (Қуръонни) тиловат қилмаган бўлур эдим ва (мен орқали Аллоҳ) уни сизларга билдирмаган бўлур эди. Ахир ундан (Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам бир умр сизларнинг орангизда яшаб турдим-ку! Ахир, ақл юргизмайсизларми?» (Юнус, 15, 16-оятлар)
Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида муфассирлар ушбу воқеани эслатиб ўтганлар: «Мушрикларнинг бир жамоаси Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га келиб дедилар: «Агар сенга иймон келтиришимизни хоҳласанг, сен илоҳларимизга ибодат қилишимизга монелик қилмайдиган Қуръонни келтиришинг керак. Агар сенга бундай китоб нозил бўлмаса, уни ўзингдан қўшиб ёки ўзгартириб айтгин...» Мушрикларнинг бундай жоҳилона талабидан сўнг юқоридаги оятлар нозил бўлган.
«Кашшоф» муаллифи Маҳмуд аз-Замахшарий шундай дейди: «Агар «Уларнинг бу таклифдан мақсадлари нима бўлган?»   деб сўрасанг, мен шундай дейман: «Уларнинг мақсади ёлғон ва макр эди. Қуръонни ўзгартиришни сўрар эканлар, бу билан У ўзгартириш мумкин бўлган оддий, одамзот томонидан ижод қилинган китоб эканини исботламоқчи эдилар. Мабодо уларнинг таклифига кўниб Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръонни ўзгартирсалар эди, Аллоҳ таоло Пайғамбар (алайҳиссалом)ни ҳалок этар, бу эса мушриклар учун айни муддао эди, яъни улар Расулуллоҳдан  қутулар эдилар. Агар Аллоҳ ҳалок қилмаган тақдирда ҳам, Китобнинг Пайғамбар (алайҳиссалом) томонидан ўзгартирилганини рўкач қилиб,  Аллоҳ ва унинг динига қарши ҳужжат-далил қилар эдилар».
Аллоҳ таоло суюкли Пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га мушрикларнинг таклифига қарши шу сўзларни айтишни буюрди: «Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир...» (Юнус сураси, 15-оят).
Изоҳ: уларга таълим ва танбеҳ бергандек айтинг: «Мен ўз-ўзимдан бу Қуръонни ўзгартира олмайман. Мен бу илоҳий амрларни ҳеч бир нуқсонсиз, ҳеч нарса қўшмасдан сизларга етказишга Роббим томонидан масъул қилинганман. Мен Аллоҳга осий бўлишдан ва даҳшати оламни қоплайдиган Кунда азобланишдан қўрқаман. Мен бехосдан Аллоҳнинг кичик бўлса-да бир оятини ўзгартириб қўйишдан қўрқсам-у, сизнинг ҳою-ҳавасларингизга эргашиб, унинг каломини бузишдан қандай қилиб қўрқмайин?!
Агар Аллоҳ сизларга Қуръон тиловат қилмаслигимни хоҳлаганида, албатта, шундай бўлар эди. Агар Аллоҳ сизлар Қуръондан ҳеч нарсани билмаслигингизни хоҳлаганида эди, албатта, уни билмас эдингиз. Ҳамма амалларнинг сарҳисоб бўладиган жойи Аллоҳ ҳузуридадир. Лекин Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай бўлишини хоҳламади. Балки бу Қуръонни сизларга тиловат қилишимни ирода этди. Ахир, яхши биласизларки, мен   пайғамбарлик келишидан олдин 40 йил орангизда бўлдим. Бу вақт мобайнида мен сизларга Қуръондан ҳеч нарса гапирмаган эдим-ку?! Чунки у пайтлар ўзим ҳам ундан бехабар эдим. Энди қачонки Роббим менга Қуръондан ниманики ваҳий қилган бўлса, мен уни сизларга ҳеч бир қўшимча ёки нуқсонсиз ўқиб бермоқдаман».
Аллоҳ таоло Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва унинг душманлари ўртасида кечган ушбу суҳбатни шундай тугатади: «Ахир, ақл юргизмайсизларми?». Яъни: «Сизлар ушбу очиқ-ойдин масалада ихтилофга тушиб, жоҳил бўлдингиз. Ҳеч бир банда унинг ҳатто бир ҳарфини ҳам ўзгартира олмаслигига ақлингиз етмадими?!
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассаллам) Қуръонни ўзгартирса, шиддатли азобга дучор бўлишини билар эди. Бу борада Аллоҳ шундай дейди: «Агар (Пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра, албатта, унинг шохтомирларини узиб ташлаган бўлур эдик. У ҳолда сизлардан бирон киши ундан (яъни Пайғамбардан ҳалокатни) тўса олгувчи бўлмас эди. (Бас, Муҳаммад (алайҳиссалом) Аллоҳнинг каломига ўз томонидан бирон сўз қўшмагани, балки зиммасидаги омонат-пайғамбарликни ҳалол адо қилиб келаётгани учун ҳам сизларнинг орангизда соғ-омон ҳаёт кечирмоқда, акс ҳолда, Аллоҳ уни ҳалок қилган бўлур эди. Бу Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг ҳақ Пайғамбар эканликларининг яна бир ёрқин далилидир)» (ал-Ҳаққо  сураси, 44-47-оятлар).
Изоҳ: Аллоҳ таоло агар Расулуллоҳ Қуръонни ўзгартирса, «Унинг шохтомирини узиб ташлаган бўлур эдик», деб огоҳлантирмоқда. Бу юракдан чиқувчи катта томирдир. У узиб ташланса, инсон шу заҳоти вафот этади ва  бу уқубатдан ҳеч ким уни озод эта олмайди. Қолаверса, охиратда бундан-да даҳшатли азоблар бор. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, Аллоҳни бутун борлиғи билан севадиган, унинг ҳар бир амрига мунтазир турган, ҳақ йўлида бор-будини фидо қилган, Охир замон Пайғамбари сифатида танланган улуғ инсон − Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръонни ўзгартиришга мойил бўлармиди?! Ҳеч ҳам!! Бу − мушрикларнинг амалга ошмайдиган, бадбин хомхаёллари, холос... 
Юқоридаги ояти карималарда  Қуръоннинг Аллоҳ ҳузуридан нозил бўлганига доир кучли далиллар бор. Жоҳил кимсаларнинг «Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб чиқарган», деган бўҳтонларини Аллоҳ таоло  қатъиян рад этмоқда. Ҳа, Қуръони Карим Роббиси томонидан Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ҳеч бир ўзгаришсиз нозил бўлган. Аллоҳ таолонинг гувоҳлик беришича, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳеч қачон ҳаводан олиб гапирмаганлар. Бизга Аллоҳнинг гувоҳлиги кифоя қилур.

3. Қуръони Каримни ўқиб-уққан киши шунга амин бўладики, кўплаб оятларда Аллоҳ таоло ушбу китобнинг вазифаси, мақсадлари хусусида сўз юритиб, унинг ҳукмларига эргашган кишиларни гўзал оқибат, ундан узоқлашган кимсаларни эса азоб-уқубат кутаётганини айтиб огоҳлантиради. Қуйидагиларига оятларга диққат қилинг-а: «(Эй Муҳаммад, бу Қуръон) Биз сизга, одамлар  Парвардигорларининг изни-иродаси билан зулматлардан нурга − қудрат ва ҳамду сано эгаси бўлган Зотнинг йўлига − олиб чиқишингиз учун нозил қилган Китобдир» (Иброҳим сураси, 1-оят).
Изоҳ: Эй Муҳаммад, одамларни куфр, залолат зулматидан иймон ва ҳидоят нурига олиб чиқишингиз учун Биз сизга ушбу Китобни нозил қилдик. Оятни ўқиб кўринг: «Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қиладиган мўминларга катта ажр-мукофот борлигини(нг) хушхабар(ини) берур. Шунингдек, охиратга ишонмайдиган кимсалар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганимизни(нг) ҳам «хушхабари»ни берур» (ал-Исро  сураси, 9, 10-оятлар).
Яна бошқа оятда эса шундай дейилади: «(Барча) ҳамду сано Аллоҳ учундир. У Зот ўз бандаси (Муҳаммад алайҳиссалом)га бирон эгрилик бўлмаган расо Китоб − Қуръонни нозил қилгандир» (Каҳф, 1-оят).
Изоҳ: Аллоҳ таоло ваҳий қилган оятлар маъно, лафз жиҳатидан бир-бирини инкор этмайди. У Зот Қуръонни тўғрилик ва ростгўйликнинг энг юксак намунаси сифатида нозил қилди.
Қуйидаги оятларга ҳам эътиборингизни тортамиз: «Аллоҳ энг гўзал Сўзни (оятлари фасоҳат ва балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ичидаги ҳукмлари) такрор-такрор келгувчи бир Китоб − Қуръон қилиб нозил қилдики, (ундаги Аллоҳ азоби ҳақидаги оятларни тиловат қилганларида) Парвардигорларидан қўрқадиган зотларнинг терилари титраб кетар, сўнгра терилари, баданлари ҳам, диллари ҳам Аллоҳнинг зикрига юмшар − мойил бўлур. Мана шу (Китоб) Аллоҳнинг ҳидоятидирки, унга ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Ва кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас» (Зумар  сураси, 23-оят).
Изоҳ: Эй Муҳаммад, Аллоҳ таоло сизга энг гўзал ва яхши неъматни нозил қилиб, уни итмомига етказди ва мукаммал қилди. У китоб Қуръони Карим бўлиб, ҳидоят ва мўъжизалари бир-бирини тўлдирадиган сура ва оятлардан иборатдир. Унинг ҳукмлари такрор-такрор келади. Содиқ мўминлар уни сидқидилдан қироат қиладилар. Бу илоҳий оятларнинг тафтидан уларнинг терилари титраб кетади.

4. Кўпгина оятларда Аллоҳ душмаларининг Қуръони Карим ҳақидаги шубҳалари ва бу шубҳаларни йўққа чиқарувчи жавоблар баён қилинади.
Бу шубҳалардан бири: «Қуръон − Муҳаммаднинг каломи ва унга бу сўзларни ажамий (четдан келган бир) киши ўргатган» каби бўҳтондир. Аллоҳ таоло бу туҳматга жавобан шундай дейди: «Аниқки, Биз уларнинг «(Қуръонни Муҳаммадга) бирон одам ўргатмоқда», деяётганларини билурмиз. (Лекин уларнинг бу даъволари пучдир, чунки) улар ишора қилаётган кимсанинг тили ажамий (яъни арабий эмас), бу (Қуръон) эса очиқ-равшан арабийдир».
Саҳобалардан бири ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Маккада Қурайш қабиласига мансуб кишилардан бирининг Балъам деган ажам қули бор эди. Пайғамбар (алайҳиссалом) баъзан у билан гаплашиб, унга Ислом аҳкомларидан таълим берар эдилар. Буни кўрган айрим қурайшликлар: «Муҳаммадга Қуръонни мана шу қул ўргатса керак», деб гап тарқатадилар ва шу аснода юқоридаги оят нозил бўлади.
Чиндан ҳам бу ўта тутуриқсиз бўҳтон эди. Негаки Қуръоннинг тили юксак даражадаги араб тилидир. Ҳолбуки, ўша ажамий қул араб тилининг бундай нозик, нафис товланишларидан тўла хабардор эмас эди. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, барча мушриклар йиғилиб Қуръонга ўхшаш бир китоб ярата олмаган бир пайтда (ҳолбуки, уларнинг орасида устамон шоирлар кўп эди), араб тили имкониятларини яхши билмайдиган ажамий қул уни Муҳаммад (алайҳиссалом)га ўргата оладими? Нақадар кулгили мантиқсизлик! Буни, эҳтимол, мушрикларнинг ўзлари ҳам билардилар, бироқ ғафлат ва жаҳолат қўйнида бўлганлари учун ва нима қилиб бўлса ҳам  Қуръоннинг обрўсини тўкиш мақсадида ана шундай бемаъни уйдирмаларни тўқиб чиқарардилар. Лекин Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир: У ўз Китобини Қиёматгача омон сақлайди.
Уларнинг яна бир шубҳалари шу эдиким, Қуръони Каримни илгари яшаб ўтганларнинг афсона-асотирлари деб талқин қилардилар. Аллоҳ таоло уларни мот қилиб, шундай жавоб қайтарди: «Яна улар: «(Бу) аввалгилардан қолган афсоналардир. Бас (бу афсоналар бировлар томонидан) унга эрта-ю кеч ўқиб берилур», дедилар. (Эй Муҳаммад, Сиз уларга) айтинг: «Уни осмонлар ва ердаги барча сир-асрорни биладиган Зот нозил қилгандир. Албатта, У мағфиратли Меҳрибон бўлган Зотдир» (Фурқон  сураси, 5, 6-оятлар).
Шу тарзда Қуръони Карим Аллоҳ душманларининг ҳар хил шубҳа-гумонлари баён қилади. Сўнг уларга қарши ҳикматли тарзда, мантиқий жавоб беради. Бу нарса мўминларнинг иймонларига иймон қўшиб, адашган, қайсар кимсаларнинг шубҳа гумонларини бартараф этади.

5. «Қуръон − башар каломи» деган мушрикларга қарши Аллоҳ таоло: «Ҳеч бўлмаса шунга ўхшаш битта сура келтирсинлар-чи?!» деб талаб қўяди. Негаким, мушриклар Қуръони Каримга нисбатан қуйидагича беписандона муносабатда бўлар эдилар:
а) Қуръон, аввало, уларнинг даъволарини баён қилади: «Қачон уларга (кофирларга) Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса: «Эшитганмиз, агар хоҳласак, бунга ўхшаган гапни ўзимиз айтган бўлур эдик. Бу фақат аввалгилардан қолган афсоналар, холос», дейдилар» (Анфол  сураси, 31-оят).
Изоҳ: мушриклар туғёнлари боис ёлғон-ёшиқ борасида учига чиққан устамон эдилар. Агар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларга Қуръондан ўқиб берсалар, улар: «Эй Муҳаммад, агар хоҳласак, сен бизга тиловат қилиб бераётган бу Қуръон каби нарсани биз ҳам айта оламиз. Бу  фақат аввалгиларнинг қиссалари ва аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган ҳикоялардир. У асло Аллоҳнинг каломи эмас», деб юзларини буриштирардилар.
«Кашшоф» асари муаллифи Маҳмуд аз-Замахшарий (раҳматуллоҳи алайҳ) ушбу оятни шундай тафсир қилади: «Уларнинг орасидаги мақтанчоқ кишилар чиндан ҳам бунга кучлари етса, нега ўз иддаоларини бажаришда сусткашлик қиляптилар? Улар ғалаба қозонишни хоҳласалар, даъволарини амалга оширишга нима тўсқинлик қиляпти? Ҳолбуки, уларнинг  манманликлари ортиқча бўлиб, қуруқ чиранишдан бошқа нарса эмас, бу алоҳида таҳлил қилинадиган масала...»; 
б) «Агар хоҳласак, биз ҳам худди шу каби нарсани айта оламиз». Бу пуч даъвога қарши Қуръони Карим қандай жавоб беради? Аллоҳ таоло жавоби: «У ҳолда агар ростгўй бўлсалар, ўзлари ҳам ўша (Қуръон)га ўхшаш бирон сўз − китоб келтирсинлар-чи?!» (Тур  сураси, 34-оят)
Кейин, агар бу иш улар айтгандек осон бўлса, худди Қуръондаги ўнта оят каби оятларни келтирсинлар, деб жавоб берди: «Ёки: «Уни (яъни  Қуръонни Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дейдиларми? Айтинг: «У ҳолда, агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча бутларни (ёрдамга) чорлаб, шунга ўхшаш ўнтагина «тўқилган» сура келтирингиз!» (Ҳуд  сураси, 13-оят)
Изоҳ: Эй Муҳаммад, мушриклар сизнинг  Қуръонни ўйлаб топганингизни ва тўқиб чиқарганингизни даъво қиляптилар. Уларга айтинг: «Агар иш худди сиз даъво қилаётгандек бўлса, мен ҳам сизларнинг бирингизман. Сиз ҳам ўнтагина сурани «тўқиб» кўринг-чи? У «тўқиб» айтган нарсаларингиз нафис назм, гўзал услуб ва теран  маъно асосида бўлиб, Қуръон оятларига ўхшасин». Бу ишни қилмоқчи бўлган одамга фақат Аллоҳ таологина ёрдам бермаса, ҳеч ким бундай илоҳий оятларни келтира олмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг ўзигина бундай ишга Қодир Зотдир.
Ояти карима Аллоҳ таолонинг «Агар ростгўй бўлсангизлар» деган сўзи билан тугайди. Яъни: даъволарингизда ростгўй бўлсангиз унга ўхшаш ўнтагина сурани айтинг-чи?! Майли, мен сизга Қуръоннинг ўзига ўхшашини келтиринг, деб талаб қўймайман. Ҳолбуки, сиз шунга ҳам қодир эмассиз...
Ниҳоят, улардан Қуръондаги битта сурага ўхшаш сура келтириш талаб қилинади. Бу шартнинг энг осон шакли эди: «Ёки: «Уни (Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дейдиларми? Айтинг (эй Муҳаммад): «У ҳолда агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча бутларни (ёрдамга) чорлаб шу (Қуръон)га ўхшаш биргина сура келтиринглар!» (Юнус сураси, 38-оят)
Изоҳ: Айтинг, эй Расулим, сиз айтгандек мен бу Қуръонни «тўқиб» чиқарган бўлсам, унда эй арабнинг гапга чечан сўз усталари, сиз ҳам юксак савияли ва ҳидоятга тааллуқли бир сурани айтиб кўринг-чи? Токи  Қуръонни ўзи тўқиб чиқарган, деб менга туҳмат қиляпсиз экан, майли, мен розиман, даъвонгизни амалга оширишда хоҳлаган одамингизни ёрдамга чақиринг...
Аллоҳ таоло бу мавзуни қуйидагича давом эттиради: «Агар биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангиз, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг − агар ростгўй бўлсангиз. Энди агар бундай қилолмасангиз − ҳаргиз қилолмайсиз ҳам − у ҳолда одамлар ва тошлар ўтин бўладиган, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг» (Бақара  сураси,  23, 24 - оятлар).
Изоҳ: агар рост гапираётган бўлсангиз, Қуръон сураси каби бир сурани айтиб кўринг. Агар ундай қила олмасангиз, қайсарлик ва ғурурингизни бир четга суриб қўйиб, ҳақ йўлига қайтинг ва оташин дўзахдан сақланиш учун Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га эргашинг. Зеро, Аллоҳ таоло дўзахни қайсар ва ёлғончилар учун тайёрлаб қўйган...
Бу ерда ғайбга дахлдор бир мўъжиза борким, хоҳ Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) замонларида бўлсин, хоҳ улардан кейинги даврларда бўлсин, ҳеч ким Қуръондаги сураларга ўхшаш илоҳий оятларни тўқиб чиқара олмайди.
«Кашшоф» асари муаллифи шундай дейди: «Агар бу оятда мўъжиза борлигини ва ғайбдан хабар берилаётганини қаердан билдинг?» деб  сўрасангиз, мен шундай деб жавоб бераман: «...улар (мушриклар) оятларга қарши чиқдилар. Лекин биргина сура ёки оят «тўқиб» чиқа олмадилар. Бу ишни бажариш улар учун амри маҳол эди. Айниқса, оятларни беписандона маломат қилувчилар гарчи қаттиқ уринган бўлсалар-да, ҳеч нарса келтира олмадилар. Бу билан Қуръон оятларининг ғайбдан эканлиги маълум бўлди ва бу, шубҳасиз, мўъжиза эди»
Ҳа, шунча далил-исботдан сўнг ҳар бир ақлли киши  Қуръон Аллоҳнинг ҳузуридан нозил бўлганини эътироф этади: «Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқа биров томонидан бўлса эди, унда кўп қарама-қаршиликларни топган бўлар эдилар-ку?!» (Нисо  сураси, 82-оят)
Қуръони Карим Аллоҳ душманларининг сўзларига, баҳс-мунозараларига қарши кўпгина жавобларни баён қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу оятлардан фойдаланиб, мушрикларнинг шубҳа-гумонларини йўққа чиқарадилар: «Қачон Биз бир оят ўрнига бошқа бир оятни алмаштирсак − ҳолбуки, Аллоҳ ўзи нозил қиладиган оятларни жуда яхши билгувчидир − улар (Пайғамбарга): «Шак-шубҳасиз, сен ўзинг тўқиб олурсан», дейдилар! Йўқ! Уларнинг кўплари билмайдилар! (Эй Муҳаммад, уларга) уни (яъни  Қуръонни) руҳул-Қудс (Яъни, Жаброил) Парвардигорингиз тарафидан иймон келтирган зотларни собитқадам қилиш учун мусулмонларга ҳидоят ва хушхабар бўлган ҳолда ҳаққи-рост нозил қилганини айтинг» (Наҳл  сураси, 101, 102-оятлар).