A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръонга эҳтиром кўрсатиш
PDF Босма E-mail

Қуръонга эҳтиром кўрсатиш, эҳтиром кўрсатиш ўзи нима дегани ва унинг кўринишлари ҳамда шунга боғлиқ бидъатлар

 

1. Қуръонга эҳтиром кўрсатиш:

Қуръонга эҳтиром кўрсатиш нима дегани?

Шак-шубҳасиз Қуръони Каримга кўрсатиладиган ҳақиқий эҳтиром уни кўп тиловат қилиш, уни пухта ёд олиш, оятларида келган аҳкомларига амал қилиш, саҳифаларида жо қилинган амрларига бўйсуниш, қайтариқларидан четланиш, чегараларида тўхташ, одоблари ила одобланиш, бирор нарсани қабул қилиш ёкм рад қилишда, амал қилиш ёки тарк қилишда, яхши кўриш ёки ёқтирмасликда уни меъзон қилиб олиш ҳамда Қуръонни илмда, адабда, ақийдада, амалда тутиладиган йўл, сайри сулукда эса ғоя қилиб олиш билан бўлади.

Қуръони Каримни Муҳаммад ибн Абдуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил бўлишдан мақсад одамларни ҳаққа ҳидоят қилиш ва уларни зулматлардан нурга олиб чиқиш экани шубҳасиздир. Аллоҳ таоло шундай деган: «Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва очиқ-ойдин Китоб келди. Аллоҳ Ўзининг розилигини истаганларни у билан салом йўлларига бошлар ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарур. Ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилур» (Моида сураси, 15-16-оятлар).

Қуръонга эҳтиром кўрсатишнинг кўринишлари

Қуръонга бўлган ҳақиқий эҳтиром билан бир қаторда уни улуғлаш, ҳурмат қилишнинг барча кўринишларига аҳамият бериш керак. Жумладан, Қуръонни ушламоқчи бўлган одам таҳоратли бўлиши вожиб экани.

Аллоҳ таоло: «Уни фақат покланганларгина ушлайдир», деган (Воқеа сураси, 79-оят).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қуръонни пок одамгина ушлайди», дедилар» (Табароний ривоят қилган).

Шунингдек, Аллоҳ таолонинг китобини хос, муносиб, чиройли ғилофда сақлаш вожиблиги, тозалигига этибор бериш, муносиб жойга қўйиш, ерга ташлаб қўймаслик вожиб экани.

Уламолар Қуръонни ахлатга ташлаган одамни кофир бўлади, ҳурматини жойига қўймайдиган одамга сотиш ҳаромдир, деб фатво чиқаришган. Икки саҳиҳда (Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳларида) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Мусҳаф душманнинг қўлига тушиб қолиш хавфи бўлса, Мусҳаф билан душман ерларига сафар қилишдан қайтарганлар.

Салафи солиҳларимиздан Аллоҳнинг китобини сўзлари ва феъллари билан улуғлашганига доир ривоятлар келган.

Қатода розияллоҳу анҳу айтади: «Қуръон ўқиганимдан буён пиёз емадим».

Язид ибн Абу Молик айтади: «Оғзиларингиз Қуръон йўлларидан биридир. Қўлинглардан келганича уни поланглар, тозаланглар». У кишидан ривоят қилган ровий шундай дейди: «У киши Қуръон ўқиганидан буён пиёз емаган».

Мужоҳид айтади: «Қуръон ўқиётиб сени эсноқ тутиб қолса, эсноғинг кетгунича Қуръон ўқимай тур».

Нававий айтади: «Мусҳаф тақдим қилинса, у учун туриш даркор. Чунки уламо ва ахёрлар учун туриш мустаҳаб саналади. Мусҳаф (учун туриш) авлороқдир».

2. Қуръонга эҳтиром кўрсатишга тааллуқли бидъатлар ва улардан огоҳлантириш.

а) Мусҳафни ўпиш:

Қуръонни эҳтиром қилиш масаласида Мусҳафни ўпиш шариатда борми ёки бидъат ишми, деган савол туғилади. Бу саволнинг жавобини бир заиф қавлда ўпиш бидъат эканини кўрамиз. Лекин бу масалани ўрганиб чиқилгандан кейин бизга ундай эмаслиги аён бўлади.

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, у киши ҳар куни эрталаб Мусҳафни олиб ўпиб: «Роббимнинг аҳди, Роббим азза ва жалланинг рисоласи», дер эди. Усмон (розияллоҳу анҳу) Мусҳафни ўпиб юзига суртар эди.

Бу Умар ва Усмон (розияллоҳу анҳумо)ларга эргашган ҳолда Мусҳафни оят ва аҳкомларига амал қилиш билан бирга уни ўпиш яхши иш эканнига далолат қилади. Чунки Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда: «Менинг суннатимни ва мендан кейин рошид халифаларнинг суннатини махкам тутинглар», деганлар.

Аммо Мусҳафга амал қилмай уни ўпиш рошид ҳалифаларнинг суннатларига, тутган йўлларига мухолифдир. Юзаки, зоҳирий эҳтиромнинг вазни ҳам, қиймати ҳам йўқ.

б) Мусҳафни бўйинга осиб юриш:

Мўмин ёки мўмина Мусҳафи шарифни ёки Қуръондан бир қанча оятларини улуғлаш ёки ёд олиш мақсадида бўйнига осиб олса жоиздир. Лекин зинат ёки мода учун ёки фойдаланиш мақсади бўлмаса ёки улуғлаш учун бўлмаса, бу иши макруҳ ёки ҳаром ишдан холи бўлмайди. Шу билан бирга Қуръон тушунарли хатда, таъммул билан ўқиса бўладиган бўлиши керак. Фуқаҳолар бугунги кунимиздагидек одамлар одат қилиб ўта кичкина ҳажмдаги Мусҳафни осиб юришларини макруҳ санашган. «Роддул мухтор»да: «Мусҳафни кичрайтириш, уни ингичка қалам билан ёзиш макруҳдир». Шунингдек, баъзи аёллар ёки баъзи толибалар кичкина мусҳафни ялтироқ идишга солиб кўксиларига осиб, бозорларда эркаклар олдида кўкракларини очиб олишади. Бу қатъиян ҳаром ишдир. Булардан Қуръонга бўлган сохта эҳтиром қабул қилинмайди. Уларнинг бошқа муслима аёллардан ажралиб туриш учун қилган бу ишларига узр ҳам йўқ. Чунки муслима аёлни, мўмина қизни сатри аврати, дини ва хулқигина бошқалардан ажратиб туради.

в) Қуръон билан истхора қилиш

Айрим одамлар Қуръонга бўлган эҳтиромларини ғаройиб шаклда изҳор қилишади. Қуръон билан истихора қилишади. Масалан сафарга чиқмоқчи ёки уйланмоқчи бўлса, Қуръонни очиб дуч келган оятни ўқийди. Агар ўқиган ояти бирор ишни қилишга буюрса, қилади. Ўқиган ояти бирор нарсалан қайтарса, қилмоқчи бўлган ишини тарк қилади. Мен бу ишдан қайтарилдим деб тушунади ... Қуръонни Аллоҳ у билан фол очиш учун нозил қилмаган. Уни қалбларга шифо, ҳидоят, дастури амал учун нозил қилган.

Баъзилар бошқача йўл билан Қуръон ила истихора қилади. Мусҳафни олиб дуч келган жойини очиб, ўша бетни биринчи қаторига қарайди ёки етти вароқ санаб, кейин етти қатор санаб, кейин еттита сўз санаб ўқиб кўради. Ўша оят бирор нарсага буюрса, қилади. Қайтарса, қилмайди. Бундай истихоранинг шариатда асли йўқ. Бирорта имомдан ёки олимдан нақл қилинмаган. Бу ишларнинг ҳаммаси тасодиф устига қурилган. Юқорида айтганимиздек, Қуръон ҳидоят учун нозил қилинган.

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) истихора намозини ва унинг дуосини жорий қилганлар.

Саҳиҳ Бухорийда Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондаги сурадек ўргатар эдилар: «Киши бир иш қилмоқчи бўлса, икки ракъат намоз ўқисин. Сўнг: «Аллоҳим, мен Сендан илминг ила истихора* қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сенинг буюк фазлингдан сўрайман, чунки Сен қодирсан, мен эса қодир эмасман, Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни ниҳоятда билувчи Зотсан. Аллоҳим, агар бу ишни мен учун динимда, ҳаётимда ва ишимнинг оқибатида [ёки «ҳозирги ишимдаю келгусида», дедилар] яхши деб билсанг, уни менга тақдир қилгин. Агар бу ишни мен учун динимда, ҳаётимда ва ишимнинг оқибатида [ёки «ҳозирги ишимдаю келгусида», дедилар] ёмон деб билсанг, уни мендан нари қил, мени ундан нари қил. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил. Сўнгра мени ундан рози қил», десин ва ҳожатини айтсин».

Истихора намози ва унинг дуосидан кейин мусулмон қалбини нимага таскин топишига қарайди. Агар бирор нарса таскин топмаса, намозни ва дуони Ибн Суннийнинг «Бирор иш қилмоқчи бўлсанг, Роббингга етти марта истихора қил» деган ҳадисига биноан етти мартагача такрорлайди. Саҳобалар ҳам қайта-қайта истихора қилишар эди.

Мусулмон одам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўргатган йўлдан бошқасига, юқорида зикр қилинган бидъат ишларга мурожаат қилиши ҳаромдир. Бундай ишларда Аллоҳнинг китобига ҳеч қандай эҳтиром йўқ. Бу хусусда мунажжим, фолбинларга мурожаат қилиши ҳам ҳаромдир. Ўзи бажара оладиган осон шаръий истихорани ўзи учун биров истихора қилиб беришини сўраши ҳам жаҳолатдир.

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади