3- Ваҳий | ||||
|
Энди ваҳий сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноси, турлари ва ҳолатлари ҳақида тўхталамиз. Ваҳийнинг луғавий ва истилоҳий маъноси: Луғатда бошқалардан яшириб гапирилган гапга айтилади. Ваҳий тезкор ишора бўлиб, гоҳида овознинг ўзи билан гоҳида эса тана аъзоларининг бири билан ишора қилиш орқали ҳам бўлади. Ваҳий сўзининг ўзаги икки аслий маъно – махфийлик ва тезкорликни ифода қилади. Шунинг учун ваҳийнинг луғавий маъноси ҳақида уламолар: «Ваҳий бу муайян кишига хос хабарни бошқалардан сир тутган ҳолда махфий ва тезкор шаклда билдиришдир», дейишган.
Ваҳий луғатда қуйидаги маъноларни ўз ичига олади: 1. Ғаризий илҳом яъни инстинкт. Бу худди асал арига Аллоҳ тарафидан ваҳий – ғаризий илҳом қилингани каби. Аллоҳ таоло: «Роббинг асаларига: «Тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган ишкомлардан уй тутгин», деб ваҳий юборди», деган (Наҳл сураси, 68-оят). 2. Фитрий – табиий илҳом. Бу худди Мусо алайҳиссаломнинг онасига ваҳий – табиий илҳом йўли билан билдирилгани каби. Аллоҳ таоло: «Ва Мусонинг онасига «Уни эмизавер. Қўрққан чоғингда уни дарёга ташла, қўрқма, маҳзун бўлма, албатта, Биз уни сенга қайтарувчимиз ва уни расуллардан қилувчимиз», деб ваҳий қилдик», деган (Қасос сураси, 7-оят). 3. Шайтоннинг васвасаси ва ёмонликни инсонга чиройли кўрсатиш. Аллоҳ таоло: «Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни ваҳий қилурлар», деган (Анъом сураси, 121-оят). Ояти каримада ваҳий қилурлар деганда васваса қилишлари назарда тутилган. 4. Имо, тезкор ишора. Бу Закариё алайҳиссалом ўз қавмига ваҳий – имо-ишора йўли билан эртаю кеч ибодат қилишларини буюрганидек. Аллоҳ таоло бу ҳақда: «Меҳробдан ўз қавми ҳузурига чиқди ва уларга: «Эртаю кеч тасбеҳ айтинглар», деб ишора қилди», деган (Марям сураси, 11-оят). 5. Аллоҳ таолонинг фаришталарга бирор ишни қилишлари учун ваҳийси – буйруғи. Аллоҳ таоло: «Ўшанда Роббингиз фаришталарга: «Мен, албатта, сиз биланман, бас, сиз иймон келтирганларни собит қилинг...», деб ваҳий қилган эди», деган (Анфол сураси, 12-оят). Аллоҳ пайғамбарларига қилган ваҳийда бундаги икки аслий маъно – махфийлик ва тезкорлик этиборга олинган. Шунингдек, Аллоҳ таоло пайғамбарларига нозил қилган, уларга ғайб хабарларини ва шариат аҳкомларини танитган нарсага ҳам ваҳий дейилади. Пайғамбарларга юборилган ваҳийнинг истилоҳий маъноси: Истилоҳда ваҳий Аллоҳ таолонинг пайғамбарлардан бирига шаръий ва шунга ўхшаш ҳукмни билдиришидир. Аллоҳ таолонинг уларга нозил қилган каломи ҳам ваҳийдир. Бу таъриф исми мафъу,л яъни ваҳий қилинган нарсанинг таърифидир. Уламолар ваҳийни қуйидагича таърифлайдилар: «Ваҳий – Аллоҳ таолонинг бандалари ичидан Ўзи танлаб олган шахсга Ўзи ирода қилган ҳидоятни тез ва махфий равишда билдиришидир». Ваҳийнинг турлари: Ваҳийнинг уч тури бўлиб, Аллоҳ таоло уларни қуйидаги ояти каримада зикр қилган: «Аллоҳнинг инсон зоти билан гаплашмоғи бўлмаган, фақат ваҳий орқали, ёки парда ортидан, ёхуд элчи юборур ва ул У Зотнинг изни ила хоҳлаган нарсасини ваҳий қилур. Албатта, У Олийдир, Ҳикматлидир» (Шуро сураси, 51-оят). 1. Қалбга бирор маънони илқо қилиш. Гоҳида буни қалбга солиш деб ҳам ифодаланади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: «Руҳул-амин менинг қалбимга солдики, албатта, ҳеч бир жон ўз ризқини мукаммал олмай туриб ўлмас. Шундай экан, Аллоҳга тақво қилинг ва талабни гўзал қилинг...» (Ибн Абу Шайба ҳамда Байҳақий «Шуъабул-ийман»да Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишган). 2. Парда ортидан гапириш. Бу дегани Аллоҳни кўрмасдан У Зотнинг каломини бевосита эшитишдир. Худди Мусо алайҳиссалом Роббисининг нидосини дарахт ортидан эшитгани каби. Аллоҳ таоло: «Бас, унинг олдига етиб келганида, водийнинг ўнг томонидан, муборак жойдан, дарахтдан унга нидо қилинди: «Эй Мусо, албатта, Мен оламларнинг Робби – Аллоҳдирман», деган (Қасос сураси, 30-оят). 3. Фаришта Аллоҳ тарафидан юборилган ваҳийни Аллоҳнинг элчисига этказиши. Бунда Аллоҳнинг элчиси фариштани одам суратида ёки ҳеч бир суратга кирмаган ҳолда кўради ва ундан ваҳийни эшитади ёки қалбига сингдириб олади. Ваҳийнинг ушбу учинчи тури энг машҳур ва энг кўп содир бўлган турларидандир. Қуръоннинг барчаси шу кўринишда ваҳий қилинган. Бу «Ваҳюл жалий» яъни очиқ-ойдин ваҳий деб аталади. Аллоҳ таоло: «Уни Руҳул Амийн (Жаброил) сенинг қалбингга, огоҳлантирувчилардан бўлишинг учун очиқ-ойдин араб тилида олиб тушди…», деган (Шуаро сураси, 193-195-оятлар).
Ваҳийнинг ҳолатлари: Жаброил (алайҳиссалом) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га турли ҳолатларда келар эди: 1. Гоҳида Расулуллоҳга ўзининг ҳақиқий, яъни фаришта суратида кўринар эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) Аллоҳ таолонинг «Дарҳақиқат, ўз Роббининг улкан оят(белги)ларидан кўрди», деган сўзи ҳақида шундай деган: «У Зот Жаброилни кўрганлар, унинг олти юзта қаноти бор эди» (Бухорий «Тафсир китоби»да, Муслим «Иймон китоби»да ривоят қилган). 2. Гоҳида инсон суратида кўринар эди. Шунда саҳобалар ҳам кўришар, гапларини эшитишар эди. Муслим ривоят қилган Умар (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадисида келгани каби: «Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларида эдик. Бирдан олдимизга оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора бир киши кириб келди…» Набий (соллаллаҳу алайҳи васаллам) ушбу ҳадиснинг охирида шундай деганлар: «У Жаброилдир, сизларга динингизни ўргатгани келибди». Жаброил кўпинча улуғ саҳобий Диҳятул Калбий суратида келар эди. Диҳя саҳобаларнинг энг чиройлиларидан эди. 3. Гоҳида ваҳий кўзга кўринмай Расулуллоҳга махфий равишда тушар эди. Лекин унинг аломати Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)да кўринар эди. – У Зот уйқудаги одамнинг нафас олишига ўхшаш нафас олар, ваҳийнинг залворидан қаттиқ совуқ кунда ҳам пешонаридан тер қуюлар эди. – Гоҳида ваҳий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қўнғироқ чалингандек овоз чиқариб келар эди. Шуниси энг оғир турларидан эди. – Гоҳида ҳозир бўлган саҳобалар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг юзлари атрофида асаларининг ғуввуллашига ўхшаган овоз эшитишарди. Умар ибн Хаттобдан ривоят қилинади: «Ваҳий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил бўлса, у зотнинг юзларида асал- арининг ғувуллаши каби овоз эшитиларди» (Аҳмад ривоят қилган). Бироқ саҳобалар буни англай олишмас эди. У зот эса ваҳий қилинётган нарсани эшитар, ўзларига сингдириб олар эдилар. Бу Аллоҳ тарафидан нозил бўлаётган ваҳий эканини У зот ўта аниқлик билан, ҳеч бир чалкашликсиз билар эдилар. Ваҳий у зотдан аригач, ваҳий қилинган нарса зеҳнларига муҳурланиб, худди муборак қалбларига ёзилгандек бўлиб қолар эди.
Бухорий «Саҳиҳи»да мўминларнинг онаси Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилади: «Ҳорис ибн Ҳишом Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга ваҳий қандай келади?» деб сўради. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аҳёнда менга қўнғироқ жаранги каби келади, шуниси менга энг оғиридир. Сўнг мендан арийди, мен эса айтганларини ундан сингдириб олган бўламан. Аҳёнда фаришта менга инсон қиёфасида кўриниб сўзлайди, шунда айтаётганини сингдириб оламан», дедилар». Оиша розияллоҳу анҳо: «Дарҳақиқат, у Зотга қаттиқ совуқ кунда ваҳий нозил бўлаётганини, сўнг у Зотдан ариганида пешоналаридан тер оқаётганини кўрганман», деди». Муҳаммад Алий Муҳаммад Юсуф тайёрлади |