A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон тиловатининг фазилати, тиловат одоблари ва Қуръонни оҳанг билан ўқишнинг ҳукми
PDF Босма E-mail

 

Қуръон тиловатининг фазилати, тиловат одоблари ва Қуръонни оҳанг билан ўқишнинг ҳукми


1. Қуръон тиловатининг фазилати.

Қуръон тиловати Исломнинг суннатларидан бири бўлиб, уни кўп тиловат қилиш мустаҳабдир, чунки тиловат Аллоҳнинг китобини фаҳмлашга, унга амал қилишга воситадир. Тиловатнинг фазилати Қуръони Каримда ва суннати мутаҳҳорада кўп марта зикр қилинган. Аллоҳ таоло: «Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора нафақа қиладиганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. У Зот уларнинг ажрларини тўлиқ қилиб бериши ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилиши учундир. Албатта, У Зот ғофурдир, шакурдир», деб марҳамат қилган (Фотир сураси, 29-30-оятлар).

 

Имом Муслим Абу Умома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қуръон ўқинглар, чунки у қиёмат куни ўз соҳибларига шафоатчи бўлиб келади», дедилар».

Абу Довуд, Насоий ва Термизийлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шундай деганларини ривоят қилишган:

«Қуръон соҳибига: «Қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандай тиловат қилган бўлсанг, шундай тиловат қил. Сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг даражасидадир», дейилади».

Ниятни холис қилиб тиловат қилиш мусулмон киши ажр оладиган, Холиқига яқинлаштирадиган ибодатлардандир.

Термизий Абдуллоҳ ибн Масуъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шундай деганларини эшитдим: «Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг учун унга бир савоб бўлади. Ҳар бир савоб эса ўн мислдир (ўн баравар кўпайтирилади). Мен «Алиф. Лаам. Мийм – бир ҳарф» демайман. Алиф бир ҳарф, Лаам бир ҳарф, Мийм бир ҳарфдир».

Бухорий ва Муслим Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилишади:

«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қуръонга моҳир бўлган киши «ҳурматланган ва ўта яхши элчилар (фаришталар)» билан бирга бўлади. Қийналиб ўқийдиганларга эса икки ажр бордир», дедилар».

Саҳоба (розияллоҳу анҳум)лар Қуръон тиловатига қатъий риоя қилишарди. Айримлари бир кеча-кундузда хатм қилишса, айримлари бундан кўпроқ муддатда хатм қилишарди.

Бухорий ва Муслим Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қуръонни бир ойда ўқиб чиқ», дедилар. «(Бундан кам вақт ичида ўқиб чиқишга ҳам) кучим етади», дедим. «Бўлмаса, ўн кунда ўқиб чиқ», дедилар. «(Бундан кам вақт ичида ўқиб чиқишга ҳам) кучим етади», дедим. У Зот: «Бўлмаса, етти кунда ўқиб чиққин. Аммо бундан зиёда қилма», дедилар».

Қуръон хатм қилиш муддати турли одамларда турлича бўлади. Нававий ўзининг «Азкор» китобида шундай дейди: «(Бу масалада) танланган сўз шуки, бу муддат турли одамда турлича бўлади. Оят ҳақида чуқур фикр юритиб, ундаги нозик нуқталар ва илм-маърифатнинг тагига ета оладиган одамнинг ўқиши ўқиган нарсасини мукаммал тушуна оладиган миқдор билан чегараланади. Шунингдек, илм тарқатувчи ёки ҳукумат ишлари ва шунга ўхшаш диний ҳамда жамоатчилик манфаатларига доир топшириқлар билан банд бўлган одам эса хатм туфайли кўзлаган мақсадига ета олмаса, қилаётган ишига халал бермайдиган миқдор билан чегараланади. Қолганлар эса  қироатда малолланиш ва қориштириб юбориш даражасига олиб бормайдиган даражада, имкон қадар тиловатни кўпайтирсин».

2. Тиловатнинг одоблари

Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг каломидир. Аллоҳнинг каломини тиловат қилишнинг ўзига яраша одоблари бўлиб, уларга риоя қилиш вожибдир. Улар қуйидагилардан иборат:

1. Холис ният билан, Аллоҳ учун ўқиш. Ўткинчи, дунёвий мақсад ва истаклардан четда бўлиш. Бу нарсалар қори ёки тингловчи билан Аллоҳ таолонинг каломи ўртасида дунё ва охират манфаатини тўсувчи қалин пардага айланади.

2. Уст-бошни тўғрилаш, покиза бўлиш, хушбўй суртиш, мисвок қилиш, беҳуда ишларни тарк қилиш, у ёқ-бу ёққа алангламай, қиблага юзланган ҳолда ўтириб ўқиш.

3. Хаёлни бир жойга жамлаб, Қуръонни ўқишга яхшилаб тайёргарлик кўриш, гўё Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни бошқаларга шу қори орқали эшиттираётгандек ҳозирланиш.

4. Қироатни бошлашдан аввал Аллоҳ таолонинг «Қачон Қуръон ўқисанг, қувилган шайтоннинг шарридан Аллоҳдан паноҳ сўрагин» (Наҳл сураси, 98-оят) деган қавлига биноан истиъоза айтиш («Аъуузу биллааҳи минаш шайтонир рожийм» дейиш), сўнгра Бароат (Тавба) сурасидан бошқа барча сураларнинг бошида басмала айтиш (Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм).

5. Хокисорлик билан, Қуръоннинг маъноларини тадаббур қилган ҳолда, ҳар бир ибратли ўринларига тўхталиб, хушхабар ва таҳдидлардан таъсирланган ҳолда ўқиш. Аллоҳ таоло: «Қуръонни тадаббур қилиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганида, унда кўп ихтилофлар топар эдилар», деган (Нисо сураси, 82-оят). Яна У Зот субҳанаҳу ва таоло: «Йиғлаб, юзлари ила йиқилурлар, у эса хокисорликларини зиёда қилур», деган (Исро сураси, 109-оят).

6. Чиройли овозда, тажвид ва тартил билан ўқиш. Аллоҳ таоло: «...ва Қуръонни тартил* билан тиловат қил», деган (Музаммил сураси, 4-оят). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қуръонни овозингиз билан зийнатланглар», деганлар» (Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можалар ривоят қилишган).

* «Қуръонни тартил билан тиловат қилиш» деб уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилад.(Тафсири Ҳилол).

7. Қуръонни ўқиш учун тўпланиш, қорилар бемалол ўтириши учун жойни кенгайтириш.

Имом Муслим ўзининг «Саҳиҳи»да Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилса, уни ўзаро ўрганишса, уларнинг устига сакина – хотиржамлик нозил бўлади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб оладилар ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади».

8. Қуръон тинглаётган одам унга жим қулоқ солиб туриши, оятларини тафаккур қилиши вожибдир. У бирор қоридан эшитадими, радио ёки бошқа жиҳозлар орқали эшитадими, фарқи йўқ.

Аллоҳ таоло: «Қачон Қуръон тиловат қилинса, унга қулоқ солинглар ва жим туринглар, шояд, раҳм қилинсангиз», деган (Аъроф сураси, 204-оят).

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади