Қуръон оятларидаги мўжизалар | ||||
|
«Сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми?» Қуръон ва табиат ҳодисалари мўъжизаларига бой Китоб бўлиб, буларда Аллоҳ таолонинг қанчалик улуғ зот еканлигини ҳис этиш мумкин. Бирор бир устоз ўзининг сараланган шогирдларини имтиҳон қилса, ана шу шогирдларига бир қанча топшириқлар бериб синайди. Шу имтиҳон қилишида шогирдлари адашмаслик учун тўғри мақсадга етишда уларга тўғри йўлни кўрсатади. Аллоҳ таоло ҳам бу дунёда ва Қуръонда жуда кўп тўғри йўлга бошлайдиган аломатларини равшан қилиб қўйган. Қуръон араб тилида нозил қилинган бўлиб, унинг ҳақиқий мўъжизасини тўлиқ тушуниш учун ана шу тилни билиш керак. Кўпчилик араб тилини билмагани сабабли ундаги айрим мўъжизаларни эслаб ўтамиз. Қуръони Карим – кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун туширилган илоҳий Китоб. Коинот, мавжудот ва илмий масалаларда баҳс юритиш унинг вазифаси эмас. Лекин унда шундай бир илмий ҳақиқатлар борки, Қуръони Каримнинг илоҳий, мўъжизакор китоб эканлигига яна бир карра далилдир. Маълумки, Набий (алайҳиссалом) Маккада ўсганлар, у ерда илм-маърифат, мадраса ёки илмий муассаса асло бўлмаган. Демак, Пайғамбар (алайҳиссалом) илмий муҳитдан мутлақо бехабар эдилар. Лекин юқорида айтганимиздек, Қуръони Каримда шундай илмий масалалар зикр қилинганки, уни на ўша вақтда ва на ундан кейинги вақтларда ҳам ҳеч ким билмаган. Фақат бизнинг асримизга келиб, илм-фан тараққий этган бир даврдагина Қуръони Каримдаги илмий ҳикматларга изоҳ топила бошлади. Анбиё сурасида шундай дейилади: «Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми?» (30-оят). Яъни осмонлару ер, аслида бир нарса бўлиб, кейин бир-биридан ажралган. Бу Қуръони Каримдаги мўъжизалардан бири бўлиб, уни ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлади. Олимларнинг айтишича, бутун борлиқ бир газдан иборат, кейин бўлакларга бўлинган. Қуёш галактикасига кирувчи олам ҳам шу бўлинишдан келиб чиққан. Бунинг далили сифатида уламолар айтишадики, ерда 92 хил модда бўлиб, шундан 67 таси қуёшда ҳам бор. Демак, ердаги моддаларнинг ҳаммаси ҳам қуёшда борлиги эҳтимолдан холи эмас. Қуёшдаги кўплаб моддалар ерда ҳам учрар экан. Масалан, кислород, азот, фосфор, темир, карбон ва ҳоказо.
Ойда ҳам ердаги моддалар мавжудлиги аниқланди. Бундан чиқадики, оламдаги барча нарсаларнинг асли, Қуръони Каримда айтилганидек, бир экан. Энди оятнинг «Ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми?» деган қисмига келсак, бу уламолар сирини очган илмий ҳақиқатдан энг каттаси, десак, муболаға бўлмайди. Ҳаёт ва ўсиш учун зарур ҳисобланган барча кимёвий ўзгаришлар, шубҳасиз, сувсиз бўлмайди. Сув ҳаётнинг давом этиши, барча коинот ва набототларнинг яшаши учун асосий моддадир. Ер юзининг тўртдан уч қисми сувдан иборат. Сувнинг хусусиятларидан бири ер юзидаги ҳароратнинг бир хил мўътадил сақланиб туришини таъминлайди. Ахир бу – ер юзида ҳаёт бўлишининг бош омили. Сувнинг хусусиятлари жуда кўп, уларнинг ҳар бири Аллоҳ таоло сувни ўзининг махлуқларига зарур нарса қилиб яратганлигига далилдир. Сув музлаганда зичлиги камайиб, ҳажми катталашадиган ягона модда. Шу хусусият сабабли совуқ қаттиқ бўлганида муз сувнинг юзасига кўтарилиб, бошқа қаттиқ модда сув тубига чўкиши муқаррар. Муз эса сувнинг устида туриб, унинг ҳароратини сақлаб туради. Бу сув ҳайвонлари учун ниҳоятда зарур. Паст даражали ҳароратда сув ўзига кўп миқдорда кислород тортади. Музлаган сувдан эса ҳарорат кўтарилиб, дарё ва денгизларда яшовчи сув ҳайвонларининг ҳаёти сақланади. Қуръони Каримнинг мўъжизасини қарангки, озгина сўзлар билан ер юзидаги ҳаётнинг чексиз сирлари баён этилади. Фақат мана шу оятнинг ўзи ҳам Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақиқий Пайғамбар, Қуръони Каримнинг ҳақиқий илоҳий Китоб эканлигига яққол далилдир.
Ҳаcанбой Эргашов |