A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръони каримнинг тушиш ҳолатлари
PDF Босма E-mail

Қуръон Карим узлуксиз эмас, балки 23 йил мобайнида тарқоқ ҳолда тушди. Гоҳо бир оят, айрим ҳолларда ўнтагача оят кетма-кет ваҳий орқали нозил бўлди.
Бунинг сабаби шундаки, Қуръон оятлари кишиларга яхшироқ сингиши ва қалбларга жо бўлиши назарда тутилган, қолаверса, атроф-муҳит воқеалари, шарт-шароит ҳисобга олинган оятларнинг ҳужжат сифатида эътиборга тушиши ва мўъжизакор қуввати шунга қараб ортган.
Башарти Қуръон оятлари тарқоқ ҳолда эмас, балки пайдарпай тушган тақдирда ҳам кишиларда «биз бунчалик кўп йўл-йўриқларни бажара олмаймиз» деган баҳоналар туғилиши эҳтимолдан холи эмас. Қуръони Каримнинг тушиш тартиби одамларни ана шундай малолликдан халос этган.
Қуръони Каримнинг тарқоқ тушишида ҳикмат кўп. Чунончи ҳар қандай халқ аждодларидан ўтиб келган ва ўзи яшаётган тартиботлар, урф-одатлар ва расм-русумлардан бирданига воз кечиб юбормайди. Бу аста-секинлик билан содир бўладиган жараёндир. Қуръон оятларининг тарқоқ ҳолда ва кун, йиллар мобайнида тушишида ҳамда Исломий тартиб-қоидалар кишилар ҳаётида қарор топа боришида ҳам ушбу омил ҳисобга олин-ган.
Оятларнинг тарқоқ тушишидаги сўнгги ҳикматуни ёд олувчиларга(хусусан хат-саводи бўлмаган саҳобалар учун) мушкуллик туғдирмаслиги ҳисобга олинган.
Ер юзидаги ҳеч бир халқ ўзида мавжуд бирор китобида ё оғзаки ижодида Қуръон сураларига ўхшаш бирорта сура келтиришга ожизлиги Қуръони Карим ҳақиқатдан Аллоҳнинг каломи эканига яна бир далилдир.
Қуръон тушишидан олдин ва хусусан Қуръон тушаётган пайтда арабларда сўз санъати − адабиёт (шеърият), ваъзхонлик бениҳоя олий даражада эди. Улар йил мобайнида бир неча сайл ва маросимлар ташкил этишар эди. Хусусан, Укоз деган жойда шеърхонлик ва ваъзхонлик бобида катта-катта мусобақалар ўтказилар,нуфузли ҳайъат аъзолари ҳакамлигида ғолиблар аниқланар эди.

Араблар бу қадар сўз санъатини улуғлашининг, маҳоратлари даражаси улканлигининг икки сабаби бор эди:
1. Одатда саҳро ҳаёти кишиларни хаёлчанликка ундайди, воқеликни шоирона идрок этиш эса хаёлчанлик мевасидир. Араблар шундай шароитда яшаганлар.
2. Айни чоғда улар қабила-қабила бўлиб яшаганлар. Бу тарзда ҳаёт кечириш ўзаро уруш, зиддият, тортишувларсиз бўлиши мумкин эмаслиги табиий.
Яъни ҳар бир қабила қўшни қабилага нисбатан (орада жанжалли низо бўлмаган тақдирда ҳам) ўз қадр-қимматини сақлашга, ўз фахри-ифтихорини кўз-кўз қилишга интилган. Бундай устунликнинг ягона йўли сўзга чечанлик, шоирлик эди. Мушоира устига мушоиралар, мубоҳасалар изидан мубоҳасалар, турган гaп, сўз санъатини олий мақомларга кўтараверган. Айни чоғда, сўз санъати соҳиблари ниҳоятда қадрланган, эъзозланган.
Қуръони Каримнинг сеҳрли оятлари ана шундай тарзда яшаётган бир халқ ҳузурига тушишга раво кўрилди. Арабистон ярим ороли халқлари Аллоҳ таоло каломини биринчи бўлиб ўз қалбларига жо этдилар.
Шу ўринда мантиқ ила қуролланган тафаккуримизни ишга солайлик-да, «Башарти Аллоҳнинг сўзлари юқорида биз айтиб ўтган даражадаги сўз сеҳргарларини лол қолдирмаса Қуръон Карим бу даражада муваффақият қозона олармиди?» деган саволни ўртага ташлайлик-чи?!  Қуръон Карим суралари арабларнинг ҳассос шоирларини ҳам лол қолдирмадими?!
Ҳа, энг мумтоз сўз соҳиблари ҳам Қуръон Карим оятларининг битмас-туганмас мўъжизаси олдида бош эгдилар. Тиллари лол қолди уларнинг.
Табиий, илоҳий оятларни ҳамма бирдан ва бирдек қабул қилмади. Кофирларнинг етакчилари янги динга ва Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг пайғамбарлигига Иймон кел-тирмадилар ва бунга қарши турли қаршиликлар кўрсатдилар: гоҳ «Қуръони Каримни оддий шеър» дедилар, гоҳ «қадимги халқлар афсоналари» дедилар. Муҳаммад (алайҳиссалом)ни эса дам телбага, дам фолбинга чиқардилар.
Лекин бунақанги ҳар қандай ҳаракат зое кетаверди.
Кези келганда яна биp далил келтирсак: арабларнинг сўзга чечанлигини айтдик. Хусусан, сухандонликда «елкаси ер искамаслиги учун сўнгсиз мубоҳасаю мушоирадан қайтмайдиган шоиру ваъзхонлар ўзларига рўпара келадиган рақибни енгиш учун доимо имкон ва маҳорат топганлар. Шундай экан, Қуръони Карим ҳам уларга бир рақиб маъносида тушди-ку! Нега улар Қуръон сураларидан ўтказиб бирор жумла ясай олмадилар? Нега энди уларнинг ижодий салоҳияти Қуръони Карим чақириқлари олдида бу қадар ожизлик қилиб қолди? Нега энди кейинчалик учраган бирор бузғунчи: «Aгap араблар истасалар, Қуръонга тенглашадиган китоб яратар эди», деган даъво билан бош кўтармади? Нега шундай?
Бу борада ҳам адолат Қуръон тарафида. Зеро, Аллоҳ даставвал араблардан Қуръон сингари бир нарса ижод этишни талаб қилди. Мазкур талаб Қуръони Каримнинг ушбу сўзларида мужассам: «Сен: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузуридаги у иккисидан кўра тўғрироқ бир китоб келтиринг, мен унга эргашаман», дегин. Агар сенга жавоб бера олмасалар, бас, билгинки, улар фақат ҳавои нафсларига эргашмоқдалар, холос. Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз ҳавои нафсига эргаш-гандан кўра ҳам гумроҳроқ кимса борми?! Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас» («Қасас» сураси, 49 -50-оятлар).
Ушбу оят Қуръони Каримдан 47 та сура тушган вақтда нозил бўлган. Уни эшитган араблар Қуръонга бас келадиган китоб яратиш тараддудига тушганлар, бироқ ҳарчанд уринмасинлар бунинг уддасидан чиқолмаганлар. Қуръони Каримнинг «Исро» сурасида айни шу ҳолат алоҳида таъкидланган, яъни одамлар ҳатто жинлар билан бирлашган тақдирда ҳам Қуръонга бас келадиган китоб ярата олмаслиги баён қилинган.
«Агар инсу жинлар тўпланиб, ушбу Қуръонга ўхшаш нарса келтирмоқчи бўлсалар, бунда баъзилари баъзиларга ёрдамчи бўлсалар ҳам, унга ўхшашини келтира олмаслар» («Исро» сураси, 88-оят).
Қуръони Каримнинг адолатпарварлигини, Аллоҳ марҳаматининг чексизлигини кўрингки, Қуръони Каримдаги ушбу таъкиддан сўнг иккинчи босқичда кишиларда янада ортиқча шубҳа-гумон қолмаслиги учун уларни холис «имтиҳонга» чорлайди. Яъни  «Ҳуд» сурасида тубандаги оятларни ўқиймиз: «Ёки: «Ўзи тўқиб олди», дерларми? Сен: «Бас, агар ростгўй бўлсаларингиз, Аллоҳдан бошқа кимни чақиришга қодир бўлсангиз, чақириб, бунга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтиринг-чи?!»  дегин. Агар жавоб бера олмасалар, бас, билингки, у фақатгина Аллоҳнинг илми ила нозил қилингандир. Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Энди мусулмон бўларсизлар?!» (13-14-оятлар).
Табиий, шубҳа-гумон эгалари Қуръони Каримнинг бу шарти олдида ҳам ожиз эканликларига ўзлари амин бўлдилар.
Учинчи босқичда Қуръони Карим улардан битта сура келтиришни талаб қилди. «Бақара» сурасида Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: «Ва агар бандамизга туширилган нарсамизга шакингиз бўлса, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва рост сўзловчилардан бўлсангиз, Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг. Бас, агар қила олмасанглар, ҳеч қачон қила олмайсизлар ҳам, ёқилғиси одамлар ва тош бўлган, кофирлар учун тайёрланган ўтдан қўрқинглар» (23 – 24-оятлар).
Бундай сўзларни одамларга қарата баралла айтишга ёлғиз Аллоҳгина қодир! Ўз бандаларининг ижодий салоҳиятини билган Аллоҳгина шундай қарорга келган ва уни баралла эълон қилган.
Мана, Қуръони Карим нозил бўлгандан буён неча асрлар ортда қолди, бу фоний дунёдан не-не уламою фузалолар, шоиру давронлар яшаб ўтмади, лекин биронта инсон фарзанди Қуръони Карим оятларининг охорини тўкадиган сўз ижод қилолмади, билъакс Қуръон мўъжизалари тан олинаверди.
Қуръони Каримнинг мўъжизаси фақат араб тили балоғат ва фасоҳати билан чекланиб қолмаган. Ўша Қуръони Карим нозил бўлиб турган пайтдаги одамларни лол қолдириш учун бошқа мўъжизалар ҳам келтирилган. Буларнинг ичида келажак ишлар ҳақида хабар бериш мўъжизаси ҳам бор эди. Биргина мисол келтирайлик.
Аллоҳ таоло «Рум» сурасида қуйидагиларни айтади: «Алиф. Лам. Мийм. Рум мағлуб бўлди. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. Саноқли йилларда. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир. Ўша кунда мўминлар шодланурлар. Аллоҳнинг нусратидан. У хоҳлаганига нусрат берур. Ва У азизу роҳиймдир» (1-5 оятлар).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) пайғамбарликларининг бешинчи йили (613 милодий) Рум ва Форс императорликлари орасида жуда катта ва қонли уруш рўй берди. Ўша пайтда Форсга Хусрав II, Румга Ҳеракл подшоҳлик қиларди. Бу икки давлатнинг ўзига яраша ерлари, аскарий куч-қувватлари бор эди. Ўша даврда Фаластин, Сурия, Миср, Ироқнинг бир қисми ва Кичик Осиё Румга тобе  эди. Мазкур урушда форсликлар Румга икки томондан ҳужум қилдилар. Дажла ва Фурот дарёлари бўйлаб Сурия ерларига, Озарбойжон ва Арманистон тарафдан Кичик Осиёга бостириб кирдилар. Форс лашкарлари Рум кучларини икки жабҳада ҳам енгиб, денгизгача таъқиб этиб бордилар. Улар Суриядаги насороларнинг барча муқаддас шаҳарларини эгалладилар. 614 милодий йилида бутун Фаластинни, жумладан, Қуддусни ҳам қўлга олдилар. Уруш давомида барча канисалар йиқитилди, диний бинолар хароб этилди. Форсликлар йигирма олти минг яҳудийни ва олтмиш мингдан зиёд христианни қиличдан ўтказдилар. Форс подшоҳи саройига ўлдирилган одамлардан ўттиз мингининг калласи келтирилди.
Уруш ҳаракатлари Мисрга ҳам етиб борди. 616 милодий йилида форсликлар Нил водийсини ишғол қилдилар. Сўнгра Искандарияга юриш этдилар. Бошқа томондан эса  бутун Кичик Осиёни қўлга киритиб, ўша пайтдаги Рум пойтахти Кустантанияга (Константинополга) унинг олдидаги бўғозга етиб келдилар. Форсликлар қаерни босиб олсалар, у ерда оташпарастлик ибодатхонаси қурар ва шу йўл билан христианлик ўрнига оташпарастликни жорий қилар эдилар. Бу катта мағлубиятдан сўнг Рум императорлигига қарашли бир қанча вилоят ва ўлкаларда марказий давлатга қарши исён кўтарилди. Африқо ва Оврупадаги бир қанча ўлкалар, ҳатто пойтахтга қўшни баъзи ўлкалар ҳам империя қарамоғидан чиққанларини эълон қилди. Қисқаси, шарқий Рум императорлиги парчаланди. Лашкар тарқалиб кетди. Хазина бўшаб қолди. Император Ҳеракл пойтахтни тарк этиб, Қартажага қочди. Ғалабадан сарҳуш бўлган форсликлар бирқанча шартларни қўйдилар. Император форсликларга, жумладан, минг юк тилло, минг юк кумуш, минг юк ипак, минг от, мингта аёл бериши шарт эди. Рум императорлиги бу талабларнинг ҳаммасини сўзсиз қабул қилди. Ўзаро шартнома имзоланди.
Румликларнинг вакиллари тўловларни тўлашга розиликларини билдириш учун Хусравнинг олдига кирганларида, у: «Бу етарли эмас, Император Ҳеракл ўзи занжирбанд ҳолда келиб, хочга осилган худосини қўйиб, оташга ва қуёшга топинишини истайман», деди.
Мана шунақа ишлар бўлиб ўтди.
Хуллас, румликларнинг мағлубиятини эшитган Макка мушриклари чексиз қувондилар ва мусулмонларга: «Сиз ва румликлар аҳли китобсизлар, биз ва форсликлар аҳли китоб эмасмиз, бизнинг шерикларимиз сизнинг шерикларингизни енгди, энди биз ҳам сизларни енгамиз», дедилар.
Ана шунда Аллоҳ таоло Рум сурасининг аввалги оятларини нозил қилди.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Алиф. Лам. Мийм. Рум мағлуб бўлди. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. Саноқли йилларда. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир. Ўша кунда мўминлар шодланурлар. Аллоҳнинг нусратидан. У хоҳлаганига нусрат берур. Ва У азизу роҳиймдир.
Яъни  Рум Форсдан енгилди. Бу ҳодиса арабларга яқин ерда бўлди. Рум ва Форс ерлари Арабистон ярим оролига бевосита чегарадошдир. Ва румликлар бу мағлубиятларидан кейин тезда, саноқли йиллар ичида қайтадан ғолиб бўлажаклар. Румликлар ғолиб бўладиган кунда мўминлар Аллоҳнинг нусратидан шодланадилар. Аллоҳ хоҳлаганига нусрат беради. Ва У Зот азиз (барчадан ғолиб) ва раҳм-шафқатлидир.
Форс ва Рум давлатлари орасидаги қирғинбарот уруш натижаларидан кейин бундай гапларни Аллоҳ таоло айтмаса, одам боласи журъат қилиб айта олмас эди. Ҳар қандай одамга, шунчалар қақшатқич зарбага учраган, тилка-пора бўлиб кетган Рум давлати қандай қилиб бир неча йил ичида қудратли Форс давлатини енга олади, деган фикр келиши турган гап эди. Шундай бўлди ҳам. Мушриклар қуръоний хабарни масхара қилиб кула бошлашди. Улар манзарани ўз қаричлари билан ўлчашар, аммо Аллоҳ таолонинг ўлчови бошқа экани хаёлларига келмасди.
Ушбу ҳодиса ҳақида бир қанча ривоятлар келган. Шулардан бири улуғ муфассир ва тарихчи Имом ибн Жарир Табарийнинг Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан қилган ривоятларидир:
«Мушриклар форсликларнинг румликлардан устун бўлишини орзу қилар эдилар. Мусулмонлар эса  румликларнинг форслардан устун бўлишини орзу қилар эдилар. Чунки улар аҳли китоб эдилар. Уларнинг динлари ўзаро яқин эди.
«Алиф. Лам. Мийм. Рум мағлуб бўлди. Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. Саноқли йилларда» оятлари нозил бўлганида, мушриклар:
«Эй Абу Бакр! Сенинг оғайнинг, Рум саноқли йилларда Форсдан устун бўлади, демоқда-я?!» дейишди. Абу Бакр:
«Тўғри айтади», дедилар. Улар:
«Биз билан гаров ўйнайсанми?», дейишди. Етти йил муддатга тўрттадан туяга гаров ўйнадилар. Етти йил ўтди. Ҳеч нарса бўлмади. Бундан мушриклар шодланишди. Мусул-монлар маҳзун бўлишди. Абу Бакр бўлиб ўтган гапни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва-саллам)га зикр қилдилар. У Зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Сизнингча, «бизъу» (саноқли йиллар) қанча?», деб сўрадилар. Абу Бакр:
«Ўндан оз», деб жавоб қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бор, гаровнинг устига яна зиёда қил ва муддатни икки йилга ошир», дедилар. Икки йил ўтмай туриб отлиқлар келиб, Рум Форс устидан ғолиб келганининг хабарини бердилар. Мўминлар бунда шодланишди!»
(Илова: У вақтларда гаров ҳаром бўлмаган эди. Ояти каримада Рум «бизъа» − саноқли йилларда ғолиб келиши айтилган эди. Демак, ўн йилдан оз муддатда, деганидир. Шунинг учун ҳам мушриклар етти йил ўтса ҳам, бир гап бўлмаганидан хупсанд бўлдилар. Аммо Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ояти каримада айтилган нарса бўлишига тўла ишончда эдилар. Шунинг учун ҳам у Зот ҳазрати Абу Бакрга гаров қийматини оширишни иршод қилдилар. Аллоҳнинг айтгани содир бўлди.)
Ҳа, мазкур оятларда айтилганидек,
«Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир».
Яъни  румликларнинг мағлубиятга учрашларидан олдин ҳам, ундан кейин ҳам дунёдаги барча ишлар Аллоҳнинг иродасига боғлиқ эди ва шундай бўлиб қолади. Фақат У Зотнинг хоҳлагани бўлади. Аллоҳ таоло румликларнинг саноқли йилларда ғалаба қозонишини айтган эди. У кун келади. Ва:
«Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусратидан шодланурлар».
Шундай бўлди ҳам. Аллоҳ румликларга ғалаба берди. Мўминлар бундан шодландилар.
«У хоҳлаганига нусрат берур».
Аллоҳ таоло кимга хоҳласа, шунга нусрат беради. Унинг хоҳишига ҳеч ким тўсиқ бўла олмайди.
«Ва У азизу роҳиймдир».
Аллоҳ азиз, ҳамманинг устидан ғолиб ва барчага меҳрибондир. Маълумки, Аллоҳ таоло вақти-соати келиб румликларни форсдан, мусулмонларни мушриклардан устун қилди. Бу оятлар тушган пайтда ҳеч бир одам боласи румликлар форсдан, мусулмонлар мушриклардан ғолиб келишини тасаввурига сиғдира олган эмас. Лекин орадан оятда айтилган саноқли йиллар – тўққиз йил ўтиб, румликлар форсликлар устидан ғолиб келдилар. Айни вақтда, мусулмонлар Бадр урушида ўзларига нисбатан сон ва қурол жиҳатидан бир неча марта устун бўлган мушриклар устидан инсоният тарихини ўзгартирган ғалабага эришдилар. Ҳамда Аллоҳ ваъда қилган нусратга етишиб, шод бўлдилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)