Бақара сураси тавсифи | ||||
|
Суранинг номи маъноси: сигир Номланиш сабаби: Мусо (алайҳиссалом) даврида Бани Исроил қавмида бир киши ўлдирилиб, унинг қотили топилмагач, Аллоҳ таоло ваҳий қилиб, бир сигир сўйишни ва ўша сигирнинг баъзи қисми билан ўша ўликни уришни амр қилади. Шундай қилинганда ўлик тирилиб, қотилини айтиб беради. Бу Аллоҳ таолонинг қудратига, У Зот ўликларни қайта тирилтира олишига очиқ-ойдин ҳужжатдир. Бақара сурасида қисса ва ҳукмлар кўп. Аммо улар ичида сигир сўйиш ҳақидаги қисса машҳур ва шомил – ўзида кўп ҳикматларни жамлагани учун мазкур сура «Бақара» (сигир) сураси деб номланган.
Қайси турга мансуб: тивол
Нозил қилинган жойи: Мадина
Оятлар сони: 286.
Тартиб рақами: Бақара сурасининг Қуръони Каримдаги тартиби иккинчи. Бу сура Мадинада нозил қилинган илк сура ҳисобланади.
Сабаби нузул: Мужоҳиддан ривоят қилинишича, Бақара сурасининг аввалги тўрт ояти мўминлар, ундан кейинги икки оят кофирлар, ундан кейин келувчи ўн уч оят мунофиқлар ҳақида нозил бўлган.
Заҳҳокдан ривоят қилинишича, «...албатта, кофир бўлганлар...» ояти Абу Жаҳл ва унинг оила аъзоларидан бўлган беш киши ҳақида нозил бўлган.
Сура мазмуни: Бақара сурасида ҳар бир мўмин-мусулмон учун зарур шаръий ҳукмлар, Аллоҳ қудратига далолат қилувчи оятлар, ибратли қиссалар ўрин олган.
Бу сура ҳуруфи муқаттаъот билан бошланувчи суралар сирасига киради. Сура аввалида мўмин, кофир ва мунофиқлар сифати келтирилган. Айниқса, мунофиқларга хос чиркин одатлар батафсил баён қилинган. Бу сурада Одам (алайҳиссалом)нинг яратилиши, Бани Исроил қавмининг Мусо (алайҳиссалом) билан бўлган қиссаси, Толут ва Жолут қиссаси, яна кўплаб шаръий ҳукмлар, айниқса, никоҳ ва талоққа оид ҳукмлар кенг ёритилган. Одамлар ўртасидаги муомалаларга оид ҳукмлар, хусусан, қарз олди-бердиси ҳақида ҳукм ҳам айнан Бақара сурасидан ўрин олган. Сура сўнггида Аллоҳ таоло бандаларига қандай дуо қилишни таълим беради.
Суранинг фазилати: Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Уйларингизни қабристонга айлантириб олманглар. Шайтон Бақара (сураси) ўқиладиган уйдан қочади» (Муслим, Термизий, Насоий, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривояти).
Шаъбийдан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Ким кечаси Бақара сурасидан ўн оят ўқиса, шайтон ўша кечада унинг уйига кирмайди: тўрт оят бошидан, Оятул-курсий (бир оят), ундан сўнг икки оят ва (Бақара)нинг охиридан уч оят», деган» (Доримий, Байҳақий ва Табароний ишончли ровийлардан ривоят қилган).
Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Ҳар бир нарсанинг саноми (энг юқори нуқтаси) бўлади. Қуръоннинг саноми Бақара сурасидир. Ким уни кечаси уйида тиловат қилса, уч кеча унинг уйига шайтон кирмайди. Ким уни кундузи уйида тиловат қилса, шайтон унинг уйига уч кун кирмайди» (Табароний ва Ибн Ҳиббон ривояти. Ривоят санади заиф).
Зубайд Абдураҳмон ибн Асваддан ривоят қилади: «Ким Бақарани ўқиса, бунинг эвазига унга жаннатда тож кийдирилади» (Доримий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Бақара сурасининг умумий фазилати ҳақида ривоятлар кўп. Аммо ундан баъзи оятларнинг, масалан, Оятул курсий ва Бақаранинг охирги оятлари фазилати ҳақида ҳам алоҳида ривоятлар бор.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Қуръон оятларининг саййиди Оятул курсийдир» (Ҳоким ривоят қилган ва: «Бу саҳиҳ санадли ҳадис, аммо икки шайх ривоят қилишмаган», деган).
Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ ( соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилади: «Менга Аршнинг остидаги хазина уйидан Бақара сурасининг охирлари (яъни охирги оятлари) берилди. Улар мендан аввал бирон пайғамбарга берилмаган эди» (Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).
Эътиборга молик маълумотлар: Бақара сураси Қуръони Каримдаги энг узун сурадир. Энг узун оят ҳам айнан мазкур сурада бўлиб, у қарз ҳақидаги 282-оятдир. Бу оят тўлиқ бир бетни ташкил қилади.
|