A-
 A 
A+
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
https://old.quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон, унинг ҳофизлари ва муаллимлари фазилатлари
PDF Босма E-mail

Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, Қуръони Каримнинг ўзига хос тавсифини қилишга инсоннинг тили ҳам, қалами ҳам ожиз.
Бу улуғ китобнинг энг олий васфи уни нозил қилган Зот Аллоҳ таолонинг Ўз китобида келтирган ояти карималаридир.
Кўпдан буён Қуръони Каримнинг ўзида, шу китоб ҳақида келган оятларни бир жойга тўплаб ўқувчиларга тақдим қилиш ниятимиз бор эди. Қулай фурсат келганида ўша орзуни амалга оширишга қарор қилдик.

Аммо баъзи бир эътиборларга кўра, ҳамма оятларни келтира олмадик. Келтирган оятларимизни ҳам турли мавзуларга бўлиб, ораларига инсоний сунъийлик қўшгимиз келмади.
Аввал шарҳ қилаётган китобимизда келган уч ояти каримани келтириб туриб, кейин бошқаларини келтиришни лозим кўрдик.

Аллоҳ таоло: «Албатта, у Қуръони Каримдир. У Сақланган китобдадир. Уни фақат покланганларгина ушлайдир. У оламларнинг Роббисидан туширилгандир» (Воқеа, 77–80), деган.
Ушбу Қуръони Каримнинг ўзини ва сифатларини баён қилувчи оятлардан олдин келган ояти карималарда Аллоҳ таоло юлдузларнинг жойлари билан қасам ичган.
Ўша оятларда юлдузларнинг жойлари билан қасам ичишдан мақсад Қуръони Каримни тасдиқлашдир.
Демак, Аллоҳ таоло қасам ичиб қуйидаги ҳақиқатларни таъкидламоқда.
«Албатта, у Қуръони Каримдир».
Албатта, ўша Муҳаммад (алайҳиссалом)га туширилган ва динсизлар инкор қилаётган нарса – Қуръони Карим.
«У Сақланган китобдадир».
Яъни  Қуръони Карим ўзгариш, алмаштиришдан ва барча сақланиш лозим бўлган нарсалардан сақланган Лавҳул Маҳфуз, деб номланган китобдадир. Шундоқ бўлганидан кейин, Қуръони Карим ҳам ўзгаришдан, алмаштиришдан ва барча сақланиш лозим бўлган нарсалардан сақланган китобдир.
«Уни фақат покланганларгина ушлайдир».
Яъни  Қуръони Каримни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан турли нолойиқ нарсалардан Аллоҳ таоло томонидан покланган фаришталаргина ушлайдилар. Бошқалар ушлай олмайдилар.
Шунингдек, Қуръони Каримни жанобатдан ва кичик нопокликлардан тозаланиб, ғусл ва таҳорат қилган мўмин-мусулмонларгина ушлайдилар. Қуръони Каримни ушлаш учун таҳоратли бўлиш вожиблиги ҳақидаги ҳукм ушбу ояти каримадан олинган.
Ушбу ояти кариманинг маъноси ҳам, ҳукми ҳам Қуръони Карим Аллоҳнинг наздида қанчалик улуғ эътиборга сазовор эканини яққол кўрсатади.
«У оламларнинг Роббисидан туширилгандир».
Ҳа, Қуръони Карим тўлалигича, ҳар бир ҳарфигача барча оламларнинг Роббиси, Холиқи, Розиқи, Тарбиячиси ва Тадбирини қилувчиси бўлмиш Аллоҳ таоло томонидан туширилгандир. Унинг бирор ҳарфи ҳам Аллоҳдан бошқага мансуб эмас.

Аллоҳ таоло яна: «Эй одамлар! Сизга Роббингиздан бурҳон келди ва сизга аниқ нурни нозил қилдик» (Нисо, 174), деган.
Ушбу бурҳон Қуръони Каримдир.
Ушбу бурҳон Аллоҳ таоло ягоналигининг бурҳонидир.
Ушбу бурҳон Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг ҳақликлари бурҳонидир.
Ушбу бурҳон Исломнинг икки дунё саодатига элтувчи дин эканининг бурҳонидир.
Аллоҳ таоло Ўз бандаларига раҳм этиб, уларга икки дунё бахтига эришиш дастури қилиб нозил этган бу Қуръон аниқ нурдир.

Аллоҳ таоло яна: «Ана шунга ўхшаш, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Сен китоб нималигини ҳам, иймон нималигини ҳам идрок қилмас эдинг. Лекин Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан кимни хоҳласак, ҳидоят қилурмиз. Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан.
Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳнинг йўлига (ҳидоят қилурсан). Огоҳ бўлингким, барча ишлар Аллоҳгагина қайтур» (Шўро, 52–53), деган.
Яъни  аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек, Биз сенга ўз ихтиёримиз ва амримиз ила инсониятга маънавий руҳ – жон қилиб, Қуръонни туширдик. Аллоҳ таоло бу ояти каримада Қуръони Каримни, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ваҳий орқали юборган сўнгги китобини руҳ – жон, деб атамоқда.
«Ана шунга ўхшаш, Биз сенга ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик».
Дарҳақиқат, Қуръони Карим инсоният учун энг мақбул, энг зарур маънавий руҳдир.
Фақат Қуръони Карим инсоният учун маънавий мақбул руҳ бўла олади.
Фақат у билангина инсоният маънавий жиҳатдан тирик бўла олади.
Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Уни Аллоҳ таолонинг Ўзи Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ваҳий орқали нозил қилган.
Кофир ва мушриклар даъво қилаётгандек, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръонни ўзлари тўқиб олган эмаслар.
Чунки ваҳий келмасдан олдин:
«Сен китоб нималигини ҳам, иймон нималигини ҳам идрок қилмас эдинг».
Ўқишни, ёзишни ўрганмаган уммий эдинг, дин нима, диёнат нима, ваҳий нима, илоҳий китоб нима билмас ҳам эдинг. Агар буларни билганингда ўқиб-ўрганганларидан таъсирланиб, ўзига дин тўқиб олиб, китоб нозил бўлди, деб даъво қилмоқда десалар бўлар эди.
«Лекин Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан кимни хоҳласак, ҳидоят қилурмиз».
Ўша китобни – Қуръонни сен тўқиганинг йўқ. Уни Биз ўзимиз бир нур қилиб қўйдик. Ўша нур ила бандаларимиздан кимни хоҳласак, жоҳилият зулуматларидан Ислом-иймон ёруғлигига чиқарамиз. Ушбу китобга амал қила бориб,
«Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан».
«Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳнинг йўлига (ҳидоят қилурсан). Огоҳ бўлингким, барча ишлар Аллоҳгагина қайтур».
Яъни  эй Муҳаммад, сен одамларни ҳидоят қиладиган тўғри йўл – осмонлару ердаги барча нарсаларнинг молики бўлмиш Аллоҳ таолонинг йўлидир. Сен Аллоҳнинг китоби ваҳийлари ила Аллоҳнинг бандаларини Аллоҳнинг тўғри йўлига ҳидоят қилурсан. Эй одамлар!
«Огоҳ бўлингким, барча ишлар Аллоҳгагина қайтур».
Аллоҳ таоло яна:
«Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир» (Бақара, 2), деган.
Яъни  Қуръони Карим шундай китобки, унинг ҳақлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Унда ҳамма нарса очиқ-ойдин, аниқ-равшандир.
Қуръони Каримнинг яна бир сифати «тақводорларга ҳидоятдир».
Ҳидоят лутф билан мақсадга эриштиргувчи йўлни кўрсатишдир. Тақводорлар эса  уқубатга элтгувчи нарсалардан сақланадиган кишилардир.
Демак, Қуръони Карим ҳидоятидан баҳраманд бўлиш учун тақводор бўлиш керак экан. Тақвосиз қалбга Қуръони Карим ҳидоят солмайди. Кимки Қуръони Каримдан ҳидоят олибдими, демак, унда тақво бор экан.
Аллоҳ таоло яна:
«Батаҳқиқ, сенга равшан оятларни туширдик, уларга фақат фосиқларгина куфр келтирур» (Бақара, 99), деган.
Қуръони Карим оятларини Аллоҳ таоло очиқ-ойдин, равшан қилиб туширган, уларни инсоф билан ўрганган ҳар бир инсон, албатта, иймон келтиради. Фақат фосиқ ва табиати бузуқларгина куфр келтиришади.
Аллоҳ таоло яна:
«У сенга китобни ҳақ ила, ўзидан аввалги нарсани тасдиқловчи қилиб туширди. Ундан олдин одамларга ҳидоят қилиб Таврот ва Инжилни туширди.
Ва Фурқонни ҳам туширди...»
Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганларга шиддатли азоб бор. Аллоҳ азиз ва интиқом олувчи Зотдир» (Оли Имрон, 3–4), деган.
Аллоҳ ягона бўлганидан, башариятни тўғри йўлга бошловчи, илоҳий китоблар туширувчи масдар ҳам ягонадир. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)га хитоб орқали баён қилмоқда:
«У сенга китобни ҳақ ила, ўзидан аввалги нарсани тасдиқловчи қилиб туширди».
Демак, Муҳаммад (алайҳиссалом)га тушган китобни ҳам Аллоҳнинг ўзи туширган, китобларнинг тушиши башарият учун янгилик эмас, Қуръон ҳам аввалги тушган илоҳий китобларнинг давоми, холос.
Ушбу ҳақиқатни бу китобнинг ўзидан аввалги китобларни тасдиқловчи қилиб туширилганлигидан ҳам билиб олса бўлади.
Аҳли китоблар – яҳудий ва насоролар Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг пайғамбарликларини ва у Зотга туширилган Қуръонни инкор қилиб, биз ҳақиқий Пайғамбарга эргашганлармиз, биз ҳақиқий китоб эгаларимиз, бу масалани биз яхши биламиз, Муҳаммад Пайғамбар эмас, Қуръон Аллоҳнинг ҳузуридан тушган китоб эмас, деган гапларни тарқатишган эди.
Ушбу оят мазкур даъволарнинг таги пуч эканини исботлаб келмоқда. Шу боисдан ҳам умум-илоҳий китоблар ичида яҳудий ва насороларга туширилган китоблар алоҳида зикр этилмоқда:
«Ундан олдин одамларга ҳидоят қилиб Таврот ва Инжилни туширди».
Ўз вақтида Таврот ва Инжил илоҳий китобларини ҳам Аллоҳнинг Ўзи одамларни ҳидоятга бошлаш учун туширган эди.
Илоҳий китобларни туширувчи Зот битта – Аллоҳ таоло, уларни туширишдан мақсад ҳам битта – одамларни ҳидоятга бошлаш.
Бу ўринларда мақсад Қуръони Каримнинг илоҳий китоб эканини исботлаш бўлганидан, унинг шаънини улуғлаб, яна бир бор зикр қилмоқда:
«... ва Фурқонни ҳам туширди».
Фурқон Қуръони Каримнинг сифати бўлиб, фарқловчи, ажратувчи деган маъноларни англатади. Чунки у ҳақдан ботилни, яхшидан ёмонни фарқлаб, ажратиб берган китобдир. Ана шу китобни ҳам Аллоҳнинг ўзи туширган. Яҳудий ва насороларнинг даъволари ғирт ёлғон.
Сўнгра Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганларга қаттиқ азоб бўлиши ҳақида қўрқинчли хабарлар келади:
«Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганларга, ўшаларга шиддатли азоб бор».
Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлар Муҳаммад (алайҳиссалом)га, Исломга, Қуръонга куфр келтирганлардан иборат. Демак, мазкур ҳақиқатларни инкор қилганларга шиддатли азоб бор.
«Аллоҳ азиз ва интиқом олувчи Зотдир».
Мазкур кофирларга шиддатли азоб беришга, албатта, Аллоҳнинг қудрати етади. Чунки У азиз – хоҳлаган ишини қила оладиган, биров ундан ғолиб кела олмайдиган Зот. Чунки у ўзига осий бўлганлардан интиқом олувчи Зот.
Аллоҳ таоло яна:
«У сенга китобни туширган Зотдир. Унда муҳкам – ойдин оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ оятлар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар, фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашадир. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса  «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эсларлар», (Оли Имрон, 7.)  деган.
Ушбу ояти каримада Қуръони Каримнинг оятлари иккига – муҳкам ва муташобиҳга бўлиниши ҳақида сўз кетмоқда. «Муҳкам» сўзи «маҳкам», «очиқ-ойдин», «бошқа ёққа буриб бўлмайдиган» деган маъноларни англатади.
«Муташобиҳ» сўзи эса  «ўхшаш», «бирини биридан ажратиш қийин», «бир неча маъноларни англатадиган», деган маъноларни билдиради. Қуръони Карим оятлари ҳам муҳкам ва муташобиҳга бўлинади. Бунинг ўзи алоҳида бир илм бўлиб, Қуръон илмлари фани бўйича мутахассис уламолар буни махсус ўрганадилар. Биз ўрганаётган ояти карима худди шу мавзуда сўз юритмоқда. Бу ояти кариманинг аввалида, юқорида зикр қилинган сифатларга эга бўлган Аллоҳ:
«У сенга китобни туширган Зотдир», деб Муҳаммад (алайҳиссалом)га хитоб қилмоқда.
Китобдан мурод – Қуръони Карим.
«Унда муҳкам – ойдин оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ оятлари ҳам бор».
Қуръони Каримда келган муҳкам – ойдин оятларнинг маънолари равшан, тушунилиши ҳам осон. «Улар китобнинг аслидир», яъни ўша муҳкам оятлар Қуръоннинг аслини ташкил қиладилар.
Шу билан бирга, Аллоҳ ирода қилган ҳикмат учун Қуръонда муташобиҳ – бир-бирига ўхшаш маъноларни билдирадиган, турлича маънога буриш мумкин бўлган оятлар ҳам бор.
Лекин булар жуда ҳам оз бўлиб, кишиларнинг иймонини синашга хизмат қиладилар.
«Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашадир».
Демак, аслида эътиқоди бузуқ кишиларни фош қилишда муташобиҳ оятлар иш берар экан. Қалбида марази бор кишилар ақийда ва шариатнинг нозик усулларини очиқ-ойдин баён қилиб берган муҳкам оятларни бир четга суриб қўйиб, ғойибдан эшитиш орқали собит бўладиган хабарларга, турли маъноларга далолат қиладиган муташобиҳ оятларга фитна қўзиш, уни таъвил қилиш мақсадида эргашар эканлар.
«Таъвил» сўзи бирор сўз ёки тушунчани сиртқи маъносидан бошқа маънога кўчириш, деган маънони англатади.
Қалбларида ҳидоятдан оғиш бор бўлган мазкур кишилар муташобиҳ оятларни ўзларига қурол қилиб олиб, фитна қўзиш учун ўз ҳавою нафсларига мувофиқ таъвил қиладилар. Ҳолбуки, муташобиҳ оятларнинг таъвилини ҳамма ҳам билавермайди:
«Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас».
Муташобиҳ оятларнинг ҳақиқий таъвилини фақат Аллоҳ таолонинг ўзигина билади. Шунинг учун мўмин-мусулмон кишилар муташобиҳ оятларнинг таъвилига машғул бўлмасдан, уни Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола этишлари керак.
«Илмда собит бўлганлар эса  унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир, дерлар».
«Илмда собит бўлганлар» – бандалар ичида илмнинг олий даражасига етган уламолардир.
Улар илмда собит бўлганлари учун кўп нарсадан хабардор бўладилар ва шу боисдан ҳам, «Муташобиҳга иймон келтирдик, барчаси (яъни  оятларнинг барчаси) – муҳками ҳам, муташоҳиби ҳам Роббимиз ҳузуридандир», дейдилар.
Дарҳақиқат, олимлар ўзларининг илмий чегараларини аниқ тушуниб етадилар, Аллоҳнинг илми чегарасиз эканини яхши биладилар. Ҳамда ўрни келганда ҳеч иккиланмай, ўзларининг ожиз жойларини эътироф қиладилар.
Аммо ҳақиқий илмдан бебаҳра, чаласавод кишилар эса  ўзлари билган озгина нарсани, дунёдаги бор илм − шу, деб тушунадилар ва ундан бошқа ҳамма нарсани инкор этиб, ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам овора қиладилар. Ушбу ҳақиқатларни:
«...фақат ақл эгаларигина эсларлар». Бундай нарсалардан ақл эгаларигина ваъз-насиҳат ва ибрат оладилар.
Аллоҳ таоло яна:
«Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар» (Нисо, 82), деган.
Қуръонни тадаббур қилиш, яъни  уни чуқурроқ англашга интилиш жуда зарур ишдир. Исломни билмоқчи бўлган одам, ҳақиқатни англамоқчи бўлган киши бевосита Қуръони Каримга мурожаат қилмоғи керак. Қуръонга мурожаат этиб, уни тадаббур қилиб кўрган одам ҳақиқатни англаб етади.
У илоҳий китобдир, унинг илоҳийлигини тадаббур қилган одам буни дарҳол англайди. Чунки Қуръонни жиддий ўрганишга киришган одам унда ҳеч қандай зиддият йўқлигини пайқайди.
«Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар».
Албатта, инсон ақли етганича ўрганади. Ҳеч ким:
«Мен Қуръонни охиригача фаҳм этдим, бундан бошқа тушунча бўлиши мумкин эмас», дея олмайди.
Қуръон илоҳий мўъжиза, инсон эса  унинг қаршисида ожиздир. Ўша ожиз инсон ўзининг ожизона ақли ила кўпгина қуръоний ҳақиқатларни кашф этади. Бу эса унинг ҳидоятига сабаб бўлади.
Тажрибада собит бўлишича, баъзи инсонларнинг ҳидоят йўлига тушишига биргина қуръоний оятни тадаббур қилиш ҳам кифоя қилмоқда.
Аллоҳ таоло яна:
«Бу одамлар учун баён ва тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир» (Оли Имрон, 138), деган.
Яъни  бу Қуръон ҳамма учун баёнотдир.
Қуръони Карим ўтмишни ҳозир, ҳозирни келажак билан боғлаб турувчи, ҳамма нарсани баён қилувчидир. Шу билан бирга, «тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир».
Қуръони Карим ҳамма одамларга баёнот бўлиб келаверади, аммо ундан фойда олиш тақводорларгагина насиб этади. Мўминлар ва тақводорларгина ундан ҳидоят топадилар ва мавъиза-ибрат оладилар. Маълумки, иймон билан тақво бир-бирига боғлиқ нарсалардир.
Аллоҳ таоло яна:
«Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва ойдин Китоб келди.
У билан Аллоҳ Ўз розилигини истаганларни салом йўлларига бошлар ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарар. Ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилар» (Моида, 15–16), деган.
Ушбу ояти каримада зикр қилинган «нур»дан мурод, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва Ислом дини, «ойдин Китоб»дан мурод эса  Қуръони Каримдир.
Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) инсониятга келтирган нарса нурдир. Буни иймон насиб этган кишилар биладилар. Исломга киришлари билан жоҳилият зулматидан иймон нурига чиққанларини ҳис этадилар.
Қуръони Каримни иймон ва ихлос билан ўрганганларида, унинг ойдин Китоб эканини тушунадилар.
Бу ойдин Китоб нималар қилишини кейинги оят баён қилади:
«У билан Аллоҳ Ўз розилигини истаганларни салом йўлларига бошлар ва уларни ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарар. Ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилар».
Ўша ойдин Китоб – Қуръон билан Аллоҳ таоло ўз розилигини истаб мусулмон бўлган бандаларини салом (тинчлик) йўлларига бошлайди.
Ислом – тинчлик дини.
Ислом туфайли, Қуръон туфайли инсоннинг кўнгли тинч бўлади, ўзи тинч бўлади, оиласи, шаҳар-қишлоғи, жамияти, давлати ва бутун дунё тинч бўлади.
Мусулмон инсоннинг ҳаёти тинч бўлади. У ўзи яшаётган борлиқ билан тинч алоқада бўлади. Атроф-муҳит тинч бўлади. Умуман, шомил ва комил тинчлик бўлади.
Тинчликнинг барча йўлларига фақат мусулмон бўлган, унинг розилигини истаган бандаларгина Аллоҳ томонидан ҳидоят қилинадилар.
Шунинг учун ҳам  инсоният ҳақиқий тинчликни хоҳлайдиган бўлса, мусулмон бўлиши шарт.
«Уларни ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарар».
Ушбу жумладаги «зулматлар» сўзига алоҳида эътибор бериш керак. Зулматлар кўплик сонида келмоқда, нур эса бирликда.
«Нур»дан мурод – Ислом, «зулматлар»дан мурод эса – Исломдан бошқа динлар.
Исломдан ўзга ҳар қандай дин, у қайси ном билан аталишидан қатъи назар, зулматдир. Ким уларни ихтиёр қилса, нурни қўйиб, зулматни ихтиёр этган бўлади. Адашувга, хасоратга юрган бўлади.
Кимки Қуръонга иймон келтирса, Исломга кирса, қоронғуликлардан нурга чиққан бўлади. Нурга соҳиб бўлганлар эса адашмайдилар. Чунки Аллоҳнинг Ўзи уларни зулматдан нурга чиқаради:
«Ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилар».
Тўғри йўлга бошлайди. Бинобарин, аҳли китоблар ҳам ўзларининг бузуқ ақийда ва шариатларини қўйиб, Аллоҳ уларга юборган Пайғамбар Муҳаммад (алайҳиссалом)га, Қуръонга иймон келтиришлари ва Исломга амал қилиб, куфр ва жоҳилият зулматларидан иймон нурига чиқишлари лозим. Сироти мустақим шудир.
Аллоҳ таоло яна:
«Ва Биз сенга китобни ҳақ ила, ўзидан олдинги китобни тасдиқловчи ва унинг устидан назорат этувчи қилиб нозил қилдик» (Моида, 48), деган.
Қуръон, ундан келиб чиқадиган Ислом шариати Аллоҳ томонидан тушган. Уни туширувчи бутун борлиқнинг Робби Аллоҳ таолонинг Ўзи.
Ким уни инкор этса, Аллоҳни инкор этади. Ким Қуръонни ҳурматсиз қилса, Аллоҳни ҳурматсизлаган бўлади. Ислом шариатига нисбатан паст назар билан қараган кимса Аллоҳга паст назар билан қараган бўлади.
Қуръон ва шариат таълимотлари ила иш тутишдан бош тортган одам Аллоҳнинг таълимотларидан бош тортган бўлади. Ким шундай қилса, ҳеч қандай ҳолда ўзини мусулмон аташга ҳаққи йўқ.
Қуръони Карим бу оятда қандай сифатланаётганига қаранг:
«ўзидан олдинги китобни тасдиқловчи ва унинг устидан назорат этгувчи».
Яъни, Қуръони Карим ўзидан олдинги китоб¬ларда келган илоҳий таълимотларни тасдиқлайди. У охирги ва боқий китоб, шунинг учун ҳам олдинги китобларга ҳақиқий баҳони у беради.
Қуръони Карим охирги китоб бўлгани учун ҳам ҳамма таълимотлар устидан нозир ва ҳакамдир. Улардаги ихтилоф ва келишмовчиликлар ҳақидаги ҳукмлар ҳам Қуръондан чиқади.
Аллоҳ таоло яна:
«Бу Биз туширган китоб муборакдир, ўзидан олдингини тасдиқловчидир. Уммул Қуро(шаҳарлар онаси)ни ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир. Охиратга иймон келтирганлар унга иймон келтирурлар. Ва улар намозларини муҳофаза қилурлар» (Анъом, 92), деган.
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло ўзининг сўнгги китоби Қуръони Каримнинг баъзи васфларини келтирмоқда.
«Бу Биз туширган китоб муборакдир».
Унинг баракаси ҳамма томондандир: у тушган жой муборак жойдир; уни туширган Зот муборакдир; уни қабул қилиб олган Зот муборакдир; уни татбиқ қилган уммат муборакдир. Унинг сўзлари оз бўлса ҳам, маънолари баракалидир. Уни ўқиб англаган, амал қилган инсоннинг умри, ризқ-рўзи баракали бўлади.
«...ўзидан олдингини тасдиқловчидир».
Яъни  Қуръони Карим ўзидан олдин келган бошқа илоҳий китобларни тасдиқловчи ҳам бўлиб келгандир. Бу китобни туширишдан мақсад:
«Уммул Қуро (шаҳарлар онаси)ни ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир».
Уммул Қуро деб  Маккаи Мукаррама назарда тутиляпти. Бу муқаддас шаҳар араблар орасида қадимдан шу ном билан ҳам машҳур бўлган.
Чунки бу муборак шаҳарда Аллоҳга ибодат этиш учун қурилган дунё ва башарнинг биринчи уйи «Байтуллоҳ» бор. Бу уйни Аллоҳ ҳамма учун суюкли ва омонлик маскани қилиб қўйган.
Охирги Пайғамбарининг туғилишини ҳам худди шу шаҳарда бўлишини ирода қилган. Ўзининг охирги китоби Қуръони Каримни ҳам шу шаҳарда нозил эта бошлаган. Бу китобни нозил қилишдан мақсад, аввал айтилганидек:
«Уммул Қуро (шаҳарлар онаси)ни ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир».
Ушбу жумланинг тафсири, у ҳақда айтилган фикр-мулоҳазаларни ўрганар эканмиз, Қуръони Карим ҳақиқий илоҳий мўъжиза эканига, уни тушунишда одамлар илмига қараб турли ҳолларга тушишлари ҳам мумкинлигига ишонч ҳосил қиламиз.
Ушбу оятлар нозил бўлган пайтда кишилар Аллоҳ таоло Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Қуръонни Макка шаҳри ва унинг атрофини огоҳлантириш, тўғри йўлга солиш учун нозил қилибди, деб кетаверганлар.
Кейинроқ баъзи Ислом душманлари Муҳаммад аввал фақат Макка ва унинг атрофидаги баъзи жойларни қўлга олишни мақсад қилиб қўйган эди, шу боисдан ҳам Қуръонни дастлабки босқич оятларида: «Уммул Қуро(шаҳарлар онаси)ни ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир», дейилган, деб даъво қилганлар.
Мусулмон уламолар бундай душманларга қарши кучли ҳужжат-далиллар билан ўз вақтида жавоб берганлар: «Дастлабки оятларданоқ Ислом бутун дунё учун эканлигини билдирувчи очиқ-ойдин далиллар кўп, улардан: Анбиё сурасидаги «Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик» ояти, Сабаъ сурасидаги «Биз сени фақат барча одамларга башоратчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик», оятлари ана шундай очиқ-ойдин далиллардир», деганлар.
Кейинроқ илм тараққий этиб, жумладан, жуғрофия илмидаги буюк кашфиётлар натижасида олимлар Маккаи Мукаррама ер куррасидаги қуруқликнинг энг маркази эканини аниқладилар.
Бу кашфиётларидан сўнг шаҳар ва қишлоқларнинг шимолий қутбини ва Маккаи Мукаррамага нисбатан жойлашиш даражасига қараб қиблани аниқлайдиган жадвал ва асбоблар ихтиро қилинди. Энг муҳими,
«Уммул Қуро (шаҳарлар онаси)ни ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир» деган ибора, аслида, бутун оламларни даъват қилиш учундир, деган маънода эканини тушуниб етишди.
Ҳа, бу китоб −  шундай китоб. Унга иймон келтириш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
«Охиратга иймон келтирганлар унга иймон келтирурлар».
Уларнинг охиратга иймон келтиришлари, Пайғамбарга ва у Зотга Аллоҳ китоб туширишига ҳам иймон келтириш демакдир. Шунингдек, уларнинг охиратга иймон келтиришлари, охиратдан умидвор бўлишлари яна бошқа кўплаб эзгу ишларга ҳам чорлайди. Хусусан:
«...улар намозларини муҳофаза қилурлар».
Чунки намоз иймоннинг тасдиғидир. Кимнинг охиратга иймони бўлса, Қуръонга иймон келтиради ва намоз ўқийди.
Аллоҳ таоло яна:
«Биз туширган бу китоб муборакдир. Бас, унга эргашинглар. Ва тақво қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангизлар.
«Биздан аввалги икки тоифага китоб туширилган, уларнинг дарсларидан ғофилмиз», демасликларингиз учун.
Ёки «Агар бизга китоб туширилганда, улардан кўра ҳидоятлироқ бўлар эдик», демасликларингиз учун, батаҳқиқ, сизга Роббингиздан очиқ ҳужжат, ҳидоят ва раҳмат келди. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган ва улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ киши борми? Тезда оятларимиздан юз ўгирганларни юз ўгирганлари туфайли ёмон азоб ила жазолармиз» (Анъом, 155–157), деган.
Қуръони Карим кўплаб етук сифатларга мушарраф китобдир. У дунёга ҳам, охиратга ҳам баракадир. Аллоҳ таоло ушбу оятларда Қуръони Каримнинг сифатларини ва уни нозил қилишдан мақсаднинг баъзи маъноларини баён қилади.
«Биз туширган бу китоб муборакдир».
Бу ҳақиқатни Қуръони Каримга алоқаси бўлган ҳар бир мусулмон яхши билади. Агар дунёда яшашдан мақсад икки дунёнинг баракасига эришмоқ бўлса:
«Бас, унга эргашинг».
Ундан ўзга эргашишга арзигулик нарса йўқ. Бошқалар баракасиз нарсалар. Уларга эргашганлар икки дунёда мақсадларига эриша олмайдилар. Қуръонга эргашиш билан бирга, тақво ҳам бўлиши зарур.
«Ва тақво қилинглар».
Чунки тақвосиз Қуръонга эргашишни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Агар инсон тақво ила Қуръонга эргашса:
«Шоядки, раҳм қилинсангизлар».
Келгуси ояти карима бевосита аввалдан аҳли китоб бўлмаган одамларга қаратилган.
Ушбу оят ила уларнинг ҳеч бир узрлари қолмайди. Улар Исломга, Қуръонга амал қилмаслик учун бирон-бир баҳона топа олмайдилар. Улар баҳона қилишлари мумкин бўлган ҳар бир нарсага жавоб тайёр бўлди. Аллоҳ уларга:
«Биздан аввалги икки тоифага китоб туширилган, уларнинг дарсларидан ғофилмиз», демасликларингиз учун» Қуръонни туширдик, демоқда.
Яъни  Қуръони Карим нозил қилинмаганда, улар биздан аввалги икки тоифага – яҳудий ва насронийларга китоб туширилган (Таврот ва Инжил), улар ўша китобни дарс қилиб ўқишган, улар бандалик қилсалар бўлади. Аммо бизга ҳеч қандай китоб тушгани йўқ, шунинг учун биз хоҳлаганимизни қилишга ҳаққимиз бор, дейишлари мумкин эди. Энди айта олмайдилар. Чунки Қуръон тушди.
Қуръон охирги шариатнинг китоби бўлгани учун фақат арабларга эмас, ҳамма халқларга илоҳий дастур бўлиб тушди. У ҳамма халқларнинг бўйин товлаш учун қиладиган баҳоналарини бекорга чиқарди.
«Агар бизга китоб туширилганда, улардан кўра ҳидоятлироқ бўлар эдик, демасликларингиз учун».
Бу ҳам ўзларига алоҳида китоб тушмаганини баҳона қилиш, ҳатто бошқа аҳли китобларга таъна қилиш маъносини ўз ичига олади. Мана шу ва шунга ўхшаш баҳоналар билан ўзингизни олиб қочмаслигингиз учун:
«...батаҳқиқ, сизга Роббингиздан очиқ ҳужжат, ҳидоят ва раҳмат келди».
Қуръони Карим борлиғи билан очиқ ҳужжатдир.
Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг биру борлигига, ягона илоҳ ва Роббилигига, ягона Розиқ ва Ҳокимлигига очиқ-ойдин ҳужжатдир.
Қуръони Карим Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳақ Пайғамбар эканликларига, ким у Зотга эргашса, нажот топишига очиқ-ойдин ҳужжатдир.
Қуръони Карим ўзининг ҳақиқий илоҳий дастур эканлигига, унга эргашганларга икки дунё саодати йўлини кўрсатишига очиқ-ойдин ҳужжатдир.
Қуръони Карим Ислом динининг ҳақ дин бўлиб, барча замон ва маконга салоҳиятли эканлигига, қиёматгача боқийлигига, кишиларга икки дунё бахтини таъмин қилишига очиқ-ойдин гувоҳдир.
Қуръони Карим инсонларга Роббиларидан келган ҳидоятдир. У кишиларни залолатдан ҳидоятга бошлайди.
Қуръони Карим инсонларга Роббиларидан келган раҳматдир. Ҳам бу дунёда раҳматдир, ҳам у дунёда раҳматдир.
Ҳар бир инсон ушбу очиқ ҳужжат, ҳидоят ва раҳматни нозил қилган Роббул Оламинга чексиз шукрлар қилмоғи лозим. Аммо одамлар ичида шукр айтиш у ёқда турсин, куфр келтириб, мазкур оятларни ёлғонга чиқарадиганлар ва улардан юз ўгирадиганлар ҳам бор.
«Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган ва улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ киши борми?»
Албатта, очиқ ҳужжатдан юз ўгирган ва уни ёлғонга чиқарган ҳар қандай одам золим бўлади. Ўзига нисбатан ва ўзгаларга нисбатан зулм қилган бўлади. Чунки у ўша очиқ ҳужжатни ёлғон деб, бошқа ёлғон ҳужжатларни рост ҳужжат сифатида кўрсатишга ҳаракат қилади. Одамларни ҳам шу йўлга бошлайди.
Оқибатда ўзига ҳам, ўзгага ҳам зулм қилади, ҳалокатга учрайди. Бу ҳол оддий очиқ ҳужжатни ёлғонга чиқарган, ундан юз ўгирган одамнинг ҳоли. Энди Аллоҳ таоло томонидан келган очиқ ҳужжатни ёлғонга чиқарган ва ундан юз ўгирганларнинг ҳоли нима бўлишини билиб олаверинг.
Шунингдек, оддий ҳидоятдан юз ўгирган одам, аввало, ўзига, қолаверса, ўзгаларга зулм қилган бўлади. Отасининг насиҳатига юрмаган фарзанд ўзига қанчалик зулм қилиши, одамлар орасида маломатларга қолиши ва ниҳоят, оқибати нима бўлишини тасаввур қилса бўлади.
Энди Холиқининг, унга жон берган, ризқ берган, ҳидоятга йўллаган Роббул Оламиннинг насиҳати – ҳидоятига юрмаган одамнинг аҳволини шунга қиёс қилаверинг.
Агар бир одам иккинчисига раҳмат – раҳм-шафқат кўрсатса-ю, иккинчиси ундан юз ўгирса, барчанинг маломатига қолади, золимдан олиниб, золимга солинади. Энди шу ҳолни ўз Роббидан келган раҳматни ёлғонга чиқариб, ундан юз ўгирган одамга таққослаб кўринг.
Аллоҳ таолодан келган Қуръони Каримни – очиқ ҳужжат, ҳидоят ва раҳмат бўлмиш китобни ёлғонга чиқариб, ундан юз ўгирганлар ана шундай золимлардир. Дунёда улардан кўра золимроқ одам йўқ. Улар бу зулмлари эвазига тегишли жазо олишлари муқаррардир.
«Тезда оятларимиздан юз ўгирганларни юз ўгирганлари туфайли ёмон азоб ила жазолармиз».
Улар бундай жазога муносиблардир. Улар нафсларидаги бузуқлик оқибатида куфр келтирганлар, оятларни ёлғонга чиқариб, ундан юз ўгирганлар. Улар нимани кутмоқдалар? Нима учун иймон келтирмайдилар? Ёки кутиб турган бирон нарсалари борми?
Аллоҳ таоло яна:
«Бу сенга у ила огоҳлантиришинг учун ва мўминларга эслатма этиб нозил қилинган китобдир. Кўнглингда ундан танглик бўлмасин» (Аъроф, 2), деган.
Аллоҳ таоло Пайғамбари ҳазрати Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Қуръони Карим ила ҳеч нарсага эътибор бермай кофирларни огоҳлантираверишни ва мўминларга эслатма беришни амр қилмоқда. Чунки одамларга Қуръон ила мурожаат қилиш осон эмас. Бу йўлда кўпгина қийинчиликлар келиб чиқади.
Қуръони Каримни одамларга етказишга уринган киши уларнинг ҳавойи нафсларига, шаҳватларига, мансабларига, ижтимоий ўринларига, урфларига ва кўнгилларига ёқадиган бошқа нарсаларга қарши гапириши керак бўлади.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари ёлғиз ёки бир қисм иймонли кишилар билан бутун оламдан турли хил танглик кўрганлар.
Шундай бўлса ҳам, Аллоҳ таоло у Зотнинг кўнгилларида танглик бўлмаслиги зарурлигини таъкидламоқда. У Зоти бобаракот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг умматлари кўнглида ҳам ҳеч қандай танглик бўлмаслиги керак. Улар Қуръонга жазм ила амал қилишга ўтмоқлари лозим.
Аллоҳ таоло яна:
«Батаҳқиқ, Биз уларга илм ила муфассал қилинган, иймон келтирган қавм учун ҳидоят ва раҳмат бўлган китобни келтирдик» (Аъроф, 52), деган.
Яъни  Биз одамларга Қуръонни келтирдик. У илм ила муфассал қилинган китобдир. Бу азим китобда иймон келтирганлар учун ҳидоят бор. Ким иймон келтирса, ўшанга икки дунёнинг раҳмати бўлади.
Аллоҳ таоло яна:
«Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд, раҳматга эришсангиз» (Аъроф, 204), деган.
Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони Карим тиловат қилинганда унга жим туриб, қулоқ осиш вожиблиги ҳақидаги ҳукмни чиқарганлар.
Ҳанафий мазҳаби уламолари эса  намозда имом қироат қилганида иқтидо қилувчилар жим қулоқ осиши лозим, деб ҳукм чиқарганлар.
Умуман, Қуръон Аллоҳнинг каломи, уни ўқиш, тинглаш, ўрганиш ва унга амал қилиш зарурий ишдир. Ҳар бирининг ўзига яраша зарурати ва ҳаловати бор.
Ушбу ояти каримани ўрганар эканмиз, беихтиёр кейинги пайтларда Қуръони Карим бўйича ўтказилган илмий текширишлар ҳақидаги маълумотлар хотирга тушади.
Илм тараққий этган юртлардан бирида инсоннинг руҳий ўзгаришларини ўрганаётган олимлар қизиқарли бир тажриба ўтказганлар.
Улар тажриба учун тўрт кишини танлаганлар.
Уларнинг бири араб бўлиб, ўз тилини яхши биладиган эътиқодли мусулмон эди.
Иккинчиси  ўз тилини яхши биладиган араб, аммо мусулмон эмас эди.
Учинчиси  эътиқодли мусулмон, аммо араб тилини билмасди.
Тўртинчиси  араб тилини ҳам билмасди, мусулмон ҳам эмасди.
Тажриба ўтказувчи олимлар буларнинг тўртовларига ҳам Қуръони Карим тиловатини эшиттириб, уларда содир бўлаётган руҳий ўзгаришларни кузатганларида, ҳаммаларида ажойиб бир ўзгариш содир бўлаётганини кашф қилганлар.
Бундан минг тўрт юз йил аввал ҳам араб мушрикларининг одамларни Қуръон эшитишдан қаттиқ ман қилиб қўйишлари, эшитган одамнинг унга эргашиб кетишидан қўрқишлари бежиз эмас экан.
Одамларни Қуръон тинглашдан ман қилган Қурайш зодагонларининг бир-биридан беркиниб, тунлари Қуръон тиловатига қулоқ осишлари ҳам бежиз эмас экан.
Бугунги куннинг худосизлари ҳам одамлар маъносини тушунмаса-да, уларнинг қўлларидан Қуръонларини тортиб олишлари, Қуръон тиловатини бутунлай ман қилишлари ҳам бежиз эмас кўринади.
Аллоҳ таоло яна:
«Алиф. Лаам. Ро. Булар ҳикматли китобнинг оятларидир» (Юнус, 1), деган.
Қуръон Аллоҳ таолонинг ҳикмат тўла китобидир. Унинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ояти чексиз ҳикматдан иборатдир. Ундан бошқа китобда бунчалик ҳикматни қидирган одам адашади.
Аллоҳ таоло яна:
«Қачонки уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга мулоқот бўлишдан умиди йўқлар: «Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир», дедилар. Сен: «Мен ўзимча уни алмаштира олмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос. Албатта, мен Роббимга осийлик қилсам, улуғ куннинг азобидан қўрқаман», деб айт», (Юнус, 15) деган.
Ушбу ояти каримада мушрикларнинг ваҳийга нисбатан бўлган нотўғри муносабатлари баён қилинмоқда. Уларга Аллоҳ таолонинг очиқ-ойдин оятлари тиловат қилинган чоғда, мазкур ояти карималарга иймон келтириб, уларга амал қилиш ўрнига Пайғамбар (алайҳиссалом)га ножўя гапларни айтдилар.
«Қачонки уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга мулоқот бўлишдан умиди йўқлар: «Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир», дедилар».
Бу гапни ўтакетган жоҳилларгина айтиши мумкин. Улар ваҳий нима эканини билишни ҳам хоҳламайдилар. Унинг кимдан чиққанини ҳам, унинг инсоният учун аҳамиятини ҳам билмайдилар.
Қуръони Карим − Аллоҳнинг каломи, мусулмонларнинг ҳаёт дастури. Уни ўзгартириш, алмаштиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ким шундай бўлиши мумкин деб эътиқод қилса, ўйласа, кофир бўлади.
Оятда бундай кимсалар «Бизга мулоқот бўлишдан умиди йўқлар», яъни қиёматдан умиди йўқлар, дейилмоқда.
Сўнгра Аллоҳ таоло ўз Пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га мусулмонларнинг ҳаёт дастури бўлган Қуръон ўрнига бошқа дастур келтиришга ёки уни алмаштиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ эканини баён этишни амр қилмоқда:
«Мен ўзимча уни алмаштира олмасман».
Ҳа, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг мартабалари қанча юқори бўлмасин, Қуръонни, ҳатто унинг бирор ҳарфини алмаштиришга ҳақлари йўқ. У Зотнинг вазифалари Аллоҳ таоло томонидан келган ваҳийни, Қуръонни қабул қилиб олиб, шундайлигича кишиларга етказишдир.
«Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос».
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳоллари шу бўлганидан кейин бошқа одамлар ваҳийни маҳкам тутиб, ундан қилча ҳам четга чиқмасликлари керак.
«Албатта, мен Роббимга осийлик қилсам, улуғ куннинг азобидан қўрқаман», деб айт».
Яъни Қуръоннинг ўрнига бошқа нарса келтириб ёки уни алмаштириб, Роббимга осийлик қилсам, улуғ қиёмат кунининг азобига дучор бўлишдан қўрқаман.
Пайғамбар бўлатуриб у Зот шунчалик қўрқсалар, Қуръон ўрнига бошқа дастур келтираётган ва унинг оятлари ёки ҳукмларини алмаштираётган оддий одамларни нима деса бўлар экан?!
Аллоҳ таоло яна:
«Ушбу Қуръон Аллоҳдан бошқа томонидан тўқиб чиқарилган эмас. Балки у ўзидан олдингининг тасдиғи ва китобнинг тафсилотидир. Унда ҳеч шубҳа йўқ. У оламларнинг Роббисидандир.
Ёки ўзи тўқиб олган дерларми? Сен: «Агар ростгўй бўлсангиз, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва (бу ишга) Аллоҳдан бошқа кучингиз етганича кимни хоҳласангиз, чақиринг», деб айт» (Юнус, 37–38), деган.
Қуръони Каримнинг сўз ва маъно жиҳатини ҳам, ҳукм ва ҳидоят жиҳатини ҳам, тарихий ва воқеий жиҳатини ҳам, қисқаси, ҳеч бир жиҳатини Аллоҳдан бошқа Зот яратишга қодир эмас. Ҳа,
«Ушбу Қуръон Аллоҳдан бошқа томонидан тўқиб чиқарилган эмас».
Бундай китоб фақат оламларнинг Робби Аллоҳ томонидан бўлиши мумкин, холос. Қанча-қанча одамлар Қуръоннинг ўзини эмас, Қуръонга ўхшаш нарсани яратишга уриндилар. Аммо уларнинг ҳеч бири Қуръони Карим у ёқда турсин, лоақал унинг бир оятига ўхшаш жумлани ҳам келтира олмадилар.
Ўшаларнинг кўплари иймонга келиб, аҳли Қуръон бўлдилар. Қуръоннинг соҳиби эса Аллоҳ, фақатгина Аллоҳдир.
Шу билан бирга, унинг бошқа сифатлари ҳам бор. Шулардан бири:
«Балки у ўзидан олдингининг тасдиғи»дир.
Яъни  Қуръон ўзидан аввалги Пайғамбар (алайҳиссалом)ларга келган барча китобларнинг ҳақлигини тасдиқловчи китобдир. Яна у:
«китобнинг тафсилотидир».
Яъни  аввалги барча илоҳий китоблардаги маъноларнинг муфассал баёнидир.
«Ёки ўзи тўқиб олган дерларми? Сен: «Агар ростгўй бўлсангиз, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва (бу ишга) Аллоҳдан бошқа кучингиз етганича кимни хоҳласангиз, чақиринг», деб айт».
Гапнинг хулосаси − шу. Чўзиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Модомики, кофирлар Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб чиқарган, дейишаётган экан, демак, уни бошқа бир инсон ҳам ярата оларкан-да?! Уларнинг сўзларидан шу маъно чиқади-да!
Эй охири замон Пайғамбари! Сен ўша Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган деб айтаётган кофирларга:
«Агар ростгўй бўлсангиз, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва (бу ишга) Аллоҳдан бошқа, кучингиз етганича, кимни хоҳласангиз, чақиринг», деб айт».
Ҳа, агар шундай бўлса, ўзлари Қуръони Каримнинг ҳаммасини эмас, ҳеч бўлмаса биттагина сурасининг ўхшашини тўқиб келтирсинлар. Озчилик бўлсалар, хоҳлаганларича ёрдамчи чақираверсинлар. Бутун дунё бир бўлиб уринсалар-да, Қуръони Каримдаги энг кичик суранинг ҳам мислини яратишга қодир эмаслар.
Воқеликда бу таклифни бажаришга уриниб кўрган кофирлар ҳам бўлганлар. Аммо улар ҳеч нарсани эплай олмаганлар. Бу собит ҳақиқатдир. Асрлар, йиллар, ойлар ва кунлар ўтиши билан Қуръони Каримнинг илоҳий мўъжизалиги тобора аёнлашиб бормоқда.
Илм-фаннинг ривожи бунга сабаб бўляпти. Кўпгина илм эгалари иймонга келиб, Исломни қабул этмоқда. Улар нима учун мусулмон бўлдингиз, деган саволга Қуръонни ўқиб чиқиб, бундай китобни Аллоҳнинг Ўзи яратмаса, инсон зоти тўқиб чиқара олмайди, деган фикрга келдим ва мусулмон бўлдим, деб жавоб бермоқдалар.
Аммо қадимда бўлганидек, ҳозир ҳам кўпчилик бу илоҳий китобни ўқимай ёки уни инсоф ила ўрганмай туриб, инкор қиладилар. У ҳақида турли бўлмағур гаплар айтадилар. Ҳаммаларининг – аввалгиларнинг ҳам, кейингиларнинг ҳам Қуръони Карим ҳақидаги гаплари нотўғридир.
Аллоҳ таоло яна:
«Эй одамлар! Сизга ўз Роббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди» (Юнус, 57), деган.
Эй одамлар! Қуръонни ёлғон деманг! Қуръонни фалончи тўқиган, деманг! Унинг тўғрисида шубҳа қилманг!
«Сизга ўз Роббингиздан мавъиза», келди.
У сизларга икки дунё бахтига эришишингиз учун керакли мавъизалар, панд-насиҳат ва кўрсатмалар йўллади.
Бу Қуръон оддий китоб эмас, у Роббингиз ҳузуридан сизнинг
«кўксингиздаги нарсага шифо» бўлиб келгандир.
У қалбингиздаги руҳий, маънавий дардларингизнинг барчасига шифо бўлиб келди. Шуларнинг қаторида сизнинг ичингиздаги:
«мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди».
Ким Қуръонга иймон келтириб, мусулмон бўлса, у ўша одамни ҳидоятга бошлайди, Аллоҳнинг раҳматига эриштиради.
Аллоҳ таоло яна:
«Агар сенга нозил қилган нарсамиздан шакда бўлсанг, сендан олдин китобни ўқиганлардан сўра. Батаҳқиқ, сенга Роббингдан ҳақ келди. Бас, ҳеч шубҳа қилгувчилардан бўлма» (Юнус, 94), деган.
Маълумки, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир лаҳза ҳам Қуръони Каримнинг ҳақ эканлигига шубҳа қилмаганлар. Аммо бу ояти каримада:
«Агар сенга нозил қилган нарсамиздан шакда бўлсанг, сендан олдин китобни ўқиганлардан сўра», дейилмоқда.
Яъни сендан олдин ҳам Қуръонга ўхшаш илоҳий китоблар нозил қилганмиз. Ана шуларнинг давомчилари ҳозир ҳам бор, ана ўшалардан сўра, демоқда. Хўш, нима учун бундай демоқда?
Бу ерда гап Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шахсларига тегишли эмас, балки ушбу оятлар нозил бўлаётган вақт шу сиёқдаги баённи тақозо қилар эди.
Узоқ вақт Маккада Ислом даъвати ривож топмай туриб қолди. Хадича онамиз ва Абу Толибнинг вафотларидан сўнг кофирларнинг озорлари яна ҳам кучайди. Исро ҳодисаси бўлиб, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир кечада Маккаи Мукаррамадан Байтул Мақдисга, у ердан осмонга чиқиб, меърож қилиб қайтганларидан сўнг баъзи кишилар бу ҳодисага ишонмай, Исломни тарк этдилар.
Ана шундай нозик бир пайтда тасбит ва қўллаб-қувватлаш зарурлигидан Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Оятнинг давомида:
«Батаҳқиқ, сенга Роббингдан ҳақ келди. Бас, ҳеч шубҳа қилгувчилардан бўлма», дейилмоқда.
Яъни, сенга Роббингдан келган Қуръон ҳақдир. Ҳеч-ҳеч шак-шубҳага бора кўрма.
Аллоҳ таоло яна:
«Алиф. Лаам. Ро. (Ушбу) китоб оятлари маҳкам қилинган, сўнгра ҳикматли ва хабардор Зот томонидан муфассал қилингандир» (Ҳуд, 1), деган.
Эй одамлар, ушбу зикр қилинганга ўхшаш ҳарфлардан ташкил топган Қуръон сизларга келди. Унинг:
«оятлари маҳкам қилинган».
Яъни  тузилиши пухта, далолат қилиши дақиқ, ҳар бир сўзи чуқур маъноли, ҳамма тарафи бир-бирига муносиб, ҳеч камчилиги йўқдир.
«сўнгра ҳикматли ва хабардор Зот томонидан муфассал қилингандир».
Нимасини батафсил баён қилиш керак бўлса, ўша нарсаси, жумладан, ғоялари, мақсадлари, мавзулари батафсил баён қилингандир.
Аллоҳ таоло яна:
«Алиф. Лаам. Ро. Ушбулар очиқ-ойдин китобнинг оятларидир.
Биз уни арабий Қуръон этиб нозил қилдик, шоядки, ақл ишлатсангиз.
Биз сенга ушбу Қуръонда ваҳий қилган нарсамиз ила энг гўзал қиссани ҳикоя қилурмиз. Агарчи ундан олдин сен бундан бехабарлардан бўлсанг ҳам» (Юсуф, 1–3), деган.
Алиф, лом, ро каби ўзингизга таниш ҳарфлардан таркиб топган оятлар жамланиб, ушбу очиқ-ойдин китобни вужудга келтирган.
Бу китоб ҳарфларининг инсонга ёт бўлган жойи йўқ. Улар араб тилининг ёзув белгилари. Аллоҳ таоло китобини шу ҳарфлар ила араб тилида нозил қилишни ирода этди.
«Биз уни арабий Қуръон этиб нозил қилдик, шоядки ақл ишлатсангиз».
Ҳа, бу китоб оятлари ўша ўзингиз билган ҳарф¬лардан ташкил топган арабий китоб, араб тилидаги Қуръондир. Уни Аллоҳ таоло нозил қилди.
«шоядки ақл ишлатсангиз».
Шоядки ақл юритиб, бундай мўъжизакор китобни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина келтира олиши мумкинлигини англаб етсангиз.
Эй охири замон Пайғамбари!
«Биз сенга ушбу Қуръонда ваҳий қилган нарсамиз ила энг гўзал қиссани ҳикоя қилурмиз. Агарчи ундан олдин сен бундан бехабарлардан бўлсанг ҳам».
Яъни, Қуръон деб номланган илоҳий китобимизни ваҳий ила нозил этиш жараёнида энг гўзал қиссани ҳам сенга айтиб берамиз. Сен қавминг ичида ўқиш-ёзишни ўрганмаган, бунақа қиссалардан хабарсиз кишилардан бири эдинг. Энди эса Аллоҳнинг инояти ила булардан хабардор бўласан ва уларни халққа етказасан.
Аллоҳ таоло яна:
«Бу (Қуръон) тўқима гап эмас, лекин ўзидан олдин келганни тасдиқлаш ва ҳар бир нарсани батафсил қилиш, ҳидоят ҳамда иймон келтирганлар учун раҳматдир» (Юсуф, 111), деган.
Ҳа, бу Қуръон ва унинг қиссалари тўқима-уйдирма эмас, балки олдинги илоҳий китобларда келган нарсаларнинг тасдиғидир. Одатда ёлғон, тўқима гап бир-бирини тасдиқлай олмайди. Бирпасда ўртада хилоф чиқиб, сири фош бўлиб қолади.
Шунингдек, Қуръон ҳар бир нарсани муфассал баён қилувчидир. Агар тўқилган ва уйдирма бўлганида бундай бўла олмас эди.
Яна, Қуръон ва унинг қиссалари ҳидоятдан иборатдир, ёлғон ва уйдирма ҳеч қачон ҳидоят бўлган эмас, бўла олмайди ҳам.
Қуръон иймон келтирганларга раҳматдир. Ёлғон ва уйдирма ҳеч кимга раҳмат бўлган эмас, бўлмайди ҳам.
Аллоҳ таоло яна:
«Бу (Қуръон) одамлар учун, уларнинг у ила огоҳлантирилишлари, У ягона илоҳ эканини билишлари ва ақл эгалари эслашлари учун баёнотдир» (Иброҳим, 52), деган.
Яъни  Қуръон одамлар учун Аллоҳ томонидан юборилган бир баёнотдир. Уни нозил қилишдан мақсад одамларни огоҳлантиришдир. Яъни икки дунё саодатига эришишлари ва икки дунё бадбахтлигидан қутулишлари учун нима ишлар қилишлари лозимлиги баён этилади.
Уни юборишдан мақсад одамларга Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ Зот йўқлигини билдиришдир. Токи ҳамма ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиб яшасин.
Уни нозил қилишдан мақсад ақл эгаларига эслатма беришдир. Токи улар ақлларини ишлатиб тўғри йўлни топиб олсинлар.
Қуръони Карим одамларга Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ Зот йўқлигини англатиш ва башарият ягона Аллоҳнинг ўзига ибодат қилиб яшаши лозимлигини уқдириш мақсадида юборилган.
Бу муқаддас китоб ақл эгаларига эслатма бериш ва ўз ақллари ила тўғри йўлни топиб олишга йўллаш мақсадида нозил қилинган.
Аллоҳ таоло яна:
«Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни биз муҳофаза қилурмиз» (Ҳижр, 9), деган.
Ушбу «зикр» – Қуръон Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг таълифи эмас.
Уни айнан биз нозил қилдик. Уни одамлар инкор қилсалар ҳам, тан олмасалар ҳам, йўқ қилиб юбормоқчи бўлсалар ҳам, барибир,
«...албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз».
Ислом даъвати ўз бошидан энг оғир кунларни кечираётган бир пайтда, яъни  мушриклар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бошлиқ оз сонли мусулмонларни бутунлай йўқотишга, Қуръонни, умуман, номини ҳам қолдирмасликка қасд қилишиб қолган бир пайтда нозил бўлган бу ояти карима ҳақиқий илоҳий мўъжизадир.
Агар мазкур китоб ҳақиқий илоҳий мўъжиза бўлмаганида, шундай қийин пайтда ишонч ва таъкид билан бу гапларни айтмас эди.
Бу бир мўъжиза бўлса, оятдаги ваъданинг юзага чиқиши минг мўъжизадир.
Қуръон туша бошлаганидан ҳозирги кунга қадар уни йўқ қилиб юбориш, унга зарар етказиш ва ўзгартириш киритиш учун қанчадан-қанча уринишлар бўлди. Аммо Аллоҳ таоло ваъдаси устидан чиқди. Ўз китобини муҳофаза қилиб қолди. Бу китобнинг бирор ҳарфи ҳам ўзгаргани йўқ.
Дунёдаги ҳамма китобларга, ҳатто Инжил ва Тавротга ҳам ўзгартириш киритилди. Аммо Қуръони Карим софлигича қолди.
Ҳатто Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадиси шарифларига ҳам ғаразгўйлар ҳамла қилишди. Оқибатда кўплаб ҳадис илми соҳиблари, улуғ уламоларимиз ҳадисларни бу ҳамладан ҳимоя қилиш учун бир талай ишларни амалга оширишга мажбур бўлдилар.
Аммо Қуръони Каримнинг бир ҳарфига ҳам биров тил тегиза олмади. Аллоҳ таоло ваъдасига биноан китобини ўз ҳимоясига олди.
Мусулмонлар бошларидан оғир замонларни ўтказдилар. Улар тамоман бошқаларга қарам бўлиб қолган вақтлар ҳам бўлди. Кўп урф-одатлари ўзгариб ҳам кетди.
Аммо Қуръони Карим ўзгармади. Ҳолбуки, Ислом душманларининг, мусулмонлар душманларининг асосий мақсади Қуръонга зарар етказиш эди. Улар мақсадларига ета олмадилар. Аллоҳ ўз китобини ваъдасига биноан муҳофаза қилиб қолди.
Бундан кейин ҳам муҳофаза қилинажаги муқаррардир.
Аллоҳ таоло яна:
«Ва  батаҳқиқ, сенга етти такрорланувчини ва Улуғ Қуръонни бердик» (Ҳижр, 87), деган.
Оятдаги «етти такрорланувчи»дан мурод Фотиҳа сурасидир. Чунки бу сураи карима етти оятдан иборат бўлиб, жуда кўп такрорланади. Намознинг ҳар бир ракъатида қайта-қайта ўқилади.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Алҳамду лиллаҳи Роббил ъаламийн – етти такрорланувчидир, у менга берилган улуғ Қуръондир», деганлар.
Аллоҳ таоло ушбу оятда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га етти оятдан иборат ва кўп такрорланадиган улуғ Фотиҳа сурасини ва уни ўз ичига олган улуғ Қуръонни берганлигини таъкидлаб айтмоқда.
Шу билан бирга, осмонлару ер қандай ҳақ бўлса, Қуръони Карим ҳам шундай ҳақ эканига ишорат қилмоқда. Бу улуғ неъматдир. Қуръон неъмати дунёдаги ҳамма неъматлардан устун туради.
Аллоҳ таоло яна:
«Сенга китобни ҳар бир нарсани баён қилувчи этиб, мусулмонларга ҳидоят, раҳмат ва хушхабар қилиб нозил этдик» (Наҳл: 89), деган.
Яъни  қиёмат куни ҳар бир умматга ўз Пайғамбарини гувоҳ этганимиздек, сени ҳам умматингга гувоҳ қилиб келтирамиз. Сенга Қуръони Каримни нозил қилишдан мақсад ҳар бир нарсани баён қилиб беришдир. Ўша китобдан бошқа бирон нарса тўғри баёнотни бера олмайди.
Шу билан бирга, Қуръон мусулмонлар учун ҳидоятдир. Уларни тўғри йўлга бошловчи ҳидоят маёғидир. Яна Қуръон мўминлар учун Аллоҳнинг раҳматидир.
Ва  ниҳоят, Қуръони Карим мўминлар учун хушхабардир, уларга иймонлари орқасидан келадиган яхшиликлар хушхабарини беради.
Аллоҳ таоло яна:
«Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин» (Наҳл, 98), деган.
Яъни  аввал «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин.
«Аъузу биллаҳи»ни айтиш Қуръони Карим тиловати учун тилни поклайди. Кишини Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримни ўқишга тайёрлайди. Шайтоннинг васвасасидан сақлайди. Бутун вужуди ва шуурини Аллоҳ томон буради.
Ушбу ояти каримадан уламоларимиз Қуръон ўқишни бошламоқчи бўлган ҳар бир инсонга «Аъузу биллаҳи»ни айтиш вожиблиги ҳукмини чиқарганлар. Чунки Аллоҳ шунга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амри ҳар бир мўминга вожиб. Уни қилмаган одам гуноҳкор бўлади.
Аллоҳ таоло яна:
«Сен уни руҳул қудус Роббингдан иймон келтирганларни собитқадам қилиш учун ва мусулмонларга ҳидоят ва хушхабар этиб ҳақ ила туширганини айт» (Наҳл, 102), деган.
Эй Муҳаммад!
Сен уларга Қуръонни Аллоҳ таоло ҳузуридан руҳул қудус унвонига эга бўлган фаришта Жаброил (алайҳиссалом) олиб тушганини айт. Мушриклар туҳмат қилаётганидек, Қуръонни сен тўқиб олганинг йўқ.
Қуръон, улар ўйлаганидек, одамларни масхаралаш учун туширилган эмас. У мўминларни собитқадам қилиш учун туширилган.
Қуръон таълимотларига амал этиб яшаган мўминларнинг икки дунёда ҳам қадами собит бўлади. У мусулмонларни ҳидоят йўлига бошлайди.
Қуръон мусулмонлар учун хушхабардир. У мусулмонларга исломий ҳаёт кечирганлари учун икки дунё саодатига муяссар бўлишлари ҳақида хушхабар беради.
Қуръони Карим ҳақ ила тушгандир. Унинг бутун борлиғи ҳақдир. У бор жойда ҳақ бордир.
Аллоҳ таоло яна:
«Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур» (Исро, 9), деган.
Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги илоҳий таълимотларини қамраб олган китобни – Қуръони Каримни қиёмат кунигача инсониятни икки дунё саодатига элтиш учун, энг тўғри йўлга ҳидоят қилиш учун нозил этди.
«Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур».
Қуръон ҳамма замон ва макондаги инсонларни ҳам бу дунё, ҳам у дунё саодатига ҳидоят қилади. Инсон ҳаётининг ҳамма соҳаларида энг тўғри йўлга йўллайди.
Қуръони Карим ҳидояти ақийда, эътиқод, маънавият, қадрият, руҳоният, мафкура бобидаги энг тўғри ҳидоятдир.
Қуръони Карим ҳидояти инсоннинг ўзига, Роббига, бошқа инсонларга ва уни ўраб турган турли махлуқотларга нисбатан алоқаси қандай бўлишининг энг тўғри йўлини кўрсатади.
Қуръони Карим ҳидояти инсоннинг бу дунёдаги ахлоқий, иқтисодий, ижтимоий, оилавий ва сиёсий ҳаётини энг тўғри йўлга бошловчи ҳидоятдир.
Қуръони Карим ҳидояти ҳаммани охират саодатига бошловчи энг тўғри ҳидоятдир.
Қуръони Каримдан ўзга тўғри йўлга ҳидоят қилувчи ҳеч бир китоб йўқдир. Фақат Қуръони Каримгина энг тўғри йўлга ҳидоят қила олади. Чунки борлиқни яратган Зот ҳам, борлиқда инсонни ўзининг халифаси қилиб яратган Зот ҳам Аллоҳдир.
Борлиқ Алоҳнинг махлуқи, инсон Аллоҳнинг бандаси, Қуръон эса Аллоҳнинг дастури. Аллоҳ Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган бандасини Ўзи нозил этган китобига амал қилиб яшасагина, икки дунё саодатига эриштиради.
Аллоҳ яратган борлиқда Аллоҳ яратган инсон Аллоҳ нозил қилган Қуръондан ўзга энг тўғри йўлга ҳидоят қилувчи нарсани икки дунёда ҳам топа олмайди.
Шу билан бирга, Қуръони Карим:
«...яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур».
Демак, фақат мўмин бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди, яхши амаллар ҳам бўлиши керак. Шунингдек, яхши амалларнинг ўзи ҳам кифоя қилмайди, иймон бўлиши керак. Бу умумий қоида. Иймонсиз яхши амал ва яхши амалсиз иймон бўлмайди.
Аллоҳ таоло яна:
«Қачон Қуръон қироат қилсанг, сен билан охиратга иймон келтирмайдиганлар орасида кўринмас парда қилурмиз» (Исро, 45), деган.
Ана ўша кўринмас парда уларни Қуръонга ишонишдан тўсиб туради.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръони Каримни тиловат қилганларида, Қурайшнинг бошлиқлари тинглашарди. Аммо ундан таъсирланиб қолмаслик учун турли чораларни кўриш, сунъий тўсиқлар пайдо қилишга уринишар эди.
Бу ҳақда энг машҳур Ислом тарихчиларидан бири, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сийратлари ҳақидаги дастлабки китоблардан бирининг соҳиби Ибн Исҳоқ аз-Зухрий  қуйидагиларни ривоят қилади:
«Иттифоқо, бир кечада Абу Суфён ибн Ҳарб, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Бани Заҳро қабиласининг шартномадоши Ахнас ибн Шурайқлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўз уйларида намоз ўқиётганларида қулоқ солиш учун чиқибдилар. Улардан ҳар бири алоҳида-алоҳида ўтириб тинглабди. Бир-биридан хабари йўқ экан.
Кечаси билан у Зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қулоқ солиб, тонг отганда тарқалишибди. Йўлда учрашиб қолиб бир-бирини маломат қилишибди. Бир-бирларига энди қайта келмайлик, эси паст одамларимиз кўриб қолсалар, кўнгилларига баъзи шубҳалар тушишига сабаб бўламиз, дейишибди-да, тарқалиб кетишибди.
Иккинчи кечаси эса  улардан ҳар бири яна ўз жойига келиб, яна кечаси билан (Қуръон) эшитиб чиқишибди. Тонг отганда қайтиб кетаётиб йўлда учрашиб қолишибди ва яна бир-бирларига аввалги гапларни айтишибди.
Учинчи кечаси ҳам келиб, туни билан (Қуръон) эшитиб чиқишибди. Тонг отганда қайтиб кетаётиб, яна аввалги ҳол такрорланибди. Бир-бирларига: «Қайтиб келмасликка аҳд қилмагунимизча тарқамаймиз», дейишибди. Сўнгра аҳдлашиб тарқалишиб кетибди.
Кундузи Ахнас ҳассасини қўлига олиб Абу Суфён ибн Ҳарбнинг уйига борибди ва унга:
«Эй Абул Ҳакам, Муҳаммаддан эшитганларинг ҳақида фикринг нима?» дебди. Абу Суфён:
«Нима эшитдим? Биз Бани Абду Маноф билан шараф талашганмиз. Улар ҳам кишиларга таом берганлар. Биз ҳам берганмиз. Улар улов бердилар. Биз ҳам улов бердик. Улар хайр-эҳсон бердилар. Биз ҳам бердик. Ҳамма тиз тушиб, пойгага қўйилган икки отдай бўлиб қолди.
Шунда улар: «Биздан Пайғамбар бор, унга осмондан ваҳий келади», дедилар. Биз буни қачон идрок қиламиз? Аллоҳга қасамки, биз ҳеч қачон унга иймон ҳам келтирмаймиз, уни тасдиқ ҳам қилмаймиз», деди. Ахнас унинг олдидан туриб кетди».
Эҳтимол, ушбуга ўхшаш номаъқул ўй-фикр ва тасаввурлар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръон тиловат қилаётганларида у киши билан охиратга иймон келтирмайдиганлар орасида кўринмас парда бўлгандир.
Аллоҳ таоло яна:
«Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қиламиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас» (Исро, 82), деган.
Дарҳақиқат, Қуръони Карим шифодир, Қуръони Карим раҳматдир. Қуръони Карим куфр, ширк ва мунофиқлик каби энг зарарли ақийдавий хасталикларни даволайди.
Қуръони Карим қалблардаги турли иллатларнинг – ҳиқду ҳасад, бахиллик, манманлик, мутакаббирлик ва бошқа касалликларнинг шифосидир.
Қуръони Карим турли ахлоқий, ижтимоий, иқтисодий, муомалавий, сиёсий ва бошқа касалликларга шифо бўлади.
Турли дардларга даво бўлувчи бу шифони борлиққа нозил қилган Зот борлиқни ўзи яратган ва унга қандай шифо кераклигини ҳам яхши билади.
Бу дунё турли моддий ва маънавий касалликларга тўлиб тошган касалхона бўлса, ўша касалхонанинг бош табиби ҳазрати Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бу ҳаммабоп давони Аллоҳ таолонинг ўзи нозил қилгандир.
Шунингдек, Қуръони Карим мўминлар учун раҳмат ҳамдир. У ҳар бир нарсада – шахсий, ақийдавий, оилавий, ижтимоий, халқаро, сиёсий, иқтисодий, сиҳҳий ва бошқа соҳаларда раҳматдир. Унга амал қилганлар ҳар тарафлама раҳматга сазовор бўладилар.
Қуръони Каримнинг мазкур шифоларидан даво олиш учун, у орқали мазкур шомил раҳматга ноил бўлиш учун мўмин бўлиш керак. Мўмин бўлмаган одам бу нарсалардан маҳрумдир.
«У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас».
Золимлар – соф фитратга зулм қилиб, иймон ўрнига куфр келтирганлар. Улар иймонга чақирувчи Қуръон оятларига иймон келтирмаганлари ва амал қилмаганлари учун гуноҳлари, зиёнлари зиёда бўлиб бораверади. Ундай инсон шифодан ва раҳматдан бенасиб бўлади. У доимо зиён устига зиён кўриб бораверади.
Аллоҳ таоло яна:
«Агар инсу жинлар тўпланиб, ушбу Қуръонга ўхшаш нарса келтирмоқчи бўлсалар, бунда баъзилари баъзиларга ёрдамчи бўлсалар ҳам, унга ўхшашини келтира олмаслар» (Исро, 88), деган.
Барча инсонларга ҳам, жинларга ҳам жуда оз илм берилгандир. Ҳатто улар руҳ ҳақида ҳеч нарса била олмай ҳайрондир. Модомики шундай экан, ҳаммалари бир бўлиб, ўзаро ёрдамлашиб ҳаракат қилсалар ҳам, Қуръонга ўхшаш нарса келтира олмайдилар. Қуръон сўзлари каби сўзлар туза олмайдилар. Қуръон жумлалари каби жумлалар топа олмайдилар.
Лекин Қуръони Каримнинг мўъжизакорлиги фақат сўз, жумла, балоғат-фасоҳат ёки услуб жиҳатидан эмас, балки инсониятнинг барча мушкулотларини ҳал қилишида, унга икки дунё саодатини ато этувчи мукаммал ва абадий, ҳар замон ва ҳар маконга мос дастур тақдим қилишида ҳамдир.
Бундай илоҳий дастурни ҳеч ким, ҳатто дунёдаги барча инсонларга барча жинлар қўшилиб бир-бирларига ёрдам бериб уринганларида ҳам ярата олмайдилар.
Улар Қуръонга ўхшаш нарса келтириш у ёқда турсин, шу бор Қуръонни тўғри англашга ҳам ожизлик қиладилар.
Аллоҳ таоло яна:
«Батаҳқиқ, ушбу Қуръонда одамларга турли мисолларни баён қилдик. Бас, одамларнинг кўплари куфрдан бошқа нарсадан бош тортдилар» (Исро, 89), деган.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда одамларни иймонга чорловчи, ҳидоятга йўлловчи, уларнинг қалбларини, ҳис-туйғуларини, ақлларини ишга солувчи турли мисолларни баён қилди. Аммо Қуръондаги бу баёнотларни идрок эта олмаган инсонлар ҳамма нарсадан бош тортдилар. У мисоллардан фойда олмадилар. Улар фақат куфрдан бош тортмадилар.
Аллоҳ таоло яна:
«Уни ҳақ ила нозил қилдик ва ҳақ ила нозил бўлди. Биз сени фақат хушхабар бергувчи ва огоҳлантиргувчи этиб юбордик, холос» (Исро, 105), деган.
Яъни  Қуръонни Биз ҳақ ила туширдик. Қуръон ер юзида ҳақ қарор топиши учун туширилди. Энг улкан ҳақ – Аллоҳнинг тавҳиди Қуръон ила қарор топди. Шунингдек, бошқа ҳақлар ҳам Қуръон ила ер юзида қарор топди.
«...ва ҳақ ила нозил бўлди».
Яъни  Қуръонда тушган ҳамма нарсалар: буйруқлар, қайтаришлар, ҳукмлар, эслатмалар, кўрсатмалар, хабарлар ҳамма-ҳаммаси ҳақдир.
«Биз сени фақат хушхабар бергувчи ва огоҳлантиргувчи этиб юбордик, холос».
Яъни  эй Муҳаммад, Биз сени иймон келтириб, ибодат ва яхши амалларни қилгувчиларга жаннат ҳамда унинг олий даражаларию  битмас-туганмас неъматларининг хушхабарини бергувчи ва куфр, нифоқу исён соҳибларини дўзах азобидан огоҳлантиргувчи қилиб юбордик.
Аллоҳ таоло яна:
«Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб туширдик» (Исро, 106), деган.
Ушбу оятда Қуръони Каримни бир йўла тугал бир китоб ҳолида эмас, балки бўлак-бўлак этиб нозил қилинганининг ҳикмати ҳақида сўз боряпти.
Кўп марта такрорланганидек, Аллоҳ таоло Қуръони Каримни бир оят, икки оят қилиб, баъзида ундан оз, баъзида ундан кўп қилиб, йигирма уч йил давомида нозил қилди. Албатта, бунинг улкан ҳикматлари бор эди.
Бу ояти каримада ўша ҳикматлардан бири, одамларга аста-секин ўқиб бериш зикр қилиняпти. Албатта, ўттиз пора Қуръон бир йўла тушса, уни одамларга ўқиб бериш осон бўлмас эди. Ўқиб берилганда ҳам, одамлар уни қабул қилиб олишлари осон бўлмас эди.
Энг муҳими, Қуръони Карим ўқиш учунгина эмас, асосан, ўқиб амал қилиш учун туширилган илоҳий дастурдир. Уни бир йўла ўқиб, бир йўла амал қилиш осон эмас.
Шунинг учун ҳам жоҳилият ботқоғига ботган одамларни аста-секин тарбиялаб, Ислом нурига олиб чиқиш учун йигирма уч йил керак бўлди.
Шу даврда жаҳон тарихида мисли кўрилмаган ажойиб бир мусулмон уммати тарбияланиб вояга етди. Улар ҳар бир оятни нозил бўлганидан кейин ўқиб ўрганишар, ёд олишар ва унга амал қилишар эди. Ушбу шартларни амалга оширмагунларича, бошқа оятлар тушган бўлса ҳам, уларни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан олмай туришарди.
Оқибатда саҳобаи киромларнинг ҳар бирлари тирик Қуръонга айландилар ва оз муддатда ер юзига Қуръон таълимотларини тарқатдилар.
Қуръон − ана шундай нарса. Аллоҳ уни бўлиб-бўлиб тушириб, кишиларга осонлик ҳам яратди. Энди бу ёғи одамларнинг ўзига ҳавола, икки дунё бахт-саодатини хоҳласалар, ушбу Қуръонга эргашсинлар, икки дунё бадбахтлигини хоҳласалар, эргашмасинлар.
Аллоҳ таоло яна:
«Ўз бандасига китоб нозил этган ва унда ҳеч бир эгрилик қилмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин.
Уни тўғри қилган; Ўз ҳузуридан бўладиган шиддатли азобдан огоҳлантирадиган; яхши амалларни қиладиган мўминларга, уларга гўзал ажр бўлиши башоратини берадиган қилган Зотга» (Каҳф, 1–2), деган.
Оятдаги «бандаси» жумласидан Ҳазрати Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) назарда тутиляпти.
«Китоб»дан мурод Қуръони Каримдир.
Аллоҳ таоло суранинг бошида Ўз бандаларига ҳамду сано айтишни ўргатмоқда. Бу сафар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га, у Зот орқали Ўз бандаларига Қуръони Каримни нозил қилгани учун Аллоҳга ҳамду сано айтиш лозимлиги таъкидланмоқда.
«Ўз бандасига китоб нозил этган» Аллоҳга ҳамд бўлсин.
Қуръони Карим саодат манбаидир. Фақат у орқалигина бандалар энг зарурий нарсаларни биладилар. Жумладан, ақийда, тасаввур ва ахлоқ-одоб каби масалаларнинг бирдан-бир масдари Қуръондир.
Шунинг учун ҳам Қуръонни нозил этган Зотга ҳар қанча ҳамду сано айтилса, шунча оз. Ҳамду санога сазовор, «Ўз бандасига китоб нозил этган Зот» мазкур китобни – Қуръони Каримни қандай сифатлар билан индиргани ҳам ушбу оятларда зикр этиляпти.
«...ва унда ҳеч бир эгрилик қилмаган...» Аллоҳга ҳамд бўлсин.
Яъни  Қуръонда ҳеч бир эгрилик қилмай нозил этган Зот – Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.
«...уни тўғри қилган...» Аллоҳга ҳамд бўлсин.
Яъни Қуръонни фақат тўғриликдан иборат қилган Зот – Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.
Ундаги кўрсатмалар, тузумлар, амрлар, қиссалар ва бошқа нарсаларда ҳеч қандай эгрилик, хато-нуқсон йўқ.
Шу билан бирга, Қуръони Каримни Аллоҳ таоло кофирларга:
«...Ўз ҳузуридан бўладиган шиддатли азобдан огоҳлантирадиган...» қилиб нозил этгандир.
Аксинча:
«...яхши амалларни қиладиган мўминларга, уларга гўзал ажр бўлишининг башоратини берадиган…»дир. Шундай Зотга – Аллоҳга ҳамд бўлсин.
Аллоҳ таоло яна:
«Батаҳқиқ, бу Қуръонда одамлар учун турли масалалар баён қилдик. Инсон ўзи кўп тортишувчи бўлган эди» (Каҳф, 54), деган.
Аллоҳ таоло инсонга бу дунё ҳаётида абадий саодатга эришиш, охират азобидан қутулиш учун омил қилиб Қуръонни берган эди. Уни дастур этиб олишни буюрган эди. Қуръонда ҳамма нарсани батафсил баён ҳам қилган эди. Инсон ўша улуғ Қуръонга эргашганида мақсадига етарди.
Аммо у Аллоҳ яратган махлуқот ичида энг кўп тортишувчи, ҳар нарсага эътироз қилиб, талашувчи бўлиб чиқди. Қуръонга ҳам иймон келтириб, амал қилиб кетавермай, у ҳақда ҳам тортишув  билан  овора  бўлди. Қуръон  ҳақида, унда батафсил баён этилган нарсалар ва унинг ҳукмлари ҳақида ўзича баҳслар юритди, талашиб-тортишди.
Аввало, Қуръон Аллоҳнинг каломи эканига ишонмай баҳслашди.
Кейин Қуръонга амал қилиш устида тортишди. Ундан кейин  Қуръон ҳукмлари эскириб қолган, деб ҳам кўрди.
Охир-оқибат ўзига ёмон бўлди. Бу дунёда кулфат билан яшаб ўтди. Охиратда эса, мана, иши расво бўлиб турибди.
Аллоҳ таоло яна:
«Сенга Қуръонни бадбахт бўлишинг учун нозил қилганимиз йўқ.
Магар қўрққан кимсаларга эслатма бўлиши учун.
У ерни ва юксак осмонларни яратган Зотдан нозил бўлгандир» (Тоҳа, 2–4), деган.
Эй Муҳаммад, сенга ушбу Қуръонни нозил этишимиздан мақсад сени бахтсиз қилиш эмас, балки икки дунёда бахтли қилишдир. Ва
«Магар қўрққан кимсаларга эслатма бўлиши учун».
Яъни  биз ушбу Қуръонни Аллоҳдан қўрқадиган одамлар эслатма – панду насиҳат олишлари учун нозил қилдик.
«У ерни ва юксак осмонларни яратган Зотдан нозил бўлгандир».
Қуръонни нозил қилувчи Зот – еру осмонларни яратган Зот. Ана шундай ишларга қодир Зот Қуръонни нозил қила олмасми?
Аллоҳ таоло яна:
«Шундай қилиб, Биз уни арабий Қуръон этиб нозил этдик. Шоядки, тақво қилсалар ёки уларда эслаш пайдо қилса, деб унда қўрқинчли ваъдаларни баён қилдик» (Тоҳа, 113), деган.
Бу китоб арабий Қуръондир. Уни араб тилида нозил қилдик. Ушбу арабий Қуръонда кўплаб қўрқинчли ваъдаларни ҳам баён этдик. Бундан мақсадимиз, шояд, одамлар тақво қилсалар, куфр ва ёмонликлардан сақлансалар, қўрқинчлик ваъдалардан эслатма олсалар.
Аллоҳ таоло яна:
«Илм берилганлар у(Қуръон) Роббингдан келган ҳақ эканини билишлари, унга иймон келтиришлари ва қалблари унга боғланиб, таскин топиши учундир. Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни тўғри йўлга ҳидоят қилгувчидир» (Ҳаж, 54), деган.
Ояти каримадаги «илм берилганлар»дан мурод мусулмонлардир.
Демак, бу ҳолат Қуръони Каримнинг Аллоҳ таолодан келган ҳақ эканини яна бир бор билишларига, унга бўлган иймонларининг янада қувватланишига, қалблари Қуръони Каримга қаттиқроқ боғланиб, таскин топишига сабаб бўлади.
Мисол учун, Абдуллоҳ ибн Умму Мактум қиссасини олайлик. Уламоларимиз ҳозиргача ушбу қиссани Қуръон Аллоҳнинг каломи эканига энг улкан далил қилиб келтирадилар. Чунки Қуръон Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сўзлари бўлганида, у Зот ўзларини ўзлари дўсту душман ичида хижолат қилмас эдилар. Қуръон ҳақиқатда ҳам Аллоҳнинг каломи бўлганидан, Абдуллоҳ ибн Умму Мактумнинг ёнини олиб, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни итоб қилувчи оятлар тушди.
Бундай ҳолатни кўрган оз сонли мусулмонлар Қуръон Аллоҳ томонидан келган ҳақ эканига яна бир бор шоҳид бўлдилар. Унга бўлган иймонлари яна ҳам қувватланди, қалблари Қуръонга яна ҳам қаттиқроқ боғланиб, таскин топди.
«Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни тўғри йўлга ҳидоят қилгувчидир».
Уларни икки дунё саодати йўлига, Ислом йўлига ҳидоят қилгувчидир. Иймон келтирмаганларга эса икки дунёнинг бадбахтлик йўли бўлади. Чунки
Аллоҳ таоло яна:
«Батаҳқиқ, Биз сизларга очиқ-ойдин оятларни, сиздан олдин ўтганлардан мисолни ва тақводорлар учун ваъзни нозил қилдик» (Нур, 34), деган.
Қуръони Карим оятлари очиқ-ойдин, уларнинг ҳеч тушунарсиз ёки ноаниқ қолган жойи йўқ. Ким хоҳласа, уларни ўрганиб, татбиқ қилиб, нажот топади.
Қуръони Каримда ибрат олиш учун ўтганларнинг мисоллари ҳам келтирилган. Иймонда юрганлар нажот топиб, куфрни ихтиёр қилганлар ҳалок бўлишига тарихдан далиллар келтирилган.
Қуръони Каримда тақводор зотлар учун етарлигича мавъиза ҳам бор.
Аллоҳ таоло яна:
«Оламларга огоҳлантирувчи бўлсин учун бандасига Фурқонни нозил қилган Зот баракотли, улуғдир» (Фурқон, 1), деган.
Чиндан ҳам Аллоҳ таоло баракотли ва улуғ Зотдир.
Ана шу битмас-туганмас баракотлилиги ва улуғлилиги аломати ўлароқ, у бу дунёдаги кишиларга, барча оламларга бандаси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни огоҳлантирувчи этиб юборди ва у Зотга ҳақдан ботилни фарқловчи Фурқонни – Қуръонни нозил қилди.
Аслида, инсонни соф табиат ила яратган, унга ҳис қилиш аъзолари ва ақл берган Аллоҳ бандаларга Ўзини таниш ва Ўзига ибодат қилиш амрини беришга ҳақли эди. Аммо улуғлигидан ундай қилмади. Бандаларига лутфу марҳамат кўрсатди.
Баракоти намунаси қилиб, турли пайғамбарларни юборди, китоблар нозил этди. Ана ўша пайғамбарлар ва китоблар силсиласининг сўнгги халқаси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва Қуръони Карим бўлди.
Шунинг учун ҳам улар маълум вақт ва маълум мақом учун эмас, балки барча оламлар учун бўлди. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) барча оламлар учун қиёматгача Пайғамбар, Қуръони Карим қиёматгача илоҳий дастур бўлди.
Уламоларимиз ушбу оятдаги «бандасига» сўзига алоҳида эътибор берганлар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни энг олий мақомларда бандалик сифати билан ёдга олган.
Жумладан, Исро ва Меърожда, Аллоҳга муножот этиш пайтида, китоб нозил қилишда ва ушбу оятда. Демак, башарнинг энг олий мақоми Аллоҳга бандалик экан. Аллоҳга бандалик башар учун энг улкан бахт, энг олий мақом ҳамда битмас-туганмас неъмат экан.
Аксинча, Аллоҳга бандаликни ҳис этмаслик катта бахтсизлик бўлиб, инсонни ҳайвонлик даражасига тушириб қўяди. Бу ҳақда ушбу суранинг ўзида кейинроқ сўз кетади.
Оятда Аллоҳ таолонинг бандасига Фурқонни нозил қилишидан мақсади
«Оламларга огоҳлантирувчи бўлсин учун» экани таъкидланмоқда. Бу оят Маккада, Ислом даъватининг аввалида, оз сонли мусулмонлар иймонлари ва жонларини қутқаришдан бошқани ўйламай турган, ғалаба ёки фатҳу футуҳларнинг дараги ҳам йўқ пайтида нозил бўлган.
Лекин  шу билан бирга, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг оламларга огоҳлантирувчи эканликларини ишонч билан баралла эълон қилмоқда. Бундай гап фақат илоҳий баёнда бўлиши мумкин, холос. Бошқа ҳеч ким мазкур эълонни қила олмайди.
Аллоҳ таоло яна:
«Куфр келтирганлар: «Бу (Қуръон) уйдирмадан бошқа нарса эмас. Уни ўзи тўқиб олди ва бунда унга бошқа қавмлар кўмак бердилар», дедилар. Бас, шубҳасиз, зулм ва ёлғон гувоҳлик келтирдилар.
Улар: «Бу аввалгиларнинг афсонасидир. Уларни ёздириб олган. Ҳолбуки, улар унга эртаю кеч имло қилинур», дедилар.
Сен: «Уни осмонлару ердаги сирни биладиган Зот нозил қилди. Албатта, У мағфиратли ва раҳмли Зотдир», дегин» (Фурқон, 4–6), деган.
Макка мушрикларининг Қуръон Муҳаммад томонидан тўқиб олинган нарсадир, деган маънодаги бу гапларининг ўзи туҳмат эканини ҳамма яхши билади.
Уларнинг ўзлари, хусусан, бошлиқлари Қуръон башарий калом эмаслигини такрор-такрор тасдиқлар эди. Шу билан бирга, кўпчиликка, Қуръон Муҳаммаднинг уйдирмаси, деб иғво тарқатар эди.
Энди мушриклар уйдирмасининг иккинчи:
«бунда унга бошқа қавмлар кўмак бердилар», деган қисмига назар ташлайлик. Бу билан мушриклар Муҳаммадга Қуръонни уйдиришда бошқа қавмлар ёрдам берган, дейишмоқчи.
Ўша пайтда «бошқа қавмлар» кимлар, деб сўралганда, мушриклар: «Аҳли китоблар», деб жавоб беришган.
Демак, мушрикларнинг даъвосича, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларига янги дин яратиш мақсадида бир китоб ёзишга қарор қилганлар. Бу ишни ишончлироқ чиқариш мақсадида эски илоҳий китобларга ўхшатишга ҳаракат қилиб, аҳли китоблардан ёрдам олганлар. Яъни  яҳудий ва насоролардан. Хўш, яҳудий ва насоролар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ўз кирдикорларини фош қилишда, жиноятларини ошкора этишда, бузуқ эътиқодларининг шармандалигини баён қилишда ёрдам берибдиларми? Қуръонда яҳудий ва насороларнинг ҳар бобдаги хатолари баён этилган-ку!
Демак, мушрикларнинг бу даъволари мутлақо нотўғри. Улар бу даъво билан:
«Бас, шубҳасиз, зулм ва ёлғон гувоҳлик келтирдилар».
Уларнинг бу гапларида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нисбатан зулм бор, Қуръони Каримга нисбатан зулм бор, ҳақиқатга нисбатан зулм бор. Аллоҳ таолога нисбатан зулм бор. Уларнинг бу гувоҳлиги ёлғон гувоҳликдир.
Кофирлар Қуръони Карим ҳақида ушбу уйдирма ва бўҳтон ила кифояланиб қолмадилар.
«Улар: «Бу аввалгиларнинг афсонасидир. Уларни ёздириб олган. Ҳолбуки, улар унга эртаю кеч имло қилинур», дедилар».
Кофирларнинг Қуръони Карим ҳақида бир ундай, бир бундай дейишларининг ўзи ҳам даъволарининг асосли эмаслигига далилдир. Уларга асоснинг кераги ҳам йўқ, бир оз ўзларининг бузуқ ақллари ва фосид мантиқларига илашадиган жойи бўлса, бас, ўшани гап деб гапираверадилар. Ўтган умматлар ҳақида Қуръондаги қиссалардан хабардор бўлганларидан кейин:
«Улар: «Бу аввалгиларнинг афсонасидир», дедилар».
Қуръон аввалгиларнинг афсонаси бўлса, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу афсоналарни қаердан олибдилар?
«Уларни ёздириб олган», дерлар.
Аввалги мушриклар ҳар қанча жоҳил бўлсалар ҳам, ҳозиргиларга қараганда бир оз инсофли бўлган экан. Улар ҳозирги мушрикларга ўхшаб, «ёзиб олган», демасдан, «ёздириб олган», демоқдалар. Чунки улар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ўқиш ва ёзишни билмасликларини яхши биладилар. Шунинг учун афсоналарни бошқаларга ёздириб олган, дедилар. Яна:
«Ҳолбуки, улар унга эртаю кеч имло қилинур», дедилар».
Яъни  ўша афсоналар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га эртаю кеч айтиб турилади, дерлар.
Кофир-мушрикларнинг бу уйдирмасига қандай жавоб беришни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Аллоҳ таолонинг ўзи ўргатади:
«Сен: «Уни осмонлару ердаги сирни биладиган Зот нозил қилди. Албатта, У мағфиратли ва раҳмли Зотдир», дегин».
Қуръонни ҳамма нарсани билгувчи Зот – Аллоҳ нозил қилган. Ҳамма нарсани билгувчи Зот ўтган умматларнинг тарихини ҳам жуда яхши билади. Ўтганларнинг афсоналарини бировдан ёздириб олишга ҳожат йўқ. Балки бу афсоналар ёлғон, бидъат ва хурофотларга тўлиқдир.
Қуръони Каримда эса  ўтган умматларнинг қиссалари энг рост ва тўғри равишда келтирилади. Кишиларни улардан ўрнак олишга чақирилади. Вақт ўтиб, илм ривожланиши билан бу ҳақиқат яна ҳам равшанлашиб бормоқда.
Мушриклар фақат Қуръони Карим ҳақида эмас, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳақларида ҳам турли уйдирмалар тўқидилар.
Аллоҳ таоло яна:
«Куфр келтирганлар: «Унга Қуръон бир йўла нозил қилинса эди», дедилар. Биз сенинг қалбингни у билан собит қилиш учун шундай қилдик ва уни дона-дона қилиб ўқидик» (Фурқон, 32), деган.
Маълумки, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Қуръони Каримни бўлиб-бўлиб нозил қилар эди. Бир оят, икки оят ёки шароитга қараб ундан кўпроқ оят ҳам нозил бўлган. Кофирларга бу иш ҳам ёқмади.
«Куфр келтирганлар: «Унга Қуръон бир йўла нозил қилинса эди», дедилар».
Бу талаблари уларнинг жоҳиллиги аломатидир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримни бежиз бўлак-бўлак қилиб туширмаган. Бунда кўплаб илоҳий ҳикматлар бор. Мазкур ҳикматлар ҳақида кўп гапирилган. Ушбу ояти каримада эса улардан биттаси келтирилмоқда:
«Биз сенинг қалбингни у билан собит қилиш учун шундай қилдик ва уни дона-дона қилиб ўқидик».
Яъни эй Муҳаммад, биз сенинг қалбингни Қуръон билан собит қилиш, қувватлаш учун уни бўлак-бўлак ҳолда нозил этдик ва гўзал равишда дона-дона қилиб ўқиб бердик. Қуръон бирданига тушмасдан, бўлак-бўлак бўлиб тушар, ҳар ваҳий келганида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қалблари қувватланар, кучларига куч, ғайратларига ғайрат қўшилар эди.
Кофирлар буни қаёқдан билсинлар?!
Аллоҳ таоло яна:
«Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у(Қуръон) билан катта жиҳод қил!» (Фурқон, 52) деган.
Эй Пайғамбар, нима десалар ҳам, нима қилсалар ҳам, кофирларнинг гапига кирма, уларга итоат этма. Уларга қарши Қуръон билан катта жиҳод қил, ғалаба қиласан.
Дарҳақиқат, Қуръони Карим куфрга ва кофирларга қарши курашнинг асосий қуролидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаётлари вақтида иймонга келганлар, асосан, Қуръондан таъсирланиб иймон келтирганлар.
Ҳатто иймонга келмаганлари ҳам Қуръон жиҳодидан қаттиқ таъсирланар эдилар. Қурайш бошлиқлари кечаси бир-бирларидан беркиниб бориб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) тиловатларига қулоқ осганлари, ундан қаттиқ таъсирланганлари, бир-бирларини билиб қолиб, бировга айтмасликка, қайта Қуръон эшитмасликка ваъдалашганлари, шундай бўлса ҳам, кейинги кечаси қайтиб бориб, яна Қуръон тинглаганлари ҳақидаги ривоятлар маълум ва машҳур.
Кейинги даврларда ҳам Ислом динини қабул қилганлардан кўплари, нима учун бу динни қабул қилдингиз, деган саволга: «Қуръондан таъсирландим», деганлар.
Тараққий этган давлатларда турли кишиларда пайдо бўладиган руҳий таъсирланишни ўлчаш бўйича ўтказилган тажрибаларда Қуръони Каримни эшитганда, ҳатто иймонсиз, араб тилини билмайдиган кишилар ҳам қаттиқ таъсирланишини замонавий асбоблар қайд этди.
Қуръонни эшитиш, ўқиш, маъносини англаш имкони бўла туриб, унга иймон келтирмаслик учун, унга амал қилмаслик учун қандайдир бошқа махлуқ бўлиш керак, холос.
Аллоҳ таоло яна:
«Албатта, у(Қуръон) Роббул Оламийннинг туширганидир. Уни Руҳул Амийн олиб тушди. Сенинг қалбингга огоҳлантиргувчилардан бўлишинг учун. Очиқ-ойдин араб тилида» (Шуъаро, 192–195), деган.
Ушбу ояти каримадаги
«Руҳул Амийн» дан мурод Қуръони Каримнинг бошқа жойларидаги каби, Жаброил фаришта (алайҳиссалом);
«огоҳлантиргувчилардан» дегани пайғамбарлардан деган маънони билдиради.
Яъни  эй Муҳаммад, Қуръонни Жаброил сенинг қалбингга пайғамбарлардан бўлишинг учун равшан араб тилида олиб тушди.
Ушбу васфлардан келиб чиқиб, Қуръон илмлари бўйича мутахассис олимлар Қуръони Каримни Аллоҳнинг Жаброил орқали Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қалбларига туширган мўъжиза каломидир, деб таърифлайдилар.
Шунга биноан, Аллоҳнинг каломидан бошқа нарса Қуръон бўлмайди. Жаброил (алайҳиссалом) Аллоҳнинг каломини Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қалбларига олиб тушса ва унда мўъжиза бўлса, Қуръон ҳисобланади.
Агар Аллоҳнинг каломини Жаброил (алайҳиссалом) Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қалбларига олиб келса-ю, мўъжизалиги бўлмаса, ҳадиси қудсий саналади.
Шунингдек, оятда Қуръон
«очиқ-ойдин араб тилида» эканлиги ҳам таъкидланмоқда.
Қуръони Карим бошқа тилга ўгирилса, Қуръонлиги қолмайди. Унинг бирор сўзини бошқа бир арабча сўз билан алмаштирилса ҳам, Қуръонлиги қолмайди.
Шундай бўлгандан кейин «ўзбекча Қуръон», «тожикча Қуръон» ёки шу каби ибораларни қўллаш мутлақо нотўғридир.
Уларга Қуръони Карим маъноларининг ўзбекча ёки тожикча таржимаси дейилади.
Аллоҳ таоло яна:
«То. Сийн. Ушбулар Қуръон – очиқ Китоб оятларидир.
Мўминлар учун ҳидоят ва хушхабардир» (Намл, 1–2), деган.
Ушбу оятлар очиқ-ойдин китоб бўлмиш Қуръоннинг оятларидир. Қуръонда ҳамма нарса очиқ-ойдин баён қилинган. Унинг оятларини ўрганаман деган одам бемалол ўрганади.
Шу билан бирга, бу оятлар:
«Мўминлар учун ҳидоят ва хушхабардир».
Мўминлар бу оятларни ўқиб, ҳидоят топадилар. Улар Қуръони Карим оятларини ўқиб иймонли кишиларга бериладиган олий мақом ва мукофотларнинг хушхабарини топадилар. Демак, Қуръондан ҳақиқий манфаат олиш учун, ундаги ҳидоятдан баҳраманд бўлиш учун мўмин ўқувчи керак. Бу очиқ-ойдин китоб қалби очиқларнинг китобидир. Қалби ғафлат, куфр, ширк ва нифоқ моғори остида қолганлар бу китобни ўқиб, фойда топишлари қийин.
Қуръонни ўқиганда, унинг маъноларини тушунганда ўзида ҳидоят, башорат сезгисини ҳис қилаётганлар хурсанд бўлаверсинлар, уларга Қуръон таъсир қилмоқда, қалбларида иймон бор экан.
Аммо Қуръон ўқиганда, унинг маъноларидан таъсирланмаганлар, ўзларининг ким эканликларини билиб олсинлар. Ҳа, Қуръон ва унинг оятлари мўминлар учун ҳидоят ва яхши кунлардан башоратдир.
Аллоҳ таоло яна:
«Албатта, сенга бу Қуръон ўта ҳикматли ва ўта илмли Зот томонидан берилур» (Намл, 6), деган.
Бу Қуръонни сенга йўллаётган Зот ўта ҳикматли Зотдир. У ҳар бир ишни ҳикмат ила қилади. Ҳикматсиз иши йўқдир. Жумладан, Қуръонни сенга бериши ҳам улкан ҳикматдир. Бунинг устига, Қуръоннинг ўзи ҳам ҳикматга тўладир.
У Зот ўта илмли бўлгани учун ҳар бир ишни илм ила қилади. У Зотнинг илмга асосланмаган иши йўқдир. Жумладан, Қуръонни сенга тушириши ҳам илми билан боғлиқдир. Бунинг устига, Қуръоннинг ўзи ҳам илмларга тўладир.
Аллоҳ таоло яна:
«Албатта, ушбу Қуръон Бани Исроилга улар ихтилоф  қилаётган нарсаларнинг кўпини айтиб берадир.
Албатта, у (Қуръон) мўминлар учун ҳидоят ва раҳматдир» (Намл, 76–77), деган.
Бани Исроил ихтилоф қилган ва қилаётган масалалар анча-мунча. Бани Исроил Таврот ҳақида, унинг шариати, пайғамбарлар, Ийсо (алайҳиссалом) ҳақларида ва яна бошқа кўпгина масалалар устида ихтилофлар қилганлар ва қилмоқдалар. Қуръони Карим улар ихтилоф қилган ва қилаётган масалаларни ҳақ йўл билан ҳал этиб беради.
«Албатта, у (Қуръон) мўминлар учун ҳидоят ва раҳматдир».
Ҳа, Қуръони Карим билан Аллоҳ иймонли кишиларни энг тўғри йўлга ҳидоят қилади. Қинғир йўлдан тўғри йўлга йўллайди. Ихтилофли йўлдан ихтилофсиз йўлга бошлайди. Унинг билан ҳидоятланган мўминлар икки дунёнинг саодатига эришадилар.
Аллоҳ таоло яна:
«У(Қуръон)дан олдин китоб берилганлар унга иймон келтирурлар.
Уларга тиловат қилинган чоқда: «Биз унга иймон келтирдик. Албатта, у Роббимиздан келган ҳақдир. Албатта, биз бундан олдин ҳам мусулмон эдик», дедилар.
Ана ўшаларга сабр қилганлари учун ажрлари икки марта берилган. Улар яхшилик ила ёмонликни дафъ қилурлар ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан нафақа қилурлар» (Қасос, 52–54), деган.
Яъни  Қуръон келишидан олдин илоҳий китоб – Таврот ва Инжил берилган кишилар Қуръонга ҳам иймон келтирурлар.
Бу ояти карима тушган пайтда яҳудийлардан ҳам, масиҳийлардан ҳам иймон келтириб, мўмин-мусулмон бўлган кишилар бор эди. Оятда ана шунга ишора қилинмоқда.
Улар Таврот ва Инжилни яхши тушунган, инсоф билан иш тутган кишилар бўлиб, ўз муқаддас китобларидаги башоратларни мулоҳаза қилганларидан сўнг Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий китоб эканини тан олиб, иймонга келган эдилар. Агар бу иш воқеликда бўлмаганида, кофирлар ушбу оятга дарҳол эътироз билдирган бўлардилар.
Муҳаммад ибн Исҳоқнинг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сийратлари ҳақидаги китобида қуйидагилар келтирилади:
«Сўнгра Маккада турганларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига йигирматача насоролар келишди. У кишининг хабарларини Ҳабашистонда  эшитишган эди.
Улар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни масжидда топишди. У киши билан ўтириб гаплашишди. Савол беришди. Қурайш одамлари эса  Каъба атрофида ўз суҳбатхоналарида эдилар.
Бу насоролар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан хоҳлаган нарсаларини сўраб бўлганларидан кейин, у Зот уларни Аллоҳга даъват қилдилар, уларга Қуръон тиловат қилиб бердилар.
Улар Қуръон тинглаганларида кўзларидан дув-дув ёш тўкдилар. Сўнгра Аллоҳнинг даъватига истижобат этиб, унга иймон келтириб, тасдиқ қилдилар. Улар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)да ўз китобларида васф қилинган сифатларни кўрдилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларидан қайтиб кетаётганларида бир гуруҳ қурайшликлар билан Абу Жаҳл ибн Ҳишом уларнинг йўлларини тўсиб чиқиб:
«Аллоҳ додингларни берсин! Ўз динингиз аҳли сизни бу томон юборса, энди уларга бу одамнинг хабарини олиб борасизларми?! Унинг олдида озгина ўтириб динингизни тарк этиб, уни тасдиқладингизми?! Сиздан кўра аҳмоқроқ гуруҳ кўрмаган эдик!», дедилар.
Шунда улар қурайшликларга:
«Сизга саломлар бўлсин. Биз сизларга ўхшаб жоҳиллик қилмаймиз. Бизга ўзимиз, сизга ўзингиз ихтиёр қилган нарса бўлсин. Биз ўзимизга яхшилик топа олмай қилганимиз йўқ», дедилар».
Илгари китоб берилганларнинг бу шаклда иймон келтирганлари Қуръоннинг ҳақ китоб эканига яна бир далилдир. Улар Қуръон ўқилса, ўзларини мушрикларга ўхшаб тутмайдилар, балки тамоман бошқача тутадилар.
«Уларга тиловат қилинган чоқда: «Биз унга иймон келтирдик. Албатта, у Роббимиздан келган ҳақдир. Албатта, биз бундан олдин ҳам мусулмон эдик», дедилар».
Яъни  аҳли китоб бўлган яҳудий ва насороларга Қуръон тиловат қилинса, уни эшита туриб:
«Биз унга иймон келтирдик».
Яъни  биз Қуръонга иймон келтирдик.
«Албатта, у Роббимиздан келган ҳақдир».
Яъни  Қуръонни Аллоҳ таоло ҳақ китоб қилиб юборганига ҳеч шак-шубҳа йўқдир.
«Албатта, биз бундан олдин ҳам мусулмон эдик», дедилар».
Яъни  Қуръон келишидан олдин ҳам мусулмон эдик. Чунки Аллоҳдан келган ҳар бир динга ишонган кимса мусулмон ҳисобланади. Ушбу аҳли китоблар ҳам Аллоҳни бир деб билганлар. Унинг китоблари ва пайғамбарларига ишонганлар ҳамда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг келишларини орзиқиб кутганлар. Энди у Зотга иймон келтирдилар.
«Ана ўшаларга сабр қилганлари учун ажрлари икки марта берилган. Улар яхшилик ила ёмонликни даф қилурлар ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан нафақа қилурлар».
Аҳли китоблардан кимки иймон келтириб, мусулмон бўлса, икки ҳисса ажр олади. Ўз динларига иймон келтиргани учун бир ажр, Исломга киргани учун яна бир ажр берилади.
Имом Бухорий Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қуйидагиларни айтганлар:
«Уч  тоифа  одамларга  ажрлари  икки  марта берилади. Аҳли китобдан бўлган одам ўз Пайғамбарига иймон келтирса, сўнгра менга иймон келтирса; бир қул Аллоҳнинг ҳаққини ҳам, хожасининг ҳаққини ҳам адо қилса; бир кишининг чўриси бўлса-ю, уни яхшилаб тарбия қилиб, сўнгра озод қилиб унга уйланса».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Қосим ибн Абу Амома:
«Фатҳ куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) минган улов ёнида боратуриб, ғоят гўзал, ширин гапларини эшитдим. Гаплари орасида: «Икки китоб аҳлидан ким мусулмон бўлса, унга икки марта ажр берилур. Бизга бўлган имтиёзлар унга-да бўлур. Бизга юклатилган масъулиятлар унга ҳам юклатилур», деб айтганлар.
Ҳа, ояти карима уларга ажр икки ҳисса берилиш сабабини ҳам айтиб ўтмоқда:
«Ана ўшаларга сабр қилганлари учун ажрлари икки марта берилган».
Улар Исломни сабр билан кутдилар. Бошқаларга ўхшаб адашиб кетгани йўқ. Аввал ўз динларида  тўғри  юришга  интилдилар.  Кейин  эса  Исломга ўтиш машаққатларига сабр қилдилар. Шунинг учун ҳам уларга ажр икки марта берилади.
«Улар яхшилик ила ёмонликни даф қилурлар».
Бу ҳам сабрдир. Ўзларининг собиқ диндошлари, кофирлар уларга ёмонликлар қиладилар, уларни масхара этадилар. Аммо бу аброр кишилар кофирларнинг ёмонликларини ҳам яхшилик билан қайтарадилар.
«...ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан нафақа қилурлар».
Аллоҳ таоло яна:
«Ана шундай қилиб, сенга ҳам китоб нозил қилдик. Бас, Биз китоб берган кимсалар унга иймон келтирурлар. Анавилардан ҳам унга иймон келтирадиганлари бор. Бизнинг оятларимизни фақат кофирларгина инкор этурлар.
Ундан олдин ҳеч бир китобни тиловат қилмас эдинг ва қўлинг билан хат ёзмас эдинг. Агар шундай бўлганида, ботил аҳллари шубҳага тушган бўлур эдилар.
Йўқ! У(Қуръон) илм берилганлар кўксидаги очиқ-ойдин оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур» (Анкабут, 47–49), деган.
Ушбу оятлар Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га қаратилган. Аллоҳ таоло у Зотга:
«Ана шундай қилиб, сенга ҳам китоб нозил қилдик», демоқда.
Яъни аввалдан бирин-кетин китоб нозил қилиб келганимиздек, сенга ҳам Қуръонни нозил этдик. Сен Биз юборган пайғамбарлар силсиласининг давомидирсан. Қуръон Биз нозил қилган китоблар силсиласининг давоми.
«Бас, Биз китоб берган кимсалар унга иймон келтирурлар».
Яъни  олдин китоб берилган аҳли китоблар Қуръонга иймон келтирурлар. Бу − уларнинг бурчи. Ўзларининг китобида ҳам шунга буюрилганлар. Қуръон келганидан кейин бошқа китоблар амалдан қолади. Ҳамма Қуръонга иймон келтириши, эргашиши лозим бўлади.
«Анавилардан ҳам унга иймон келтирадиганлари бор».
«Анавилардан» мурод араб мушрикларидир.
«Бизнинг оятларимизни фақат кофирларгина инкор этурлар».
Демак, Қуръон оятларини ким инкор этса, ким уларга иймон келтирмаса, ўша кофирдир. Хоҳ у аҳли китобдан бўлсин, хоҳ мушриклардан бўлсин, хоҳ бошқа тоифадан бўлсин.
Баъзи бир устамон аҳли китоблар ҳозирда содда мусулмонларнинг бошини аввалги оят маъноси билан айлантирмоқдалар. Мана, Қуръонда сизлар билан бизни тенг дейилган, Илоҳимиз бир, фарқи йўқ, келинглар, Инжил ўқинглар, черковга киринглар, деб йўлдан урмоқдалар. Кейинги оят эса  айтилмай қолиб кетмоқда. Мусулмонлар Қуръондан узоқлашганда ана шундай мусибатлар келиб чиқади. Ислом келди, бошқа барча динлар ботил бўлди. Қуръон келди, бошқа барча китоблар насх бўлди. Ушбу ҳақиқатни ҳамма яхши билмоғи даркор.
Кейинги оятда Қуръон ҳақиқий илоҳий китоб эканига ақлий далил келтирилади:
Эй Пайғамбар!
«Ундан олдин ҳеч бир китобни тиловат қилмас эдинг ва қўлинг билан хат ёзмас эдинг. Агар шундай бўлганида, ботил аҳллари шубҳага тушган бўлур эдилар».
Яъни эй Муҳаммад, сен Қуръондан олдин бирор китобни тиловат қилмас эдинг. Чунки ўқишни − тиловат қилишни билмас эдинг. Буни ҳамма яхши билади. Сен уларнинг ичида ўсгансан. Сенинг ҳаётингнинг ҳар бир лаҳзасини улар яхши биладилар. Шунингдек:
«...қўлинг билан хат ёзмас эдинг».
Чунки ёзишни ҳам ўрганмаган эдинг. Буни ҳам ҳамма яхши билади. Ўқиш ва ёзишни ўрганмаган одам Қуръондек мўъжиза китобни қирқ ёшидан кейин бирдан тиловат қилиб, кишиларга етказа бошлаши бу иш оддий иш эмаслигига ёрқин далилдир.
Чунки Қуръондаги таълимотлар, ундаги маълумотлар инсон тўқиб айтадиган жўн гаплар эмас. У китоб ўқиш ва ёзишни билмаган инсон томонидан тиловат қилиниши эса  унинг илоҳий эканига ҳеч шубҳа қолдирмайди.
Ҳа, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ўқиш ва ёзишни ўрганмаганлари у киши учун ҳам зийнат, ҳам мўъжизадир.
«Агар шундай бўлганида...»
Яъни  ўқиш ва ёзишни ўрганган бўлганида:
«...ботил аҳллари шубҳага тушган бўлур эдилар».
Бу ўқиш-ёзишни билади, бирор китобдан ўқигандир, бирор устоздан ёзиб олгандир, деб Қуръоннинг илоҳий китоб эканлиги ҳақида шубҳага тушган бўлар эдилар.
Қуръон инсон томонидан яратилиши мумкинми?
«Йўқ! У(Қуръон) илм берилганлар кўксидаги очиқ-ойдин оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур».
Қуръон инсон томонидан таълиф қилинган китоб бўлиши мумкинми?!
«Йўқ!»
Қуръон инсон томонидан таълиф қилинган китоб бўлиши мумкин эмас.
Қуръон илм берилганларнинг – мўмин-мусулмонларнинг қалбларига жо бўлган очиқ-ойдин оятлардир. Ҳа, бу китобнинг оятлари очиқ-ойдин илоҳий оятлар эканини англаб етиш учун илм берилган шахс бўлиши керак. Илм берилмаган жоҳиллар буни англаб етишлари қийин.
«Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур».
Илоҳий ҳақиқатдан чекиниб, ботилга эргашганлар золим бўлмай, ким золим бўлсин. Фақат золим бўлганларгина, оқни қора, қорани оқ дейдиганларгина Қуръон оятларини – Аллоҳ таолонинг сўзларини инкор қилиши мумкин.
Аллоҳ таоло яна:
«Батаҳқиқ, Биз ушбу Қуръонда одамлар учун турли мисоллар келтирдик. Аниқки, агар сен уларга оят-мўъжиза келтирсанг ҳам, куфр келтирганлар: «Сиз ботилчилардан ўзга эмассиз», дерлар.
Аллоҳ билмайдиганларнинг қалбларини ана шундай қилиб муҳрлар», (Рум, 58–59) деган.
Аллоҳ таоло бу ояти каримада маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га хитоб этиб, кофирларнинг ҳолини, уларнинг Қуръонга, пайғамбарликка муносабатларини баён қилмоқда:
«Батаҳқиқ, Биз ушбу Қуръонда одамлар учун турли мисоллар келтирдик».
Кофирлар ўша мисоллардан иймон, ибодат ва бошқа масалаларни тушуниб олишлари осон эди. Аммо улар бу китобнинг оятларига ҳам, мисолларига ҳам, сенга ҳам ишонмадилар.
«Аниқки, агар сен уларга оят-мўъжиза келтирсанг ҳам, куфр келтирганлар: «Сиз ботилчилардан ўзга эмассиз», дерлар».
Яъни  сен ўзингнинг ҳақ Пайғамбар эканингга моддий мўъжиза келтирсанг ҳам, улар ишонмайдилар. Бу ҳам етмаганидек, сенга ва мусулмонларга:
«Сизлар ботилчилардан ўзга эмассиз», дерлар.
«Аллоҳ билмайдиганларнинг қалбларини ана шундай қилиб муҳрлар».
Аллоҳ таоло яна:
«Куфр келтирганлар: «Ушбу Қуръонга ҳам, ундан олдинги нарсага ҳам ҳеч иймон келтирмасмиз», дедилар. Агар сен ўша золимларни Роббилари ҳузурида турғазиб қўйилганларида бир-бирларига гап қайтараётганларини кўрсанг эди. Ўшанда заиф саналганлар мутакаббирлик қилганларга: «Сиз бўлмаганингизда, албатта, биз мўмин бўлар эдик», дерлар» (Сабаъ, 31), деган.
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло кофирларнинг туғёни ҳаддан ошиб кетгани туфайли яна ҳам саркашлик қилаётганлари ҳақида хабар бермоқда.
«Куфр келтирганлар: «Ушбу Қуръонга ҳам, ундан олдинги нарсага ҳам ҳеч иймон келтирмасмиз», дедилар».
Бу ишлари кофирларнинг ҳеч қандай ҳидоятга юрмасликка қаттиқ қарор қилганларини кўрсатади. Улар ўзларига келаётган илоҳий дастурга, яъни  Қуръони Каримга ҳам, унинг ҳақлигини тасдиқловчи олдинги илоҳий китобларнинг бирортасига ҳам ҳеч қачон иймон келтирмасликларини таъкидлаб айтмоқдалар.
Улар бу дунёда шу даражада ўзларидан кетганки, оғизларига келганини гапирадилар. Қуръони Каримга ҳам, бошқа илоҳий китобга ҳам иймон келтирмасликларини фахр билан айтадилар.
Аммо охиратда бу манманликдан асар ҳам қолмайди. Шунчалик хор-зор бўладиларки, асло қўяверинг. Эй Пайғамбар!
«Агар сен ўша золимларни Роббилари ҳузурида турғазиб қўйилганларида бир-бирларига гап қайтараётганларини кўрсанг эди».
Қуръонга ҳам, ундан олдинги китобларга ҳам ҳеч қачон иймон келтирмаймиз, деган ўша золимларни қиёмат куни маҳшаргоҳда Роббилари ҳузурида турғазиб қўйилганларида ҳар бири ўзини оқлаш учун бир-бирига гап қайтараётганларини кўрсанг эди. Ажойиб бир ҳолатни, яъни  бу дунёдаги мутакаббирлик, манманлик ва туғёндан асар ҳам қолмаганини кўрар эдинг.
Улар иккига бўлиниб олиб, бир-бирларига айб ағдаришларини кўрар эдинг.
«Ўшанда заиф саналганлар мутакаббирлик қилганларга: «Сиз бўлмаганингизда, албатта, биз мўмин бўлар эдик», дерлар».
Айб сизларда, сизларнинг гапингизга кириб, биз ҳам кофир бўлдик, мана, оқибат нима бўлди, дерлар.
Аллоҳ таоло яна:
«Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар.
Чунки У Зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир» (Фотир, 29–30), деган.
Бу икки оятда Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг баъзи сифатлари ва уларга бериладиган мукофотлар ҳақида сўз юритмоқда.
«Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар»
Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримни тиловат қилиш – унга кўз югуртириб чиқиш ёки ёдлаб олган жойини шуурсиз такрорлаш эмас. Қуръон тиловати уни бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда тадаббур ила ўқиб, унга амал қилишдир.
Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримни тиловат қилиш ҳар бир мўминнинг бурчидир. Ким ҳам Аллоҳнинг китоби тиловатини билмай туриб бандалик даъвосини қилади? Қуръон тиловати ҳар бир мўминнинг кундалик вазифаси бўлиши керак. Уламоларимиз оддий кишилар учун ҳар куни бир порадан ўқиб туришни тавсия қиладилар.
Шунда бир ойда Қуръони Карим бир марта ўқиб чиқилади. Ҳар бир мўмин Қуръонни бошидан охиригача ўқишни ўрганиб, ундан бир порани кундалик вазифа қилиб олиши керак. Ҳа, Қуръон тиловати ниҳоятда зарур.
Шунинг учун ҳам оятда мўминлар сифатлари ичида биринчи ўринда Қуръон тиловати келмоқда. Аввал айтиб ўтилганидек, ҳақиқий тиловат, ўзидаги зикр қилинган ҳукмларга амал этишга чорловчи тиловатдир.
Шунинг учун ҳам тиловатдан кейин,
«намозни тўкис адо этиб» деган сифат келмоқда.
Намозни тўкис адо этиш мўмин кишининг асосий сифатларидан биридир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Биз билан биздан бошқаларнинг орасидаги фарқ намоздир», деганлар.
«Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар».
Аллоҳ берган ризқдан Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилиш ҳам мўмин-мусулмонларнинг сифати саналади. Мусулмонлар доимо шу сифатлари билан бошқалардан ажралиб турганлар.
Ана шу ишларни бажарганлар, Аллоҳнинг китобини тиловат қилиб, намозни тўкис адо этиб, Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилган мўмин-мусулмонлар:
«ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар».
Чунки улар Аллоҳ таоло билан савдолашмоқдалар. Аллоҳ таоло билан тижорат қилганлар ҳеч қачон касодга учрамаганлар ва учрамайдилар ҳам.
«Чунки У Зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва ўз фазлидан зиёда ҳам қилур».
Демак, бу тижорат нафақат касодга учрамайдиган, балки доимо фойда келтирадиган тижоратдир. Бу тижорат билан шуғулланганлар жуда ҳам бахтли инсонлардир.
«Албатта, У ўта мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир».
Яъни  Аллоҳ таоло ўта мағфиратли Зотдир. Қуръон тиловат қилган, намозни тўкис адо этган, инфоқ-эҳсон қилганларнинг гуноҳларини мағфират этади.
Аллоҳ таоло ўта шукр қилгувчи, бандаларининг ибодатларини муносиб тақдирловчи, уларнинг шукрларини қабул этгувчи Зотдир.
Аллоҳ таоло яна:
«Биз сенга ваҳий қилган китоб айни ҳақдир, ўзидан олдинги нарсани тасдиқловчи бўлгандир. Албатта, Аллоҳ ўз бандаларидан ўта хабардор ва уларни ўта кўргувчидир», (Фотир. 31) деган.
Эй Муҳаммад, Биз сенга ваҳий қилган китоб – Қуръон айни ҳақдир. Ундан бошқа ҳақ йўқ. Қуръоннинг ўзи, унинг таълимоти ва ҳукмлари ҳақдир.
Аллоҳ таолонинг ҳақ китоби – Қуръони Карим,
«ўзидан олдинги нарсани тасдиқловчи бўлгандир».
У ўзидан олдинги илоҳий китобларни тасдиқлаб келган. Чунки Қуръонни ҳам ўша китобларни нозил қилган Зот туширган.
«Албатта, Аллоҳ Ўз бандаларидан ўта хабардор ва уларни ўта кўргувчидир».
Уларнинг ҳар бир ишидан хабардор бўлиб, ҳар бир нарсасини яхши кўриб турибди. Вақти келганда ўзи билиб муомала қилади.
Аллоҳ таоло яна:
«Сўнгра бу китобни ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик. Бас, улардан ўзига ўзи зулм қилувчилари бор, улардан ўртачалари бор ва улардан Аллоҳнинг изни ила яхшиликларга ўзувчилар ҳам бор. Ана шу айни улуғ фазлдир» (Фотир. 32), деган.
Бу оят мусулмон умматининг мақоми нақадар улуғ эканини яққол кўрсатмоқда. Аллоҳ таоло ўзининг ҳақ китобига меросхўр қилиб барча умматлар ичидан айнан мусулмон умматини танлаб олганини айтмоқда.
«Сўнгра бу китобни Ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик».
Аллоҳ таоло ўзининг боқий мўъжизаси бўлмиш ҳақ китобини – Қуръони Каримни Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг умматига мерос қилиб берди. Бу иноятда шон-шараф ҳам, жуда улкан масъулият ҳам бор.
Ана шундай шон-шараф ва катта масъулият юклатилган уммат ичида турли кишилар мавжуд.
«Бас, улардан ўзига ўзи зулм қилувчилари бор»
Улар ўша шон-шарафга номуносиб ва зиммасидаги масъулиятни англаб етмаган осийлардир. Бу тоифадаги одамларнинг ёмонликлари яхшиликларидан кўп бўлади. Улар ўзларига ишониб топширилган ҳақ китобга муносиб бўла олмай ўзларига ўзлари зулм қилганлардир.
«улардан ўртачалари бор»
Уламоларимиз «ўртачалар» – фарз ва вожиб амалларни адо этадиган, ҳаромлардан узоқ бўлган, баъзи мустаҳабларни тарк этиб, баъзи макруҳларни қилган кишилардир, дерлар.
«ва улардан Аллоҳнинг изни ила яхшиликларга ўзувчилар ҳам бор».
Улар барча фарз, вожиб ва суннат амалларни тўлиқ адо этадилар. Барча ҳаром, шубҳали ва макруҳ амаллардан узоқда бўладилар. Бунинг устига номига яхшилик бўлса, ҳаммадан ўзиб етиб борадилар.
«Ана шу айни улуғ фазлдир».
Аллоҳ таоло яна:
«Биз унга шеърни таълим берганимиз йўқ. Бу унинг учун тўғри ҳам келмас. У зикр ва очиқ-ойдин Қуръондан ўзга нарса эмас.
Тирик бўлган шахсларни огоҳлантириш ва кофирларга (азоб) сўзини ҳақ қилиш учундир» (Йасин, 69–70), деган.
Мушриклар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни шоир, Қуръони Каримни шеър ҳам деганлар. Аллоҳ таоло ушбу оятда уларнинг бу даъволарига кескин жавоб бермоқда:
«Биз унга шеърни таълим берганимиз йўқ».
Сизлар шеър билан Қуръоннинг фарқига бора олмаяпсиз. Шеър ички кечинмаларни инсоннинг ўзи вазнга солиб, байт қилиб айтишидир. Уни хоҳлаган инсон айтиши мумкин. Шеър турли бўлган-бўлмаган гапларни ҳам кўтараверди. Айниқса, арабларда бу нарса машҳур.
Улар ҳақиқатни яхшилаб билиб олишлари лозим, Қуръон Аллоҳ томонидан танлаб олинган етук банда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил қилинган ваҳийдир. У Аллоҳнинг каломидир. Уни ҳеч ким ўзидан чиқариб айта олмайди. Шунинг учун Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни шоир дейиш мумкин эмас.
«Бу унинг учун тўғри ҳам келмас».
Шоирлик пайғамбарлик мақомига ҳеч мос келмайдиган амалдир. Шунинг учун ҳам шоирлик Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг табиатларида умуман йўқ эди.
Абу Заръа ар-Розий қилган ривоятда Шаъбий:
«Абдулмуттолибдан тарқаган болаларнинг ҳаммаси: эркаги ҳам, аёли ҳам шеър айтар эди, магар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтмаганлар», дейилган.
Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га шеърни таълим бермаганини, шеър ўқиш у Зотга тўғри ҳам келмаслигини айтганидан сўнг, Қуръони Каримнинг моҳиятини баён қилишга киришади:
«У зикр ва очиқ-ойдин Қуръондан ўзга нарса эмас».
Аллоҳ таолодан Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га келган ваҳий зикрдир, эслашдир, Қуръондир – қироат қилинадиган каломдир. Бу илоҳий китоб бутун оламлар учун ваъз-насиҳат, эслатмадир. Ҳамма учун тиловат қилинадиган илоҳий дастурдир. Уни Аллоҳ таоло маълум мақсад ила нозил этгандир. Унинг нозил қилиниши:
«Тирик бўлган шахсларни огоҳлантириш ва кофирларга (азоб) сўзини ҳақ қилиш учундир».
Оятда мўминларни «тирик»лар дейилмоқда. Кофирлар эса  ўликларга тенглаштирилмоқда. Иймонга келишга тайёр қалб ҳаётда тирик яшашга тайёр қалбдир. Куфрда қоладиган қалб эса  яшашга тайёрланмаган ўлик қалбдир.
Шунинг учун ҳам Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаётга тайёрларни Қуръон билан огоҳлантирадилар. Ҳаётга тайёрланмаганларга эса азоб калимаси ҳақ бўлганини эълон қиладилар.
Демак, инсонлар Қуръонга бўлган муносабатларига кўра икки турга бўлинадилар.
Биринчиси, унга иймон келтирганлар – тириклар.
Иккинчиси, унга куфр келтирганлар – ўликлар.
Аллоҳ таоло яна:
«Сод. Зикр соҳиби бўлмиш Қуръон ила қасам».
«Сод» алифбо ҳарфларидан биридир. Ушбу ҳарфни талаффуз қилишининг ўзи бир мўъжиза бўлса, бу ва унга шерик бошқа ҳарфлардан таркиб топган Қуръон эса  абадий илоҳий мўъжизадир. Оддий алифбо ҳарфларидан таркиб топган Қуръонга ўхшаш китобни ҳеч ким келтира олмаслиги унинг энг улкан мўъжиза эканини кўрсатади.
«Зикр соҳиби бўлмиш Қуръон ила қасам».
Оятдаги «зикр» сўзига тафсирчи уламоларимиз икки хил – «эслатма» ва «шон-шараф» маъноларини беришган. Аслида, Қуръони Карим васфида бу икки маъно ҳам бор. Шунинг учун ҳам Қуръонда «эслатма» ёки «шон-шараф» эмас, балки шу икки маънони бир йўла ифода этадиган «зикр» сўзи ишлатилган. Қуръони Карим мўъжизасининг қирраларидан бири ҳам шудир.
Зикр соҳиби бўлмиш Қуръон ила Аллоҳ таолонинг қасам ичиши бежиз эмас. Аввало, Қуръони Каримнинг шону шарафи улуғланяпти, қолаверса, араб тили қоидалари бўйича, бу қасамдан кўзланган мақсадга эътибор тортиляпти.
Лекин асл мақсад бу ерда очиқ зикр этилмаган. Сўзнинг бориши ва унинг умумий маъносига қараб, зикр соҳиби бўлмиш Қуръон ила қасамки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақ Пайғамбардир, Қуръон ҳақ мўъжизадир, деб гап маъносини тушунса бўлади.
Аллоҳ таоло яна:
«Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир» (Сод, 29), деган.
Эй Муҳаммад, одамлар орасида ҳақ билан ҳукм юритишинг учун биз сенга Қуръонни туширганмиз.
«Биз сенга нозил қилган китоб муборакдир».
Дунё ва охиратнинг барча баракаси ушбу китобдир. Ким икки дунёнинг баракасини олишни хоҳласа, ушбу муборак китобга–Қуръонга амал қилсин.
Ким икки дунёнинг бахт-саодатига эришишни истаса, ушбу Қуръонни ўзига дастур қилиб олсин.
Биз Қуръонни кишиларни икки дунё саодатига бошлаш учун нозил қилдик.
«Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир».
Қуръон оятларини ақлли кишилар тадаббур қиладилар–чуқур тафаккур қиладилар.
Қуръон оятларидан ақлли кишилар эслатма оладилар.
Аллоҳ таоло яна:
«Сен: «Мен унинг учун сиздан ҳеч ажр-ҳақ сўрамасман. Мен сохтакорлардан ҳам эмасман.
У(Қуръон) фақат оламлар учун эслатма, холос.
Албатта, унинг хабарини бир муддатдан сўнг билурсиз», деб айт» (Сод, 86–88), деган.
Эй кофирлар, эй мушриклар, мен Қуръонни етказганим учун сиздан ҳақ сўрамайман.
Мен Қуръонга даъват қилиш билан ўз манфаатимни кўзлаётганим йўқ.
«Мен сохтакорлардан ҳам эмасман».
Мен ўзида йўқ нарсани бор деб даъво қиладиган, ўзида йўқ хислатни бор қилиб кўрсатишга интиладиган кимсалардан ҳам эмасман. Мен ҳақиқий Пайғамбарман.
«У(Қуръон) фақат оламлар учун эслатма, холос».
У сиз даъво қилаётганингиздек, сеҳр ҳам, шеър ҳам эмас.
У одамлар учун эслатмадир.
У оламларга иймонни, ихлосни, ибодатни, жаннатни эслатадир.
У оламларга куфрни, исённи, нифоқни, дўзахни эслатадир.
У оламларни ваъз-насиҳат йўли билан яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарадир.
Бас, бу улкан ҳақиқатни барчангиз эсингизда сақланг.
«Албатта, унинг хабарини бир муддатдан сўнг билурсиз», деб айтгин».
Бир оз муддат ўтсин, Қуръоннинг хабарини билиб оласиз. Унинг хабари бутун оламни олади.
Унинг хабари ҳамманинг оғзидан тушмай қолади.
Унинг хабари олдида бошқа хабарлар ҳеч нарса бўлмай қолади.
Шунингдек, у келтирган барча хабар тўғри бўлиб чиқади, буни ҳам кўрасиз.
Аллоҳ таоло яна:
«Бу китобнинг нозил қилиниши азизу ҳаким бўлган Аллоҳ томонидандир.
Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила нозил қилдик. Бас, сен Аллоҳга унга динни холис қилган ҳолингда ибодат эт» (Зумар, 1–2), деган.
Ушбу Қуръон азиз–ҳаммадан ғолиб ва ҳаким–ҳар бир ишни ўта ҳикмат билан қиладиган зот Ал¬лоҳ таоло томонидан туширилгандир.
Аллоҳ таоло азиз бўлгани учун Қуръондек абадий мўъжизани, инсониятни қиёматгача икки дунё саодатига бошловчи китобни нозил қилди.
Аллоҳ таоло ҳаким бўлганидан ҳам бутун инсониятни икки дунё саодатига элтувчи барча ҳикматларни Қуръонга жойлаб туширди.
«Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила нозил қилдик. Бас, сен Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ибодат эт».
Бу оятдаги хитоб Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллалоҳу алайҳи васалламга қаратилган. Мушриклар Қуръони Карим ҳақида турли шак-шубҳалар тарқатиб турган бир пайтда Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиб, ҳеч кимга эътибор бермай Қуръонни маҳкам тутиш ва Ўзига холис ибодат этишга чақирмоқда.
«Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила нозил қилдик».
Эй Муҳаммад! Албатта, биз сенга Қуръонни ҳақ билан туширдик.
Эй Муҳаммад! Албатта, биз сенга Қуръонни ҳақ қилиб туширдик.
Эй Муҳаммад! Албатта, Биз сенга Қуръоннинг тушишини ҳақ қилдик.
Ҳа, Қуръоннинг Аллоҳ томонидан Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламга тушгани ҳақдир.
Ҳа, Қуръон ҳақдан иборат эканлиги ҳақдир.
Ҳа, бу Қуръоннинг ҳақ билан қувватланиб тушгани ҳақдир.
Қуръоннинг ҳақлигини инкор қилган ноҳақдир.
Қуръоннинг Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан тушганини инкор этган ноҳақдир.
Қуръоннинг ҳақ билан қувватланиб тушганини инкор қилган ноҳақдир.
Шундай бўлганидан кейин:
«Бас, сен Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ибодат эт».
«Дин» итоат, ибодат, жазо-мукофот ва шариат маъноларини ўз ичига олади.
Демак, Аллоҳгагина холис итоат этган ҳолингда ибодат эт.
Аллоҳгагина холис ибодат қилган ҳолингда ибодат эт.
Аллоҳдангина шариат қабул этган ҳолингда ибодат эт.
Аллоҳнинг тавҳидига шак келтирма.
Аллоҳнинг динига бошқанинг динини аралаштирма.
Аллоҳнинг ибодатига бошқанинг итоатини аралаштирма.
Аллоҳдан жазо ёки мукофот кутишингга бошқадан жазо ёки мукофот кутишни аралаштирма.
Аллоҳнинг шариатидан бошқани шариат деб қабул этма!
Аллоҳ таоло яна:
«Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар. Ундан Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар. Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У ила Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилар. Кимни Аллоҳ залолатига кетказса, бас, унинг учун ҳидоят қилгувчи йўқ» (Зумар, 23), деган.
Бу ояти каримада Қуръони Каримнинг васфи, унинг мўминларга таъсири ва у орқали ҳидоятга эришиш ҳақида сўз кетмоқда.
«Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар».
Қуръони Карим энг гўзал сўздир. Унинг оятлари гўзалликда, пурмаъноликда, ҳикматда, тўғриликда ва ҳукмда бир-бирига ўхшашдир. «Такрорланадиган» бўлиши эса, ҳукмлари такрор-такрор келади, ҳикматлари такрор-такрор келади, ваъзлари, огоҳлантиришлари, ваъдаю таҳдидлари ҳам такрор-такрор келади. Шунингдек, суралари, оятлари такрор-такрор ўқилади, ёд олинади, ўрганилади.
«Ундан Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар».
Аллоҳдан қўрқадиган бандалар Қуръонни ўқиганларида, унинг тиловатларини эшитганларида баданлари титрайди. Ундаги маънолардан таъсирланиб, уни туширган Аллоҳнинг ҳайбатидан, Уни улуғлашдан қалблари титрайди.
«Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар».
Бу сифат Аллоҳ таолонинг аброр бандаларининг сифатидир. Улар Қуръон тиловатидан, ундаги маънолардан жуда қаттиқ таъсирланадилар. Огоҳлантирувчи, таҳдид қилувчи оятлар келганида хавфдан, қўрқинчдан баданлари титрайди, яхши ваъда ва раҳмат оятлари келганида умидворликдан баданлари ва қалблари юмшайди, Аллоҳнинг зикрига яна ҳам кўпроқ бериладилар. Бундай бўлиши яхшилик аломатидир.
«Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир».
Қуръондан гўзал таъсирланиш Аллоҳнинг ҳидоятидир.
«У ила Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилур».
Шунда одам Қуръондан таъсирланиб, кўнгли юмшаб, унга амал қилишга ўтади.
«Кимни Аллоҳ залолатига кетказса, бас, унинг учун ҳидоят қилгувчи йўқ».
Ундай одамнинг иши чатоқ!
Аллоҳ таоло яна:
«(Бу) Роҳман ва Раҳийм томонидан нозил қилингандир.
Биладиган қавмлар учун оятлари муфассал баён қилинган китобдир.
Хушхабар бергувчи ва огоҳлантиргувчи бўлган ҳолидадир. Бас, кўплари ундан юз ўгирдилар. Энди улар эшитмаслар» (Фуссилат, 2–4), деган.
Аллоҳ таолонинг Роҳман ва Раҳийм сифатлари ҳақида жуда кўп гапирилди. Бу ерда Аллоҳ таоло Қуръони Каримни ўзининг Роҳман ва Раҳийм сифатлари ила нозил қилганини таъкидламоқда.
Ҳа, Аллоҳ таолонинг инсониятга Қуръонни тушириши бир раҳматдир.
Ҳа, Аллоҳ таоло бандаларига раҳми келганидан, улар икки дунё саодатига эришиш йўлини ахтариб қийналиб юрмасинлар, деб Қуръонни инсон ҳаёти учун бардавом дастур қилиб туширгандир.
Ушбу китобнинг оятлари Аллоҳ таолонинг раҳмати туфайли, барча одамларга раҳмат ўлароқ нозил бўлгандир.
Бу Қуръон унга ишониб, амал қилганларни нафс балоларию ботил амаллар ёмонлигидан, турли бузуқ фикр ва йўллардан сақлайди. Барча яхшилик, эзгулик ва омонликларга бошлайди.
Бу китоб:
«Биладиган қавмлар учун оятлари муфассал баён қилинган китобдир».
Қуръони Карим ўзини, ҳақиқатни биладиган қавмлар учун оятлари муфассал баён қилинган китобдир. Улар бу китобда ҳар бир нарсани муфассал ҳолида топадилар.
«Хушхабар бергувчи ва огоҳлантиргувчи бўлган ҳолидадир. Бас, кўплари ундан юз ўгирдилар. Энди улар эшитмаслар».
Шу билан бирга, Қуръони Карим иймон келтириб солиҳ амал қилувчиларга хушхабар бўлиб туширилган. Куфр келтирганлар ва гуноҳкорларга огоҳлантирувчи ўлароқ нозил қилинган. Инсонлар унинг хушхабарларидан қувониб, огоҳлантиришларидан ҳушёр тортишлари лозим.
Аммо кўпчилик инсонлар Қуръонни хурсанд қабул қилиш ўрнига ундан юз ўгирдилар.
«...кўплари ундан юз ўгирдилар. Энди улар эшитмаслар».
Юз ўгиргандан кейин қандай ҳам эшита оладилар?!
Аллоҳ таоло яна:
«Куфр келтирганлар: «Бу Қуръонга қулоқ солманглар, унга халақит беринг, шоядки ғолиб бўлсангиз», дедилар.
Бас, албатта, Биз куфр келтирганларга шиддатли азобни тоттирамиз ва, албатта, уларга қилиб юрган амалларининг энг ёмон жазосини берамиз» (Фуссилат, 26–27), деган.
Бу оят кофирларнинг бир-бирларига Қуръони Каримга нисбатан муносабати юзасидан берган маслаҳатлари ҳақида хабар бермоқда. Улар бир-бирларига:
«Бу Қуръонга қулоқ солманглар...» деганлар.
Чунки қулоқ солса, таъсирланиб иймонга келиб қолади. Кофирлар шундан қўрқади. Шунинг учун Аллоҳнинг душманлари бўлган кофирлар ҳатто араб тилини билмайдиган кишиларга ҳам Қуръонни эшиттирмасликка уринадилар.
«...унга халақит беринг...»
Халақит бериш турлича бўлади. Мисол учун, Абу Жаҳл: «Муҳаммад қироат қилган вақтда унинг юзига қараб қичқиринглар, токи нима деяётгани билинмасин», деган.
Баъзилари қироат пайтида хуштак ёки қарсак чалган. Баъзилари ўзларича шеър ва балоғатли сўзларни айтиб, кишиларни Қуръондан чалғитишга интилган. Молик ибн Назрга ўхшаганлар Исфандиёр ва Рустамнинг қиссаларини айтганлар. Қадимги кофир ва мушриклар ўз воқеъликларидан келиб чиқиб Қуръонга халақит беришга уринганлар. Кейинги мушрик ва кофирлар ҳам ўз воқеъликлари даражасида Қуръонга халақит беришга уриниб келдилар ва уринмоқдалар. Лекин ҳаммасининг мақсади бир:
«...шоядки ғолиб бўлсангиз», дедилар».
Аммо кофирлар эмас, доимо Қуръон ғолиб бўлиб келмоқда. Чунки Қуръон ҳақ, кофирлик ботилдир. Ҳақ доимо ботил устидан ғолиб бўлади. Қуръонга қарши чиққан кофирларга Аллоҳ таоло тайёрлаб қўйган азоблар бор.
«Бас, албатта, Биз куфр келтирганларга шиддатли азобни тоттирамиз ва, албатта, уларга қилиб юрган амалларининг энг ёмон жазосини берамиз».
Куфр келтирганлар жуда қаттиқ азобга йўлиқадилар. Уларнинг гуноҳлари, ёмон амаллари жазосиз қолмайди. Уларга жуда оғир жазо берилади.
Аллоҳ таоло яна:
«Албатта, ўзларига Зикр келганда унга куфр келтирганлар... Албатта, у азиз китобдир.
Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмас. У ўта ҳикматли ва ўта мақталган Зотнинг туширганидир» (Фуссилат, 41–42), деган.
Ушбу икки оятда Қуръони Карим оятларига куфр келтирганларга таҳдид қилинмоқда ва Қуръони Карим сифатлари ҳақида сўз кетмоқда. Ўтган оятларда умуман Аллоҳнинг каломига эгрилик қилганларнинг оқибати эслатиб ўтилган эди. Аммо Қуръони Каримга куфр келтирганларга нисбатан бошқача йўл тутилади.
«Албатта, ўзларига Зикр келганда унга куфр келтирганлар...»
Нима жазо берилиши айтилмади. Худди шуниси жуда ҳам кучли таҳдиддир. Бу айтилмаган ўринга энг шиддатли, масалан, «Нима қилишни ўзимиз биламиз», «Кунларини кўрсатиб қўямиз» ёки шунга ўхшаш таҳдидларни қўйиш мумкин.
«Зикр» Қуръони Карим номларидан бири бўлиб, «эслатма» маъносини билдиради. Бу сўз аввалги сураларда ҳам кўп келган.
«Албатта, у азиз китобдир».
Албатта, Қуръони Карим азиз–ғолиб, кучли ва иззатли китоб. Унга куфр келтирганлар мағлуб, кучсиз ва хорлардир.
«Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмас».
Бу азиз китобга умуман ботил яқин кела олмайди. Азиз китоб бўлганидан кейин ботил қандай қилиб унга яқинлаша олсин?! Азиз Зотнинг азиз китоби Қуръони Каримга қиёматгача абадул-абад ботил яқин кела олмайди. У соф ва соғлом ҳолида илоҳий мўъжиза бўлиб қолади.
Бу башорат ҳам Қуръоннинг илоҳий китоб эканлигига ёрқин далилдир. Мана, асрлар ўтибдики, унинг бирор ҳарфи ўзгаргани, унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келгани йўқ! Ва шундай давом этажак, иншааллоҳ.
«У ўта ҳикматли ва ўта мақталган Зотнинг туширганидир».
Қуръон ўта ҳикматли зот бўлмиш Аллоҳ таолонинг нозил қилган китобидир, Шунинг учун у ҳикматга тўла китобдир. Унинг оятлари ҳикматли, кўрсатмалари ҳикматли, амрлари ҳикматли, қонун-қоидалари ҳикматли–ҳамма-ҳаммаси ҳикматли.
Қуръон ўта мақталган зот Аллоҳ томонидан туширилгани учун энди Аллоҳнинг ҳамди-мақтови кўп такрорланади.
Аллоҳ таоло яна:
«Агар Биз уни ажамийча Қуръон қилганимизда, албатта: «Унинг оятлари муфассал баён қилинганида эди. Арабийга ажамчами?!» дер эдилар. Сен: «У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир. Иймон келтирмайдиганларнинг қулоқларида оғирлик бордир. У улар учун кўрликдир. Улар узоқ макондан чақирилаётганлардир», деб айт» (Фуссилат, 44), деган.
Макка мушрикларининг қалбларини моғор босгани учун ўз тилларидаги илоҳий китоб Қуръон ҳақида бир-бирларига: «Унга қулоқ османглар, унга халақит беринглар», дейишарди.
«Агар биз уни ажамийча Қуръон қилганимизда, албатта: «Унинг оятлари муфассал баён қилинганида эди. Арабийга ажамчами?!» дер эдилар».
Фаразан Қуръонни араб тилида эмас, бирор ажамий тилда нозил қилганимизда, кофир мушриклар бунга ҳам гап топар эдилар. Улар:
«Қуръон оятлари бизнинг араб тилимизда муфассал баён қилинганида эди, уни эшитишимиз, ўрганишимиз мумкин эди. Арабий одамга, ажамча Қуръон ҳам тушириладими?» дейишлари аниқ эди.
Яъни, нима қилиб бўлса ҳам баҳона топар эдилар. Чунки, аслида, Қуръонга эргашиш ниятлари йўқ.
Эй Пайғамбар!
«Сен: «У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир», деб айт.
Қуръони Карим мўминлар учун ҳидоятдир.
Қуръон мўминларни саодатли ҳидоят йўлига бошлайди.
Қуръони Карим мўминлар ҳаётининг ҳар бир соҳасида уларга ҳидоят маёғи бўлади. Унинг ҳидоятидан баҳраманд бўлиш учун унга иймон келтириш керак.
Қуръони Карим мўминлар учун шифодир.
Қуръон мўминларнинг барча дардларига шифо бўлади.
Қуръони Карим қалблардаги касалларга, турли ижтимоий, иқтисодий, ахлоқий, маънавий касалларга шифодир.
Унинг шифобахшлигидан баҳраманд бўлиш учун унга иймон келтириш керак.
«Иймон келтирмайдиганларнинг қулоқларида оғирлик бордир».
Қуръонга иймони йўқларнинг қулоқлари кардир. Иймонсизлик оғир дарддир. Унда кишининг қалби касал бўлиб, тошга айланиб қолади. Бунинг асорати бошқа аъзоларга ҳам таъсир ўтказади. Қулоқлари кар бўлиб қолади. Улар Қуръонни ҳам эшита олмайдилар.
«У улар учун кўрликдир».
Қуръон кофирлар учун маънавий кўрликдир. Улар ҳеч нарсанинг фарқига бормайдилар.
«Улар узоқ макондан чақирилаётганлардир».
Узоқ макондан чақирилганлар овозни эшитмайдилар, ҳеч нарсани тушунмайдилар. Шунингдек, Қуръонга иймон келтирмаганлар ҳам ундан ҳеч нарсани англай олмайдилар.
Аллоҳ таоло яна:
«Очиқ-ойдин китоб ила қасам.
Албатта, Биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки ақл юритсангиз.
Албатта, у ҳузуримиздаги она китобдадир, у олийдир, ҳикматлидир» (Зухруф, 2–4), деган.
Яъни, ақл юритасиз деган мақсадда очиқ-ойдин китобни араб тилидаги Қуръон қилиб юбордик.
Аллоҳ таоло ўзининг охирги китоби учун араб тилини танлагани ва бу китоб татбиғи учун араб Пайғамбар ва араб халқини танлагани сабаблари аввал айтиб ўтилди.
Албатта, бу оятлар араблар учун шараф бўлиши билан бирга, улар устига жуда улкан масъулият ҳам юклайди. Қуръонга, Исломга хизмат қилишдек катта масъулиятни қўяди. Араблар ақлларини ишлатиб ўзларига юклатилган буюк вазифани тушуниб етишлари ва унга лойиқ хизмат қилишлари лозим бўлади.
«Албатта, у ҳузуримиздаги она китобдадир, у олийдир, ҳикматлидир».
Ушбу оятда Қуръони Карим Аллоҳ таоло наз¬дида қанчалик юксак мақомга эга экани кўриниб турибди.
«Албатта, у ҳузуримиздаги она китобдадир».
Уламоларимиз, «она китоб»дан мурод Лавҳул Маҳфуз, деганлар. Демак, Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги Лавҳул Маҳфузда сақланган. Бу эса, уни Аллоҳ таоло нақадар зўр қадрлаганини кўрсатади.
«У олийдир, ҳикматлидир».
Яъни, Қуръон олий мартабали ва серҳикмат китобдир.
Шунга қарамай, одамлар бу китобни инкор қиладилар, унга шак келтирадилар ва ундан юз ўгирадилар. Аллоҳ таоло келаси оятларда мана шунақа тоифа кофирларга таҳдид ила хитоб қилади:
Аллоҳ таоло яна:
«Албатта, у(Қуръон) сенга ҳам, қавмингга ҳам шарафдир. Ва, албатта, сўралурсизлар» (Зухруф, 44), деган.
Эй Муҳаммад, ҳеч шубҳа йўқки, албатта, сенга туширилган Қуръон сен учун шон-шарафдир, шунингдек, сенинг қавмингга ҳам шон-шарафдир.
Дарҳақиқат, Қуръони Карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга шону шараф бўлди. Ушбу абадий илоҳий мўъжиза бўлмиш Қуръон у зоти бобаракотнинг зикрларини бутун оламга таратди, бутун оламда милёнлаб одамларни у зотга уммат қилди. Сон-саноқсиз мўмин-мусулмонлар томонидан доимий равишда у зотга салавоту саломлар айтилиб туришига сабаб бўлди.
Шунингдек, Қуръони Карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмларига ҳам шону шараф келтирди. Улар Қуръон уммати ўлароқ бутун дунёга танилдилар. Қуръонга амал қилароқ дунёнинг пешқадам умматига айландилар. Дунёдаги барча халқлар уларга ҳавас билан қарайдиган бўлди. Улар оятдаги:
«...ва албатта, сўралурсизлар» жумласини ҳис этиб яшаганлари, Қуръон орқали ўзларига юклатилган масъулиятни бажаришга сидқидилдан ҳаракат қилганлари учун Қуръон уларга шону шараф бўлди.
Аммо вақт ўтиши билан, афсуски, бу ҳис сусайди. Қавм аста-секин Қуръондан четлади. Устига юкланган масъулиятдан қавм ўзини тортди.
Бунинг натижаси ўлароқ, улар дунё халқлари сафининг охирига тушиб қолдилар. Қуръон ҳам уларга шон-шараф келтирмай қўйди. Энди бу қавм шон-шарафга фақат Қуръон орқалигина эришиши мумкинлигини тушуниб етиши керак.
Қуръонни уларга шону шараф қилиб берган зот Аллоҳ томонидан тезда келадиган қиёмат кунида, албатта, сўралишларини чуқур ҳис этишлари керак. Бу ҳис эса, ўз навбатида, уларни жиддий амалга чорлаши керак.
Аллоҳ таоло яна:
«Очиқ-ойдин Китобга қасам.
Албатта, биз уни муборак кечада нозил қилдик. Албатта, биз огоҳлантиргувчи бўлдик» (Духон, 2–3), деган.
Аллоҳ таоло Қуръони Карим билан қасам ичмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Қуръон Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалик улуғ мақомга эга эканини кўрсатади. Кейинги оятларда Қуръон ҳақида маълумот берилади:
«Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Албатта, Биз огоҳлантиргувчи бўлдик».
Ушбу оятда зикр этилаётган, Қуръон нозил қилинган кеча муборак Рамазон ойининг кечаларидан бири бўлмиш «Лайлатул қадр»дир. Бу кеча дунё тарихидаги энг муборак кечадир. Чунки бу кечада Аллоҳ таолонинг охирги, баркамол ва бутун инсониятга қиёмат кунигача саодат йўлини кўрсатиб берувчи китоби туша бошлаган.
«Албатта, Биз огоҳлантиргувчи бўлдик».
Ушбу муборак кечада Қуръонни нозил қилиш билан бандаларни куфр, исён ва туғённинг оқибати ёмон бўлишидан огоҳлантирувчи бўлдик.
Аллоҳ таоло яна:
«Ва сен томон бир гуруҳ жинларни Қуръон эшитишга бурганимизни эсла. У(Қуръон эши¬тиш)¬га ҳозир бўлганларида: «Жим, қулоқ осинг¬лар!» дедилар. Қачонки қироат охирлаганда ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтдилар» (Аҳқоф, 29), деган.
Оятдан маълумки, жинларнинг Қуръонга қулоқ осишлари тўсатдан, кутилмаганда содир бўлмаган, балки уларни Аллоҳ таолонинг ўзи буриб қўйган. Бу фазлни Пайғамбар алайҳиссаломга ҳам эслатмоқда.
«Ва сен томон бир гуруҳ жинларни Қуръон эшитишга бурганимизни эсла».
Жинлар Қуръонни эшитишга ҳозир бўлганларида инсонларга ўхшаб, бу ўтганларнинг афсоналари, сеҳр, шеър ёки уйдирма деб ўтирмадилар, балки
«У(Қуръон эшитиш)га ҳозир бўлганларида: «Жим, қулоқ осинглар!» дедилар».
Ушбу омил уларнинг бахтига сабаб бўлди. Аввал яхшилаб қулоқ осдилар, ҳақни ботилдан ажратишга уриндилар. Ҳақиқатни тушуниб етганларидан сўнг эса, зудлик билан иймон келтирдилар. Иймон қалбларидан жой олгач, бу улкан неъматни ўз қавмлари билан баҳам кўришга шошилиб:
«Қачонки қироат охирлаганда, ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтдилар».
Ушбу ояти карималарда Аллоҳ таоло ўз китоби Қуръони Каримни ўзи васф қилган. Албатта, бу васфлар Қуръони Каримнинг васфлари ичида энг олиймақомларидир.
Каломлар ичида улуғи бўлган Аллоҳ таолонинг каломидан кейинги мартабада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари–ҳадиси шарифлар туради. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам Қуръони Карим фазли ҳақида зикрлар келган. Ана ўшалар Қуръони Каримнинг фазли ҳақида келган маъноларнинг Қуръони Каримнинг ўзида келганларидан кейинги ўриндагиси ҳисобланади.
Қуйида Расули Акрам алайҳиссаломнинг Қуръони Карим фазли ҳақида айтган ҳадиси шарифларидан баъзиларини ўрганишга Аллоҳ таолодан мадад сўраган ҳолимизда ҳаракат қиламиз.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир», дедилар».
Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифнинг иборалари оз бўлгани билан маънолари, далолатлари кўпдир. Унда мусулмонларнинг яхшиси ҳақида хабар берилмоқда.
Ўзи мусулмонлар Аллоҳ таолонинг бандалари ичида энг яхшиларидир.
Бу ҳадиси шарифнинг маъносидан келиб чиқадиган бўлсак, Қуръони Каримни ўрганадиган мусулмонлар яхшиларнинг яхшиси бўлади.
Бу ҳадиси шарифнинг маъносидан келиб чиқадиган бўлсак, Қуръони Каримни ўргатадиган мусулмонлар яхшиларнинг яхшисининг устози бўлади. Устоз эса ўз шогирдидан қанчалар устун туриши ҳаммага маълум.
Ҳа, Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони Каримни ўргатиш ва ўрганиш ана шундоқ улуғ иш бўлиб, ўз соҳибини ана шундоқ олий мақомга эриштиради.
Уламоларимиз Қуръони Каримни ўқитган ва ўқиган зотларни Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифалари деб атаганлар.
Шунинг учун мўмин банда Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси бўламан деса, Қуръони Каримни ўргансин ёки ўргатсин.
Мусулмон халқлар тарихига назар солсак, ушбу ҳадиси шарифга оғишмай амал қилиб келингани гувоҳи бўламиз. Мусулмонлар ҳар қандай қийин шароитда ҳам, ҳаётларини хавф-хатарга қўйиб бўлса ҳам Қуръони Каримни ўрганганлар ва ўргатганлар.
Иншааллоҳ, қиёматгача шундоқ бўлгай.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуръонга моҳир бўлган киши мукаррам, ўта яхши фаришталар билан бирга бўлади.
Ўқиганда қийналадиганга икки ажр бордир», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Қуръони Каримга моҳир бўлиш учун тарғиб қилинмоқда.
Қуръони Каримга моҳир бўлганлар учун олий мақом ваъда қилинмоқда.
Қуръони Каримга моҳир бўлганлар Қуръони Каримга масъул қилинган Аллоҳ таолонинг ҳузурида мукаррам ва ўта ҳурматли фаришталар билан бирга бўлишлари таъкидланмоқда.
«Қуръонга моҳир бўлган киши мукаррам, ўта яхши фаришталар билан бирга бўлади».
Мазкур фаришталар кимлар, деган савол туғилади. Ўша фаришталарнинг васфи Қуръони Каримда келган. Аллоҳ таоло Қуръони Карим оятлари ва уларни нақл қилувчи фаришталар ҳақида Абаса сурасида қуйидагиларни айтади:
«Ҳурматланган саҳифалардадир.
Олий қадарлардир, покланганлардир.
Элчи(фаришта)лар қўлларидадир.
Улар ҳурматланган ва ўта яхшилардир» (Абаса, 13–16-оят), деган.
Келинг, энди ушбу ояти карималарни бир бошдан ўрганиб чиқайлик. Демак, Қуръони Карим оятлари
«Ҳурматланган саҳифалардадир».
Яъни, Қуръони Карим оятлари Аллоҳнинг ҳузурида ҳурматланган саҳифаларда туради.
«Олий қадарлардир, покланганлардир».
Яъни, мазкур Қуръони Карим оятлари турадиган саҳифалар мартабаси улуғдир ва поклангандир.
Чунки Қуръон оятлари ўта мўътабар ва муҳтарамдир. Уларни хоҳлаган кишига мартабасига, бойлигига ва мансабига қарамай ўргатавериш қадр¬лари пастлигидан эмас.
Аксинча, бу иш Қуръон оятлари Аллоҳ таолонинг Лавҳул Маҳфузидаги азизу мукаррам саҳифаларда бўлганидандир. Аллоҳнинг наздида ҳамма бандалар тенг эканидандир.
Аллоҳнинг ҳузурида бандаларнинг қадр-қиймати мол-мулкларига ва мансабу насабларига қараб эмас, иймон-эътиқодига, Қуръон оятларини ўрганишни хоҳлашларига қараб бўлишади.
Шу билан бирга, Қуръон оятларини мазкур ҳурматланган, олий қадар ва покланган саҳифалардан бошқа томонга нақл қилиш ҳам ўзига яраша олий мақомга сазовордир.
Қуръони Карим оятлари бошқа ердан чиққан саҳифаларга ўхшаб ким кўринган томонидан нақл қилинавермайди. Балки улар:
«Элчи(фаришта)лар қўлларидадир.
Улар ҳурматланган ва ўта яхшилардир».
Ҳа, Қуръони Карим оятлари элчи фаришталар қўлида. У элчи фаришталарнинг сифатлари ҳурматланган ва ўта яхшидир.
Улар аввало фаришталардир, фаришталар эса Аллоҳнинг амридан заррача ҳам четга чиқмайдиган, ўзларига берилган амрни сўзсиз ва бекаму кўст бажарадиган зотлардир.
Шунинг учун ҳам Қуръони Карим оятларини нақл ва муҳофаза қилишда ҳеч қандай шак-шуб¬ҳа бўлиши мумкин эмас.
Иккинчидан, мазкур фаришталар оддий фаришта эмас, элчи фаришталардир. Элчилик сифатлари ҳам уларнинг Қуръони Карим оятларини муҳофаза қилишда ва нақл этишда яна ҳам аниқлик билан, яна ҳам эҳтиёткорлик билан, яна ҳам омонат билан ҳаракат қилишларини таъминлайди.
Учинчидан, мазкур фаришталар Аллоҳ таолонинг ҳузурида алоҳида «ҳурматланган» фаришталардир.
Аллоҳ таоло кўплаб фаришталар ичидан буларни алоҳида ҳурматлаган. Ана ўша илоҳий ҳурматлаш ҳам уларни Қуръони Карим оятларини муҳофаза ва нақл қилишда алоҳида аниқлик, эҳтиёткорлик ва омонат билан тасарруф қи¬лишлари учундир.
Тўртинчидан, Қуръон оятлари Аллоҳ таоло томонидан қўлларига ишониб топширилган фаришталар «ўта яхши» фаришталардир.
Фаришталар ҳаммаси Аллоҳнинг энг яхши қуллари эканига ҳеч шубҳа йўқ. Аммо Қуръон оятларига масъул қилинган фаришталар энг яхши қуллар ичида ҳам «энг яхши»лари экани билан алоҳида эътиборга сазовор.
Демак, Қуръон туфайли, Қуръон оятлари хизмати туфайли бу хизматга лойиқ топилган фаришталарнинг қадр-қийматлари, обрў-эътиборлари ва мартабаю даражалари ҳам ортган.
Худди шу ҳолат, инсонларга нисбатан ҳам бўлган. Қуръони Карим билан Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаган бандаларининг шону шарафини кўтарган.
Аввало, Қуръон оятларини олий-самовий мақомдан, Руҳул Амийндан–Жаброил алай¬-ҳиссаломдан қабул қилиб олиш учун Аллоҳ таоло башариятнинг энг афзали бўлмиш Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни танлаб олган.
У зотдан илоҳий Каломни–қиёматгача икки дунё бахти йўлини инсониятга кўрсатиб борувчи Дастурни қабул қилиб олган саҳобалар жамоаси эса, инсоният тарихидаги энг яхши, энг тақводор, энг аҳли солиҳ ва энг ишончли авлоддир.
Улардан кейинги авлодлардан ҳам энг яхши кишилар Қуръонни ёдлаш, уни муҳофаза қилиш, унинг хизматида бўлиш бахтига муяссар бўлиб келмоқда.
Бу улкан мартабага муяссар бўлиш эса кишининг молу мулки, мансаби, насли насабига қараб эмас, иймон-эътиқоди ва Қуръон хизматига бўлган хоҳиш-иштиёқига қараб бўлмоқда. Қисқа қилиб айтсак, Қуръон билан мўмин-мусулмонлардан ихлосли кишиларнинг қадр-қийматлари ва обрў-эътиборлари кўтарилади.
Бас, шундоқ экан, ушбу ҳадиси шарифда зикри келган улуғ мақомга, қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурида мукаррам бўлган ва ўта яхши бўлган фаришталар билан бўладиган мақомга эришишни орзу қилганлар Қуръони Каримга моҳир бўлишга қаттиқ ҳаракат қилишлари лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифнинг давомида:
«Ўқиганда қийналадиганга икки ажр бордир», дедилар».
Аллоҳ таоло турли бандаларига турли қобилият ва турли имкониятлар берган. Бандалар ичида ўткир қобилиятли ва яхши имкониятли бўлганлари Аллоҳ таолонинг ёрдами ила Қуръони Каримга моҳир бўлиб мазкур олий мақомига эришадилар.
Аммо баъзи бандалар ўткир қобилиятли бўл-масликлари ва яна бошқалари имкониятли бўлмасликлари мумкин. Уларнинг рағбатлари бўлса ҳам Қуръони Каримга моҳир бўла олмайдилар. Унда нима қилиш керак?
Ундоқ ҳолда ҳам Қуръони Каримни ўрганишга ҳаракат қилавериш керак. Чунки бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримни ўқишда қийналган кишига қийналмаган кишидан кўра икки баробар кўп ажр берилиши ваъда қилинмоқда.
Ушбу маънолардан келиб чиқиб, ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъи назар Қуръони Каримни кўпроқ ўрганишга уриниши керак бўлади.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуръон қироат қиладиган мўминнинг мисоли утружжага ўхшайдир. Унинг ҳиди хушбўй, таъми ширин.
Қуръон ўқимайдиган мўминнинг мисоли хурмога ўхшайдир. Ҳиди йўқ, таъми ширин.
Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг мисоли райҳонга ўхшайдир. Ҳиди хушбўй, таъми аччиқ.
Қуръон ўқимайдиган мунофиқнинг мисоли ҳанзалага–аччиқўтга ўхшайдир. Ҳиди йўқ, таъми аччиқ», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Утружжа–грейпфрут, ўзи чиройли, таъми ширин ва ҳиди хушбўй мевадир.
Бу ерда ҳам Қуръони Карим қироатига қаттиқ тарғибот кетмоқда. Ҳар бир мўмин банда Аллоҳ таолонинг каломини иложи борича кўпроқ қироат қилишга одатланиши зарур.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар. Биз суффада ўтирган эдик. Бас, у зот:
«Сизлардан қай бирингиз Бутҳон ёки Ақийқ¬қа бориб, Аллоҳга гуноҳ қилмасдан ва қариндошлик алоқасини узмасдан иккита катта ўркачли туя олиб келишни хоҳлайди?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг ҳар биримиз буни жуда ҳам хоҳлаймиз», дедик.
«Албатта, бирингизнинг ҳар куни масжидга келиб Аллоҳ азза ва жалланинг китобидан икки оят таълим олмоғи иккита туядан яхшироқдир. Учтаси учтадан яхшироқдир. Тўрттаси тўрттадан яхшироқдир. Қанча оят бўлса, шунча туя», дедилар у зот».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган вақт ва шароитда катта ўркачли туя бугунги куннинг энг олий русумли машинасидан ҳам қимматлироқ бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримнинг бир оятини ўрганишни ҳалол йўл билан бир катта туя топишга тенг қилмоқдалар. Бу жуда ҳам катта гап. Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, бир катта туяни хайр-эҳсон қилган одам қанча савоб олса, Қуръони Каримнинг бир дона оятини ўрганган одам ҳам шунча савоб олар экан.
Шундоқ бўлгандан кейин ҳар бир мўмин-мусулмон иложи борича бир оят бўлса ҳам Қуръони Каримнинг оятларини кўпроқ ўрганишга ҳаракат қилмоғи керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилсалар, уни ўргансалар, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади», дедилар».
Иккисини Муслим ва Абу Довуд ривоят қи¬лишган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида бошқа яхши амаллар қатори, илм талаб қилишнинг ва Қуръони Каримни тиловат қилишнинг, уни ўрганишнинг фазлини ҳам баён қилганлари учун муаллиф уни илм китобида келтирганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда ҳар бир мўмин-мусулмон қилиши лозим бўлган яхши амаллардан бир нечтасини ва уни бажарган мўмин-мусулмон бандага бериладиган мукофотларни зикр қилмоқдалар.
Шу орқали умматларини ўша яхши амалларни қилишга тарғиб этмоқдалар. Келинг, ўша амаллар ва уларнинг натижаларини бирма-бир кўриб чиқайлик:
«Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради».
Илмга қизиқтириш учун бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади жаннат. Жаннатга эришиш учун у ҳар нарса, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр.
Илм талаб қилиш эса, жаннатнинг йўлига тушишдир. Илм йўли билан борган одам охири жаннатнинг эшиги олдидан чиқади.
Кези келганда муҳим бир масалани эслаб қўйиш зарур. Ояти карима ва ҳадисларда зикри келган илм ҳақида кишилар ичида тушунмовчиликлар мавжуд.
Баъзилар, оят ва ҳадисларда зикр этилган илм¬дан мурод диний илмлар, дейдилар. Бу нотўғри фикр! Оят ва ҳадисларда зикри келган илм ҳамма фойдали илмларни ўз ичига олади.
Диний илмлар, албатта, биринчи ўринда туради. Аммо бошқа илмлар кўзда тутилмаган дейиш мутлақо нотўғридир.
Агар фақат диний илмлар кўзда тутилса, бу нарса алоҳида қайд қилинади. Мисол учун, Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, динда фақиҳ қилиб қўяди, дейилган ҳадис бор. Шунга ўхшаш бошқа исломий илмлар ҳақида гап кетганда уларнинг номи ва сифати ҳам зикр қилинади.
Яна бир тоифа кишилар илм ва унинг савоби ҳақида сўз кетганда, ким бўлса ҳам илмли бўлса, ушбу гап ва савоблар унга ҳам тегишли, дейдилар. Кофир, мунофиқ, фосиқ, ибодатсиз кишилар томонидан илмга уриниш бўлса, уларни ҳам мазкур ваъдаларда ҳаққи бор, дейдилар.
Бундоқ кишилар Исломда ҳар бир амални қабул бўлиши, савоби етиши учун иймон, ният, ихлос шартлигини унутиб қўйган одамлардир.
Шунинг учун ояти карима ва ҳадиси шарифларда зикри келган илмдан мурод, барча фойдали илмлар бўлиб, уларга қилинган ваъдаларга иймон ва ихлос билан уринган мўмин-мусулмонлар эришади, дейишимиз тўғри бўлади.
Бу қоидани ушбу ҳадиси шарифга ишлатадиган бўлсак, мўмин-мусулмон киши ўзи учун, жамияти учун, инсонлар учун фойдали илмга «Бу амр менга Аллоҳнинг амри, Исломнинг талаби» дея уринса, у жаннатнинг йўлига тушган бўлади. Аллоҳ таоло унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради.
«Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта, унинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади».
Ҳадисларда «Аллоҳнинг уйлари» дейилганда масжидлар кўзда тутилган бўлади. Демак, масжидлардан бирида ўтириб, Аллоҳнинг китоби – Қуръони Каримни тиловат қилган, уни ўрганган одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган даражага эришадилар.
Бу ҳадиси шарифда уларга тўртта буюк даража ваъда қилинмоқда:
«Албатта, унинг устига сакийна тушади».
«Сакийна» – сокинликдан олинган бўлиб, қалб хотиржамлиги, ҳамма тарафдан сокинлик, хотиржамликни англатади.
Демак, масжидда жам бўлиб Қуръони Каримни етарли даражада тиловат қилган, уни ўрганган одамларга қалб хотиржамлиги, ҳар бир нарсада сокинлик, хотиржамлик тушади. Қуръони Каримнинг хайру баракаси уларнинг ҳаётларини безайди.
«Уларни раҳмат ўраб олади».
Яъни  ўша масжидда ўтириб Қуръон тиловат қилиб, унинг маъно ва ҳукмларини ўрганаётган кишиларни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олади. Мўмин-мусулмон қавм учун уни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олишидан ҳам кўра яхшироқ ҳолат бўлмаса керак!
«Фаришталар қуршаб олади».
Яъни  ўша масжидда ўтириб Қуръон тиловат қилаётган, уни ўрганаётган кишиларни Қуръоннинг ҳурматидан фаришталар қуршаб оладилар. Дунёда фаришталар ҳурмат билан қуршаб турган бир қавм бўлса, ана ўша қавм бўлади. Ҳеч бир мусулмон қавм учун бундан ортиқ муборак мақом бўлмаса керак!
«Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади».
«Аллоҳнинг ҳузуридагилар» – «Малауъил Аъло» номли олиймақом зотлардир. Бу энг олий мақомдир. Тўпланиб Қуръон тиловат қилган, уни ўрганиб турган қавмларни Аллоҳ таоло ўша олиймақом зотлар билан бирга зикр қилар экан. Бу дунёда бирор мансабдор бир одамнинг номини тилга олиб қўйса, ўша одам умрбод «Фалончи акам мени фалон жойда, фалон вақтда зикр қилган», деб ғурурланиб юради.
Энди Аллоҳ таоло ўз ҳузуридаги энг олиймақом зотлар қаторида зикр қилиши қанчалик бахт эканини тасаввур қилиб кўринг. Бу олий мақомга эришиш эса жуда ҳам осон. Аллоҳ таолонинг китоби – Қуръони Каримни тиловат қилиш, уни ўрганиш керак, холос.
Ушбу улуғ ҳадиси шарифдан олинадиган фойдаларни яна бир бор қисқача зикр қилиб ўтамиз:
1. Мўмин киши илм талаб қилиш йўлига юриши лозимлиги.
2. Ким илм талаб қилиш йўлига кирса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон этиши.
3. Масжидларда Қуръон тиловати ташкил қилишга тарғиб.
4. Қуръон тиловатида иштирок этадиганларга сакийна тушиши, уларни раҳмат ва фаришталар ўраб олиши ва Аллоҳ ўз ҳузуридаги аъло даражали зотлар билан бир қаторда зикр қилиши.
Аллоҳга шукрлар бўлсин, ушбу ҳадисдан кўплаб фойдаларни ўрганиб олдик. Энди инсоф билан ушбу ҳадиси шариф ҳикматларини ҳаётимизга солиштириб кўрайлик. Сўнгра ўзимизни ким эканлигимизга баҳо берайлик.
Илм талаб қилиш масаласини кўрайлик.
Илм талаби йўли – жаннат йўли эканини ҳаммамиз тушуниб етганмизми?
Илмга динимиз талаб қилгандек уринамизми?
Нима учун динимиз илм талабини ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарз қилган бўлишига қарамай, кўплаб мусулмон юртларида ялпи саводсизлик ҳукм сурмоқда?
Дунёдаги бошқа миллатлар илмнинг юқори чўққисига чиққан бир пайтда кўпгина мусулмон давлатлар аҳолисининг ярмидан кўпи ўқиш-ёзишни билмайди. Кўпларида таълим ишлари йўлга қўйилмаган. Мусулмонлар ҳаётнинг энг зарур соҳаларида ўз олимлари йўқлигидан ғайридинлар ёрдамига муҳтожлар.
Бошқалар болаларини илм олишга ундасалар, мусулмонлар болаларини пул топишга, мол боқишга мажбур қиладилар.
Бошқаларда илм ва олимлар юксак қадрланса, мусулмонларда илм ва олимлар ерга урилади. Исломнинг илм дини эканининг аломати шуми?!
Қуръони Каримда илмга тарғиб қилувчи оятларга амал қилиш шуми?!
Илм ҳақидаги ҳадиси шарифларга амал қилиш шуми?!
Бу ҳолатга барҳам бериш пайти келган. Ҳар бир мусулмон илмга нисбатан муносабатини Ислом таълимотига мувофиқ қилиб олиши керак. Ҳар ким ўзига керак нарсанинг илмини талаб қилиши лозим. Ҳар бир соҳада ўз эҳтиёжимизни қондирадиган олимлар тайёрлашимиз фарзи кифоя. Бўлмаса ҳаммамиз баробар гуноҳкор бўламиз.
Энди Қуръон тиловати ва уни ўрганиш масаласига ўтайлик.
Қуръон – илоҳий дастур, икки дунё саодатининг калити. Қуръон тиловат қилиш, ўрганиш ва амал қилиш учун Аллоҳ томонидан юборилган. Уни тиловат қилиш ва ўрганиш юксак даражаларга етказади.
Қуръонга амал қилиш улуғ мартабаларга етказади.
Бас, шундай экан, Қуръон тиловат қилмайдиган мусулмон бўлиши мумкинми?
Энди инсоф билан айтайлик, ичимиздан неча фоизимиз Қуръон ҳарфларини таниймиз?
Неча фоизимиз Қуръон тиловатини биламиз?
Неча киши Қуръонни аввалидан охиригача тўғри тиловат қила олади?
Неча киши Қуръоннинг маъноларини, ҳукмларини дарс қилиб ўқиган ёки ўқимоқда?
Ушбу саволларга жавобимизга қараб ўзимизнинг қандай мусулмон эканимизни билиб олишимиз мумкин.
Нима учун Қуръон ўқимаймиз, уни ўрганмаймиз?
Нима учун устимизга сакийна – хотиржамлик тушишини хоҳламаймиз?
Нима учун ўзимизни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олишини истамаймиз?
Нима учун бизни фаришталар қуршаб олишини хоҳламаймиз?
Нима учун Аллоҳ бизни ўзига муқарраб зотлар билан бир қаторда зикр қилишини истамаймиз?
Бу аҳволимиз ўта ачинарли ҳолдир.
Мусулмонман, деган ҳар бир кишига Қуръон тиловат қилиш, уни ўрганиш фарз эканини тўлиқ тушуниб етишимиз керак.
Ҳар бир мусулмон ўзининг илоҳий дастурини ўқиб-ўрганиши лозим.
Бу ишда масжидлардан кенг фойдаланиш керак. Зотан масжиднинг бош вазифаларидан бири ҳам шу!
Ҳадиси шарифда масжидда тўпланиб Қуръон тиловат қилиб, уни ўрганётган қавм ҳақида сўз кетмоқда.
Авваллари алоҳида дарсхоналар, мадрасалар бўлмаган. Ҳамма нарса масжидда амалга оширилган.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам саҳобаларга Қуръони Каримни масжидда ўтириб ўргатганлар. Кейинги авлодлар ҳам шундоқ қилганлар.
Ҳозирда ҳам мусулмон ўлкаларда Қуръон таълими асосан масжидларда бўлади. Агар шундоқ қилсак, Аллоҳ хоҳласа, аста-секин диний саводсизликка барҳам беришимиз мумкин бўлади.

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Қуръон соҳибига: қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда васф қилинаётган кўриниш қиёмат куни жаннатда бўлади. Бу дунёда Қуръон ўқиган одам жаннатга кирган. Энди унга жаннат мартабаларидан ўзига яраша мартаба бериш керак. Ана шунда:
«Қуръон соҳибига, қироат қилиб кўтарилавер», дейилади. Яъни  жаннат ишларини юритиб турган фаришталар Қуръон соҳибига жаннат мартабалари зинасини кўрсатиб, қироат қилиб кўтарилавер,
«Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир», дейдилар.
Қуръони Каримни тартил қилиш секин, шошилмай, дона-дона қилиб қироат қилишдир. Демак, Қуръон соҳиби бу дунёда Қуръони Каримни қандоқ ўқиган бўлса, ўшандоқ ўқиб, мартаба зинасидан кўтариб бораверади. Агар у Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаган бўлса, мартаба зинасининг энг юқори чўққисига чиқади. Озроқ ўқиган бўлса, мартабаси ҳам озроқ бўлади. Хуллас, унинг манзили зина бўйлаб кўтарилаётиб охирги ўқиган ояти тугаган ерда бўлади.
Бас, шундоқ экан, жаннатдаги мартабамизни баланд бўлиши учун ҳаракат қилайлик.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Қуръон қиёмат куни келиб:
«Эй Роббим, унга сарпо бер», дейди.
Бас, унга каромат тожи кийдирилади.
Сўнгра у яна:
«Эй Роббим, зиёда қил» дейди.
Шунда унга каромат сарпоси кийдирилади.
Сўнгра у яна:
«Эй Роббим, ундан рози бўл» дейди.
Бас, У Зот ундан рози бўлади.
Сўнгра унга:
«Қироат қил ва кўтарилавер. Сенга ҳар бир оят учун бир ҳасана зиёда қилинади», дейилади».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда бошқа ҳадиси шарифларда айтилган Қуръони Каримнинг ўзини ўқиган қорига шафоат қилишининг тафсилотларидан бири баён қилинмоқда.
Ҳа, Қуръони Карим қиёмат куни ўз қорисига каромат тожи кийдирилишига, каромат сарпоси кийдирилишига, Аллоҳ таолонинг ундан рози бўлишига ва жаннат мартабаларида кўтарилишга ёрдам берар экан.
Шунинг учун ҳам Қуръони Каримни иложи борича кўпроқ ўқишга, кўпроқ ёд олишга, кўпроқ ўрганишга ва унга кўпроқ амал қилишга ҳаракат қилмоқ лозим.

Абу Довуднинг ривоятида:
«Ким Қуръонни ўқиса ва унда бор нарсага амал қилса, унинг отасига қиёмат куни зиёси бу дунёдаги уйларда бўлган қуёшнинг зиёсидан ҳам яхшироқ бўлган тож кийдирилади. Энди бунга амал қилганга нима бўлишини ўзингиз билиб олаверинг», дейилган.
Шарҳ: Яъни  Қуръони Каримни ўқимаган отага шунчалик такрим ва ташриф бўлса, Қуръони Каримни ўқиган ва унга амал қилганнинг ўзига қанчалар такрим ва ташриф бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверсин.
Шундоқ бўлганидан кейин ҳар бир ота-она ўзининг ҳар бир боласига Қуръони Каримни ўқитишга ўтсин.
Шундоқ бўлганидан кейин ҳар биримиз Қуръони Каримни ўқишга ва унга амал қилишга ўтайлик.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Ичида Қуръондан бирор нарса бўлмаган одам хароба уйга ўхшайди», дедилар».
Шарҳ: Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръондан ҳеч нарсани ёдламай юрган одамни ажойиб ўхшатиш ила сифатлабдилар. Хароба уйга ўхшатибдилар.
У ҳам сиртидан уйга ўхшаб кўринади. Девори бор, яна уйда бўладиган баъзи нарсалари ҳам бор. Аммо аслида у тўлақонли уй эмас. Хароба. Ичига назар солган одам ундан ҳазар қилади. Унинг ичи ифлос, қаралмаган, турли ахлатлар билан тўлган.
Қуръондан бирор нарса ёдламаган одам ҳам сиртидан одамга ўхшайди. Аммо ичи....
Хароба уйга ўхшаб қолмаслик учун Қуръони Каримдан ёд олишимиз керак. Ундан қанча кўп ёд олсак, ичимиз шунча обод ва гўзал бўлиб бораверади.

Абдуллоҳ (розияллоҳу) анҳудан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир савоб бўлур. Ҳар бир савоб эса ўн мислига кўпайтирилур. Алиф лаам мийм бир ҳарф демайман. Лекин алиф бир ҳарф. Лаам бир ҳарф. Мийм бир ҳарф», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримнинг қироати битмас-туганмас савоб манбаси экани баён қилинмоқда. Қуръони Карим ўқиган одамга ҳар бир ҳарф учун алоҳида савоб берилар экан. Умумий қоидага биноан ҳар бир савоб ўнга кўпайтирилиб бериларди. Бундан Қуръони Каримнинг ўқиган одам учун ҳар бир ҳарф ўқиганига ўн савоб берилиши келиб чиқади. Бунинг ҳаммаси Қуръони Каримнинг чексиз фазлга эга бўлганидан.
Бас, шундоқ бўлганидан кейин бир ҳарф бўлса ҳам Қуръони Каримни ўқишга ҳаракат қилмоғимиз зарур.

Абу Саид (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Аллоҳ таоло кимни Қуръон ва менинг зикрим мендан (нарсаларни) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берган нарсамдан афзалини берурман. Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлардан фазли худди Аллоҳнинг ўз махлуқотларидан фазлига ўхшайдир, дейди», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси қудсий ҳисобланади. Чунки унда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўз иборалари билан Аллоҳ таолонинг айтган гапларини нақл қилмоқдалар.
Бир одам Қуръони Карим қироати билан ва Аллоҳ таолонинг зикри билан бўлиб, ўз ҳожатларини сўраб дуо қила олмай қолди.
Унинг ҳожати бор эди. Аммо Қуръони Карим тиловат қилиш билан овора бўлиб  ёки бўлмаса, зикруллоҳ билан овора бўлиб ўша ҳожатини Аллоҳ таолодан сўрай олмади.
Ана ўша одамга Аллоҳ таоло ўзидан ҳожатини ёлбориб сўраб илтижо қилганларга бергандан кўра афзал нарсаларни берар экан.
«Аллоҳ таоло кимни Қуръон ва менинг зикрим мендан (нарсаларни) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берган нарсамдан афзалини берурман», дейди.
Бундай афзалликнинг сабаби бор. Чунки
«Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлардан фазли худди Аллоҳнинг ўз махлуқотларидан фазлига ўхшайдир».
Тасаввур қилиб кўринг-а! Аллоҳ таоло билан У Зот яратган махлуқотларнинг орасида қанчалар фарқ бор! Буни тасаввур қилиш қийин. Аллоҳ таоло − Олий Зот. Махлуқотлар − арзимас нарсалар.
Аллоҳ таолонинг каломи бўлмиш Қуръони Карим ҳам бошқа каломларга нисбатан ана шундоқ юқори ва олий. Уни тасаввур қилиш ҳам қийин. Ана шундоқ олиймақом каломни ўқиш бахтига сазовор қилгани учун мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолога ҳар қанча ҳамду сано айтсалар, шунча оз.
Бас, шундоқ бўлгандан кейин Аллоҳ таолонинг каломи бўлган Қуръони Каримни, иложи борича, кўп ўқиб-ўрганиб, ёдлаб ва унга амал қилмоғимиз зарур.

Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Ким Қуръонни ўқиса ва ёд олса, у ҳалол қилган нарсани ҳалол билса, у ҳаром қилган нарсани ҳаром билса, Аллоҳ уни жаннатга киритади ва ўз аҳлидан ўн кишига шафоатчи қилади. Ҳолбуки, уларнинг ҳаммасига дўзах вожиб бўлган эди», дедилар».
Шарҳ: Қуръони Каримни ёдлаб унга амал қилган ва Қуръони Карим ҳалол қилган нарсани ҳалол билиб, ҳаром қилган нарсани ҳаром билган одам катта шарафга эга бўлар экан.
Аввало, у Қуръони Карим шарофатидан ўзи жаннатга кирар экан.
Қолаверса, ундоқ киши дўзахга тушишлари аниқ бўлган ўнта қариндошига шафоатчи бўлиб, уларни ўзи билан жаннатга олиб кирар экан.
Аллоҳ таоло ҳар кимга ҳам бунга ўхшаш катта имконни ваъда қилган эмас. Шундан ҳам Қуръони Каримни ёдлаш ва унга амал қилиш қанчалар улуғ иш эканини билиб олаверсак бўлади.
Бас, иш шундоқ бўлгандан кейин Қуръони Каримни ёд олайлик ва унга амал қилайлик.

Абу Умома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Аллоҳ ҳеч қачон бандага у ўқиган икки ракъат намозда қулоқ солганидек қулоқ солмайди. Модомики банда намозда экан, унинг бошидан яхшилик сочилиб турур.
Бандалар Аллоҳга ундан (Қуръондан) чиққанда бўлгандек қурбатда бўлмайдилар», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда банданинг Аллоҳ таолога энг яқин бўладиган ҳолатлари ҳақида сўз кетмоқда.
«Аллоҳ ҳеч қачон бандага у ўқиган икки ракъат намозда қулоқ солганидек қулоқ солмайди».
Шунинг учун ҳам банда намозда Аллоҳ таолодан сўрайдиган нарсасини сўраб олмоғи керак. Айниқса, саждада бўлган ҳолдаги дуо жуда ҳам мақбулдир.
«Модомики банда намозда экан, унинг бошидан яхшилик сочилиб турур».
Шунинг учун ҳам банда намозни қўпроқ ўқимоғи лозим.
«Бандалар Аллоҳга ундан (Қуръондан) чиққанда бўлгандек қурбатда бўлмайдилар».
Бу жумланинг маъноси «Банда Қуръони Каримни хатм қилиб ҳаммасини ўқиб чиққанида Аллоҳ таолога яқин бўлганидек, ҳеч ҳам яқин бўлмайди» деганидир.
Бас, шундоқ бўлганидан кейин кўпроқ Қуръони Карим ўқимоқ, уни хатм қилмоқ зарур. Зотан, дуо энг тез ва осон қабул бўладиган вақтлардан бири ҳам Қуръон қироатидан кейинги вақтдир.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Бир одам:
«Эй Аллоҳнинг Расули, қайси амал Аллоҳга энг маҳбуб?» деди.
«Тушиши билан қайта жўнайдиган», дедилар.
«Тушиши билан қайта жўнайдиган нима?» деди.
«Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб келиб, тушиши билан яна бошдан жўнаб кетадиган», дедилар».
Шарҳ: Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатлардан кейинги энг афзал ибодат Қуръони Карим тиловатидир. Шунинг учун Қуръони Каримни аввалидан ўқиб охирига етиб, хатм қилган одам яна аввалидан бошласа, ушбу ҳадисда мадҳ қилинган сифатга эга бўлар экан. У Аллоҳга энг маҳбуб бўлган амални қилган бўлар экан. Тушиши билан қайта жўнайдиганган бандалар сафидан ўрин олар экан.
Ким Аллоҳ учун энг маҳбуб бўлган амални қилишни истаса, Қуръони Каримни тиловатини пухта ўргансин. Уни аввалидан тажвид билан ўқиб келиб хатм қилишга ва яна дарҳол бошидан тиловат қилишни бошлашга одатлансин.
Шунинг учун ҳам уламоларимиз ва машойихларимиз ўз шогирд ва муридларига худди шу ишни доимий қилишга одатланиш тарбиясини берадилар.
Шунинг учун ҳам қориларимиз Рамазони шарифда таровеҳ намозларида Қуръони Каримни хатм қилиб бўлганларида, Нас сурасини ўқигандан кейин, дарҳол Бақара сурасидан бир оз тиловат қилиб якунига етказадилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи алайҳ)дан қуйидагилар ривоят қилинади:
«У киши (раҳматуллоҳи алайҳ) тушда Аллоҳ таолони бир неча марта кўрган экан. Бир марта агар яна Роббимни тушда кўрсам, бандани Роббисига муқарраб қиладиган нарсани сўрайман, дебдилар. Бас, у киши Аллоҳ таолони тушида кўриб:
«Эй Роббим, банда Сенга нима ила муқарраб бўлади, деб сўрабди.
«Каломимни тиловат қилиш билан, эй Аҳмад!» дебди.
«Маъносини тушунсами ёки тушунмаса ҳамми?» деб сўрабди.
«Маъносини тушунса ҳам, тушунмаса ҳам», дебди Аллоҳ.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Қайси амал Аллоҳга энг маҳбублигини сўраш мумкинлиги.
2. Қуръони Карим тиловати фазилатли амал экани.
3. Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб келгач, яна бошидан ўқиш Аллоҳга энг маҳбуб амаллардан экани.

Ҳорис ал-Аъвар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Масжиддан ўтдим. Қарасам, одамлар турли гапларга шўнғишмоқда. Шунда Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига кириб:
«Эй амирал мўминин, кўрмайсизми, одамлар турли гапларга шўнғибдилар», дедим.
«Дарҳақиқат, шуни қилибдиларми?» дедилар у киши.
«Ҳа», дедим. У киши қуйидагиларни айтдилар:
«Аммо мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг:
«Огоҳ бўлингизким, албатта, фитна бўлур!» деганларини эшитдим.
Шунда:
«Ундан чиқиш нима билан бўлур, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим.
«Аллоҳнинг китоби ила. Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори ва сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор.
У фосил қилувчидир, ҳазл эмасдир.
Ким бир жаббордан қўрқиб, уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдирур.
Ким ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказур.
У Аллоҳнинг метин арқонидир.
У ҳикматли зикрдир.
У сиротул мустақиймдир.
У – унинг ила ҳавои нафслар тоймайдиган,
У – унинг ила тиллар тутилмайдиган,
У – уламолар ундан тўймайдиган,
У – кўп тарқалиш билан эскирмайдиган ва ажойиблари тугамайдиган нарса.
У – жинлар Уни эшитишлари билан дарҳол «Албатта, биз ажиб Қуръонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», деган нарса.
Ким у билан гапирса, содиқ бўлур.
Ким унга амал қилса, ажр олур.
Ким унинг ила ҳукм қилса, адолат қилур.
Ким унинг ила даъват қилса, сиротул мустақиймга ҳидоят қилинур.
Мана буларни олгин, эй Аъвар», дедилар».
Ўтган етти ривоятни Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) айтиб берган бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримнинг васфи батафсил баён қилинмоқда.
Ушбу ҳадисда севикли Пайғамбаримиз, йўлбошчимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўз замонларидан кейинги даврларда фитна чиқишидан умматларини огоҳлантирмоқдалар.
Ҳазрати Алидек улуғ зот ва олим саҳобий эса  одамларнинг масжидда ўтириб олиб турли гапларга шўнғишларини ўша, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантирган фитна, деб тушунтирмоқдалар.
Энди ўша ҳолат билан бизнинг ҳолатимизни солиштириб кўрайлик. Биздаги фитна ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) хавф қилган фитнадан юз миллион марта ортиқ эмасми?!
Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан фитна ҳақидаги огоҳлантиришни эшитишлари билан ўша фитнадан чиқиш йўлини сўрадилар. У киши бир марта муҳтож бўлсалар, бугунги кунда сиз билан биз бу йўлга юз миллион марта муҳтожмиз .
Келажакда мусулмонлар фитнага учрашидан огоҳлантирган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўша фитнадан чиқиш йўлини ҳам кўрсатиб бердилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг:
«Ундан чиқиш нима билан бўлур, эй Аллоҳнинг Расули?» деган саволига
«Аллоҳнинг китоби ила», деб жавоб бердилар.
Бугунги кунда мусулмонлар фитнага учраганлари шубҳасиз. Ҳа, бугун мусулмонлар ўзларининг узоқ тарихларида ҳеч учрамаган фитнага учраб турибдилар. Бугунги кун мусулмонлари иймону эътиқод, дину диёнат, Қуръону шариатдан мисли кўрилмаган даража узоқлашиб турибдилар.
Улар ададлари кўп бўлишларига қарамай, ер юзининг бирор нуқтасида Аллоҳ уларга ишониб топширган омонатни уддалай олмаяптилар. Заминнинг бирор парчасида Аллоҳнинг шариатини Аллоҳ айтганидек қоим қила олмаяптилар.
Дунёнинг ҳаммасини ҳидоятга бошлаб, етакчилик қилиши лозим бўлган мусулмонлар хору зор бўлиб, ҳаммадан кейин қолиб, бировларнинг етовида юрибдилар.
Гапнинг қисқаси, мусулмонлар ҳар томонлама фитнага учраганлар. Улар ушбу фитнадан қутулиб чиқмоқлари лозим. Фитнадан чиқиш эса  Аллоҳнинг севикли Пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ушбу ҳадиси шарифларида таъкидлаганларидек, фақатгина Аллоҳнинг китоби ила бўлади.
Ҳа, бу улкан фитнадан чиқиш учун барча мусулмонлар биргаликда Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримга қайтишлари, уни маҳкам тутишлари лозим.
Бунинг учун эса Қуръони Каримга бўлган иймонни мустаҳкамлаш, унинг ҳар бир ҳарфини қунт билан ўрганиш, энг муҳими, Қуръонга тўлалигича оғишмай амал қилиш лозим. Ана шундагина фитнадан чиқиб, саодат йўлини топиш ва олий мақсадга эришиш мумкин.
Ҳа, мусулмонлар Қуръони Каримга тўлалигича оғишмай амал қилсаларгина, ўзларининг олий мақсадларига эришишлари, бугунги фитнадан чиқишлари мумкин.
Мусулмонларнинг Пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг уларга қилган тавсиялари − шу. У Зот нима учун Қуръони Карим фитнадан чиқиш йўли бўлишини ҳам батафсил баён қилиб, шарҳлаб тушунтириб бермоқдалар. У Зот ўз умматларига бу ҳақда қуйидагиларни айтмоқдалар:
1. «Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори» бор.
Ҳа, Қуръони Каримда мусулмон уммати, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) умматидан олдинги ўтган нарсаларнинг хабарлари бор. Бўлганда ҳам энг ишончли, энг тўғри, энг ибратли хабарлар бор.
Мусулмонлар Қуръони Каримдаги ўша ўзларидан олдин бўлган нарсаларнинг ахборини ўқиб, ўрганиб, улардан ибрат олишлари матлуб.
Мазкур ахборларда ким кофир, фосиқ, мушрик, осий, мунофиқ, саркаш бўлса, ҳалокатга учраши ҳақида сўз юритилади. Мусулмонлар улардан ибрат олиб, ўша ҳалокатга учраганларнинг қилмишларидан бирортасининг ҳам яқинига йўламасликлари лозим.
Мазкур ахборларда Аллоҳга, У Зот юборган пайғамбарларга, У Зот нозил қилган китобларга иймон келтириб, У Зот жорий қилган шариатларга амал қилганлар икки дунё бахту саодатига эришганлари таъкидланади.
Мўмин-мусулмонлар бу ҳақиқатлардан ибрат олиб, Аллоҳга, У Зотнинг охирги Пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га, Роббил оламийннинг охирги ва абадий китоби Қуръонга бўлган иймонларини мустаҳкамлашлари ва сўнгги, мукаммал, баркамол илоҳий шариат Исломга тўла-тўкис амал қилмоқлари лозим.
Қуръони Каримдаги биздан олдин бўлган нарсаларнинг ахборида иймон йўли осон эмаслиги, у йўлга поёндоз тўшалиб, гуллар сочилиб қўйилмаганлиги, балки бу йўл ҳавойи нафснинг, бу дунё муҳаббатининг, кофир, мушрик, мунофиқ ва бошқа дину диёнат душманларининг қаршилигини, турли тўсиқ ва машаққатларини енгиб ўтиш йўли эканлиги таъкидланади.
Муҳтарам ўқувчим, сиз билан биз мазкур ахборлардан ҳам ибрат олишимиз лозим. Иймон-эътиқод, дину диёнат ва шариат татбиқи йўлидаги учрашимиз лозим бўлган ҳар бир қийинчиликларга ҳам тайёр бўлмоғимиз лозим.
Азиз ва қадрли ўқувчи, аввал ўтган ҳодисалардан ибрат олиш лозимлигини ҳар бир халқ, ҳар бир миллат, ҳар бир қавм қайта-қайта таъкидлайди. Лекин ўша ибрат олиниши лозим бўлган қиссалар бир-биридан фарқли.
Дунёда фақатгина сиз билан бизнинг, яъни мўмин-мусулмонларнинггина ибрат олишимиз лозим бўлган ўтмиш ҳақидаги қиссаларимиз энг тўғри ва энг ишончлидир.
Биз ибрат оладиган ўтмиш қиссаларини ўтмишнинг, ҳозирнинг ҳамда келажакнинг эгаси Аллоҳ таолонинг Ўзи айтиб берган. Биздан бошқалар ўтмиш қиссаларидан ибрат оламан деса, ёлғон-яшиқ, бидъат-хурофот, турли афсона ва дийдиёларга дучор бўладилар.
Ҳозирги кунда Инжил ва Таврот номли илоҳий китобга эга эканликларини, уларда ҳам олдин бўлган нарсаларнинг ахбори борлигини даъво қилаётганлар бор.
Аммо  ҳозирги Инжил ва Тавротлар Аллоҳдан қандоқ нозил бўлган бўлса, ўшандоқ ҳолида эмас, уларда кўплаб бузилишлар бўлиб, асли илоҳийлик ҳоллари қолмаган.
Айниқса, айнан ўтмишда бўлиб ўтган ҳодисаларга тааллуқли жойларида кўп бузилишлар бор.
Шунинг учун ҳам ўтмишдаги тарихий ҳодисаларни илмий асосда ўрганиб, Таврот, Инжил ва Қуръонга солиштириб чиққан ғарблик олимлар Таврот ва Инжилнинг бузилганини тушуниб етиб, улардан юз ўгириб, Қуръонга иймон келтирмоқдалар.
Ҳа, муҳтарам ўқувчи, дунёда фақат сиз билан бизгина олдин бўлиб ўтган нарсалар ҳақида тўғри маълумотга ва улардан фойдали ибрат олиш имконига эгамиз. Бунинг учун Аллоҳ таолога шукр қилайлик ва Роббимизнинг китобини қунт билан ўрганайлик.
Маълумки, Қуръони Каримдаги бор нарсалар фақат олдин ўтган Пайғамбарлар ва уларнинг қавмлари қиссасидан иборат эмас.
Мазкур ахборлар ичида Аллоҳ таоло бутун борлиқни, бутун мавжудотларни яратгани, Одамни Ўз қўли билан яратиб, уни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилиб қўйгани, Одамдан унинг жуфтини яратгани, Одам (алайҳиссалом) билан Шайтон (алайҳилаъна) орасида бўлиб ўтган можаролар ва яна бошқа кўпгина нарсалар ҳам бор.
Мазкур нарсалар билан батафсил танишиш, улардан ибрат олиш ушбу «Қуръон фазилатлари китоби» ва «Тафсири Ҳилол»ни қунт билан ўқиб, зеҳн солиб тушуниш, дўстлар билан муҳокама-мунозара қилиш орқали бўлади.
2. «Унда сиздан кейинги нарсаларнинг хабари» бор.
Қуръони Каримдаги биздан – уммати Муҳаммадиядан кейинги нарсалар хабари қиёмат қоим бўлиши, ҳамма ўлганлар қайта тирилиши, маҳшарга тўпланиши, бу дунёда қилган ишлари заррача ҳам қолдирилмай, ҳисоб-китоб қилиниши, иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар хурсанд, куфр келтирган ва фисқу фужур қилганлар хафа бўлиши, мезон, кўприк, жаннат ва дўзах ҳамда шунга ўхшаш бошқа хабарлардир.
Бу хабарларга иймон келтириш мўмин-мусулмон учун иймоннинг арконларидан бир рукндир. Мазкур хабарларни Қуръони Каримда зикр қилиниши, уларни иймон рукнларидан бирига айлантирилишидан мақсад кишиларни Исломга чақиришдир.
Аллоҳнинг каломидан қиёмат ва унга тегишли нарсалар ҳақида маълумот олган, унга иймон келтирган киши ўша кунга тайёргарлик кўриб яшашга ўтади. Мўмин ҳолида Аллоҳ буюрган ҳамма нарсаларга оғишмай амал қилади ва Аллоҳ қайтарган ҳамма нарсалардан қайтади.
Ҳа, муҳтарам диндошим, фақат сиз билан биз мусулмонларгина ўзимизни олдинда нималар кутаётганини биламиз, уларга иймон келтирамиз ва ҳозирдан тайёргарлигимизни кўриб борамиз.
Бу ишда бизга Қуръони Карим ёрдамчи бўлади. Биз бу билан қанчалар фахрлансак, оз. Чунки биздан бошқалар бу имкониятга эга эмас. Уларнинг Қуръонлари йўқ. Олдиларида нима борлигини аниқ билмайдилар.
Шунинг учун ҳам улар залолатнинг турли йўлларида юрибдилар. Бизга эса  бу масалани Аллоҳ таолонинг Ўзи ечиб берган. Сиз билан биз эса  ўша илоҳий ечимни ўргансак бўлди, бошқа оворагарчиликнинг кераги йўқ. Бунинг учун Роббимизнинг каломини ўрганишимиз, қунт ва ихлос билан ўқишимиз лозим ва лобуддир.
3. «ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор».
Ҳа, Қуръони Каримда барча нарсаларнинг ҳукми бордир. Ўша нарсалар ҳақида ҳукмнинг йўл-йўриқлари, қонун-қоидалари бордир.
Мўмин-мусулмон ўз ҳаётининг ҳар бир соҳасида, каттаю кичик ҳар бир ишида фақатгина Ислом шариати ҳукми билан иш тутмоғи ҳам фарз, ҳам қарз.
Мўмин-мусулмонлик даъвосини қилиб туриб ўз ҳаётидаги бирор нарсада Исломнинг ҳукмидан бошқанинг ҳукми билан иш тутмоқ мутлақо мумкин эмас. Бу нафақат шариатга, Қуръонга ва Суннатга, балки соғлом ақлга ҳам тўғри келмайди.
Хўш, айтинг-чи, ҳар бир мўмин-мусулмон ўзининг ҳар бир ишини муқаддас динимиз ҳукмига мос қилиши лозиму лобуд экан, бу мақсадга эришиш учун энг аввал нима қилиш керак? Албатта, аввало ўша ҳукмларни ўрганиш керак.
4. «У фосил қилувчидир, ҳазл эмасдир».
Ҳа, содиқул масдуқ сифати соҳиби бўлмиш, Муҳаммад ал-Содиқ лақабини олмиш ростгўй Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу қавлларида ҳам содиқ-ростгўйдирлар.
Зотан, Роббул оламийннинг Ўзи ҳам Ториқ сурасида Каломи Шарифни васф қила туриб:
«Иннаҳу лақовлун фасл ва маа ҳува билҳазл», яъни «Албатта, у фосил қилувчи қавлдир, У ҳазл эмасдир», деб марҳамат қилган.
Қуръони Каримнинг фосил қилувчилиги – ажратувчилиги ҳақиқийдир. У ҳар бир нарсани ажратиб-ажратиб кўрсатиб берган. Жумладан, ҳақни ботилдан, яхшини ёмондан, фойдани зарардан, ҳалолни ҳаромдан, савобни гуноҳдан, мўминни кофирдан, мухлисни мунофиқдан ажратиб қўйган. Ана ўша ажримларни, оддий ажрим эмас, илоҳий – Қуръоний ажримларни билиб олишимиз учун Қуръони Каримни яхшилаб, зеҳн ва ихлос ила ўрганмоғимиз зарурдир.
Ҳа, Қуръон ҳазил эмас, Унда бирорта ҳам бефойда, каммаъно, ҳикматсиз сўз йўқ. Қуръони Каримдаги ҳар бир сўз ўта жиддий, ўта фойдали, ўта пурмаъно ва ўта ҳикматлидир. Биз Аллоҳнинг каломини ўрганар эканмиз, ушбу ҳақиқатларни ҳам доимо ёдимизда тутмоғимиз лозимдир. Ана шунда ўрганаётган нарсамизнинг қадр-қийматини ўз жойига қўйган бўламиз.
5. «Ким бир жаббордан қўрқиб, уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдиради».
Яъни  ким бирор томоннинг жабру зулмидан қўрқиб Қуръони Каримни тарк қилса, Аллоҳ таоло ўша Қуръонни тарк қилувчининг умуртқа поғонасини синдириб, ҳеч нарсага ярамай, қимирлай олмасдан ётадиган қилиб қўяди.
Бу гап, албатта, мажозий маънодаги гапдир. Бирор жаббордан қўрқиб Қуръонни тарк қилганларнинг белларидаги умуртқа суяклари синиб ётиб қолмайдилар. Балки улар бу дунёю у дунё ишларида уларни тўғри йўлга бошлаб, белларига қувват бўладиган омилдан ажраган бўладилар.
Майда-чуйда нарсаларни гапириб ўтирмасдан, кўз ўнгимиздаги оламшумул миқёсдаги ҳолатни олайлик. Қуръони Каримга амал қилиб бутун дунёга раҳбарлик қилаётган мусулмон уммати аста-секин Қуръон таълимотларидан узоқлашиш оқибатида ўз мавқеини йўқотди. Кейин эса турли жабборлардан, хусусан, ғарблик мустамлакачи жабборлардан қўрқиб, Қуръонни тарк этди.
Шунинг учун Аллоҳ таоло бу умматни жиноятига муносиб равишда жазолаб, умуртқа поғонасини синдирди. Шундан буён бу уммат осмонга қараганича кўзини мўлтиратиб қимирлай олмай ётибди.
Бу умматнинг сони кўп, бойликлари кўп, дунёнинг энг қулай ва энг бой ерларига жойлашган, лекин бойликларини бошқалар ташиб кетмоқда. У эса ҳеч нарса қила олмай ётибди. Хўш, бу оғир дарднинг давоси борми?
Ислом уммати қандоқ қилиб ўз умуртқа поғонасини қайта ишга тушира олади?
Жавоб − битта. Буларнинг ҳаммаси Қуръон билан тузалади. Шунинг учун, азиз ўқувчи, Қуръонни яхшироқ ўрганмоғимиз лозим.
6. «Ким ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказади».
Қуръони Карим бандаларни икки дунё саодатига бошловчи илоҳий ҳидоятдир. Аллоҳ тао-лонинг Ўзи бир қанча оятларда Қуръон барча оламлар учун ҳидоят эканлигини қайта-қайта таъкидлаб айтган. Буни бошқалар билмаса ҳам, мусулмонлар яхши билади.
7. «У Аллоҳнинг метин арқонидир».
Инсон ҳаётнинг асов дарёсидан нажот қирғоғига эсон-омон чиқиб олмоғи учун бирор арқонга осилмоғи лозим. Ана ўша нажот арқони Аллоҳ таолонинг метин арқонидир. Бу метин арқон ҳеч қачон узилмайди, ҳеч қачон панд бермайди.
Ким унга осилса, ҳаёт дарёсининг ҳар қандай асовлигидан, хавф-хатаридан ўтиб, нажот қирғоғига эсон-омон чиқиши − турган гап. Аллоҳнинг метин арқонидан бошқа ҳеч бир арқон ҳеч кимни нажот қирғоғига олиб чиқа олмаслиги ҳам турган гап.
Модомики, нажот қирғоғига эсон-омон чиқиб олиш ниятимиз бор экан, Аллоҳнинг метин арқони – Қуръони Каримни маҳкам тутайлик. Уни маҳкам тутишлик учун эса яхшилаб ўрганайлик.
8. «У ҳикматли зикрдир».
«Ҳикмат»нинг маъноси, ҳар бир нарсани ўз жойига қўйиш, баён қилишдир. «Зикр» эса эслатма маъносидадир.
Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан жорий қилинган «ҳикматли зикр»дир.
Ундаги зикрнинг ҳаммаси ўта ҳикматлидир. Одамлар бу дунёда ҳикматга эҳтиёжли бўлиб юрадилар. Ҳикматли сўзларни ўрганиб, ёдлаб, яна бошқа ишлар ҳам қилиб юрадилар. Улар ана ўша ҳикматларни ўзларига, ўзгаларга эслатма бўлишини, ҳаётдаги ишларида йўл кўрсатувчи, танбеҳ берувчи бўлишини хоҳлайдилар.
Биз мусулмонлар нақадар бахтлимиз, ана ўша юқорида зикр қилинган ҳолатлар учун бизга Роббил оламийннинг Ўзи ҳикматли зикрни тушириб қўйибди.
Албатта, Аллоҳ таолонинг ҳикмати ила бандаларнинг ҳикмати орасида Аллоҳ билан бандачалик фарқ бор.
Қани Қуръоний ҳикматлар билан танишишга муштоқлар?
Қуръондаги ҳикматлар мисли йўқ ҳикматлардир.
Қуръондаги ҳикматлар илоҳий ҳикматлардир.
Қуръони Карим бошдан-оёқ ҳикматли зикрга тўладир.
Зотан Қуръони Каримнинг номларидан бири Қуръони Ҳакиймдир.
Қуръони Каримнинг номларидан яна бири Зикрдир.
Маҳбуб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ушбу ҳадиси шарифларида Қуръони Каримни «Ҳикматли зикр» деб номлабдилар.
Дунёдаги энг яхши ҳикматларни ўрганай, улардан ўрнак олай, уларга амал қилай, деган одам бўлса, Қуръони Каримни яхшилаб ўргансин.
Дунёдаги энг яхши эслатмани ўрганай, ундан ўрнак олай, унга амал қилай, деган одам бўлса, Қуръони Каримни ўргансин.
9. «У сиротул мустақиймдир».
Ҳа, Қуръони Карим – сиротул мустақийм – энг тўғри йўл.
У Аллоҳ таолонинг тўғри йўлидир.
Ҳар бир банда мақсадга эришиш учун сиротул мустақиймга муҳтождир.
Сиротул мустақиймсиз ҳеч ким мақсадга эриша олмайди.
Сиротул мустақиймда юрмаган одам нотўғри йўлдан юриб адашади, кўзлаган манзилга ета олмай, ҳалокатга учрайди.
Сиротул мустақиймга юрмаган одам нотекис йўлдан юриб, қоқилади, йиқилади, бурни қонайди, бўйни синади, кўзлаган манзилига ета олмай, сарсон-саргардон бўлиб ҳалок бўлади.
Шунинг учун ҳам ҳар бир банда ўзи учун сиротул мустақиймни излайди. Биз мусулмонлар нақадар бахтлимиз, Роббимиз Ўзи бизга сиротул мустақиймни бериб қўйибди. Икки дунёда кўзланган саодат манзилига элтадиган сиротул мустақиймни шундоқ хизматимизга тайёр қилиб қўйибди. Биздан бўладигани ўша илоҳий сиротул мустақиймдан юриб кетиш холос. У эса бизларни икки дунёдаги саодатли муқсадларимизга элтади. Ана ўша сиротул мустақиймда юришни амалга ошириш учун уни ўрганиш лозим.
10. «У – унинг ила ҳавойи нафслар тоймайдиган...».
Ҳа, Қуръони Каримга алоқадор бўлган ҳавойи нафс ҳеч қачон ҳақ йўлдан тоймайди. Чунки Қуръони Карим барча ҳавойи нафсларни халқ қилган Холиқ томонидан уларни жиловлаб, тойиб кетмайдиган қилиб ушлаб турувчи қўлланмадир.
Дунёдаги барча бандаларнинг бу дунёдаги асосий муаммоларидан бири ҳавойи нафслари билан бўладиган муаммоларидир. Кишиларни ёмонликка бошлаётган нарса ҳам асосан ҳавойи нафсдир.
Қачонки банданинг ҳавойи нафсига шайтон кўрсатма берса, банданинг ўзи кўрсатма берса ёки ўша бандага ўхшаш бошқа бандалар кўрсатма берса, албатта, у ҳавойи нафс ҳақ йўлдан тояди ва ўз эгасини ҳалокатга бошлайди. Ҳар замон, ҳар маконда бандалар якка-якка ҳолларида ҳам, тўп ҳолларида ҳам ҳавойи нафсни тойдирмайдиган қўлланмани қўллаганда нажот топадилар.
Ҳавойи нафсни тойдирмаслик учун илоҳий қўлланмани қўлламаганлар эса  ҳавойи нафсларига қул бўладилар ва ҳалокатга учрайдилар.
Аллоҳ таоло бандаларга раҳм қилиб, уларга ҳавойи нафсларини тойдирмай ушлаб турадиган Қуръони Каримни бериб қўйган. Ана ўша илоҳий қўлланмани яхшилаб ўрганиб, унга оғишмай амал қилган кишининг ҳавойи нафси тоймайди.
11. «У – унинг ила тиллар илтибосга тушмайдиган...».
Ҳа, Қуръони Карим ила бўлган тиллар ҳеч қачон илтибосга тушмас. Яъни  бошқа нарсалар билан аралашиб кетиб, қайси бири ҳақ, қайси бири ноҳақ бўлиб қолиб, илтибосга тушилмайди. Қуръони Карим билан бўлган тил ҳеч иккиланмасдан ҳақни гапиряпман, деяверади.
Қуръондан бошқа нарса аралашдими, дарҳол илтибос тушади. У ҳолда банда қайси бири ҳақ, қайси бири ноҳақ эканинни ажрата олмай сарсон бўлади.
12. «У – уламолар ундан тўймайдиган...».
Ҳа, Қуръони Каримдан уламолар тўймаган, тўймаяптилар ва тўймайдилар ҳам. Модомики, Қуръони Каримни Роббил оламийндан қабул қилиб олган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундоқ деганларидан кейин уламолар Қуръондан тўймасликлари ҳақиқатдир.
Бу улкан ҳақиқатни воқелик ҳам тасдиқлайди. Илмлар кўп, уламолар ундан ҳам кўп. Чунки ҳар бир илм бўйича қанчадан-қанча олим бўлади. Ана ўша турли илмлар бўйича қайси бир олим Қуръони Каримга мурожаат қилса, ундан ўзига керак нарсани олади.
Лекин бари бир тўймайди. Яна янги нарса олгиси келаверади. Қуръон нозил бўлгандан буён уламолар ундан олишган нарсани ўзлаштириб, улардан баҳраманд бўлган бугунги олим ҳам тўймай яна ўзи бир нарса олишга уринади.
Дунёда бир хил мавзуда ёзилган китоблар ичида Қуръони Каримга боғлаб ёзилган китобларчалик кўп китоб бўлмаса керак. Тафсир китобларини ёзиш бир минг тўрт юз йилдан буён давом этмоқда. Ҳар бир тафсир билан танишсангиз, ўзига хослиги, озгина бўлса ҳам, бошқалардан ажралиб туриши билан фарқ қилади.
Демак, уламолар Қуръондан тўймаганлари учун шундоқ қиладилар. Ҳозирги кунимизда ҳам янги-янги тафсирлар чиқиб турибди. Улар ҳам ўзига хослиги билан ажралиб туради. Демак, уламолар Қуръонга тўймаяптилар.
Агар Қуръонга тўймайдиган уламолар тафсирчи уламолар, десак катта хато қилган бўламиз. Балки бошқа уламолар ҳам Қуръонга тўймайдилар. Мисол учун, муҳаддис уламоларни олиб кўрайлик. Улар ҳам Қуръонга тўймайдилар. Чунки уларнинг мутахассислиги бўлмиш ҳадис илми Қуръони Карим ила чамбарчас боғлиқдир. Зотан, ҳадиси шарифлар Қуръони Каримнинг тафсири ва ҳаётга татбиғидир.
Фиқҳ уламоларини олиб кўрайлик. Қуръони Каримга тўймайдиган уламолар айнан фуқаҳолардир, десак муболаға бўлмайди. Чунки  Қуръони Карим фуқаҳоларнинг биринчи навли ва энг асосий озуқаларидир. Улар Ислом шариатининг аҳкомларини асосан Қуръони Каримдан оладилар. Бунинг учун улар ҳар бир оят, ҳар бир Қуръоний ҳарфни синчиклаб, қайта-қайта, атрофлича ва чуқур ўрганадилар. Бу ҳолатда уларнинг Қуръондан тўймасликлари турган гап.
Араб тили уламолари ҳам худди шундоқ. Улар хоҳ илми наҳв, хоҳ илми сарф, хоҳ илми баён, хоҳ илми бадийъ бўйича мутахассис бўлсинлар, ким бўлишларидан қатъи назар, Қуръони Каримдан тўймайдилар.
Чунки Қуръони Карим араб тилининг мўъжизасидир. Бу тил усталари Қуръони Карим ҳузурида ожиздирлар.
Шунинг учун ҳам араб тили олимлари Қуръони Каримга доимий равишда тил жиҳатидан ҳам муҳтожлар, доимо унга мурожаат қиладилар ва доимо унга тўймайдилар.
Хулоса шуки, қайси бир илмни олсак ҳам, илми ақоидми, илми фароизми илми мантиқми, илми тасаввуфми ёки бошқа илмларми, барибир, уларнинг уламолари Қуръони Каримга тўймасликлари Қуръони Каримнинг ўзига хос бир неча илмларни пайдо бўлишига олиб келди.
Бу илмларнинг мажмуаси «Улумул Қуръон» – «Қуръон илмлари» деб аталади. Бу қадимги илм бўлиб, унга қанчадан-қанча уламолар ўз умрлари, зеҳн-заковотларини бағишлаганлар. Бу соҳада сон-саноқсиз китоблар ёзилган ва ёзилмоқда.
«Улумул Қуръон» ўз ичига илмул қироат, илмул носихи вал мансухи, илмул маккиййи вал маданиййи, илму сабаби нузул, илмул расми, илмул муҳками вал муташобиҳи каби бир қанча илмларни олади. Табиийки, ушбу илмларга мутахассис бўлган уламолар асло Қуръони Каримга тўймайдилар.
Тарихчиларни олиб кўрайлик. Бу дунёнинг яратилиши, инсоннинг дунёга келиб, ривожланиши, қадимда содир бўлган тарихий ҳодисаларнинг энг ишончли масдари Қуръони Карим асосида қадимги дунё тарихини битдилар. Улар ўз замонларида шунинг учун ҳам етакчи тарихчилар бўлдилар.
Кейинчалик баъзи бир тоифалар, шахслар чиқиб, ўзларича дунё тарихини «илмий» равишда қайта кўриб чиқдилар. Улар дунёда энг ишончли тарих битганларини айтиб айюҳаннос солдилар. Бошқаларни, жумладан, мусулмон тарихчиларни илмсизликда, афсоналарга берилишда айбладилар.
Аммо  вақт ўтиб илм ривожланиши билан ҳалигиларнинг «илмий»лиги жаҳолатдан бошқа нарса эмаслиги аён бўлди. Ҳаммаси муз каби эриб кетди. Қуръондан баҳра олган мусулмон тарихчиларнинг айтганлари тўғри бўлиб чиқди. Демак, мусулмон тарихчиларнинг Қуръондан тўймасликлари− турган гап.
Энди жуғрофиячиларимизни олиб кўрайлик. Улар ҳам Қуръони Каримдаги жуғрофияга тегишли оятларга асосланиб, улардан руҳланиб бу илм тарихида мисли кўрилмаган улкан натижаларга эришдилар.
Агар Қуръони Каримдан турли соҳадаги мусулмон уламолар тўймайди, десак хато қилмаган бўламиз. Қуръони Каримга мурожаат қилган ғайримуслим олимлар ҳам ундан тўймаётганига ўзимиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Дунё тарихини Таврот, Инжил, Қуръон ва янги илмга солиштириб ўрганиб чиққан ғайридин олимлар Қуръони Каримга тан бериб мусулмон бўлдилар.
Дунёда денгиз илми бўйича кўзга кўринган ғайридин олимлар ўз соҳалари бўйича Қуръони Каримни ўрганиб чиқиб мусулмон бўлдилар. Шунингдек, табиблар, инсон наслини ўрганувчилар ва бошқа-бошқалар ҳам Қуръони Каримга тўймаяптилар.
Ҳозир «Қуръондаги илмий ожиз қолдиришлик» номли халқаро ҳайъат ишлаб турибди. Ундаги баҳслар асосан ғайри мусулмон олимлар Қуръондан тўймасликларининг далили эмасми?
13. «У – кўп такрорлаш билан эскирмайдиган...».
Ҳа, дунёда кўп такрорлаш билан эскирмайдиган бирдан-бир нарса Қуръони Каримдир. Қорилар ҳар бир ояти каримани ёдлаш учун минглаб марта такрорлайдилар, ёдлаб бўлганларидан сўнг ҳам доимий равишда ўқиб турадилар.
Аммо ҳар ўқиганларида янги завқ, янги шавқ, янги ҳузур, янги ҳаловат оладилар. Бу маъно Қуръони Каримни тингловчиларга ҳам тегишли. Ояти карималар ҳар сафар такрор эшитилганда янгича ҳаловат, янгича ҳузур олинади. Чунки Қуръони Карим такрорлаш билан эскирмайдиган нарсадир.
Демак, Аллоҳнинг каломини қанчалик кўп такрор ўқисак, ўргансак, эшитсак, Аллоҳ азза ва жаллага шунчалик яқин бўламиз. Маъносини тушунмай ўқиганга шунчалик мартаба бўлса, тушуниб ўқиганларга қанчалик бўлиши маълум.
14. «...ва ажойиблари тугамайдиган нарсадир».
Ҳа, Қуръони Карим дунёдаги ажойиблари тугамайдиган бирдан-бир нарсадир. Зотан, барча ажойибларнинг эгаси Аллоҳ таолонинг китоби бўлганидан кейин шундоқ бўлади-да!
Қуръони Каримнинг катта-кичик ажойибларига инсоният ўн беш асрдан бери кўриб, мулоҳаза қилиб, тан бериб келмоқда. Инсоннинг ақлий даражаси, илми ўсган сари Қуръони Каримнинг янгидан-янги ажойиботларини англаб етмоқда.
Биргина мисол келтирайлик, электрон ҳисоблаш машиналари чиқиб, ҳамма нарсани ҳисоблаш, атрофлича ўрганиб олиш имкониятлари кўпайди.
Қуръони Карим ҳам ўша машиналарга солиб ўрганиб чиқилди. Натижада, Қуръони Каримнинг ҳарфлари, сўзлари ва оятлари – ҳамма-ҳаммаси ҳисобли экани маълум бўлди. Ана ўша ҳисоб асосида янги чоп қилинган Қуръон нусхаларини электрон ҳисоблаш машиналари ёрдамида текшириб, хатолари бўлса осонлик билан топиш имкони ҳам пайдо бўлди.
Охир-оқибат келиб, Қуръондаги ададий ожиз қолдирувчилик соҳаси пайдо бўлди ва уламоларимиз бу соҳа бўйича китоблар ёза бошладилар.
15. «У – жинлар уни эшитишлари билан дарҳол «Албатта, биз ажиб Қуръонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», деган нарсадир».
Ҳа, Қуръони Карим фақат инсларни эмас, балки жинларни ҳам икки дунё саодатига элтувчи дастурдир.
Авваллари жинлар осмонга чиқиб, у жойдаги гапларни ўғринча эшитиб олиб, ердаги ўзлари билан алоқадор одамларга ёлғон-яшиқ қўшиб етказар эдилар. У одамлар эса фолбинлик қилиб кишиларга ғайбнинг хабарини бераётган бўлиб, турли нарсаларни айтар эдилар. Узоқ вақт шундоқ давом этиб келди.
Лекин бирдан осмон хабарини эшитгани чиққан жинларни юлдузлардан оловли парчалар ажраб чиқиб қувлайдиган бўлиб қолди. Энди жинлар осмон хабарларига ўғринча қулоқ оса олмай қолдилар.
Шунда улар бу ғайриоддий ҳолнинг сабабини ахтариб дунё кеза бошладилар. Насийбин деган жойлик жинлар йўлда кета туриб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Қуръон тиловатларини тўсатдан эшитиб қолдилар. Тўхтаб, биз билан осмон хабари орасига тушган шу нарса экан, дейишди. Тиловатни эшитиб бўлгандан кейин эса: «Биз ажиб Қуръонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», дейишди.
Яъни  жинлар дарҳол Қуръони Каримнинг ажиб эканини ҳам, ҳидоятга бошлашини ҳам англаб етдилар. Улар зудлик билан Қуръони Каримга иймон келтирдилар ва бошқа жинларни ҳам унга иймон келтириб, амал қилишга даъват қила бошладилар.
Жинларнинг бу ишлари бизларга сабоқ бўлиши керак. Қуръони Каримга улар каби ҳозиржавоб бўлишимиз керак. Шу билан бирга, бу улкан ҳақиқатдан бошқа ибрат ва мулоҳазаларни ҳам олмоғимиз керак. Жумладан, биз ўрганаётган «Қуръони Карим» деб номланган илоҳий китоб нафақат ҳамма макон ва замондаги ҳамма инсонларга, балки барча жинларга ҳам илоҳий дастурдир. Унинг мухлислари, ўқиб ўрганувчилари кўпчилик тасаввур қилгандан кўра чандон-чандон кўпдир. Сиз билан биз ўша кўпчиликнинг бири эканимиз билан ҳар қанча фахрлансак, шунча оздир.
16. «Ким у билан гапирса, содиқ бўлур».
Ҳа, Қуръони Карим Аллоҳнинг каломи, Аллоҳ таоло эса каломида содиқ Зотдир. Шунинг учун ким Қуръон билан гапирса, у одам гапида содиқ бўладир. Аллоҳнинг гапини гапирган содиқ бўлмай, ким ҳам содиқ бўлар эди?!
Ҳа, азиз ўқувчи, сиз билан биз Каломуллоҳни ўрганар эканмиз, ўзимиз учун энг олий мақом, энг содиқ гаплар хазинасини ўрганаётган бўламиз. Ушбу илоҳий дастурдан олиб гапирган гапимиз энг содиқ гап бўлади. Барча гапимиз Қуръон ила гапириладиган бўлиши учун ҳаракат қилишимиз керак.
Ўйлаб кўринг, биз нақадар хушбахт бандаларимиз. Аллоҳ таолонинг гапини гапириб, энг содиқ гап эгаси бўлиш бахтига эришишимиз мумкин. Бунинг учун тайёр нарсани ўрганиб олишимиз лозим бўлади.
Шунинг учун ҳам ўз бахтимизнинг қадрига етмоғимиз, бизга бу бахтни берган Зотга тинимсиз шукр қилган ҳолда, ўз бахтимиз маёғи Қуръони Каримни кўпроқ ўрганмоғимиз, ҳар бир гапимиз ундаги гаплар ила гапирилиши учун қаттиқ ҳаракат қилмоғимиз зарур.
17. «Ким унга амал қилса, ажр олур».
Ҳа, ким Қуръони Каримга амал қилса, ушбу муборак дастурни ҳаётига татбиқ қилса ажр олади. «Ажр» сўзини сал қўполроқ иборалар билан таъриф қиладиган бўлсак, «қилган ишига иш ҳақи олиш» маъноси чиқади. Арабларда ҳозир ҳам иш ҳақини «ажр» дейишади.
Демак, Қуръони Каримга амал қилган – ишлаган одам иш ҳақини олади. Унинг бу дунёдаги иш ҳақи тинч-омон, соғ-саломат, хотиржамлик, барча яхшиликларга тўла, фаровон ва саодатли ҳаёт бўлади.
Қуръонга амал қилган кишининг ҳақиқий ажри – иш ҳақи эса у дунёда берилади. Қуръонга амал қилган кишининг у дунёдаги иш ҳақи–жаннати фирдавс бўлади. У ўша ерда, ноз-неъматлар, ҳури ғилмонлар, олий мартабалар ва Аллоҳнинг розилигига бурканган ҳолда абадий қолади.
Қуръони Каримдан бошқага амал қилганларга эса  на бу дунёда ва на у дунёда ҳеч қандай ажр – иш ҳақи йўқ. Чунки улар ўзларига ўхшаган ожиз банданинг айтган, ёзган, тузган, ишлаб чиққан нарсаларига амал қилдилар.
Мазкур ожиз бандалар ўзларининг тузган дастурларига амал қилганларга қандоқ ажр беришлари мумкин? Ҳеч қандай. Зотан, унинг ўзи ажрга муҳтож. Бу дунёда уч-тўрт кун имкон топган бўлса, кишиларга совға-салом ёки мукофотлар берса, ажр берган бўлади.
У Аллоҳ берган омонат нарсанинг тасарруфини қилади, холос. Шунда ҳам адолат ила иш юритмай кўпчиликнинг ҳақидан уриб қолади. Мазкур шахс имкондан ажраган куни ўзи ҳам, унинг дастурига амал қилганлар ҳам расво бўладилар.
Бу дунёда ундан кейин келган имконли шахс ёки тузумнинг тазйиқи остида, у дунёда эса жаҳаннам хазиначиси бўлган кучли, қўпол ва шафқатсиз фаришталар гурзиси остида ўтадилар.
Амал қилувчиларга бериладиган иш ҳақи билан иш ҳақининг фарқи бор. Қуръондан бошқага амал қилганларнинг иш ҳақи ҳақиқий эмас, мажозийдир, доимий эмас, онийдир, битмас-туганмас эмас, фонийдир. Шунингдек, уларнинг иш ҳақи адолатли эмас, тахминийдир.
Қуръони Каримга амал қилувчиларнинг ажри эса ҳақиқийдир. Чунки уларнинг ажрларини ажрнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Қуръони Каримга амал қилувчиларнинг ажрлари оний эмас, доимийдир. Чунки уларнинг ажрларини чексиз ва доимий имконга эга Зот – Подшоҳи азалий Зот – Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Қуръони Каримга амал қилувчиларнинг ажрларини Боқий сифатга эга бўлган, ҳам фоний дунёнинг, ҳам боқий дунёнинг Молики бўлган Аллоҳ таоло беради.
Бас, шундоқ экан, азиз диндошим, Қуръонга амал қилиб яшайлик. Қуръонга амал қилиш учун эса аввало уни яхшилаб ўрганайлик. Ўрганган ҳар бир оятимизга дарҳол амал қилайлик. Қуръонга амал қилишликнинг ажри борлиги билан бирга Қуръонга амал қилмасликнинг гуноҳи, азоби борлигини ҳам унутмайлик.
Зотан, ҳар бир мусулмон учун Қуръони Каримни ўқиб, ўрганмоқлик, унга амал қилмоқлик лозиму лобуддир. Қуръони Каримни ўқиб-ўрганиш, унга амал қилиш фақат уни ўқиб-ўрганувчи ва унга амал қилувчининг ўзигагина яхшиликлар келтириб қолмайди, балки унинг қариндош-уруғи, ота-онасига ҳам улкан яхшиликлар етишига сабаб бўлади.
Қуръони Каримни ўқишнинг, ўрганишнинг, ёдлашнинг, у ҳалол деган нарсани ҳалол билиб, ҳаром деган нарсани ҳаром билиб амал қилишнинг фазли қанчалик улуғ эканини кўрдингизми?!
18. «Ким унинг ила ҳукм қилса, адолат қилур».
Ҳа, Қуръони Карим ила ҳукм қилгангина адолат қилиши мумкин. Қуръони Каримдан бошқа нарса билан ҳукм қилган эса  ҳеч қачон адолат қила олмайди.
Ҳа, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримни бу дунёда у ила ҳукм қилиш учун туширгандир. У Зот азза ва жалла Ўз Пайғамбари Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га хитоб қилиб:
«Албатта, Биз Сенга китобни одамлар орасида ҳукм қилишинг учун ҳақ ила нозил қилдик», деган.
Ҳа, Қуръони Карим бандалар орасидаги Аллоҳнинг ҳукмидир. Аллоҳнинг ҳукми эса адолатлидир. Шунинг учун ҳам Қуръон ила ҳукм қилгангина адолатли ҳукм қилган бўлади.
Қуръони Карим ҳукмига юриш учун эса  уни қунт ва иймону ихлос билан ўқиб-ўрганиш керак. Келинг, ушбу илоҳий дастурни яхшилаб ўрганиб, унга яхшилаб амал қилишга аҳдлашайлик.
19. «Ким унинг ила даъват қилса, сиротул мустақиймга ҳидоят қилур».
Ҳа, ким одамларни сиротул мустақиймга – энг тўғри йўлга – даъват қилмоқчи бўлса, Қуръони Каримга даъват қилмоғи керак. Қуръони Каримдан бошқага даъват қилишдан ҳеч қандай фойда йўқ.
Чунки уларнинг ҳеч бирида сиротул мустақийм йўқ. Қуръони Каримни эса Аллоҳ таоло сиротул мустақийм қилиб етти осмон устидан туширгандир. Ана шундоқ олий мақомдан тушган нарса, нафақат ерни, балки бутун оламларнинг тўғри йўлини ўзида мужассам қилган бўлади. Ана шундоқ олий мақомдан тушган нарса  ўзига эътиқод ва амал қилганларни энг юксак мартабаларга олиб чиқади.
Шунинг учун ҳам сиротул мустақиймга ҳидоят қилинишимиздан умидвор бўлиб, ўзимизни, бола-чақаларимизни, оила аъзоларимизни, қариндош-уруғларимизни, дўсти ёрларимизни, ўзимиз билан бирга яшаётганларни ва бутун дунёни Қуръони Каримга даъват қилайлик.

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилинади:
«Ҳеч шубҳа йўқки, Аллоҳ таоло Тоҳа ва Йасийнни осмонлару ерни халқ қилишидан минг йил аввал қироат қилган. Фаришталар Қуръонни эшитганларида, ушбу нарса нозил бўладиган умматга Тубо бўлсин! Ушбуни кўтариб юрадиган қалбларга Тубо бўлсин! Ушбу ила гапирадиган тилларга Тубо бўлсин!» деган».
Бағовий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда ҳам Қуръони Каримнинг фазли қанчалар улуғлигини кўрсатувчи маънолар келмоқда. Албатта, бунда ҳам Қуръони Каримни ўрганишга, қироат қилишга ва амал қилишга тарғиб бор.
Ушбу ҳадиси шарифда Қуръони Карим нозил бўладиган умматга, Қуръони Каримни кўтариб юрадиган қалбларга ва Қуръони Карим ила гапирадиган тилларга «Тубо» бўлиши хабар қилинмоқда.
«Тубо» жаннатнинг номларидан бири ёки жаннатдаги дарахтнинг исми ёхуд саодат ва яхшилик маъноларини англатади. Буларнинг ҳаммаси аҳли Қуръонга ваъда қилинмоқда.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Қуръони Каримнинг фазилати улуғ экани.
2. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Тоҳа ва Йасийн сураларини осмонлару ерни халқ қилишидан минг йил аввал қироат қилгани.
3. Фаришталар Қуръонни эшитганларида у нозил бўладиган умматга ҳавас қилганлари.
4. Қуръони Карим нозил бўлган уммат – Муҳаммад умматига «Тубо» жаннати ҳамда саодат ва яхшилик бўлиши.
5. Қуръони Каримни кўтариб юрадиган қалбларга «Тубо» жаннати ҳамда саодат ва яхшилик бўлиши.
6. Қуръони Карим ила гапирадиган тилларга «Тубо» жаннати ҳамда саодат ва яхшилик бўлиши.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф