Инсонларга моддий ва маънавий ҳузур-ҳаловат ато этадиган дастурларни инсоният излаган ва уни топмагунча беҳаловат бўлган. Қуръони Карим шахс ва жамиятга оид низомларни, дастурларни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир.
Баъзилар доимо Исломга қарши туриб, уни бетараф тарзда тадқиқ этмаслиги натижасида ҳақиқатдан узоқда қолишган. Пьер Лемит сингари бир қанча мутаассиблар ҳатто уни йўқ қилишга ҳам уринишган. Бироқ саодатни кидирган инсонлар учун энг буюк ҳақиқат саналган Қуръони Карим Аллоҳ Таолонинг Ўзи томонидан муҳофаза этилгани боис бунга муваффақ бўла олмаганлар.
Ислом мубашшири Муҳаммад (алайхиссалом): «Ақли йўқнинг дини йўқдир, ақл диндан иборатдир. Аллоҳ ақлдан афзалроқ нарсани яратмади», деб марҳамат қилганлар. Яна Муҳаммад (алайҳиссалом) ахлоқни кўкка кўтариб, «Ахлоқсизнинг дини йўқдир. Дин ахлоқдан иборатдир», деганлар. Яна бир сафар эса илмнинг аҳамиятини уқтириб», «Илмни Хитойда бўлса ҳам бориб ўрганинглар», «Бешикдан қабргача илм изланглар», «Олимнинг қалами шаҳиднинг қонидан қадрлироқдир». «Дин биродарига бир калима илм ўргатиш, бир йил нафл намоз ўқишдан афзалроқдир», деганлар.
Нажм сурасининг 39-оятида: «Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур», деб мараҳамат килинади. Ҳаракат қилиш, тиришқоқлик Ислом дастурларидан бири экан, дангасалик қилиб умримизни зое кеткизишдан Аллоҳ асрасин!
Лайл сурасининг 4,5,6,7-оятларида: «Албатта, сизларнинг саъй-ҳаракатингиз турличадир! Бас, кимки (закот ва садақотларни) берса, ва (Аллохдан) қўрқса ҳамда гўзал (нарса)ни тасдиқ этса, бас, унга осонликни муяссар қилурмиз», деб марҳамат қилинади. Бу оятлар инсонни сабр ва шукр билан Қуръон амрларини бажаришга чақиради, унга амал қилган инсонни эса Аллоҳнинг Ўзи қўллаб-қувватлаши айтиб ўтилади.
Мудассир сурасининг 4-оятида: «Либосларингизни покланг», деб марҳамат қилинади. Албатта, Аллоҳ тоза ва озодаликни севади.
Зумар сурасининг 2-оятида: «(Эй, Муҳаммад!) Албатта, Биз Сизга бу Китобни ҳақиқатан нозил қилдик, бас, Сиз Аллоҳга динни Унга (ширкдан) холис килган ҳолда ибодат қилинг!» деб марҳамат қилинади.
Зумар сурасининг 32-ояти: «Ахир, Аллоҳ шаънига (ширк ва фарзандни нисбат бериб) ёлғон сўзлаган ва ростгўйликни (ваҳийни) ўзига келган пайтидаёқ инкор этган кимсадан кўра ким ҳам золимрокдир ёки жаҳаннамда кофирлар учун жой йўқми?!»
Аҳзоб сурасининг 24-ояти: «Аллоҳ (ахдига) содиқ кишиларни садоқатлари сабабли мукофотлаш учун, мунофиқларни эса, агар хоҳласа, азобга гирифтор этиш ёки тавбаларини қабул қилиш учун (мазкур синовни ўтказди). Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир».
Аҳзоб сурасининг 35-ояти: «Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозели (камтар) эркаклар ва тавозели аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақловчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сакловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар − улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир».
Шамс сурасининг 9,10-оятлари: «(Мазкурлар билан қасамёд этаманки) ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур ва у (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!» деб мархамат қилинади. Кўриниб турганидек, инсоният учун гўзал асосларнинг барчаси Қуръони Каримда ўз ифодасини топган бўлиб, инсон ўз фаровонлиги ва саодатини ўша гўзалликлар оркали топиши шубҳасиздир.
Фатҳ сурасининг 28-оятида: «У ўз пайғамбари (Муҳаммад)ни ҳидоят ва Ҳак дин (Ислом) билан, у (дин)ни барча дин(лар)га ғолиб қилиши учун юборган зотдир. Аллоҳнинг ўзи (бунга) етарли гувоҳдир», деб марҳамат килинади. Ислом дини келажак асрларни саодат ва саломатга етказадиган дин, Қуръони Карим бутун дунёга нур сочадиган Китобдир.
|