«Улумул Қуръон»нинг таърифи, мавзуси, фойдалари ва тарихи | ||||
|
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Динимизнинг тамал тоши бўлмиш Қуръони Каримни ўрганиш ва ўргатиш энг улуғ ибодатлардан биридир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Сизларнинг энг яхшиларингиз – Қуръонни ўрганган ва уни ўргатганлардир», деб марҳамат қилганлар. Шу боис, Аллоҳ таолонинг розилигини истаган ҳолда Қуръони Каримга оид илмларнинг асоси бўлган Улумул Қуръон илмига оид асарлардан бири – «Возиҳ фи улумил Қуръон»нинг мухтасар таржимаси ҳамда баъзи изоҳ ва шарҳларини сиз азизларга тақдим этишни ният қилдик. Бу асар замондош уламоларимиздан доктор Мустафо Дийб Буғо ҳамда Муҳйиддин Дийб Мустуларнинг қаламига мансубдир.
Кириш «Улумул Қуръон»нинг таърифи, мавзуси, фойдалари ва тарихи
1. «Улумул Қуръон»нинг таърифи: Бу илм – Қуръони Каримнинг нозил бўлиши, тартиби, жамланиши, китобати (ёзилиши), қироати, муҳкам ва муташобиҳи, носих ва мансухи, эъжози, ундан турли шубҳаларни даф қилиш ва бошқа мавзуларда баҳс юритадиган илмдир. Ушбу таърифдан «Улумул Қуръон» (Қуръон илмлари) пайдо бўлишида ҳам, такомиллашишида ҳам арабий, исломий илм экани кўриниб турибди. Бу илм Қуръони Каримнинг нозил бўлишидан бошлаб пайдо бўла бошлаган ва у Қиёмат қоим бўлгунча такомиллашиб бораверади. 2. Мавзуси: Бу илм мазкур таърифда санаб ўтилган мавзулар тўғрисида сўз юритади. 3. Фойдалари: Бу илмни ўрганганлар Қуръони Карим тўғрисида теран ва кенг илмга эга бўлади, ундаги манфаатли билимлар билан қуролланиб, Китобул азизнинг шаънини гўзал тарзда ҳимоя қилади, тафсирининг туб-тубигача шўнғийди. Бу илм бир жиҳатидан «Мусталаҳул ҳадис» – ҳадис илмига ҳам ўхшаб кетади. 4. «Улумул Қуръон»нинг тарихи: а) тадвин – тартиб билан ёзилишидан олдинги босқич: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва у Зотнинг саҳобалари Қуръон ва ундаги илмлари борасида кейинги асрларда бу илмни тартиблаб, уни алоҳида илм шаклига келтирган уламолар билган барча маълумотларни билишган, бироқ уларнинг билимлари тадвин қилинмаган, бир китобга жамланмаган, чунки у пайтларда бунга эҳтиёж ҳам сезишмаган. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларнинг орасида бўлганлар, у Зотга ваҳий тушиб турган, у Зот нозил бўлган оятларни уларга тиловат қилиб турганлар, Роббларидан келган ваҳийнинг маънолари ва сир-асрорларини уларга очиқлаб бериб турганлар. Саҳобалар асл араб бўлишган, зеҳнларининг ўткирлиги, бадиий завқи билан машҳур бўлишган. Шунинг учун улар Қуръон илмларидан биз тушунмаган дақиқ нукталарни ҳам тушуниб етишган. Аммо уларнинг аксари ўқиш-ёзишни билмаган, ёзув қуроллари ҳам жуда ибтидоий, камёб бўлган. Шундай бўлишига қарамай, саҳобаи киромлар Ислом ва унинг таълимотларини, Қуръон ва унинг илмларини оғзаки тарқатишда катта ғайрат кўрсатишган. б) Қуръон илмларини ёзишга тайёргарлик босқичи: Учинчи халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврида Қуръон «имом мусҳафи»га жамланиб, ундан бир қанча нусхалар кўчирилиб, Ислом диёрларига юборилгани Қуръони Каримни хатга тушириш – «расми хат» илмига асос бўлган. Алий (розияллоҳу анҳу)нинг даврида эса у киши Абу Асвад Дуалийга Қуръон тилининг хато ўқилиши ва бузилиб кетилишининг олдини олиш учун айрим қоидаларни тузишга буюргани «наҳв» илмига асос бўлган. Умавийлар даврида эса бир қанча саҳоба ва тобеинлар «Тафсир» илми, «Асбобун-нузул» – оятларнинг нозил бўлиш сабаблари илмига, «Носих ва мансух» илмига, «Ғорибул Қуръон» – Қуръондаги нотаниш сўзларни изоҳлаш илмига асос солишга ҳиссаларини қўшишган. в) тадвин босқичи: Ушбу даврда (умавийлар даврида) Қуръон илмларининг турлари ҳақида кўп китоблар таълиф қилинди. Уламолар дастлаб ўз ҳимматларини қуръоний илмларнинг онаси бўлмиш тафсир илмига қаратишди. Биринчилардан бўлиб Шуъба ибн Ҳажжож, Суфён ибн Уяйна ва Вакеъ ибн Жарроҳлар тафсир ёзишди. Уларнинг тафсирлари саҳоба ва тобеинларнинг оятларнинг тафсири ҳақида айтган сўзларининг тўплами эди. Уларнинг ортидан Табарий (310 ҳ.с. вафот этган) ўз тафсирини ёзди. Қуръон илмларидан яна бири бўлмиш «Асбобун-нузул» – оятларнинг нозил бўлиш сабаблари илми борасида имом Бухорийнинг шайхи Алий ибн Мадиний (234 ҳ.с. вафот этган) китоб ёзди. Абу Қосим Саллом (224 ҳ.с. вафот этган) эса «Носих ва мансух» илми ҳақида китоб таълиф қилди. Икковлари ҳам учинчи ҳижрий аср уламоларидандир. Абу Бакр Сижистоний (330 ҳ.с. вафот этган) «Ғорибул Қуръон» – Қуръондаги нотаниш сўзларни изоҳлаш илми ҳақида китоб битди. Бу киши тўртинчи ҳижрий аср уламоларидандир. Алий ибн Саийд Ҳуфий «Эъробул Қурон» – Қуръон эъроби ҳақида китоб ёзди. Бу киши бешинчи ҳижрий аср уламоларидан саналади. Ушбу асрда «Улумул Қуръон» истилоҳи (термини) пайдо бўлди. Биринчи бўлиб бу илмда Алий ибн Саид Ҳуфий (430 ҳ.с. вафот этган) китоб таълиф қилди ва унинг номини «Бурҳон фии улумил Қуръан» деб атади. Бу китоб 30 жилддан иборат бўлиб, ҳозирда унинг 15 жилди Дорул кутубил Мисрияда сақланмоқда. Олтинчи ҳижрий асрда Ибн Жавзий (597 ҳ.с. вафот этган) Қуръон илмлари ҳақида «Фунунул афнон фии улумил Қуръан» ва «Мужтабаа фии улумин татаъаллақу бил Қуръан» номли иккита китоб таълиф қилган. Еттинчи ҳижрий асрда Аламуддин Саховий (641 ҳ.с. вафот этган) бу фанда яна бир китоб таълиф қилиб, уни «Жамаалул қурроъ» деб атаган. Абу Шома (665 ҳ.с. вафот этган) ҳам бир китоб таълиф қилиб, «Муршидул важиз фии маа ятаъаллақу бил Қуръанил азиз» деб атаган. Саккизинчи ҳижрий асрда Бадруддин Заркаший (794 ҳ.с. вафот этган) бу фанга оид «Бурҳаан фии улумил Қуръан» номли муфассал китоб ёзган. Тақийюддин Аҳмад Ҳарроний (728 ҳ.с. вафот этган) тафсир усуллари тўғрисида Қуръон илмларининг баъзи мавзуларини ўз ичига олган бир рисола таълиф қилган. Тўққизинчи ҳижрий асрда Муҳаммад ибн Сулаймон Кафижий (873 ҳ.с. вафот этган) Қуръон илмлари ҳақида бир китоб таълиф қилган. Шунингдек, Жалолуддин Балқиний (824 ҳ.с. вафот этган) «Маваақеъул улуум мин маваақеъун-нужуум» деган китобни таълиф қилган. Ўнинчи ҳижрий санада Жалолиддин Суютий (911 ҳ.с. вафот этган) «Итқон фи улумил Қуръан» деган машҳур китобини таълиф қилган. Бу асар ушбу фаннинг мавзуларини ўз ичига жамлаган китобларнинг энг яхшиси саналади. Муаллиф ўзидан олдинги асарлардан фойдаланиб, буларга яна қўшимча қўшган. Ҳозирги уйғониш даврида араб кутубхоналари бойиб, қуръоний мавзулар ҳақида, хусусан, Қуръон илмлари тўғрисида китоблар билан тўлиб-тошиб кетди. Мисол тариқасида қуйидаги китобларни санаб ўтишимиз мумкин: «Тибён фи улумил Қуръан» (Шайх Тоҳир Жазоирий). «Манҳажул Фурқон фии улумил Қуръан» (Шайх Муҳаммад Али Салома). «Маноҳилул ирфон фии улумил Қуръан» (Шайх Муҳаммад Абдулазим Зарқоний). «Мабоҳис фи улумил Қуръан» (доктор Субҳий Солиҳ). «Мин роваиъил Қуръан» (доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий). «Мабоҳис фи улумил Қуръан» (Манноул Қаттон).
Муҳаммад Алий Муҳаммад Юсуф тайёрлади |