A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
4 - Ваҳийни инкор қилувчиларнинг шубҳалари ва уларга уламоларимиз томонидан берилган жавоблар
PDF Босма E-mail

Ваҳийни инкор қилувчилар қадимда ҳам, ҳозир ҳам ваҳийни ноаниқ ва бузуқ назариялар билан изоҳлашади. Уларнинг мақсади охир‑оқибат Муҳаммад (алайҳиссолату вассалом)нинг рисолатларини – пайғамбарликларини инкор қилишдир. Улар ваҳий ҳодисасини баъзан «ички илҳом» деб изоҳлашса, баъзан «руҳий ёғду» дейишган. Ҳасад ва адоват уларнинг кўзларини кўр қилиб, ҳатто ваҳийни эпилепсия (тутқаноқ), яъни жинниликнинг бир тури дейишга ҳам журъат қилишган. Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, буларнинг барчаси қониқарсиз шубҳалар бўлиб, аниқ воқеа-ҳодисалар, соғлом мантиқ ва соф одил ҳукм олдида собит тура олмайди. Биз раддия бермоқчи, сохталигини ошкор қилмоқчи бўлган нарса асримиз атеистлари «интуитция» деб атаган сўзлардир.

 

1. Ички илҳом ёки руҳий ёғду натижасида инсонда қўрқув бўлмайди, унинг ранги ўзгариб кетмайди. Чунки нафс софлиги, тафаккурдаги поғонама-поғоналик хавф ва изтироб билан уйғун келмайди. Булар бир-бирига тамоман зид бўлган икки ҳолатдир. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қўрқишлари ваҳийнинг бошланиши ҳақида келган ҳадисда собит бўлган. Ўша ҳадисда, жумладан, шундай дейилган: «Сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қалблари ларзага тушган ҳолда улар (оятлар) билан қайтиб, Хадича бинт Хувайлид (розияллоҳу анҳо)нинг олдига кирдилар-да: «Мени ўраб қўйинглар! Мени ўраб қўйинглар!» дедилар. У Зотни қўрқинчлари кетгунча ўраб қўйишди. Кейин у Зот Хадичага хабар бериб, «Ўзимдан хавотирланиб қолдим», дедилар...» (Бухорий ривоят қилган).

Ваҳийнинг ҳолатлари ҳақида сўз юритганимизда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг аҳли оилалари, саҳобаларининг кўз ўнгида пешоналаридан тер оқиб, изтиробга тушганларини зикр қилган эдик.

2. Аллоҳ таолонинг ҳикмати Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) фариштани Ҳиро ғорида кўринганларидан кейин ваҳийнинг бир муддат у Зотдан узилишини тақозо қилди. У Зотни хавотир қамраб олди. «Бирор ножўя иш содир қилганим учун Аллоҳ мени ташлаб қўйдимикин» деб қўрқдилар. Тоғ чўққисига чиққанларида ундан ўзларини ташлаш фикри кўнгилларидан ўтаверди… Ниҳоят, у Зот Жибрилни ўз суратида кўрдилар. У осмон билан ернинг ўртасини тўлдириб, шундай деб нидо қилар эди: «Эй Муҳаммад! Сен ҳақиқатда Аллоҳнинг элчисисан, мен эса Жибрийлман» (Ибн Саъд Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилган).

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаётларида юз берган бу узилиш ваҳийнинг ички илҳом дейишнинг ботиллигини, бундай дейишнинг ўзи  жиннилик  эканини исботлайди.

3. Қуръони Каримнинг катта қисми олдинги умматлар, жамоалар ҳақидаги хабарлар, анбиёлар қиссаси ҳамда ўта дақиқ ва саҳиҳ тарихий воқеа-ҳодисаларни ўз ичига олган.

Ҳеч бир оқил одам бу хабарларни ички илҳом ёки руҳий ёғду дея олмайди, чунки бу хабарлар фақат қабул қилиш, ўрганишга таянади. Аллоҳ таоло: «Биз сенга ушбу Қуръонда ваҳий қилган нарсамиз ила энг гўзал қиссани ҳикоя қилурмиз. Гарчи ундан олдин бундан бехабарлардан бўлсанг ҳам», деган (Юсуф сураси, 3-оят). Ва яна: «Марямни қай бирлари кафилликка олишга қалам ташлаётганларида ҳам, тортишаётганларида ҳам олдиларида эмасдинг», деган (Оли Имрон сураси, 44-оят).

4. Шунингдек, Қуръон илмий ҳақиқатларни, табиат ва фалакий назарияларни ҳам ўз ичига олган. Илм ривожлангандан кейин вақт уларнинг тўғрилигини исботлаган. Аллоҳ таоло: «Уларга ҳам уфқлардаги, ҳам ўзларидаги оят-белгиларимизни яқинда кўрсатамиз. Токи уларга унинг ҳақлиги равшан бўлсин», деган (Фуссилат сураси, 53-оят).

Шунингдек, Қуръон ақоид масалаларини – яратилишнинг бошланиши, унинг ниҳояси, охират ҳаёти ва ундаги мавқиф, ҳисоб-китоб, жаннат, дўзах ҳақидаги батафсил баёнларни ҳам ўз ичига олган. Буларнинг барчасига қўшимча равишда Қуръон келажак хабарлари ҳақида қатъий ҳукмларни, жамиятдаги куч ва заифлик, иззат ва хорлик ҳақидаги Аллоҳ жорий қилган суннатларга мувофиқ содир бўлган ҳодисаларни ўз ичига олган. Буларни айтган Зот эса уммий, яъни ўқиш-ёзишни ўрганмаган одам бўлганлар. Шу билан бирга, барча замон ва маконлардаги одамларни ўзлари келтирган Қуръонга ўхшаш нарса келтиришни сўраб, майдонга чорлаганлар. У Зот келтирган нарсага холис ёндашилса, ягона тўғри йўл – Аллоҳнинг ҳидоятини етказиш учун ер билан осмоннинг орасидаги алоқа ваҳий йўли билан бўлганига иймон келтиришдир. Аллоҳ таоло: «У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) юбориладиган ваҳий, холос», деган (Нажм сураси, 3-4-оятлари).

Доктор Муҳаммад Абдуллоҳ Дарроз «Набаул азийм» деган китобида шундай деган: «Бу бугунги кунимизда атеистлар айтаётган нарса интуиция, яъни ички сезги деган фикр бўлиб, улар бу ном билан гўё биз учун янги илмий фикр олиб келишди. Бироқ бу янги нарса эмас, аксинча, эски жоҳилий фикр бўлиб, ҳам тўлиқ, ҳам қисман мос келади. Улар Набий (алайҳиссолату вассалом)ни хаёл парвози кенг, бадиий завқи кучли инсон деб тасвирлашади. У ҳолда, у Зот, Қурайш мушриклари айтганидек, шоир бўлиб қоладилар-ку?! Шунингдек, уларнинг айтишича, у Зотнинг ҳис-туйғулари сезги аъзоларини қоплаб, гўё кимнидир  кўраётгандек, гапларини эшитаётгандек туйилган демоқчи бўлишади. Кўраётган, эшитаётган нарсаси эса у Зотнинг хаёлидаги, хис-туйғусидаги бир суратдан бошқа нарса эмас, дейишади.  У ҳолда, бу нарсалар, Қурайш мушриклари айтганидек, жиннилик ёки алғов-далғов тушлар бўлиб чиқади. Бироқ  улар бу фикрларида узоқ тура олмадилар. Қуръондаги ўтмиш ва келажак ҳақидаги хабарлардан воқиф бўлишгач, интуиция деган сўзларидан воз кечишга мажбур бўлишди. У Зот бу нарсаларни тижорат мақсадида қилган сафарларида баъзи насроний уламолардан эшитган бўлса керак, дейишга ўтишди. У ҳолда бу илмларни башар ўргатган бўлиб қолади-ку?! Буларнинг барчасида қандай янгилик бор? Бари жоҳил қурайшликларнинг гапига ўхшаш гап эмасми? Бу янги, аммо ифлос кийимдаги даҳрийликнинг бир кўринишидир. Бу қилмишлари – ҳозирги кундаги маданиятли қалб эгаларини эски жоҳилият давридаги маданиятсиз қалб эгалари ташлаб кетган нарсалар билан тўлдиришдир. Аллоҳ таоло: «Худди шу каби, улардан олдингилар ҳам уларнинг гапига ўхшаш гап айтган эдилар. Қалблари ўхшаш бўлди», деган (Бақара сураси, 118-оят).

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади