A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
2 - Қуръони каримнинг истилоҳий таърифи
PDF Босма E-mail

Қуръон мўъжизакор арабча калом бўлиб, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Жибрийл орқали ваҳий қилинган, мутавотир йўл билан нақл қилинган, мусҳафларда ёзилган, тиловати ибодат саналган, Фотиҳа сураси билан бошланиб, Наас сураси билан тугагандир.

Таърифнинг шарҳи:

а) мўъжизакорлик:

Қуръон Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг энг буюк мўъжизасидир. Қуръонда жамлаган фасоҳат, балоғат, ғайб хабарлари, олдинги умматларнинг хабарлари, илмий эъжоз, ҳар бир замон ва макон учун салоҳиятлилик, мукаммал ва равшан аҳкомлар фасоҳат аҳли бўлмиш арабларни ожиз қолдирди.

Набий( соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўз қавмини Қуръон билан беллашиб кўришга чақирдилар. Бироқ улар Қуръонга ўхшаш бирор нарса келтиришдан ожиз қолишди. Аллоҳ таоло: «Агар инсу жинлар ушбу Қуръонга ўхшаш нарса келтириш учун тўплансалар, бунда баъзилари баъзиларига ёрдамчи бўлсалар ҳам, унга ўхшашини келтира олмаслар», деб айт», деди (Исро сураси, 88-оят).

 

Бошқа бир оятда қуйидагича талаб қўйилди: «Агар ростгўй бўлсангиз, унга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтиринг... », деб айт» (Ҳуд сураси, 13-оят).

Одамлар бу сафар ҳам ожиз қолишгач, Қуръондаги энг қисқа сурага ўхшаш калималар айтиш таклиф қилинди: «Ва агар бандамизга нозил қилган нарсамиздан шубҳада бўлсангиз, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг, агар ростгўйлар бўлсангиз» (Бақара сураси, 23-оят).

Шак-шубҳасиз бу эъжоз – ожиз қолдириш Муҳаммад (алайҳиссолату вассалам)нинг рисолат ва нубуватларини исботлаш учун Қуръоннинг нозил бўлишининг биринчи мақсадидир. Иншааллоҳ, тўртинчи бобда эъжознинг турлари батафсил ёритиб ўтилади.

б) ваҳий қилинганлик:

Қуръони Карим барча лафзлари ва маънолари билан Аллоҳ тарафидан Муҳаммад ибн Абдуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Жибрийл (алайҳиссалом) орқали нозил қилинган. Аллоҳ таоло: «Албатта, у (Қуръон) оламлар Роббининг нозил қилганидир. Уни Руҳул Амийн (Жаброил) сенинг қалбингга, огоҳлантирувчилардан бўлишинг учун очиқ-ойдин араб тилида олиб тушди…», деган (Шуаро сураси, 192-195-оятлар). Шунингдек, У Зот субҳанаҳу ва таоло: «У (Қуръон) юбориладиган ваҳий, холос», деган (Нажм сураси, 4-оят). Ушбу таърифдаги ваҳий – Қуръоннинг моҳияти, манбаи ва нақл қилиш воситасини белгиловчи энг муҳим унсурдир.

д) тиловати ибодат экани:

Қуръони Каримнинг оятларини тиловат қилиш, ўқиш ибодатдир. Мўмин банда бу билан Холиқига яқинлашади. Бунинг учун унга буюк ажру савоблар битилади. Буни Қуръон тиловатининг фазли ҳақидаги сўз кетганда келтириб ўтамиз.

Ибодат бобида тиловатнинг аҳамияти шуки, намоз Қуръон оятлари  қироатисиз саҳиҳ бўлмайди, зикр ва дуолар қироатнинг ўрнини босмайди. Аллоҳ таоло: «У сизларнинг буни ҳеч уддалай олмаслигингизни билиб, сизларга (енгилликни) қайтарди. Энди Қуръондан муяссар бўлганича қироат қилинглар», деган (Муззаммил сураси, 20-оят). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Фотиҳатул Китобни ўқимаганнинг намози йўқдир», деганлар (Имом Бухорий «Сифатус-солаат»да ривоят қилган).

* Фотиҳатул Китоб – Фотиҳа сурасининг номларидан бири бўлиб, «Қуръон очқичи» деган маънони англатади.

г) мутавотир йўл билан нақл қилингани:

Мутавотирнинг маъноси қуйидагича: «Мутавотир хабар – кўпчиликнинг ўзларига ўхшаган кўпчиликдан ривоят қилган хабар бўлиб, бунда мазкур ровийларнинг ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаслиги лозим». Тарих шуни кўрсатадики, Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобалари Қуръонни у Зотнинг оғзиларидан оғзаки ўрганганлар, уларнинг кўпчилиги уни тўлиқ ёд олиб, кейинги авлодларга, тобеинларга нақл қилишган. Шу тарзда Қуръон авлоддан авлодга ўтиб, бизгача етиб келган. Шунинг учун Қуръон бизларга мутавотир йўл билан нақл қилинган, деб қатъий айта оламиз. Қуръонни Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан то бизгача ростгўй, ҳифзи кучли, ёлғонга келишиб олиши мумкин бўлмаган даражада кўп мусулмонлар жамоаси ўзларига ўхшаган мусулмонлар жамоасидан нақл қилиб келган. Кейинги мавзуларимизда ота-боболаримиз Қуръони Каримни қандай қилиб қалбларига жо қилгани, сатрларга битган ҳолда бизларгача нақл қилиб келганини батафсил ёритамиз.

Бу борада мусулмон банданинг кўнглини хотиржам қиладиган, ишончини янада кучайтирадиган нарса Аллоҳ таолонинг «Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, Биз унга муҳофазачимиз», деган сўзидир (Ҳижр сураси, 9-оят).

Қуръоннинг таърифидаги ушбу тўрт унсур Қуръоннинг ҳақиқатини белгилаб беради ҳамда уни ҳадиси қудсийлар, набавий ҳадислар, шоз қироатлар, сўзма-сўз таржима ёки сўзма-сўз бўлмаган таржималардан ажратиб туради. Зеро, ҳадис ожиз қолдирувчи эмас, шоз қироатлар мутавотир йўл билан нақл қилинмаган, таржима эса нозил бўлган лафзлар эмасдир.

***

(давоми бор)

 

Муҳаммад Алий Муҳаммад Юсуф тайёрлади